Тўлишишга мойил кишилар учун тарвуз хавфлироқ, нега қовунни айблаймиз?


Сақлаш
11:11 / 10.11.2023 395 0

Инсон ихтиёрсиз равишда теварак-атрофида учрайдиган турли ҳодисаларнинг сабабларини излайди, ўзи дуч келган муаммоли вазиятларни, оқибатларни таҳлил қилади, баҳолайди ва шунга таяниб тўғри қарор қабул қилишга интилади. Моҳиятни билиш муаммоларни ҳал қилиш калити саналади. Зотан, инсон ҳаётининг мазмуни – муаммоларни ечишга интилмоқдир.

 

Ҳа, нарса-ҳодисаларнинг моҳиятини билиш оддий одам учун-да ҳаётининг кўп жабҳаларида фойдали. Муаммонинг асосини билиш самарали ечимларни топишда қўл келади. Масалан, агар киши ўз автомобилининг қандай ишлаши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлса, техник ҳолати билан боғлиқ баъзи муаммоларни мустақил равишда ҳал қила олади. Мавзу ёки муаммони чуқур тушуниш – унинг моҳиятини билиш демакдир, бу эса турли вариантларни оқилона баҳолаш ва улардан энг мосини танлаш имконини беради. Ҳатто ўзимиз кўпинча эътиборсиз қарайдиган овқатланишни олайлик. Озиқ-овқатнинг моҳиятини билиш нимани, қачон ва қандай ейишга ўргатади. Дейлик, кўпчилик тарвуз асосан сувдан иборат (80 фоиз), у семиртирмайди деб ўйлайди. Аммо унинг моҳияти сувда эмас, балки таркибидаги глюкозада. Тарвузнинг гликемик индекси   –   72, қовунники эса   –   62. Демак, углевод миқдори тарвузда кўпроқ. Кўринадики, тўлишишга мойил кишилар учун тарвуз қовунга нисбатан хавфлироқ.

 

Моҳиятни билмоқ танқидий фикр ўсиши омили ҳамдир. Нарса-ҳодисаларнинг моҳияти ҳақида билимга эга бўлган одам маълумотни таҳлил қила олади, савол беради, шубҳаланади ва қўшимча манбаларни қидиради. Бу мустақил фикрлаш ва онгли қарор қабул қилиш кўникмасини ривожлантиради.

 

Афсуски, ҳаётимизда учрайдиган жуда кўп муаммоларнинг сабабларини моҳиятдан эмас, юза сатҳдан излаймиз. Аслида эса биз ижтимоий ҳаётда дуч келадиган аксар муаммоларнинг илдизи қайси ижтимоий-иқтисодий тузумда (формация) эканимизда, унинг механизмларида. Моҳиятни англамай туриб эса муаммоларни ечиб бўлмайди.

 

Сираси, моҳиятни билиш одамзодга атрофдаги дунёни яхшироқ тушуниш, онгли қарор қабул қилиш ва ҳаётий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Бу эса шахснинг ривожланиши, ўз-ўзини англаши ва шахсий сатҳда ҳам, ижтимоий сатҳда ҳам тақдирини ўзи белгилашини таъминлайди.

 

Арастудан Навоийга қадар

 

Арасту фалсафасида моҳият (essenсe) нарса-ҳодисанинг ички ва ўзгармас табиати – зотини белгилайди ва бошқа нарсалардан   ажратиб туради (Аристотель.  Сочинения. В 4 т. Т. 2. Москва, 1978. Стр.   6).  Моҳияти ўзгарса, нарса ҳам ўзгаради. Фома Аквинский фалсафасида эса моҳият Яратувчи билан у яратган борлиқнинг ўзаро муносабати сифатида қаралади (Федчук Д. “Сущность” и “существование” у Фомы Аквинского: Авт.дисс. …канд. философ. наук. СП(б), 2003. Стр. 13).

 

Моҳият – кўринмас (ботиний), у ҳодисани белгилайди; ҳодиса эса кўринувчидир – у моҳият томонидан белгиланади. Ҳазрат Навоий моҳиятни “зот” деб тавсифлайди: “Зотидин демайдурур худ кимса сўз, / Ким эрур кўр онда ҳар бинанда (кўрадиган) кўз” (Алишер Навоий. Лисонут-тайр. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991. 29-бет).

 

Моҳият ва ҳодиса илмий ўрганишда шартли равишда фарқланади. Аслида, улар бир-бирига шу даражада яқинки, бамисоли бир варақнинг икки бети кабидир. Навоий қушларнинг (ҳодиса) Симурғдан (моҳият) ажралмас эканини бундай тасвирлайди: “Сиз тушуб ул шоҳдин беҳад баид / Ул ёқинроқ сизга “мин ҳаблул варид”. Демак, “Лисонут-тайр”да қушлар Симурғга интилгани сингари афкор инсоният ҳам бир умр моҳиятга интилади, уни топишнинг машаққатли йўлида заҳмат чекади, деган мазмун бор.

 

Фанда моҳият

 

Ҳар қандай фаннинг мақсад-вазифалари ўрганилаётган нарсанинг фаолияти ва тараққиётига хос қонуниятларни очишдан иборат. Қонуниятлар ва улардан фойдаланиш нуқтаи назаридан фанлар назарий ва амалий турга ажралади. Бу билиш жараёнининг назарий ёки амалий босқичлари билан боғлиқ. Фан қуйидаги икки вазифадан, ҳеч бўлмаса, бирини бажариши лозим: ўрганилаётган нарса-ҳодисани такомиллаштириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

 

Нарса-ҳодисани такомиллаштириш унинг моҳиятини очиш асосида унга таъсир қилишни ҳам ўз ичига олади. Масалан, кимёвий унсурларнинг тузилиши ва атом оғирликлари уларнинг моҳиятини ташкил қилади. Кимёвий даврий тизим кимёвий унсурларни, хусусиятлари ва кимёвий тузилишига қараб, бир системага солиш ҳамда таснифлаш мақсадида яратилган эди. Маълумки, даврий система – 1869 йилда Дмитрий Менделеев томонидан ишлаб чиқилган ва кимё соҳасидаги улкан ютуқлардан бири, муҳим кимёвий қонуниятнинг кашф қилиниши деб эътироф этилган. Даврий жадвалнинг мақсади кўплаб элементларни тушуниш ва тартибга солишни осонлаштириш билан бирга келажакда кашф этилиши мумкин бўлган янги унсурларнинг хусусиятларини башорат қилиш эди. Даврий система кимёвий элементларнинг атом массаси, электрон тузилиши, кимёвий фаоллиги ва бошқа хусусиятлари замиридаги қонуниятларни кўриш имконини беради.  Ушбу тизим турли соҳа, жумладан, кимё саноати, фармацевтика, материалшунослик кабиларда амалий аҳамиятга эга. У олим ва муҳандисларга элементларнинг хосса ва ҳаракатларини тушуниш ва башорат қилиш, янги материаллар, дори ва технологияларни ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда.

 

Чексиз нутқ ҳодисалари замиридаги қонуниятларни очиш тилни лингвистик, математик ва дастурий моделлаштириш учун замин бўлаётир. Бу эса бугунги кунда сунъий интеллект яратиш, инсон мия фаолияти қонуниятларини тил асосида текшириш ва баҳолашга йўл очади. Нарса-ҳодиса замиридаги қонуниятларни очиш улардаги умумий ва барқарор жиҳатларни хусусий ва ўткинчи жиҳатлардан фарқлашдан бошланади. Бунда фалсафада барқарор деб қараладиган “моҳият” ва ўткинчи деб баҳоланувчи “ҳодиса” категорияларидан асос сифатида фойдаланилади.

 

Ҳозирда мазкур категорияларга таяниш фанда урфдан қолгандек. Бироқ илм кишиси ўз олдига нарса-ҳодисанинг моҳиятига дахлдор қонуниятларни ўрганиш мақсадини қўйиши, моҳиятни очиш ҳар қандай назарий фаннинг асосини ташкил қилиши лозим. Моҳиятга интилиш модомики ҳар қандай фаннинг асоси экан, “моҳият” ва “ҳодиса” тушунчалари ҳамиша яшовчандир. Таълимда ҳам бу икки тушунчани фарқлаш такомиллаштирилиши шарт. Бу, айниқса, жамият қурилиши ва уни бошқариш билан боғлиқ ижтимоий фанларда катта аҳамиятга эга. Кўпчиликни қийнаётган ижтимоий муаммоларга моҳиятни англамай ёндашув сабаб улар ҳал бўлмайди.    

 

Санъатда моҳият

 

Санъатда “моҳият” тушунчаси асар мазмуни, ғояси ёки ҳиссий жиҳатини англатади. Асл моҳият асарнинг ўзига хос, теран мазмунли ва бетакрор бўлишида намоён бўлади (бу мавзуда кўплаб асарлар мавжуд: Michael Frid, “Art and Objecthood” (1967), Alain de Botton, John Armstrong, “Art as Therapy” (2013), Jоhn Dewev, “Art and Social Consciousness” (2002), Николай Бердяев, “Кризис искусства” (1994), Yonatan   H. Mishal, “Art and Transformation” (2009). Масалан, рангтасвирда асар моҳияти унинг композицияси, ранг комбинацияси, рассомнинг техникаси ва услуби (ҳодиса) орқали воқеланади. Бунда моҳият санъаткорнинг томошабинга қандай мазмунни етказмоқчи ёки унда қандай таассурот уйғотмоқчи экани билан характерланади. Мусиқада эса моҳият қўшиқнинг оҳанги, гармонияси, ритми, матни воситасида рўёбга чиқади; тингловчида уйғотадиган ҳиссий таъсири билан белгиланади.

 

Санъатдаги моҳият асарнинг мазмунан бойлиги ва ғоявий чуқурлиги, ҳиссий ва ақлий таъсирини тушунишга кўмаклашади, асар жавҳарини кўриш ва ҳис қилиш имконини беради, унга такрорланмас хусусият ва қиммат бахш этади. Умуман, санъатнинг моҳияти чуқур ботиний экани боис уни идрок этиш, тўлиқ қабул қилиш учун ҳам одамда жибиллий сезим бўлмоғи лозим.

 

Адабиётда моҳият

 

Моҳият сўз санъати намуналарининг мазмундор, бетакрор ва таъсирчан чиқишини белгилайди. Адабий асарларга “моҳият” кўзгусида қараш тизимли талқинларга йўл очади. Таҳлилларда барқарор ва ўткинчи, асосий ва иккиламчи, ўзига хос ва умумий жиҳатларни фарқлашда илмий-методологик қиммат касб этади.

 

Бадиий адабиётдаги моҳият муаллиф ўз қаҳрамонлари, сюжет ва ёзиш услуби орқали етказмоқчи бўлган мазмун-ғояни англатади. У чуқур инсоний туйғу, ахлоқий муаммо, ижтимоий-сиёсий қарашларни ёки шунчаки гўзаллик, эстетик идрокни акс эттириши мумкин. Моҳият асарнинг теранлик даражаси, ўқувчига ҳиссий-ақлий таъсирини тушуниш ва қадрлашга хизмат қилади.

 

Адабий асарлар “оммабоп” ва “хослар учун” каби турларга ажратиб келинган. Бинобарин, бадиий адабиётда ҳам зоҳирий (оммабоп), ҳам ботиний (хослар учун) моҳият бўлиши мумкин. Зоҳирий моҳият асарнинг сюжет, персонаж, воқеа каби бир қарашда ҳамма учун аниқ-равшан томонларида намоён бўлади. Ҳазми енгилроқ асарларда зоҳирий моҳият устуворлик қилади. Ботиний моҳият эса матнга сингдириб юборилган янада яширин ва чуқурроқ ҳикмат ёки фикрларда зуҳур этади. Оммабоп моҳият ҳиссий ҳолатлар, рамз, метафора кабиларда берилади. Ботиний моҳият интертекст, поэтик синтаксис ёки мураккаб ҳикоя тузилмалари каби ниҳоятда нозик элементлар орқали очилади. Аммо шунда ҳам у тугал равшанлашади деб бўлмайди. Масалан, “Лисонут-тайр” достонидаги том моҳият қушларнинг охирги манзилда Симурғни тополмай, ўзлари унга айланганида деган нуқтаи назар устувор. Зотан, “Ҳақ ўзингда” тезиси кўплаб тагмазмунларга эга. Тополмаслик – қидирилаётган объектнинг мавжуд эмаслигини ҳам билдиради. Масалага ёндашувда кимлардир “Спиноза тангриси” тушунчаси асосида муносабатда бўлиши ҳам мумкин. Яъни файласуф “Тангри борлиқдан ташқарида эмас, балки унинг ўзида” деган ғояни илгари суради.

 

Таъкидлаш керакки, зоҳирий ва ботиний моҳият боғлиқ ва бир-бири билан ўзаро таъсирга эга. Биринчиси ғоя ва ҳис-туйғуларни тушуниш учун кириш нуқтаси ўлароқ хизмат қилади, иккинчиси эса асарнинг туб аҳамиятидан хабар беради.

 

Бадиий асар моҳияти, энг аввало, ижодкор шахс назарда тутган моҳиятни англатса-да, уни талқин қилиш ва тушуниш, одатда, индивидуал характерда, ҳар бир ўқувчи ёки таҳлилчининг идрок даражаси, тасаввур салоҳияти, тажрибасига ҳам боғлиқдир. Обрўли адабиётшуноснинг фикри баъзан ўқувчилар диққатини асл моҳиятдан узоқлаштириб юбориши-да мумкин. Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”ини айрилиқ достони деб баҳолаш, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” асарида ижтимоий-сиёсий эврилишни кўриш, Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча” шеърига сиёсий мазмун бериш адабиётшуносликдаги худди шундай ҳодисалардандир. Бу каби мисолларда муайян таҳлилчи илгари сурган индивидуал моҳият адабиётшуносликда ҳам, ўқувчилар онгида ҳам барқарорлашган. Албатта, адабий матн – ўқувчи ва таҳлилчининг фикрлаш-билим даражасига қараб унда турли моҳиятларни кўриш имконини берадиган кўпқатламли ҳодиса. Адабиётни кўп қиррали ва қизиқарли санъат турига айлантирган омил ҳам шу.

 

Ҳикмат устунми ёки поэтик гўзаллик?

 

Асл ва юксак адабиётнинг ботиний мазмун-моҳиятини бетакрор ҳикматга йўғрилган ғоя ташкил қилади. Зеро, сўз санъаткорининг асосий мақсади ҳам теран ва бетакрор фикр-ғоя ва фалсафий тушунчани кашф этиш ҳамда уни ҳаётий-қизиқарли кечмишу кечинмалар воситасида ўқувчига етказишдир. Пурҳикмат ва бетакрор ғоя севги, ўлим, адолат, ҳаёт мазмуни, ахлоқий эврилиш ва шу каби турли азалий-абадий тушунчалар билан боғлиқ бўлади. Улар ўқувчининг фикрлаши, илҳомланиши, ўзи ва атрофидаги оламни теранроқ тушунишига ёрдам беради.

 

Юксак санъат намунаси бўлган бадиий асар ҳаётга янги ва ўзига хос қарашни туҳфа этади, китобхонда саволлар уйғотади. Ғоялар умуминсоний, умуммаконий, умумзамоний бўлиши мумкин. Ўлмас асарларнинг моҳияти ана шунда.

 

Пурҳикмат ва бетакрор ғоя бадиий асарнинг мағзини ташкил қилади, лекин бадиий асарни юксак санъат намунасига айлантирадиган ягона омил эмас. Санъат асарида шакл – ифода ҳам моҳият билан тенг қимматга эга. Ҳикматсиз бадиият ҳам, бадииятсиз ҳикмат ҳам асар қимматини туширади.

 

Бадиий адабиёт шундай сирли ҳодисаки, баъзан оригинал мажоз ёхуд кутилмаган сўз ўйини ҳам ўқувчини фавқулодда таъсирлантириши мумкин. Айрим асарларда теран ҳикмат ва бетакрор ғоя учрамаса-да, улар руҳий ҳолат ёки кечинмалар ифодаси билан қиммат касб этади. Бундай асарлар китобхон учун умумий ва тушунарли ҳис-туйғуни ифодалайди, кайфиятга таъсир қилиб, унга завқ ва мароқ беради. Зотан, кимгадир одамлар, кимгадир воқеалар, кимгадир эса ғоялар (ҳикмат) таъсир қилади. Улар ўқувчида ҳамдардлик, ҳамфикрлилик уйғотади, ҳис-туйғулар ўсишига ёрдам беради. Демак, баъзи асарлар кўпроқ ҳиссий таъсир яратади, бошқалари эса янги ғояларни таклиф қилиш, фикр юритиш ва тафаккурни ўзгартиришга олиб келади.

 

Ҳикматли, бетакрор ғоя ўқувчининг интеллектуал ўсишига ҳисса қўшади. Бадиий-эстетик ўзига хослик, ўз навбатида, услуб, ноодатий адабий воситалар, айрича сюжет ва композиция, асарни такрорланмас ва эсда қоларли қиладиган бошқа жиҳатларда ҳам намоён бўлади. Бироқ бу – ўқувчининг ҳис-туйғуларига таъсир этган асар қадр-қимматсиз дегани ҳам эмас. Зотан, “Сарву гулу лола харидори бор, / Лек ўтуннинг доғи бозори бор” (Навоий).

 

Ҳиссий таъсир бадиий адабиётнинг кучли ва муҳим жиҳати бўлиши мумкин. У ҳамдардлик уйғотиб, инсоний ҳис-туйғу ва тажрибаларни теранроқ тушунишда асқатади. Бу ҳол шеъриятда яққолроқ намоён бўлади.

 

Бизнингча, бадиий адабиётнинг таъсир кучи ўқувчи асардан нимани излаётганига ҳам боғлиқдир. Баъзилар ноёб ҳикмат, ғоя ва бадиий ўзига хосликни қадрласа, бошқалар кучли ҳис-туйғу уйғотувчи асарларни хуш кўради. Аммо бу ҳол ижодкор кўзда тутган асл моҳиятни инкор қилмайди. Бу фикрни бедилхонларнинг бир байтдан тўқсон тўққиз маънони топгани, асл (ижодкор назарда тутган) моҳият эса муаллиф тафаккурида қолгани ҳақидаги ривоят билан далилласак, тушунарлироқ бўлади.

 

Алқисса

 

Виссарион Белинский бадиий асарнинг етуклиги унинг ўзида “гўзаллик, ҳикмат ва эзгулик”ни қай даражада мужассамлантирганида деб билган. Унга кўра, чинакам санъат нафақат эстетик қимматга эга бўлиши, балки теран фикр ва ғояларни ифодалаган ҳолда инсонни маънавий юксалтиришга хизмат ҳам қилиши керак (Морозов П. Белинский, Виссарион Григорьевич // Энциклопедический словарь Брокгауза и Ефрона: в 86 т. Том V. СПб, 1891. Cтр. 191–194). Адабиётшунос санъатнинг ижтимоий ва ахлоқий ролига катта аҳамият берган: у жамиятни маърифатли қилиш ва тарбиялаш воситаси ҳам бўлиши керак. Олим санъатда воқелик ва ижтимоий муаммоларни акс эттириш, илғор ғоялар ва қадриятларни тарғиб этиш тарафдори бўлган.

 

Алқисса, бадиий асар шакл (гўзаллик), мазмун (ҳикмат) ва вазифанинг (эзгулик) диалектик яхлитлигидан иборат. Қайси жиҳат устуворлик қилса, шу жиҳат асарнинг моҳиятини ташкил этади. Бу жиҳатдан бадиий асарни учбурчакка қиёслаш мумкин. Маълумки, учбурчак бурчакларининг йиғиндиси 180 даражага тенг, бирининг кенгайиши бошқаларининг торайиши ҳисобига содир бўлади. Сўз санъатида ҳам шундай. Тенг бурчакли учбурчак нисбатан мукаммал бўлгани каби, уч жиҳати ҳам мутаносиб адабий асаргина моҳиятан мукаммал аталмоққа муносибдир.

 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ

 

“Tafakkur” журнали, 2023 йил 3-сон.

“Жаноби моҳият” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси