Адабиёт
Биринчи кун
Саҳармардонлаб ҳинд диёрига қўнган самолёт ойнасидан ўзим ҳам чиқиб кетгудек тикиламан. Гўё шугина илк тасаввур ҳўв болалигимдан кўриб катта бўлган Ҳиндистон билан мосми йўқ эканига жавоб берадигандек. Аксига олиб шошилган қизга илк тасаввур дегани шунақа бўлади дегандек чор-атрофга қуйилган қуюқ туман, самолётгача сизиб кирган нотаниш бадбўй ҳид умидларимни пучга чиқарди. Бежирим, шоҳона сариларда, бўйнида хаара, қўли тўла чурию мехендилар ила ўша маҳлиё бўлганимиз жозибали актрисалар кутиб олмади ё табла (ноғора)ларни чалиб, ҳинд йигитлари пешвоз чиқмади. Аэропорт биносидаги деворларга қотирилган хаста-мудра (қўл орқали имо-ишора қилиш, ишоралар тили)ларгина Деҳлида эканимни эсга солди.
Ҳақиқий Ҳиндистон кино ва аэропортдан ташқарида бошланар экан. Ҳиндистон йўлларида белгию светофордан бўлак ҳамма нарса бор: рикшалар қулоқни қоматга келтириб сигнал чалишдан мусобақага чиққан, қаёққадир шошаётган оломон дуч келган жойдан йўлни кесиб ўтяпти, сигирлар эрта тонгдан сайрга отланган, йўл четини бошпана тутган уйсизлар машинаю рикшалар шовқинидан безиб, увадаси чиқиб кетган кўрпа тагидан кўзини ишқаб мўралаб турибди, яна кимдир олғирроғи бошқасини чув тушириш пайида... хуллас, эрта тонгдан ҳаёт қайнаган. Намасте, Ҳиндистон!
Ҳаловатни Сендан топдим
Биз тунаб қоладиган меҳмонхона Деҳлининг янги шаҳарида жойлашган экан: икки томони осмонўпар бинолар, Nokia, Microsoft, Mitsubishi Electric, Toshiba каби дунёнинг энг йирик компаниялари офислари қўним топган Cyber City, элчихона ва амалдорларнинг виллалари... Серсоя дарахтлар шаҳарга янада чирой, кўрган кўзга қувонч беряпти. Улар биздек дарахт танасини оҳакка эмас, қизил рангли бўёқ билан бўяб қўйишган, сув пуркаб суғориш тизими йўлга қўйилмаганми йўлаклар қуруқ, сув исрофига гувоҳ бўлмадик. Ямуна дарёси бўйида бино бўлган Деҳли яшил шаҳарлиги билан миямдаги айрим стереотипларни парчалаб юборди.
Саёҳатимиз Ҳиндистон дарвозасидан бошланди. У инглиз-афғон уруши ва Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳинд аскарлари ва годиларга атаб қурилган рамзий ёдгорлик. Хорижлик сайёҳлардан кўра маҳаллий аҳолининг ўз тарихи, меъморий обидаларига ҳурмати баланд эканки, қаёққа бормайлик, қаёққа қарамайлик мамлакатнинг бошқа бурчагидан келган ҳиндистонликлар. Одамлари самимий, мулоқотга очиқ, чет элликни кўрди дегунча танишиб, ўша лаҳзани суратга муҳрлашга ошиқишади. Савдогаридан тортиб тиланчилик қилиб юрганигача юзида табассум, хотиржам, кўнглида ҳаловатни топган донишмандга ўхшайди, ўтиб турган кунига шукри бор. Баъзан кўчаларда ахлатга қоришиб, баданига йиллар бўйи сув тегмаган одамларини кўриб, алланечук кўнглингиз озиб кетсада, шу ҳолдан ҳам Аллоҳнинг буюк ҳикматини англайсиз: одам ҳам бошқа махлуқот қаторидаги бир махлуқ эканига, сиз дунёнинг марказидаю, у сизнинг атрофингиздагина айланмаётганига амин бўласиз. Поклик, фаросат одамнинг фитратида чиндан борми йўқ деган шубҳага ҳам бориб қоласиз: унида суғориб, парваришлаш лозим экан. Йўқса фитрати тоза гўдакни ҳам муҳит ўз ботқоғига ботириб юбориши ҳеч гап эмас экан. Аҳолисининг саксон фоизи дангасаликни одатга, ҳатто характерга айлантириб олгандек туюлди. Фақирлигини ўзининг шу феълидан деб билдим. Бизга йўлбошчилик қилган Санжитнинг айтишича, халқнинг бесавод ва бечоралигидан ҳукумат, амалдорлар айниқса манфаатдор, қўл узатса шундоқ арзон ишчи кучи, қолаверса, ақллиларнинг кўплиги ортиқча бошоғриқ, ортиқча ғалва... Оломон халқ бўлмасин, кучга айланмасин экан. Хуллас, хўрознинг қичқириғи Ҳиндистонда ҳам ўша-ўша, эшитиб ҳам кўрдик, Худонинг қудрати билан бир хил а!
Бу халқ қанчалар шўрпешона, фақир бўлмасин, менда дунёдаги энг бой одамлар шулар экан, деган таассурот қолдирди: қалбида ороми, розилиги, ҳаловати бор. Исён нима, васваса нима, жаҳл-ғазаб нима билишмайди. Кулиб турган чеҳраларда саодат, буюклик кўрдим. Бу буюкликнинг сири эса эътиқодга бориб тақаляпти. Ҳиндуийлик асосида сансара, яъни одам ўлганидан кейин жони (руҳи) янги шаклга кўчиб (ўсимлик, ҳайвон ёки одам мисолида), қайта тирилиши ётади. Ҳиндуларнинг 95 фоизи мана шу эътиқодда мустаҳкам, бу эса уларнинг ҳозир яшаб турган ҳаётига ва ҳайвонларга муносабатида ҳам яққол кўринади. Улар аввалги ё кейинги ҳаётида ҳайвон ёки қуш, ўсимлик, дарахт ва одам бўлиб туғилгани, туғилажагига ишонади. Қай шаклда бўлмасин, яна қайта дунёга келиши уларнинг ҳозирги ҳаётидан рози бўлишга умид беради.
Гидимиз Санживнинг изоҳ беришича, кўчаларда катта холасининг уйида юргандек гердайиб юрганлар ҳўкиз бўлиб, омоч тортолмай эгасига кераги қолмаган жониворлар то қариб-қартайиб ўз ажали билан ўлмагунича ҳеч ким тегмас, ўлгач эса шаҳардан ташқарига олиб чиқиб ташланар, у ерда кейин қуш-итларга ем бўлар экан. Бизнинг кўзимизда хор бўлиб ўлган ҳўкизлардан чиқарган хулосам шу бўлдики, одам эмас, ҳайвоннинг эркаги ҳам аёлсиз шу кўйга тушар эканда... Сигирлар эса қадимда оналар ўлими кўп бўлгани ва улар сути билан одамзодни очликдан қутқариб қолгани учун муқаддас саналар, ҳозир ҳам маҳаллий аҳолининг эҳтиёжи кўпроқ сигирларга бўлгани учун улар ҳамон эъзозда, уйда боқиларкан.
Таомлари тақдири каби аччиқми кўзларимизнигина эмас, оғизларимизни ҳам ачиштириб юборди. Лекин улар кўниккан, тақдирига кўнган одам таомига кўнмайдими: кулиб-кулиб тановул қиляпти. Биз эса шаҳарни гир айланиб фаст-фуд қидириш билан оворамиз. Америка деганлари Ҳиндистонда бир жонимизга ора кирди. Оғзингизни ловуллатиб юборишини айтмаса, таомлар асосан балиқ, товуқ, сабзавот ва гуручдан. Ўзимизнинг чаватига ўхшаш чапати нонлари, бозор айланиб топганимиз ладду, гулаб жамун, жалебиларнинг таъми эса оғзимизда қолди. Ҳиндистон ошхонаси ранг-баранглиги, зираворлари, кўринишию таъми билан дунёнинг бирор бошқа ошхонасини такрорламайди, албатта татиб кўриш керак.
Саёҳатимизнинг асосий қисми эса тушлик вақтига тўғри келди. Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидовнинг ташаббуси билан Ҳиндистон Журналистлар клуби ўртасида ўзаро ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш мақсадида меморандум имзоланди. Учрашувга Ҳиндистоннинг энг кўзга кўринган журналист ва муҳаррирлари жам бўлди. «Ациа Тимес» газетаси бош муҳаррири Ашраф Али Бастави билан мулоқотимиз чоғида Ҳиндистон матбуотидаги ҳозирги ҳолат билан қизиқдим. Унинг айтишича, 70 фоиз газета-журналлар, телеканал ва интернет нашрлари давлат тасарруфида, 30 фоизигина хусусий экан. Даврий матбуот ўрнини интернет нашрларига бўшатаётгани ёки улар интернет шаклига ўтаётганини айтаркан, муштарийлари асосан аҳолининг катта ёшли қатлами эканини таъкидлади. Ҳиндларнинг қоши-кўзи, табассумга мойиллиги, очиқчеҳра ва меҳмондўстлиги ўзбекларга жуда ўхшаб кетади. Расмий учрашувдан сўнг, ҳиндистонлик журналистлар миллий таомлари билан сийлашди. Товуқли карри ва творогли музқаймоғи бизнинг таъбга жуда хуш келди. Улар билан келаси сафар Ўзбекистонда учрашишга келишиб олиб, кейинги манзилга йўл олдик. У манзил ҳақида, Ҳиндистон сафарида мени энг ҳайратга солган 8-мўъжиза ҳақида алоҳида ёзмасам бўлмас...
Тасаввурга қўйилган ҳайкал
Қанийди бу гўзалликка, мукаммал санъат асарига, инсон истеъдоди ва тафаккурига сўз тополсам... Гоҳи одамнинг майда ташвишлар билан ўралашиб қолганида ёки Худо берган умрни, иқтидорни ўтин ёришга сарфлаётганида, бу каби яратиқларга рўбарў келишнинг ҳикмати бисёр. Анчадан бери тополмай юрган Ҳайратни шу манзилдан топдим. Муҳташам сукунат. Ақлбовар қилмас тасаввур. Беш йил давомида етти мингдан ортиқ қурувчилар яратган афсонавий манзилга жами 500 миллион АҚШ доллари сарфланибди. 12 гектар майдонга қурилган узунлиги 106, эни 94 ва баландлиги 42 метрдан иборат марказий ибодатхона, уни уч томондан ўраб турган кўл, музей, сув омбори ва фавворалар ташриф буюрган ҳар кимни эртаклар оламига олиб киргандек бўлади. Руҳингизга ёқимли жимлик инади. Ибодатхона зиналарига чўк тушганча, кўзингизни юмиб, ўша буюк Жимликка сингиб кетасиз ва яна қайта шовқин-суронли ҳаётга қайтгингиз келмай қолади.
234 та устунга моҳирона жойлаштирилган йигирма мингга яқин кичик, бир-бирини такрорламас тош ҳайкалларга термилиб тўймайсиз. Ибодатхонанинг ўртасида муҳаббат ва ҳурмат маъносида пушти тошлардан ХВИИИ асрнинг энг буюк ислоҳотчиси Сваминараян ҳайкали қад ростлаган, ибодатхонанинг ички қисми эса поклик рамзи оқ мармардан бинога келган. Шунингдек, асосий маъбуддан ташқари яна кўплаб маъбудлар ҳайкалини кўриш мумкин. Бу ҳолни йўлбошловчи Санжив «Кўрлар ва фил» ҳикояти билан изоҳлади, яъни кимдир қулоғини, кимдир думини, яна бирови хартумини ушлаб, мана шу фил деган хулосага келганидек, одамнинг ҳам Худо ҳақидаги тасаввурини бир қолипга солиб бўлмайди, ҳамма ўзича тамсил, ўзича тасаввур этади. Ҳиндуийлик – дин эмас, яшаш тарзи, яшаш фалсафаси. У эътиқод қилувчиларга чегарасиз эркинлик бергани билан ажралиб туради. Бу тамойил ҳиндларнинг қон-қонига сингиб кетганиданми қарору қонунлари ҳам эркинликка қоришиқ. Буни тил масаласида, одамларнинг турмуш тарзи, танлови масаласида ҳам кўриш мумкин. Биз маълум қолипларга тушган одамларга бу баъзи ўринларда зарарли ҳам туюлди. Эркинлик – масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига олиш аслида. Бу халқда эса эркинлик инсонийлашишдан кўра ҳайвоний одатларга қайтиш шаклида ўз аксини қолдирган. Мажбурлов йўқ ва ҳеч ким ҳеч нимага мажбур эмас, ҳатто ўтирган ўрнини, еб улоқтирган идишини тозалаб қўйишгада. Чегара, мажбурлов йўқлигидан худолари ҳам, тиллари ҳам кўп, ихтиёр ҳар кимнинг ўзида.
Бир олам ҳайрат ва ўй оғушида мамлакатимизнинг Ҳинд диёридаги элчихонасига қадам қўйдик. Беқасам кўрпачалар тўшалган сўри, пахта гулли пиёла ва чойнак, хум ва кўзалар, атлас ва адрас кийган ўзбекойимларнинг суратлари... ўзга юртда ўз юртимизни кўргандек тўлқинлантириб юборди. Уста одам ҳар соҳада уста деганларидек, Муҳаммаджон Обидовнинг чўнғара гуручидан дамлаган палови мусофир ўзбек юртдошларимизу ҳиндларнинг тилида достон бўлди. Сафаримизга бош-қош бўлиб, елиб-югурган элчининг биринчи ўринбосари Садриддин ака (Суяров) ва уларнинг оиласи билан танишувимиз сафар давомидаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Тўрт ўғилни Хитой, БАА, Ҳиндистоннинг нуфузли олийгоҳларида ўқитиб, элга қўшган Соҳиба опа ва Садриддин акага ҳар биримизнинг ҳавасимиз келди. Элчихонадаги расмий қисмда эса икки томон вакиллари, элчи ва талабалар, ОАВ ходимлари ўзаро фикр алмашдилар. Йигирма йилдан йилдан бери Жомия Миллия Исламия марказий университетида ўзбек тили ва адабиётидан таҳсил бериб келаётган Шаҳид Таслим ва унинг нутқи хотиримда муҳрланиб қолди: «Сиз ва менинг мақсадимиз, йўлимиз бир. Умрим охиригача асосий мақсадим ўзбек тилини кўпроқ ёшларга ўргатиш, унинг маданияти ва адабиёти билан ҳиндларни таништириш» деди. Ўзининг юртида ўзга миллат маданияти, тили учун хизмат қилаётган ва буни истаётган одам ҳикоясидан алланечук ҳайрон ҳам бўлдим. Шу топда негадир тил, маданият ва ҳоказо омиллар инсонларни бирлаштирмас, аксинча бир-биридан ажратиш, баъзан ғурурга кетиш, баъзан эса камситиш воситаси ўлароқ пайдо бўлган эканми, деган хаёлга бордим. Агар одамлар азал-абад бир тильда гаплашганида, бир-бирини осонроқ тушунар, умрини қайсидир тилни ўрганишгагина сарфламаган бўларми эди... Бу тил, маданият масаласи ҳам «Кўрлар ва фил» ҳикоятини ёдга солади. Ер юзидаги жамики одамнинг турли тил, турли муҳит ва турли йўллардан ягона Бирликка келишимикан... Балки ҳаёт дегани шуниси билан ҳам қизиқдир...
Одатда бир хил кечувчи кулранг кунларга кўниккан одамга тиғиз ва ранг-баранг ўтган сафарнинг илк куни фикрлаш ва ҳис этиш учун кўп сабаблар берди. Автобус ойнасига урилаётган ёмғир томчилари шуълалар оғушидаги кечки Ҳиндистонни янада гўзал кўрсатар, эрталабки шовқин-сурон, йўл четидаги ахлату одамларнинг пала-партиш ҳаётини ювиб, эртанги кунга поклаётгандек эди гўё... Кўзга гўзал кўрингани билан асл манзарага гувоҳ бўлган биз ич-ичимизда ўзбекона ҳамдардликни элтиб борардик: бечора беватанлар шу ёмғирда қаердан паноҳ топдийкин?..
Иккинчи кун. Метро ва электр симлари
Иккинчи куни Бобурийлар даврида сопол ё қизғиш қумдан қурилган Лаъл қалъа, Жума масжид, Ҳумоюн мақбараси ва Қутб минорга бориш режа қилинганди. Уларнинг тарихи, архитектураси, қурилиши ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Биз билмаган Ҳиндистоннинг айрим жиҳатлари билан бўлишганим қизиқроқ, назаримда. Биринчиси, чакалакзорни эслатувчи, тепага қарасангиз осмонни эмас, бир-бирига буралиб-эшилиб кетган симларга кўзингиз тушувчи электр тармоқлари. Улар қаердан бошланиб-қаерда тугашини, қайси бири ишлайдию қай бири яроқсизлигини, ёмғирда хавфсизми йўқлигини билолмайсиз. Бизнинг бир кўрганда ғашимизни келтирган симлар ойларки, йилларки уларнинг ҳаловатини бузмаганига тасанно ҳам айтиб улгурдик. Иккинчи жиҳат, қайси зиёратгоҳ, қайси диққатга сазовор жойга бормайлик, форма кийган ўқувчилар. Формаси ҳам ҳар мактабники алоҳида, ёрқин ранглардан тикилган, кўриб кўзинг қувнайди. Хорижлик сайёҳлардан ўқувчиларнинг сони кўп. Мамлакати тарихи, маданиятини харита, дарслик орқали – ойнинг тоғорадаги аксини эмас, ўзини кўрсатиб таълим бериши маъқул келди.
Қош қорайиб, сўнгги манзил – Қутб минорга етганда, ҳамроҳларимиз у ернинг зиёратига, Фармон Тошев билан иккимиз маҳаллий аҳолининг туриш-турмушини кўриш истагида тор кўчалар оралаб йўл олдик. Бир ёнда қадди букик чол чўян дазмолда бир уюм кийимларни дазмоллаяпти, бир ёнда ота билан қиз ҳар турли мева сотган, бир томонда гўшт дўкони, бир томон ахлат уюми... Бир Ҳиндистонга келибмиз, кўзимизга қизиқ кўринган меваларни татиб кўрмасак бўлмас, дея устоз билан синашга тушдик. Картошкага ўхшаш чикку дегани юмшоқ, қошиқ билан еса бўладиган, таъми ёқимли бир нимарса экан. Энг муҳими, семизликдан қийналаётганларга айни муддао эмиш. Гуава, ҳинд олмасини эса унчалик хушламадик, таъми йўқ кесакка ўхшайди. Шакарли олма ё шарифа деб аталадиган мева каттароқ шотутни эслатади, фақат пўстлоғи бор, сувли, хуштаъм. Хуллас, папайя, тагдола, чамбукка, кокос... ҳаммасидан бир-бир татиб кўрдигу, охири ананас ва банан билан қайтдик.
Кечки тамаддини метро ичидаги КФCда қиладиган бўлдик ва шундагина аҳолининг саводли қатламига рўпара келдик. Талабалар, давлат ишчилари, фирма-компанияда ишловчи ходимлар... уйига қайтаётган эди. Деҳли метрополитени шаҳар ичидаги ривожланган шаҳарга ўхшайди, узунлиги салкам 349 километр. Тезюрар поездлар ҳар куни 9 та йўналишда 255 та бекатга уч миллион одамни элтиб-қайтади. Биз ҳам автобусда меҳмонхона томон қайтарканмиз, бир кунлик эмас, бир умрлик таассуротлар оғушида эдик...
Жайпур сари йўл
Соат саккизда Деҳлидан Жайпурга йўл олдик. Икки шаҳар ораси 260 километр, автобусда беш ярим соатлик йўл экан. Йўлда нималарни кўрмадик: томи босиб қолай деяётган харобалар, янги қурилаётган осмонўпар бинолар, кўчада сайр қилиб юрган маймун, олмахон, сигир ва филлар, югуриб келувчи тиланчи болалар, ям-яшил далалар, экин майдонлари, дарахт бўлиб ўсиб ётган пушти-алвон гуллар, ҳайдовчилар тўхтаб, узоқ йўлдан бироз тин олувчи кичик тамаддихоналар ва сизга ҳамиша кулиб боқувчи кўзлар... Жайпур Деҳлидан архитектураси, шаҳарсозлиги, одамлари, ҳатто дўконлари билан ҳам фарқ қилади. Савдо-сотиқ, мато, ҳунармандлик шаҳри. Атрофи тоғ, сув ҳавзалари кўп. Савдогарлари чув туширишга, тиланчи болалар эланишга мойил. Халқи Деҳли, Аградан анча қашшоқ ҳаёт кечиради, шу сабабми илон ўйнатувчисидан тортиб тиллафурушигача пул дардида.
Жайпурдаги бир-бирига зид ҳисларни бошқа шаҳарлардан топмадим. Кўчада, ердан отилиб чиқаётган сувда чўмилаётган қизлар ва тоғ тепасига қурилган ҳашаматли амир саройи, икки оёғи йўқ қариянинг ерда судралиб тиланиб юришию ХВИИИ асрда қуёшга, юлдузга тикилиб, фасл, тақвим, вақтни аниқлаган ҳинд олимлари макони Жантар Мантар расадхонаси, минг рупийга чув туширган олғирлару совға бериб кетган ҳинд қизлари, эртаклар оламига, узоқ мозийга элтган филлар ва келажакка қайтарган data science ўқувчилари... Икки кун шунча кечинмани туйиш, яшаб ўтиш ва ҳазм қилиш учун камлик қилгандек, Жайпурдан Аграга ета-етгунча ҳам ҳинд мусиқалари садоси остида ўша ҳисларда яшадим. Агра билан Жайпур ораси ҳам аввалгича экан: 5-6 соатда етиб бордик.
Агра. Ўлик шаҳар
Ўлик шаҳар. Номини эшитганимдан аллазамонлар тасаввурим пучмоқларига беркитиб қўйган, аҳён-аҳёнда бир қараб қўядиган қадим ҳисларимни жонлантириб, ўзи томон ошиқтира бошлади. Ўлик шаҳар қандай бўлади? Рутубатли, кулранг, осмонга бўйлашган бинолар бўм-бўш, кўчаларда шамол изиллайди, одам деганининг қадам изини қор-ёмғир ювиб юборганига ҳам аллазамонлар бўлган, қўрқинчли сукунатдан қулоғинг том битай дейди, ортингдан таъқиб қилаётган шарпа ичингга кириб оладигандек унсиз қалтирайсан, бу бадбахт маконга қадам қўймасингдан қочгинг келади... Турқи совуқ Лондонни эслатиб юборади. Қадам қўйганимиз Агра яқинидаги Фатеҳпур-Сикри эса тасаввурларимни чок-чокидан сўкиб юборди: ҳар тараф бинолар илиқ – пуштиранг, дарвозадан кираверишда икки томонга ям-яшил майса ястанган, бинолардан баланд дарахтлар, шаҳар шовқинидан ором топтириб ёқимли сукунат ичингизга инади, сакинатни туясиз. Асли ҳар борган манзилимиз атайин танлангандек: сершовқин, қайнаган ҳаётдан олис тарихга, жимжитликка элтиш вазифаси юклангану, бизни ҳайратда қолдиришнинг йўлини топиб олгандек булар. Ўлик шаҳарга кирсангиз, чиққингиз келмас даражада сокин. Айни ижодкорга боп жой. Гала-гала сайёҳларнинг келгани ҳам у жимжитликни ёриб киролмаяпти: ҳайрат ва сўз тош деворларга урилиб синиб тушяпти. Акбаршоҳ устози Шайх Салим Чишти мақбараси атрофида тиклаган шаҳарда нималар йўқ дейсиз: 11 километр узунликдаги дарвоза йўли, саройлар, боғлар, ҳаммом, масжид ва мақбаралар, шоҳона танобий, ғазнахона, ҳарам, девонлар... Бу сукунатни фақат масжид рўпарасида чордона қуриб, қаввали айтаётган сўфий-ҳофизларгина бузаётгандек... Покистонлик қаввали ҳофиз Нусрат Фотиҳ Али Хон ижоди билан ўн йиллар аввал танишиб, ўша-ўша бу мусиқанинг шайдосига айлангандим ва билмасдимки, бир куни Бобур юртида уни ҳофизнинг ёнгинасида жонли эшитаман деб: Аллоҳу Аллоҳу Аллоҳу Аллоҳ!
Ўлик шаҳар файз ва нур инган макон экан. Унинг ғамнок Лондон билан ўхшаш жиҳати майдонининг тенглиги экан, холос. Фатеҳпур-Сикри муомаладан чиққани, сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айланганига ишора қилинмаса, унинг сира Ўлик шаҳар дейилишидан маъни топмадим. У ердан «тирик шаҳар» – Аграга йўл олдик. Ҳар ким ўз хонадоши билан кечки сайрга чиқди, биз тунаган меҳмонхона Тож маҳалдан бир километр узоқликда экан. Хонадошим фарғоналик журналист Ҳадича опа Каримова билан ҳаммадан бурун еттинчи мўъжизани кўриб олайликми ҳам дедигу, пала-партиш йўллар, машиналар, устингга бостириб келаётган рикшалар бу фикримиздан қайтарди. Жайпурдан фарқи тамадди учун танлов кўп, ўзимиз таъмини тотиб, билиб юрган емакхоналарга тўла экан.
Манзилимизнинг сўнгига асраб қўйилган Тож маҳалнинг тарихи, ўзидан кўра кўпроқ ўйга толдирди. Ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётиб вафот этган аёлга қўйилган ёдгорлик, муҳаббат рамзи. Қандай муҳаббат бўлиши керакки, ҳарами тўла нозанинлар бўла туриб, бир аёлни бошқаси билан тенглаштиролмаса! Қандай муҳаббат бўлиши керакки, Лаъл қалъа, ўз қасридан ҳар куни Тож маҳални – Уни кўриб туриши лозим бўлса! Қандай муҳаббат бўлиши керакки, давлатнинг бор бисотини марҳум аёлининг васияти учун сарфласа, шу ҳаракати эвазига ўғли Аврангзеб томонидан зиндонга маҳкум этилса! Парадоксни қарангки, бир пайтлар халқнинг пулига қурилган муҳташам бинолар мана неча асрки Ҳиндистон халқини боқиб келяпти.
Тож маҳал, Лаъл қалъани кўргач, яна меҳмонхонага қайтдик. Ҳадича опа билан меҳмонхона ёнидаги тўйхонага кириб, ҳиндча тўйга ҳам гувоҳ бўлдик. Фильмлардаги Ҳиндистонни, кибор хонимлар ва ҳиндча куй-рақсларни кўриш учун шунақанги зиёфатларга кириш лозим экан. У мамлакатга боргунча биз ҳиндча тўйни Ҳиндистон деб юрган эканмиз...
Ойнинг тоғорадаги акси
Сафаримиз қариб, эртасига эрта тонгдан Деҳлига йўлга тушдик. Аввалига ўзбеклар пакка қилиб олган бозорга, сўнг янги қурилган Маллга бордик. Энг қиммат деб билганимиз гипермаркетда ҳам биздагидан икки-уч баравар арзон: китоб, атир-упа, чинни ва шиша буюмлар, хона безаклари... ҳар туридан бор. Хуллас, борган мамлакатимизнинг мозорию бозорини зиёрат қилиб, Ойнинг ўзини кўриб қайтдик. Шу пайтгача тоғорадаги ойнинг аксига маҳлиё бўлиб юрган эдик.
Саёҳат – ҳаққул яқийндир. Биз асосан илмни китоб ёки бошқа манбалар орқали олиб ўрганганмиз, ҳануз илмнинг энг паст даражаси – илмул яқийнда юрибмиз. Айнул яқийн, жилла қурса, ҳис қилиб, яшаб кўрмасакда, кўзимиз билан кўришгача етолмаяпмиз. Ҳиндистон таълими шу жиҳати – Ойнинг тоғорадаги аксини эмас, ўзини кўрсатиши билан эътиборимни тортди. Ёзганларим ҳам Ҳиндистоннинг мингдан бир акси. Ҳамма аксларини кўрмоқчи бўлсангиз, албатта Ҳиндистонга боринг.
Севара АЛИЖОНОВА
Тошкент-Деҳли-Жайпур-Агра-Тошкент
Суратларни Ҳотам Мамадалиев олган
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ