Кўрмоқ бор-у, емоқ йўқ


Сақлаш
16:57 / 28.10.2021 1008 0

Яқинда ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги мактаблардан бирининг (қайси мактаб эканини аниқ айтмаётганим сабабини кейинроқ тушунасиз) ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси таниқли болалар ёзувчиси ҳамда иқтидорли ёш санъаткорлар иштирокида учрашув-мулоқот ташкил этгани ҳақидаги хабарни ўқидим. Хабарга тадбирдан олинган суратлар илова қилинганди. Менга ўша мактаб таниш, унинг ёнидан жуда кўп ўтганман. Ижтимоий тармоқдаги суратларни кузатиб бир нарсага ҳайрон бўлдим: учрашув серқатнов кўча ёқасида жойлашган мактабнинг кираверишидаги майдончада бўлиб, ўқувчилар қуёш тиккага келган пайтда давра олиб тик туришибди; тўрга қўйилган тўртта стулда ёш созандалар ўтиришибди, ўртада таниқли ёзувчи маъруза қиляпти. Уларнинг орқасида шу йил ёзда яхшилаб таъмирланган мактаб ярақлаб кўриниб турибди. Бирдан хаёлимга: “Бу мактабнинг мажлислар зали йўқмикин?” деган савол урилди, чунки бинони фақат ташқаридан кўрганман. Ўқувчилар атрофдан ҳар хил товушлар эшитилмайдиган, диққатни бошқа нарсалар тортмайдиган залдаги ўриндиқларда ўтириб маърузаларни эшитсалар, куй-қўшиқларни тингласалар, тадбирнинг самарадорлиги ортиши аниқ-да. Шу сабабли йўл-йўлакай учраб қолган ўқитувчидан сўрадим:

–       Мактабларингизнинг мажлислар зали борми?

–       Ҳа, – деди у фахрлангандай ва фикрларини тахлаб ташлади. – Ҳозир жудаям чиройли, ҳашаматли бўлиб қолди. Болалар кириб оёқости қилмасин, ремонтнинг сифати кетмасин, деб раҳбарлар қулфлаб қўйишган. Туман халқ таълимидан, вазирликдан, катта идоралардан меҳмонлар, текширувчилар келса, мажлислар ўша ерда ўтказилади.

–       Ҳа... – дедим бу кутилмаган гапдан ҳайрон бўлиб. – Кечагина мактабингизда болалар ёзувчиси ҳамда санъаткор ёшлар иштирокида тадбир ўтказилган экан. Ҳовлида, мактаб саҳнида. Мактабнинг зали йўқмикан, деб ўйлагандим. Бунақа тадбирлар ҳар куниям бўлавермайди-ку.

Бу гапимни эшитиб суҳбатдошим бирдан ҳушёр тортгандек бўлди:

–       Яна билмадим. Бу менинг гапим эмас, кимдандир эшитдим... лекин эсимда йўқ. Тағин, мени айтди, деб юрманг одамларга.

Ўқитувчини тушундим. Мактаб номини аниқ ёзмаганим сабаби ҳам шунда.

Айни мулоқотдан кейин боғчанинг токчаларига ўйинчоқларни териб қўйиб, уларни болаларга бермайдиган боғча опалар; журналистлик фаолиятим даврида айрим жойларда учратганим – “Оналар ва болалар хонаси”, “Дам олиш хонаси”, “Аёллар гигиена хонаси” каби номлар остида зарур нарсаю буюмлар билан жихозлаб қўйилган, аммо фақат “юқоридан” текширувчилар келгандагина очилиб намойиш этиладиган жойлар; айрим тўю маъракаларда тўкин неъматлар билан безатилган ва унга ёнимиздаги одамларни йўлатмай, казо-казолар келиши кутиладиган дастурхонлар ёдимга тушди. Шу билан бирга, Юртбошимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ёш авлоднинг адабиётга, бадиий ижодга қизиқишини, интилишини орттириш; бу борадаги билимларини чуқурлаштириш, иқтидорли болаларни танлаб олиш ва уларнинг қобилиятини камолга етказиш мақсадида республикамизнинг ўн мингдан зиёд мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича иштиёқ, кўтаринки руҳ, ташаббускорлик билан иш бошлаган тарғиботчиларнинг айримларидан эшитганим – улар фаолият юритаётган таълим даргоҳида адабиёт ва ижодга қизиққан болалар билан ишлаш учун шароит йўқлиги, хона ажратилмагани ҳақидаги гапларни эсладим.  

Яна... ўн йилча олдин Фарғона вилояти туманларидан бирида катталарнинг “гап”и учун музхонага қўйилган мевалардан сўрамасдан олиб еб қўйгани учун онасидан дакки эшитиб, юзига тарсаки тушганидан кейин ўз жонига қасд қилган ўн уч ёшли қиз хаёлимга келди. Бу мисол билан дилингизга изтироб солганим учун узр сўрайман. Аммо... яхшилаб ўйлаб кўрсак, юқорида келтирилган барча ҳаётий воқеаларнинг томирлари туташга ўхшайди: бу илдизлар сохта дабдабага ўчлик, обрўпарастлик, меҳрсизлик ва яна... эгаллаган лавозими-мавқеига азбаройи муносиб эмаслигидан, ўтирган курсисини йўқотиб қўйишидан қўрқиб яшаш касридан сув ичиб семиради. Саид Аҳмаднинг бир ҳикояси қаҳрамони мансабу обрў илинжида ўз отасининг қамалишига сабабчи бўлган, кейин ўзи ҳам қамалиб кетганди. Ҳа, одам ажратиш, ўзингни бошқалардан устун деб билиш, кимларгадир паст назар билан қараб, шахсий манфаат илинжида яна кимларгадир пойи-патак лаганбардорлик – инсон қалбининг энг мудхиш фожиаларидан бири. Болаларимизни бу иллат балосидан асраш учун, аввало, ўзимиз бағрикенг, холис, барчага бирдек саховатли, ўзимиз ва яқинларимизга (бугунги замонда “раҳбарларимизга” деган сўзниям қўшиб қўйсак бўлади) раво кўрган яхшиликларни барчага баробар астойдил илинишимиз керак. Айни масалада муаллимлар ўқувчилари кўз ўнгида ҳар лаҳзада устозлик мақомининг амалини намойиш этсалар, қанийди!

Ҳассос адиб Саида Зуннунова бир ҳикоясида хонадони доим саранжом-саришта, тоза, ялтиллаб туришини хоҳлайдиган, ҳовлию хоналарни чангитиб тўс-тўполонини чиқарадиган набираларини уйига сиғиштирмайдиган интеллегент буви охир-оқибат яккаю ғариб бўлиб қолганини тасвирлаган эди. Жамиятнинг келажаги, янги авлод ўз хонадонида, мамлакатнинг шаҳару қишлоқларида, илм ва ҳунар масканларида ёшига муносиб қизиқиш, шўху шаддодлик, бағри бутунлик туйғуси билан; ўзининг бахтли инсон бўлиб улғайиши учун она Ватанда барча шароитлар муҳайё ва қўл узатса етгудек эканини ҳис этиб камол топсин – шунда улар муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган, изчил чора-тадбирлар билан қўллаб-қувватлаётган қутлуғ мақсад – Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс салтанатини бунёд этгувчи шахслар бўлиб улғаядилар.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби

 

Ишонч газетаси, 2021 йил 28 октябрь сони

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//