“Пулни бир кунлик тўй-тадбирга сарфлаб, қолган кунлари оч-наҳор, муаммолар қуршовида ва қарз олиб яшаяпти. Ўзбеклар ҳам, Ўзбекистон ҳам” – қуруқ гапдан шахсий намунага ўтганларнинг ҳикоялари


Сақлаш
14:17 / 17.11.2023 713 0

 

Мендан ўзбекистонликлар кун тартибида энг муҳим масала нима бўлиши керак, асосий муаммолар ечими учун нима лозим деб сўрашса, ҳеч иккиланмай шахсий намуна дейман. Назаримда, бизда энг танқис хислат шу. Коррупцияга қарши курашиш ҳақида бонг ураётган амалдорнинг ўзи камтар ҳаётдан узоқ, ҳашаматли тўй керакмас деб қўлини бигиз қиладиган опахон қизига гўдаклигидан сарпо йиғади, ёшлар китоб ўқимайди деган галстукли қариянинг ўзи бир ойда бир китоб варақламайди, тиббиётимиз ривожланяпти деган хомсемиз амалдор даволаниш учун чет элга чопади, таълимни ислоҳ қиляпман дейдиганлар боласини хусусий мактабда ўқитади... Бу муҳитда ривожланиш, олдинга силжиш бўлармиди?!

 

Тўй-ҳашамда исрофгарчилик, кимўзар авж олгани-ю, уларни йўқотиш ҳақида гапирилмаган жой/минбар/одам қолмади. Яқинда Твиттерда ҳам шу мавзу муҳокама марказига чиқди. Одатий “бла-бла” гаплар. Шунда ҳуқуқшунос, тармоқ фаоли Комила Абдуллаева дангал савол қўйди: Ким қайси урф-одатларни шахсан тўхтата олган? Танқид қилиш осон, ўзингиз одамлар нима дейишига тупуриб, қайси кераксиз анъанага чек қўйгансиз?

 

Аниқ савол: ақл ўргатиш осон, амалда тўхтатиш қийин. Бу твитни ўқиб, бир неча ой аввал камхарж тўй қилган, кераксиз стереотиплар занжирини узган юртдошларимиз ҳақида мақола бошлаб қўйганим эсимга тушди. Аниқроғи, материал қаҳрамон топишга қийналганим учун тўхтаб қолганди.

 

Тўй-ҳашамни қисқартириш керак деб гапирувчи кўп, камтар тўй қилган эса анқонинг уруғи. Ўзингизнинг тўйингиз қандай бўлди деб сўроққа тутсангиз, “Биз ҳам эл қатори қилганмиз-да энди”, деб елка қисади. Бугун шу чала мақолани тугатишга киришдим, хуллас.

 

Инсоний муносабатларни илиқлаштириш ўрнига совуқлаштирар экан, бунақа тўй-ҳашамнинг бизга нима кераги бор?

 

Комила Абдуллаева,

ҳуқуқшунос, тармоқ фаоли:

 

 

– Бизда бола ўзи тушунмайдиган, лекин у билан боғлиқ урф-одатлар кўп. Ҳайрон қолишингиз мумкин, болалигимда тўйларга бориб, кузатиб, тўйим бўлишини хоҳламасдим ҳатто. Чунки жуфтлик энг қувончли кунида қандайдир тунд, чарчаган, келин йиғлаб ўтиради. Келин-куёв учун тайёрланган зеб-зийнат, сарпо-суриққа тўлган хона аураси ҳам ёқмасди.

 

Оилада тўнғич фарзандман, тўйимиз арафасида ортиқча урф-одатларга қаршилигимни айтдим, бироқ фойдаси бўлмади. Онам орзу-ҳаваси баланд, урф-одатларнинг барчасини “а дан я гача” қиладиган аёл. Қисқа қилиб: “Сен аралашма, тўйни биз қиламиз”, дедилар. Ростдан ҳам аралаштиришмади, ҳамма урф-одатлар адо этилди. Жиззахдан Самарқандга келин бўлдим. Тўйимизга минглаб меҳмонлар келди, ҳеч бирини танимайман, лекин тўй сизники, қизиғ-а. Вилоятлар бир-бири билан яқин бўлса-да, одатларда фарқ катта экан. Тўйгача қайнонанг уни қилмади, буни қилмади, тўйдан кейин эса онанг фалон ишни кам, пистон нарсани умуман қилмади, деган гапларни кўп эшитдим. Ичимда ўйлаганман, урф-одат, тўй-ҳашам инсоний муносабатларни илиқлаштирмай, аксинча, совуқлаштирар экан, бизга нима кераги бор?

 

Хулоса қилдимки, тўй инсонларни ўзаро яқинлаштирмаса, ҳордиқ чиқаришига хизмат қилиб, маданий даврага айланмаса, мен тўй қилмайман. Қизим туғилди, онам бешик тўй қилиш керак, деди. Шу орада қайнотамнинг юбилейи бўлиши керак эди, катталар иккаласини бирга қиламиз, дейишди. Қатъий қарши бўлдим. “Йўқ, бола бизники, бешик тўй қилмаймиз. Қилсак ҳам, ўз пулимизга, ўзимиз истаган тарзда қиламиз”, дедим. Яна аввалги ҳолат такрорланиши, “игна кам, нега ип бермади” томошасини кўришни истамадим. Эътибор берсам, мана шунақа олинг қуда-беринг қуда бўлмаса, муносабатлар бузилмас, ҳеч қанақа жанжал чиқмас экан.

 

Ўғилларим туғилгач, турмуш ўртоғим суннат тўйи қиламизми, деб сўради. Йўқ, бешик тўй қилмадик, осмон узилиб ерга тушдими? Пулингизни совуриб нима қиласиз? Унинг ўрнига пулни болалар таълимига тикайлик, хорижда оилавий дам олиб келайлик, дедим.

 

Авваллари балки ўзбеклар тўйларни ҳамма бир-бири билан дийдорлашади, хурсандчилик қилади деб уюштиргандир. Ҳозир эса турган-битгани ташвишга айланган. Максимал ихчамлаштириш тарафдориман.

 

Тўйимда мени эшитишмаган, хоҳишларим ҳисобга олинмаган. Лекин болаларимда ундай бўлмайди. 12 ёшли қизим бор. Кўп суҳбатлашамиз, гап орасида тўйи қандай ўтишини исташини ҳам сўрайман. “Кам одам келсин, дўстларим билан ўйнаб-кулиб ўтирсак бўлди”, дейди. Болам шунақа форматдаги тўйни истаяптими, шундай бўлади. Тўй уники, ахир. Қизим танимайдиган, умрида кўрмаган қариндошимнинг қўшниси тўйига келса, у бахтли ё бахтсиз бўлиб қолмайди. Ҳозирги ёшлардан кўп эшитаманки, аксарияти дабдабадан тўйган. Ихчам, одми тўй исташади. Ота-оналар уларни эшитиши, фикрини инобатга олиши керак.

 

Бизда оилавий миқёсдаги муаммолар давлат масштабига ҳам кўчган. Кузатсангиз, Ўзбекистонда ҳар куни тадбирбозлик, фестивалу форумлар, миллиардларни сарфлаб чет элда “Ўзбекистонлик”ка ўхшаган лойиҳалар қилиняпти. Жамиятда бундан муҳим муаммолар ечилмай турибди, камбағаллик кўрсаткичи юқори, ташқи қарзимиз кўп, таълим, тиббиёт ачинарли аҳволда. Пулни бир кунлик тўй-тадбирга сарфлаб, қолган кунлари оч-наҳор, муаммолар ичида ва қарз олиб яшаяпти. Ўзбеклар ҳам, Ўзбекистон ҳам.

 

Бекорга хавотир олган эканман, тўй ҳаммага ёқди

 

Жамиятнинг босимига қарши туриш осон эмас. У атмосфера босимидек кўзга кўринмаса-да, кучли таъсир кучига эга. Бу масалада ёшлар либералроқ фикрлайди, катталарни кўндириш эса осон эмас, ҳаммаям фарзандининг қарорини қўллаб-қувватлайвермайди.

 

Журналист, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова эса ёшларни тушуниб, одамлар нима дейди деган қарашга қарши бора олди. 

 

 

– Тўй ташвиши билан юрган кунларимиз эди. Интернетда ўқиб қолдим, хорижда таҳсил олиб қайтган йигит-қиз никоҳ базми қилмасдан, унинг пулига Европани айланиб келиш ҳақида ота-оналарига айтган экан. Уйда шу воқеа ҳақида гапирдим. Орадан кунлар ўтиб,  тўй яқинлашганда ўғлим Мансур “Биз бўлажак келинингиз билан келишдик, 400-500 киши чақириладиган, 5-6 санъаткор хизмат қиладиган тўйнинг кераги йўқ. Ҳамма ўзбекча урф-одатларимизни қиламиз, лекин “вечер” шарт эмас, унинг ўрнига Туркияга ўн кунлик саёҳатга бориб келамиз”, деди.

 

Тўғриси, юрагим “шув” этди. Бировлар қилса, айтиш бошқа, ўзингга келганда кўниш бошқа экан. Одамларнинг гапига эътибор бермайман, дейдиганлардан бўлсам ҳам, бирдан хаёлимга “Одамлар нима дейди, ўғлига тўй қилиб беролмабди, демайдими?” деган савол келди. Одатий тўйга тайёрланишни бошладик, ўғлим яна келиб нияти жиддийлиги, дабдабали никоҳ оқшоми керак эмаслигини айтди. Дастлаб одамлар нима дейди, деб ўйлаган бўлсак, кейин қудалар нима деркин, дейишни бошладик. Қудалар Андижондан, ўзимиз самарқандликмиз. Урф-одатлар ҳар хил, ўрталикни топиш керак. Ўзим ҳам табиатан дабдабани, кўз-кўз қилишларни ёмон кўраман, стол йиқилгудек егулик қўйишлар, қимматга артист гаплашишлар, ҳатто тирик балиқчаларгача дастурхонга тортишлар мен учун абсурд. Шу сабабдир ўғлимни қўллаб-қувватладим.

 

Узоқ ўйландим, бир-икки танишларимга айтсам, кимдир “Вой мунча зўр, ҳавасим келди”, деса, кимдир “Йўғ-а, барибир “дух”ингиз етмайди, одамлар гапиради”, деди... Хуллас, бўлажак куёв билан келин гапида туриб олгач, қудамга секин айтдим. Улар ҳам роса иккиланишди.

 

Қизникида наҳор ош бердик, Андижонда қизбазми бўлди, самарқандча чимилдиқ тўйини ҳам қилдик. Келинни олиб келгач, ФҲДЁга келинни ўзимизнинг уйдан барча қоидалари билан чиқардим, музикаю йўлакни безатишларигача қилдик.

 

Бекорга хавотир олган эканман, ҳамма танишлар ва қариндошлар жуда чиройли тўй бўлди, деб мақташди. Исрофгарчилик қилиб, қўшиқчиларни қаторлаштириб чақиргандан кўра, тўйни шунақа ўтказса ҳам яхши экан-ку, дейишди. “Ҳа, ёшлар шуни хоҳлаган бўлса, нимаям қилардингиз”, деган писандалар, “Маъракаларни яхши ўтказиб олдингизми”, деган пичингларни ҳам эшитдик. Бу гаплар кўнглимни бироз хира қилди. Бироқ шундай муносабат бўлиши табиий эди. Оқимга қарши сузиш, бошқалар йўлидан юрмаслик осон эмас. Яна бир ўғлим бор, у ҳам тўйини акасиникидай ўтказишни ўйлаб қолди.

 

Андижонда қирқ кун куёвникига мазар (уч маҳал овқат) ташиш одати бор экан. Керак эмас, бизникига ҳеч нарса кўтариб юрманг, дея қудамни тўхтатдим. Ортиқча кўрпа-тўшак, латта-путталар ҳам қилинмади. Ёшлар хоҳлаганидек тўйдан кейин Туркияга саёҳат қилиб келишди.

 

Якуний хулоса қандай бўлди? Ортиқча югур-югурлардан қутулдик, ёшлар тўйини ўзи хоҳлагандек ўтказди, ўзимга нисбатан ҳурматим янаям ошди, фахрландим. Ёшлар қарорини тушуниш, қўллаб-қувватлаш, вазиятга уларнинг манфаати нуқтаи назаридан қараш керак.  

 

Ўзим ортиқча ҳашамат, маросимларга қарши гапириб, яна шуларни қилсам, иккиюзламачилик бўларди

 

Жамиятда стереотипларга энг кўп қарши чиқадиган, ўзгаришларга мойил қатлам бу – ёшлар. Лекин уларнинг айримларигина ўз хоҳишини катталарга етказа, аниқроғи, ўтказа олади.

 

ЎзР ФА докторанти, боок-блогер Моҳина Нурсаидова:

 

 

– Тўйдан аввал бўлажак турмуш ўртоғим дадам билан кўришган. Оиламиз жуда либерал, ёшлигимдан ҳар бир фикрим, хоҳишларим ҳисобга олинади. Шу сабаб мен томонда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Бироқ қуда тарафда бунақа эмас. Дадам тушунди, қўллаб-қувватлади, онам бироз хафа бўлди.

 

Турмуш ўртоғим тўйимизни ўз кучига ишониб, чўнтагидан қилган. Фотиҳа тўйи, нон синдириш маросимларини қисқартирдик. Уларни ўтказиш осон эмас ва бу турмуш ўртоғимни анчайин қийнаб қўярди. Мен унга оғир бўлишини истамаганман, ҳаммасига кўндим. Ота-онам ўзига тўқ одамлар, кўп нарсага қурби етади. Қизбазм қиламиз дейишган. Биласиз, Тошкентда жуда дабдабали ўтади, камида 200 кишилик меҳмон чақирилади. Рози бўлмаганман, қатъий “йўқ” дедим. Табиатан интроверт одамман, мен учун бу иш ўта қиммат ва мантиқсиз ҳаракат бўлиб туюлган. Ҳечам афсусланмайман.

 

Куёв томон менга сарпо қилмаган, атиги иккита кўйлак тиктирганман. Чарлариям ўтказмадик. Ўзим доим ортиқча ҳашамат, маросимларга қарши гапириб келаман. Яна ўзим шуларни қилсам, иккиюзламачилик бўларди. 

 

Тўй куни ҳам қизиқ ишлар бўлган. Воҳада уйга киришдан аввал келин-куёвни оловдан айлантириш удуми бор экан. Гулханни ўчиришсин, мен бу ишни қилмайман, деб туриб олганман. Қайсар одаммасманми, машинадан тушмай ўтиравердим. Охири оловни ўчиришга мажбур бўлишган. Яна бир бемаъни (мен шунақа деб биламан) одат – келин ҳар бир стол ёнига бориб, таъзим қилиб чиқар экан. Қилмаганман, қуда холалар норози бўлишган, албатта. Турмуш ўртоғим ёнимни олган, хотиним одамларга эгилиб, таъзим қилмайди, деган.

 

Куёв томондаги тўйда ортиқча пардоз-андозсиз, оддий кўйлак-лозимда ўтирганман. Чимилдиқ, сеп қилишлар бўлмаган. Қуда тараф тўй харжи, қалин пули бермаган, маҳргаям ҳеч нарса сўрамаганман. Ўйлаб кўрсам, теп-текинга тушган келин бўлган эканман (кулиб).  Ҳалигача қайнонамдан “сепсиз келин” деган таъналар эшитиб тураман. Бироз хафа ҳам бўлдим, кейин дарров унутдим. Лекин турмуш ўртоғимни қийнамаганим, дабдабали тўй қилинг, деб қарзга ботирмаганим учун ўзимдан ғурурланаман.

 

Албатта, “кураш” тугагани йўқ. Яқинда ўғлимга бешик тўйи қилишмоқчи эди. Кўнмадим, боламнинг ҳаёти урф-одат, дабдабали маросимлар ичида ўтишини истамайман.

 

Камхарж, лекин дидли тўй қилишнинг бошқа йўллари ҳам бор

 

Оқимга қарши сузиш тугул, туриш осон эмас. Буни қаҳрамонларимиз ҳам тасдиқлади. Исрофгарчилик, харажатларни камайтираман деса, айрим ота-оналар қарши чиқса, баъзилари фарзанди қарорини қўллаб-қувватлайди.

 

Азиза Қурбонова,

журналист:

 

 

– Менинг тошкентлик, турмуш ўртоғимнинг фарғоналик экани, оиладан узоқда ва алоҳида яшаганимиз сабаб турли-туман маросимларни қилинглар, деган гаплардан ҳам узоқда бўлганмиз. Турмушимизнинг бошида моддий қийинчиликда яшадик, уй ва машинамиз йўқ эди. Ота-онам, қайнотам, раҳматли қайнонам ортиқча маросимлардан ёш оилага ҳеч қандай наф йўқлигини тушунишган. Шу сабабдир бизга бирмунча осон бўлган.

 

Турмуш ўртоғим 18 ёшида грант ютиб, чет элга ўқишга кетган. Ошна-оғайни, қариндошларнинг тўйи, ошларида қатнашмаган. “Мени ҳеч кимдан қарзим йўқ”, дейдилар.

 

Тўйимиз ўта камхарж ўтган дея олмайман, лекин ортиқча исрофгарчиликлар бўлмаган. Қуда чақирув, ота чақирув, тўй келар, келин чиқди, куёв чиқди, хотин оши, наҳорги ош, қуда зиёфати, чарлар, келин салом каби Тошкент ва Фарғонага хос тўйдан олдинги ва кейинги маросимлар қисқарди. Фақат никоҳ тўйи бўлган. Ўзимизга қизиқ нарсалар қилганмиз лекин. Масалан, ҳамкасбларим ёрдамида арзимаган пулга севги ҳикоямизнинг видеосини ишлаганмиз. Сценарий ёзиш, объект топиш, монтаж ишларини ўзим бажарганман. Эр-хотин бирга рақс тушишни ўрганганмиз. Айтмоқчиманки, камхарж, лекин дидли тўй қилишнинг йўли кўп.

 

Хуллас, катталар айтган маросимларни қилавермаганмиз. Ота-онам, қайнота-қайнонам бизни қўллаб-қувватлаган. Тошкент-Фарғона орасида тоғора, сарпо кўтариб юриш мантиқсизлик эди ўзиям. Тўйимда мен учун қандай машинада бориш кабилар аҳамиятсиз бўлган.

 

Фарзандимиз туғилгач, ҳамма бешик тўйини кута бошлади. Оилада тўнғичман, амма, холалар “Бешик тўйи қачон?” деб сўраши табиий. Туғруқхонадан ҳам “Маша” ва “Маймоқ”ларсиз қариндошларнинг машинасида чиққанмиз (бошқа фарзандларимда ҳам шундай бўлган). Эндигина қарз-ҳавола қилиб, катталар ва яхши инсонлар ёрдамида уй олган, тўловларга қийналиб турган вақтларимиз эди. Ота-онам ёш оилага кўмак деб набирасига энг керакли нарсалар: болалар аравачаси ва карават олиб берган. Ҳозиргидек сават-сават сарполар, гўдакка таглигидан косметикасигача ташишлар йўқ. Ўзимиз молиявий қийин ҳолатда бўла туриб, дабдаба билан бешик тўйи қила олмасдик. Ҳеч қайси фарзандимга бешик тўйи бўлмаган. Динимиз ҳукмига кўра ақиқа амалини адо этганмиз, қўй сўйиб муҳтожларга тарқатганмиз.

 

Шу вақтгача кераксиз нарсалардан воз кечиб, керакли ишлар, яъни фарзандлар таълимига вақт / асаб / умримизни тикканимиз учун ҳозирги яшашимиз, фарзандларим билимидан қониқаман.

 

Ҳаммасига бир ўзим қарши туриб енгганман, дея олмайман. Қанчалик танқид қилмайлик, жамиятимизда одамлар ўзини чалғитиш, нимага эришганини кўрсатиш учун ё машина-уй олади, ё дабдабали тўй қилади. Пулини оиласининг соғлиғи, таълими, қулайлиги, дам олишига сарфлаш мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Катта суннат тўйи ўрнига боласига иссиқ ҳаммом, хотинига қулай ошхона қилиб бермайди. Бу инсонларнинг ўзига ишончи, баҳоси пастлигидан бўлса керак.

 

Ҳиндистонга борганимда камбағал, ейишга овқати, яшашга бошпанаси йўқ одамларнинг ҳар куни байрам қилиб яшаётганини кўрганман. Уларда ҳам зиёли қатлам ҳашаматли тўй-маросим, ортиқча байрамларни танқид қилади, унинг ўрнига боласини таълимига эътибор бериш, ҳаммом, ҳожатхона каби оддий ҳаётий эҳтиёжларни тўғрилашга чақиради. Жамиятдаги инсонларнинг таълими, орзу-мақсадлари қанчалар паст бўлса, кераксиз тадбир-маросимларга ружу қўйиш шунчалик кучли бўлади.

 

Хулоса ўрнида айтганда, бу масалаларда авлодлар тўқнашуви, фикрлар қарама-қаршилиги, қотиб қолган стереотип, бидъатга қарши кураш давом этади. Енгиш учун мустаҳкам сабр, катта руҳий куч керак. Сиз-чи, қачон гапиришдан тўхтаб, шахсий намунага ўтмоқчисиз?

 

Инобат АҲАТОВА,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13295
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//