Адабиётшуносликни барча тушуниши шарт эмас – фаннинг атай ўйлаб топилмаган моҳияти


Сақлаш
18:11 / 15.11.2023 883 0

Системавий ёндашувдан бадиий асардаги структура (функция/ муносабат)ни аниқлаш, тушуниш ва шундан сўнг унинг туб моҳиятини очишда фойдаланилади.

 

 

Система ҳақида

 

Система – маълум функцияни бажариш учун бир-бири билан ўзаро боғланган элементлар мажмуи. Системаларни кўп жиҳатдан тасниф қилиш мумкин. Дастлаб мавҳум ва аниқ система фарқланади. Мавҳум система ақл ёрдамида тикланади ва онгда мавжуд бўлади ҳамда шартли ифодага ҳам эга бўлади. Масалан, тилдаги унли фонемалар системаси – мавҳум система. У – илмий тафаккур маҳсули. Кимёвий эелементларнинг даврий жадвали ҳам шундай система. Мавҳум система борлиқда мавжуд бўлмайди. Уларни “тафаккур системалари” дейиш ҳам мумкин. Аниқ система борлиқда бўлади. Борлиқдаги ҳар бир нарса/ҳодиса – аниқ система. У жисмоний (масалан, механизм), биологик (масалан, организм), ижтимоий (масалан, ташкилот) бўлиши мумкин.

 

Ҳар икки турдаги система ҳам элементлардан ташкил топади. Фарқ шундаки, мавҳум системаларнинг элементлари бир хил (масалан, “унлилар” системасини ташкил этувчи фонемалар – о, а, у, ў, э, и элементлари бир хил ўлчам ва вазифага эга) бўлса, аниқ системаларнинг элементлари ҳар хил (масалан, автомобилни ташкил этувчи элементлар – дивигатель, шасси, кузов ҳар хил ўлчам ва вазифага эга).

 

Демак, системанинг тенглама кўриниши қуйидагича: система=элементлар+муносабат.

 

Системанинг асосий хусусиятига қуйидагилар киради:

 

элементлардан ташкил топиш. Cистема бир-бирини тақозо ва инкор қилувчи алоҳида элемент (узв)лардан иборат;

 

элементларнинг ўзаро таъсирлашуви. Система элементлари бир-бири билан ўзаро таъсирлашади – бирининг мавжудлиги бошқасини тақозо этади, ўзаро боғлиқ бўлади;

 

системанинг cтруктурлашганлиги. Система элементларнинг қандай боғланишини белгилайдиган аниқ тузилишга эга.  У иерархик, тармоқли ёки бошқа тарзда бўлиши мумкин;

 

системанинг вазифалилиги. Система аниқ функцияга эга.  Вазифа аён ёки яширин бўлиши мумкин, улар система қандай ишлаши ва қандай натижага эришишини белгилайди;

 

элементларнинг ўзаро боғлиқлиги. Системанинг элементлари ўзаро боғлиқ, бир элементнинг ўзгариши бошқа элементга ва бутун системанинг ишлашига таъсир қилади. Ўзаро боғлиқлик системанинг яхлитлиги ва барқарорлигини таъминлайди.

 

Айтилганидек, система икки кўринишда бўлади: тафаккур системаси ва борлиқ системаси. Тафаккур системаси борлиқ ҳодисаларини умумлаштириш асосида онгда тикланади. Масалан, адабий жанрлар системаси. Бу система фақат онгда яшайди. Борлиқда фақат маълум бир жанрга мансуб аниқ бадиий асарлар бўлади. Қўлимиздаги асар – моддий ва борлиқ системаси.

 

Тафаккур системасининг элементлари бир хил бўлади. Масалан, адабий тур системаси бир турдаги (гомоген) элементлар жанрлардан иборат. Моддий система (яъни муайян бадиий асар) турли элементдан иборат бўлади: мавзу, сюжет, композиция, тимсоллар каби. Уларнинг ҳар бири алоҳида элемент ҳисобланади.

 

Тафаккур системаси элементлари орасидаги зидлик (фарқ)лар, моддий системалар орасида уйғунлик (мослик) устуворлик қилади. Улар муносабат (структура)дир. Масалан, мавҳум система бўлган жанрлар орасида фарқ ва тафовутлар аҳамиятли (чунки у тафаккур системаси, мавҳум система), аниқ бадиий асар элементлари бўлган мавзу, сюжет, композиция, тимсоллар орасида мослашув, уйғунлик мавжуд (чунки муайян бадиий асар – борлиқ системаси, моддий система).

 

 

Фанларда системавий ёндашув

 

Системавий ёндашув фаннинг турли соҳасида кенг қўлланади. Айрим мисоллар келтирамиз:

 

– систем биология. Систем биология тирик организм ва унинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирини ўрганиш учун системавий ёндашувдан фойдаланади.  Тадқиқотчи тирик организмни борлиқ системаси сифатида олиб, генлар, оқсиллар ва метаболик йўлларнинг мураккаб тармоқларини таҳлил қилади уларнинг ўзаро таъсири ва умуман танада қандай функцияларни бажаришини аниқлайди;

 

– систем экология. Систем экологияда экосистемалар ва уларнинг таркибий қисмларини ўрганиш учун системавий ёндашув қўлланади.  Тадқиқотчи экосистемалар қандай ишлашини ва бир элементдаги ўзгариш системанинг бошқа элементларига қандай таъсир қилиши (яъни ўзаро муносабати)ни тушуниш учун тирик организм, нобиотик омил ва биогеокимёвий цикллар орасидаги ўзаро таъсир (муносабат)ларни таҳлил қилади;

 

– систем физика. Систем физикада системавий ёндашув квант системалари, фазавий ўтишлар ва хаос каби мураккаб физик системаларни ўрганиш учун ишлатилади.  Тадқиқотчи зарралар ва энергия ўртасидаги ўзаро таъсир (муносабат)ни таҳлил қилиб, системалар қандай ривожланишини ва уларнинг хатти-ҳаракатларини қандай қонун ва тамойиллар бошқараётганини аниқлашади;

 

– систем социология. Систем социологияда системавий ёндашув ижтимоий системалар ва уларнинг шахс, гуруҳ, ташкилот ва жамиятлар каби таркибий қисм (элемент)ларини ўрганиш учун қўлланади.  Тадқиқотчилар ижтимоий система қандай ишлашини ва бир қисмдаги ўзгариш системанинг бошқа қисмига қандай таъсир қилишини тушуниш учун одамлар, ижтимоий тузилма ва маданий омиллар орасидаги ўзаро таъсирларни таҳлил қилади;

 

– систем информатика. Систем информатикада системавий ёндашув ахборот системалари ва уларнинг алгоритмлар, маълумотлар базалари ва тармоқлар каби компонентларини ўрганишда фойдаланади.  Тадқиқотчилар ахборот системалари қандай ишлашини ва бир қисмдаги ўзгаришлар системанинг бошқа қисмларига қандай таъсир қилишини тушуниш учун ахборот, жараён ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро таъсир (яъни, бизнингча, муносабат)ларни ўрганади;

 

систем тилшунослик. Систем тилшуносликда тил (лисон ва нутқ) бирликлари ўзаро қандай боғланганлиги ва қандай бутунликни ташкил этиши, элементлар бу бутунлик таркибида, бутунлик (система) бошқа бутунлик (система)ларга нисбатан қандай функция бажаришини аниқлайди. Тилшунослар лисонни тафаккур системаси, нутқни моддий борлиқ системаси сифатида қарайди.

 

Системавий ёндашув турли системадаги мураккаблик ва муносабатларни чуқурроқ тушуниш имконини беради, бу эса илмий назария, модел ва тадқиқот усулларини қўллаш ва ишлаб чиқишга кўмаклашади.

 

 

Адабиётшуносликда рационал ва эмпирик билиш

 

Рационал (назарий) ва эмпирик (кузатув) ёндашув фан, жумладан, адабиётшуносликда билим ҳосил қилишнинг иккита асосий ёндашуви, билишдаги икки босқич.

 

 

Кузатув (эмпирик) босқичи:

 

– илгари сурилган гипотеза ва назарияни текшириш учун кузатиш, тажриба ва далиллар тўплайди;

 

– текшириш мумкин бўлган аниқ далил ва маълумотларни олади;

 

– ахборот йиғиш ва изоҳлаш учун кузатиш, тажриба, савол ва маълумотларни таҳлил қилиш усулларидан фойдаланади.

 

Эмпирик билимнинг мақсади кузатилган факт ва маълумотларга асосланган фараз ва назарияларни текшириш, тасдиқлаш ёки рад этишдан иборат. Умуман олганда, эмпирик билиш муайян асар ёки адиб ижоди (борлиқ системаси, моддий система) устида олиб бориладиган фактларни тўплаш, таснифлаш, система ёки унинг унсурини (муносабатлардан холи ҳолда) ўрганишдир. Эмпирик билим асосида назарий билим шаклланади.

 

 

Назарий (рационал) босқич:

 

– ҳодиса ва жараённи тушунтириш учун назария, модел ва тушунчаларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишга асосланади;

 

– турли ҳолат ва вазиятда қўлланадиган мавҳум ва умумий тушунчаларни яратишга қаратилади;

 

гипотеза ва хулосаларни шакллантиришда мантиқий фикрлаш, индукциядан фойдаланади.

 

Назарий босқичда бадиий ҳодисалар замирида ётган қонуният ва тамойилларни очиш ва тушунтириш асосий вазифа саналади. Назарий билим ундан кейинги эмпирик билиш босқичида ўз тасдиғини топиши керак. Зеро, эмпирик ва назарий билиш босқичлари такрорланиб туради: “эмпирик босқич – назарий босқич – эмпирик босқич – назарий босқич”. Билишда жонли мушоҳада (эмпирик билиш)дан абстракт тафаккур (назарий билиш)га ва ундан амалиёт (эмпирик билиш)га ўтилади деганда ана шу узвийлик англашилади.

 

Адабиётшуносликда назарий билимдан асар тузилиши, мазмун ва рамз каби бадиий ҳодисаларни англаш ва англатишга ёрдам берадиган қонуниятларни очиш ва тушунчаларни ишлаб чиқиш ҳамда қўллашда фойдаланилади. Бадиий қонуниятлар устида иш кўрувчи структурализм, постструктурализм, феминистик танқид каби назарий ёндашувлар адабиётни таҳлил қилиш учун турли ёндашув, усул ва воситаларни таклиф қилади. Фанда (хусусан, адабиётшуносликда ҳам) қонуниятларни очувчи ёндашув – назарий ёндашув, бу билан шуғулланувчи олим назариётчи олимдир.

 

Адабиётшуносликдаги эмпирик билим матн таҳлилига асосланган тадқиқот, муаллиф ёки китобхонлар билан суҳбат, сўров ва асарни қабул қилиш маълумотларини таҳлил қилишдан иборат бўлиши мумкин.  Масалан, бадиий асарни идрок этиш бўйича тадқиқотларда сўров ва маълумотларни таҳлил қилиш усулидан фойдаланиш мумкин. Адабиётшуносликда эмпирик ёндашув очилган қонуниятларнинг маълум бир ижодкор ёки асарда намоён бўлишини таҳлил қилишдир, бу билан шуғулланувчи олим эмпирик олимдир. Агар асар ёки адиб ижоди таҳлилидан чиқарилган хулоса адабий қонуниятларни очишга олиб келган бўлса, яъни янги қонуният кашф этилган бўлса, бу тадқиқот тўла маънода назарий тадқиқотдир.

 

Назарий ва эмпирик билимлар илмий тадқиқотлар, жумладан, бадиий танқидда ўзаро боғлиқ, улар бир-бирини тўлдиради.  Яъни умумий бадиий қонуниятлар муайян бадиий асарда қандай воқеланганлигини текшириш амалиёти (эмпирик ёндашув) назарий (рационал) билимлар асосида амалга оширилади. Эмпирик таҳлиллар эса назарий билимларга асос бўла олиши керак.

 

 

Адабиётшуносликда системавий ёндашмаслик оқибатлари

 

Бадиий асар таҳлилида системавий ёндашувдан фойдаланмаслик бир қанча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:

 

узилиш ва юзаки таҳлил. Системавий ёндашувсиз тадқиқотчилар бадиий асарларнинг сюжети, персонажлари ёки услуби каби айрим жиҳатларини, уларнинг алоқаси ва асарнинг бошқа жиҳатларига таъсирини ҳисобга олмаган ҳолда ўрганишга мойил бўлиши мумкин.  Бу эса бадиий матннинг моиятини тўлиқ тушунмаслик ва юзаки баҳолашга олиб келади. Ёки бирор адиб ижоди унга ёндош адиблар ижодидан айрича ўрганилса, бу системадаги бир элементни бошқасидан холи ўрганиш демакдир. У элементни систем муносабатсиз ўрганиш ҳисобланади. Масалан, Абдулла Орипов ижодини у билан бир системага кирадиган ёндош ижодкорлардан узиб, якка ҳолда тадқиқ қилиш аслида илмий ёндашув эмас. Бунинг учун дастлаб ушбу системага қайси ижодкорлар киришини аниқлаб олиш тақозо этилади. Муҳтарам адабиётшунослар бу системологик аксиомани эътиборга олишлари керак;

 

контекстсизлик. Системавий ёндашув бадиий асар яратилган ва идрок қилинадиган контекст (муҳит)ни ҳисобга олишга имкон беради.  Тарихий, ижтимоий ёки маданий каби контекстни ҳисобга олмаган ҳолда, тадқиқотчилар асар мазмуни ва талқинига таъсир қилиши мумкин муҳим жиҳатларни ўтказиб юборади. Контекстуал таҳлил уч ўлчамли ёндашув бўлиб, у махсус тадқиқотларни тақозо этади. Зотан, бадиий матнда ҳам уч ўлчам – “тўғри чизиқ”, “юза” ва “ҳажм” бирликлари хусусий кўринишларда намоён бўлади;

 

қамровнинг чекланганлиги. Системавий ёндашув адабиётга кенг контекстда ва турли нуқтаи назардан қараш имконини беради.  Системавий ёндашувнинг йўқлиги бадиий асар ва унинг аҳамияти ҳақида чекланган қарашга олиб келади. Тадқиқотчи адабиётнинг психология, тарих, фалсафа ёки социология каби бошқа билим соҳалари билан алоқасини ўрганиш имкониятини қўлдан бой бериши мумкин. Масалан, “Ўткан кунлар” романида психологизмни ёритиш персонажларни психологик таҳлил қилиш, уларнинг темпераментларини аниқлашдан бошланиши керак. Бироқ психологизмга урғу берилган ишларнинг аксариятида, ҳатто психологияга доир бирорта қўлланмага мурожаат қилинганини ҳам кўрмаймиз. Адабий-эстетик таҳлиллар ҳақида ҳам шундай деса бўлади;

 

объективликдан маҳрумлик. Системавий ёндашув тадқиқотнинг объективлигига ҳисса қўшади, чунки у турли омил ва улар орасидаги муносабатларни ҳисобга олиш имконини беради.  Системавий ёндашувсиз тадқиқотчи субъектив ва чекланган нуқтаи назарга дуч келади, бу эса бадиий асар таҳлили ва талқинини бузиши мумкин.

 

Адабиётшуносликда системавий ёндашиш бадиий асарни уларнинг мураккаблиги, мазмуни ва муносабатларини ҳисобга олган ҳолда чуқурроқ ва ҳар томонлама тадқиқ этиш ва тушуниш имконини беради.  Шунингдек, адабиётнинг система сифатидаги умумий қонуниятлари ҳар бир хусусий асарда қандай воқеланганлигини аниқлашга олиб келади. Бу янада холис ва чуқур таҳлил қилишга ҳисса қўшади, шунингдек, адабиёт фанининг истиқболини кенгайтиради.

 

  

Бадиий асар система сифатида

 

Санъат асарини бир-бири билан ўзаро таъсир қилувчи турли элементдан ташкил топган яхлит моддий борлиқ системаси деб қараш мумкин. Қуйида ушбу элементларнинг баъзилари ва уларнинг муносабатларини келтирамиз:

 

сюжет. Бадиий асар асосини сюжет ташкил этади.  Бу асарда юзага келадиган воқеалар кетма-кетлиги.  Сюжет қаҳрамонларнинг ўзаро таъсири, конфликтнинг ривожланиши ва муаммони ҳал қилишни ўз ичига олади. Шунингдек, сюжет бадиий асарга нисбатан элемент бўлиш билан бирга, ўзининг ташкил этувчиларига нисбатан система сифатида намоён бўлади. Масалан, сюжетни ташкил этувчи унсурлар унинг ўзаро боғланиб, системани ташкил этган элементларидир;

 

персонажлар.  Уларнинг хатти-ҳаракати ва бошқа рамзлар билан ўзаро муносабатига таъсир қилувчи шахсияти, мотив ва мақсадлари бор.  Қаҳрамонлар асосий ёки ёрдамчи образлар бўлиши ҳам мумкин, уларнинг ўзаро таъсири (элементларнинг ўзаро муносабати) асарнинг қандай ривожланишини белгилайди;

 

мавзу. Мавзу – муаллиф ўз асари орқали айтмоқчи бўлган асосий ғоя ёки хабар.  У асарнинг сюжети, персонажлари, тимсоллари ва бошқа элементлари орқали ифодаланади.  Бу кенг ижтимоий муаммо, инсоний қадрият ёки шахсий ҳис-туйғу билан боғлиқ бўлади;

 

услуб. Услуб – муаллифнинг асар яратишда тил ва бадиий воситалардан фойдаланиши.  Услуб сўз, ибора, ритм, метафора ва бошқа бадиий воситани танлаш ва қўллашни ўз ичига олиши мумкин.  Муаллифнинг услуби асар муҳити ва ўқувчига ҳиссий таъсир қилиши мумкин;

 

тимсоллар. Тимсол – том маънодан ташқари қўшимча маънога эга нарса, ҳаракат ёки белги.  Тимсоллар чуқур ғоя, ҳис-туйғу ёки тушунчани етказиш учун ишлатилади.  Улар такрорланувчи мотив ёки иш контекстида ўзига хос маънога эга бўлади.

 

Бадиий асардаги бу элементларнинг ўзаро таъсирлашуви яхлит системани вужудга келтиради. Ҳар бир элемент бошқасига таъсир қилади ва ўқувчида фикр ва эстетик таъсир шаклланишига ҳисса қўшади. Мазкур элементларнинг мавқеи турли асарда ҳар хил бўлиши мумкин. Бир асарда сюжет устувор бўлса, бошқасида услуб кучли бўлиши мумкин. Ёки ғарб адабиётини сюжет санъати, шарқ адабиётини тасвир санъати (сўз санъати) деган ҳукмимизда ҳам шунга асосланамиз.

 

 

Асар таҳлилига систем ёндашув компонентлари

 

Адабиётда системавий ёндашув тадқиқотчиларга бадиий асарни яхлит ва контекстуал таҳлил қилиш ва тушунишга ёрдам берадиган бир нечта компонентни ўз ичига олади:

 

контекст. Контекст бадиий асарнинг яратилиши ва идрокини ўраб турган тарихий, ижтимоий, маданий ва бадиий каби омилларни ўз ичига олади (бу биз юқорида таъкидлаган уч ўлчамдан бири бўлган “ҳажм”га мувофиқ келади). Системавий ёндашув тадқиқотчилари иш ва унинг талқинига қандай омиллар таъсир қилиши мумкинлигини тушуниш учун контекстни ҳисобга олади. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор” ҳикоясидаги Сотиболди бадиий шахсининг моҳияти уч ўлчамда очилади: жумлада (“чизиқ” – биринчи ўлчам), матн (“юза” – иккинчи ўлчам) ва ташқи омиллар (“ҳажм” – учинчи ўлчам). Айнан ушбу ҳикояда ҳал қилувчи омил – адиб томонидан берилмаган тарихий давр, муҳит ҳисобланади. Адиб услубига боғлиқ равишда ўлчам бирликлари тенг ёки номутаносиб бўлиши ҳам мумкин;

 

элементлараро муносабат. Адабиётдаги системавий ёндашув асарнинг сюжет, персонаж, мавзу, услуб ва тимсол каби турли элементларининг ўзаро муносабатига қаратилган. Тадқиқотчи ушбу элементларнинг бир-бири билан ўзаро таъсири ва уларнинг комбинацияси асарнинг яхлитлиги ва мазмунини қандай яратишини таҳлил қилади (бу биз юқорида таъкидлаган уч ўлчамдан бири бўлган “юза”га мувофиқ келади);

 

интертекстуаллик. Системавий ёндашув тадқиқотчиси матнлараро алоқаларни, яъни бадиий асарлар орасидаги боғлиқликларни инобатга олади.  Улар асар қандай қилиб бошқа асарга ҳавола қилиши, иқтибос келтириши ёки қайта талқин қилиши мумкинлигини ўрганади.  Бу бадиий асарнинг бир-бирига қандай таъсир қилишини тушунишга ёрдам беради (бу биз юқорида таъкидлаган уч ўлчамдан бири бўлган “тўғри чизиқ”қа мувофиқ келади);

 

комплекс таҳлил. Адабиётда системавий ёндашув асарнинг нафақат мазмуни, балки унинг шакли, тузилиши, тили ва услубини ҳам ўз ичига олган комплекс таҳлилни тақозо этади. Тадқиқотчи асарнинг мазмуни ва эстетик таъсирига қандай таъсир қилишини тушуниш учун унинг тафсилот ва хусусиятларига эътибор беради;

 

фанлараро ёндашув. Адабиётларда системавий ёндашув фанлараро ёндашувни, яъни тарих, фалсафа, социология ва психология каби турли соҳага оид билим ва усулдан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади.  Системавий ёндашув тадқиқотчиси бадиий асарларни тўлиқроқ тушуниш учун ўз дунёқараши ва билимларини кенгайтиришга интилади.

 

Адабиётда системавий ёндашув тадқиқотчиларга бадиий асарларни ўз яхлитлиги ва контекстида, элементларнинг ўзаро боғлиқлиги ва матнлараро алоқаларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга кўмаклашади.

 

 

Адабий турлар таҳлилида системавий ёндашув

 

Адабиётнинг турли жанр ва шаклига уларнинг хусусият ва муносабатларини аниқлаш учун системавий ёндашув қўлланиши мумкин.  Адабий турларга системавий ёндашувни қўллашга мисол келтирамиз:

 

1) Наср. Роман таҳлилига системавий ёндашишда тадқиқотчилар сюжет, персонаж, мавзу ва услуб ўртасидаги муносабатга эътибор қаратади.  Уларда турли воқеа-ҳодиса қандай ўзаро боғланганлиги, персонажлар қандай ривожланиб, бир-бири билан ўзаро системавий муносабатда бўлиши, асарда қандай мавзу ва ғоя мавжудлиги, муаллиф услубининг умумий муҳит ва эстетик кайфиятга қандай таъсир этиши таҳлил қилинади;

 

2) Шеърият. Шеър таҳлилига системавий ёндашишда тадқиқотчилар шеърнинг тузилиши, сўз ва иборанинг танланиши, ритм ва товуш эффектларига эътибор беради.  Улар бу элементларнинг бир-бири билан ўзаро таъсири ва қандай қилиб махсус эстетик ва ҳиссий муҳитни яратишини таҳлил қилади.  Тадқиқотчилар, шунингдек, турли шеърий асарлар ўртасидаги матнлараро алоқа ва уларнинг бир-бирига таъсирини ўрганишлари мумкин;

 

3) Драма. Драмаларни таҳлил қилишга системавий ёндашишда тадқиқотчи асарнинг тузилиши, персонажлар ўртасидаги диалог, саҳна йўналиши ва режиссёр фикрларига эътибор беради.  Улар саҳнада ҳаракат қандай кечаётгани, қаҳрамоннинг бир-бири билан ўзаро муносабати, асарда қандай мавзу ва ғоя мавжудлигини таҳлил қилади. Тадқиқотчи, шунингдек, драматик асарнинг шеър ёки наср каби бошқа жанрлар билан ўзаро муносабатини ҳам ўрганишлари мумкин. Таъкидлаш лозимки, драматик асарнинг саҳнасиз таҳлил қилиниши системавий ёндашувга мутлақо зиддир.

 

 

Бадиий система элементлари орасидаги муносабат

 

Бадиий адабиётда узвий ва эстетик мазмунли асар яратишда таркибий қисмларнинг ўзаро таъсири муҳим ўрин тутади.  Бу компонентлар ўртасидаги ўзаро таъсирга мисоллар келтирамиз:

 

сюжет ва персонажлар муносабати. Сюжет ва персонажлар бир-бирига ўзаро таъсир этиб, драматик ҳолат яратади.  Қаҳрамонлар ҳаракатланади ва сюжет ривожига таъсир қилувчи қарорлар қабул қилади. Сюжет, ўз навбатида, қаҳрамоннинг хатти-ҳаракати ва эволюциясини белгилайди.  Сюжет ва персонаж орасидаги ўзаро таъсир ўқувчи билан ҳиссий алоқани яратишга ёрдам беради ва инсон тажрибасининг чуқурлиги ва мураккаблигини намоён қилади;

 

мавзу ва рамзлар муносабати. Мавзу ва рамз асарнинг чуқур мазмун ва ғояларини етказиш учун ўзаро таъсирлашади.  Рамзлар асар мавзусини очишга ёрдам берадиган иллюзия, метафора ва аллегорияларни ифодалаш учун ишлатилиши мумкин.  Мавзу ва рамзлар ўртасидаги ўзаро таъсир муаллифга турли йўл билан талқин қилиниши мумкин серқирра ва полифоник матн яратиш имконини беради;

 

услуб ва тил муносабати. Услуб ва тил ўзаро боғланиб, махсус атмосфера ва эстетик таъсир яратади.  Муаллиф услуби, сўз, ибора ва ритм танлаши асарнинг ўзига хос овозини вужудга келтиради.  Тил тасвирларини яратиш, кайфият ва ҳиссиётларни тасвирлаш, диалог ва қаҳрамонларнинг фикрларини етказиш учун ишлатилиши мумкин.  Услуб ва тил ўртасидаги ўзаро таъсир ўзига хос бадиий шакл яратишга, муаллиф шахсини етказишга ёрдамлашади;

 

контекстуаллик ва интертекстуаллик муносабати. Контекст ва интертекстуаллик ўқувчига асарни тарихий, ижтимоий ва маданий контекстда тушунишга ёрдам бериш учун ўзаро таъсирлашади.  Контекст асарнинг мавзулари, ғоялари ва услубига таъсир қилади, матнлараро алоқа эса бошқа бадиий асар ва анъаналарга мурожаат қилиши мумкин. Контекст ва интертекстуаллик ўртасидаги ўзаро таъсир асар ва унинг аҳамиятини тушунишни кенгайтиришга ёрдам беради.

 

 Бадиий адабиётдаги компонентлараро ўзаро таъсир асарнинг эстетик ва ҳиссий таъсирини етказишга ёрдам берадиган мураккаб ва чуқур боғланишлар тармоғини яратади.

 

 

Асар таҳлилига системавий ёндашув принциплари

 

Адабиётда системавий ёндашувнинг методологик асослари бадиий асар ўзаро боғлиқ элементлардан ташкил топган мураккаб моддий система деган фикрга асосланади.  Ушбу ёндашув турли таркибий қисмлари ўртасидаги ўзаро таъсирни ҳисобга олган ҳолда, бир бутун сифатида таҳлил қилишни таклиф қилади. Адабиётда системавий ёндашувнинг асосий тамойилларидан баъзиларига тўхталамиз:

 

яхлитлик” принципи. Системавий ёндашув бадиий асарнинг яхлит система эканлигини, бунда ҳар бир элемент бошқа элементлар билан ўзаро алоқада бўлиб, асарнинг умумий тузилиши ва мазмунига таъсир этишини назарда тутади.  Демак, асарни тўлиқ англаш учун уни барча таркибий қисмлари доирасида кўриб чиқиш зарур;

 

ўзаро таъсир” принципи. Системавий ёндашув асарнинг сюжети, персонажлари, услуби, тили ва мавзулари каби турли элементлари орасидаги ўзаро таъсирга қаратилган.  У бу элементларнинг бир-бири билан қандай муносабатда бўлиши ва улар ўртасида қандай ўзаро боғлиқлик ва алоқа мавжудлигини таҳлил қилишни таклиф қилади;

 

“иерархик ва микросистематик” принцип. Системавий ёндашув бадиий асарни иерархик даража ва микросисистемаларга бўлиш мумкинлигини назарда тутади.  Масалан, сюжетни турли ҳодиса ва ҳаракатларни ўз ичига олувчи микросистема, персонажларни эса уларнинг характерлари, мотивлари ва муносабатларини ўз ичига олувчи микросистема сифатида кўриш мумкин;

 

тескари алоқа ва ўз-ўзини тартибга солиш” принципи. Системавий ёндашув бадиий асарда фикр-мулоҳаза ва ўз-ўзини тартибга солиш бўлиши мумкинлигини кўрсатади.  Демак, асарнинг бир қисмидаги ўзгаришлар бошқа қисмларга ҳам таъсир қилиши, асар ўқилиши ва талқин қилиниши билан ўзгариши ва ривожланиши мумкин;

 

“контекстуаллик” принципи. Системавий ёндашув бадиий асарнинг яратилиши ва идрокига таъсир қилиши мумкин бўлган тарихий, ижтимоий ва маданий контекст каби омилларни ҳисобга олади.  У ушбу контекстуал омиллар асарнинг тузилиши ва мазмунига қандай таъсир қилишини таҳлил қилишни таклиф қилади;

 

“кўп даражалилик” принципи. Системавий ёндашув бадиий асарни микродаражадан (масалан, алоҳида иборалар ёки тасвирларни таҳлил қилиш) макродаражагача (масалан, тўлиқ таҳлил қилиш) таҳлил қилишнинг оралиғида кўриб чиқилишини назарда тутади.

 

 

Асар таҳлилига системавий ёндашув афзалликлари

 

Адабиётда системавий ёндашувнинг афзалликлари шундаки, у бадиий асарни чуқурроқ ва ҳар томонлама таҳлил қилиш ва тушуниш имконини беради.  Адабиётда системавий ёндашувнинг асосий афзалликлари қуйидагилар:

 

асарни яхлит тушуниш. Системавий ёндашув бадиий асарни яхлит система сифатида кўриб чиқишга имкон беради, жумладан, сюжет, персонаж, мавзу, услуб ва ҳоказо.  Бу асарни ва унинг ўқувчига эстетик ва ҳиссий таъсирини тўлиқроқ ва чуқурроқ англаш имконини беради;

 

– алоқалар ва ўзаро таъсирларни очиш. Системавий ёндашув асарнинг турли таркибий қисмлари ўртасидаги муносабат ва ўзаро таъсирларни таҳлил қилиш имконини беради.  Масалан, сюжет персонажлар ривожига қандай таъсир кўрсатиши, муаллиф услубининг маълум муҳит ва ҳиссий таъсир яратиши, мавзу ва тимсолларнинг асар теранлиги ва мазмунини қандай ифодалаши каби.  Бу бадиий асарнинг мураккаблиги ва теранлигини очиб беришга кўмаклашади;

 

– фанлараро ёндашув. Адабиётда системавий ёндашув тилшунослик, психология, социология, эстетика ва фалсафа каби турли фанларнинг тамойил ва усулларидан фойдаланиш имконини беради.  Бу асар ва унинг маданият ва жамиятдаги ўрни ҳақида кенг ва кўп қиррали тасаввурга эга бўлиш имконини яратади;

 

– контекстуал ва интертекстуал таҳлил. Системавий ёндашув бадиий асарни унинг тарихий, ижтимоий ва маданий контекстида таҳлил қилиш имконини яратади.  Бу асарнинг яратилишига қандай омиллар таъсир қилганини, шунингдек, унинг бошқа бадиий асар ва анъаналар билан қандай муносабатда бўлишини тушунишга олиб келади;

 

– танқидий фикрлашни кенгайтириш. Адабиётшуносликда системавий ёндашув аналитик ва танқидий фикрлашни, шунингдек, асарнинг турли таркибий қисми орасидаги алоқа ва ўзаро таъсирларни кўриш қобилиятини талаб қилади. Бу адабиёт ва унинг аҳамиятини чуқурроқ ва танқидийроқ тушунишга ёрдам беради.

 

Умуман олганда, адабиётга системавий ёндашув асарни чуқурроқ ва ҳар томонлама англаш, унинг мураккаблиги ва аҳамиятини очиб бериш, аналитик ва танқидий фикрлашни ривожлантириш имконини беради.

 

 

Асар таҳлилилига системавий ёндашувнинг чекланганлик жиҳатлари

 

Адабиётда системавий ёндашувга танқидий қараш бир неча жиҳатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин:

 

– соддалаштириш ва чеклаш. Системавий ёндашув асарни яхлит тушунишни таклиф қилган ҳолда, баъзан таҳлилни соддалаштириши ва чеклаши мумкин.  У сюжет ёки белгилар каби баъзи жиҳатларга эътибор қаратиши ва услуб ёки тил каби бошқа муҳим элементларни эътибордан соқит қилиши мумкин;

 

– муаллифнинг индивидуаллигини эътиборсиз қолдириш. Системавий ёндашув баъзан муаллифнинг индивидуаллиги ва ўзига хослигини эътиборсиз қолдириш ҳолатларини ҳам юзага чиқаради.  У адабиётнинг умумий қолиплари ва тузилмаларига эътибор қаратади, лекин муаллифнинг индивидуал услуби, мотив ва мақсадларини ўтказиб юборади.  Бу асарнинг соддалаштирилган ва стереотипик идрокига олиб келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас;

 

– усулларнинг чекланганлиги. Адабиётдаги системавий ёндашув маълум услуб ва ёндашувлардан фойдаланишда чекланган бўлиш эҳтимоли ҳам мавжуд.  У асарнинг расмий таҳлили ва тузилишига эътибор қаратади, лекин ҳиссий таъсир, эстетика ва метафора каби кенгроқ ва чуқурроқ жиҳатларни эътибордан соқиб қилади. Бу эса асарни юзаки ва чекланган ҳолда тушуниш эҳтимолини келтириб чиқаради.

 

Умуман олганда, адабиётга системавий ёндашувни мутлақлаштириш таҳлилда соддалаштириш, чеклаш, муаллифнинг индивидуаллигини эътиборсиз қолдириш ва таҳлилда контекстнинг етишмаслиги билан боғлиқ айрим жиҳатларни юзага чиқариш эҳтимоли ҳам мавжуд.  Аммо таъкидлаш керакки, системавий ёндашув, агар у бошқа усул ва ёндашувлар билан бирга қўлланса, бадиий асарни таҳлил қилиш ва тушуниш учун анча фойдали бўлади.

 

 

Хулоса

 

Мавжудлик система сифатида яшаш. Ҳар қандай бутунлик (система) қисм (элемент)лардан ташкил топади. Қисм (элемент) эса бутунлик (система)га киради. Система моҳияти элементларнинг ўзаро муносабатидан келтириб чиқарилади. Система таркибидаги бир элементнинг моҳияти унинг бошқа элементлар билан ўзаро муносабатини аниқлаш асосида очилади.  Системалар тафаккур системаси ва моддий борлиқ системасига ажралади. Бадиий асар моддий система. Сюжет, персонаж(лар), мавзу, услуб,  тимсол (лар) ушбу системанинг элементлари. Бу элементларнинг ўзаро муносабати асосида бадиий асарнинг моҳияти тикланади. Шунингдек, элементдан ҳар бирининг моҳияти эса бошқа элементлар билан ўзаро муносабати таҳлили асосида очилади.

 

Ўсимлик ва ўсимликшунослик, тил ва тилшунослик ва ҳ.лар фарқланганлиги каби адабиёт ва адабиётшунослик ҳам фарқланиши маълум. Ўсимлик, тил, адабиёт ва ҳ. омма учун, ўсимликшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик ва ҳ. эса мутахассислар учун мўлжалланган. Баъзан тил соҳиблари бўлган адабиётшунос олимлардан тилшунослик мураккаблашиб кетди, тушуниб бўлмай қолди, бунчалик қийинлаштириш нимага керак деган эътирозларни эшитиб қоламиз. Аммо улар математика, физика, кимё каби бошқа фанлар ҳақида бундай даъволар қилмайди. Гўё тилшунослик улар тушунмаса, фан бўла олмайдигандек. Аслида, фанни ҳамма тушуниши шарт эмас (ва бундай бўлиши имконсиз ҳам). Зотан, фаннинг ўрганиш объекти ҳамма учун тенг, аммо фаннинг ўзи фақат унинг “эга”лари (мутахассислар) учун хосланган. Демоқчимизки, юқоридаги фикр-мулоҳазалар адабиётни мураккаблаштириш сифатида қораланиш эҳтимоли юқори. Аммо билдирилган фикрлар адабиётшунослик (фан)га дохил. Модомики, адабиётшунослик ҳам фан экан, уни ҳам барчанинг тушуниши шарт эмас ва у иложсиз ҳам. Фаннинг атай ўйлаб топилмаган моҳияти ҳам мана шунда.

 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси