«Давлат иштирокини максимал минималлаштириш керак», «Жамоатчилик китобларни танлашда фаол бўлсин» – «Ёшлар учун минг китоб» лойиҳаси қандай бўлиши керак?


Сақлаш
15:12 / 05.12.2023 240 0

Ўтган ҳафта мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётидаги энг катта янгилик – Президентнинг «Ёшлар учун минг китоб» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўлди.

 

3 декабрь, якшанба куни Oyina.uz порталининг X (Twitter) саҳифасида мазкур мавзуда чат ташкил этилди. Таржимон Аъзам Обидов, Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи Меҳриноз Аббосова, лойиҳа менежери Хуршид Йўлдошев меҳмон сифатида чақирилган чатга журналист Инобат Аҳатова модераторлик қилди.

 

Чатда билдирилган айрим фикрлардан келтириб ўтамиз.

 

Меҳриноз Аббосова: Лойиҳанинг дастлабки қисмида илмий-оммабоп китоблар таржима қилиб, чоп этиш масаласи ўйланяпти. Бадиий, илмий-оммабоп асарлар, болалар учун китоблар ҳам ўрин олади. Мингта деб олингани ҳам чегара эмас, катта бир мақсад, унга бирдан эришиб бўлмайди, албатта. Қарорда мобил илова ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Китоблар таржимаси, ишни ҳар томонлама сифатли бўлишига агентлик масъул ҳисобланади. Шу боис биз соҳада етарли тажрибага эга Хуршид Йўлдошевни менежер сифатида таклиф этдик.

 

Хуршид Йўлдошев: Лойиҳада биринчи йил учун қўйилган вазифа танлаб олинган 50 та китоб таржимасини нашриётлар билан бирга ташкил этиш. Лойиҳа бир йилдан бери ўйлаб келинаётган эди. Режалар, экспертлар, китоблар рўйхати тузилган эди. Яқинда экспертлар танлаган китоблар рўйхати оммага эълон қилинади. Экспертлар кенгаши ҳам тасдиқланган, ва улар ҳам эълон қилинади. Нашриётлар қандай танланади? Истаган нашриёт лойиҳада иштирок этиш учун мурожаат қилиши мумкин. Таржима, таҳрир, нашр этиш жараёнини сифатли амалга ошира олса бўлди. Жараён ошкора бўлади. Нашриётнинг иш тажрибаси, уларда малакали муҳаррирлар борлиги, таржимани аслиятдан қиладиган ва иккита тилни солиштириб таҳрир қиладиган муҳаррирлар борлиги муҳим талаблардан бири.

 

Чатда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам иштирок этди. Иш жараёнини ташкил этиш, тендерларда шаффофликни таъминлаш масалаларига тўхталди.

 

Алишер Саъдуллаев: Тендерлар қанақа ўтиши, маблағлар қандай сарфланишини мен ҳал қилмайман, жамоатчилик белгилаб берсин. Биз жамоатчилик орасидан экспертларни танлаб олайлик, ҳақ тўлайлик. Улар масъулятни олсин, очиқликни таъминласин. Биз лойиҳани мана шундай очиқлик билан олиб боришга тайёрмиз. Қарорда айтилган 20 млрд сўм ҳали бизга берилгани йўқ. Кейинги йилга қўшиб берилиши мумкин. Бюджет қонун билан тасдиқланади, бу борада ишлаяпмиз. Унгача агентлик бюджетидан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Лойиҳада Ёшлар агентлиги бюртмачи. Жамоатчилик, экспертларнинг ўзи ҳал қилсин. Давлат иштирокини максимал даражада минималлаштириш керак.   

 

Аъзам Обидов: Лойиҳа халқ пулидан молиялаштириляптими, илтимос қиламан масъуллардан, тендер, нашриёт танлашда ҳам ҳалол бўлинглар, коррупцияга йўл қўйманг. Ҳамма ўқийдиган энг зарур китобларни танлаб таржима қилинглар. Жамоатчиликдан китобларни танлашда фаол бўлишни сўрайман. Ҳадеб дунё адабиётини таржима қиламиз демасдан, ўзбек адабиётини хорижга чиқариш учун ҳам маблағ ажратинглар.

 

Чатда боокблогерлар, журналистлар, тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўз фикрлари билан иштирок этди. Чатнинг тўлиқ вариантини Oyina.uz порталининг Х (Twitter) ва Youtube саҳифасида тинглашингиз мумкин.

 

Oyina.uzʼни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси