Ой. Нур. Изтироб – эркин руҳ, рост сўз ва ботиний туйғулар билан ёзилган шеърлар таҳлили


Сақлаш
16:12 / 05.12.2023 384 0

ОЙ.

 

…Ой гулчамбар тўқир бармоқларимдан…

…Ойнинг кулгучларидан

Сизиб чиқар ўлик тун…

…Ой — қақнус пат…

 

Мен сизга ой тасвири билан боғлиқ ташбеҳлар ясашни кўрсатиб қўймоқчи эмасман. Бутун бошли шеърдан айириб олинган сатр ҳеч нарсани англатмаслиги ёки айни вақтда ҳаммасини кўрсатиб бериши мумкиндир, фақат менинг мақсадим бўлак. Мақсадим тенгқурларим орасида ажралиб, учқунлаб турган шоиралар ижоди ҳақда икки оғиз (мақтов ва танқиддан ҳоли) холис фикр юритишга жазм этдим. Энди илдизга кўчамиз, эшитинг:

 

…Оппоқ этик кийган сулув дарахтлар

Базмида учрашган эдик биз илк бор.

Нечун паришонсан, тутқун ўйларнинг

Қафасини чил-чил синдириб юбор…

 

Ой тимсолига беркилган Мадина Норчаеванинг муросасиз характери, у ҳақда нимадир қоралашга ундади мени. Шоира билан азалдан танишлигимиз бор гап, лекин бу қайсарлигимни енгиб, унинг ижодини “кўз-кўз” қилишимга икки дунё сабаб бўла олмайди. Шунчаки тан олишни биламан холос.

 

…Ойнинг нигоҳидан учган пари қуш

Туннинг тушларини тўзғитган сабо.

Тоғлар – замин тилин боғлаб турган тиш

Чуғурласам жонинг оғрирми дунё…

 

Баъзида ўйлаб қоламан, Мадина, сен ўғил бола бўлиб дунёга келишинг керак эди! Негаки шеърларингда аёллик нафосатидан кўра, мағрур оҳанглар бирламчи, деярли барча ёзиқларингда жанговарлик бўртиб турадики, сени танимаган, шеърларинг остида исмингни ўқимаган киши, ҳеч шубҳасиз бу шеърларни кучли жинс вакили ёзган дея хулоса ясайди.

 

О, апрель…

Даштнинг лабларига тошади учуқ,

Саждадан бошини кўтарса қирлар.

Дарбадар ўғилдек куттирди бунча,

Она тупроғини кўҳна ёмғирлар…

 

 

Мен тоққа яқин ерда ўсганман, сен туғилган Чироқчининг бийдай далалари бегона менга. Аммо тасвирларинг… бир думалаб (аслида ҳам шундайман) ўша даласини соғинтирган ёмғир – дарбадар ўғилга айланаман-у, лаблари ёрилиб ётган дўнгликларга ёға бошлайман шовуллаб. Ва ўзим учун чиқарган – “шоирнинг жинси бўлиши шарт” деган қатъий қароримга путур етгандай бўлади гўё.

 

…Қалдирғочман,

Кесиб учдим кўнглинг занжирларини

Тутқун ҳисларингга келтирдим шараф.

Элчилик онимда баҳорни сезсанг.

Мен кузни ўйлайман кўзингга қараб…

 

Шоир ғалати мавжудот. Масалан, сен кенгликда туғилгансан-у тағин торликка талпиниб – Тошкентга келдинг. Ердан тувакка кўчирилган гулдай анча довдираб юрдинг бу шаҳарда. Аллақайда ўқигандим: Есенин бир умр шаҳарга талпинган-у, аммо етиб боролмаган. Нима деб ўйлайсан, манзилга “етиб бориш” шунчалик муҳимми?!

 

Адашмасам 2014 – йил, Қашқадарё ҳокимияти биносида жойлашган “Баркамол авлод” газетасида ишлар, ўшанда биринчи машқларингни нашрга тайёрлаб бергандим. Унда мен Мадинани танимасдим. Хайриятки ўзингдан олдин шеърларингни таниганман. Ишонавер, бу сенинг ютуғинг! Ҳазил… Қисқаси Тошкентдасан ва ниҳоят яна портладинг:

 

…Чайқаб юбор жом ичинда тирилсин май…

 

Халқда “оғзи полвон” деган ибора бор. Бугун “оғзи шоир”лар урчиб кетди. Ҳадисда “ҳали шундай кунлар келадики, ҳатто Аллоҳ деган сўз ҳам авом тугул имомларнинг бўғзидан чиқади” дейилади. Тушуняпсанми, юрагидан эмас, бўғзидан! Шоирлик ҳам руҳда акс этади. Сенинг руҳинг эса шак-шубҳасиз бақувват. Сатрдаги жом – вужудинг бўлса, май – руҳингдир. Уни чайқаб юборишни тиланаётганинг – Аллоҳ! Кўринишингдан динамитга ўхшайсан, ўзи кичкина-ю, портласа…

 

Шоир ва Шеър тушунчаси охирги ўн йилликда шу қадар пастлашиб кетдики, энди уни юқорига олиб чиқиш учун камида Абдулло Ориф керак. Янада жўн айтганда, бирлашиш лозим. Ҳақиқий истеъдод тан олиш ва эътироф этишдан чўчимайди. Ўшандагина катта адабиёт яратиш мумкин.

 

…Ой гулчамбар тўқир бармоқларимдан,

Эркимни юлдузлар чўқир бетиним.

Мени танидингми, ҳар баҳор

бедор,

Боғингда унгувчи майса мен эдим…

 

Ой, ой, ой… кўп ўйладим бу тўғрида. Жуда кўп. Нега айнан ой? Нега унга қайта-қайта мурожаат қилаверасан?! Ва топдим! Агар характерингдан келиб чиққаним, изланишларим хулосаси тўғри чиқса, ой – танҳолик рамзи. У осмон тоқига қадам ранжида қилганда, юлдузлар мум тишлаб қолишади. Бунинг кибрга алоқаси йўқ! Мен ягонаман деган иддаога ҳам. Шунчаки –

 

…Сен афсун истайсан…

 

Биласанми, адабиёт, шеър даври ўтиб кетгани йўқ! Одамлар (бунга оз қолди) техниканинг чўққисига чиқишганда, юракларини йўқотиб қўйишганларини туйқус англаб қолишади ва ёппасига ўзларини адабиётга уришади. Ураверишади, ураверишади… токи қотиб кетган дийдалари чил-чил бўлмагунча. Фақат бу ҳол қачон рўй беради – қоронғи.

 

…Уч, денгизим…

Руҳим сендай

Шеър ишқида чайқалади,

Манов дашт ҳам,

Манов қир ҳам, асли қушдир.

Бағритошдай одамларнинг залвори деб

Шўрликларим қушлигини унутмишдир.

Уч, денгизим…

 

Денгизга қанот боғлаган тасаввурингга балли. Кўзга кўринган адабиётшуносларимиз ё изланишдан тўхтаб қолишган, ё атай тарихда қолиш учун тарихда қолган буюклар тўғрида қайта-қайта ёзишга берилиб кетишган. Аслида улардан гина қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир авлоднинг ўз танқидчиси, адабиётшуноси бўлиши зарур. Йўқса, бир қоп чириган картошка ичида қолган ягона соғини асраб қолиш ўта мушкул кечади. Ҳеч йўқ 30 ёшгача бўлган ёзарманларни сарагини-сарак, пучагини-пучакка ажратиш вақти келди назаримда. Сен улардан эътибор кутма, эътибор ҳам берма. Уч, учавер, кенг ёзилган қанотларинг сояси тушгач, пайқаб қолишар балки.

 

 

НУР.

 

Уни Тошкентда учратдим. Ўта нозик кўнгли ва синиқ чеҳраси билан хотирамга муҳрланди. Ана шундан кейин шеърларини жиддий, синчиклаб ўқийдиган, ўзимча таҳлил қиладиган бўлдим.

…Ҳеч кимни севмасанг, О қандайин эрк!

Сайр этсанг хазонранг пойандозларда.

Йўлингга кўз тикиб, сақлаганча кек

Узумлар йиғласа зардама – зарда…

 

Аслида руҳияти ичкин бўлишига қарамай, ўзини қувноқ кайфиятда кўрсатишга уринади – куз – маҳзун фасл. Тушкунликдан бахт ундириш, бу энди шоирлик аломати – ва буни эплайди ҳам.

 

...О бу Куз! Бу ёмғир гурунгидаман,

Осмон қизғонаркан мени тобора.

Тобора томчилар ва япроқлар ҳам

Кўйлагим рангига қилар ишора…

 

(Кўйлагим эмас, юрагим рангига, дейилса тасвир оргиналлашарди)

Рости, “қулоғигача ғамга ботган” бугунги адабиётимиз учун бу каби кўтаринки шеърлар – бўрттириб айтганда – унутилган янгилик. Нозима(Ҳабибуллаева)га чуқурроқ шўнғир эканман, унда кулгудан кўра йиғига, йиғи бўлганда ҳам томчилари биллур йиғига мойилликни пайқагандай бўлдим.

 

...Кўзёш – олмос,

кўзим – хазина…

 

дейди у бир шеърида. Кўриниб турибдики, шоира ич-ичига қамалган “хазина”сини шунчаки улашиб юборишни истамайди. Тўғрида, хазина керакми, изланг!

 

…Қўлларимга қизил олов тутқазди у,

Миллион йиллар совқотмасам керак энди.

 

 

Севги ўта сийқа мавзу. Агарки тош уста заргарнинг қўлига тушса, қарашлар ўзгаради. Ошиқ маъшуқаси қўлига тутқазган “қизил олов” гулми ё қайноқ қони чакиллаб турган юрак?! Яхлит шеърдан “узиб” олинган мазкур тўртликни бир бутун ҳолда ўқиб кўрамиз:

 

…Қўлларимга қизил олов тутқазди у,

Миллион йиллар совқотмасам керак энди.

Ишончимни ютиб, дилин ютқазди у

Кўксимдаги кўксидаги юрак энди…

 

У шу пайтгача кўксидаги “нарса” юрак эканига шубҳа билан қарар, миллион йил яшаши тугул эртанги куни ҳам мавҳум эди. Энди унинг умиди бор. Ана шу умидга эш қўрқуви ҳам.

 

…Аммо, кейин қайга кетар шунча сув

Тўкилиб кетмасми айланганда ер?

Тортишиш кучи! О, бунчалар қудрат

Тортилиб – тортилиб ёзиларми шеър.

Эй, мани саҳрога етакловчи ким,

Шеърлар тўкилади бағрига кузнинг.

Эй, маним ашкларим, увол дурларим,

Тортишиш кучингиз йўқмиди сизнинг?..

 

Ва шу ерга келганда Нозиманинг “сири” фош бўлади. У бутун борлиғини эгаллаб олган қўрқувнинг шафқатидан умидвор! Кўзлари тубида чайқалиб ётган шўртак дурлар нурга эврилиб қўрқув – зулматдан ёруғлик ахтаради. Талпиниши шу қадар кучлики, ўзини йўқотиб:

 

…Мусаффо кўзларнинг деразасидан

Чиқсанг-у ишқ қолса сендан аразлаб.

Суҳбатлашии-иб кетсанг соябон билан

Одамлар тентак деб ўйлашса,… мазза!..

 

дея баралла ҳайқириб юборади. Умуман олганда қўрқув нурнинг – қора, нур эса қўрқувнинг оқарган шакли. Аммо оралиқдаги шоиранинг кечинмалари-чи?!

Нозима мусиқачи ҳам, буни шеърларидаги оҳангдорликдан пайқаш мумкин.

 

Садолар самодан келади шаксиз,

Хазонларни босиб ўтаман –

ингранади дарахтнинг учи…

Кўзларим қуёшнинг овозин ичур

кўзингга унинг нури-ла ботинимни

ёзиб

ёзиб ўтаман…

 

У барча аёллар сингари аслан заиф, лекин буни тан олгиси келмайди. Фақатгина оҳангдорлик эвазига ютиб кетишга уринмайди. Биринчи босқич – ўз ҳудудий қобиғини ёриб чиққани билан ҳам шоирани қутлаш мумкин. Энг муҳими шеърда ақл ўргатмайди! Тасаввурга мусаввирона ёндашиб, …Мен номини билмайдиган ранглар билан…(Нозиманинг сатри) табиат, ҳодиса, кечинмаларини мунчоқдай тизиб кетаверади:

 

Терилмаган қошим,

тўкмаган ёшим

қаролмай – қарошим остида бор у.

Кулгичимга инган

Ороми тинган

Ёлғон дунёларнинг ростида бор у…

Яна савол туғилади, “У” ким ёки нима?! Мен барибир НУР деб жавоб беравераман.

…Азизим, кет!..

Атай соғинтир.

Қалам билан қўлимдан тут сан.

Даҳшат ахир!

Ва ғоят оғир,

Наҳот энди йиғламай ўтсам?!..

 

Йиғламаслик, йиғлай олмаслик даҳшати ҳақда эшитганлар борми? Аслида бу бахтку, дейишингиз мумкин, шоира эса сизнинг тош қотган хулосаларингизни чил-чил синдирган ҳолда ўз “деяридан” қолмайди. Энди тушуняпсизми, кўзёш унинг учун нур – нажот эканлигини.

 

…Бахтнинг ифорлари келмаса сиздан

Фақат кузлагани келсангиз… келманг!..

 

Ҳа, шоиранинг қалбига кириб бориш мушкул. Гарчи ташриф шартини дангал айтиб турган бўлсада. Инсон қалби каби асл шеърга етиб бориш ҳам ўта қийин кечади. Бир кечада ўнлаб шеър ёзилади баъзида ва энг охиргиси сал кўнглингга ўтиради. Демак ўшангача ёзилган ўн балки юзлаб машқлар, бор йўғи йўл вазифасини ўтаб берган. Эҳтиёт бўлиш керакки, аслига етмай туриб, хомларига маҳлиёлик уйғонса борми…

 

Шундоғам курагим иборат куздан

Шундоғам кўзимнинг ойналари чанг.

Чап кўксимда недир шаклини бузган –

Юрак ва харсанглик ўртасида танг…

 

Юқорида у кўксидаги “нарса” нима эканини англолмаяпти дегандим, мана исбот! Шеърдан шеърга ўтган сари, калаванинг учини топиш осонлашиб бораётир.

…Шундоғам кўзимнинг ойналари чанг…

 

Демак Нозима нурни теваракдан эмас (йўқса кўзларига таянган бўларди) “мен”идан, ичкарисидан излаяпти. Ва ният қиламанки (яхши маънода!) ўша излаётганини топмасин. Топса, ўзи ёзганидек, “Садолар самодан” келмай қўяди.

 

 

ИЗТИРОБ.

 

Эзгин одамларни жуда кўп кўрганман. Йўқчиликдан, бахтсизликдан, ёлғизликдан, бефарзандликдан… Ундагиси эса бутунлай бошқа. Ҳатто ҳавас қилса арзийди.

 

Суратларингни ёқиб юбордим…

Мусиқа тингламай қўйганман

аллазамонлардан буён.

Кўз ёшларимни қайта-қайта

ичкарига қамайверяпман…

 

Сиз қофия изламанг, шаклпарастга ҳам йўйманг шоирани. Ташқарига чиқишдан орланиб, қайта-қайта ичкарига қамалаётган кўзёш ҳақда ўйланг фақат. Бундаги чорасизликни шунчаки ҳазм қилиб бўлмайди ахир. Балки мен англами оғирроқ ёзиқларни севганим учун, сизни ҳам шундай шеърларни ўқишга ундашим нотўғридир, яна билмадим.

 

…Имлаяпсан, ундовлар қатор,

Менга етар қадди букилиб.

Сабр десам пешонамнингми,

Чизиқлари кетди тўкилиб…

 

Агар ундовларни ҳаяжон деб олсак, то қаҳрамонга етиб келгунича қадди букилиб (?) сўроқ шаклига кириш ҳолатини кўз олдингизда гавдалантиринг. Ажойиб а! Изтиробнинг, шоира изтиробининг янгича, фақат ўзигагина хос ифодасини пайқадингизми? Олдиндан айтиб қўяй, шовқинни, бақириб ўқиладиган шеърларни хуш кўрувчилар Феруза Хайруллаевани ўқишмагани маъқул. Ибодат икки хил бўлади – жаҳрий ва ботиний. Мен ҳозир мисол келтираётганларим ботиний ҳис қилинадиган шеърлар.

 

Ҳар кун…

Чиқиллайди соат борича,

Ясолмайди ўзидан бахтни.

Ирғитаман ўргимчак каби

Билагимга илашган вақтни…

 

Ўқир экансан, сатрлар тилингни синдирмайди, бир қучоқ саодатга ҳам, ҳиссиётларингни қайғуга ҳам ботирмайди, қайтанга, ичидаги аламзадаликнинг устидан аччиқ кулиб (бунга куч топганини қаранг!), тағин, минг уринмасин ўзидан бахт ясай олмаётган соат (яъни ўз умрига) ҳамдардлик билдираётгандай гўё.

 

…Қуш тилида сўзлар кўзларим,

Ҳовучимга тўлади исминг…

 

Қуш тили – метафора. Ферузанинг кўзлари ҳайқирмайди, сўзсиз сўзлайди. Ихтиёрини топширишга тайёр кимсасини эса ҳар дуосида эслайди. У кимса ким эканидан Парвардигор ва ўзигина воқиф. Яна у тенгқурлари каби сермаҳсул эмас. Жуда кам ёзади, энг қизиғи ўша ёзуғини байроқ қилиб юрмайдики, бу ҳам унинг хилватнишинлигидан далолат. Ҳозир ҳам шоиранинг шеърларини тасодифан “топиб” олдим, тўғрироғи, атайлаб, иш компьютеридан ўғирладим.

 

 

…Кўринмагай кулги ёқаси,

Лек ҳасратнинг кўйлаги ёниқ.

Қай эшикни қоқмай, дейишар:

"Ёпиқ,

Ёпиқ,

Ёпилган,

Ёпиқ!"…

 

Бир қарашда муаллиф зарда қилаётгандай кўринади, лекин сиз бошланишдаги икки сатрнигина ўқинг… Хўш? Ҳа, унинг қуроли – ғам, хомашёси ҳам. Масалан, Ван Гог сариқ рангни яхши кўрган ва ундан деярли барча суратларида фойдаланган. Буни биз торлик, яъни бир хилликка йўёлмаймиз.

 

…Булутлар бошимга ёғдириб ўтар,

Соғинчнинг ҳаворанг азобларини…

 

Қийноқнинг лаззати ҳақида ўқигандим. Ўзимда синаб ҳам кўрганман баъзи тажрибаларини. Ферузада эса “азоб-роҳат” эликсири туғма. Йўқса, ҳамма шодимонлик ила тасвирловчи ёмғир унинг кўзларига “ҳаворанг азоб” бўлиб кўринмасди. Дунёни алоҳида кўриш – ижодкорга ва телбаларга хос. Мактабда ўқиб юрганимда қуёшни қорага бўяганим учун расм ўқитувчимдан шапалоқ еганим эсимда. У кишига қуёш менга қора кўринаётганини тушунтириб беролмаганман бола ақлим билан. Илон оқ-қора кўради теваракни, нега уни жазоламаймиз? Қандай кўриш, ҳис қилиш, тасвирлашни ижодкор табиатига қўйиб берайлик, ёқса қабул қилайлигу ёқмаса, жим кетайлик.

 

…Гуноҳлар,

Гумроҳлар,

Гунг оҳлар,

булар –

Ҳаммаси кўпликда, ҳеч эмас якка.

“лар”ни олиб ташлаб бўлмайди,

Яна,

“лар”нинг кўзларини чўқимас ҳакка…

 

Ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгача ечим. Тўғри, бу каби шеърларнинг ўқувчилари сийрак келади, ўзи умуман шоирга “оммабоп”лик тамғасини ёпиштириш шартмикин?! Феруза айнан изтироб кишиси бўлгани учун ҳам ўзига оғир йўлни танлаган. Бошқалар дарёнинг нариги соҳилига доимгидек кўприк устидан ўтаверишсин, фақат у буни хоҳламайди. Ким нима деса деяверсин, қулоқларини маҳкам беркитади-ю, босиқлик билан:

 

…Мен дард чизаман –

Дарахт шохларига қўнмайди қушлар…

дея ўз оҳангида куйлашда давом этаверади.

 

Феруза, қачондир лоп этиб БАХТни топиб олишингни истайман ва шу билан бирга қаттиқ қўрқаман. Негаки уни топган кунингдан бошлаб янги шеърларингни ўқишдан мосуво бўлишим турган гап. Ўзинг ўйла, мана бундай дарди тирик шеърни яна ким сендай ёза билади?

 

…Кузакка қарама – унда мен борман,

Соябон тутиб ол – ёмғирман, қорман.

Мен ўша – бир кўриб ўлмоққа зорман…

Лекин, излама!..

 

Кечирасан, биз сени излайверамиз, излайверамиз. Бунга шеърларинг ва оҳанрабо изтиробинг айбдор…

 

* * *

 

 

Мадина Норчаева, Нозима Ҳабибуллаева, Феруза Хайруллаева. Уларни бежиз танламадим – ўрталарида аллақандай кўз илғамас боғлиқлик бор. Буни шеърларини ўқиш, мақолага ном қўйиш жараёнида, янаям чуқурроқ англадим. ОЙ. НУР. ИЗТИРОБ. Учала сеторни эса яхлит кенглик – ТУН бирлаштириб туради, айнан ТУН!..

 

 

ЖОНТEМИР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси