“Элга қаҳрамон керак” – “Кечиккан йўловчи”нинг огоҳлик қўнғироқлари


Сақлаш
16:12 / 01.12.2023 344 0

Кишиларнинг қиёфаси, ташқи кўринишига, гап-сўзига қараб уларнинг касбини тахмин қилиш мумкинми? Албатта, агар у ўзига муносиб касб танлаган бўлса, қиёфаси ҳам айни шунга мос бўлади. Масалан, Дадахон Муҳаммадийни кўрган одам уни классик шоирларнинг типик вакили сифатида тасаввур қила бошлайди. У билан бир-икки гурунглашгач эса бу ишончи янада мустаҳкамланади. Ижодига қизиқиб, шеърлари мутолаасига киришса, улардаги ҳаёт фалсафаси, ўзига хос қочиримлар, ташбеҳу инжа бадиийликни ҳис этиб, Дадахоннинг оддий ҳаваскор эмас, етилган ҳассос шоир эканига иймон келтиради.

 

Дадахон Муҳаммадий 1989 йил қишининг биринчи кунида Пахтачи туманида туғилган. Дастлаб Навоий давлат педагогика институтида, ундан сўнг Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. 2017 йилда Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Тирик тош” номли биринчи китоби 2019 йилда нашр этилган. Бир неча йиллардан бери журналистика соҳасида ишлаб келаётган ижодкор айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида таянч докторант сифатида илмий тадқиқот олиб бормоқда.

 

Дадахон Муҳаммадий ҳозирги ўзбек адабиётининг вакили сифатида шеърдан шеърга ўсиб, ривожланиб борди. Унинг дастлабки ижодида айрим хато ва камчиликлар учраса-да, кейинчалик пишиқ жумлалар кўпайиб, сиқиқ ташбеҳлар ортиб борди. Таҳлилни унинг биринчи китобига киритилган шеърлардан бошласак.

 

“Тирик тош” китобига шоирнинг 32 шеъри киритилган бўлиб, негадир деярли ҳаммасининг услуби, шакли бир хил. Шеърларнинг умумий мазмун-руҳияти узоқ тарихимиз ва миллий ўзлигимиздан, халқ оғзаки ижодимиздан яхшигина хабардор, замонавий дунё тараққиётига ҳамоҳанг юксалаётган, дунё ва давлат сиёсатини яхши тушунадиган, камчилигу ижтимоий муаммоларга муросасиз бир инсоннинг тафаккур призмасидан ўтган аниқ қолипланган фикр ва туйғулар тавсифидан иборат. Бундай шеърлар одатда халқ орасида тез оммалашади ва руҳиятига ҳам осон сингади. Айниқса, “Алпомишнинг синглисига”, “Кечиккан йўловчи”, “Тошга урилмаган бош ҳақида” каби шеърлари ўқиган одамнинг дарров ёдида қолади.

 

Тоғлар йўлин тоғ тўсди,

Муштга айланди қулоч.

Айвонингни қор босди,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Бир мунглиғ овоз ўтди,

Чалинмаган соз ўтди,

Баҳор ўтди, ёз ўтди,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Ҳаммамиз биладиган “Алпомиш” достонида Ҳакимбекка далда бериб, орини қўзғаб, уни курашга бошлаган, акаси чоҳга банди бўлгач, уни энг кўп кутган, келишига ишонган, энг кўп азобни-да чеккан қаҳрамон Қалдирғоч ойим бўлади. Шоирнинг Алпомишни сўраб унга мурожаат қилишининг асосий сабаби ҳам шу. Айвонини қор босган, яъни уйини душман эгаллаган ва уни қўриқлашга кучи етмаган ожиза аёлнинг кутишдан бошқа, бир алп акасининг қайтишига инонишдан ўзга иложи ҳам йўқ. Аммо ҳозирча Боботоғдаги тўқсон ботмонли камон занглаб ётибди, тоғларда титроқ йўқ, алпдан дарак йўқ. Шеър эса умиддан кўра кўпроқ даъват билан якун топади:

 

Бу Ватанга шон керак,

Жон бергувчи жон керак.

Элга қаҳрамон керак,

Аканг қани, Қалдирғоч?!

 

Ҳа, бундан англашиладики, бу юртнинг Қалдирғочлари алпларнинг қайтишини кутиб ўтирмасдан уларни тарбиялаши, ўзлари вояга етказиши керак. Ана шундагина Ватан яна шон-шарафга бурканади.

 

Дадахон ижодида лирик қаҳрамон ҳолатини нозик маҳорат билан тасвирлашга интилиш, кўнгил кечинмаларини ташбеҳларга ўраб баён этиш олд ўринларда туради. “Кечиккан йўловчи” шеърида ҳам айнан шундай бир кўнгилнинг тушунуксиз туйғулари, номсиз ҳислари ифода қилинган. Киши жўнаб кетишга қарор қилиб, поездга чипта олсаю, унга атайдан кеч қолиши мумкинми? Чиптаси қўлида турган ҳолда поезднинг жўнаб кетишини жимгина кузатишичи? Бундай вазиятда унинг қалбида не бир пўртаналар, ҳислар кечади? Шоир эса йўловчига шундай тасалли беради:

 

Кечиккан йўловчи, кел, мен билан юр,

Иккиланяпсанми қайтишга, ахир?

Бир шунга қўл силтаб кетолмаяпсан,

Поезд тақдир эмас, пешонанг – тақдир.

 

Ҳар бир нарсада бир ҳикмат бор, дейди донишларимиз. Ҳатто, қаергадир кечикишда ҳам, нимадандир воз кечишда ҳам. Иккиланиб ортга қайтишу, таваккалдан неларгадир бош уришдан ҳам бир яхшилик топиш мумкин. Кечиккан йўловчи дардини ҳис қилган лирик қаҳрамон унга меҳмони бўлишни таклиф этар экан ўзининг ҳам чиптаси бўлатуриб, поездга чиқмаганини қистириб ўтади ва юқоридаги тасаллини давом эттиради:

 

Қаерга кетяпман – исмсиз манзил,

Чиптага ёзиб ҳам бўлмайдиган жой.

Кечикканинг, балки, фожиамасдир,

Сен ҳам бебахтмассан қолиб, ҳойнаҳой...

 

Бу шеърдаги рамзларни англамоқ учун шоир кўнглини тушуниш керак. Кимдандир осонгина воз кечиш қийин эмас. Аммо бундан нима наф ёки қандай фожиага сабаб бўлади? Сенинг кетишинг кимларгадир қизиқми ёки ҳеч кимнинг иши йўқми бу билан? Сени кузатгани ҳеч кимнинг келмаслиги кетишингдан бирор маъни йўқлигидан далолат. Демакки, кетолмай қолганинг-да фожиа эмас. Ҳамма ҳам қаергадир кетиш учун чоғланаркан, ортидан кимларнингдир кузатиб қолишини, ҳаттоки, оғриқли бўлса-да, бироз кўз ёши тўкилишини, интизор нигоҳларнинг термулишини истайди. Аммо бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди... 

 

* * *

Адабиётимизда акаларга бағишланган шеърлар кам. Дадахоннинг “Ака”си ана шундай кам сонли шеърлар орасида ҳам энг яхшиларидан бўлган. Айниқса, сўнгги банд бутун шеър давомида ривожланиб келган бадиий ғояга якуний нуқта қўя олган.

 

Довдираб, тентираб улғайдим, мана,

Кўнглим эркаликдан, мастликдан тўйган!

Нимаям сўрардим Худодан яна –

Ахир, АКА деган тоғ бериб қўйган!

 

Дадахон ижодида устози Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимдан таъсирланишлар кўп. Бу табиий жараён. Аммо шоир тинимсиз тақлидлар орасидан ўзини, ўз йўлини топа олсагина у адабиёт майдонида ном қозона олади. “Ёмғир остида” шеъри ҳам айнан устозга эргашиб ёзилган. Аммо тан олиш керак, унда усмонона бадиий ва тугал якун етишмагандек. Усмон Азимнинг “Ёмғир ҳақидаги баллада”да “Ташқарида қордир, ташқарида қор” мисраси, “Қийналади офтобни кутиб” шеъридаги сўнгги “Мени қайга бошлайди саҳар” сатрлари асосий ғоя ташийдиган ва шеърга туб бурилиш ясайдиган алоҳида аҳамиятга эга. Бу шеърга ҳам ана шундай гўзал якун керак, назаримда...

 

* * *

Дадахон Муҳаммадий ижоди кейинги йилларда бир қадар юксалиб, ғоявий ва фалсафий, шаклий жиҳатдан такомилига етиб бормоқда, десак хато бўлмайди. Асосан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, турли газета ва журналларда чоп этилган янги шеърларини ўқиб шундай хулоса қилиш мумкин. Янги шеърлардаги янгича топилмалар, юксак бадиий ифодалар ўқувчига ҳам тез юқиб, вужудига титроқ солади. “Биргина ишқ учун яшамоқ шарт!”, “Сен мактублар ёзасан ҳар кеч, / Юбормайсан уларни аммо”, “Бахсизликни бахтдан ортиқроқ севдинг”, “Тоғ бўлдим, саҳроман, тупроқман, / Сен эса денгизни севасан”, “Поездда ҳалиям битта ўрин бўш”, “Ҳамма таъна қилар, аммо тақдирга / Савол берай десам саволим ҳам йўқ” каби мисраларни ўқиб, улардаги маъно товланишларидан ҳайратга тушмай илож йўқ.

 

Дунёда китоб ўқиш, айниқса, шеър ўқиш лаззатидан бебаҳра одам, энг бахтсиз одам бўлса керак. Сўзлар сўзларга уланиб, оҳангдошликда руҳиятингизни таржима қилиб турса, бошингиздан кечаётган савдолар ҳақида сўзлаб, юрагингизнинг пучмоқларига беркиниб олган ва ҳаёт ташвишлари бир четга итқитиб юборган, неча йиллардан бери аразлаб қисиниб ўтирган бола туйғуларингизни уйғотиб, юпанчу далда бериб, қайта жонлантирса ва сиз ундаги маъно ва фалсафани кашф эта борсангиз, сўзлар карвонига эргашиб, олис-олис манзиллар сари саёҳат қилсангиз, на хуш бир бахт бўлар бу... Ана шундай масрурлик туёлмаган, сўз санъатидан баҳра ололмаган одамни дунёнинг энг ширин тотидан бебаҳра деб ҳисоблаш мумкин. Киши руҳиятининг моҳирона таржимаси бўлган мана бу шеърни пичирлабгина бир ўқиб кўринг-а...

 

Ёмғир ёғаяпти кўнглингга,

Қара!

Кутаман, руҳимда бир илинж сарсон.

Қушлар шом бошлади ва сўнгги чора –

Тўфонлар юборди қошингга осмон.

 

Ёлғизлик истайсан, фақат ёлғизлик,

Булутлар бошингда тўзғийди бир дам.

Тун чўкиб боради, кўзингда ҳадик,

Узоқлаб боради кулгуларинг ҳам.

 

Тўфонлар юборди қошингга осмон,

Ёмғир исин туяр қайсидир сезги.

Ана шу тўфондан ўтолсак омон,

Бахтиёр яшаймиз, бахтиёр севги.

 

Ёмғирдай тўкилиб кутяпти бир жон,

Томчилар кўнглингга етар тобора.

Энди қайтиш керак – келишинг гумон,

Ёмғир ёғаяпти.

Кўнглингга қара!

 

Филология фанлари доктори, профессор Узоқ Жўрақулов “Минг бир ниқоб” мақоласида “Нега баъзи адабий асарларни ўқиганда бир умр унинг таъсирига тушиб қоламиз-у, бошқасини бугун ўқисак эртасига унутамиз?” саволига жавоб изларкан, шундай хулосага келади: “Менимча, мавсумий асарларда энг аввал чин иқрор етишмайди. Бунинг учун инсон юзида тинимсиз ўрин алмашиб турувчи ниқоблар ҳалал беради. Токи ёзувчи оқ қоғоз қаршисида сўнгги – минг биринчи ниқобини ечиб ташламас экан, боқий асар дунёга келишидан умид йўқ”. Дадахон Муҳаммадий ҳам ўз шеърларида ички дунёсини борича очишга ҳаракат қилади. Унинг “Ўзим ҳақимда”, “Йўл”, “Ўлмадим, тақдирга чап бердим чоғи...”, “Мени қутқар” каби шеърларида бу нарса яққол кўзга ташланади. Ўзидан қониқмаслик, мақсадларга эришиш йўлида ожиз қолаётганини тан олиш, умрининг шиддат-ла ўтиб бораётганидан хавотир каби туйғуларини рўй-рост ифода этади:

 

Майдалашар, жўнлашар

Ҳар туйғу – кўнгил иши.

Руҳни емириб борар

Бу дунёнинг ташвиши.

 

Ёки яна бир шеърида:

 

Неларга шаъма қилар

Сочингдаги оқ тола.

Катта бўлиб-бўлмаган –

Ўттиз уч ёшли бола.

 

Дея қалбидан кечаётган оғриқларини шеърга солади. Ҳамма ҳам ўз умрини сарҳисоб қилганда, ютуқларидан кўра камчиликларини, армонларини кўпроқ кўради, ғурурланишдан кўра, афсуслари каттароқ тош босади. Аммо бу надоматлар келгуси ҳаёт учун куч берса, келажакдаги қоқилишларининг олдини олса, фойдали саналади. Ўтмиш хатолари сабаб ҳаёти қайта ўнгланишига умид қолмас экан, ҳаётнинг моҳияти қолмайди. Шоирнинг “Мени қутқар” шеърининг хулосаси ҳам шундай:

 

Рад қилгин.

Бир замон топталган имконлар ҳаққи,

Оёқости бўлган ишқ ҳаққин тўлдир.

Ё мени қутқаргин баридан кечиб

Ёки кел, пойингга бош қўяй, ўлдир.

 

* * *

Дадахон Муҳаммадий асосан кўнгил шоири, туйғулар мусаввири бўлишига қарамай, ижтимоий муаммоларга муносабатини ҳам шеърларига сингдира олган. Айниқса, тил, табиат ва инсон муносабатлари, уруш ва тинчлик, эрк, озодлик, ватанпарварлик каби мавзулардаги битиклари эътиборга моликдир. “Ўзбек тили” шеърида халқимизнинг тилга муносабатини очиқ ва аччиқ таърифлар экан, “Боғланган, кесилган, топталган, Йилда бир эсланар, эсланса...”, дея таъриф этади. Шеър сўнгида эса инсон ҳаётда қандай яшамасин, унинг борлигини билдирувчи, ўзлигини кўрсатувчи, ҳаётда яшаб қолишини таъминловчи восита фақат ва фақат она тили эканини бадиий ифода билан таърифлаб ўтади.

 

Шоир “Фронт” шеърида бугунги таҳликали замонда кишини ўйга толдирадиган, вужудига титроқ индирадиган саволларни ўртага ташлайди. Табиат ва инсон муносабатлари ўнгланмас экан, мислсиз фожиаларга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлик қўнғироғини чалади:

 

Жимлигингиз учун,

Бефарқлик учун,

Тупроқ ўч олади навбатма-навбат.

Тошлар шивирлайди сиз йиқилган кун,

Соврилиб кетади энг сўнгги фурсат.

 

Хулоса қилиб айтганда, Дадахон Муҳаммадий шеърларини ўқиб, бугун адабиётимизда катта бир чинор бўй чўзаётганини, унинг таровати ўзбек шеърияти боғига-да ўзига хос кўрк бағишлаётганига гувоҳ бўламиз. Ҳали бу ижод катта-катта илмий тадқиқотларга манба бўлишига ишонамиз. Янги ўзбек адабиёти шундай шоирлар билан бойиб борар экан, халқимиз ҳам китобхонликдан, шеър ўқиш лаззатидан ҳеч қачон воз кечмайди. Умрининг ўттиз учинчи довонидан ошаётган шоир ижодига янги-янги парвозлар тилаб қоламиз.

 

Бекзод ИБРАГИМОВ,

тадқиқотчи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси