Каламушлар, инфекциялар, чақмоқ, лифт ва одамлардан қўрқиш – бизни чеклаб қўювчи фобиялар қандай пайдо бўлади?


Сақлаш
19:36 / 14.12.2023 673 0

 

Қўрқув – борлиққа мослашишимиз учун кўмак берувчи энг катта ва керакли инстинктларимиздан бири. Чунки у ҳар қандай таҳдидга табиий ҳиссий реакциядир. Мисол учун, киши тажовузкор итлар тўдасига дуч келганида, ҳайвонларни яхши кўришига қарамай қўрқувни бошдан кечиради. Бу ҳис табиий бўлиб, инсоннинг ўзини-ўзи асраш рефлекси ҳисобланади. Аммо баъзиларнинг жониворлардан, нарсалардан, воқеликлардан асоссиз қўрқуви бўлиб, фанда бу фобия деб аталади. Деярли ҳар бир кишида ўтмишдаги оғриқ ёки ёқимсиз хотира туфайли юзага келувчи қўрқувлар бўлиши мумкин. Масалан, ҳар хил ўргимчаклардан (арахнафобия) ёки тиш шифокори қабулига боришдаги қўрқув (дентофобия). Аммо у аксар балоғатга етган одамларнинг ҳаётига халал бермайди ва тезда ўтиб кетади. Бироқ айримлардаги орттирилган қўрқув шунчалик кучли бўладики, нормал ҳаётга хавф солади. Шу боис ҳам ушбу мақолада фобиялар табиатини тушуниш ва улардан қутулиш чоралари ҳақида фикр юритамиз.

 

Фобиялар – руҳий бузилишнинг кўп учрайдиган турлари бўлиб, одам бошдан кечирадиган ҳаддан ташқари ва мантиқсиз қўрқув сифатида тавсифланади. Фобиянинг пайдо бўлиши умумий рухий бузилишдан фарқли, ўзига хос жараён билан боғлиқ. Яъни уни чуқур рухий касалликлардан ажратиб турувчи асосий жиҳати – бу инсон фобияси манбаи билан тўқнашмагунча, организм ва руҳиятда ҳеч қандай аломат бўлмайди.

 

 

Агар сизда фобия бўлса, албатта, қўрқувингиз мантиқсиз эканини тушунасиз, лекин доим ҳам ҳис-туйғуларингизни назорат қила олмайсиз. Қўрқув уйғотган нарса ёки вазият ҳақида ўйлаш сизни ташвишга солиши мумкин. Қўрқув манбаига дуч келганингизда эса тушунтириб бўлмас даҳшат автоматик тарзда қалбингизни қоплаб олади ва ҳар доим ҳам ўзингизни қўлга олишнинг уддасидан чиқолмайсиз. Бундай ҳолатлар сизда ёқимсиз ҳолатларни пайдо қилгани боис унга дуч келмаслик ва ундан қочиш учун ҳаракат қила бошлайсиз беихтиёр. Бундай чекинишлар билан ўзингизга ноқулайлик туғдиришингиз, ҳатто баъзида турмуш тарзингизни ўзгартиришингиз ҳам сизни йўлдан қайтара олмайди. Мисол учун, сиз клаустрофобик бўлсангиз (клаустрофобия – ёпиқ, тор хона ва жойлардан қўрқиш), ишга бориш учун лифтга чиқмайсиз, балки 15 қават бўлса ҳам зинадан кўтариласиз. Ёки сиз баландликдан қўрқсангиз (акрафобия), баланд кўприкдан ўтмаслик учун айланма йўллардан 5–10 км йўл босиб ўтишга ҳам тайёр бўласиз.

 

Бундан ташқари мураккаб фобиялар инсоннинг кундалик ҳаётига чуқур кириб бориши мумкин. Бу эса кишининг нормал фаолият билан шуғулланиш ва ижтимоий муносабатларни сақлаб қолиш қобилиятига таъсир қилади. Масалан, учишдан қўрққан (аэрофобия) одам саёҳат қилишдан қочади, натижада бу шахсий ва профессионал ўсиш учун имкониятни бой беришига олиб келади. Худди шундай, ижтимоий фобия (социофобия) билан оғриганлар атрофдагилар билан муносабат ўрнатиш ва сақлаб қолиш учун фобияси билан доимо кураш олиб бориши керак. Ёмон томони, кўпинча бу ҳолат бора-бора кишини ҳолдан тойдиради ва ёлғизликка олиб келади.

 

 

Фобиялар қандай пайдо бўлади?

 

Ўтмишдаги психотравмали ҳолат. Фобия одатда болаликда олинган рухий шикаст ва ўта ёқимсиз тажрибалар натижасида пайдо бўлади. Масалан, эҳтиётсизлик сабаб ёшлигида бир марта сувга чўккан ёки шу ҳодисага гувоҳ бўлган одамда сувдан жуда қўрқиш – гидрофобия пайдо бўлади. Шунингдек, ёш болалар нима бўлаётганини тушуна олмаганида ҳам нотўғри қўрқув уйғонади. Шунинг боис сиз ҳатто зарарсиз ҳолат, деб биладиган воқеликлар ҳам бола руҳиятининг шикастланишга олиб келиши мумкин. Айтайлик, мушук тасодифан уч ёшли боланинг устига сакраб тушди ва уни озроқ тирнади. Сизнингча, бу арзимас нарса, тўғрими? Аммо агар ҳолатга боланинг кўзи билан қарасангиз бошқа нарсани кўрасиз – улкан бир мавжудот унга ҳужум қилди ва у оғриқни бошдан кечирди. Руҳият буни мавжудлик учун ҳақиқий таҳдид сифатида қабул қилади ҳамда уни онгсиз даражада хотирада мустаҳкамлайди. Бу ерда фобия ривожланиши мудофаа реакциясидан келиб чиқмоқда ва у шу каби вазиятларда кучли қўрқув – хавфдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.

 

 

 

Тарбия ва ота-она муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари. Катталарнинг хатти-ҳаракати орқали бола ташқи олам билан муносабатда бўлишни, ижтимоий нормаларни ўрганади ва дунёқарашини ривожлантиради. Муаммо шундаки, агар ҳаракатлар мантиқсиз бўлса, бола уни тушунолмайди, чунки у ҳали етарли даражада танқидий фикрлаш қобилиятига эга эмас. У ҳамма нарсани катта ишонч билан қабул қилади. Агар боланинг маълум бир фобияга генетик мойиллиги бўлмаса ҳам, буни шунчаки катталарнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш орқали “ўрганиши” мумкин. Масалан: бувиси доимо қўлларини ювади, кўчада музқаймоқ ейишига рухсат бермайди, микроблар ва улар қандай касалликларга олиб келиши ҳақида доимо гапиради. Бундай муҳитда ўсаётган болада Мизофобия (кирланиш ва инфекциялардан қўрқиш) ривожланиши мумкин. Ёки она доимий равишда итлардан узоқ юради, болани улар билан ўйнашига рухсат бермайди, қўшнининг ити унга яқинлашганида қичқиради, қўшни билан жанжаллашиб, жониворни узоқ тутишни талаб қилади – кинофобия (итлардан қўрқув). Ота болалигида илонлар чаққани ва ўлаёзганини ранг-баранг ҳамда қўрқинчли тарзда айтади. Бу воқеани қайта-қайта такрорлайди, натижада болада герпетофобия – илонлардан қўрқиш юзага келади.

 

Генетик мойиллик. Фобия генетик, атроф-муҳит ва неврологик омилларнинг комбинацияси туфайли ҳам ривожланиши мумкин. Баъзи одамларда ҳаттоки генетик мойиллик бўлиб, у қўзғатувчи манбага дуч келинганда фобия намоён бўлишини тезлаштиради. Неврологик тадқиқотлар натижаси миянинг баъзи жойлари, хусусан, мия асосидаги бодомсимон тана қўрқувни қайта ишлаш ва фобик реакцияларни шакллантиришда муҳим роль ўйнашини кўрсатди. Агар одам ўтмишда бирор таҳдиддан ҳаддан ташқари қўрқиб кетган бўлса, унинг авлодлари айни шу қўрқув билан туғилиши мумкин. Ва бу мойиллик тарзида наслдан наслга ўтиб боради.

 

Фобия турлари

 

Фобиянинг ҳозирги кунда юзлаб тури мавжуд ва уларнинг хар бири алоҳида психологик мавзу ҳисобланади. Аммо фобияларни умумий тарзда икки нисбий турга бўлиш мумкин:

 

1. Оддий яъни махсус фобиялар;

2. Мураккаб ёки ижтимоий фобиялар.

 

Мураккаб турдаги фобиялар

 

Мураккаб турдаги фобияларга ижтимоий рухий бузилишлар ва агарафобия мисол бўла олади. Ижтимоий фобия – бу жамиятга аралашувдан ва ижтимоий вазиятлардан ҳаддан ташқари қўрқиш дегани. Бу фобия катталарнинг тахминан 7% ида учрайди. Ижтимоий фобия билан оғриган инсонлар кўпинча хижолатли ёки ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган оммавий йиғилишлар, тадбирлардан қочиш мақсадида хаттоки ишдан ҳам бўшашгача боришади. Ушбу фобияга йўлиққан одамлар қайси вазиятда ёқимсиз қўрқув ва ноқулайликни ҳис қилишларига қараб, танишишдан, зиёфатлардан, иш тадбирларидан, омма олдида нутқ сўзлашдан ёки нотаниш одамлар билан суҳбатлашишдан қочишлари мумкин. Баъзилар ҳатто ресторанларда овқатланиш ёки жамоат жойларида харид қилишни хам исташмайди.

 

 

Агорафобия

 

Қўшма Штатлардаги ўсмирлар ва катталарнинг тахминан 1% идан 2,9% игача агорафобия бор. Агорафобия – нотаниш ёки очиқ жойларда бўлишдан кучли қўрқишни англатади. Агорафобия билан оғриган одамлар, айниқса, жамоат транспортларидан, одамлар гавжум жойлар ёки қочиб чиқиш қийин бўлган вазиятлардан қўрқишади. Фобиянинг оғир ҳолатларида бу фобия билан касалланган одамлар уйдан бутунлай чиқмай қўйишади ва жамиятдан буткул узилишади.

 

Оддий ёки махсус фобиялар

 

Ўзига хос ёки оддий фобия – сабаби кўпинча аниқ бўлган муайян нарса, ҳайвон, одам ёки вазиятдан доимий қўрқиш ҳисобланади. Дунё аҳолисининг тахминан 8% идан 12% игача ўзига хос фобия бор. Махсус фобияларнинг бешта кичик тури мавжуд, жумладан:

 

1. Ҳайвон тури

2. Табиий муҳит тури

3. Қонли жароҳатлар – шикастланиш тури

4. Вазият тури

5. Бошқа турлар

 

1. Ҳайвонлардан фобия ҳайвонлар ва ҳашаротлардан кучли қўрқишни ўз ичига олади. Кенг тарқалган ҳайвон фобияларига қуйидагилар киради:

 

Арахнофобия – ўргимчаклардан қўрқиш;

Аилурофобия – мушуклардан қўрқиш;

Мусофобия – сичқон, каламушлардан қўрқиш;

Орнитофобия – қушлардан қўрқиш;

Ихтилофобия – балиқлардан қўрқиш.

 

 

2. Табиий муҳитдан фобияси бўлган одамлар табиатнинг ўзига хос жиҳатларидан, масалан, табиий офатлардан қўрқишади. Табиий муҳит фобияларига мисоллар:

 

Акрофобия – баландликдан қўрқиш;

Ақуафобия – сувдан қўрқиш;

Астрафобия – момақалдироқ ва чақмоқдан қўрқиш;

Талассофобия – океан ва чуқур сув ҳавзаларидан қўрқиш.

 

3. Қон жарохат-шикастланиш фобиялари тиббий муаммолар ёки муолажаларга гувоҳ бўлиш қўрқувини англатади. Мисоллар:

 

Гемофобия – қондан қўрқиш;

Нозокомефобия – касалхона, поликлинкалардан қўрқиш;

Томофобия – жарроҳлик, операциялардан қўрқиш;

Трипанофоби – игна ва уколлардан қўрқиш.

 

4. Вазиятли фобиялар – маълум жойлардан ва шароитлардан қўрқишни дегани. Умумий вазият типидаги фобияларга қуйидагилар киради:

 

Аэрофобия – учишдан қўрқиш;

Амаксофобия – автомобиль ҳайдаш ва автомобилда юришдан қўрқиш;

Клаустрофобия – чекланган жойлардан қўрқиш;

Эскалафобия – эскалаторлардан қўрқиш.

 

5. “Бошқа” тоифасига кирадиган фобиялар юқоридаги тоифаларнинг ҳеч бирига тўғри келмайди. Масалан:

 

Коулрофобия – масхарабозлардан қўрқиш;

Чорофобия – рақсга тушишдан қўрқиш;

Эротофобия – жинсий алоқадан қўрқиш;

Фонофобия – баланд товушлардан қўрқиш.

 

 

Бу фобияларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Сабаби бугунги кунда фобияларнинг ўнлаб янги турлари қайд этилмоқда ва уларнинг ҳар бирини ёзиш учун мақоламиз кичиклик қилади.

 

Сизда фобия бор-йўқлигини қандай билса бўлади?

 

Фобия пайтида турли белгилар намоён бўлиши мумкин. Қўрқув туфайли кишида касаллик ҳолати каби кучли тарзда ҳам жисмоний, ҳам рухий белгилар кўринади. Сиз дуч келишингиз мумкин бўлган жисмоний аломатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

 

- беқарорлик, бош айланиши ёки ҳушидан кетиш;

- жуда ёқимсиз туйғуни ҳис қилиш;

- юрак уриши тезлашиши;

- кўкрак қафасидаги оғриқ ёки сиқилиш;

- терлаш;

- исиб кетиш ёки совуқ қотиш;

- нафас қисилиши ёки бўғилиш ҳисси;

- кўнгил айниши, қусиш ёки диарея;

- уйқусизлик ёки уйқучанлик;

- титроқ ёки қалтироқ.

 

Психологик аломатларга мисоллар:

 

- хушни йўқотишдан қўрқиш;

- ақлий назоратни йўқотиш қўрқуви;

- ўлим қўрқуви.

 

Фобияни даволаш имкониятлари

 

Фобиянгизни тушуниш уни енгиш учун биринчи қадамдир. Шуни ёдда тутингки, сизда фобия борлиги ақлдан озганингизни англатмайди! Ва яна фобияларни осон даволаш мумкинлигини билишингизни ҳам истардим. Терапевтик аралашувлар, яқинлар ёрдами ва ўз-ўзини парвариш қилиш стратегияларининг тўғри комбинацияси билан одамлар фобияларини самарали бошқаришлари ва енгишлари мумкин.

 

 

Ҳозир қўрқувингиз қаршисида ўзингизни қанчалик назоратсиз ҳис қилсангиз ҳам, уни йўқотиб, ўзингиз хоҳлаган ҳаётни бошласангиз бўлади. Аммо фобиялардан қочиш ва беркитишга уриниш аксинча, уларни янада ёмонлаштириши мумкин. Шундай экан, қочманг, яширинманг ва қўрқувни енгишга ҳаракат қилинг. Аммо, агар аломатлар жуда кучли бўлса, ваҳима ҳужуми тез-тез қўзғалса, албатта, малакали психолог ёки психиатр ёрдамини тавсия этилади.

 

Абдулазизхон Акрамов,

психолог

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//