Бизга кимлар керак?
…мутеларми, манқуртларми ёки худди суюқликдек турли шаклга кирадиган олчоқлару енгилнинг устидан, оғирнинг остидан юрадиган “қочоқ”ларми? Ҳарҳолда, айтганидан қайтмайдиган ўр, эътиқодда собит гажирларга тоби-тоқатимиз йўқлиги аниқ.
Адашмасам, император Биринчи Пётр эди шекилли, қайсидир университетга қадам ранжида қилар бўлибди. У билан учрашувга намунали талабалар сараланибди. Ёшлик – бебошлик, дейдилар, бебошлардан бирови густоҳлик қилиб, оқподшо билан гап талашиб қолибди. Ўз оти қолиб, жаҳл отига минган император университет раҳбариятига қарата: “Бизга ақлли талабалар эмас, интизомли талабалар керак!” деган экан. Шундай қилиб, ҳар кимнинг ўз қаричи бор: яхши талаба деганда, биров тартибу одоб меъёрларига ўлгудай амал қиладиган, бошқа биров эса ўз сўзи, ўз юзига эга талабани тушунади.
Тўғри, ҳеч бир жамият муносабатларни тартибга солувчи меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо шуниси ҳам аниқки, олға юрмаган ортда қолади, жамият бардавомлиги янгиланишларга боғлиқ. Янгилик қилишга эса ўта интизомлилар эмас, жони ичига сиғмайдиган “бузғунчи”лар журъат топади. Чунки бунёдкорлик ҳам… бузишдан бошланади, аслида.
Устабузармонлик барча болаларга хос. Қизиқади-да, нега радио гапиради, ичида кимдир борми? Нега соат чиқиллайди?.. Буюк кашфиётлар ана шундай саволлардан бошланади. Олдинига радио бузилади-ю, қайта тузалмайди, кейин-кейин бир-икки сочиб-терилгач, булбулдек сайрай кетади. Тақиқлар эса боланинг шаштини битта-битта синдириб боради. Шу боис йигирмадан ҳатлаган ўсмирларнинг аксари етмишни уриб қўйгандек мулоҳазакор, ёшлик жўшқинлигидан маҳрум бўлиб қолади ёки эртадан умиди йўқ истеъмолчига айланади. Ўзи шунақа: дастлаб болаларга гапиришни ўргатган катталар кейин бутун умр сукут сақлашни уқтиради. Кейин нима бўлади? Кейин… “оч қорним – тинч қулоғим” шиори асосида яшай бошлаймиз. Шу тарзда руҳи синган мутелару дунёни сув босса тўпиғига келмайдиган беғамлар тарбияланади...
Бизга шундайлар керакми?! Биламан, бу саволга “йўқ” деб жавоб берасиз. Лекин амалда-чи? Фикр, сўз ва амални бир қилиб яшашни чидаганга чиқарган, ахир!
Ёзувчи – ахлоқсиз одам, деган эди америкалик машҳур адиб Уильям Фолкнер. Истеъдодларни омма ҳар доим телбага чиқарган. Чунки улар жамиятнинг турли тартибу чекловларига кўнавермайди-да. Одамзод эса ҳаммани ўзига ўхшатгиси келади, сал бошқачароқларни қабул қилолмайди: сиғдирмайди, ишдан ҳайдайди, ажратиб қўяди. Аммо, асли, тараққиёт чархини ана шундай телбалар ҳаракатлантириб келаётибди. Биз – ўртамиёналар эса бу ҳақиқатни тан олгимиз келмайди. “Халқ даҳоси” иборасини такрорлаб дилга таскин берамиз гўё. Бу билан халқнинг, демакки, уюшиб, тўдалашиб яшаётган ўзимизнинг кучимиз, салоҳиятимизни бўрттириб кўрсатмоқчи бўламиз. Масалан, кетмонни ким кашф этган? Халқ! Нон ёпишни-чи? Халқ! Нима, уч-тўрт миллионлик халқ бир жойга ўтирволиб, ўйлаб топганми? Йўқ, азизим, боғ дарахтлардан иборат. Халқ даҳосини ҳам кўпчилик хушламайдиган “телба”лар яратади.
Ёшлардан кўп нарса кутилади, негаки, улар жамиятни янгиловчи ҳужайралардир. Лекин ўриндиққа мустаҳкам ўрнашиб олиб, отилиб чиққан ҳар бир навқиронни кўкрагига тепиб қулатаверсак…
Бизга кимлар керак ўзи? Қаноти қайрилганларми, руҳи синганларми? Йўқ, хато қилиш эркинлигини ўз ичига олмаган эркинлик – бир тийинга қиммат эркинлик. Ўз “телба” фарзандларининг эркаликларини кўтарган халқ яшовчандир!
Эски стратегия
Жуда қадимий бир эртак бор: арслон, буқа ва тулки ҳақида. Бақувват мугузи ва ўткир тишларига ишонган ўрмон зўраборларини ожизгина тулки мавҳ этади. Эски стратегияни ишга солиб, рақибларни бир-бирига қайраб қўяди, холос.
Шу эртакни айтиб бериб, болалардан сўрайман: “Сизлар эртакдаги қайси ҳайвонга ўхшашни истайсизлар?”. “Арслонга!”, “Буқага!” дея чуғурлай бошлайди улар…
Ўйланиб қоламан: ул замонлар ўтиб кетмадимикан?! Ҳозир билакка эмас, билимга ишонадиган давр келди-ёв. Эҳтимол, ҳаётда арслонга айлангунча тулкилик қилиб туриш керакдир?! Эҳтимол, ҳаётда буқалик гаштини узоқроқ суриш учун тулкилик қилиб юриш керакдир?! Эҳтимол…
Ҳаммани ҳайратлантираман: тулки бўлгим келяпти! Энг аввал асл тулкилар кулади устимдан! Чунки тулки ҳеч қачон тулки бўлгиси келмайди. Чунки ҳеч қачон тулкиликни эплолмаганлар тулки бўлгиси келади. Чунки…
Хаёлларим чалкашиб кетади: ким арслону ким буқаю ким тулки… – билиб бўлмайди. Ҳаёт сценарийсида роллар палапартиш тақсимланган: тулкилик қилиб арслону буқа мақомини эгаллаволганлар қанча?! Буни уддалай олмаган мугуздору ўткиртишлар эса…
Бўлди, бас, аниқ қарорга келаман: яшасин тулкилар! Келди тулкилар замони! Бизнинг замон! Ур-рей!!! Одатда, болалар шундай қичқиради.
Совункўпик
Замондошларимизга “Биринчи космонавт ким бўлган?” деб сўранг, ҳамма дарҳол “Юрий Гагарин!” деб жавоб беради, дея ёзғириб ёзади бир ватандошимиз. Бирдан сергак тортасиз. Бунинг иддаосига қараганда, Гагариндан олдин биздан бирор ким космосга учган кўринади! Ҳар нарсанинг сохтаси чиқаётган бир замонда яшаяпмиз, балки Юрий Гагарин ҳам сохтадир? Йўқ! Ёзғирувчи сўзида давом этиб, “Форобий, Берунийларга замондош Исмоил Жавҳарий номли аждодимизнинг ўзи ясаган қанотлар билан парвоз қилган”и ҳақида маълумот беради ва эски тузум даврида тарихимизнинг бундай ёруғ лавҳалари чеклаб ўтилганига ўзича сабаб қидиради: “халқимизнинг миллий ғурури кучайишидан чўчиб, балки Юрий Гагариннинг шуҳратига соя солиши мумкин, деган ўйга бориб”, Шайхзоданинг “Жавҳарий фарзандим самога учганди” деган мисраси босилишига рухсат берилмаган.
Ватандошимизнинг “Биринчи космонавт Гагарин эмас, Жавҳарий!” дея дағдаға қилиши менга ғалати туюлди. Ҳар не эви билан, ахир! Тўғри, ҳар бир инсон миллий ғурурдан мосуво бўлмаслиги керак, лекин, ҳарҳолда, нўхат тарвуздан катта дейдиган даражада жинни бўлмайди-да одам! Ясама қанотлар ёрдамида учишга уринган киши сониясига 7-11 км тезликда ҳаракатланадиган космик кемада коинотга парвоз қилган фазогирнинг шуҳратига соя солиши мумкинми? Қолаверса, қанот ясаб самога учган ака-ука Дедал ва Икар ҳақида қадимги юнон афсонаси-да бор. Бу борада ҳам биз биринчи эмаслигимизни унутмайлик! Майли, у бир афсона бўлақолсин. Бироқ Жавҳарий парвозини Гагарин шуҳрати билан эмас, Леонардо да Винчининг учиш қурилмасини ихтиро этиши билан солиштириш мантиққа яқинроқ, назаримда. Шу даъвони илмий исботлаб, жаҳон афкор оммасига тан олдиришдан келадиган шуҳрат ҳам етади бизга, аслида. Ахир, Европа пайғамбар даражасида улуғлайдиган Да Винчидан тўрт-беш аср олдин қўлбола қанотда парвоз қилиш ҳам чакана иш эмас…
Ҳа, бизнинг дунёга даъвомиз кўп. Жаҳон илм-фанида Ернинг ўз ўқи атрофида айланишини Галилей, Ер қуёш атрофида айланишини Коперник кашф қилган деган қараш ҳукмрон. Аслида, улардан 4-5 аср олдин Беруний забт этганди бу чўққиларни. Ернинг нариги тарафида қуруқлик (Америка материги) борлигини ҳам фаразан айтган у. Неча асрлардан буён дунё халқлари кўр-кўрона ишониб келаётган илмий ёлғонларни фош этувчи, халқимизнинг инсоният цивилизациясидаги ўрнини бир неча поғона юксакка кўтарувчи далиллар оз эмас. Жаҳон аҳлига Буюк мўғуллар эмас, Бобурийлар империяси эканини сингдириш учунгина ўзбек зиёлилари озмунча заҳмат чекиши керакми ҳали. Шундай бўлатуриб, эшитган одамнинг кулгисини қистатадиган даъвою иддаолар билан башарият олдига совундек кўпириб чиқсак… Бу бир пайтлар Маъмун академияси, Мирзо Улуғбек илмий мактаби сингари илм-фан ўчоқларини яратиб, инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг ворисларига ярашадими?
Ёлғон тасаллига инониб...
Учинчи қаватда ўтирибман. Бинонинг орқа ҳовли томони бор бўйича ойнаванд. Ташқаридан қараган одам қора ойнада ўзини, осмонни, дарахтларни, фавворани, бетон тўшамани кўради – неча бор ўтганда эътибор қилганман бунга. Ичкаридан қараган одамга эса барчаси кафтдек намоён, фақат ўзининг аксидан бошқа. Орқа ҳовлида ора-сира пайдо бўладиган одамларни кузатаман: аксари ўз дардида қайгадир шошилади; қаерда юрибди, оёғининг тагида нима бор – асфальтми, бетонми, атрофида нима бор – гулми, тиканми, барига бефарқ ўтаверади. Хаёли банд, лекин хатти-ҳаракати рисоладагидек. Баъзан эса шундайлар ҳам учраб қолади: у ёқ-бу ёғига аланглайди-да, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, бир қилиқсийди, бир қилиқсийди; ё йўл-йўлакай керишади, ё рақсдагидай муқом қилиб қўяди, ё... Хуллас, ҳеч бири ўзининг кузатилувчи эканини, қаердадир кузатувчи борлигини пайқамайди. Боя айтдим-ку, қора ойнага қараса, ўзини ва ён-верини кўради, ичкари эса кўринмайди...
Дафъатан қўрқиб кетаман. Ҳеч ким кўрмаяпти деган ёлғон тасаллига инониб қилган қилғилиқларимдан тортиб миямда ғужғон ўйнаётган яхши-ёмон хаёлларимгача, шаръий-ношаръий майлларимгача... бари-бари Илоҳий Назарга заррабиндагидек намоён-ку! Бўйламасига ҳам, энламасига ҳам – 360 градусдан кузатилаяпман-ку! Таш-ташимга довур, ич-ичимга довур...
Ушбу сатрларни битар эканман, қалбимни тафтиш этаман: менга билдирилган ҳақиқатни ўзгаларга етказиш нияти кучлими ё шу битиклар воситасида бандаларининг олқишидан умидворликми?.. Тавба, ҳатто охирги иқроримда ҳам “мен”, “Мен”, “МЕН”... кучли-я?!
Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!
Сиз нафс билан олишувда қанчалар кучли бўлгансиз? Сиз алмисоқдан қолган қўрқув олдида қанчалар ожиз бўлгансиз? Шу ожизлигингиз “мен”га қарши жангда куч берганми?!
Ожизлигимни англаганим сари кучайиб бораман.
Кучимга ишонганим сари ожизланиб қоламан.
Ўзимга келаман, Ўзига бораман.
Шу икки орада овораман...
Фаррух ЖАББОРОВ
“Тафаккур” журнали, 2017 йил 4-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ