Дунё ўзгариб бораяпти. Бу жараёнда томир тушунчаларга қарашлар ва муносабатлар ҳам ўзгараяпти. Айрим ёшлар билан суҳбатлашсангиз, хорижга кетмоқчи эканини айтади. Улар яшаш шароити қулай бўлган жойларга кўчиб юриш тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Аммо Бобурнинг “Ҳинд сори юзландим...”, деган ҳасратини эслаб, жавобсиз саволлар гирдобида қоласиз. Хўш, ёшларда хорижга кетиш истаги пайдо бўлишининг сабаби нима? Бу қанчалик тўғри ё чалкаш йўл? Бу каби саволларга жавоб топиш учун таниқли публицист, таржимон, ёзувчи Қулман Очил ва журналист, “Маҳалла” телеканали директори Икром Чориевларга юзландик.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Ватанпарвар инсонни қандай тасаввур қиласиз?
Қулман Очил:
– Ҳамкасбларимиз билан маърифатли бир анжуманнинг биринчи куни ажойиб маъруза тингладик. Тинимсиз савол-жавоб қилдик. Эртаси куни ҳа деганда воизимиз келавермади. Илҳақ кутдик. Келмади. Маълум бўлдики, Андрей (афсус, фамилияси ёдимда қолмабди) 24 февраль куни эрта тонгда она юрти – Украинага жўнаб кетибди. Ватанида уруш бошланганидан хабар топган йигит айтибдики, қаламимни энди қуролга алмаштиришга мажбурман. Нотинч юртидан хийла узоқда – осойишта ўзбек диёрида ҳузур-ҳаловатда, каттагина маош олиб, ўз ишини бемалол давом эттираверса, биров уни айблай олмасди. Нуфузли халқаро ташкилотнинг обрўли вакили эди. Лекин Ватанининг, халқининг бошига кулфат тушганини кўриб, чин фарзанд, иймонли инсон сифатида қараб туролмади: “Мабодо, бошқа кўришолмасак, узр сўрайман!” Кўп ўтмай шум хабар тарқалди: “Оғир жангларнинг бирида душман ўқига учибди!” Иймонли, масъулиятли ва тийнатида фидойилик аломатлари барқ уриб турган инсон эди, ўша ҳамкоримиз.
Икром Чориев:
– Мен масаланинг бошқа жиҳати ҳақида гапирмоқчиман. Бу сўз ва тушунчани узоқ йиллардан бери керак-керак эмас жойларда шу қадар кўп ва хўп истифода этдикки, энди у лаб жийириш, энса қотириш билан қабул қилинадиган бўлиб қолди. Саволингиздан каминанинг ҳам пешонасига тириш тушганини яширмайман. Буни зинҳор ватансуймасликка йўйманг, бўлди-бўлмади, халта-хуржунини кўтариб, аллақайга суриб қолишни аюҳаннос соладиган баъзи инжиқ ёшлар кайфиятига ҳам менгзаманг. Муқаддас сўз ва тушунчаларни ҳеч қачон сийқалаштирмаслик керак. Энди саволингиздаги “ватанпарвар инсон қиёфаси”га келсак, нуқул кўз олдимга Очилди бобо келади, денг. Бобо мўъжазгина шаҳарчамиз биқинидаги қишлоқда яшарди. Унинг эллик танобча ери бўлиб, биз ўқийдиган мактабнинг шаппатида жойлашган эди. Ҳар танаффусда бобонинг бўйидан икки баравар юқори кўтарилиб, ҳар кўтарилиб тушганида қуёш шуъласида ярқираб кетадиган кетмон билан ер чопаётганини кўрардик. Жазирама кунларда ҳам эгнида чопон билан бобо кетмон урарди. Албатта, шаҳарнинг ишёқмас боласи сифатида бобога ҳавас билан қарамаганимиз аниқ.
90-йилларнинг бошида ҳаммага томорқа учун ер берилди. Бизга ҳам Очилди бобонинг ерига қўшни ҳудуддан томорқа ажратилди. Якшанба кунлари бир тўп ишёқмас ака-укалар ўша ерга бориб бир нималар қилган киши бўлиб қайтамиз. Шу аснода бобо билан гурунг қиладиган бўлдик. Мен кейинчалик, талаба бўлиб, одамнинг фарқига бора бошлаган кезларимда Очилди бобони атайлаб қидириб борадиган, суҳбатини оладиган бўлдим. Бобонинг гурунглари шу қадар содда ва самимийки, ҳозир бундайини кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Бобо ер ҳақида, экин-тикин, ҳосил тўғрисида гапиради, умрида бир бор кўрмаган мен ўқиётган катта шаҳар ҳақида майдалаб сўрайди. Табиийки, Очилди бобо билан гурунгларимизда “ватан” сўзи айтилмаса-да, аслида ҳамма гап шу мавзу атрофида бўлади. Мен отанинг бирор марта нолигани, турмуш қийинчиликлари-ю, деҳқоннинг косаси оқармаётганидан зорланганини эшитганим йўқ. Тез-тез “Худоға шукур”, деб қўйгувчи эди. Ҳолбуки, замон оғир, бир тишлам нон “арзанда” вақтлар эди. Бобонинг турмушида ҳам кемтикликлар кўплигини ҳар-ҳар замонда отамдан пул қарз сўраб турганидан биламан. Яна мен кўп эслаб юрадиган гап эса мана бу: “Улим, қиш ойлари жуда қийин ўтади, совуқдан эмас, иш жўқлигидан, жер чополмаганимдан.” Ҳозир ўйлаб қарасам, дунёдаги энг ватанпарвар, элсуяр одам Очилди бобо бўлиб кўринади. У киши бу туйғуларнинг ҳаммасини ер билан, уни обод қилиш ишқи билан бирга тасаввур қилган бўлса керак. Бобо мактаб кўрган, телевизор кўрган ва албатта, кўп баландпарвоз сўзларни эшитган. Лекин бундай одамлар сизу биздан фарқли ўлароқ, давраларда янгроқ овоз билан бу сўзни айтмайди, минбарлардан туриб чинқирмайди. Юртни, элдошларни жимгина севади. Бир ҳовуч бўлса ҳам эл ризқини ундиришни ўзининг ҳаётий бурчи деб билади. Фақат Очилди бобога қиш қийин ўтади, чунки ишлаёлмайди, ризқ-рўз яратолмайди, ватанни кетмон билан обод қилолмайди. У зорланса, фақат шундан зорланади...
Боборавшан Ғозиддинов:
– Ёшлар ўртасида бирон адолатсизлик ёки ижтимоий муаммога дуч келса, ривожланган мамлакатларга қараб “суриш” кўйига тушадиганлари учраб туради. Бошқача айтганда, муаммони ҳал қилишга бош қўшишдан кўра, жуфтакни ростлаш йўлини маъқул кўради. Бундай кайфиятнинг пайдо бўлиш сабаблари нимада?
Қулман Очил:
– Бундай кайфият ўз-ўзидан пайдо бўлмаслиги аён. Қаердаки, адолат тамойиллари бузилса, ўша ерда, айниқса, ҳали ҳаётий тажрибаси камроқ ёшлар кўнглида, ўкинч пайдо бўлиши табиий. Бунда ёшларга хос максимализмнинг аломатлари ҳам йўқ эмас. Айни жараёнда муаммонинг оқибатини эмас, сабабини – сўз ва аъмол бирлигини, қонунга итоат ва қонун олдида барчанинг тенглигини, қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга эътиборни янада кучайтирган жамият ютади. Ижтимоий тармоқларда мутараққий мамлакатларга “суришга шай” ёшларнинг фикрларига унда-бунда кўзим тушганида, шунчаки жилмайиб қўя қоламан. Бу неваранинг бобосига: музқаймоқ олиб бермасангиз, бугун боғчага бормайман, деган хархашасини эслатади.
Фарзандларимиз баъзан эркалик ёки саркашлик қилса, тўнимизни дарҳол тескари кийиб олмайлик. Улар бировнинг эмас, ўзимизнинг зурриёдларимиз. Бугунги ёшлар бузилиб кетди, деб ваҳимага тушиб, уларни хоинга чиқаришга шошилмайлик. Аввало, ўзимиз уларга ҳаётда ибрату намуна бўлиб, инсонийлигу адолатдан сабоқ берайлик. Яна шукур қилайликки, айни саркашликнинг замирида улуғ бир ҳикмат – юксалиш бор. “Темир қафас” ичида – қизил империя даврида суяги қотган ёши улуғлардан фарқли ўлароқ, фарзандларимиз ўзининг мустақил Ватани – Янги Ўзбекистонда, дунёга бағрини кенг очган, демократик мамлакатда эмин-эркин яшамоқда. Бир неча тилни билади. Чет элларда ўқиш, ишлаш, дам олиш – улар учун одатий ҳол.
Қарангки, бундан қарийб ўттиз беш йил аввал атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов суҳбатларимиздан бирида армон билан айтган гаплар ёдимга тушди.
“Робиндранат Тҳокурнинг бир шеъри бор, – деган эди Эркин ака. – Она Ҳиндистон! Фарзандларингни бунчалар севиб бағрингга босмасанг! Сен уларни қўйиб юбор. Чиқсин. Дунё бўйлаб парвоз қилсин. Эл-юртларни кўрсин. Боши омон бўлсин. Бир куни қайтиб келиб, сенинг кунингга ярайди, улар. Кейинроқ Абдулла Ориповнинг “Қўйвор набирангни, отажоним Шарқ” деган шеъри пайдо бўлди. Мен ҳам бугун она Ўзбекистонимизга шундай мурожаат қилгим келади: сен ҳам севикли фарзандларингни ҳадеб бағрингга босиб ўтираверма. Хорижга чиқса, капитализмнинг юқумли касалига чалиниб, дунёқараши ўзгариб кетади, айниб қолади, деб чўчима. Уларни бутун дунёга юбор… Бунинг учун қудратинг етади. Ўн беш-йигирма, балки ундан ҳам кўпроқ талабани Оврупо, Америка, Осиё мамлакатларига ўқишга юбориб, тарбияласанг, эртага кунингга яраши муқаррар…”
Ўзбек донишмандининг эзгу орзулари бугун мўл-кўл ушалиб турганини кўриб турибмиз. Хорижда таҳсил олаётган қоракўзларимиз 150 мингдан ошганини эшитгандирсиз. Миллатимизнинг энг бебаҳо бойлигиям, давлати-ю савлатиям, эртанги куниям илм ва билим йўлида заҳмат чекаётган ёшларимиз! Эслайлик, ўтган асрнинг аввалида Оврупода таълим олган ва бугун биз жадид боболаримиз деб фахрланадиган бор-йўғи йигирма чоғли йигит-қиз – маърифатпарвар фидойилар – мудраб ётган бутун Туркистонни уйғотиб юбормаганмиди?!.. Эндиликда жамиятимиз бошидан кечаётган эркинлик жараёнлари миллий юксалиш сари қўйилаётган дадил қадамлардир.
Икром Чориев:
– “Суриш” фикрининг генезисини сал чуқурроқдан излаш керак. Жамиятдан, улусдан қочиш, бугунги тил билан айтганда “суриш” истаги зўр бадиий талқин топган мана бу байтга эътибор қилинг:
Парим бўлса учуб қочсам улусдин то қанотим бор,
Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор.
Албатта, Ҳазрат Навоийнинг “улусдан қочиш” фикри билан бугунги ёшларнинг “суриш” ғояси ўртасида фарқ катта. Аммо мен битта умумийликни кўраман. Яъни инсон қачон бундай кайфиятга тушади, қачонки у бир натижадан қаттиқ умидвор бўлса-ю, ул ўлгур содир бўлавермаса... Ҳазрат улуғ руҳоний мақомга етишиш йўлидаги ҳаракатлари натижасидан қониқмаса, бугунги ёшлар орзу қилган, ўзлари кўришни истаган ҳаётнинг тезроқ рўёбга чиқавермаганидан куяди, баъзан адолатнинг қадди букилиб, қонунлардан кўра дасти узунларнинг айтгани кўпроқ тош босаётганидан ўкинади. Шундай пайтда уларнинг “сургиси” келади. Яна онгли одамнинг дунёни, борлиқни комил кўриш истаги ҳам борки, шу ҳис ҳам баъзан жондан тўйдириб юборади. Ёшлар ундан “суриб” қутулмоқчи бўлса, Ҳазратга ўхшаган даҳолар гўзал санъат яратадилар. Ёшларнинг бундай эзгин кайфиятга тушишини истамасак, давлат ва жамиятни муттасил ислоҳ қилиб боришдан, эркинликни ҳаётимизнинг ҳамма жабҳасига дадил олиб киришдан, ҳаётдаги недир бир кемтикликни кўриб асослидир, асоссиздир танқидий фикр айтса, унга тоқат қилишдан ва, албатта, ҳар-ҳар замонда “сургиси” келиб қолаётган ёшларни эшитишдан чекинмаслигимиз керак, вассалом. Аслида, улар жуда кўп нарса сўраётгани йўқ биздан. Муҳими, улар дунёнинг қайси буржида бўлмасин, қалбидаги Ватанни йўқотиб қўймаса бўлди. Қолаверса, оғалар, ёшларнинг бу гапларини кўпам жиддий олавермаслик, бундан фожиа ясамасликни маслаҳат бераман.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Жадид боболаримиз бугунгидан кўра жиддийроқ муаммолар гирдобида яшаган. Улар жонини хатарга қўйиб бўлса-да, Ватанини равнақ топтириш, мазлум халқини озод қилиш учун курашган. Маърифарпарвар боболаримиз ва бугунги ёшлар ўртасида қандай уйғунлик ва тафовут кўрасиз?
Қулман Очил:
– Меҳнатсеварлик, адолат ва илмга чаноқоқлик, сабр-қаноат миллатимизнинг қонида бор. Уйғунлик ана шунда. Баъзан, эътибор берсангиз, нафақаси дўкондан аранг нону чой харид қилишга етадиган ёлғиз қариядан кўра, ўша ҳашаматли дўконнинг навқирон хўжайини кўпроқ нолийди. Бу ёғи энди қаноату тафовутга тобин. Инсон ўзи шундай яралган – эркинлик, фаровонлик, бойлик каби ҳаммага ва ҳамиша ҳам насиб этавермайдиган неъматларга тезроқ ва мўлроқ эришишни истайди. Қанча дўржи бўлса, шунча камдек туюлаверади. Эҳтиёжнинг эса ҳад-чеки йўқ. Аммо ортимизга бирров назар ташласак, даҳшатли туш каби туюладиган аянчли манзаралар ёдимизга тушмайдими?! Энг зарур неъматларни қўя турайлик, оддий нон, шакар, туз харид қилиш илинжида пештахталари ҳувиллаб ётган магазинлар олдида каллаи саҳардан ярим тунгача навбатда турмасмидик? Истиқлолимиз берган имконият ўлароқ, фаровон юртларга илк бор қадам қўйганимизда, “ҳатто мошинларнинг магазинларда сотилаётганини” кўриб, оғизларимиз ланг очилиб қолмасмиди? Асрлар оша мустақиллик нашидасини суриб яшаётган қудратли давлатлар аҳлига ҳавасимиз келиши, улардан улгу олишга интилишимиз табиий. Фақат қарийб 150 йил давом этган истибдоддан халқимиз куни кеча халос бўлгани-ю, ҳар жабҳада қаддини дадил тиклаётганини баъзан унутиб қўяётгандекмиз.
Икром Чориев:
– Жадид боболардан сўз очдингиз, ростини айтай, ҳамма миллат ўтмишида ҳам шундай тарихий вазиятлар бўладики, унда халқнинг қаҳрамонлари табиий равишда ва табиий эҳтиёж тақозоси ўлароқ тарих саҳнасига чиқиб келади. Бизда бу ҳодиса мустамлакачилар мамлакатни ғорат қилиб, қадриятлар топталган, халқлар майсадай эзилган, минг йиллик давлатчилик тарихига эга халқларнинг устидан кечагина ўрмондан чиқиб келган миллат ҳукмфармолик ўрнатган “мозийнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған” паллада бўй кўрсатди. Тарихий вазият тақозоси бўлиб дунёга келган бу қаҳрамонларнинг фидойиликлари, жоннисорликларини ҳамма давр одамларидан талаб қилавериш имконсиз, деб ҳисоблайман. Дангалини айтганда, биз ҳар қанча орзу қилмайлик, ўзбекнинг онаси ҳар йили жадид туға олмайди. Агар гап илм эгаллаш, шу орқали юртни равнақ топтириш ҳақида кетаётган бўлса, унда бу ҳамма давр одамларининг ҳаётий аъмоли бўлмоғи лозим. Қолаверса, бугун бу ишни амалга ошириш жонни хатарга, бошни кундага қўйиш дегани ҳам эмас. Ўз илм-закоси билан дунёни лол қолдираётган ёшларимиз ҳам борлигидан кўз юммаймиз. Лекин 36 миллионлик нуфузли халққа бу етарли эмаслигини ҳам тўғри тушунамиз.
Бу йилги тест натижалари илм-маърифат, таълим-маориф ишларидаги нуқсонларимизни сув бетига қалққан мойдай юзага чиқариб ташлади. Ҳисоблаб кўринг, мустақил бўлганимиздан бери ўтган 32 йилда таълим тизими неча бор “туб ислоҳот”га гирифтор бўлди. Халқнинг умумий саводхонлиги, маърифатида муҳим ўрин тутадиган ёзув-алифбо масаласида ҳали ҳамон бир қарорга келолганимиз йўқ. Ҳар куни ўнлаб шундай мазмундаги эълон сизнинг ҳам телефонингизга келаётган бўлса керак: Неча балл тўплаган бўлишингиздан қатъи назар, бизнинг хусусий халқаро университетимизга келиб ўқинг ёки ҳеч қандай имтиҳонларсиз бизда талаба бўлинг... Кириш осон-у, битириш қийин бўлган мамлакатларникидай тизимимиз бўлса эди, бундай ёндашувни оқласангиз бўларди. Бизда ўқишга кирган одамнинг битира олмаганини ҳеч эшитганмисиз? Отини ёза олмаган бола эртага диплом олиб халқ хўжалигини кўтариб беришига ҳеч ишонасизми? Энди ёшларнинг илмга берағбатлигига келадиган бўлсак, бунинг ҳам объектив ва субъектив тарафлари бор. Назаримда, маърифатга энг катта рағбат – интеллектнинг пулга, моддий мулкка айланишига эришиш. Яъни ақли, илми бор одам шу неъматлардан бебаҳра қавмдан кўра тўкисроқ яшаса, ҳеч кимни тарғиб-ташвиқ қилиб ўқитишга ҳожат қолмайди. Ривожланган дунё тажрибаси шундай.
Бугунги суҳбатимизнинг бош мавзуси бўлган ватанпарварлик туйғуси ҳам ана шу ердан ўсиб чиқади, деб ўйлайман. Ахир, маърифатсиз одамни, қалби тарбияланмаган кимсани ватанварпарвар қилиб бўладими? У фақат қорин ғами билан яшайдиган нафс бандаси, ишкамба асиридан бошқа яна нима бўлади? Демоқчиманки, совет демагоглари каби одамларни нуқул фидойиликка, ўзидан кечишга, дейлик олим фақат илм даргоҳларининг тупроғини ялаб, битта камзул билан кифояланиб яшашга тарғиб қиладиган даққи усулдан эмас, замонавий дунё тутган илм, билим – бу мулк, фаровон ҳаёт деган тутумлардан улгу олиш палласи аллақачон етди. Шунда ҳеч бир ёш “суриш” ҳақида, бошқа элларнинг йўл-йўлакларини супуриш тўғрисида ўйламайди, озми-кўпми шу ерда олган билимини хорижга бориб пулга, мулкка айлантиришга шошилмайди.
Боборавшан Ғозиддинов:
– Ёшлар онгига ватанпарварлик туйғусини кенгроқ сингдириш учун нималарга кўпроқ эътибор беришимиз, қандай йўл тутишимиз зарур?
Қулман Очил:
– Бу йўл азалдан аниқ ва равшан: илм-маърифатга эътиборни янада кучайтиришимиз зарур. Шукрки, мазкур йўналишдаги ишларнинг самараларини кўриб, кўнглим ўсади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига тез-тез бориб тураман. Сўнгги пайтда бу маърифат масканида бир муҳим ўзгариш яққол сезилди. Хоҳ бегим, хоҳ дам олиш куни бўлсин, қироат залларининг бирортасидан ўтиргани жой тополмайсиз. Эрталабданоқ банд! Лиқ тўла! Деярли ҳаммаси ёшлар! Ўқувчи, талаба – ёшлар! Шундоқ паркет полга ўтириб олиб, берилиб китоб ўқиётганлари, нималарнидир ёзаётганлари қанча. Кутубхона бекаларининг эса қўли-қўлига тегмайди. Ўзим гувоҳман – улар илгари бўм-бўш залларда зерикканидан эснаб ўтиришар эди. Эй, Худойим, деб суюнаман, ёшларимиз китоб ўқимай қўйган деб ташвиш чекаётганлар келиб кўрса эди, шу гўзал манзарани! Ёш авлоднинг маърифатга бу буюк интилишини ҳисобга олган Миллий кутубхонамиз раҳбарияти иш тартибини тубдан ўзгартирди: қироатхоналар куну тун ишлашга ўтди!
Албатта, ёшларнинг уйида, бизнинг кечмиш даврларимизда бўлгани каби лиқ тўла китоб жавонларини учратмайсиз. Энди у гаплар йўқ. Чоп этилаётган китобларнинг тиражи икки-уч минг нусхадан ошмаса, кимнинг қўлидан топасиз. Ўзининг шахсий паспортини ҳам босма матнда ўқишни эскиликка йўядиган электрон авлоднинг топган-тутгани қўлидаги телефонида. Шундай бўлса-да, мен ёшларимизни бадиий мутолаа завқидан бутунлай бебаҳра дейишдан тийиламан. Улар қўлидаги ўша “ўйинчоқ-овунчоғи”ни сал кавласа, етти иқлимнинг энг бой кутубхоналаридан исталган тилдаги, исталган даврда чоп этилган китоб ёки газета-журнални топиши мумкин. Гап ана шу ганжи дунёга қўл узатишни ранж деб билмаслигида. Бинобарин, чаккасига қулоқчин тутган йигит ёки қизга кўзимиз тушса, ҳадеб гинадор бўлавермайлик. Балки у Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлари” романини, эҳтимол Алишер Навоий ёки Абдулла Ориповнинг дилбар шеърларини аудиокитобдан тинглаб ҳузур қилаётгандир. Бу ёғини сўрасангиз, электрон мутолаага дохил ана шундай усуллар ўзимга ҳам қулайроқ кўриниб қолган.
Икром Чориев:
– Бунга ўз мулоҳазаларимни юқорида қисман баён қилдим. Яна қўшимча шуки, бизнинг одамларимиз кўп нарсаларга ёндашувда илғор тажрибалар, вақт синовидан ўтган методлардан кўра, суягимиз қотган тизим ва тузумлар услубларини афзал кўряпти.
Ғарбда бу туйғу йўқми? Унда бу улкан мамлакатларни тутиб турган устунлар нима? Ватанпарварлик кўкракни автоматнинг ўқига тутиб бериш, аллақачон умрини ўтаб бўлган эски урф-одатларга маҳкам ёпишиб қолиш, телеминбарлар, ижтимоий тармоқлардан чиқиб томоқ йиртиб “ватан” деб айқириш эмас. Деҳқон далани, боғбон боғни қуритмаса, қурувчи қурган иншоот ишга тушмай қулаб тушмаса, амалдор халқнинг мулкига кўз олайтирмаса, ҳуқуқингизни ҳимоя қилиши керак бўлганлар уни оёқ ости қилмаса, коррупция илдизи билан қуриб кетса, хуллас, ҳамма ўз касб-корида, оила, бола-чақаси тепасида ҳалол бўлса, сидқидилдан ишласа, ҳуқуқ ва мажбуриятларини билса – шу-да ватанпарварлик. Бунга ёшларни қандай ўргатамиз деса, яна халқ нақлида жавоб борки, катта карвон қаердан кўчса, кичиги ҳам шу ердан. Ёшларимиз биз ўкинч билан эслаётган иллатларнинг ҳаммасини хориждан юқтиргани йўқ. Аксарият миллий касалликларимиз насл суриб юрибди. Хулоса шуки, ёшларни сен ундоқ бўл, бундоқ бўл деб эмас, ўзимиз чиройли намуна бўлиб тарбиялайлик. Тил ва дил бирлигига эришиб улардан ҳам сидқу сафони талаб қилайлик.
Суҳбатни Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ уюштирди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023 йил 3-сон.
“Ватанпарвар ёшлар қандай тарбияланади?” суҳбати
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ