Бахт – бойлик, Тожмаҳал – мўъжиза, қашшоқлик – фожиа эмас – ҳужжатда йўқ қонунлар


Сақлаш
21:04 / 29.11.2023 667 1

Бахт мезони борми, Аломат?!

 

Жаҳон халқларининг бахтиёрлик кўрсаткичи тадқиқ қилинганида, ривожланган давлатлар эмас, қашшоқ давлатлар аҳолиси ўзини бахтлироқ ҳис этиши маълум бўлди. Ойда бир миллион пул топадиганнинг ҳам, юз доллар даромад қиладиганнинг ҳам бахтни ҳис қилиш даражаси деярли бир хил, ҳатто қашшоқларники устунроқ экан. Бир миллион топадиган мардум оз, камбағаллар эса юзлаб баробар кўп. Демак, бир миллион топган юзта одамдан кўра юз минг камбағални бахтли қилиш осонроқ экан-да! Камбағалнинг бир тўйгани – чала бойиганидир.

 

Балки ўзини саодатманд деб юрган “бахтиёр гадолар” (Карло Гоцци) ўз бахтсизлигидан бехабардир? “Балки биз бахтиёр бўла олардик, / Эҳтимол, бахтлимиз, хабаримиз йўқ...” (Рамиз Равшан) Ўзини бахтли деб юрганларга аслида бахтсиз эканини қандай англатиш мумкин? Тарғибот орқалими?..

 

Раҳматли Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” трагикомедиясидаги Аломатхон – совуққон тарғиботчиларнинг типик вакили. У “бахтсизлик коди” билан дастурланган. Механизатор Қўчқорвойга “Сиз бахтсиз одамсиз, фақат буни ўзингиз билмайсиз! Шуям яшашми, Қўчқорвой ака!” деявериб, охири Биринчи май байрами намойишида қизил байроқча кўтариб ўтишу яширинча “юзта-юзта” отишни бахт деб биладиган одамни ҳўнг-ҳўнг йиғлашга мажбур қилади. Астойдил йиғласанг сўқир кўздан ҳам ёш чиқур...

 

Инсонни бахтсиз эканига ишонтирдингиз ҳам дейлик, эвазига нима берасиз? Бахтсиз эканини билиб қолган одам ўзига таскин, тасаллини нимадан, қаердан топиши керак?..

 

 

Гуноҳ ва хато

 

Эҳтимол, илгари ҳам бу ҳол бўлгандир, аммо ҳозир одамларнинг бир-бирини гуноҳкорликда айблаши урчиб кетгандек. Ёшлик кезларимиз гуноҳ нималигини билмасдан яшаган эканмиз. Бугун эса катталар тугул муштдек болалар ҳам бир-бирини маъсиятда айбламоқда: “Сен олчани данаги билан ютиб гуноҳ қиляпсан!” Қўйиб берсангиз, ҳамма гуноҳкор, ҳамма ёқда қизил чироқ!

 

Шу билан бирга, гуноҳ оддий хато, айб иш даражасига тушириб қўйилмоқда. Бири бошқасига дакки бермоқда: “Навоийнинг байтини хато ёзиш гуноҳи азим!” Йўғ-эй! “Одам сўзини инсон деб катта гуноҳга қўл урдингиз!” Ростданми?! Одамдан инсоннинг нима фарқи бор? Иккаласиям қўш бўғинли бўлса! Одамни ҳайвон дегани йўқ-ку! Бу “ҳарфхўрлик”нинг айни ўзи. Мўъжиза рўй бериб, ҳазрат Навоий тирилиб келса, ўша ҳарфхўрнинг танобини тортиб қўйган бўларди.

 

Айбни, хатони гуноҳга тенглаштирмайлик, азизлар. Гуноҳ оддий хатолардан анча оғир келади. Ҳа-я, гуноҳ тарозиси қачондан бери ўзи хатокор бандалар қўлига ўтиб қолди?!

 

 

Етти мўъжиза

 

Бир гуруҳ америкалик мактаб ўқувчиларига дунёнинг етти мўъжизаси рўйхатини тузиш топширилди. Ҳар бир бола вараққа мўъжиза деб билганларини ёзди. Жавоблар йиғилгач, энг кўп зикр этилганлардан еттитаси ажратиб олинди: 1) Миср эҳромлари; 2) Тожмаҳал; 3) АҚШдаги Катта каньон; 4) Панама канали; 5) Эмпайр стейт билдинг осмонўпар биноси; 6) Авлиё Пётр ибодатхонаси;  7)  Буюк Хитой девори.

 

Бир   ўқувчи қиз  жавобини   энг   охирида ийманибгина   топширди. Рўйхат бундай   экан: 1) кўриш; 2)   эшитиш; 3)   идрок этиш; 4)   ҳис қилиш;
5) ўй суриш; 6) кулиш; 7) севиш.

 

Бир қарашда бари оддий, одатий. Аслида эса, улар Оллоҳ фақат инсонгагина тўкис-тугал тортиқ этган мўъжизалардир!

 

 

Шоирлар – шоирлар учун

 

Бугун шеъру қўшиқ ҳам худди тиббиёт соҳаси каби майда тармоқларга бўлиниб кетди. Илгари икки йўлда шеър ёзиларди: ё аруз, ё бармоқда. Ҳозир мўл-кўлчилик: модернизм, постмодернизм, абстракционизм, авангардизм, реализм, сюррелизм...

 

Боз устига, айрим шоирлар фақат шоирлар учун ёзадиган бўлиб қолди. Дейлик, бир шоирнинг беш қаламкаш таниши бор. Бари фақат бир-бирови учун ёзади: кўз олдида улфатлари туради. Қораламаларини бошқалар ўқимайдиям-да!

 

Худди шундай анъана бундан юз йиллар бурун Франция ва Россияда юз берган эди. “Санъат – санъат учун” шиорини байроқ қилганлар авом диди билан қизиқмасди: “Биз омма даражасига тушмаймиз, аксинча, омманинг дидини ўз даражамизга етказамиз, хоҳламасалар – зўрлаш бефойда!” Футуристларнинг дарғаси бўлмиш Владимир Маяковский бир тўпламига “Жамият дидига тарсаки” дея ном қўйган эди. Бу тоифа Навоий, Пушкинни замон кемасидан ирғитиб ташлаш фурсати келди, деб ҳисобларди. Ҳозир футуристларни биров эсламайди, Навоий ва Пушкин номи эса барҳаёт!

 

Ўтган асрда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева омма эътиборини шеъриятга қарата олди: шу томонда бир гап бор-ов! Чиндан ҳам “бир гап” бор эди. Агар мақсад фақат одамлар эътиборини қаратиш бўлса, карнаю ноғора чалиб ҳам буни уддаласа бўлади. Аммо бундай усулнинг умри қисқа. Матбуот, телевидение, машваратлардаги мақтовлар боис бир муддат отнинг қашқаси бўлиб туриш мумкин. Аммо асар мағзи пуч бўлса, муаллиф ўлик отни қамчилаб бораётган чавандозга ўхшаб қолади. Шоир Евгений Евтушенко бундай деган эди: “Шеърларим ўзимдан кейин яшаб қолишига унчалар кўзим етмайди. Уларнинг аллақанчаси ҳаётлигимда жон бериб бўлди. Аравага қўшилган отларим ўлиб бўлган, мен эса уларни тезроқ юришга қичаётган аравакашга ўхшайман”.

 

Евтушенко шундай деб тургандан кейин қолганлар нима десин?!

 

 

Ниқоб устаси

 

Хитой киноижодкорларининг “Оскар” мукофотини олган “Ниқоб устаси” деган фильми бор. Унинг қаҳрамони Мао Цзедун даврида шаҳарма-шаҳар юриб, кўҳна санъат – ниқоб алмаштириш ҳунарини намойиш қилади. Шамолдек тез ҳаракат қилиб, юзидаги ипак қоғоздан ясалган ранг-баранг ниқобларни усталик билан алмаштиради. Бир қарасангиз чол, бир қарасангиз йигит, бир қарасангиз аёл, бир қарасангиз аждар...

 

Ижтимоий тармоқда на исм-фамилияси, на сурати тайин муштарийлар учрайди. Албатта, ҳаммани бир текисда қайчилаш фикридан йироқман, аммо битта тиррақи бузоқ бутун подани булғаши рост. Тармоқда ўз суратини яшириб, бошқа қиёфада чиқадиганлар ўша ниқоб устасини эслатади. Бир ҳафта Робин Гуд, бир ҳафта Султон Сулаймон, бир ҳафта қарчиғай, бир ҳафта сиртлон...

 

Ниқоб бандасининг икки қизиқиши бир-бирини рад этади: у машҳур бўлишни истайди, аммо “разведкачи”, “жосус”лик стихиясини жиловлай олмайди... Худди энди-энди шеър ёзиш касалига чалинган каби: илк машқларини бировга кўрсатишга тортинади, аммо шоирлик даъвосидан воз кечолмайди...

 

 

“Ўлмайдиган” мардум

 

Қартабозлик қилганлар яхши билади: “туз кўзир”га тенг келадигани йўқ, ўзидан кичик ҳамма қарталарни босиб ташлайди. Ҳаётда ҳам ана шундай “туз кўзирлар” бор: бола учун ота, аёл учун эр, ходим учун раҳбар...

 

Одамзод табиатан ўлимдан қўрқади. Ажал бевақт келиб ҳамма орзу-ҳавас, ният-мўлжалларни бекор қилиб ташлайди-да. Айбланувчи суддан, маҳбус қамоқдан, қарздор қарзидан, муаммолар исканжасида қолган одам ғамлардан, бир-бирининг жонига тегиб кетган эр-хотин бахтсиз турмушдан, мамлакат мустабиддан қутулади.

 

Одамлар бир-бири билан даъволашганда ҳам ўлимни “туз қарта” каби ишлатади: “Ўлмайман деб ўйлайсанми?!”

 

Ўлимга чап берган одамни кўрмадик. Тармоқларда ҳам бир-бирига гўрни, кафанланган майитни, совуқ қабрни юборишлар тез-тез учрайди – туз қарта ишга солинади-да (гўё даъвогарнинг ўзи ўлмайдигандек!)

 

Аслида, ўлим у қадар қўрқинчли нарса эмас, бари ундан кейин бошланади. Мирзо Бедил битмишки:

 

Мурда ҳам маҳшар учун овора,

Ором олмоқ нақадар душвордир.

 

 

Уят ҳақида

 

Бизлар ғирт “уятсиз” даврларда яшаган эканмиз-да! Одамларда андиша, бировдан уялиш дегани йўқ бўлган экан. Уйларимиз ночор, таъмирталаблигидан уялмасдик. Бир сидрагина кийимимиз борлигидан сира хижолат тортмасдик. Бетимиз қаттиқ бўлган эканми... Ҳозир бир кўйлакни икки марта кийишдан уяладиганлар бор.

 

Дастурхонларни айтинг, дастурхонларни! Меҳмон олдига суви қочган нонни қўйиш “уят”лигини билмаганмиз. Истиҳола қилмай чегаланган, одми оқ пиёлада чой узатиб юрган эканмиз. Меҳмонлар ҳам аяганми, юзимизга солмаган. Ҳозир шундай пиёлада чой узатинг-чи, меҳмон нега келгани ҳам эсидан чиқиб, инглизлардек хайр-маъзурни насия қилиб кетиб қолади.

 

Қизлар ота-онаси олиб берган ўғил болалар туфлисини кийганча мактабга қатнашдан уялмаган. Пайпоқни ямаш ёки икки оёққа турли ранглисини кийиш ҳам айб эмасди. Пайпоқ учидаги йиртиқдан бошмалдоқ чиқиб туриши оддий ҳол эди.

 

Қандай замонларда яшадиг-а, ёронлар!..

 

 

Бойлик – бепарволик

 

Бир дўстимиз бой давлатларга камбағал давлатларнинг кучи етмайди, дея фикр билдирибди. Бобо тарих эса бу фикр ҳамиша тўғри бўлмаганини уқтиради. Кўҳна Римни вайронага айлантирганлар маданиятсиз ва қашшоқ варварлар бўлса, Бағдод халифалигининг кучини қирққанлар ҳам эзилган халқлардан иборат исёнчилар эди.

 

Одатда, бойлик жамиятда бепарволикни келтириб чиқаради.

 

Ҳанс Кристиан Андерсеннинг “Ақл бовар қилмас иш” эртагида қирол “Кимки ақл бовар қилмас мўъжиза яратса, ўшанга қизимни бераман!” дея жар солдиради. Ҳамма ажабтовур ҳунарлар кўрсата бошлайди. Аммо улар орасида энг ақл бовар қилмайдигани маҳобатли саройнинг кичрайтирилган макети бўлиб чиқади. Унда ҳамма нарса муҳайё, ҳатто қиролу қиролича, хизматкорлар худди жонли каби ҳаракат қилар эди. Чироқлар чароғон, боғда булбуллар шодон! “Мана, ақл бовар қилмас мўъжиза! Бундан зўрини ўйлаб топиш душвор”, дея тан беради қирол.

 

Шу маҳал талабгорлар ичидан бақалоқ йигит чиқиб келиб, “Бундан ҳам зўр мўъжиза кўрсатаман!” дейди. Ҳамма ҳайрон: “Наҳотки?!” Қирол амр қилади: “Қани, кўрсат ҳунарингни!”

 

Бақалоқ стол устидаги сарой макетини мушти билан бир уриб ерпарчин қилади, пайраҳалар ҳар томон сочилади. Издиҳомнинг дами ичига тушиб кетади. Ҳатто қирол ҳам бир неча сония ўзига келолмайди ва ниҳоят тан олади: “Тўғри айтдинг, бу ишинг ҳаммасидан ошиб тушди!”

 

Шу тарзда муштумзўр бақалоқ ҳукмдорга куёв бўлади.

 

Даниялик адиб ҳам Қуръони каримдан хабардор бўлганми дейман. Шундай ажойиб оламни яратган Холиқ Эгам вақти-соати келганда бир ишора билан уни кунфаякун қилади – Қиёмат содир бўлади.

 

Сиз эса қудрат бойликда дейсиз...

 

 

Ўтроғу жаҳонгаштани танламас...

 

Мода, аслида, ожизларнинг иши. Ўртамиёна киши оммавий мода кетидан чопади. Диди нозик бойваччалар эса ҳеч кимда йўқ нодир либос кийсам дейди. Баъзилар ўзи учун ейди, бошқалар учун кийинади. Уйида қирқямоқ жандада, кўча-кўйга чиққанда пасон!

 

Модага эргашув мажбурликдан, танлаш имконияти йўқлигидан ҳам юз беради. Илгари дўконларга янги газлама келганида ҳамма бир хил матодан кўйлак тиктириб кияр эди. Масалан, бир вақтлар ҳаммаёқни маҳбусларники каби йўл-йўл хитойча эркаклар кўйлаги босди. Қишлоқдан шаҳарга қиз узатиб келган автобусдан аввал аёллар тушади: ўн етти яшаридан етмиш яшаригача – ҳаммасининг эгнида “Салом, баҳор” деб аталган, сариқ фонда қора баргли қизғалдоқлар тасвири туширилган матодан тикилган кўйлак. Эркакларни кўриб шаҳарликларнинг оғзи очилиб қолади – барининг эгнида маҳбусларникига ўхшаган йўл-йўл кўйлак!

 

Кейинчалик танлов имконияти пайдо бўлгач, аёллар олдинга чиқиб кетди. Энди улар тўйга боришдан аввал бир-биридан қанақа кўйлак кийишини суриштирадиган бўлди. Илгари дугоналар бир хил кийинамиз, эгизаклардек кўринамиз деган бўлса, энди бир-биридан ажралиб туришни хоҳлаб қолди.

 

Сираси, мода ожизларни бошқарадиган даврда яшамоқдамиз. Телевизор, газета, интернет жар солади: “Кузда яшил ранг урфга киради. Ғафлатда қолманг!”, “Яшил тусли либослар, пойабзаллар, сумкаларда тенги йўқ ҳурилиқога айланасиз!”

 

Бу ёқда автомашина, музлаткич, телевизор, телефон, идиш-товоқ, гиламлар кўз-кўз қилинади. Бадавлат, аммо руҳияти заиф кишилар бисоти мўл-кўл бўлса-да, янги урфга кирган маҳсулотларни ҳарислик билан сотиб олади – эскиларини қариндошларга пешкаш қилади ё кўчага чиқариб қўяди.

 

Мода инсон тафаккурига ҳам ўз ҳукмини ўтказаётир. Ўтган йил урф бўлган фикр бу йил эскиради. Урфдаги фикрлар ҳафтасига ўзгариб кетмоқда! Тренддаги “ноёб” хорижий фикр қулоғига чалиниб қолганлар бу гаплардан бехабар бандаи ғофиллар устидан кулади: “Ҳе-э, садқаи маҳалла кетинг-эй!”

 

Ўлим кекса-ёшни танлаб ўтирмаганидек, урфдаги фикрга бандилик ҳам ўтроғу жаҳонгаштани танламайди. Кўр ушлаганини, кар эшитганини қўймайди деганлари шумикан?..

 

 

Юрак гардларин арт

 

Адиблар оламини кўрмоқ, кашф этмоқ осон юмуш эмас. Бу оламнинг атрофини ўраган деворда тирқиш ҳам, дераза ҳам бор. Уларнинг қай биридан қарашга кўра бу сирли олам ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Жимитдек тирқишдан қараганга у тангу тор бўлиб кўринади, кенг деразадан қараган эса улкан манзараларга шоҳид бўлади.

 

Ташқи оламдан олинадиган таассуротлар кўрадиган кўзнинг қанчалар тийраклигига ҳам боғлиқ. Кўзига шапоқ тушган одамга ёруғ дунё намозгар ғира-ширасидан иборат бўлиб туюлиши мумкин. Деразаси хира тортиб кетган аёл қўшни беканинг дорга осган кирларини кўриб, “Бунчалар ношуд экан, чойшабидаги доғлар манаман деб турибди. Уларни кўзкўзлашдан уялса бўларди!” деган экан.

 

Юрак ойнасидаги кир доғлар билан оламга боқадиган кишининг дили ҳузур кўрмайди. То ўз кўнглингда интизом жорий қилмас экансан, ташқи олам лўлининг тўрвасига ўхшаб туюлаверади. Ахир, “Иллат излаганга иллатдир дунё!” (Садриддин Салим Бухорий).

 

Яна Мирзо Бедил пандига қулоқ солсак:

 

Юракдан гардларинг арт, то тириксан

интизом бахш эт,

Ахир, файзи бўлак тартибга солмоқнинг

дўконларни.

 

 

Газета тилини ким ўйлаб топган?

 

Каминанинг шеърлари расмий газеталарга тўғри келмайди. Уларни ўзгартириш, “рамка”га солиш сўралади ёки умуман рад этилади. “Сиз Доғларжанинг шеърларин газетлардан тополмагайсиз!”

 

Сабаб нимада? Сабаб – газета тилида!

 

Газета тили қандай пайдо бўлди ўзи?

 

Ўзбекистонда XX аср бошларида газеталар чоп этила бошлади. Жадид маърифатпарварлари эркин, ширали тилда ёзгани маълум. Кейин шўро тузуми майдонга чиқди – расмий газеталар кўпайди. Муаллифлар эса аксар эски жадидлар бўлиб, улар халқ тилида ёзмоқни канда қилмади.

 

Кейин цензура ва цензорлар пайдо бўлди. Цензорлар ё “катта оға”лардан, ё чориғини судраб юрган маҳаллий йўқсиллардан эди. Улар газеталардаги жонли халқ тилини тушунмасди: “Шу сўзлар ўзбекчами? У ҳолда нега мен билмайман? Мен ҳам ўзбек ота-онадан туғилганман, ахир! Шевада ёзиш ман этилсин! Ягона тилга ўтилсин! Муқобил тил, халқ оғзаки ижоди бекор қилинсин!”

 

Бош муҳаррирлар саводсиз цензорлар билан олишавериб, энасини учқўрғондан кўрарди. Муҳим материалларни бош муҳаррирнинг ўзи терлаб-пишганча цензорга тушунарли тилга ўгирар, ходимлар, муаллифлардан ҳам шуни талаб қилар эди. Одамзод сабрининг ҳам чеки бор. Тезда жадидлар ҳам “шамол тегирмони” билан жанг қилишни тўхтатди, кўплари қамалиб, отилиб кетди...

 

Унутилган тилнинг жозибаси ҳамон кучли. Аммо расмий лисонни ёқлаганлар ҳам бўш келмаётир. Халқ тилини оммавий ахборот воситаларига яқинлаштиргиси йўқ уларнинг. Чунки танглай газета тили билан кўтарилган.

 

Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев сурхон шевасида гапирган ёш ҳамюрти Бахтиёр Олломуродни “Желаган тилларингга асал!” деб алқаган экан.

 

Шоир оғам Матназар Абдулҳаким умрининг охирида ўғуз лаҳжасида шеърлар битди. Тўғри, ўқувчидан ютқазди, аммо муҳаббат қурбонлик талаб қилиши маълум...

 

Лаҳжалар яшаб қолиши керак! Улар бугун пайдо бўлмаган, эҳ-эй, қанча сарҳадлар ошиб, неча мозорлар босиб келган!

 

Тилингдан ўпай, Ўзбегим!

 

 

Алвидо, қурол!

 

Икки киши айтишиб қолди. Ҳар иккиси жаҳл билан ёнидан телефонини чиқариб, ўзаро жанжални тасвирга ола бошлади.

 

– Ташла қуролингни! – деб ўдағайлади бири.

– Аввал ўзинг ташла! – деди бошқаси.

 

Кейин икковлон атрофдаги томошаталаб мардумларга бақирди:

 

– Ҳамма қуролини ташласин!

 

 

Оқ туянинг думи

 

Туяни ютса думини кўрсатмайдиган дўстим бир гал хатога йўл қўйди...

 

Мажлисга шошганча хизмат машинасига ўтирган раҳбаридан ҳайдовчиси ҳайрон бўлиб сўради:

 

– Оқ туя ютдингизми?! 

– Нима деб алжираяпсан, бола! Оқ туяниям, кўк туяниям кўрганим йўқ!

– Эҳтиётсизликдан ютворганга ўхшайсиз ё ўзи оғзингизга кириб кетгандир?

– Жумбоқ қилмай гапир!

– Оғзингизнинг бир четидан оқ туянинг думи осилиб турибди, хўжайин! Ҳарҳолда, каттаконнинг олдига боряпсиз, сал у ёқ-бу ёғингизни эпақага келтириб олинг. Ёмон назар тушмасин дейман-да.

 

Раҳбар ойнага қараса, оғзи четидан туя думи осилиб турибди! Икки қўллаб ичкари тиқса ҳам яна чиқиб келяпти. “Тўйибманми, нима бало?”

 

– Пичоқни узатвор, Мамарайим!

 

Ҳайдовчи узатган пичоқ билан оғзига сиғмаган бир қарич думни шартта кесган амалдор машинадан улоқтирмоқчи бўлди-ю, шуям рўзғорда асқатар, дея шими чўнтагига солиб қўйди.

 

Қозондек қоринга сиғмаган дум кичик чўнтакка сиғармиди! Мажлис бўлаётган бинога етган заҳоти ичкарига югурган раҳбарининг ортидан қараб қолган ҳайдовчи пешонасига муштлади: бояги думнинг шокилали учи чўнтакдан чиқиб шамолда ўйноқлаб борарди. Аммо бошқа манзарани кўрган ҳайдовчининг кўнгли жойига тушди  – ўнлаб амалдорнинг бирининг оғзидан, бош­қасининг шими чўнтагидан оқу кўк туянинг бир қарич думи ҳилпираб кўринарди. Туя ютган биргина унинг хўжайини эмас экан...

 

 

Шиорларга ўраниб...

 

Уста Салим колхоз дурадгори эди. Шу сабаб симёғочу пештоқларга осиладиган шиорларни эскирганидан кейин ечиб олиш ҳам унга тан. Ранги ўчган алвонларни йиртилиб кетмасин дея чорчўпдан эҳтиётлаганча сидириб оларди. Чорчўпларни эса аямасди: қанча синса, уйига олиб кетади. Бутунларига янги шиор қопланади. Авайлаб сидирилган эски шиорларни тугиб хотинига олиб боради. Бу ёқда етти тирмизаги бор, уларга иштон-пиштон тикиб бериш керак. Қизил иштонлилар оиласи десангиз ҳақингиз кетмайди. Гарчи ранги ўчмаган астар тарафи ташқарига тикилса ҳам, шиорлар билиниб туради. Бир боласининг иштони орқасида “КПСС” деган сўз тескари жой олган. “Леонид Ильич Бреж...”  – давоми бошқа тирмизакнинг иштонида. Биз эса шиору битикларни тескари ҳолида ҳам ўқиб, аслига тиклаб оламиз...

 

 

Дезинформация балоси

 

Дезинформация – ёлғон маълумот билан мамлакатлар, компаниялар, машҳур шахсларнинг обрўсини тўкиш, акциялар қадрини тушириш, ҳатто уруш бошлаш мумкин. Шундай товламачилик намунаси ёзувчи Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” романида келтирилган.

 

Эдмон Дантес рақибидан ўч олиш учун аббат Фариа образида Атлантика океани орқали ўтган телеграф кабелидаги маълумотларни Парижга юборувчи алоқачи ходим олдига боради. Унга катта пул бериб, “АҚШдан келаётган фалон кема ҳалокатга учради, банкирлар чўкиб кетди, фалон тонна олтин ҳам уммонга ғарқ бўлди” мазмунида телеграмма жўнаттиради. Мўмай пулни қўлга киритган алоқачи жуфтакни ростлайди.

 

Нохуш хабар етиб борган заҳоти бадавлат ширкат акциялари баҳоси тушиб кетади, Граф Монте-Кристо эса уларни сувтекинга сотиб олади.

 

Бир ҳафтадан кейин “чўкиб кетган” кема Францияга етиб келади. Компания акциялари нархи яна кўтарилади. Уддабурон граф эса энди уларни сотиб, маблағини юз баробарига кўпайтириб олади.

 

Бу кўҳна усул ҳозир унутилган деб ўйлайсизми?..

 

 

Арзанда адолат

 

Адолат мезонини адабиёт, журналистика, суд ҳужжатлари, ҳаётдан топишга уринамиз. Аслида, унинг мутлақ собит мезонлари йўқ. Адолатни топдим, тутдим деганингизда ҳам, у бармоқларингиз орасидан симобдек чиқиб кетади. Воқеликнинг олдидан қарасангиз – адолат, ортидан қарасангиз – адолатсизлик. Ракурсни ўзгартирсангиз, унинг бошқа ёқимли-ёқимсиз тарафлари намоён бўлаверади.

 

Қўшхотинликда одил бўлиш мумкин дейишади. Одам гоҳида кўз очиб кўрган рафиқасининг ҳақига тўлиқ риоя этолмайди-ку!.. Кези келганда яккаю ёлғиз фарзандга нисбатан ҳам адолатли муносабатда бўлиш амримаҳол.

 

Адолатни на метрлаб, на килолаб, на литрлаб ўлчаб бўлади. Жон бошига тақсимлаганда ҳаммага тенг – бир қаричдан, бир кафтдан, бир муштдан тегди дейлик, аммо ўшанда ҳам бундан кимдир хурсанд, кимдир хафа бўлиши аниқ: “миннат билан тарқатди, норози бўлиб берди, лаҳм эмас, чандир жойи тегди” қабилидаги минғир-минғирлар чиқаверади.

 

 

Ҳаётнинг астари

 

Бир ёш шоирнинг гапидан роса ҳайрон бўлдим: “Мен ҳақимда бўлмағур гаплар қулоғингизга чалинса аҳамият берманг, бари душманларимнинг иши!”

Қанчалар “камтарлик”! Ёш бошига душманлари ҳам бор экан!..

 

Шу ёшга кириб, “Душманларим бўлиши ҳам мумкин” деган фикр миямга келмаган экан. Мен ҳақимда миш-миш, ғийбатлар борлигини кўп ҳам ўйламаганман. Тўғри, рафиқам кўча-кўйдан гап топиб келарди: “Сизни фалон-писмадон дейишяпти! Кўзингизга қараб юринг, обрўни ўйланг!”

 

Одам патгиламга ўхшайди, тез-тез чангини қоқиб туриш керак. Худойимнинг савоқ чўпи ўша ғийбату синовлардир. Сиз ҳақингизда ёмон гап тарқатганлар душман эмас. Одамнинг энг катта душмани – унинг ўзи, кибру ҳавоси!

 

Менга панд бериб кетганлар ҳақида фақат илиқ гап айтаман: улар сабабли ҳаётнинг астарига кўз ташладим, тажриба орттирдим. Фақат дўстларим ва омад кафтида юрганимда нимани ҳам билардим!

 

Шахсиятимга доир гапларга унчалар қизиқмайман, ўзимдан ошириб бирор нарса дейишлари қийин. Дангалини айтганда, бировларнинг паст-баланд фикридан, ҳақоратидан титроққа тушадиган даражада ожиз эмасман...

 

Оллоёр ХЎЖАНДОВ

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 3-сон.

“Юрак ойнасига боқиб” мақоласи

1 Изоҳ

Баходир

23:04 / 25.04.2024

Ассалому алайкум. Катта Рахмат, Доимо барча матиралларни колдирмасдан укишга харакат килиб бораман.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//