Танқидга учраган санъат - Суқрот нега шоирларни идеал давлатга киритишни истамаган?


Сақлаш
14:11 / 15.11.2023 510 0

 

Тасвирий санъат, шеърият ва театр санъатига жамият доимо турлича муносабат билдириб келган. Кимдир уларни ортиқча дахмаза деб ҳисобласа, бошқалар санъатни инсон руҳиятининг бир кўриниши, мавҳумлик ва олийлик ўртасидаги яратиқ деб билади. Ва бу борада ҳамма даврда ҳам доимий мушоҳадалар, баҳс-мунозаралар бўлган. Антик даврда идеал шаҳарга киришга муносиб топилмаган шоирлар чиндан ҳам дунёйимизга кераксизми? Санъатнинг инсониятга қандай фойдаси бор? Бугунги мақоламизда ана шу мавзу ва саволларга жавоб излаймиз.

 

Идеал мамлакатда шоирлар бўлмайдиСуқрот

 

Антик давр фалсафаси давридаёқ шеъриятни танқид қиладиганлар кам бўлмаган, асосий масалашоир ёзган ёзиқлар ичида ақлга тўғри келмайдиган гапларнинг борлиги эди. АфлотуннингДавлатасарида Суқрот ўзлари барпо этган идеал мамлакатдан Ҳомер ва бошқа шоирларни давлатга ва инсонларга етказадиган зарарлари учун чиқариб юбориш лозимлигини таъкидлайди. Бу албатта, субъектив қараш ва нуқтаи назарга таянадиган қарор эди. Чунки у пайтларда бугунги, биз санъат деб биладиган соҳаларнимимесисяънитақлид”, “кўчирмафаолияти деб билишган. Асардамимесиссифатида тасвирий санъат, шеърият ва театр санъати кўриб чиқилган. Бунга сабаб уларнинг реал ҳаётдаги воқеликларни ўзларида қайта ифодалаши бўлган. Масалан, рассом табиатдаги дарахтни чизади, шоир воқеликни сўзларда тасвирлайди, актёр эса бошқа бир шахснинг образига киришиб, уни ижро этади, холос, деб ҳисоблашган.

 

 

Афлотуннинг асарида Суқрот шеърият, актёрлик ва тасвирий санъат инсон руҳияти ҳамда хулқига салбий таъсир қилишини таъкидлаб, бир қатор далилларни келтиради. Энг бош асос сифатида шоирлик, актёрлик ва (айниқса) рассомликни тақлид фаолияти эканини айтиб, шундай изоҳлайди: Масалан столни чизган рассом ушбу предметнинг фақат ўз кўзига кўриниб турган томонинигина тасвирлайди. Столнинг мавжудлиги ҳақиқат бўлса, унинг фақат рассом кўриб турган бир томони ҳақиқат бўлолмайди, шунингдек, тўлиқ бўлмаган тасвир бизнинг идрокимизни чалғитади. Шу боисдан, ҳақиқат бўлмаган нарса ёлғондир, ёлғон эса зарарли эканини тушуниш қийин эмас.

 

Шунингдек, Суқрот шоирлар асарлари орқали берадиган хурсандчилик ва қайғу туйғулари ортиқчалиги ва инсон онгини ўтмаслаштиришга хизмат қилишини айтиб ўтади. “Бошига кўргулик тушган инсоннинг муттасил ғамга ботиб юриши уни реал ҳаётда содир бўлаётган воқеаларни холис онг билан баҳолаш ва қабул қилишига салбий таъсир кўрсатади, ўз ўрнида бу номақбулдир, ортиқча хурсандчилик ва қувонч ҳам худди шундай. Демак, хулоса келиб чиқадики, трагедия ва комедияларнинг инсонларга берадиган ҳислари ортиқча(сунъий) ва у руҳга ёмон таъсир қилади”, дейилади асарда. Томошабин трагедия ёки эпосларда қаҳрамоннинг ўлимидан, фожиасидан завқ олади. Бу ўринда завқ кимнингдир ўлимидан хурсанд бўлишни англатмайди, балки, ўша фожиа ёки қайғули саҳна орқали мухлис ҳасратга бўлган эҳтиёжини қондиради ва бу орқали ўзини енгил ҳис этади. Бироқ, Суқрот буни ҳам инсон учун зарарли деб ҳисоблайди.

 

Асарларда худолар, қаҳрамонлар ёки оддий одамларни бузиб, ёмон хулқли, салбий образларда ифодаланиши ҳам танқид қилинади. Бу ўринда Суқрот Ҳомерни кескин танқид қилган Гераклитнинг этагини тутади. Ўша даврдаги фалсафий-ахлоқий қарашларга кўра, худолар ва бошқа машҳур қаҳрамонлар бутунлай идеал бўлиб, доим шундай тасвирланиши лозим эди. Чунки бундай идеаллик улар ҳақида ўқийдиган ўқувчи ахлоқининг шаклланишида муҳим ўрин тутади, деб тушунилган. Шеърий санъатнинг танқидига бағишланган яна бир ўринда Суқрот эътиборини шоирларнинг ёзганларига эмас, уларнинг шеър ёзиш вақтидаги ҳолатига эътибор қаратади. Антик даврда шоирлар ўз асарларини тафаккур билан эмас, илҳом деб аталувчи қандайдир илоҳий нарса орқали ёзишлари айтилган. Натижада файласуфлар бундай мавҳум, аниқ тушунтириш қийин бўлган ҳолатни жоду қилишга ўхшатиб, бу хислат ақлдан холи ҳамда фақат шоирларга хос деб ҳисоблашган.

 

 

Биз одатда санъатдан гўзалликни излаймиз, бироқ Суқрот бундай деб ўйламаган. Унга кўра, шеърият аслида фақат формал жиҳатдангина жозибали бўлиб, агар шеър чиройли сўзлар, ритм ва бошқа шу каби воситалар ёрдамида ифодаланмаса, унинг ҳеч кимга қизиғи қолмайди.

 

Театрда эса юқорида келтирилган трагик ва комедик асарга хос бўлган салбий жиҳатлар борлиги билан бирга актёр бошқа бир инсон образини гавдалантириши ҳам керак эди. Яъни, актёр баъзан ўғри, баъзан золим, баъзида эса зодагон каби турли қаҳрамонлар ролини ижро этади. Жамиятдаги ўрни, мавқейи ва ахлоқи ўзидан фарқ қилувчи қаҳрамонлар образига кириш актёр руҳиятига таъсир ўтказиши, уни ўзгартириши мумкин эди. Бундан ташқари, Суқрот хаёлан яратаётган давлатда ҳар бир одам қобил бўлган соҳадагина фаолият юритиши лозимлиги қатъий қоида бўлган. Озод шахс ҳисобланадиган актёр қул ёки зодагоннинг образига кириши бу қоидага кўра мақбул ҳаракат эмасди. Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, у театр санъатини ҳам хушламаган.

 

Бироқ Афлотун асарида ўша даврда мавжуд бўлган мусиқа ва ҳайкалтарошликни танқид қилмайди. Бу ҳол китобда мусиқанинг инсон руҳияти ва камолотида ижобий ўринга эгалиги билан изоҳлансада, ҳайкалтарошлик ҳақида ҳеч қандай сўз бормайди. Бунинг сабабини қуйидагича тахмин қилиш мумкин. Китобда яратувчилар учга бўлинган:

 Худо – ердаги барча ғояларнинг яратувчиси;

ҳунарманд, уста – Худо яратган ғояларнинг тақлидчи-яратувчиси;

ва энг қуйи тақлидчи бу рассомдир (ёки ижодкор). Шу тариқа рассом энг қуйида турадиган салбий тақлидчи сифатида кўрилади. Ҳайкалтарошлик гарчи тасвирий санъатга ўхшасада, унда асосан инсон тасвирланган. Тасвирланганда ҳам бус-бутунича, барча икир-чикирлари билан тасвирланган. Бундан ташқари, одатда фақат худолар, қаҳрамонлар, ҳукмдорлар ёки жисмонан етукликка эришган инсонларнинг ҳайкаллари яратилган. Инсонлар эса уларнинг сиймосидаги ижобий жиҳатларни ўзларига идеал сифатида олишлари мумкин эди. Шу боисдан ҳам бу даврда ҳайкалтарошлик кўчирмачилик ҳисобланмаган бўлиши мумкин.

 

 

“Афлотун менинг дўстим, аммо ҳақиқат яхшироқ дўст”

 

Арасту ва унинг устози Афлотуннинг фалсафий қарашларида зиддиятлар кўп эди. Улардан бири эстетика, аниқроқ айтганда, шеърий санъатнинг муҳокамасига бориб тақаларди. Арасту ўзининг “Поэтика” асарида ушбу санъатга таҳлилий ёндашиш билан бирга шеъриятни танқид қилувчиларга раддиялар ҳам бериб ўтади. Гарчи у шеъриятнинг ҳимояси учун мўлжалланган қисмларда бирор марта Афлотуннинг номини тилга олмасада, маълум ишораларни сезиш мумкин. Албатта, поэзияни танқид қилувчилар Афлотундан олдин ҳам бўлганидек, уни ноўрин танқидлардан ҳимоя қилувчилар ҳам Арастудан олдин бўлган. Бироқ, “Поэтика”да шеърий санъатга танқидий ёндашувнинг бутунлай янги усули таклиф этилади. Яъни китобда Ҳомер ёки бошқа шоирларнинг асарларини ахлоқий ёки аллегорик йўл билан эмас, ўзига хос тарзда ҳимоя қилади ва танқид ҳам шундай бўлиши лозимлигини таъкидлайди: “Поэзия ва сиёсатдаги ҳаққонийлик мезонлари ўртасида, шунингдек, поэзия ва бошқа санъат турларининг мезонлари ўртасида катта фарқ бор”.

 

 

Арасту “Поэтика”сида шеъриятдаги ёлғонга икки кўз билан қарайди – агар шоир бирор маълумотни унинг хатолигини билмасдан ишлатса ва бу асарнинг кучини оширса бундай хатони кечириш мумкин. Аксинча, ижодкор ўзи ёзган нарсанинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини билатуриб, ёзишдан қайтмаса, у ёмон шоир бўлади. Масалан, шеърий асарда иккала оёғини бирданига кўтарган от тасвирланса (бунга ўша даврларда мумкин бўлмаган ҳол деб қаралган), буни санъат нуқтаи назаридан кечириш мумкин, чунки шеър физиологияга алоқадор эмас ва мухлис бунга унчалик эътибор бермайди. Агар шоир кўпчилик биладиган нарсани – ҳақиқатни ўқувчиларга таъсир кўрсатадиган даражада бузиб ёзса, унда бу кечирилмаслиги керак. Масалан, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғимсан, ватаним” шеърининг бешинчи бандида шундай ёзилади:

 

“Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, ватаним”

 

Иккиликда хато кўриниб турибди – кўпчилик ўзбек қабилалари (уруғи) сони 92 та эканини билади. Ушбу хатонинг қанчалик зарарли ёки аксинчалиги эса маълум ўрганишларни талаб қилади. Бошқа томондан шоир хато маълумотни била туриб атай ёзган ёки бундан бехабар бўлганини ҳам текшириш лозим. Бир ҳисобда бу номувофиқликни ҳимоя қилувчи жиҳат ҳам бор: ўзбек уруғларининг сони ҳақида кўпчилик бохабар экан, “тўқсон олти” сони уларни хато фикрга олиб келмайди, бошқа томондан эса “тўқсон олти” деб ёзиш “тўқсон икки”га қараганда банднинг умумий оҳангига мос тушган, асардаги таъсирчанликни кучайтирган. Аммо барибир ҳолатнинг салбий томони ҳам бор. Гап шундаки, санъат асарини ўқиётганимизда, эшитаётганимизда ёки томоша қилаётганимизда руҳимизда завқ оқими вужудга келади – ҳисларимиз бир ўзанга тушиб, асар олиб борадиган нуқтага йўналади. Бунда иложи борича миямиз когнитив жиҳатдан иштирок этмаслиги муҳим, чунки бу нарса бизни бир бутун завқ ва онгимиз қабул қиладиган уйғунликдан маҳрум қилади. “Улуғимсан, ватаним” шеърининг биз муҳокама қилган ўрнидаги хатолик ҳам худди мана шунга замин яратиши мумкин. Тасаввур қилинг сиз, ўзбек миллати тўқсон иккита уруғни ўз ичига олишини яхши биласиз ва бу шеърни биринчи марта ўқияпсиз. Шоирнинг маҳорати билан шеър бошидан бошлаб завқни ҳис қиляпсиз, бироқ мана шу хато кетган нуқтага келиб миянгизда қаттиқ ўрнашган ўзбек уруғлари ҳақидаги маълумот қўзғалиб кетади. Савол пайдо бўлади “нега тўқсон олти, бу хатоку?». Мана шу нарса руҳимиздаги завқ оқимини маълум даражада тўзғитиб юборади ва яхлит шеърдаги завқни икки қисмга ажратиб юбориши ҳам мумкин.

 

 

Арастунинг фикрича, худолар, қаҳрамонларнинг тасвирларидаги бузилишларга ҳам бошқача қараш лозим. Унга кўра, шеърий асар – ҳукмнома эмас, уни шоир ўз назари билан ёзади, атрофни, воқелик ва одамларни қандай кўрса ёки аслида қандай ҳолда кўришни истаса шундай ифодалайди. Масалан, Софокл инсонларни қандай бўлишини истаса, шундай тасвирлаганини айтади. Арасту инсонлар худолар ҳақида Ҳомердан олдин ҳам, унинг шеърларидагидан кўра ижобийроқ тасаввурга эга бўлишмаганини айтади. Арасту ҳикоя қилиш услубининг танқидига жавоб бермаган. Бироқ, айтишимиз мумкинки, Афлотун ҳам ўз китобида Суқротнинг фикрларини “Суқрот шундай деди”, “Главкон унга бундай жавоб берди” деб эмас, худди шоирлар каби, асарда гўёки Суқрот ва бошқаларнинг ўзлари гапираётгандай қилиб тасвирлаган. Бу эса Афлотуннинг ўзи ёқлаётган ҳақиқатнинг тамойилига тўгри эмас. Ахир, биламизки, китобни Афлотун бошқаларнинг тилидан олиб ёзган…

 

Ва энг муҳим раддия “мимесис”лар (бугунги кунда биз санъат деб ҳисоблайдиган соҳалар) инсоннинг табиий эҳтиёжи ва улар инсонга азалдан хос эканлигидир. Арасту айтадики, тақлид, ўхшатиш – инсон руҳига гармония ва ритм қанчалик хос бўлса, шунчалик тегишли. Санъатни бутунлай ёки бирор турини бирор бир ерда тақиқлашнинг имкони йўқ, у абадий мавжуддир. Тарихга қарасак ҳам, цивилизациямиз давомида кўп маротаба санъатни кескин танқид қилиш ва уни тақиқлашга уринишлар бўлган, бироқ бу амалга ошмаган. Чунки киши борки, уйғунликка, ритмга, оҳангга, тасвирларга, тақлидга кучли ички истакни ҳис қилади.

 

Суқрот ҳақ эди, фақат…

Суқрот тасвирий санъатни ҳам танқид қиларкан, ўша давр нуқтаи назаридан ҳақ эди, дейиш мумкин. Чунки унга замондош рассомлар фақатгина предмет, инсон ва ҳайвонларнинг кўринишинигина ифодалаган. Қолаверса, суратларда чизиш техникаси ҳам анчагина паст бўлиб, композицион жиҳатдан ҳам камчиликлар бўлган. Аммо, тасвирий санъат кейинги ривожланиш даврларида анча тараққиётга эришди. Натижада бугунги суратлар фақат олди тасвирланган буюмларни ҳам бус-бутунича тасаввур қилишга имкон беради. ХИХ асрдан бошлаб рассомлар сурат формал жиҳатдан шунчаки борлиққа тақлид бўлиб қолмаслиги учун интила бошладилар. Ван Гог, Пол Гоген, Пол Сезан, Тулуз-Лотрек, Эдвард Мунк ва бошқалар пост-импрессионизм, экспрессионизмни шакллантиришди ҳамда ривожлантиришди. Энди борлиқ бор-йўги ўзининг табиий ҳолатида эмас, аксинча, ижодкор уни қандай кўриб, қандай тушунса, ҳис қилса ва томошабинга қандай ҳолда етказишни истаса, шундай кўринишида тасвирлана бошланди.

 

 

Антик даврдаги санъатнинг тақлид ёки кўчирма экани, санъаткорнинг тақлидчи, ўхшатувчи экани ҳақидаги умумий қарашга эса Гегелнинг мана бу фикрлари билан жавоб берса бўлар, балки: 

“Кишилар кундалик ҳаётда гўзал ранг, гўзал осмон, гўзал дарё, гўзал гул, гўзал ҳайвон, яна-да кўпроқ гўзал инсонлар тўғрисида гапиришга одатланишган. Ҳозирча бундай ташбеҳларни нарсаларга қай даражада қўллаш юзасидан мусоҳабага берилмаган ва табиатдаги гўзалликни санъат гўзаллиги билан ёнма-ён қўйган ҳолда айтиш мумкинки, бадиий гўзаллик табиатникидан аълодир. Чунки санъатдаги гўзаллик руҳ заминида юзага келиб, қайта яратилган гўзалликдир, модомики, руҳ ижодиёти табиат, унинг нарса-ҳодисаларидан юксак экан, санъатдаги гўзаллик ҳам шу даражада табиий гўзалликдан устун туради. Санъат табиий шакллар ранг-баранглигини жилолантирадиган ҳашамдорликни ўзлаштириш билан чекланиб қолмайди, уларни яна-да теранлаштиради, ижодий фантазия воситаси билан чексизлик кашф этади*”. (*Маҳмуд Абдуллаев таржимаси)

 

Жавоҳир ЭРГАШEВ

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси