Давлат тили бўйича маслаҳатчи лавозими ўзини оқлаяптими?


Сақлаш
16:23 / 29.10.2021 2512 0

 Давлат ташкилотлари ва органлари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лпвозими ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ.

Вазирлик, идора ва ҳокимликлар кундалик фаолиятини доимгидек давом эттирмоқда. Бир қарашда маънавий-маърифий ёки давлат тили масаласида ҳеч қандай иш қилинмаётгандек кўринади. Бироқ ичкарига бош суқсангиз, фикрингиз ўзгариши аниқ. Илгари тўлиқ рус тилида фаолият юритган идора ёки ташкилот иш муҳити бирданига давлат тилига ўтиши осон эмас. Баъзан “Мен хоҳлаган тилимда ишлайман!” ёки “Бизни неча йиллик одатимиздан воз кечтирмоқчимисан?” деган иддаолар олдида тилингни тийишга ҳам мажбур бўласан. Ёки маслаҳатчилар фаолиятига “Шуям иш бўлди-ю” деган кинояли назар билан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас.

Ўрни келганда ўз фаолиятимга оид бир воқеани эсласам. Ҳар доимгидек ишга кўмилиб ўтирар эканман, хизмат телефони асабий жиринглади. Ҳамкасбим оғриқли масалани кўндаланг қўйди: “Биз хорижий компания билан шартнома имзолаш арафасидамиз, одатда ўша ташкилот фаолият юритувчи давлат тилида ва рус тилида тузардик. Бугунги сиёсатдан келиб чиқиб ҳужжатни уларнинг ва ўзимизнинг тилимизда расмийлаштиришни таклиф қилдик. Аммо ҳамкорлар ўзбек тилидаги шартномани имзоламаймиз деб оёқ тираб туриб олган...”. Бироз қийин вазият. Шартномаси керак эмас, дейин десам, биринчидан, менда бундай ваколат йўқ, иккинчидан, ҳамкорлик нафақат ташкилотга, балки мамлакатимизга яхшигина манфаат келтириши мумкин... Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўл топиш мушкул.

Вазирлигимизда 99 фоиз ҳолатда давлат тилида иш юритилмоқда. Нега юз эмас, деяпсизми? Ўша бир фоизи мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари, ташкилот ва корхоналар ваколатхоналари ёки чет давлатларга юбориладиган ҳужжатлар ҳисобланади. Бундан ташқари, хатларга жавобни имкони борича мурожаат қилинган тилда ёзамиз. Ҳа, нега, шуни давлат тилида қилса бўлмайдими, деган саволингиз ўринли. Лекин қонунчилик мурожаатчига устунлик беради. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририда, балки, бу каби саволларга ўрин қолмас.

Биз бағрикенг халқмиз. Туркияда бўлгани каби барча ёзишмалар, ҳисоб-китобларнинг ҳеч қандай истисноларсиз давлат тилида олиб борилишини талаб қилиб ўтирмаймиз, юридик шахслар ўртасида тузилган давлат тилида бўлмаган шартномаларни бекор ҳам қилмаймиз. Минг афсус билан айтиш керакки, ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, қатъий чора-тадбирлар белгиланмасин, барибир хат-ҳужжатларни ҳалигача рус тилида юритаётган вазирлик ва идоралар мавжуд.

Шу жойда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев ҳар сафар маслаҳатчилар билан учрашганда такрорлашдан чарчамайдиган гаплардан иқтибослар келтирмоқчиман:

– Ўзбекистоннинг бирор чекка қишлоғи, у ерда ўзбекдан бошқа миллатнинг ўзи йўқ, лекин дўкон пешлавҳасига “Мы открылись” (биз очилдик) деб ёзиб қўйишмоқда. Бу нима шармандалик?!

– Россиянинг бирор туман, шаҳрида қарорлар бланкаси устида русча-ўзбекча ёзишадими?

– Тадбиркор реклама эълонларини, ошхонаю дўконлар пешлавҳасини давлат тилида ёзса, савдоси ўладими, бизнеси синадими?..

Миллий ўзликнинг бош шарти – тилдир. Она тилидан айрилган халқ миллат сифатида йўқолиб кетишига кўҳна тарих неча бор гувоҳ бўлган. Жаҳон саҳнасида ўзбек тилининг ўрнини мустаҳкамлаш фақатгина маслаҳатчиларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир. Халқаро нуфуз ҳақида гапиришдан аввал эса мамлакат ичкарисидаги муаммоларимизни бадастир қилиб олишимиз шарт.

Нурулла АБДУЛЛАЕВ,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//