Қовоқ ва қовачоқдан қолип ва қошиққача – Туркий тилларга хос бўлган қa (қо) ўзакли сўзлар таҳлили


Сақлаш
22:16 / 21.11.2023 789 0

Бир неча йил олдин элимизнинг сермаҳсул ёзувчиси Нурали Қобул қўнғироқ қилиб қолди. Қулоқ тутсам, “...Тезда Дўрмонга, Ёзувчиларнинг ижод уйига етиб келинг. Бир одам билан таништираман, кейин хурсанд бўласиз, индамай келаверинг!” деб қолди. Айтганидай, индамай бордим. Борсам, бир неча ёзувчи, шоир ва ноширлар йиғилган экан. Кўпчилигини сиртдан танир эканман.  Шунинг  учун Нурали ака мени уларга танишдирди. Улар орасида Ҳайитбой оға (шоир Оролли Ўзбек)ни кўрсатиб: “...Сизни мана шу одам сўратгани учун чақирдим. Икковларинг ҳам туркий тилнинг тадқиқи билан шуғулланaсизлар. Танишиб олсаларинг зўр бўлади”, дея иккимизни таништириб қўйди.

 

Шу куни Ҳайитбой оға билан узоқ суҳбатлашдик. Иккимизнинг туркий сўзлардаги энг кичик ўзаклар  таҳлили ҳақидаги мулоҳазалармиз уйғун эди. Қолаверса, оға менинг “Олтойлар” китобимни ўқиган экан. Шунинг учун бўлса керак, роса берилиб баҳс қилдик, кун кеч бўлгач Ҳайитбой оға мени Қибрай йўлидаги бекатгача яёв кузатиб ҳам қўйди.

 

Ҳайитбой оға билан суҳбатимиз жараёнида менинг эътиборимни тортган асосий тезис “қа (қо)” ўзакли сўзларнинг таҳлили бўлди. Аслида “қа” идиш ёки қоп маъносини англатиши “Девону луғатит-турк”да ҳам берилган. Аммо Ҳайитбой оғанинг фикрлари менга тизимли, асосли ва давомли, унинг ёндашуви эса луғат бойлигимизда сақланаётган  сўзларни этимологик таҳлил қилишда мақбул кўринди.

 

Шундан сўнг бу борада Фаррух Жабборов билан ҳам бир неча бор мулоҳаза юритдик. Шу ғояни ривожлантириш учун йўл ахтардик. Аммо бу ишимиз анча кечикиб кетди. Ва ниҳоят, туркий тил сандиғида қолган “қа” ўзакли сўзларни бир жам қилиб таҳлил қилишга бел боғладим ва мазкур мақола ёзилди. Сўз аввалида яна бир бор айтамиз, ғоя Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳайитбой Абдусодиқовга тегишли.

 

 

***

 

Кўҳна тилнинг ҳали ўрганилмаган жиҳатлари, очилмаган қирралари, ажойиботлари, тилсимлари жуда кўп. Аммо бу тилсимларни очиш учун ҳам бир калит керак. Шундай калитки, у билан тилга оид ҳар қандай тилсим очилсин. Бизга қадимий тошбитиклардаги, бошқа ёзма ёдгорликлардаги ёки халқ оғзаки ижодида сақланиб келаётган сўзларнинг маъно-мазмунини очиб берсин. Тўғри, туркий тилларнинг агглютанив[1] хусусияти, яъни ўзакларнинг бузилмаслиги қайсидир жиҳатдан тилни таҳлил қилишда қўл келади. Инчунин, ўзак сўзлар кўпинча бир бўғиндан ташкил топади. Бўғин нутқда товушлар талаффуз қилинадиган минимал бирлик бўлиб,  сўзнинг ядросини ташкил қилади. Шунинг учун нутқда сўз товушларга эмас, балки бўғинларга бўлинади. Ва, айнан шу бўғинларда маъно англашилади.

 

Аммо туркий тилларда ҳозиргача очиқ бўғинлар таҳлилга тортилмаган. Гарчи, унинг назарий асослари бўлса-да, бўғинни ташкил қилувчи товушлар ва товушлар бирикмасининг семантик тавсифи бўйича тадқиқотлар жуда кам. Агар шундай таҳлиллар кўпайса бу ўз-ўзидан тилни генеологик жиҳатдан ўрганиш, қиёсий-тарихий таҳлил қилиш тилга хос бўлган хусусиятларини қайта тиклаш – реконструкция қилиш имконини беради.

 

Хўш, бунда қандай услублардан фойдаланамиз?

 

Маълумки, туркий халқлар тилларининг ўрта асрлар ва янги даврдаги ривожланиши турлича кечган. Шу даврдаги ривожланиш жараёнида юнон, араб, ҳинд, форс, хитой, мўғул, рус ёки бошқа тилларнинг таъсири катта бўлган. Улардан сўзларнинг ўзлаштирилиши натижасида эса туркий тил ўз қолипларидан узоқлашиб борган. Қадимги туркий тилдаги сўзларнинг таркибига назар солсангиз ундаги ҳарфлар, бўғинлар, сўзлар, ибораларнинг замонавий тилларда қанчалик шаклан ва мазмунан ўзгаришларга учраганига гувоҳ бўласиз. Тарихий даврларда юзага келган фонетик ўзгаришлар бугунги туркий тиллардаги фарқларда акс этади. Бу ҳақда Ш.Раҳматуллаевнинг “Ўзбек тили луғатининг туркий қатлами”[2] номли китобида кўплаб мисоллар келтирилган. Олим ўз китобида тарихий тараққиёт давомида туркий сўзларда юз бергаи турли-туман товуш жараёнлари, туркий сўзларнинг морфем таркиби, туб деб қаралувчи туркий лексемаларнинг айрим белги ва хусусиятлари ҳақида мулоҳазалар юритган.

 

Тилдаги товуш ўзгаришлари фақат ўзбек тилида эмас, балки барча туркий тилларда кузатилади. Ўзбек тилидаги ч товушининг қозоқ тилида ш, бошқирд тилида с тарзида ёки ўзбек тилидаги с товушининг қозоқ тилида ш, бошқирд тилида х шаклида талаффуз қилиниши бунга мисол бўлади. Товушларнинг фонетик ўзгаришлари ўзак сўзларнинг лексик маъносига унчалик таъсир қилмайди, лекин шаклига таъсир қилиш ҳолатлари кузатилади. Бунга мисол тариқасида “ёғмир” сўзининг “ёмғир”га ўзгарганини кўрсатиш мумкин. Бунда эътибор берилса ёғ ўзаги ёмга ўзгарган.

 

Ш.Раҳматуллаев бир бўғинли туб туркий лексемалар ўзбек тили луғатининг энг қадимги қатламини ташкил этишини тасдиқлаб, уларнинг товуш ифодасини қуйидагича таснифлайди: 1) унли (V), 2) унли + ундош (VС), 3) ундош + унли (СV), 4) ундош + унли + ундош (СVС), 5) ундош + унли + ундош + ундош (СVСС)[3].

 

Юқорида айтганимиздек, мазкур мақолада биз туркий тилларга хос бўлган қa (қо), ўзагидан ясалган, яъни ундош + унли (СV) товуш ифодасига эга бўлган лексемаларни таҳлил қилиб кўрамиз. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, “қа” ўғуз тилларида “ка”, хакас, якут, мўғул тилларида “ха”, ўзбек адабий тилида “қо” шаклида келади.

 

 

Улгу

 

Туркий сўзларнинг лексик маънолари ҳақидаги илк улгулар Маҳмуд Кошғарийнинг луғатида учрайди. У ўзининг “Девону луғотит-турк” асарида биринчи марта бўғинлар ёки бир нечта ҳарфлардан тузилган сўзларни ажратиб кўрсатган. Қa (қо) ўзаги идиш ёки қоп маъносида келишини ҳам Кошғарий кўрсатиб ўтган[4]. Шунингдек, асарда қат (СVС) – қават, қи (СV) – яқинлик, эм (VС) – дори, син (СVС) – қиёфа, гавда маъносини бериши  ҳам қайд этилган[5].

 

“Қадимги туркий тил луғати”ни тузган И.В.Кормушин (qа I-qаn, qаra I-qаraqunaz), Н.И.Летягиналар (qаna – qаr-III, qаrar-qаzuq)  қа (қо)  лексемаси устида ишлашган[6]. В.В.Радлов эса ўзининг «Опыт словаря тюркских наречий» номли асарида қа (қо)  ўзагидан ясалган қача лой идиш, қачақ эса тувак (горшок), идиш маъносини беришини келтириб ўтади[7].

 

Маҳмуд Кошғарий қа (қо) сўзининг лексик маъносига  тўхталганда негадир қа (қо)  фақат суюқ нарсалар солинадиган идишга нисбатан қўлланилишини айтиб ўтган. Аммо шу билан бирга айнан ўша жойда ушбу ўзакдан ясаладиган қап-қанор, қап-қапчиқ каби жуфт сўзларнинг қақача шаклидаги талаффузини ҳам келтириб ўтганки, бу ўз-ўзидан бошқа нарсалар солинадиган идиш маъносини беради[8]. Замонавий туркий тилларда қа (қо) ўзагидан ясалган сўзларда идиш ёки қоп маъносидан ташқари қолип, эшик, қопқоқ, бирон нарсани қамраш ёки қопла, қават маънолари ҳам учрайди.

 

Ўзбек тилининг имло луғатига киритилган идиш, қоп, эшик, қолип, қопқоқ маъносидаги қа (қо) ўзакли сўзлар қуйидагилар: қобиқ, қовоқ, қовун, қовуз, қовга, қовзоқ (пўстлоқ), қовачоқ, қолип, қоп, қопчиқ, қопқоқ, қорин, қориқ, қозон, қошиқ. Улардан учтаси қовоқ (бот.), қовға (сув идиши), қориқ (қон солинадиган идиш), қозон ва қошиқ аниқ идиш маъносини беради. Қоп, қопчиқ, қовуз, қорин бирон нарсани солиб қўядиган нарса, қобиқ, қовзоқ, қовачоқ пўстлоқ маъносини беради. Қолип эса бирон нарсани ясаш учун махсус тайёрланган андаза ҳисобланади ва аслида у ҳам идиш маъносини англатади.

 

Қадимги  туркий тилда идиш маъносини берувчи қабан (патнис), қабирчақ (сандиқ), қача (лой идиш), қадиз (пўстлоқ), қалтуқ (ҳўкиз шохидан ясалган қадаҳ), қамич (чўмич), қап ёки қапай (эшик), қас (дарахт пўстлоғи), қасуқ (меш), қатинг (кўза) каби ўнлаб сўзлар ишлатилган[9]. Улар орасидаги қабирчоқ олтой тилида қайирчоқ шаклида, сандиқ маъносида сақланиб қолган. В.В.Радлов таҳлилида қача сопол коса, қачақ эса тувак (горшок) маъносини беришини юқорида келтириб ўтган эдик. Туркман олими С.Атаниязов ушбу сўзнинг замонавий туркман тилидан унутилганини, аммо шу ўзакдан қап-қач (идиш-товоқ) сўзининг сақланиб қолганини қайд этган. Шунингдек, С.Атаниязов «Слова, означающие футляр для пиал в диалектах туркменского языка» номли мақоласида  теридан тикилган челак маъносини берувчи қава сўзини ҳам келтириб ўтган[10].

 

Олтой тилида бошқа туркий тилларда сақланмаган қўйидаги сўзлар ҳам сақланиб қолган: қаарғыш (қовургич) – това, сковородка, қабай – бешик, қалбак – қошиқ,  қапчуур – теридан тикилган қопча[11]. Қумандин диалектида чўмични қалақ, тоғорани қарит деб аташади[12].

 

Эрванд Севортяннинг “Туркий тиллар этимологик луғати” номли туркум китобларида К ва Қ ҳарфлари билан бошланадиган сўзларга алоҳида битта жилд ажрaтилган. Шунинг учун бўлса керак, бу борадаги Эрванд Севортяннинг таҳлиллари этимологик асосланганлик жиҳатидан анча  ишончлироқ. Инчунин, у биргина қа сўзининг маънолари бўйича умумолтой тилларидан 20 дан зиёд сўзларни келтирган ва уларнинг турли тилларда турлича маъно беришини ҳам таҳлил қилиб чиққан:

 

1.                 Қоп;

2.                 Идиш;

3.                 Ғилоф;

4.                 Қўзоқ, пўчоқ;

5.                 Бачадон;

6.                 Қути.

 

Шунингдек, у қоп маъносини берувчи, аммо бир-биридан фарқ қиладиган яна учта сўзни таҳлил қилади. Булар: 1. қаптурғай – катта  қоп; 2. қаптурғуч – чарм  қоп; 3. қаптурғич – қопнинг оғзини боғлайдиган метал қистиргич.

 

Э.Севортяннинг таҳлиллари биз туркий деб ўрганаётган айни ўзакнинг умумолтой лексемаси сифатида тақдим этилиши ҳам эътиборга молик.

 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики,  вазифавийлигига кўра қа (қо) ўзакли сўзлар идиш, қоп, ғилоф, эшик, қопқоқ ёки қобиқ, бирон нарсанинг устидан қоплаб турувчи маъноларида ишлатилар экан.  Келинг, қуйида сўзларни шу тасниф асосида таҳлил қиламиз.

 

Қа (қо) ўзакли идиш маъносини берувчи сўзлар кўпчиликни ташкил қилади. Мисол учун, қазан (қозон) сўзини олсак, бу сўз барча туркий тилларда сақланган, шу билан бирга айрим форс ва европа халқлари томонидан ҳам кенг қўлланилади. Ўзбек олимаси Ш.Усманова ўзининг “Олтой тилларида муштарак маиший лексика” номли китобида қозон овқат пиширишга мўлжалланган идишларнинг ибтидоийси эканини айтиб ўтган. Шунингдек, Ш.Усманова ушбу сўзнинг этимологияси хусусида тўхталар экан,  Ҳ.Вамберининг қозон сўзи  қаз (қазимоқ)  ўзагидан келиб чиққан, деган тахминини ҳам келтириб ўтади[13]. Агар шу фикрга эътибор қаратилса, демак қазиш оқибатида бирон чуқур ҳосил қилиниши, ҳар қандай қазилган жой эса идиш хусусиятига эга бўлиши ҳақида фикр қилиш мумкин. Аммо ҳозир гап битта ундош қ ва битта унли а товушлари бирикувидан ҳосил бўлган қа ўзаги ҳақида кетаётгани ва қа га з қўшиб ҳосил қилинган фақат биттагина сўз борлигини инобатга олиб, бу ҳақда ҳукм чиқаришга шошилмаймиз.

 

Қашуқ (қошиқ)ни таснифлаётганда Ш.Усмонова бу сўзнинг туркча “қаш” – “ёғоч коса” сўзи билан боғлиқлигига эътибор қаратган. Олиманинг туркий тилларда сигматизм ҳодисаси мавжудлиги, яъни туркий тилдаги ш ундошининг л латерал ундошидан тараққий этганига асосланган ҳолда қуйидаги қиёсни келтириб ўтгани ҳам эътиборга молик. “Қиёсланг: прото-туркий тилда қалақ – “қошиқ”, “курак”; прото-мўғул тилида  қалбуга “қошиқ”, “чўмич”, “курак”; прото-тунгус-манжур тилида қалан – “қозон”, “халта”; прото-корейс тилида қарақ – “таёқ”; прото-япон тилида қасира – “идишнинг бир тури”; умумолтойча прото-шакл қала – “бир жойга тўпламоқ”. Замонавий мўғул тилида қошиқ – халбага (қалбаға) дейилади. Бундан кўринадики, айни лексема турк тилидан ўзлашган. Чунки мўғул тилида қошиқ маъносини берувчи ухар (ёғоч қошиқ), шанаған каби бошқа вариантлари ҳам бор[14]. Демак, Ш.Усмонованинг бу тадқиқотлари шуни кўрсатадики, гипотетик олтой тилларининг қариндошлигини исботлашда энг кичик лексемаларни қиёсий таҳлил қилиш орқали ёндашиш яхши натижа бериши мумкин. Шу ўринда туркий тилларнинг булғор гуруҳига мансуб чуваш тилида қошиқ қашақ шаклида сақланганига ҳам эътибор қаратиш лозим[15].

 

Маълумки, қовоқ, қовун каби сўзлар аслида палак отиб ўсадиган ўсимликнинг меваси маъносини беради. Қовоқ бир неча маъноларда қўлланилади: ҳосили (асосан кўзага ўхшаш) идиш бўладиган қовоқ, ош қовоқ, дастмол (ҳосили идишларни ювиш учун ишлатиладиган) қовоқ,  чўмич қовоқ, дўмбира қовоқ, носқовоқ. Шунингдек, кўзни қоплаб турадиган қовоқ тушунчаси ҳам бор. Бундан кўринадики, қовоқ сўзи ҳар доим идиш ёки бирон нарсанинг қобиғи маъносида келади. Қовун ҳам қовоқдошлар оиласига мансуб, ўз-ўзига идиш бўладиган полиз меваси саналади. Демак, уни ҳам идиш санаш мумкин. Бироқ тарвуз ҳам қовоқдошлар оиласига мансуб бўлса-да, ўзбек тилидаги бу сўзда қа (қо) бўғини йўқ. Шу ўринда тарвузнинг бошқа тиллардаги талаффузига эътибор қаратамиз: озарбойжонча – qаrpız, туркча – qarpuz, татарча, бошқирдча – қарбуз, туркманча – garpyz, қозоқча – қарбыз[16]. Ўзбек тилининг қипчоқ шеваларида ҳам қорбиз шаклида талаффуз қилинади. Чуваш тилида қовун – тын дейилади ва бу славянча дыня сўзининг ўзлашган варианти бўлиши мумкин. Аммо қовоқ қаван дейилади[17].

 

Қовға – сув идиши. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қовғанинг икки xил маъноси берилган:

 

1. Ёғоч пақир;

 

2.  Ичи ғовак ва юмшоқ, бардига ўхшаш  кўп йиллик ўсимлик [18].

 

Қовғанинг бошқа маънолари ҳам бор. Осмон (эклиптика) буржларидан бири ҳам қовға (водолей) деб аталади. Қадимги туркий тилда челак – қава деб аталган[19]. Кемага кирган сувларни чиқариб турувчи кишини қавғачи деб аташган.

 

Қориқ – қон идиш. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қориққа табобатда ишлатиладиган, сигирнинг шохидан махсус тайёрланган асбоб, қортиқ деб изоҳ берилган[20]. Аммо халқ орасидаги истилоҳотда чорва молларини сўйганда қони солинадиган идиш (коса) ҳам қориқ деб аталади. Қозоқ тилида қариқ деб сунъий ариқни айтишади[21].

 

Қадимги туркий тилда қабан патнис, қалтуқ – ҳўкиз шохидан ясалган қадаҳ, қамич чўмич, қасуқ меш, қатингкўза, олтой тилида сақланган қовургич (қаарғыш) – това (сковародка), қалбақ – қошиқ, қанақ – челак, қайдасын – темир челак бўлади. В.Радлов таклиф қилган қача – лой идиш, қачақ – тувак сўзлари ҳам идиш маъносини беради.

 

Қа (қо) ўзакли қоп маъносини берувчи сўзлар қўйидагича: Қоп, қопча, қопчиқ, қовуз, қорин нарсаларни солиб қўйиш учун тикиб тайёрлаган буюм саналади. Қоп – мато, тери ёки бошқа материаллардан тикиладиган катта ҳажмдаги, қопчаэса кичикроқ ҳажмдаги буюм саналади. Олтой тилида хуржунни қап деб аташади[22]. Қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларида қопчиқ ҳам қап маъносида ишлатилади[23],[24]. Олтой тили ва ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида эса қопчиқ ҳамён маъносида ишлатилади. Олтойлар ҳамён маъносида ақчақап сўзини ҳам ишлатишади. Ва олтой тилида қапчуур деб номланадиган чақмоқтош, пилик ёки  ўқ солиш учун мўлжаллаб теридан тикилган қапчиқ (ўқдон) сўзи  ҳам сақланган. Татар тилида қоп лексемаси қап, қути (бер қап шырпы, коробка спичек), ғилоф маъноларида қўлланилади[25]. Айрим туркий тилларда поябзал ҳам оёқ қопи (турк. ayakkabı; озарб. ayaqқаbi; туркман. аýakgap)[26] деб аталади.

 

Қонар. Қипчоқ шеваларида қонар деган туркий сўз мавжуд ва у камида ўн пуд буғдой (160 кг) сиғадиган улкан қопга нисбатан ишлатилади: Пахта терип, қанарға тўгип кетебер[27]. Айни cўз ўзбек тилининг имло луғатига қанор шаклида қабул қилинган.

 

Қовуз – ичига кўпинча арча япроғи ёки бошқа табий нарсалар солиб тикиладиган бешик тўшаги. Бу сўз айрим вилоятларда қовузлоқ, қовузғоқ шаклида, ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида эса қобиз шаклида ишлатилади. Қипчоқ лаҳжаларида қавуз доннинг пўсти, кепаги маъносида ҳам қўлланилади: Апкеген сабаниң қавуз сабан екен, сийиримман екевмиз саңа дува бериб жатирмиз[28].

 

Қорин – ҳайвон ёғи солиб қўйиш учун ишлатиладиган, қора мол ёки қўйнинг қорнидан тикиладиган тўрва. Шимол xалқлари унда сало тайёрлайди. Ўзбекистоннинг чорвачиликка ихтисослашган тоғ ҳудудларида сарёғ кувида пишиб тайёрлангач, уни қоринда сақлашади.

 

Қовуқ (анат) инсон организмидаги сийдик тўпланадиган  халтасимон аъзо саналади. М.Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида келтирилишича, қадимги туркий тилда ичи бўш нарса ҳам қавуқ дейилган[29].

 

М.Кошғарий “Девону луғотит-турк” асарида қоп (эшик) ўзагидан ясалган яна учта  қапуғ (эшик), қапға (қопқа, дарвоза), қапқақ каби сўзлар ҳам келтирилган бўлиб, уларда бирон хона, ҳовли (сатҳ) ёки идишни ёпиб туриш маъноси мавжуд[30]. Бу ердаги қапқа сўзи замонавий ўзбек тилида ҳам осмон қопқаси, шаҳар қопқаси шаклларида кенг қўлланилади. Қозоқ тили луғатида қопқа ва қопқоқ фонетик ўзгаришлар билан қақпа ва қақпақ шаклида келади[31]. Бундан кўринадики, қа (қо) ўзаги эшик, қопқоқ ёки ёпинчиқ маъносида ҳам қўлланилиши мумкин экан.

 

Қолип ва пўстлоқ маъносидаги сўзлар. Қолип лексемаси қо ўзагидан ясалса-да, “Ўзбек тилининг имло луғати”да бу сўз арабча деб кўрсатилган[32]. Аммо бу изоҳ тўғри эмас. Араб тилида қолип ўрнига муҳр сўзи ишлатилган. Қолип лексемаси эса деярли барча туркий тилларда бор ва у бирор буюмни ясаш учун махсус тайёрланган андазани англатади. Агар қолип арабча сўз бўлганида у араб тили мутлақо интеграциялашмаган олтой ёки якут (саха) тилининг луғатида бўлмас эди. Олтой тилида бу сўз “қалып” шаклида ёзилади ва шундай талаффуз қилинади: (Ӱчÿлези бир қалыптаҥ эдилген улус дейтен (Б.Бедюров), (тарж: Учаласи бир қолипдан чиққан одамлар дейишар эди)[33].

 

Қобиқ, қовзоқ (пўстлоқ), қовачоқ каби сўзлар бирор нарсанинг қобиғини англатади. Қобиқ – пўст, пўстлоқ, қовзоқ – дуккакли ўсимликлар дони ва маккажўхори сўтаси пўстлоғи, қовачоқ эса пахтаси суғуриб олинган кўсак маъносида қўлланилади[34]. Олтой тилининг қумандин диалектида пўстлоқнинг қағаш (қагаш) варианти ҳам бор. Бирон нарсани ёпиниш қағаштийар дейилади[35]. М.Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида тўн (чопон)нинг қафтан варианти ҳам келтирилган[36].

 

Қа (қо) ўзакли лексемалар бўйича таҳлилларни умумлаштириш шуни кўрсатадики, замонавий туркий тилларда қа (қо) ўзагидан ясалган ва идиш, қоп, қобиқ, қават, ёпинчиқ, қопқоқ (эшик) маъноларини берувчи юзлаб сўзлар учрайди. Қуйида шу сўзларнинг жадвалини келтирамиз:

 

Т/р

  лексема

маъноси

Манба

1.                 

қаба

устки кийим

НАЛ (Навоий асарлари луғати)[37]

2.                 

қабай

бешик

Алтай-Орус Созлук[38]

3.                 

қабан

патнис

ҚТЛ (ДТС)[39]

4.                 

қабар

пуфак (ўт пуфаги), қавариқ.

Севортян Э.В.[40]

5.                \

қабат

қават, қат

Севортян Э.В.[41]

6.                 

қабз(а)

чангал, ўраб олиш

НАЛ

7.                 

қабиқ

қобиқ

ЎТИЛ[42]

8.                 

қабирчоқ

сандиқ

Алтай-Орус Созлук

9.                 

қава

теридан тикилган челак

С.Атаниязов[43]

10.             

қава

челак

ДЛТ[44]

11.             

қавал

ичи бўш идиш

Севортян Э.В.[45]

12.             

қаван

қовоқ

Чувашско-русский словарь[46]

13.             

қавақ

қовоқ

ЎТИЛ

14.             

қавачақ

пахтаси суғуриб олинган кўсак

ЎТИЛ

15.             

қавзоқ

дуккакли ўсимликлар дони ва маккажўхори сўтаси пўстлоғи

ЎТИЛ

16.             

қавуз

арча япроғи ёки бошқа табиий нарсалар солиб тикиладиган бешик тўшаги

ЎТИЛ

17.             

қавун

қовун

ЎТИЛ

18.             

қавузлоқ, қовузғоқ

доннинг пўсти

ЎТИЛ

19.             

қавуқ

1. инсон организмидаги сийдик тўланадиган  халтасимон аъзо;

2. ичи бўш нарса

ДЛТ

20.             

Қавургич (қаарғыш)

това, сковородка

Алтай-Орус Созлук

21.             

қавға

1. ёғоч пақир;

2.  ичи ғовак ва юмшоқ, бардига ўхшаш  кўп йиллик ўсимлик;

3.бурж.

ЎТИЛ, НАЛ,

22.             

қадиз

пўстлоқ

ДТС

23.             

қазан

қозон

ЎТИЛ

24.             

қазық

ер қазадиган асбоб – белкурак

Севортян Э.В.[47]

25.             

қайизғақ

сават

Севортян Э.В.[48]

26.             

қайиқ

қайиқ

Умумтуркий сўз

27.             

қалан

қозон (прото-тунгус-манжур тилида)

Ш.Усмонова[49]

28.             

қалақ

чўмич

Кумандинско-русский словарь[50]

29.             

қалбаға

қошиқ (мўғул)

Большой академический монгольско-русский словарь[51]

 

30.             

қалағаш

хамир солиб аралаштириладиган идиш, куракча, хокандоз

Севортян Э.В.[52]

31.             

қалбақ

қошиқ

Алтай-Орус Созлук

32.             

қалип

қолип

ЎТИЛ

33.             

қалтуқ

ҳўкиз шохидан ясалган қадаҳ

ДЛТ

34.             

қамич

чўмич

ДТС

35.             

қамраш

ўраб олиш, қамраш

ЎТИЛ

36.             

қанар

камида ўн пуд буғдой (160 кг) сиғадиган улкан қоп (лақай ва бошқа қипчоқ шевалари)

Назаров Н.[53]

37.             

қап

қоп

ЎТИЛ

38.             

қап

қути, ғилоф (татар тили)

Татарско-русский словарь[54]

39.             

қап

хуржун (олтой тилида)

Алтай-орус созлик

40.             

қап

эшик, дарвоза

ДЛТ

41.             

қапай

эшик

ДЛТ

42.             

қапуғ

эшик, дарвоза

ДЛТ

43.             

қапчуур

теридан тикилган қопчиқ (ўқдон)

Алтай-орус созлик

44.             

қапчиқ

ҳамён

Алтай-орус созлик

45.             

қапқа (қапға)

эшик, дарвоза

ДЛТ

46.             

қапқақ

қопқоқ, ёпгич

ЎТИЛ

47.             

қап-қач

идиш-товоқ

Атаниязов С.[55]

48.             

қарбиз

тарвуз

translate.google.com

49.             

қарин

1. қорин;

2. ҳайвон ёғи солиб қўйиш учун ишлатиладиган қора мол ёки қўйнинг қорнидан тикиладиган тўрва

ЎТИЛ

50.             

қарит

тоғора

Кумандинско-русский словарь

51.             

қариқ

қон солинадиган идиш

ЎТИЛ

52.             

қарма(ш)

ўраш, қамраш

НАЛ

53.             

қарс

устки кийим, рўмол, ёпинчиқ

Севортян Э.В.[56]

54.             

қас

дарахт пўстлоғи

Кумандинско-русский словарь

55.             

қасир

идишнинг бир тури (японча)

Ш.Усмонова

56.

қасиқ

сийдик қопи, чуқурча, қориннинг остки қисми

Севортян Э.В.[57]

57.             

қасуқ

меш

ДТС

58.             

қатинг

кўза

ДТС

59.             

қафтан

тўн

ДТС

60.             

қача

лой идиш

Радлов В.В.[58]

61.             

қаш

ёғоч коса (туркча)

Ш.Усмонова

62.             

қашақ

қошиқ

Чувашско-русский словарь[59]

63.             

қашиқ

қошиқ

ЎТИЛ

64.            қач

қача

сополь коса

Севортян Э.В.[60]

65.             

қачақ

тувак

Радлов В.В.

66.             

қақача

қоп, қопчиқ, сумка

ДЛТ

67.             

қақпа ва қақпақ

қопқоқ (қозоқ)

Казахско-русский словарь[61]

68.             

қағаш

пўстлоқ

Кумандинско-русский словарь

 

Эътибор берган бўлсангиз, жадвалда турли тиллар луғатидан ва турли даврларда ижод қилган туркологларнинг асарларидан иқтибослар олинган. Бундан мақсад эса қа (қо) ўзагининг аввало туркий қатламга, қолаверса протоолтой даврига тааллуқли эканини кўрсатиш эди.

 

Мазкур тадқиқот ишидан келиб чиқадиган мулоҳазаларга таяниб хулоса килиш мумкинки, қадимги туркий тил кичик лексемалардан таркиб топган. Бу ҳақдаги тадқиқотлар Маҳмуд Кошғарийдан бошланиб бу кунгача давом этиб келмоқда. Улар орасида энг машҳур туркологлар А.Дульзон, Н.Поппе, Г.Рамстед, В.Рассадин, Э.Севортянлар муҳим ўрин тутади. Бу тадқиқотчилар орасида энг тартиблиси ва тизимлиси, шубҳасиз, Эрванд Севортянга тегишли.

 

Юқорида келтирилган қа (қо) ўзакли лексемалар ўзининг тарихий-этимологик асосларига эга бўлса-да, ушбу ўзак билан бошланадиган сўзларнинг ҳаммасида ҳам айни маъно топилмайди. Мисол учун, қор, қора, қош, қон каби сўзларнинг маъноси бутунлай бошқача. Тўғри, қадимги даврда ушбу маънони ташийдиган сўзлар анча кўпроқ бўлган, аммо тарихий эврилишлар жараёнида уларнинг ўрнини бошқа сўзлар эгаллаган ва туб сўзлар унутилиб кетган. Айниқса, ҳарфларнинг ўзгариши сабаб сўзлар фонетик ўзгаришларга учраган: татар ва олтой тилларида талаффузда қ товуши ишлатилса-да, унинг ўрнига к қўлланилиши сабаб қа ва ка ўзакли сўзларни фарқлаб олиш қийин кечади.

 

Кейинчалик бу лексемаларга грамматик қўшимчалар қўшиш туфайли бошқа сўзлар ясалган. Асрлар ўтиши давомида эса бу сўзлар сайқалланиб, ривожланиб борган. Аммо шу билан бирга ўзгаришларга учраб, асл маъноси ва туркий қолипларидан ҳам узоқлашиб борган. Агар ушбу лексемаларнинг ўзига хос хусусиятлари қайтадан ўрганилса, тадқиқ этилса, ҳақиқий туркий сўзлар ҳисобига  тил бойлигини ошириш имкониятини беради. Масалан, бугунги кунда ўзбек тилида това (рус. сковородка) сўзи бор. Олтой тилида эса унинг қовургич (қаарғыш) шакли сақланган. Айни сўзнинг якут (саха) тилида хобордооҕу, озарбойжончада  qızartma қаb (қоп) ва гаургиш, қозоқчада қуыруға арналған табақ вариантлари бор. Эътибор берсангиз, қозоқ тилида қовуришга мўлжалланган товоқ деган ибора ишлатилган. Қиёсий метод улардан энг мақбулини танлаш имконини беради.

 

Сўнгги хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қадимги туркий тилдаги бир ўзакли, маъно юкланган лексемаларни қиёсий таҳлил қилиш боботилдаги кўплаб сўзларни қайта тиклаш (реконструкция қилиш), тиллар ўртасидаги генетик қариндошликни аниқлаш, яъни тилларнинг генеологик таснифи яратиш имконини беради. Бу эса замонавий тиллар луғатини бойтиш учун замин яратади.

 

Анвар БЎРОНОВ,

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 



[1] Агглютинатив тиллар (лот. agglutino – қўшилиш) – сўз ўзаги ёки негизи бузилмайдиган, уларга қўшимчалар қўшилиши (уланиши) натижасида янги сўзлар ҳосил бўлувчи тиллар.

[2] Раҳматуллаев Ш. “Ўзбек тили луғатининг туркий қатлами”. “Университет”. Тошкент. 2001.

[3] Раҳматуллаев Ш. “Ўзбек тили луғатининг туркий қатлами”. “Университет”. Тошкент. 2001. ­– Б. 8.

[4] Кошғарий. М. “Девону луғотит-турк”. I жилд. “Фан” нашриёти. Тошкент. 1963. – Б. 386.

[5] Кошғарий. М. “Девону луғотит-турк”. I жилд. Индекс-луғат. “Фан” нашриёти. Тошкент. 1967. – Б. 359, 360.

[6] Древнетюркский словарь. Изд. «Наука». Ленинград. 1969. – С. 4.

[7] Радлов В.В. Опыт словаря тюркских наречий. Т. 2. СПб., 1699, – С. 333-334.

[8] Кошғарий М. “Девону луғотит-турк”, III жилд. “Фан” нашриёти. Тошкент. 1963. – Б. 228.

[9] Древнетюркский словарь. Изд. “Наука». Ленинград. 1969. – С. 399–439.

[10] Атаниязов. С. Слова, означающие футляр для пиал в диалекта х туркменского языка. Журнал «Советская тюркология» №1. Баку. 1985.

[11] Алтайско-русский словарь/ Алтай-орус созлик. БНУ РА «НИИ алтаистики им. С.С.Суразакова», Горно-Алтайск. 2018. – С. 244, 267.

[12] Кумандинско-русский словарь. Изд. “Бийский котельщик”. Горно-Айлтайск.1995. – С. 17.

[13] Усманова Ш. Олтой тилларида муштарак маиший лексика. “Фан” нашриёти. Тошкент. 2010. – Б. 31-32.

[14] Большой академический монгольско-русский словарь. Изд. «Academia». Москва. 2001.

[15] Чувашско-русский словарь: изд. «Русский язык». Москва. 1985. – С. 150.

[16] https://translate.google.com/?hl=ru&sl=ru&tl=kk&text=%D0%B0%D1%80%D0%B1%D1%83%D0%B7&op=translate

[17] Чувашско-русский словарь: изд. «Русский язык». Москва. 1985. – С. 130.

[18] Ўзбек тилининг изоҳли луғати.Қ ҳарфи. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти. Тошкент. 2008. – Б. 322.

[19] Кошғарий М. “Девону луғотит-турк» I жилд. «Фан» нашриёти. Тошкент. 1963. – Б. 147.

[20] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Қ ҳарфи. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти. Тошкент. 2008. – Б. 344.

[21] Қазақстан»: Ұлттық энциклопедия / Бас редактор Ә.Нысанбаев – Алматы «Қазақ энциклопедиясы» Бас редакциясы, 1998 жыл.

[22]Алтайско-русский словарь/ Алтай-орус созлик. БНУ РА «НИИ алтаистики им. С. С. Суразакова», Горно-Алтайск. 2018. – С. 282.

[23] Бектуров Ш., Бектурова А.  Казахско-русский словарь. Изд. «Фолиант». Астана. 2001. – С. 142.

[24] Киргизско-русский словарь. Ред. «Киргизский советской энциклопедии». Фрунзе. 1985. – С. 342.

[25] Татарско-русского словаря. Библиотека Болгарика. Казан. 1966. ­– С. 362.

[26] https://translate.google.com/?hl=ru&sl=ru&tl=tt&text=%D0%BE%D0%B1%D1%83%D0%B2%D1%8C&op=translate

[27] Назаров Н. Лақайлар: диалектология ва фразеология. Тошкент-2010. – Б. 319.

[28] Назаров.Н. Лақайлар: диалектология ва фразеология. Тошкент-2010. – Б. 313.

[29] Кошғарий  М. “Девону луғотит-турк” Индекс-луғат. “Фан” нашриёти. Тошкент. 1967. – Б. 369.

[30] Кошғарий М. “Девону луғотит-турк” (индекс-луғат). “Фан” нашриёти. Тошкент. 1963. – Б. 349.

[31] Бектуров Ш., Бектурова А.  Казахско-русский словарь. Изд. «Фолиант». Астана. 2001. – С. 142

[32] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Қ ҳарфи. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти. Тошкент. 2008. – Б. 322.

[33] Алтайско-русский словарь/ Алтай-орус созлик. БНУ РА «НИИ алтаистики им. С.С. Суразакова», Горно-Алтайск. 2018. – С. 272.

[34] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Қ ҳарфи. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти. Тошкент. 2008. – Б. 317-318.

[35] Кумандинско-русский словарь. Изд. «Бийский котельщик». Горно-Айлтайск. 1995. – Б. 15.

[36] Кошғарий М. “Девону луғотит-турк” Индекс-луғат. “Фан” нашриёти. Тошкент. 1967. – Б. 357.

[37] Навоий асарлари луғати. Ғ.Ғулом нашриёти. Тошкент. 1972 йил.

[38] Алтайско-русский словарь/ Алтай-орус созлик. БНУ РА «НИИ алтаистики им. С. С. Суразакова», Горно-Алтайск. 2018.

[39] Древнетюркский словарь. Изд «Наука». Ленинград. 1969.

[40] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры”, 1997. – С. 165.

[41] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 166.

[42] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти. Тошкент. 2008.

[43] Атаниязов С. Слова, означающие футляр для пиал в диалекта х туркменского языка. Журнал “Советская тюркология» №1. Баку. 1985.

[44] Кошғарий М. “Девони луғотут турк» I-жилд. «Фан» нашриёти. Тошкент. 1963.

[45] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 171.

[46] Чувашско-русский словарь: изд. «Русский язык». Москва. 1985.

[47] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 191.

[48] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 191.

[49] Усманова Ш. Олтой тилларида муштарак маиший лексика. “Фан” нашриёти. Тошкент. 2010.

[50] Кумандинско-русский словарь. Изд. «Бийский котельщик”. Горно-Айлтайск. 1995.

[51] Большой академический монгольско-русский словарь. Изд. «Academia”. Москва. 2001.

[52] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 231.

[53] Назаров Н. Лақайлар: диалектология ва фразеология. Тошкент-2010.

[54] Татарско-русский словарь. Библиотека Болгарика. Казан. 1966.

[55] Атаниязов С. Слова, означающие футляр для пиал в диалекта х туркменского языка. Журнал “Советская тюркология» №1. Баку. 1985.

[56] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 312.

[57] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 331

[58] Радлов В. В. Опыт словаря тюркских наречий. Т. 2. СПб., 1699.

[59] Чувашско-русский словарь: изд. «Русский язык». Москва. 1985. – С. 150.

[60] Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на буквы К и Қ. М: «Языки русской культуры», 1997. – С. 342

[61] Бектуров Ш., Бектурова А.  Казахско-русский словарь. Изд. «Фолиант». Астана. 2001. – С. 142.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 62
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10450
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//