“Маънавият” сўзи, менинг назаримда, “иймон”, “виждон”, “маданий онг” тушунчалари билан бир хил маънога эга. Биз қачон маънавият ҳақида гапирсак бевосита ёки билвосита онглилик ва иймон ҳақида гапирган бўламиз. Аввал ҳам айтганман, мен иймон деганда унинг диний уламолар талқин қиладиган жиҳатларидан кўра кўпроқ маъноларни тушунаман. “Иймонли одам”, менинг назаримда, ботинида Аллоҳ тажалли қилган, кўнгли билан ҳамма вақт Аллоҳга юзма-юз турган маданиятли, онгли одам. У шаклан эмас, мазмунан Аллоҳ билан юзма-юз турибди. Бундай одам хоинлик, иккиюзламачилик, мунофиқлик, ватанфурушлик, виждонфурушлик қилолмайди. Ва айнан шу жиҳати билан у биз назарда тутаётган “маънавиятли одам” саналади. Тийнатида Аллоҳ бўлмаган одам эса ҳеч қачон маънавиятли бўлолмайди. Бугун биз тушунадиган маърифат ана ўша ўзликни англаш ва идрок қилиш, ўзиники қилиш жараёнидир. Бу жараён ўта мураккаб, уни шакллар билан ўзлаштириб бўлмайди. Уни ҳис қилиб, юзма-юз келиб, ўзини минг марта қатл қилиб ва яна қайта тирилтириб англанади, бу манзилга етиб борилади. Шу англаш жараёни одамни ўзлигига етаклайди, уни эсган ҳар бир шабадага қараб турланишдан, кўр-кўроналикдан, энг асосийси, иймонсизликдан асрайди.
Бироқ “маънавият”, “маърифат”, “ўзлик”, “менлик” сўзлари қанчалар теран ва улуғ бўлмасин, кейинги ўн йилликларда анча қадрсизланиб қолди. Тўғрисини айтсам, инсоннинг моҳияти ҳақида гапирганда имкон қадар ушбу атамалардан камроқ фойдаланиш керак деган бир истиҳола пайдо бўлади. Бунга сабаб бу истилоҳлар бугун ғирт иккиюзламачи, товламачи, умуман, тийнати юқоридаги сўзларнинг маъносига яқин келмайдиган кимсаларнинг ҳам кундалик исроф луғатидан жой олиб улгурди. Улар шу муқаддас сўзлардан қалқон сифатида фойдаланадилар, ўзларининг чиркин манфаати йўлида бу сўзларни танаффуссиз навбатчига айлантириб, хўрлашдан қайтмайдилар. Шу сабаб яна бу сўзлар атрофида гаплашиш одамга малол келади. Сўзбозлик – худбинликнинг энг юмшоқ, беозор кўриниши. Гарчи ўзимизни художўй кўрсатсак-да, амалда сўзбозликка ружу қўйганимиз бор гап. Сўзни исроф қилишдан, уни ёлғонга айлантиришдан қўрқмаяпмизми, демак, мунофиқликдан ҳам қўрқмаймиз. Хуллас, бугунги маънавий тийнатимиз сўзбозликка қурилмаслиги керак. Аслида худди яралишимиз каби илоҳий, табиат-у жамият қонунлари ва уларнинг тараққиётида энг бирламчи асос барибир моҳият, уни акс эттирадиган фикр. Бироқ бир нарсани тан олиш ўринли: кимлардир сийқалаштиргани, бездиргани бу сўзларни тилга олмаслигимизга асло асос бўла олмайди.
Маърифат, энг аввало, тафаккурга, фикрга етаклайди. Маърифатлилик билиш ва англаш, хулоса қилиш билан боғлиқ жараён. Илм бўлмаса англаш, фикр қилиш бўлмайди, фикр бўлмаса хулосада ҳамиша адашилади. Шунинг учун маърифат фикрлашнинг кўлами билан ҳам белгиланади.
Муқаддас китобларга татаббу қилиб, “Аввал сўз пайдо бўлган” деб нутқимизга ҳашам бағишлаймиз. Аммо бунинг маъносига кўпам эътибор бермаймиз.
Шахсан менга сўздан ҳам аввал фикр пайдо бўлгандек туюлади. Сўз – кийим. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Кийим кийиш учун олдин тана пайдо бўлиши керакми ёки аввал кийим тикилиб, сўнг шунга мос тана изланадими? Аслида сўз пайдо бўлиши учун аввал у ифодалайдиган маъно пайдо бўлиши зарурлигини ортиқча асослаб ўтириш, эҳтимол, шарт ҳам эмасдир. Хўш, ўша маъно нимага суяниб туради?
Аллоҳ – олим, билгич. У “Ярал!» деган сўзни айтишдан аввал яраладиган мавжудлик ҳақида тасаввур, фикрга эга бўлган. Акс ҳолда яратишда мантиқ бўлмас эди. “Ярал”дан олдин яратилажак борлиқ борасидаги тасаввур ёки жўнроқ айтилса яратилмиш хилқатнинг моҳияти ҳақида идрок пайдо бўлган.
“Маънавият” ҳақида бетиним гапирамиз, аммо “маънавият” ўзи нима, у қандай бўлади, қандай амалга оширилади, амал қилинади, нимага асосланиб “маънавиятли” ё “маънавиятсиз” деймиз, биз интилаётган “маънавий чўққи” ўзи нимадан иборат? Қайси фазилатларимиз маънавиятга хизмат қилса, қайсилари зид келади? Маънавият ҳақида ваъз ўқиётган одам иккиюзламачи бўлиб, ёлғон билан бирга яшашга, қуллик ва мутелик, сохталик ва адолатсизликка тоқат қила оладими? Маънавият жаҳолат ва мутаассиблик билан бирга яшай оладими? Агар йўқ десангиз, ҳаммамиз ўзимизга шу саволни виждонни ўртага қўйиб бериб кўрайлик. Ана шунда кимлигимиз, “маънавият” сўзи биз учун моҳиятдан узилиб, кўпроқ шунчаки кундалик исроф сўзига айланиб қолаётгани кундай аён бўлади.
Фикрни ифодаламайдиган, маънога эга бўлмаган сўз – шунчаки товушлар йиғиндиси. Агар шу мантиқ билан атрофимизга, тийнатимизга разм солсак, биз фикрдан кўра шаклга ўралашиб қолганимизни, шакл бирламчига айланган борлиқда яшаётганимизни теран англаган бўлар эдик. Ахир, маъноси идрок қилинмаган сўз – маъноси йўқ бўшлиқдай гап.
Саводсиз одамга “ўқи” дейиш уни бир қадам олдинга ундайди, аммо саводли ва шусиз ҳам ўқиб юрганга “ўқи” дейиш маънони сийқалаштиради. Эҳтимол минг йиллар олдин “ўқи” энг тўғри йўл бўлгандир, аммо бугунги саводли дунёда ўқишнинг ўзи камлик қилади, бугун борлиқни англаш, унга муносабат билдириш учун идрок, тафаккур, англам биринчи вазифа саналади. Ўқилган, аммо англанмаган нарсанинг ўқилмаган нарсадан ҳеч қандай фарқи йўқ. Ўқиш – сўзни ўргатади, уқиш – англашни, дунё, жамият, борлиқ билан муносабатга киришишни, бутун олам уйғунлигини ҳис қилиш ва шу уйғунлик қонунларига амал қилиб, англаб яшашни ўргатади.
“Иқра” шу пайтгача “ўқи” деб талқин қилинди. Бироқ уни “идрок эт”, “англа”, “фикр қил” деб тушуниш ҳам мумкин, менимча. Шунинг учун чиройли гапирган, чиройли алдай олган (бу гапларимнинг нотиқлик санъатига алоқаси йўқ) эмас, чиройли ваъз ўқиган, сўзбозлик қилган эмас, фикрлаган одам ҳурмат ва эъзоз топса, у ерда тараққиёт уйғунлиги содир бўлади. Бугунги башариятнинг энг катта фожеаси ҳам фикрга ҳурмат йўқолиб бораётганида. Чунки айрим эски тушунчаларнинг иш бермай қолгани, аксинча, кўплаб саволлар туғдираётгани, бу саволларга жавоб топиш ўрнига инсониятнинг кўр-кўрона ишонишга, амал қилишга берилиб кетаётгани – ўта ёмон аломат. Ахир замонавий дунёдаги интеллектуал ёлғонларнинг моҳиятини, жимжимали жилвалар ортидаги мунофиқлик ва иккиюзламачиликни, ёвузлик ва қабоҳатни фақат фикр қилиб англаш ва кейин унга барҳам бериш мумкин. Англаниш жараёнидан ўтмаган барча хатти-ҳаракат – кўр-кўроналик. Кўр-кўроналикда англаш бўлмайди, фақат қабул қилиш ва бўйсуниш бўлади. Маънавият ва маърифат эса одамни бўйсунишга, муте бўлишга ва кўр-кўрона ишонишга эмас, англашга, идрок қилишга ундайди, умрнинг ҳар лаҳзасини, ҳар бир саволга жавобни идрокнинг қудуғига тушиб, мисқоллаб йиғиб олиш орқали эришиладиган ўта узун ва машаққатли жараёнга етаклайди. Бу жараёндан ўтмаган ўзликни ҳам, маънавиятни ҳам, маърифатни ҳам ёқлаб бўлмайди. Бизнинг боболаримиз маънавият ва маърифат ҳақида ваъз ўқишмаган, балки уни ҳаёт тарзига айлантиришган, амалда қўллашган...
Одам ўзининг кимлигини англагандан сўнггина фикри ўсади. Ўзини англаш учун, боболаримиз айтганидек, маърифатга бир марта бўлса-да чўмилиб кўриш керак. Фикрни маърифат уйғотади. Маърифат ўстиради. Маърифат янгилайди. Кераксиз бўлиб қолганда алмаштиради. Фақат идрокка қурилган маърифатгина, билимгина, китобгина, китобга бўлган муҳаббатгина бизни қуюндай бостириб келаётган, онгимиз ва шууримизни саёзлаштираётган, санъат, гўзаллик, дид ҳақидаги қарашларимизни, шу пайтгача аждодларимиз пойдевор қўйиб берган ва ўзимиз шакллантирган тушунчаларни емиришга киришган оломон маданияти ҳамда дидидан, бошқача айтганда, фикрсизлик ва дидсизликдай балодан асрай олади.
ХХИ асрда биз катта тараққиётга эришиш баробарида оломон маданияти чоҳига бутунлай қулаб тушиш хатари билан юзма-юз турибмиз. Мухтасар қилиб айтганда, бизни мазкур хатардан маърифат, дид ва фикргина қутқариши мумкин.
Ғарб фалсафаси, унга манба берувчи адабиёти башариятнинг урбанизация эрасидаги инсон таназзулини таҳлил қила бошлади. Бу, энг аввало, маънавий таназзуллар билан боғлиқ. Худди ўрмон ва чакалакзорларда ёввойи қонунлар билан яшаган аждодларимиздек, урбанизация ўрмонида ҳам ўша қонунлар бугун устуворликка интилмоқда. Ўн миллионлаб одам яшаётган шаҳарларга бориб қолсангиз, ўзингизни динозаврлар эрасидаги қадим ўрмонда юргандек ҳис қиласиз. Таназзуллар яққолроқ намоён бўлади. Мана шу таназзулдан бизни маънавият сақлаб қола олади. Маънавиятлилик фақатгина инсон манфаатини ўзида акс эттирмайди. У жами тириклик, борлиқ учун масъулиятли бўлиш дегани ҳам.
Аслида бизга анча бегона бўлган ёввойи бозор муносабатлари кириб келаётган, барча фазилатларни четга суриб, фақат бойиб қолишни, киссани қаппайтиришни ўйлашга тушган, бир сўз билан айтганда моддият биринчи ўринга чиққан паллада маънавият масаласи ўз вақтида тўғри кун тартибига қўйилган. Буни инкор қилиш ўта адолатсизлик бўлади. Аммо муаммо бошқа ёқда. Мумтоз адабиётимизда ширинликка ўч боласига насиҳат қилиб қўйсин деб донишманд пирнинг ҳузурига боласини олиб келган она ҳақида ривоят бор. Ўша ривоятда пир она-болани “Сизлар бир ҳафтадан сўнг келинглар” деб ортига қайтариб юборади. Бир ҳафтадан сўнг эса пир болага ширинликнинг зарари, уни меъёрида истеъмол қилиш кераклиги ҳақида бир-икки оғиз насиҳат қилади. Бўлди. Она ажабланади: “Шу насиҳатни бир ҳафта олдин ҳам қилсангиз бўларди-ку?». Шунда пир “Ҳафта олдин, сизлар келишларингдан аввал мен новвот чой ичиб ўтиргандим. Оғзимда ширинлик таъми бўла туриб ширинликнинг зарари ҳақида гапиришим мунофиқлик бўларди” деб жавоб беради. Мана шу ривоят менга маънавият тарғиботи нега оқсаганини, нега кенг миқёсда юқмаганини ойдинлаштиради. Тасаввур қилингки, баъзи мансабдорлар “новвот чой” ичиб, мажлисларда маънавий фазилатлар ҳақида лоф уриб, “Пора олиш – жиноят”, “Бировнинг ҳақини ейиш – гуноҳ”, “Адолатли одам кучли бўлади”, “Ожизларни ҳимоя қилиш керак”, “Ҳамиша оқни оқ, қорани қора дейиш шарт” деб турсаю, ўзи бунга тирноқча амал қилмаса, бунақа тарғибот кимга юқади ва ҳаммасини кўриб, гувоҳ бўлиб турганларга қандай таъсир қилади? Оқибат аниқ: бу фақат иккиюзламачи, тили бошқа, амали бошқа авлодни тарбиялайди, холос. Шунинг учун маънавиятни тарғиб қилаётган ва уни бошқалардан талаб қилаётганлар пирнинг насиҳат қилиш услубига амал қилишса бу соҳада қилаётган ишларимиз аллақачон оммавий тарзда мева берган бўларди.
Шу ўринда дунё “катта қишлоқ”қа айланаётган бир пайтда талай баҳсу мунозараларга мавзу бўлаётган миллий менталитет ва умуминсонийлик ҳақида тўхталмоқчиман. Миллий менталитет ва умумбашарийлик аслида битта нарса. Уни фақат биз турли маданият, турли дин, турли тарбия анъаналаридан туриб турлича деб ўйлаймиз. Биз “миллий менталитет” деб ёпишиб олган хусусиятлар тагига, мазмунига қарасангиз, барибир инсонга бўлган муносабат ётади. Умумбашарийликда ҳам шундай. Миллийлик мен учун мазмундан кўра кўпроқ шаклга ўхшайди. Тўғри, ҳар бир миллатнинг яшаш тарзи, ўз одоб-ахлоқи, оламни идрок этиш ва муносабат қилиш анъаналари бор. Аммо бу анъаналарнинг ҳеч бири инсонийликка зид эмас. Агар у зид бўлса, демак миллий эмас. Миллийлик – ўз шаклида туриб ўзини намоён қила олиш дегани. Ҳазрат Навоий аруз жанрида инсонийликни қанчалар баланд даражада мадҳ этган бўлса, у шунчалар умумбашарий сиймога айланган. Демак, шаклдан қатъи назар, адабиёт инсонга ва инсонпарварликка қараб интилади.
Бугун миллийлик билан умуминсонийлик орасида фарқлар тобора қисқариб бормоқда. Оламга бўлган муносабатда миллий шакллар чегараси бузилиб кетяпти. Бу хавотирли ҳолатми ёки инсоният келажакда фақат бир миллат ёки бир ватан доирасида эмас, бутун замин миқёсида ўзини намоён қилиш учун замин тайёрланяптими, буни ҳозирча билмаймиз. Менинг билганим шуки, инсоннинг миллати, тили, динидан қатъи назар, инсоннинг экзистенциал ҳолати ва кечинмалари, оламни қабул қилиш ва муносабатга киришиши бир-бирига яқинлашяпти. Лекин, очиғи, мен бунда таназзул ҳам, умид ҳам кўраётганим йўқ.
Бугун жаҳон адабиёти инсоннинг оламдаги ўрнини, унинг тийнатини, ўзидан, оламдан, табиий илдизларидан, ўтмишидан, қадриятлардан узилиб қолган инсон моҳиятини ишончли тарзда акс эттиришда оқсаяпти. Жумладан, миллий адабиётимизда ҳам эътироф ва талабимиз даврнинг оммавий дидига боғланиб қолаётгани бор гап, замонасозликдан тортиб оломончилик диди асоратларига қадар адабий муҳитда ўзини намойиш қиляпти. Бу кекса авлод адабиётидан тортиб ёшлар ижодигача умумий қусуримиз. Кекса авлодда сўз санъатидаги ҳафсаласизлик яққол кўзга ташлана бошлади. Улар бугун кўпроқ ўзларининг техник маҳоратларини кўз-кўз қилишяпти. Ёшлар эса, гарчи кескинроқ мавзулар кўтараётган бўлсада, воқеликка барибир оммавийлик нигоҳи билан назар солишдан, оммавийлик билан ҳисоблашишдан қутулиб олгани йўқ.
Шу сабабли, менимча, адабиёт бугун ўзининг халоскорлик мавқеидан анча пастга тушган палла.
Санъат, хусусан, сўз санъати бўлган адабиётни инсоншунослик деб бот-бот гапирамиз. Лекин кўпинча унинг маънисини тўлалигича англаб етавермаймиз. Инсоншунослик – фақат таҳлил қилувчи дегани эмас, бу инсонийликни ҳимоя қилувчи, инсонийликка зид нарсалардан асровчи дегани. Дунёда динлар кўп, бу динларда мазҳаблар, йўналишлар бисёр, уларнинг даъволари ҳам, ҳимоя қилувчи, суянувчи таянчлари ҳам ҳар хил. Айни пайтда, инсоннинг моҳиятига муносабатларида турлича. Адабиёт мана шу барча тилларда, барча минтақаларда, барча ирқларда инсонийликни ҳимоя қилади, инсонийликка суянади, инсонга инсонийлик моҳиятидан туриб баҳо беради. У шу жиҳати билан умуминсонийдир. Фақат миллийлик эмас, балки умумбашарий миллийликни акс эттира олган санъат асарларини умумбашарий дейиш мумкин. Фёдор Достоевский буюк адиб, аммо унинг фақат умумбашарий моҳиятга эга асарлари қадрланади, рус қўшинининг Ўрта Осиёдаги босқинини мадҳ қилганлари эмас. Бизда кўпинча миллийлик ва умумбашарийликни бир-бирига зид деб қараш ҳанузгача сақланиб қолган. Биз миллий деб биладиган нарсалар аслида ўша умуминсонийликнинг бир қисми, зинҳор алоҳида эмас. “Қанча миллий бўлса – шунча умуминсонийдир” деган гапни тўғридан-тўғри тушунмаслик керак. Миллий дард бадиий жиҳатдан нечоғли чуқур ва кенг бадиий ифода қилинса, у шунча умумбашарий бўлади. Биз кўпинча маҳорат борасидаги нўноқлигимизни миллийлик ниқоби остига яширамиз. Мен маҳорат билан акс эттирилган ҳар қандай миллийлик бу умуминсонийлик, универсалликдир деб биламан. Масала миллийлик ёки умуминсонийликда эмас, ўша миллий дард, миллий менталитет қай даражада бадиий маҳорат билан акс этганида. Бадиий маҳоратгина ҳар қандай миллий дардни умумбашарий дардга айлантира олади. Менга миллийлигимиз инъикоси кўпроқ бугунги сўз санъатидаги маҳоратимизнинг оқсаётгани билан боғлиқдай туюлади.
Фикр – ботиний қиёфа, одамнинг, шахснинг ички қиёфасини кўрсатиб турувчи кўзгу. Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам йўқ. Фикр одамнинг ўзлигини, ўзига хослигини билдириб, мавжудлигини кўрсатиб, керак бўлса, талаб қилиб туради. Фикр аслида “мен мавжудман” дегани. Фикр йўқ жойда оломончилик ва жоҳиллик кўпчийди. Фикр одамнинг бармоқ излари каби ўта хусусий, ўта шахсийдир. Биз уни ўз муҳитимиз ва яшаш тарзимизга мослаб ифода этамиз, шу муҳитни фикримиз билан янгилашни, ўзгартиришни, мослаштиришни, оммалаштиришни истаймиз. Аммо йўқ фикрни оммалаштириш имконсиз. Оммалашиши ва жамиятнинг эътирофига эришиши учун олдин шу фикрнинг ўзи бўлиши керак. Фикр тўхтаган жамиятда ботиний таназзул бошланади. Фикр ва қалб – Худо ичимизга солган руҳнинг ўзини намоён қилиши. Қалб ҳис этиш ва муҳаббат орқали намоён бўлса, фикр билим ва билишга интилиш орқали тажалли топади. Фикрнинг боши ҳам Яратган эди, охири ҳам Яратган. Биз ана шу оралиқда даражамизга мос идрок жилваларини ҳосил қиламиз. У токи Яратгандан бошланиб, Яратган билан тугар экан, ўзига эркинлик талаб қилиши табиий. Бир сўз билан айтганда, фикр эркинлиги Яратганга бўлган эътиқод ва ишонч эркинлигидир. Худди биз каби бошқанинг ҳам фикри ва ҳаққи борлигини билиш Яратган олдидаги масъулликни қабул қилиш билан баробар. Бизга ҳаёт деб аталган сўқмоқда ўзимизни таниш ва ўзликка эришиш имконияти берилган. Қалб ва фикр мувозанатига эришиш комиллик ҳисобланади. Шу пайтгача ўтган фалсафий ва фикрий оқимлар ўша комилликка эришишнинг турли йўлларини тарғиб қилиб келди. Фуқароларининг ана шу бирлиги – мувозанати ҳақида қайғурсагина жамият маърифий жамият бўлади.
“Сўз эркинлиги” деган салмоқдор талаб тагида аслида “фикр эркинлиги” ётади. Фикр эркин бўлмас экан, фикрни ифода қилиш имкони берилмас экан, у ерни ёлғон тўлалигича ўзиники қилиб олади. Фикр – шахсларнинг борлигини намоён қилувчи саҳна. Шахсни тасдиқловчи далил. Жамиятни оломончилик хоҳиши эмас, шахсларнинг фикри, уларнинг ақлу идроки янгилайди. Фақат фикргина янгиланишга пойдевор бўлади. Фикр йўқ жойда янгиланишга шароит йўқ.
Шу боис фикрсиз, фикр эркинлигисиз содир бўлган тараққиётлар ҳамиша мўрт ва омонат бўлган. Бунга узоқ тарих эмас, яқин ўтмишимиз ҳам гувоҳлик беради. Фикр ранг-баранглиги шахслар, улар тавсия қилаётган танловлар ранг-баранглигидир. Қаерда танлов кўп бўлса, янгиланишга, ўсишга, тараққиётга йўл ҳам кўп бўлади. Сўзни ёлғонга хизмат қилдириш осон, аммо фикрни ёлғонга хизмат қилдириб бўлмайди. Чунки фикр, агар у ростданам фикр бўлса, ҳар қандай вазиятда тафаккурга, идрокка суянади. Сўз қанчалик бежалган бўлмасин, идрок ёлғонни ҳис қилиб туради. Шунинг учун дунё идрокни яшаш тарзига айлантирган ёки идрокдан, фикрдан маҳрум қилинган жамиятларга бўлинади.
Фикрсизлик фақат ижтимоий плюрализм кушандасигина эмас. Фикрсизлик маданиятнинг ҳам кушандасидир. Фикр йўқ жойда маданият яратилмайди, фақат маданият яратган маҳсулотлар истеъмол қилинади, холос. Фикр бўлмаган жойда ўзигача бўлган маданият мева бермайдигина эмас, балки тараққиётнинг қачондир фикр туфайли қад кўтарган қўрғонлари ҳам қулай бошлайди.
Миллат истеъдодлар ҳисобига яшайди. Истеъдод – миллий мулк. Ҳар қандай халқ истеъдодлар эвазига гуллайди, яшнайди, равнақ топади. Истеъдодлари хор бўлган давлатларнинг эртанги куни қоронғи, сўроқ остида қолаверади. Бу исботланган ҳақиқат. Агар дунёга бир эътибор берсангиз, илғорлик таъмини ва ҳадисини олган давлатлар бошқа халқларнинг истеъдодларига йўл бериш, уларни қўллаш орқали мамлакатларининг мақомини баланд ушлаб туришга катта эътибор беришяпти. Шу маънода ёш истеъдодларни излаш ва юзага чиқариш ташаббуси эҳтиромга лойиқ. Менинг фикримча, агар ҳақиқий истеъдодлар қўлланаётган ва юзага чиқарилаётган бўлса, марранинг осон ёки машаққатли бўлиши муҳим эмас. Истеъдод бу – истеъдод. Ўзини ҳар қандай вазиятда оқлайди. Токи у ҳақиқий истеъдод бўлса... Аммо савол туғилади. Қўлланаётган, йўллари очилаётганлар ҳақиқатан ҳам истеъдодми ёки?.. Мана шу жуда муҳим. Маррани осон ва ё қийинчилик билан эгаллаш муаммо эмас. Муаммо ҳақиқий истеъдодни топиш, унга йўл беришда. Биз истеъдодларнинг машаққат билан юзага чиқишига кўникиб қолдик. Шунинг учун бугун осонгина китоби чиқаётган, осонгина матбуотни эгаллаётганлар сал ғашимизни келтиради. Бугунги ёшлар эътироф этилиш борасида имконияти кенг ва кўп бўлса ҳам, лекин ўзларининг ичидаги ўзликларини тўла шакллантириб бўлганлари йўқ. Истеъдодни қадрлаш ва унга йўл беришни фақат тарғибот ёки имкон берилаётгани билан баҳолаб бўлмайди. Истеъод оммавий тарзда қадрланса ҳамда истеъдодни қадрлаш бутун бошли жамиятнинг фазилатига айланса, у ўзини миллий бойлик, миллий қудрат сифатида намоён эта олади. Хўжакўрсинга ёки шунчаки тадбирбозлик билан истеъдод кашф қилинмайди, аксинча, фақат хашакилар кашф этилади. Хашакилар эса ҳеч қачон ҳеч нарсанинг қадрига етмаган. У қандай туғилган бўлса, шундай ўлимга маҳкум. Хўжакўрсинга кашф қилинган истеъдодлар ана шу хўжакўрсинликнинг қурбони бўлади, унинг тарғиботчисига айланади.
* * *
Китобнинг фазилати ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Мен ҳам ёзганман. Ёзганларим билан реаллик ҳамиша бир-бирига мос бўлавермаган. Мен у ерда китоб ҳақидаги орзуларимни ёзганман, реал воқеликни эмас...
Битта қиёс. Ўзбекистонда бир йилда қанча китоб ўқиляпти ва қанча гўшт ейиляпти? Рақамларни таққосласангиз, саволингизга ўзингиз жавоб топасиз. Бу қиёсдан гўшт емаслик керакми деган аксил маъно изланмасин. Агар оилада гўшт тугаса, унинг ўрнини тўлдиришнинг йўли изланади, қарз олиб бўлса ҳам бирор чораси қилинади. Китобга-чи? Мен ана шунга ишора қилмоқдаман.
Аслида эса китоб инсониятнинг энг улуғ обидаси. Китоб бўлмаса, на бугунги тараққиёт, на тафаккур, на одамнинг ўзи бўлур эди. Китоб – инсон қалби ҳақидаги энг улкан билим, энг улкан тадқиқот. Ҳар қандай жамиятни китобга бўлган муносабатидан билиб олиш ва хулоса қилиш мумкин. Китоби, китоб яратувчиси хор жамият ўзини қанчалик гуманист қилиб кўрсатмасин, барибир бир куни таназзулга юз тутади. Бунга биз инсоният тарихида кўп марта гувоҳ бўлдик. Инсонни ҳеч қайси фан китобчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат китобчалик чуқур ва кенг тасвирлай олмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига китобчалик эрк беролмайди. Китобдан бир марта лаззат олиб кўрган одамнинг ёвузлик қила олишига мен ишонмайман. Маданиятсиз, китобсиз кишигина ёвузлик ва зулм қила олади. Ёвузлик китобгача бўлган манзилдир. Китобдан сўнг руҳият, руҳ сари ва руҳ билан бирга сафар бошланади... Ҳар қалай бизнинг авлод шундай қараш билан улғайди, шаклланди, ҳамон шу қарашда турибмиз. Аммо бугунги глобал тўфон даврида қарашлар ўзгарди. Жумладан, китобнинг ўрни ҳам, унга муносабат ҳам. Виртуал дунё китобни ҳам виртуал шаклга айлантиряпти. Буни тан олмасдан иложимиз йўқ. Виртуал авлод дунёни виртуал кўришни истаяпти. Шундай экан, бизга ҳам китобнинг шакли ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириш даври келганга ўхшайди. Аммо китобнинг моҳияти ҳақидаги қарашлар ҳеч қачон ўзгармайди. Мен шундай ўйлайман. Шакли ўзгариши мумкин, моҳияти ўзгармайди. Ўша виртуал дунёда ҳам шакли бошқача тус олган китоб инсонни ва инсонийликни ҳимоя қилаверади. Чунки у китоб, чунки у адабиёт.
Кўп китоб ўқиш эмлашга ўхшайди. Аммо бу касалликдан тўла ҳимоя қилади дегани эмас. Чунки ҳамма нарсани белгиловчи инсон ва миллат табиати ҳам бор. Инсон орзуси ва истаклари ҳамиша ўзининг табиати билан қарама-қарши келади. Ҳамиша курашда бўлади. Қайси халқни китоб тарбиялай олган, табиатини ўзгартирган бўлса, демак у маданиятли, ўзгартиролмаган бўлса, унда китоб мутолааси борасида ҳали кўп ишлар қилиш керак. Ҳарқалай, кейинги беш юз йиллик тарихда китоб орқали ўзини ўзгартирган ёки ўзгартирмаган халқларнинг дунёқарашлари орасида жуда катта фарқ бор. Хусусан, китоб тарбиялашга улгурмаган халқни қолиплар, стереотиплар тарбиялайди, тафаккур тарзини, шунга мос равишда яшаш тарзини, ҳатто китобни ҳам стереотиплаштиради. Стереотип тафаккур тарзи жамиятнинг барча соҳасида ўзини кўрсатади. Бундай жамиятда равнақ ва янгиликлар юз бериши жуда қийин ва оғир кечади. Бундай жамият истеъдоддан кўра ўзи кўниккан яшаш тарзи ва қарашларини кўпроқ қадрлайди. Бундай тафаккур тарзи мутеликка мойиллашган, мутеликка мослашган тафаккур тарзидир. Китоб ўзгартирган онг эса бу қолипларни бузади. У бугун ва эрта учун ўзини янгилай олади, ўзгартириш ва ўзгариш учун ўзида қувват топа олади.
Назар ЭШОНҚУЛ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2023-йил 3-сон.
“Фикрни маърифат уйғотади” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ