“Етти аждод”, “етти пушт”, деган иборалар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Масалан, қуда-андачилик ришталарини боғлашда томонларнинг аждодларини суриштириш бугун ҳам бор анъана.
Ген сифатларининг қон орқали авлоддан авлодга ўтишини замонавий тиббиёт ҳам исботлаб турибди. Демак, мазкур тушунчаларнинг пайдо бўлиши ҳамда бизгача етиб келиши бежиз эмас.
Етти авлод фалсафаси ва ота-боболаримизни билишнинг ҳаётий қуввати ҳақида таниқли фольклоршунос олим, филология фанлари доктори, профессор Шомирза ТУРДИМОВ билан суҳбатлашдик.
– Етти аждод тушунчаси ўзбек халқи тарихи саҳифаларида ёзилмаган қоидалар, қонунлар сирасига киради, десак тўғри бўлар. Тарихдан маълумки, ҳар бир уруғнинг ўз тамғаси бўлган. Бугунги кунда жуда кўпчилик бу тамғанинг асл моҳиятини яхши тушунмайди, шу сабабли турлича талқинлар учраб туради. Аслида тамға маълум уруғнинг жамиятдаги ўрнини белгилаган, яъни тамғаси йўқ уруғнинг жамиятда ҳам ўрни бўлмаган. Бундайлар тўй-ҳашамларда, ҳатто жангларда ҳам қатнаша олмаган.
Етти авлодни билиш анъанаси бизга жуда қадим даврлардан мерос келяпти. Бу тушунча нафақат ўзбекларда, балки туркий халқларнинг деярли барчасида мавжуд.
Яқинда этнограф олимимиз Анвар Бўронов Мўғилистонга бориб, у ерда яшайдиган қозоқларнинг турмуш тарзини ўрганди. Уларнинг қабристонига борганида гувоҳ бўлибдики, етти аждод нарида турган бобонинг фамилияси еттинчи авлод вакили қабр лавҳигача битилар экан. Энг асосийси эса, уларда ҳар бир киши етти аждоди ҳақида билиши шарт экан.
Ушбу тартиб ХIХ асргача бизнинг минтақамизда ҳам амал қилган. “Етти авлодини билмаган инсон – қул”, деган мақолнинг пайдо бўлиши боиси ҳам шу.
Етти аждодни билиш ўзи нима учун керак бўлган? Сабаби шундаки, айнан шу маълумотлар ўзаро қуда-андачиликда, янги туғилган чақалоққа исм беришда ҳамда марҳумларни дафн этишда жуда муҳим ҳисобланган.
Нега айнан етти рақами танланган, деган савол туғилади. Хабарингиз бўлса, азалдан тарихимизда муқаддас рақамлар бўлган. Масалан, 3, 7, 40 ва ҳоказо. Бутун саноқлар ана шу анъанавий рақамларда ёпилади. Бунинг ўзига яраша асослари бор ва бу алоҳида мавзу.
Шунингдек, етти авлод ўртасидаги қариндошлик рутбаларининг ўз номи бўлган. Масалан, Хоразмда шу номлашнинг туркийча: ака, бола, оқтиқ, човлиқ, ёвлиқ, ётлиқ атамалари сақланиб қолган. Бошқа ҳудудларда эса ота, ўғилдан бошқа саноқ тартиби арабча: невара, чевара, эвара, дувара, абира ва кабирага ўзгартирилган. Кабирадан кейин бегона бўлади, дейилган. Сабаби, еттинчи авлоддан кейин қон бутунлай янгиланади. Бу эпосларимизда, жумладан, “Алпомиш” достонида ҳам ўз аксини топади.
Достонда бешта авлод тилга олинган. Булар: Довонбий, Алпинбий, Бойбўри-Бойсари, Алпомиш ва Ёдгор. Нега етти эмас, беш авлод? Чунки эзотерик адабиётларда ҳам айтиладики, ҳар бир туғилган фарзанднинг аъмоли ўзидан аввалги икки аждод таъсирида шаклланади. Шу ўринда, ўзидан кейинги икки авлодга ҳам таъсир этади. Саноқ боши ва адоғидаги икки авлоднинг номи эпосда айтилмайди. Сабаби, у алмашиб келаверади.
“Пушт” сўзининг маъносига келсак, бу ҳам аждодга, ҳам авлодга тааллуқли атама. Халқимизда бу билан боғлиқ иборалар кўп. Масалан, “Етти пуштимга васият қилдим”, деймиз. Бу авлодлар ҳақида. Ёки “Етти пуштимнинг номи билан айтаман”, деган иборани ишлатамиз. Бунда гап аждодлар ҳақида кетади.
“Пушт” сўзи форс тилида орқа, елка, бел каби луғавий маъноларни англатади. Ўзбек тилида уруғ, авлод, аждод маъносини ифодалайди.
“Етти пушт” бизда шунчаки саноқ эмас. Биласизки, расмий адабиётлар оила отадан, онадан ҳамда фарзанддан ташкил топади, деб ёзади. Бизнинг халқ анъанасига кўра, оила уч бўғиндан иборат бўлган. Биринчи бўғин катталар, яъни бобо, буви, амаки, тоға, хола ва аммалар. Иккинчиси – ота-она, учинчиси – фарзандлар.
Тарбия катталар томонидан берилган. Бутун оиланинг тарихи, анъаналарини болаларга катталар ўргатган. Ота-она эса уларни боқиш билан шуғулланган. Бугунги кунда айни занжирнинг узилгани учун тарбия билан ким шуғулланиши керак, боғчами, мактабми, деган тортишувлар келиб чиқмоқда.
Аслида, айнан ана шу тартибларнинг тикланиши бу муаммоларга ечим бўларди, деб ҳисоблаймиз. Энг муҳими, шу билан етти авлод тушунчасининг моҳиятини сақлашга эришиш мумкин.
– Уруғни билиш аслида нима учун муҳим? Бу миллатнинг бирлигида, аҳиллигида қанчалик аҳамият касб этади?
– Шуни таъкидлаш керакки, авваллари уруғни билиш, уни авлодларга етказиш амалиётда керак эди. Чунки бусиз инсон жамиятда ўрнини, мавқеини топа олмасди. Ҳозирги глобаллашув даврида бу нарсага эҳтиёж сезилмаяпти.
Киши уруғининг тарихини билгани яхши, лекин бу нарса уруғбозликка сабаб бўлмаслиги керак.
Маълумки, ўзбек халқи учта катта энтик гуруҳдан ташкил топган. Булар – қарлуқ, қипчоқ ҳамда ўғуз гуруҳлари. Шулардан, фақат қипчоқ ва ўғуз этник гуруҳларида уруғчилик бўлган. Лекин бу анъана ҳам турли шароитларда ўзгариб, баъзида давом этган, баъзида унутилган.
Шу ўринда, бизда ўз уруғининг тарихини билиш яхши амал ҳисобланиб келганини қайд этишимиз керак. Сабаби, ўзи ва оиласи тарихини билиш инсон учун халқининг тарихини билишга йўл очади. Шунингдек, мавқе орттириши ҳамда ўзаро муносабатларда позициясини белгилашида асосий ёрдам беради.
Ушбу масалаларда ҳам тиббиёт бугунги кунда анча юқори натижаларга эришиб улгурди. Бугун сиз ўз ген таҳлилингиз орқали кўплаб маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.
Таъкидлаш керакки, айнан уруғ тушунчаси миллатнинг асосини ташкил этади, деган қарашга бормаслик керак. Бугунги кунда миллатни миллат сифатида кўрсатадиган бошқа факторлар ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Улардан бири – тил ҳисобланади. Боиси, тил бўлмаса, тафаккур бўлмаса, миллат ўлган ҳисобланади.
Тил шундай тарихий жараёнки, унда атиги битта инсон сўзласа ҳам бу тилни ўлган, деб бўлмайди. Уни қайта тирилтириш, ривожлантиришнинг чораси бўлади.
Бир нарса муҳимки, бошқа тиллардан қабул қилинаётган сўзларга тил мослашмаслиги керак, балки ўша сўзларни она тилимиз қонунларига, тартибига мослаштириш керак. Мана, масалан, “пушт” деган сўзни Х асрда аждодларимиз қандай маънода қўллаганини билмаймиз.
Айнан, тилнинг сақланиши сўз юритаётганимиз – авлодларни билиш анъанасининг сақланишида муҳим омиллардан биридир.
– Бугунги кунда баъзи инсонлар ўзининг етти авлоди ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Буни қандай аниқлаш мумкин?
– Аниқлашнинг бугунги кундаги ягона йўли – ген таҳлили. Лекин у ҳам ўзида бор имкониятлар ҳамда вариантлар ёрдамидагина таҳлил қила олади. Мавжуд вариантлар бўлмаса, ушбу усул ҳам “жим қолади”.
Иккинчи асосий жиҳати эса инсон ўзини ким деб аташи билан боғлиқ. Бу ўринда ҳам ечим тилга бориб тақалади. Масалан, ўзбек тили она тили бўлган инсон ўзбекча туш кўради.
Тушингизда нималарни кўрдингиз, қаерларда бўлдингиз, қандай инсонлар билан суҳбат қурдингиз… Таҳлил қилиб кўрсангиз, булар ҳам худди уйғоқ ҳолатингиздагидек бир тизимда турганини кўрасиз.
Чунки миллат қайси тилда тафаккур қилса, туши ҳам шу тил билан боғлиқ бўлади. Мазкур жараён тасвирланган бир кино ҳам бор. Унда рус миллатига мансуб разведкачи аёл немислар орасида ишлайди. У умуман рус тилида гапирмаган, бироқ туғиш жараёнида ўзи билмаган ҳолатда “Мама” деб юборади. Ахир унинг тили рус тилида чиққан эди-да.
Яна бир татар киши ўзбекча ёзар, ўзбек тилида сўзлашар эди. Касал бўлган пайтида татар тилида гапирар экан. Бу ҳам инсоннинг руҳий механизмлари билан боғлиқ жараёндир.
Хулоса қилиб айтганда, инсон бу масалада ҳам ўзини ўзи таҳлил қилиши муҳим. Тушлари нима дейди, сезгилари нима дейди ва кимларни кўнгли кўпроқ тортади... Айнан шу жараённинг ўзи ҳам жуда кўплаб саволларга жавоб бўлиши мумкин.
– Маълумки, Марказий Осиё минтақаси халқлари орасида маданиятлар, урф-одатларда чамбарчаслик яққол сезилади. Бу уйғунлашув уруғ, етти авлодларни билиш каби масалаларда ҳам кузатиладими?
– Бизнинг тарихимиз шу пайтгача тескари ёзилган. Битта мисол келтираман. Руслар ўзини индоевропа оиласига мансуб, деб билади. Улар минтақамиздаги аҳоли бу ерларда азалдан яшамаган, кейинчалик келган, деган тушунчани тасаввуримизга сингдирмоқчи бўлди ва бу мақсадларига маълум маънода эришди ҳам.
Туркий қабилалар Ўрта Осиёга бошқа жойлардан келган эмас. Тўғри, кўчиш воқеалари бўлган, бироқ турғун яшайдиган жойи Орол денгизининг қирғоқлари, Каспий денгизининг юқори қисми, бир томони Балхаш, Тяншангача бўлган ҳудудлар ҳисобланган.
Айнан шу чегара ҳудудларида яшаган аҳоли орасида ҳам “қоражонлар” ҳамиша бўлган. Айнан шу қоражон – чегарадаги тоифа туркийларда ҳам, форсийларда ҳам, араб ва хитойлар, руслар умуман ёнма-ён яшаётган барча халқларда бўлган. Бу аралашган қатлам борки, уларнинг ўзини ким деб билиши кўп масалалар ечимининг топилишда муҳим ўрин тутган. Бу ҳолат жуда ҳам қизиқ жараёнлар юзага келтиради. Бу жараён ечимида ҳар бир миллат генидаги бобо мерос менталитетнинг ўрни алоҳида ажралиб туради. Маҳмуд Кошғарийнинг бир гапи бор: “Араблар ўзидан бошқа ҳаммани “ажам” дейди. Агар ажамликлар араб тилини ўрганса ҳам, бу тилда яхши гапирса ҳам, барибир ажам бўлиб қолаверади. Турклар эса ўзидан бошқаларни “сумлум” дейди. Лекин у туркий тилни ўрганса, уни сумлумликдан чиқариб, ўзиникидек қабул қилади”, дейди. Сабаби, туркийлар очиқ, қабул қилувчан миллат. Чунки унинг куч-қудрати тарих мобайнида ёпиқликка эҳтиёж сезмаган. Бу психология ҳалигача давом этиб келяпти, десак муболаға бўлмайди. Тарихга назар солиб қарасак, инсоният ўтмишида энг кўп салтанат барпо этган халқ – туркийлар. Лекин маълумки, уларнинг барчасига тарихан бошқалар эга чиққан.
Туркийларнинг табиати халқ достонларида ҳам ўз аксини топади. Масалан, уларнинг деярли барчасида қаҳрамонлар бошқа ерни босиб олиб, шу юртдан хотин олиб келади. Бошқа халқлар достонларида бунинг тескариси. Улар олиб кетилган аёлларини қайтариб келади. Бу, албатта, халқнинг табиати эпосларда қанчалик равшан акс этганини кўрсатади, мазкур кузатиш эпосшунос Фаррух Жабборнинг кузатиши ва мен буни ҳақли хулоса, деб биламан.
– Ўзбек халқи 92 уруғдан ташкил топгани айтилади. Бу уруғларнинг қанчаси бугунги кунгача сақланиб қолган? Айнан уруғларга бўлиниш анъанасининг аҳамияти сусайиб бориши қандай жараёнлар билан боғлиқ?
– Аввало, шуни таъкидлаш керакки, 92 бовли ўзбек халқи, деган тушунча ўзбек халқининг ҳаммасига тааллуқли эмас. Бу асосий этник гуруҳларнинг барчасида ҳам акс этмаслиги мумкин, лекин улар жам бўлиб, бир асосда бирлашади. Худди шундай бирлаштириб турувчи жиҳатлардан бири рамзлардир. Масалан, халқ қўшиқлари турли ҳудудларда турлича айтилади, лекин улардаги рамзларнинг бирлаштириб турувчи маънолари ягона.
Мисол учун, олма – муҳаббат, рўмол – оила рамзи. Шу ўринда 92 бовли уруғ тушунчаси ҳам бутун миллат сифатида ягона яхлитлик касб этади, десак тўғри бўлади.
92 бовли ўзбек халқи, деган тушунчанинг аҳамияти сусайиб бориши эса, шубҳасиз, юртимизнинг ХХ асрда бошлаган глобаллашув ва бошқа бир қатор ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан боғлиқ. Айниқса ўтган асрниг иккинчи ярми ва сўнгида жараён янада тезлашди. Бу даврда халқлар уруғ ёки қабила шаклида эмас, бутун бир миллат, мамлакат сифатида бирлашди.
– Уруғ ва авлод-аждод билан боғлиқ тушунчалар аҳамияти сақланиб қоладими?
– Авлод-аждод анъаналари янги мазмунда аҳамиятини сақлаб қолади. Аввало, тарих сифатида. Биз киммиз, ким бўламиз, деган савол жавобини тиниқлаштиришда долзарблигини йўқотмайди. Тилда товуш ва феъл туркуми сўзлари қанча садоқатли бўлгани каби тафаккур, тил ва инсон феъли табиати ҳам ўзгармайди. Ана шу ўзак “умуртқа”га зарба берилса, миллат йўқ бўлади. Шундай экан, аслимизни сақлаб қолишда АСЛ сифатларимизда яшашимиз керак. СОЯга айланмаслик зарур. Бунда тил ва тафаккуримиз таянчи генимиз, ген хотирамиздир. Аждод ва авлодларни ёдда тутиш бу йўлда муҳим ўринга эга. Шу маънода авлод-аждод анъаналарига янги мазмун бера билишимиз керак бўлади. Бу эса бугунги авлод зиммасидаги БУРЧ саналади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Жонибек АЛИЖОНОВ суҳбатлашди.
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2023 йил 11 ноябрь, 235-сон.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ