Эски “Ақоид” китобларимизда ёзилғондурким, замона охир бўлиб, қиёмат яқинлашмоқда. “Яъжуж-маъжуж” деган бир жамоа махлуқ пайдо бўлиб халқнинг тинчлиғини бузиб, дунёни хароб этишга тиришадирлар.
Орадан кўп вақт ўтмай, ҳар ерда “баркамол осойиш” бўладир. “Яъжуж-маъжуж” жамоасининг қандай махлуқ эканлиги тўғрисида “уламои ислом” орасида ихтилоф кўбдур. “Маҳриб уш-шариат” деган мўътабар бир китобда ўқиғонимизға қарағонда, шул “яъжуж-маъжуж” тоифаси ҳақида ёзилғон баъзи сифатлар юздан шона – остдан фона уратурғон “мустамлакачи” ўртоқларимизнинг шаъниға тўғри келадур.
Яна ўшал китобда: “Насриддин Тантанони”дан ривоят этадурларким, замона охир бўлғонда Туркистонда, айниқса, Самарқандда “жадид” танасидан эшон ва авлиёлар чиқиб, халққа турлик кароматлар кўрсатадурлар ва шунинг билан кунда бир неча мурид овлайлар. Охирда, “жадид” исми халқ орасида кўтарилиб, унинг ўрнида “тараққийпарвар”, “маорифпарвар” ҳам “ёшлар” исмлари билан “буқаламун” фикрлик зотлар пайдо бўлади.
Бу зотларнинг бир бўлаги турли чатоқ йўллар билан оқча тўплаб, бор-йўғини тўйга сарф қиладурлар. Маориф учун ҳеч мири бермайдур. Бир қисми “Нашри маориф” учун жаҳолатга қарши “муттаҳид фрунт” очиб, қўшинсиз уруш бошлайдурлар. Янги тантаналик қуруқ қарорлар билан машғул бўладурлар.
“Мажмуийи сафҳо” деган китобда ёзғонига кўра, охир замонда Туркистонда “маҳкамаи шаръия”лар очилиб, бу маҳкаманинг ишларини бир вақт кофирлик отини кўтарган жадид синфи бошқарадир. Ўлиб кетган вақфлар қайтадан тиргузиладур. Вақф оқчаси мактаб ва маориф йўлида сарф қилинадур. Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, қоринпарвар муллалар билан тараққийпарвар жадидлар орасида вақф устида катта жанжал чиқиб, натижада барча вақфлар “наҳанг” комига кетадур.
“Ёшлар”нинг кеча-кундуз хизматлари ошамоқ, “туташ”ларға ёндашмоқ ва охири йўлдан адашмоқ бўладир. Хотин-қизларнинг юз пардалари очиладур, шарм-ҳаёлари қочадур. Иффатликлари сийрак қоладур.
Бухоро ўлкасида амир Олимхон ҳазратлари “шаҳид” этиладур. Унинг ҳар бир томчи қонидан юз “жувонбоз” пайдо бўладур. Минг доҳий дунёға келадур. Кечаларни базмсиз ўтказган уйларға жарима солинадур. Пора олмағон амалдорлар юртдан бадарға қилинадур. Охири, фақир халқнинг ҳаммаси жонидан тўйиб, босмачилиққа ёзилиб, далаға қочиб кетадур. Мана, сизга охири замон аломатларидан бир неча тимсол. Бу сўзларнинг барчаси юқоридаги мўътабар китоблардан нақл этилди. Ҳар ким шак келтирса – кофир бўлғай.
“Қаҳат ул-уқало” деган бир китобда Самарқанд маҳкамаи шаръияси хусусида бошқа хил маълумот берилган. Бунда ёзилғониға кўра, Самарқанд маҳкамаи шаръияси халқнинг намоз ўқиши тўғрисида айруча аҳамият берадур. Чунончи, ҳар ким ўзининг маҳалласидаги масжидга жамоат намозиға саҳван чиқмай қолса, уни биринчи қатла олти, иккинчи қатла саккиз ой қамоққа ҳукм этадур. Учинчи дафъадан уни шаҳардан чиқариб ҳайдайдур. Токи, ул бенамознинг касофатидан бир шаҳар хароб бўлмағай. “Мақобир ул-ағниё” деган китобда Абу Низом ал-Мағрибий ал-Мастурий ёзадиким: қиёмат яқинлашғонда, бойлардан хайрият, камбағаллардан куч, деҳқонлардан баракот кўтариладур. Жадидлар намоздан, қадимлар маорифдан, ҳукуматлар адолатдан қочадурлар. Маориф идораларида оқча, мактабларда ўқувчи, муаллимларда таълим қочадур. Охир замон олимлари амалсиз, бойлари ҳамиятсиз, шоирлари шеъриятсиз, муҳаррирлари саводсиз, газеталари обунасиз, матбаалари ҳуруфсиз, мураттиблари тартибсиз, идоралари доирасиз, табиблари дорусиз, ҳакимлари ҳикматсиз, эшонлари ишончсиз, муридлари ихлоссиз бўладурлар.
Булардан бошқа: бу замоннинг ҳар бир жонлик ва жонсиз нарсаларига тоғ каби оғир солиқлар солинадурким, натижада дўконлар ёпила-ёпила сонлари озаядур. Ҳайвонлар сўйила-сўйила этлари ейиладур. Камбағаллар эзила-эзила дунёға видоъ айтадурлар. Солиқлар қанча кўпайса, бозор баҳолари ўшанча тушиб, охири қоғоз-оқча билан олтун, оға-инидек бир-бирига қовушадур. Золим “Николай” замонида бўлғон арзончилик париси қайтадан дунёга келиб, халққа муҳибона салом берадур. Бу роҳат ва саодат даври кўб давом этмай, кетидан “дажжоли лаин” дунёға чиқиб кўб ўзгаришлар ясайдур. Шунинг билан одам боласи мурод ва мақсадига етадур-да, сўнгра бирдан қиёмат қойим бўладур. Шуни ҳам ёзиб ўтайким, киёматдан бир кун илгари Туркистонда имло масаласи “ҳал” этилиб, Қуръон янги имло билан ёзиладур. Солиқ ишлари шунча тарақкий этадурким: камбағал ишчи-деҳқонлар ҳовузларида ваққиллайтурғон қурбақаларга ҳам солиқ тўлашга мажбур бўладурлар. Фақат дарахтларга қўниб учатурғон қушлар учун солиқ тўлашдан маоф этиладилар.
Бу сўзларга шак келтирган киши кофир бўлмаса ҳам, лекин “Геполув” томонидан турлик синфлар ичида ёширун суратда қурилғон сонсиз оқ тузоқларга бир кун оёғи айланиб, “борса келмас” шаҳарға юбориладур.
Ҳожи МУИН
“Зарафшон” газетаси, 1923 йил 11 февраль.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ