“Бу масала барча туркий халқларда ҳал этилган-ку! Сизлар нега ухлаб ўтирибсизлар?” – ечимини топмаган 40 йиллик савол


Сақлаш
14:11 / 30.11.2023 398 0

Кошғарийдан қолган тил садолари

 

Атоқли шоир Абдулла Ориповнинг ушбу машҳур сатри шеърият мухлисларига таниш. Муаллиф “қалам деҳқони” деб таърифлаган заҳматкаш устоз – Миртемир домлага бағишланган шеърдан олинган бу мисра кишини чуқур ўйга толдиради.

 

Собиқ совет давридаги ҳукмрон мафкура, ғирром тил сиёсати туфайли тилимиз кўплаб ноёб хусусиятларидан маҳрум бўлди. Кўҳна туркий оҳангларни она тилимизда жонлантиришга уринган не-не шоир ва адибларимиз, тилшунос ва адабиётшунос олимларимиз “пантуркизм” – туркпарастлик ва миллатчиликда айбланиб, оммавий қатағон қурбони бўлгани ҳам маълум. “Пантуркизм”га қарши кураш кампанияси доирасида алифбомиз бир неча бор ўзгартирилди; тилимиз, айниқса, унинг товушлар тизими таниб бўлмайдиган даражага келиб қолди.

 

Шўроча иккиюзламачи сиёсат туфайли ўзбек тили номига туркий тиллар гуруҳига мансуб деб ҳисобланса-да, ундаги барча туркий унсурлар йўқликка маҳкум этилди. Жумладан, ўзбек адабий тилини унга азалдан хос бўлган сингармонизмдан жудо этиб, бошқа туркий тиллардан ажратиб қўйиш мақсад қилинган эди. Ушбу лисоний хусус оғзаки нутқ ва шеваларимизда сақланиб қолганига қарамасдан, илмий манбаларда ўзбек адабий тили сингармонизмдан холи экани қайд этилди.

 

Ҳукмрон мафкуранинг тазйиқ ва тақиқларига қарамасдан, миллатнинг тили ва тақдири ҳақида чин дилдан қайғурадиган фидойи тилшунос олимлар, оз бўлса-да, бор эди. Ана шундай устозлардан бири кўп йиллар Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг умумий тилшунослик кафедраси мудири бўлиб ишлаган профессор, филология фанлари доктори Худойберди Дониёровдир. Раҳматли домламиз мураккаб замонларда ҳам илмий мақолалари, замонавий ўзбек адабий тилига доир дарслик ва ўқув қўлланмаларида она тилимизнинг ноёб имкониятларига алоҳида урғу берарди.

 

Бутун илмий фаолиятини қипчоқ шеваларининг бой лингвистик хусусиятларини ўрганишга бағишлаган Худойберди Дониёров ўзбек тилининг сингармонизм билан боғлиқ ноёб жиҳатлари халқимизнинг сўз бойлиги, нутқ жараёнида нозик маъноларни ифода этиш, айниқса, мумтоз шеъриятимизда халқчиллик, оҳангдорлик ва бадиий-эстетик гўзалликни таъминлашга асрлар мобайнида хизмат қилиб келганини таъкидлар эди. “Тилимиздаги унлилар 6 та эмас, 9 та!” деб уқтиришдан чарчамасди устоз. Барча туркий тилларда бўлгани каби ўзбек тилида ҳам “и”, “у” ва “ў” унлилари йўғон ва ингичка муқобилларига эга экани, лекин кирилл ёзувидаги алифбомизда улар бир ҳарф билан ифодаланиб қолганини афсус ва надомат билан айтарди.

 

Албатта, домламизнинг бу фикрлари теран илмий ва тарихий асосга эга бўлиб, ўтган асрнинг 20-йилларида жадид боболаримиз бошлаб берган маърифатчилик қарашларининг давоми эди. Буюк аллома Абдурауф Фитратнинг 1923–1930-йилларда ўзбек мактабларида ўқитилган “Сарф” (ўзбек тилининг биринчи грамматикаси) дарслигидаги фикрларни эслайлик: “Бизнинг тилимиз ялпи турк тилининг кенг бир тармоғидир. Турк тилида бўлған асосий ҳолларнинг бизнинг тилда бўлиши табиийдир. ...иккинчи рақам билан кўрсатилган тўққуз ҳарф эса унли товишлардир” (Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. IV жилд. Тошкент, “Маънавият”, 2006. 142-бет).

 

Китобнинг “Фонетика” бобида ўзбек тилида кучли сингармонизм борлиги таъкидланиб, ингичка – “kelmak” ва йўғон – “barmaq” тарзида ёзилиши, шу сабабдан ”kelmoq” деб ёзиш хато экани уқтирилади (Ўзбек тилига бор бойлиги ва гўзаллигини қайтарайлик. “XXI asr” газетаси, 2021 йил 1 апрель, №13).

 

Сингармонизм талаби бўйича “келмак” шакли тўғри эканини асрлар давомида “ўтмоқ” – “ўтмак”, “кулмоқ” – “кулмак”, “билмоқ” – “билмак” тарзида айтиб келингани ҳам тасдиқлайди. Алишер Навоий айнан шу мезонга амал қилади:

 

Ўқуб ўтмак, ўқуб ўтмак шиори,

Қолиб ёдида сафҳа-сафҳа бори (таъкидлар бизники – М.Қ.)

(Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт­матбаа ижодий уйи, 2006. 50-бет).

 

Фитрат бобомиз таъкидлаган йўғон   – “бармақ”қа мисол сифатида эса мана бу иборани келтириш мумкин: “Илк сен барғил (олдин сен бор)” (Маҳмуд Кошғарий. Девону луғатит-турк. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017. 31-бет).

 

Профессор Х.Дониёров сингармонизм туркий тилларда тўлиқ сақланиб қолгани, шеваларда амал қилиши, нутқда, айниқса, шеъриятда оҳангни, полифонияни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаб, Эркин Воҳидовнинг мана бу сатрларини кўп такрорлар эди:

 

Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,

Ул ширин ёлғонга лекин алданиб қолғон ёмон,

Умримиз алдоқ жаҳонда алданиб ўтгай вале

Сўнгги қийналғон ёмондур, сўнгги қийналғон ёмон.

 

Озодлик нафаси эсиб, ХХ аср бошларидаги адабий меросимиз тўлиқ тиклана бошлагач, аён бўлдики, жадидларда сингармонизм тўлиқ сақланиб қолган экан. Буни Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен” деган сатрлари ҳам, илк ўзбек романининг “Ўтган кунлар” эмас, балки “Ўткан кунлар” шаклида бўлгани ҳам тасдиқлайди.

 

Афсуски, сиёсий-ижтимоий ҳаётимиздаги туб бурилишларга қарамасдан, тилшунос олимларимизнинг сингармонизмга муносабати ўзгармай қолаверди. Ҳатто илмий манбаларда ҳам ушбу ноёб ҳодисанинг ўзбек тилига дахлдорлиги хусусида эҳтиёткорлик билан сўз юритилди. Мана, бир мисол: “СИНГАРМОНИЗМ (юн. syn – бирга ва harmonia – оҳангдошлик, уйғунлик), унлилар гармонияси (оҳангдошлиги)  –  асосан, туркий тилларда, қисман мўғул, тунгус-манжур, фин-угор, палеоосиё тилларида учрайдиган фонетик ҳодиса; бунда муайян сўз шаклининг (ҳам асос, ҳам аффиксларнинг) барча унлилари талаффуз (артикуляция) жиҳатдан бир турли: олд ё орқа қаторга мансуб (танглай гармонияси) ёки лабланган ё лабланмаган (лаб гармонияси) бўлади... Умуман, ҳозирги ўзбек адабий тили С. қоидаларига бўйсунмайди. Эски ўзбек адабий тилида эса С. қонуни анча изчил ва айрим ҳолларда тўлиғича амал қилган” (Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 7-жилд. Тошкент, 2004. 628-бет). Бу гаплар эълон қилинганига ҳам 20 йилча бўлиб қолди, орада қанча сувлар оқиб кетди...

 

Бугунги кунда туркий олам бирлиги, унинг умумий қадриятларини тиклаш масаласига нафақат зиёлилар, балки давлат раҳбарлари даражасида ҳам катта эътибор берилмоқда. Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙга аъзо бўлди. Ушбу ташкилотнинг нуфузли анжуманлари, маданий тадбирлари юртимизда ҳам кенг миқёсда ўтказилмоқда. Бизда тил сиёсати бутунлай ўзгарди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини ошириш бўйича тарихий фармон ва қарорлар қабул қилинди. 21 октябрь ҳар йили Ўзбек тили куни сифатида кенг байрам қилинади. ОАВда, интернетда ўзбек тилининг нуфузини ошириш, лотин графикасидаги жорий имломизни такомиллаштириш юзасидан турли фикрлар, таклифлар эълон қилинмоқда. Бу жараёнда сингармонизм масаласида ҳам баҳс-мунозаралар бўлиб турибди. Баъзи филолог олимларимизнинг ушбу масалага ҳануз эскича ва юзаки ёндашиб, агар нутқ жараёнида сингармонизм қоидасига амал қиладиган бўлсак, тилимиз “қозоқча” бўлиб қолади, деган мазмундаги енгил-елпи нуқтаи назари кишида хавотир уйғотади. Бундан чиқди, Навоий бобомиз ва бошқа мумтоз шоирларимиз нуқул “қозоқча” ёзиб келган экан-да!

 

Албатта, назарий жиҳатдан олганда, бугунги ўзбек тили сингармонизм қоидаларидан анча узоқлашиб кетган. Лекин бунга табиий, яъни объектив жараёнлар эмас, балки субъектив – четдан зўравонларча аралашув ҳолатлари сабаб бўлган. Оқибатда тилимизнинг бир учгинаси ғоят устомонлик билан билинар-билинмас кесиб ташланди, унлиларимиз ўз “эгизак”ларидан жудо этилди; улар билан бирга нутқда товушларни ажиб бир уйғунликда талаффуз этиш имконини берадиган сингармонизм ҳодисаси ҳам барҳам топди – унинг-да боши кесилди. Беихтиёр Саъдулла Ҳаким шеъри билан айтиладиган қўшиқ сўзлари қалбимизда акс садо бергандек бўлади: “Тилим-тилим ва яна тилим, Она тилим, жон она тилим!”

 

Амалий жиҳатдан олганда эса, истеъдодли шоир ва адибларимизнинг маҳорати туфайли сингармонизм ана шундай тилим-тилим қилиб кесилган, кемтик ва бемор тизим ичида ҳам яшаб келмоқда. Кўҳна туркий оҳанглардан руҳ олиб ижод қилаётган шоир-адибларимиз асарларида, бахшиларимиз куйлаётган қўшиқ ва достонларда бу нутқий ҳодиса бамисоли узоқлардан чарчаб-ҳориб келаётган ўтмиш элчисидек бўй кўрсатиб қолади.

 

Демак, сингармонизм биздан бутунлай узоқлашиб кетгани йўқ, у садоқатли дўстдек ёнимизда туриб, ўз вазифасини сид­қидилдан бажариб келмоқда.

 

 

Рубобим тори иккидур...

 

Ўзбек адабий тилини сингармонизм амал қилган ХХ аср бошларидаги ҳолатга тўлиқ қайтариб бўлмаслигини барчамиз яхши тушунамиз. Қанча уринманг, мактаб кўрган ҳеч бир мардум шахсий маълумотлар варағини “туғилғон йилим” деб тўлдирмайди. Айни чоқда, сингармонизмни “эскилик сарқити” деб менсимайдиган бўлсак, у билан бирга, миллий ўзлигимизнинг бир парчаси қулаб, йўқлик уммонига ғарқ бўлиши ҳеч гап эмас. Дейлик, ушбу лисоний ҳодисадан хабардор бўлмасдан, Навоий, Бобур, Машраб каби улуғ шоирларимиз ғазалларидаги инжаликларни, Қодирийдек беназир адиб романларидаги нозик сирларни тўлиқ англаш имконсиздир. Лоақал “Қутадғу билик”, “Ўткан кунлар” каби мумтоз асарлар, “Аввалгиларға ўхшамас”, “Яхшилиғ” радифли машҳур ғазаллар ҳозирги адабий тилимиз меъёрларидан фарқли равишда нима учун айнан шундай номланганини билиш учун ҳам сингармонизм ҳақида озгина тушунчага, товушларни фарқлаш кўникмасига эга бўлиш лозим.

 

Миллий ўзликни англаш борасида анча илгарилаб кетган мутараққий миллатлар бизнинг ўрнимизда бўлса, “Ҳамонки миллатимиз фахри бўлган буюк адиб ва шоирларимиз “ўтган”ни “ўткан” тарзида ёзиб келган экан, келинг, уларнинг ҳаққи-ҳурмати “етган”ни – “еткан”, “кетган”ни – “кеткан”, “нетгай”ни – “неткай” шаклида адабий меъёрга мослаб қўяйлик” деган  тўхтамга келган ва адабий тилида икки хил мезон бўлишига йўл бермаган бўлар эди. Афсус­ки, бу даражага етиш учун бизга анча қовун пишиғи бордек...

 

Албатта, “қозоқча” дейилганда, биринчи навбатда қипчоқ шевасига хос ҳолатлар, хусусан, таркибида йўғон унлилар бўлган ўзакка шунга мос қўшимча қўшиш назарда тутилмоқда. Ҳолбуки, тилимизда ингичка унлилари бор бўлган ўзакка шунга мос қўшимчалар қўшиш ҳолатлари ҳам кўп. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним”идаги “маним” сўзини эсланг. Ёки Навоий бобомиз ишлатган “йибардим”, “юдим”, “дедимки”, “дедики”, “истангиз”, “келмади” каби юмшоқ ўзак, негиз ва қўшимчаларни ўзида мужассам этган сўзларни олинг.

 

Буюк шоиримизнинг машҳур “Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас”, “Истаганлар, бизни саҳройи балода истангиз” каби сатрларида “истамак” сўзидаги унлилар ингичка талаффуз этилгани учун “-гон” ёки “-ғон” эмас, “-ган” қўшимчасини олган. Яна бир мумтоз мисра – “Тилармен бир йўли бузмоқ бузулғон рўзгоримни” сатрида эса аксинча   –   “бузмоқ” сўзидаги унлилар йўғон бўлгани учун унга “-ғон” қўшимчаси қўшилган.

 

Ҳамонки, шундай экан, бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз лозим: сознинг иккита – йўғон ва ингичка пардаси бўлганидек, туркий тилларда ҳам шунга ўхшаш тамойил амал қилади; сингармонизм фақат “йўғон парда”лардан иборат эмас, унинг “ингичка парда”лари ҳам бор. Хоразмликлар ўғизча оҳангда севиб куйлайдиган мана бу сатрларга эътибор беринг:

 

Ишқ риштаси билан белин боғлаған,

Ҳасрат ўти билан бағрин доғлаған.

Неча йилки, йўлға қараб йиғлаған,

Санга кангул барсам анда ёр йиғлар.

 

Сингармонизмга қарши қилич қайраётганлар бу шеърий сатрларни озарча ёки туркманчага ўхшаб қоляпти десалар ажаб эмас. Ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлгач, ундаги нутқ оҳанги қардош тилларга ўхшамай, хитой тилига ўхшасинми?!

 

 

“Ўлдирмак”ни ким ўлдирди?

 

Тарихда товушларни фарқлаш, ҳис этиш бўйича нозик кўникманинг йўқлиги, она тилимиз тўлақонли адабий тил мақомига эга бўлмагани, мактаб-мадрасаларда ягона илмий-адабий мезонлар асосида ўқитилмагани туфайли хаттотлар бошқа сўзлар қатори “ўлдирмак”ни ҳам ғалат шаклда – “ўлтирмоқ” тарзида ёзиб келган бўлсалар ажаб эмас. Қадимий қўлёзмалар ва уларнинг жорий имлодаги нашрлари диққат билан кўздан кечирилса, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин. Алқисса, Алишер Навоий асарларининг бир ва тўрт жилдли луғатларида “ўлдирмак” сўзининг ўзи ҳам, изоҳи ҳам йўқ!

 

Маълумки, Навоий – ўзбек адабий тилининг асосчиларидан бири. Лекин шундай улуғ ижодкорнинг адабий-бадиий меросида “ўлдирмак”нинг йўқлиги, тўғрироғи, бизга тақдим этилаётган нашрларда шундай ҳолга йўл қўйилгани, назаримизда, жиддий муаммо. “Нега йўқ бўларкан, ўша сиз айтаётган “ўлтирмоқ” “ўлдирмак” маъносини беради-ку!” деган эътироз бўлиши мумкин. Унда яна ҳақли савол туғилади: “ўлтирмоқ” сўзи “ўлдирмак” маъносини англатса, нима учун луғатларимизда, илмий-методик адабиётларимизда шу ҳолатни асослаб, адабий меъёрга айлантириб қўймаймиз? Ўша машҳур “Девону луғатит-турк”да “ўлдирмак” ва “ўлтирмоқ” феъллари алоҳида­алоҳида сўзлар сифатида изоҳлангани-чи – бунга нима дейсиз? (Қаранг: Маҳмуд Кошғарий. Девону луғатит-турк. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017. 99-бет.)

 

Ушбу масалага профессор Худойберди Дониёровнинг китобидан жавоб топгандек бўламиз: “...агар Алишер Навоий тил олди “ў” билан тил орқа “ў”ларнинг фарқини билмаганида эди, “Улки, онсиз хаста кўнглимнинг юз оҳу войи бор, / Ҳажридин юз минг менингдек ўлса, не парвойи бор” каби шеърий мисраларидаги тил олди “ў”нинг иштирокида талаффуз этиладиган, “ўлмоқ” маъносида келган “ўлғай” феълларининг ҳар бирини ўз ўрнида бунчалик катта санъат билан қўллай олмаган бўлур эди. Лекин масаланинг афсусланарли бир жиҳати шундаки, Алишер Навоий томонидан бундан 500 йил олдин яхши фарқланган бу товушларни ҳозирги баъзи бир санъаткор ва маданият ходимлари тўғри фарқлаб, тўғри талаффуз қилолмайдилар. Улар ҳар иккала “ў”ни тил олдида бир хил талаффуз этадилар” (Дониёров Х. Алишер Навоий ва ўзбек адабий тили. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1972. 25-26-бетлар). Устознинг бу фикри эълон қилинганидан буён нақ 50 йил ўтди! Лекин бу муаммо тилшунос, навоийшунос олимларимиз, илмий жамоатчилигимиз томонидан ҳалигача ижобий ҳал этилмаган. Мана, яна бир мисол:

 

Гул эмастур оташин, булбулларин куйдургали,

Ким, либос этмиш қизил ушшоқини ўлтургали

(Алишер Навоий. Қаро кўзим. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988. 717-бет).

 

Поэтика илми, шеърий санъатлар тарихидан озгина хабардор бўлган одам яхши биладики, “куйдургали” сўзига қофия сифатида “ўлтургали”дан кўра “ўлдургали” кўпроқ мос келади. Афсуски, буюк шоиримиз асарларини нашр этишдаги ноқисликлар оқибатида муаллиф нафақат маъни, балки шакл, яъни қофия масаласида ҳам эътиборсизликка йўл қўйган бўлиб чиқмоқда. Лекин “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Атоийнинг гўзал байтигақофиясида айбғинаси бор” деб ўта нозик ёндашган Навоийнинг “куйдургали” сўзига “ўлтургали”ни қофия қилиб, хатога йўл қўйишига ишониш қийин.

 

Шоир мухлисларига энг ишончли манба сифатида тақдим этилган “Алишер Навоий қомусий луғати”ни варақлаймиз. Ажабки, бу манбада ҳам шу ҳолатга дуч келамиз:

 

Лаълинг закоти май тутуб, тиргузмасанг, эй муғбача,

Дайр ичра мен дилхастани ранжу хумор ўлтургуси

(“Алишер Навоий қомусий луғати”. 2-жилд. Тошкент, “Шарқ”, 2016. 267-бет).

 

Матншуносликдаги бундай камчиликлар улуғ мутафаккир асарларидан олинган сатрларни шарҳлаш, изоҳлашда қўшимча саволлар туғилишига сабаб бўлади.

 

Бобур Мирзо шеърияти халқчил руҳ, туркона сингармонизм оҳанги, муддайилар, яъни даъвогарлар айтмоқчи, “қозоқча” лафзларга тўла:

 

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,

Не кун бўлғай, висолингға мене* дилхаста етгаймен.

 

Ўзбек тилида “каби” кўмакчиси бор. Мумтоз адабиётимизда, айниқса, Бобур шеъриятида у кўпинча “киби” тарзида ишлатилган. “А” товуши ўрнига кетма-кет тилолди “и” унлисининг қўлланиши “киби” сўзи талаффузига янада нафислик бағишлайди:

 

Ложарам бўлғай паришону ҳавойи мен киби,

Зарра янглиғ кимки ул хуршид саргардонидур

(Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Назм дурдоналари. Тошкент, “Шарқ”, 1996. 61-бет).

 

 

Товушларни ҳис этиб

 

Навоий ғазалларида жаннатда ўсадиган гўзал дарахт номи – “тўбий” сўзи учрайди. Мазкур сўздаги “ў” унлиси тил олдида бўлиб, юмшоқ талаффуз этилади. Лекин уни тилорқа “ў” ёки “у” билан адаштириб, “тўп” сўзига яқинлаштириб, “тўбий” деб ўқиш ёки ундан ҳам ёмони “тубий” (қуйи тарафи) тарзида тушуниб, қўпол хатога йўл қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Қуйидаги байтга эътибор беринг:

 

Кўюнг борида қилман жаннатқа гузар ҳаргиз,

Қадинг қошида солман тубийға назар ҳаргиз

(Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016. 30-бет).

 

Бу ғалат мисралардан “Сенга олиб борадиган йўл турганда жаннатга бориб нима қиламан, қаддингни кўрсам, тубига қарамайман” деган кулгили маъно чиқиб қолмоқда. Аслида, бу сатрда “тўбий” деб ёзилиши керак; шунда “Гўзал қаддинг турганда, тўбий – жаннатдаги дарахтга ҳам қарамайман” деган латиф маъно анг­лашилади.

 

Эътибор берсак, глобаллашув таъсирида ва бошқа сабаблар туфайли миллатдошларимиз орасида ингичка ва йўғон товушларни айтишга қийналадиган, бу борада зарур кўникмага эга бўлмаган, “қўмита”ни – “кўмита”, “боғча”ни – “богча” (ёки ундан ҳам ёмони – “садик”), “хўжа”ни – “ходжа”, “ҳаж”ни – “хадж” дейдиганлар шундоқ ҳам кўпайиб бормоқда. Агар сингармонизмни инкор қилиб юраверсак, зиёлиларимиз орасида “қи”лаб, “ғи”лаб, “жи”лаб, “нг”лаб гапирадиган; “ни” билан “нинг”нинг фарқига борадиган одамнинг ўзи қолмайди.

 

Халқ-ку минг йил олдин қандай гапирган бўлса, бундан буён ҳам шундай гапираверади – сингармонизмга қарши бўлганлар ҳарчанд уринмасин, уни оғзаки нутқдан бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Фақат оғзаки ва ёзма нутқ ўртасида тафовут кучайиб бораверади. Чунки мавжуд адабий тил меъёрлари унинг жонли тилдан тўлиқ озиқланишига йўл қўймайди.

 

Ёзма меросимизнинг катта қисми араб хатида битилган. Қачондир мазкур буюк маънавий бойликни тўлиқ ўрганиб, ҳозирги ёзувимизга ўтказишимиз керак-ку! Ана шу қадимий қўлёзмаларни тўғри ўқиш ва табдил этишда ҳам сингармонизм илмини билиш ғоят муҳим. Чунки араб хатидаги қўлёзма матнларда унли товушлар тўлиқ акс эттирилмайди. Бинобарин, қайси ўринда йўғон ёки қисқа унли товушни қўйиб ўқишда қаттиқ ва йўғон ундошлар белги­кўрсаткич вазифасини бажаради. Яъни чўзиқ ва қисқа, йўғон ва ингичка товушларнинг фарқига бориш, сингармонизм кўникмасига эга бўлиш бу масалада жуда зарур.

 

Халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш ва нашр этишда ҳам сингармонизмни билиш лозим. Ана шундай кўникма йўқлиги сабабли асрлар давомида бахши ва санъаткорларимиз томонидан сингармонизм хусусиятлари сақланган ҳолда куйланиб келаётган халқ достонлари, қўшиқ ва ўланлар ҳозирги “адабий меъёр”га солиниб, китоб ҳолида чоп этилиши билан аввалги кўрку тароватидан жудо бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг ижро дастуридан тушмай келаётган мана бу сатрлар барчамизга ёд бўлиб кетган:

 

Гўрдим ики пари галар,

Галар соллана-соллана.

Ошиғинин кўнглин олиб

Галар нозлана-нозлана.

 

Энди шу сатрларнинг китобдаги аҳволига эътибор беринг:

 

Кўрдим икки пари келар,

Келар соллана-соллана.

Ошиғининг кўнглин олар,

Олар соллана-соллана

(Хоразм достонлари. Ошиқнома, 4-китоб. Урганч, “Хоразм” нашриёти, 2009, 19-бет).

 

Яна бир мисол. Биз болаликдан эшитиб келадиган қўшиқ варианти:

 

Бир ёр савдосина, ёр-а, душдим-да галдим.

 

Нақадар гўзал!

Китоб варианти:

 

Бир ёр савдосига тушдим-да келдим (ўша манба, 25-бет).

 

Нақадар ғариб!

 

Наҳотки бундан минг йиллар олдин – Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам замонларида аҳли Хоразм шундай оҳангда гапирган бўлса?!

 

Агар иш шу тарзда кетадиган бўлса, “Хамса”, “Бобурнома” каби шоҳ асарлар ҳам келгусида амалдаги адабий “меъёр”га солиниб, асл руҳи ва жозибасидан жудо этилиши ҳеч гап эмас.

 

Бежиз эмасдирки, атоқли олим, она тилимизнинг зукко билимдони, академик Алибек Рустамов Навоий бобомизнинг истеъдодли шогирдларидан бири бўлган Атоуллоҳ Ҳусайний қаламига мансуб “Бадойиъ ус-санойиъ” асарини форсчадан ўзбек тилига XV аср адабий меъёрларига мослаб, сингармонизм талабларига амал қилган ҳолда ўгирган. Мана, биргина мисол: “Билмак керакким, мазкур сўзлардаги ҳо ҳарфи талаффуз этилмас, балки олдидағи ҳарфнинг фатҳасин билдирур ва вазнда эътиборға олинмас” (Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадойиъ ус-санойиъ. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981 йил. 10-бет).

 

Шундай улуғ устозлар тажрибаси бизга мактаб бўлиши керак эмасми?

 

 

Сўнгсўз

 

Азиз, журналхон, мен тилшунос эмасман. “Филолог” – “сўз севармани” деган эътироф муҳрланган дорилфунун васиқасидан бўлак бу соҳага дахлдорлигимни кўрсатадиган ҳеч вақом йўқ. Лекин муқаддас инсоний туйғу ва фазилатлардан маҳрум бўлмаган жамийки одам фарзандлари қатори мен ҳам она тилим соғлом, мукаммал ва синовларга бардошли бўлса дейман.

 

Ушбу мақоланинг ёзилиши қирқ йил бурун – талабалик давримда бўлиб ўтган воқеалар билан боғлиқ. Самарқанд давлат университети ўзбек ва тожик филологияси факультетида ўқиб юрган кезларим устоз Худойберди Дониёров билан ота-боладек яқин, дўсту сирдош бўлиб кетган эдик. Бир гал “Муҳим бир иш бор, – деб ёнига чорлади. – Ленинград давлат университети Шарқшунослик факультетидан таклиф келди. Шогирдларингиздан бирини юборинг, талабалар илмий конференциясида ўзбек тилида унлилар ва сингармонизм мавзусида маъруза билан қатнашсин, деб илтимос қилишяпти. Мана, тезисларни тайёрлаб жўнатдик, уларга маъқул”. Домла икки варақ матнни узатди. Кейин давом этди: “Буни сендан бошқаси эплолмайди”. “Мен адабий танқид кафедрасидаман-ку, домлаларимга нима дейман?” дедим сал ўнғайсизланиб. “Уларга ўзим тушунтираман, – деди устоз, – гап тилимизнинг тақдири ҳақида кетяпти. Биласан, зўр шарқшунослар ўша ерда. Зора марказдаги олимлар дардимизни тушуниб, ёзувимиздаги муаммоларни ҳал этишда қўллаб юборса!” Жуда содда эди раҳматли...

 

Дарслар тиғизлиги, зиммамда жамоат ишлари билан боғлиқ кўп ташвишлар борлигига қарамай рози бўлдим. Устоз-шогирд рус тилида маъруза матнини тайёрладик. Умрида Самарқанд сарҳадидан нари қадам босмаган одам қандай қилиб “шимолий пойтахт” – Нева дарёси бўйида пайдо бўлдим, қадимий бинода жойлашган Шарқшунослик факультетига қандай бориб қолдим – ҳануз тасаввур қилолмайман. Бир жиҳати аниқ: Яратганнинг ўзи қўллаб, яхшиларни йўлимга тизиб қўйди!

 

– Тонгги соат тўртга такси чақириб қўйдим, тағин ухлаб қолма! – деди Самарқанддаги ижара уй эгаси – яҳудий Рафаэль бобо.

 

Яшка, ты молодец, едешь защищать свой язык! – деди унинг кампири Сара момо ишнинг моҳиятини тўғри англаб.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, факультетимизда уч йил таълим олгач, ўқишини Москва давлат университети Журналистика факультетига кўчириб кетган Акбар Нурматов Талабалар шаҳарчасидан жой топишга ёрдамлашиб, эртаси куни “Инқилоб бешиги”га кузатиб юборди.

 

Маърузага муносабат қандай бўлди, дерсиз. Биласиз, у юртнинг одамлари сал дангалроқ келади.

 

– Бу масала барча туркий халқларда ҳал этилган-ку! Сизлар нега ухлаб ўтирибсизлар? Биз фақат омад тилаймиз! – деди анжуман раиси.

 

Қадрли ўқувчи!

 

Сизнинг эътиборингизга ҳавола этилган ушбу мақоланинг хамиртуруши ўша пайтдаёқ хотира супрасининг бир чеккасига ташлаб қўйилган эди. Барча фикрлар устозим Худойберди Дониёровники (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!), камина фақат у кишининг васиятини бажариб, сиз   –   “Тафаккур” мухлисларига мақола тарзида ҳавола этдим, холос. Хато ва ўхшамаган ўринлари бўлса, узр сўрайман. Бола исмим арабий, бобо исмим (фамилиям) “қозоқча” – чин ўзбакий эканидан бехижолат имзо чекдим:

 

 

Муртазо ҚАРШИБОЙ

1985–2023 йиллар.

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 3-сон.

“Тилим-тилим тилинган тилим” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси