Инсоний дард, ҳайрат ва соғинч билан ёзилган – Ўзбек адабиётидаги машҳур шеърларнинг яралиш тарихи


Сақлаш
14:12 / 06.12.2023 306 0

“Аёл” – Абдулла ОРИПОВ

 

Абдулла Ориповнинг Шермуҳаммад исмли амакиси бўлиб, минглаб кишилар бошига тушган фожиа – иккинчи жаҳон уруши уни ҳам қонли домига тортган эди. Афсуски, уруш уни аяб ўтирмайди, йигитнинг жисми дунёнинг қайси бир пучмоқларида қолиб кетади. Унинг турмуш ўртоғи, 19 ёшли келинчак – Ойбуви қизалоғи Раҳимани бағрига босганча қолаверади. 5-6 йилдан сўнг, яралар бироз битгандек бўлгач, Ориф бува келинини ёнига чақириб: “Ҳали ёшсиз, бу дунёга ҳар ким умид билан келади. Тақдир экан, кўргилик, чидаймизда. Ҳаётингиз ҳали олдинда, турмуш қуриб, униб-улғайинг, биз розимиз! – дейди. Шунда бева келинчак: “Агар хонадонингизда сиғмаётган бўлсак, айтинг, биз кетайлик. Лекин, бу гапни қўйинг, мени азобламанг, дардимни yangilamang... Мен укангизга мангу содиқ қолиш учун ваъда берганман, улар мен учун доим тирик! – дея гапни якунлайди.

 

 

 

Шундан сўнг бу мавзуда бошқа гап очилмайди. Вафодор келинчак йўлга интизор, илҳақ бўлиб, умр бўйи шу хонадонда яшайди. Ўн тўққиз ёшли аёлнинг бунчалик содиқлигини кўриб улғайган Абдулла Орипов 1965 йили Ойбуви келинойиси тимсолида ана шундай аёлларга шеърий қасида бағишлайди:

 

Йигитлар мактубин битганда қондан,

Келинлар фироқдан чекканда ёҳу.

Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,

Ўн тўққиз ёшида бева қолди u...

 

 

“Баҳор, кетма менинг боғимдан” – Тўра СУЛАЙМОН

 

Шоирнинг мазкур шеъри шоира Баҳор Холбековага бағишланган. Баҳора опа бу ҳақида шундай эслайди:

“Мактабда ўқиб юрган кезларимда у-бу нарса ёзиб юрардим. Қўлим анча келишиб қолгани учун мактабни битиргач, Тўра ака каминани “Гулистон” газетасига ишга таклиф қилди. Ёшлик ҳавоси билан учиб-қўниб юрган пайтларим эди. Кичкинагина воқеалардан ҳам катта-катта мақолалар ёзиб, муҳаррирга топширардим. Муҳарриримиз Холбўта Худоёров ёзганларимни чизиб ташлаб, кафтдеккина матн қолдиради. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, иззат-нафсим заха чекиб, кетишга ариза ёздим. Феълим шунақа, бирор нарса ёқмаса, тез қарор чиқараман. Хафа бўлиб чиқиб кетаётганимда қаршимдан Тўра ака чиқиб қолдилар. Бўлган воқеани баён қилдим. “Баҳор, ҳеч қаерга кетмайсан! – дедилар. Эртаси куни бир шеър ёзиб келдилар. Биласизларку, шоирнинг шеър ёзишига кимдир ёки нимадир туртки бўлади. “Баҳор, кетма бизнинг боғлардан”, деб бошланарди бу манзума. Мен шеърни эшитиб: “Тўра ака, менимча, бу сатр Ойбек домлада бор”, дедим. “Шундайми? дедилару, жим кетдилар. Орадан бир кун ўтди. Тўра ака шеърни қайта ишлаб, сайқаллаб келибди. “Баҳор, кетма бизнинг боғлардан” сатри “Баҳор, кетма менинг боғимдан” сатрига ўзгартирилганди ўшанда. Хуллас, бир дилбар шеър пайдо бўлди. “Баҳор, ҳали кўрасан. Менинг шеърим туфайли дунёга достон бўласан! – дедилар Тўра ака”.

 

“Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,

Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,

Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман.

Баҳорсиз ҳам, диёрсиз эл ичра беназарман,

Баҳор, кетма менинг боғимдан”.

 

 

Бир куни Баҳор опа ишхонасида ўтирганида радиодан соҳир овоз соҳиби Шерали Жўраевнинг дилбар қўшиғи янграйди. Қараса, сўзлари таниш: “Баҳор, кетма менинг боғимдан”. Шоира бу Тўра Сулаймон унга бағишланган шеъри эканини англаганида, хонага шеър муаллифи кириб келади ва “Сени дунёга достон қиламан дегандим. Энди ишондингми? дея табассум қилади. Дарҳақиқат, ҳозирда бу шеър ва унга басталанган қўшиқ халқимизнинг севимли асарига, бебаҳо хазинасига айланган, десак янглишмаган бўламиз.

 

 

“Ота” – Хуршид ДАВРОН

 

“Деразамнинг остида тонгда

Сайраган қуш сизмасми, ота?

Ё тўнимга кўклам, мозорда

Ёпишган гул сизмасми, ота?”

 

Инсонийлик, меҳр-муҳаббат, бурч ва фидойилик сингари фазилатлар жамланган ушбу шеърнинг яралиш тарихи ҳақида шоирнинг ўзи шундай эслайди:

“Мен Германия деган юртнинг шарқий қисмида ҳарбий хизматда бурчимни ўтаб юрган пайтда отам вафот этган. Узоқ мамлакатдан салкам бир ой деганда отам мозори бошига кела олганман. Мен уларнинг эрка ўғли бўлганман. Отамдан эрта ажралиш ҳисси, сўнгги лаҳзаларда ёнларида бўлмаганим, тобутларини кўтармаганим армон бўлиб qolgan... Орадан анча вақт ўтгандан кейин ўғиллик бўлганимда, мана шу невараларни бир кўрсалар эди, деган аччиқ ўй уйғонганди юракда. Энди бу инсоний бир дард. Ана шу вақтда бу шеър қоғозга тушган...”

 

 

Буни қарангки, шеърнинг машҳур қўшиққа айланиши ҳам қизиқ кечади. Таниқли ҳофиз Азим Муллахонов машинада кетаётиб, бир журнални варақлаб ўтирганида шу шеърни ўқиб қолади ва варақни йиртиб олади. Кейин ўша куниёқ куй басталаб, қўшиқ қилади. Шу тариқа биз учун қадрли ашула яралади.

 

Раҳмат БОБОЖОН тайёрлади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси