Чордоқ, қабристонларда яшириб сақланган китоблар – “Жадид куллиёти”да нималар ёзилган?


Сақлаш
15:11 / 24.11.2023 648 0

Сўнгги йилларда юртимизда жадид адабиётини ўрганиш ва уларнинг асарларни чоп этиш борасида хайрли ишлар амалга оширилди. 2000 йилдан бошлаб “Ma’naviyat” нашриёти “Истиқлол қаҳрамонлари”, кейинчалик “Она юрт фидойилари” номи билан жадид адабиётига катта ўрин ажрата бошлади. 2017 йилда “Info Capital Group” нашриёти Абдулла Қодирийнинг мавжуд барча асарлари: мақола, фельетон, шеър, ҳикоя, қисса, роман ва адиб ҳақидаги хотиралар жамланган 5 томликни нашр этган эди. 2022 йилда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан “Yoshlar nashriyot uyi”да ҳар бири 23.000 нусхада чоп этилган “Жадидлар” тўпламида ўзбек жадидчилигининг 8 нафар йирик вакили: Ғулом Зафарий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, асарлари ҳақида китобхонга қисқа маълумот берилди.

 

Яқинда “Zabarjad media” нашриёти хайрли ишга қўл уриб, филология фанлари доктори Шаҳноза Назарова ғояси ҳамда нашриёт директори Маъмура Қутлиева ташаббуси билан жадидлар даврида эски ўзбек алифбосида чоп этилган ва бир асрдан бери табдилини кутиб ётган 8 та тўпламни “Жадид куллиёти” туркумида лотин ёзувида чоп этди. Куллиётдан “Сабзазор”, “Булоқлар”, “Уйғониш”, “Адабиёт парчалари”, “Ичкари”, “Ўзбек ёш шоирлари”, “Улуғ Туркистон”, “Гўзал ёзғичлар” тўплами жой олган. Китобнинг ҳар бири ўша давр адабий муҳити, ижтимоий ҳаётини акс эттириши ва муаллифларнинг ўзлари тартиб бергани билан ҳам қимматлидир. Ушбу куллиётни жадидлар томонидан тузилган “ижодий гулдаста” дейиш ҳам мумкин. Аммо улар шу кунгача турли кутубхоналар, фонд ва архивлар токчаларида чангланиб ётган эди. Бугун улар китобхонлар қўлига етиб борди. Куллиёт ватани ва миллати учун шаҳид кетган халқимизнинг оташқалб фарзандлари хотирасига бағишланади.

 

 

“Жадид куллиёти”ни “Сабзазор” тўплами очиб беради. Баёз 1914 йилнинг 12 августида Тошкентда Илин босмахонасида нашр қилинган. Аслиятда 49 саҳифадан иборат ушбу тошбосма китобни Мунавварқори Абдурашидхонов тўплаб, нашрга тайёрлаган. Тўплам анъанавий басмала (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, дея Аллоҳ номи билан)дан бошланиб, идора номидан ҳамд ва наът келтирилади. Шу билан бирга, “Ҳадяйи ожизонамиздир бу” дея таъкидланади. Сўнгра Саидаҳмад Васлий, Сўфизода Муҳаммадшариф, Абдулла Авлоний, Хислат, Тавалло, Сиддиқий Ажзий, Холид Саид, Мискин, Ҳамза, Мирмулла, Аҳқарий, Афандихон, Лайлихоним каби ижодкорларнинг таҳририятга йўллаган табриклари ва миллий мавзудаги ғазал, мухаммас, мусаддаслари берилади, сўнг хотима билан якун топади. Китоб жадид зиёлилари таъсис этган “Садойи Туркистон” газетаси саҳифаларида эълон қилинган материаллар асосида, баёз шаклида тартибланган. Китобнинг унвон варағида тўпловчи ва ношир Мунавварқорининг “Садойи Туркистон” жаридасина шеър ёзиб тургон ёш шоирларимизнинг даруни дилларидан чиқориб, миллати исломиянинг аҳволи ҳозирасин гўзал суратда тасвир этгон миллий шеърларини миллат хотирида абадан қолдирмак орзусинда аксарларининг мусоидайи миллатпарварлари ила бу рисола тартиб ўлунди” деган изоҳи келтирилган. Тўпламдан ўрин олган шеърларни юрт, миллат қайғусида ёнган жадидларнинг оҳлари дейиш мумкин. Буни Сўфизоданинг:

 

“Қумри билан булбулу бедоналар,

Яхши ўқур, сиз ҳам ўқунг, оналар!”

 

 деган даъватидан ёки Мискиннинг:

 

“Уёнди барча миллат, биз ҳануз ғафлатга қонмаймиз,

Гумон уйқудамиз, юз минг садо ўлса уёнмаймиз,

Жаҳон илм ила обод ўлди, дерлар, биз инонмаймиз,

Ўқуб биз ҳам ўзумизни нечун одамга сонмаймиз,

Ажаб бидъатпарастдурмиз адо бўлдик, ўсонмаймиз,

Хароб ўлдик жаҳолатдин ҳануз ҳам, оҳ, ёнмаймиз!”

 

каби мисраларидан ёки Ғофилнинг:

 

“Кўзинг оч, аҳли Туркистон, букун рўзи надоматдир,

Ҳама миллат тараққийда бизим миллат касолатдир.

Нечун биз илм, санъатдин ҳамиша инқироз этдик,

Бунга боис ҳамиша ўзаро чиқғон адоватдир”

 

каби куюнчларидан ҳам билиш мумкин. Тўпламда бундай мисоллар ниҳоятда кўп. Мухтасар айтганда, “Сабзазор”дан ўрин олган 47 та шеърнинг барчаси бошдан охир халққа мурожаатдан иборат бўлиб, миллатнинг руҳини уйғотишга қаратилган.

 

Иккинчи тўплам Чўлпоннинг 1922 йилда Тошкентда Туркистон жумҳуриятининг давлат нашриётида чоп этилган “Уйғониш” тўплами бўлиб, шоир уни худди ҳазрат Навоий каби яратган. Китоб муҳташам “Хамса” каби беш қисм, яъни беш фаслдан иборат бўлиб, “Юрт қайғуси”, “Умид ва иймон”, “Чўрилар учун”, “Сезгилар” ва “Севги” деб номланган. Тўпламнинг унвон варағида Чўлпоннинг “Нечун очилди кўзим, қайда кетди уйқуларим? Бу уйғонишда тўлиб-тошди, ошди қайғуларим...” деган оғринчлари бор. Мазкур тўпламнинг аҳамияти шундаки, унга Чўлпоннинг ўзи тартиб берган бўлиб, ундаги айрим шеърлар, масалан, “Зиёйи қамар” шу пайтгача эълон қилинган тўпламларда учрамайди... Бундан ташқари, мактаб дарсликларига киритилган ва сизу биз ёд олган “Халқ” шеъридаги айрим товуш ўзгаришларини ҳам айнан шу тўпламдан топа оласиз. Бундай таққосларни кейинги “Булоқлар” тўпламида ҳам учратиш мумкин.

 

 

“Булоқлар” 1923 йилда Туркистон давлат нашриётида чоп этилган бўлиб, Чўлпон мазкур тўпламни ҳам “Хамса” каби беш фаслга ажратган. “Шарқ учун”, “Сезгилар”, “Севги”, “Қора йўллар” ва “Қор қўйнида” деб номланган ушбу фаслларда шоирнинг дарди сирқираб турадики, бу китоб ўз даврида Туркистон болаларининг юракларини қандай жизиллатган бўлса, бугунги миллат ёшларини ҳам шундай кўйга солади. Тузувчи Шаҳноза Назарова таъкидлаганидек, “Чўлпон тасаввурида бир мангу ташналик, икки мангу булоқ бор. Бири кўкларга салом берган тоғлар бошида жаннат булоғидек кўз очган-у, истибдоддан бузилган ўлка бўйлаб сирқираб оқаётган, томчилари ёшга айланган булоқ. Яна бири бўлса – ишқ булоғи. Чўлпон юрагидаги мангу ташналик шу икки булоқ атрофида айланади, аммо истибдод ва ҳижронда шўр ёшларга айланган бу булоқлар ташналикни босармиди?” Ахир Чўлпон бежизга китобнинг унвон варағига “Жаҳон фотиҳлари чангалида эзилиб ётқон Шарқ ўлкаларига бағишланадир” деб ёзганми? Тўпламдан ўрин олган “Ёнғин”, “Гелиёрсанг”, “Мастликда”, “Қилич ва қон”, “Қизларнинг дафтарига”, “Ишқ йўли”, “Ишқ”, “Кетдинг”, “Улуғ йўловчига” каби шеърларни Чўлпоннинг шу кунгача чоп этилган нашрларида ўқимаганмиз. Қолаверса, давр тўфонларидан омон ўтган ва мактаб дарсликларига киритилган “Бузилган ўлкага”, “Бинафша” шеърларидаги тафовутлар ва товуш, ҳарф алмашишларни ҳам айнан шу китоб орқали таққослаб кўриш имкониятига эга бўласиз.

 

“Ўзбек ёш шоирлари” тўплами 1922 йилда Туркистон давлат нашриётида чоп этилган бўлиб, аслиятда 105 саҳифадан иборат. Сўзбоши муаллифи Шаҳноза Назарова таъкидлаганидек, ушбу китоб ўз даврида Туркистон халқлари учун бир ёруғлик, бир нажотдек, ёниб турган чўғдек юракларни ўртаган, кўкрак чўнтакларда, юрак устида сақланган, тақиқ замонларида эса юракларга кўмилган китоб чордоқларда, қабристонларда “яшаган”. Китоб сўзбошида “Ўзбек билим ҳайъати” томонидан “Адабиёти юксалган бир элнинг билим-ҳунари-да юксалгусидир. Бир элнинг адабиёти қанча юксалса, унинг билим-ҳунарининг-да шунча юқорилашғонлиги англашиладир”, деб катта умид ва ишонч билдирилган. Бу тилак ва умидлар Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Элбек ва Боту шеърлари, уларда кўтарилган юксак маърифий ғоялар, ҳуррият ва ишқ, миллат қайғуси билан юзага чиқади. Тузувчи таъкидлаганидек, “китобда сўзбоши ҳайъат номидан берилган бўлса-да, унда Фитрат қалами ва нафаси аниқ намоён бўлади”. Тўпламдан Фитратнинг, Чўлпоннинг 14 тадан, Элбекнинг 21 та, Ботунинг 10 та шеъри ўрин олган. Уларни бошқа тўпламлардан жой олган шеърлар билан қиёсий ўрганиш эса галдаги вазифалардандир.

 

“Улуғ туркистон” куллиётдан ўрин олган навбатдаги тўплам бўлиб, 1917 йил 25 апрелдан то 1918 йилнинг 30 ноябригача қисқа муддатда фаолият юритган ва дастлабки сонлариданоқ мусулмонлик ва турклик муҳимлиги алоҳида таъкидланган газета номи билан боғлиқ. Газета “ўртоқ бир шева” орқали барча ўқувчиларни бирлаштиришни кўзлаган эди. Тадқиқотчи Акмал Аззамқуловнинг таъкидлашича, “Улуғ Туркистон” газетасида хабар ва мақолалар маълум мавзудаги рукнларга ажратиб босилган. Масалан, биринчи саҳифадаги эълонлар қисмидан кейин долзарблиги юқори бўлган ўртача ҳажмдаги мақолалар берилган. Ҳажман катта бўлган мақолалар иккинчи ва учинчи саҳифаларнинг пастки қисмларида бериб борилган. Агар мақола бу қисмда ҳам сиғмаса, давоми кейинги сонларга қолдирилган”. Эътиборли жиҳати, газетанинг биринчи бетида доимий равишда эълонлар бериб борилганидир. Эълон баҳоси: биринчи саҳифада бериш 50 тийин, охирги саҳифада бериш – бир сатри 30 тийин бўлган бўлиб, бундан келадиган даромад газета сарф-харажатларини қоплаш учун хизмат қилган. 1917 йилнинг кузига келиб газетада “Адабиёт” рукни ҳам берила бошланган. Қизиғи, таҳрир ҳайъати фақат шеърларгагина адабий асар сифатида қараган. “Куллиёт”дан ўрин олган тўпламда айнан ана шу бўлимда эълон қилинган Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Ҳамза, Ҳоди Тоқтош, Ҳидоятулла Алиев, Латифий, А.Бегий (Абдулла Мустақаев) шеърлари ва миллий адабиёт, алифбо тарихи, ёшлар масаласига, “...эзилган миллатнинг ҳақиқий душмани жаҳолатдир” эканлигига оид долзарб мавзудаги қатор мақолалар ўрин олган бўлиб, улар нафақат китобхонлар, балки тадқиқотчилар учун ҳам ниҳоятда қадрлидир. Бундан ташқари, тўпламга “Улуғ Туркистон” газетасида эълон қилинган материаллар рўйхати ҳам келтирилган.

 

“Адабиёт парчалари” талабалар, ўқитғучилар ва умуман, адабиётни севгучилар учун терма дарслик – христоматия бўлиб, 1924–1926 йиллар оралиғида Чўлпон ва Ашурали Зоҳирий томонидан нашрга тайёрланган. Тўпламдан жой олган асарлар ўша даврнинг машҳур ижодкорлари – Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Олтой, шунингдек, энди танила бошлаган Шокир Сулаймон, Қ.Арслон (Қизил Арслон (Ғози Олим Юнусов) – таъкид бизники, Х.С) каби ёш ижодкорлар ҳамда Алишер Навоий, Бобур, Муқимий каби мумтоз шоирлар ижодидан саралаб олинган. Асарлар давр адабий муҳитини, ёш ижодкорларнинг бадиий ва илмий-адабий савиясини, замон руҳини ўзида акс эттирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Тадқиқотчи Саодат Файзиева таъкидлаганидек, “умумий сони 63 тани ташкил этувчи бу асарларнинг баъзилари ўз даври учун муҳим ҳодисаларни, ижтимоий ҳаётда муаммоларга олиб келаётган айрим воқеаларни акс эттирса, баъзилари лирик кайфият беради”. Ушбу тўплам ўзбек мумтоз адабиёти тарихида янги бир даврни бошлаб берган жадид адабиёти, бармоқ вазнининг имкониятлари, ҳикоячиликнинг шаклланиши ва равнақи, достон ва таржималарнинг, “Сафар ҳикоялари”нинг юзага келиши, тарихий мавзуга қўл урилишида ўзига хос минбар ва қўлланма эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 

“Гўзал ёзғичлар” “Жадид куллиёти”нинг бадиий қимматини оширган тўплам сифатида қадрлидир. Боиси, 1920 йилларга қадар ҳам бундай характердаги дарсликлар мавжуд бўлса-да, улар халқ турмушидан, миллат руҳиятидан узоқ, ўқувчиларда ҳавас қўзғатолмайдиган таъсирсиз китоблар ҳисобланган. Буни чуқур ҳис этган Элбек 1923 йилда “Йўқдан кўра бор бўлиб, дарслик ўрнини олиб турадир” деган ниятда миллат қайғусини шиор қилиб чиққан ёш, севикли ёзувчи ва шоирларнинг шеър ва ҳикояларини “Гўзал ёзғичлар” номи остида тўплаб, “биринчи галда эл учун” майдонга чиқаради. “Бул китобнинг энг кўб шеър ва ҳикояларини хотин-қизларимизнинг қуллиқдан ва разилликдан қутулиши тўғрисида ёзилғон ўтли шеърлар ва аччиқ иншолар билан безадим”, дейди у. Табдилни тайёрловчилар китобнинг 1925 йилги иккинчи нашрини асос қилиб олишган. Эътиборлиси, тўпламдан ўрин олган ҳар бир асарда ўзбек хотин-қизларига эътибор ва даъват сезилиб туради. Масалан, Боту “Ўзбек қизига” шеърида:

 

“Ўйноқ, қизча, эркин-эркин ўйнаб ол,

Эрта-индин эркинг қўлдан кетадир.

Эркаланиб бир-ики кун қувнаб қол,

Эрка кўнглинг ҳасратларга ботадир”,

 

дея давр жаҳолатидан огоҳлантирса, Чўлпон “Ўзбек қизи” шеърида ўз боғига ҳам титраб-қалтираб кирадиган, жаҳолатга ботган йиртқич эридан, хурофотларга беланган қайнонасидан қўрқадиган қизни “Бахти йироқ, кўнгли тўла қонлиғ, Эркин Шарқнинг тутқун қизидир”, дея таърифлайди. Элбек эса “Эрк қизи” шеърида октябрь инқилобидан кейин юрт озодлигини хотин-қизлар тимсолида кўради ва:

 

“Бахтлиман”, деб лоф ургучи ҳар кимса,

Сандай бахт юзини сира кўрмаган!

Шунинг учун ўйна, қувна эрк қизи,

Ёлғиз сенсан бу дунёнинг бахтлиғи...”

 

– дейди.

  

Эътибор берадиган бўлсак, тўпламдан ўрин олган асарлар муаллифлари аксар ҳолда тахаллус қўллаган.  Бу ҳам бежиз эмас. Ўша давр руҳидан келиб чиқсак, биргина А.Қодирийнинг 36 та тахаллуси бўлган. Тахаллуслар муаллифнинг серқирралигини ва ҳар бир мавзуга хос қўшимча исмлар қўллаш анъанасини ифодалашдан ташқари, ўзларини ҳимоя қилиш воситаси эди. “Гўзал ёзғичлар”да маълум ва машҳур Жулқунбой, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Боту номларидан ташқари, Гултагин, Чой, Субой, Саидали, Муҳсин, Тикан, Кавкаб каби тахаллусларда ижод қилган шоир ва ёзувчилар ижодидан ҳам мисоллар келтирилганки, бу тадқиқотчилар учун алоҳида мавзу. Қолаверса, асарлардаги “қор”, “булут”, “соя”, “кўланка”, “куз”, “қиш” каби қатор рамз ва тимсоллар, сарлавҳага яширинган маънолар, мотивлар ҳам баёзнинг қимматини оширади ва истиқболда тадқиқ учун қатор мавзуларни ўртага ташлайди.

 

“Ичкари” Лолахон Сайфуллина тахаллуси билан ижод қилган рус адибаси Осипова Цвецкаянинг ҳикоялар тўпламидир. Адиба асарларини 1926 йилда Чўлпон ўзбек тилига ўгиради ва Ўзбекистон давлат нашриётида чоп эттиради. Филология фанлари доктори Шаҳноза Назарова “Ҳикоялар таржимада аслидан-да гўзалроқ чиққан” дея эътироф этади. Академик Наим Каримов ҳам “Уларни рус адибаси эмас, балки Чўлпоннинг айнан ўзи ёзган, деб ўйлашингиз ҳеч гап эмас”, дейди.

 

 

Ўша даврда Ўрта Осиё бюроси хотинлар шўъбасининг мудираси бўлиб фаолият юритган С.Любимова “Ичкари”га ёзган сўзбошисида “Сайфуллинанинг жуда нафис ва санъаткорона...” деб ҳикояларни Гомернинг “Илиада”си вазнида ёзилганлигини эътироф этади. Аммо Чўлпон “Лекин Ҳомер вазни йўқ, ишланмаган муосир (замондош) ўзбек адабий тили бор” деган хулосага келади ва асарни ўзбек тилига таржима қилади. Сайфуллинанинг “Бахтли бир кечада, ёруғ юлдуз шуъласи остида туғилди Гулжамол”, “Назар солди яхши шамол эндигина очилган кўзларга” тарзидаги “тескари жумла тузиш” маҳоратини юқори баҳолайди ва китобга ёзилган “Сўзбоши” охирида “Шарқ ва Ғарб чегарасида аламли ҳарамларнинг кўз ёшлари-да очилиб қолғон Лолагулдин кечирим сўраб қоламен”, дейди.

 

“Ичкари”... Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу ўзбек хотин-қизларининг зиддиятларга тўла ҳаёти, дунёга гўзаллик бағишлаш ва фарзанд кўриб, ҳаётнинг давомийлигини таъминлаш учун яратилган аёлларнинг нохуш тарихий давр, носоғлом муҳит таъсиридаги аянчли тақдири, топталган  инсоний ҳақ-ҳуқуқлари, бошдан кечирган фожеалари ҳақида. Ундаги ҳикоялар бугунги кунда оғирнинг остида, енгилнинг устида бўлса ҳам нолишни одат қилиб қолган айрим инсонларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг шукронасини орттиради, кўзларини очади...

 

“Zabarjad media” нашриёти “Жадид куллиёти” туркумида бизга ана шундай бебаҳо асарларни тақдим этди. Мусаввир Азизбек Тўйчибоев ўша даврда ҳар бир асар мазмунига мос чизилган суратларга қайта жон киритганки, бу ҳам куллиётнинг янада жозибадор, моҳиятан пишиқ бўлишига хизмат қилган. XIX аср охири XX аср бошларида халқимиз бошидан кечирган синовли ҳаёт, аччиқ тақдир акс этган, жадид боболаримизнинг халқ онгини юксалтириш, маърифатга чорлаш ва шу орқали залолатдан халос бўлиш ғояларига тўйинган ва ҳар бири 3000 нусхадан чоп этилган ушбу куллиёт барчага муборак бўлсин!

 

Холиёр САФАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси