Кириш. ХХ аср бошлари матбуоти саҳифалари кўздан кечирилса, энг кўп баҳс ва мунозарага сабаб бўлганлардан бири миллий тил масаласи эканлигини кузатиш мимкин. Миллий тилга нисбатан ҳар қандай ижобий фикр қўллаб-қувватланган, салбий қарашлар эса қораланган, миллатга, миллатнинг ор-номусига таҳдид деб билинган. Масалан, жадидлар карвонбошиси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий халқимиз, тилимизни камситиб, “сарт” деб атаётганларга қарши ўзи чоп эттирган “Ойна” журналининг бешта сонида “Сарт” сўзи мажҳулдур” деб номланган мақоласини эълон қилган. Сарт сўзининг туркистонликларга мутлақо алоқаси йўқлигини аниқ далиллар билан исботлаб берган [Беҳбудий. 2021. 34-44]. Қомусий билим соҳиби Абдурауф Фитрат миллатнинг буюк тарихи, бой адабиёти, бетакрор санъати, ўз кашфиётлари билан дунёни лол қолдирган донишмандлари билан қандай ғурурланган бўлса, такрорланмас қудратга эга муқаддас тили билан ҳам ифтихор этган. Далиллар ва таҳлилларга бой қатор мақолаларида, китобларида ўзбек тилининг тарихда тутган ўрни, қадимийлиги, қудрати, бошқа қардош тиллар ўртасидаги ўрни, уларнинг шаклланишидаги, ривожланишидаги ҳиссасини бутун кўлами билан очиб беришга ҳаракат қилган. У 1921 йилда бўлиб ўтган Тил-имло конференсиясида адабиётимиз, тилимизнинг мавқеи, бошқа адабиётлар, тиллар орасидаги ўрни ҳақида мамнуният билан шундай деган эди: “Шарқ адабиётининг ҳашаматли, рангли бир тарихи бор. Бу дабдабали тарихнинг олдидан ўтканда бу кунги оврўпо адабиёти ҳам шапкасини олиб салом бериб ўтадир. Шунга ўзини мажбур кўрадир.
Шарқ тарихи, адабиёти – бутун дунё адабиёти орасида сингирсиз, мисли йўқ бир боғчадир.
Бу гўзал боғчадаги гулларни саралаб кўрмакчи бўлсак, биринчи сирада, биринчи қаторда араб ҳам эрон гулларини, иккинчи сирада эса, урду ҳам турк чечаларини кўрамиз. Шарқ тарих адабиётида биринчилик араб-эрон адабиётига, иккинчилик эса урду ҳам турк адабиётига берилгандир.
Шарқ тарих адабиётида иккинчи ўрин тутқон турк адабиётининг энг муҳими, энг кўпи, энг қимматлиси чиғатой шевасидаги адабиётдир...
Унда юксак, олий, санъаткор адабиёт бор! Чиғатой тарих адабиётида Бойқаро, Набоий, Лутфий, Умархон, Фазлий каби санъат дунёсида мўжиза кўрсатуб, тўпонлар қилғон қаҳрамонларға кўб учраймиз.
Сўзнинг қисқаси: чиғатой адабиёти турли шевали турк адабиёти орасида энг юксак, энг муҳим ўрунни тутқондир.
Бошқа шевадаги турк адабиёти бунга ушоқликлари, бунинг шогирдликлари билан мақтаниб турарлар...
Чиғатой адабиёти – турк адабиёти орасида юксак, юқори, олий бўлғондан кейин, чиғатой тилининг ҳам турк тиллари орасида юксак, юқори, олий бўлғонлиғин қабул этмак мутлақо лозимдир... Чиғатой сарфи билан татар ҳам усмонли сарфларини сиралаб қарағонда чиғатойчанинг сарфда, яъни иштиқоқда бойлиғини кўрамиз...
Бунлардан бошқа турк тили, турк адабиёти тўғрисинда ёзилғон асарларнинг ҳар бирини ўқуғонда “чиғатой тили, чиғатой адабиёти – турк тиллари ва турк адабиётининг онаси, бобосидир” деган сўзларга учрамоқ мумкиндир.
Адабиётимизнинг турк адабиётлари орасида энг юқори бир ўрунда турғонидан тилимизнинг-да турк тиллари орасида юқори бир мавқе тутғонини чиқарғон каби, бундан иккинчи бир масала туғадир: адабиётимиз араб, форс адабиётига қарағанда иккинчи сирада экан, тилимизда араб, форс тиллариға қарағанда иккинчи сирада қолур(ми)?
Бунга жавоб берамиз: “йўқ!” Тилимиздаги сўз бойлиғи, иштиқоқ кенглиги, қоида тугаллиги, сарф-наҳв ингичкалари бошқа шарқ тилларидан қолишмас. Бу тоғриларда форс тилини бутунлай кейинга қолдирадир” [Тил ва имло. 1922. 35-36].
Буюк аждодларимиз жадидлар ўз тили, тарихи, маданияти, халқи ва муқаддас Туркистонининг улуғлигини жуда яхши билишгани учун ҳам мустамлакачилар уларга қарши курашди, уларни қатл қилди, асарларини тақиқлади, улар муқаддас деб билган барча қарашларни тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилди.
Шу боис туркий тиллар Россия истилосидан кейин дастлаб чор маъмурларининг, кейин большевистик тузумнинг турли тазйиқларига учради. Мазкур тилларнинг товуш тизими, алифбоси, имлоси, сўз бойлиги, гап қурилиши ва бошқа соҳаларини ўзгартиришга тизимли равишда ҳаракат қилинди. Тадқиқотларда бу тилларнинг бир-бири билан боғлаб турувчи умумий хусусиятларига эътибор берилмагани ҳолда, бир-биридан ажратиб турадиган томонлари бўрттириб кўрсатилди.
Биз ушбу масалаларнинг илдизини имкон қадар очиш мақсадида ўзбек тили товуш тизимидаги бир ҳодисанинг адабий тилдан чиқарилиши, бу жараёнда илгари сурилган фикрларни имкон қадар таҳлил қилмоқчимиз. Ўзбек тилшунослигининг турли даврларида “қалинлик ва ингичкалик оҳанги”, “товушлар уйғунлиги”, “оҳангдошлик”, “оҳанг қонуни”, “сингармонизм” сингари сўз ва сўз бирикмалари билан номланиб келинган бу товуш ҳодисаси тилшуносликда, асосан, сингармонизм термини билан номланмоқда. Мазкур ҳодиса барча туркий тилларда мавжуд бўлиб, бу тиллар қариндошлигининг товуш тизимидаги асосий белгиларидан бири сифатида эътироф этилган.
Сингармонизм термини ҳақида
Сингармонизм бир сўз доирасида товушларнинг ўзаро бир-бирига мослашиб, уйғунлашиб келишидир. Бунга мувофиқ ўзак ва негизлардаги товушларга қўшимчалардаги товушлар мослашиб келади. Агар ўзакдаги (негиздаги) унлилар тил орқа (қаттиқ) бўлса, қўшимчадаги унлилар ҳам тил орқа (қаттиқ) аксинча, ўзакдаги (негиздаги) унлилар юмшоқ (тил олди) бўлса, қўшимчадаги унлилар ҳам юмшоқ (тил олди) бўлади. Шунга кўра, сингармонизм мавжуд бўлган тилларда қўшимчалар ҳам икки ёки ундан ортиқ вариантда бўлади. Сингармонизм асосидаги сўзда “а” билан “о”, “и” билан “ы” товушлари деярли қоришиб келмайди. Бир сўзда фақат тил олди (юмшоқ) унли товушлари (и, э, а, у) ёки фақат тил орқа (қаттиқ) унли товушлари (о, ы, у, а, о) келади.
Баъзи адабиётларда сингармонизм унли товушларнинг бир-бирига мослашиб келиши тарзда қайд қилинади. Аслида бу ҳодисани ундош товушларнинг қўлланишида, ўзакдаги тил орқа (қаттиқ), тил олди (юмшоқ) унлилар билан ундош товушларнинг мослашиб келишида ҳам кузатилади. Масалан к, г, ҳ уншошлари билан ингичка (юмшоқ), қ, ғ, х, й ундошлари билан қаттиқ унлилар ёнма-ён келади.
Ўзбек адабий тилидаги сингармонизм ҳодисаси ҳақидаги турли қарашлар
Тил тарихига бағишланган кўпчилик тадқиқотларда, дарслик ва қўлланмаларда туркий тиллардан бири бўлган ўзбек тилида ҳам сингармонизм ҳодисаси ХХ аср бошларигача бўлганлиги қайд қилинади. Кейинги давр ҳақида сўз борганда эса ўзбек тилининг ўсиши, ривожланиши, табиий тараққиёти натижасида сингармонизм ҳодисаси йўқолди, деган фикр билдирилади. Илмий, ўқув адабиётларида эса “Сингармонизм қонуни ҳозирги ўзбек тилида бузилган, аммо бошқа туркий тилларда, айрим ўзбек шеваларида сақланган” [Э.Қиличев. 1999], “Ҳозирги замон ўзбек адабий тили асосан сингармонизмсиз тил ҳисобланади ва сингармонизмли бошқа туркий тиллардан фарқ қилади” [Ҳозирги ўзбек адабий тили. 1966] сингари фикрлар келтирилади.
Мазкур ҳодиса, унинг тилимиздаги ўрни ва роли ҳақидаги мунозаралар ҳозиргача давом этиб келмоқда. Баъзи олимлар сингармонизмни чуқур ўрганайлик, имкон қадар ундан фойдаланайлик, деган қарашни илгари сурса, бошқалар уни кескин рад қилади. Масалан, ўзбек тили тарихининг зукко билимдонларидан филология фанлари докторлари Худойберди Дониёров, Қозоқбой Маҳмудов сингари олимлар сингармонизмни жорий қилиш тарафдори бўлиб бир неча марта мақолалар эълон қилдилар.
Х.Дониёров сингармонизм ҳодисаси, унинг ўзбек тили тарихидаги ўрни, ўзбек адабий тилининг сингармонистик укладли тилдан сингармонизмсиз тилга қандай қилиб айланиб қолгани каби масалалар ўзбек тилшинослигида йетарли даражада ўрганилмаганлигини алоҳида урғулайди: “Сингармонизм ҳодисаси ўзбек тилшунослигида ҳали йетарлича ўрганилган эмас, бироқ у ўзининг изчил ва илмий асосда ўрганилишини талаб қилади. Чунки сингармонизм ҳодисасини ўрганиш, аввало, сингармонизмнинг ўзбек тили тарихидаги ролини, ўзбек адабий тилининг қандай қилиб сингармонистик укладли тилдан сингармонизмсиз тилга айланиб қолганилигини аниқлаш, шунингдек, ўзбек адабий тилининг ҳозирги ҳолатини, унинг келажагини, орфоепик нормаларини, алфавит, орфография қоидаларини тўғри белгилаш учун муҳим аҳамиятга эга” [Шоабдураҳмонов. 1980. 72].
Қ.Маҳмудов бу борада шундай фикрларни билдирган: “Туркистонда яшаган туркий халқларнинг анъанавий тили яқинлигини, илдизи бирлигини, ўзбек тилининг бир гуруҳ шеваларида сингармонизм мавжуд эканлигини, мумтоз ўзбек адабий тили ҳам сингармонизм қонунига асосланганлигини инобатга олиш зарур” [Маҳмудов. 1995]. “Ҳозирги ўзбек адабий тили мумтоз адабий тилимизнинг фонетик қонунларига риоя қилса, қардош туркий тилларга янада яқинлашган бўламиз” [Маҳмудов. 1996].
Ўзбек тилидаги сингармонизм тилнинг табиий ўсиши, ривожланиши натижасида йўқолди, уни қайта тиклашга эҳтиёж йўқ, деган қатъий фикрдаги олимлар ҳам бор. Масалан, С.Отамирзаева бир мақоласида “ўзбек адабий тилида сингармонизмни тиклашнинг иложи ҳам, унга эҳтиёж ҳам йўқ. Тил ўз механизмидан яроқсиз сифатида чиқарган воситани қабул қилмайди” [Отамирзаева. 1996], деб ёзаса, бошқа бир ишида ҳам шунга яқин фикрни таъкидлаб ўтади: “ўзбек адабий тилида сингармонизмни тиклашнинг назарий томондан ҳам, амалий томондан ҳам иложи йўқ, унга эҳтиёж ҳам йўқ” [Отамирзаева. 1998].
Э.Умаровнинг қатор ишларида эса сингармонизм ўзбек адабий тилига сунъий равишда киритилганлиги, рус олимлари томонидан жорий этилганлиги, ўзбек тилидаги унли товушлар миқдори, уларни тавсифлашдаги нотўғри талқинлар ҳақидаги фикрлар баён қилинди [Умаров. 1991; 1994; 1997; 2000; 2003; 2009]. Олим “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида эълон қилган “Ким ҳақ...?” номли мақоласида шундай ёзади: “Биз кўп йиллар давомида ота-боболаримиз ёзиб қолдирган меросга беписанд қарадик. Улар қолдирган илмий мақола, рисолаларни ўқимадик. Энг ачинарлиси шуки, 20-30-йилларда яшаган тилшунос олимларимиз асарларига ҳам эътибор бермадик. Натижада, ўзбек тили рус тили ва йевропо тилшунослиги таъсирида ривожланди. Ана шундай таъсир натижасида рус ва йевропо тилларидаги қоидалар тўғри келса ҳам, тўғри келмаса ҳам ўзбек тилига ёпиштирилди. Ана шундай қоидалардан бири - сингармонизмдир” [Умаров. 1997].
Э.Умаров сингармонизм ҳақидаги фикрларини янада чуқурлаштириб, бу ҳодиса туркий халқларнинг қадимий ёзув ёдгорликларидан бири “Девону луғатит турк” асари тилида ҳам мавжуд эмас, деган қарашни илгари сурди [Умаров. 1989]. Бу мантиқан сингармонизм ҳодисаси, умуман, туркий тиллар тарихида мавжуд бўлмаган, деган тушунчани англатади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳозиргача бундай қараш ўзининг илмий исботини топмаган, илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилгани йўқ [Худойбердийев. 1999].
Э.Умаровнинг ўзбек адабий тилидаги сингармонизм, унли товушлар миқдори ва уларнинг қўлланиши ҳақидаги фикрлари мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланмади. Аксинча, олим қарашларининг тўғри эмаслиги бир неча бор лисоний далиллар асосида илмий жиҳатдан исботлаб берилди [Нурмонов. 1997; Юсуф. 2008; Сафаров. 2005; Худойбердиев. 1999].
Энди узоқ йиллар давомида ўзбек диалектологияси масалалари билан шуғулланиб қатор тадқиқотлар яратган, ҳатто ўзбек тилидаги сингармонизмнинг йўқолиб боришини асослашга ҳаракат қилган академик Ш.Шоабдураҳмоновнинг 1998 йилда эълон қилган “Ўзбек тилида сингармонизм” номли мақоласидаги фикрларига эътибор берайлик. Олим мақолада қадимги турк, олтой, тува, хакас, тўфалар, озарбайжон, туркман, татар, бошқирд, қозоқ, қирғиз, уйғур, ёқут ва ўзбек тилларидаги бир қанча сўзларни келтириб, уларда сингармонизм сақлангани, ўз ифодасини топганлигини кўрсатади. Туркий тиллардан бири бўлган ўзбек тилида ҳам сингармонизм ҳодисаси амал қилишини таъкидлайди ва шундай ёзади: “ўзбек тили уч компонентли тил бўлиб, унинг пайдо бўлиши ва шаклланишида шу уч компонент (қарлуқ, ўғуз ва қипчоқ лаҳжалари) баробар иштирок этган. Ўзбек тилининг қарлуқ лаҳжасининг о-ловчи шаҳар шеваларида ва бу шевалар таянч бўлган ўзбек адабий тилида сингармонизм ҳодисаси чегараланган; аммо ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларида, шунингдек, қарлуқ лаҳжасининг а-ловчи шеваларида сингармонизм қонунига амал қилинади” [Шоабдураҳмонов. 1998. 23].
Ўзбек тилшунослиги учун муносиб хизматлари сингган олимларнинг ўзбек адабий тилидаги сингармонизм ҳақида билдирган бу турли фикрлари, тилимиз тарихида муҳим рол ўйнаган товуш ҳодисасининг ҳозиргача қизғин мунозарага сабаб бўлиб келаётганлигини, олимларимиз сингармонизм ҳақида қандай фикрни асослашга ҳаракат қилганликларидан қатъий назар, мазкур масалага бефарқ бўлмаганликларини кўрсатади.
Биз ушбу мақолада сингармонизмни қайта тиклаш, уни кескин рад қилиш ёки ўзбек тилида қанчалик амал қилгани ёки қилмаганлиги тўғрисида фикр юритмоқчи эмасмиз. Юқорида Х.Дониёров сингармонизм ҳодисаси ўзбек тилшунослигида ҳали етарлича даражада ўрганилмаганлигига эътибор қаратиб, “ўзбек адабий тилининг қандай қилиб сингармонистик укладли тилдан сингармонизмсиз тилга айланиб қолганилигини аниқлаш” ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратганликларини келтирган эдик. Тўғри, бу масалага, 20-30-йилларда Е.Поливанов, К.Юдахин каби олимлар ўз ишларида бир неча марта тўхталиб ўтганлар. Уларнинг ишларида сингармонизмнинг йўқолиш жараёнлари, босқичлари ҳақида турли далиллар ҳам келтирилган. Совет даври, ҳатто мустақилликдан кейин ҳам, маҳаллий олимлар томонидан Е.Поливанов қарашларига ўхшаш ёки жуда яқин фикрлар билдирилганини кузатиш мумкин. Лекин бу олимлар томонидан билдирилган фикрларнинг асосий қисми тарихий ва илмий асосга эга бўлмасдан, қандай қилиб бўлса ҳам ўзбек тилидан сингармонизмни чиқариш, сингармонизмнинг табиий равишда чиқарилганлиги асослаш учун ўйлаб топилган далиллар эди.
Шу маънода, Х.Дониёров сингармонизм билан боғлиқ жараёнларни чуқур ўрганишга даъват қилгани табиий эди. Биз йигирманчи асрнинг 20- ва 30-йилларида сингармонизм билан боғлиқ билдирилган турли фикрлар, қизғин баҳслар, уларнинг асослари хусусидаги айрим далилларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.
1921 йил Тошкентда бўлган тил ва имло қурултойида, 1922 йилги маориф ва маданият ходимлари қурултойида ҳамда 1923 йилда Бухорода бўлиб ўтган Ўрта Осиё ўзбекларининг имло анжуманларида араб алифбоси ва имлосини ислоҳ қилиш муаммоларини кўриб чиқиш жараёнида ўзбек тилидаги сингармонизм ҳодисасига ҳам муносабат билдирилган. Ўзбек тилида сингармонизм мавжудлиги анжуманларда қабул қилинган қарорларда алоҳида қайд этилган [Тил ва имло. 1922.; Ўзбек маориф. 1922.; Ўрта Осиё ўзбеклари. 1923.]. Ушбу анжуманларда, ўша давр вақтли матбуотида ўзбек адабий тилида ёки ўзбек тилида сингармонизм ҳодисаси мавжуд эмас, деган фикр билдирилмаган.
Араб алифбосидан лотин ёзувига ўтиш даврида эса ўзбек тили меъёрларини белгилашда сингармонизм ҳодисаси турлича нуқтаи назардан қизғин муҳокама этилди. Бу пайтдаги фикрларни жамлаб, уларни маълум маънода уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Ўзбек адабий тили сингармонизмга юз фоиз амал қилсин.
2. Ўзбек адабий тили сингармонизм ҳодисаси бўлмаган эронийлашган шевалар асосида тузилсин.
3. Ўзбек адабий тили сингармонизмга амал қилиб, айрим сўзлар сингармонизмга бўйсундирилмасин.
Ўзбек адабий тили сингармонизмга юз фоиз амал қилсин, деган фикр асосан миллий ва маҳаллий олимлар, зиёлилар томонидан билдирилган. Отажон Ҳошим “Боку пленуми натижаси” номли мақоласида: “Сингармўнизм бутун турк тили лаҳжаларига хосдир. У турк тили асосидир. Сингармўнизм турк тилининг темир қонунидир... Ўзбек, умуман, турк тилига кириб қолғон форс, араб ва бошқа чет сўзларни бутун турк лаҳжалари учун умумбўлғон сингармўнизм қонунига бўйинсундириш керак... Ўзбек тилини ва лотин алифбосини сингармўнизмни сақлағон ўзбек шеваларига асос қилиш керак” [Отажон. 1927. (7-8). 55-56], дейди. Олим бошқа бир ишида шундай ёзади: “Лотинчаға ўтиш, янги алифбеи тузиш вақтида олдимизда турғон асос масала – ўзбек янги алифбесини қайси бир шевага асос қилиш эди. Ўзбек шевалари кўб бўлғонидан улардан бирини толлаб олиш керак эди. Қайси бирини? Албатта, сингармунизм сақлағон шеваларни. Сингармунизм бутун турк тили учун хосдир. Сингармунизм шундан иборатдирким, ҳар бир сўз ё қалин, ё ингичка бўлади... Мана бундай қонунни сақлағон ўзбек шевалари кўб. Бундай шеваларда кўб шаҳарлар, бутун қишлоқ оммаси сўзлайди. Шунинг учун ҳам ўзбек янги алифбеи шундай кўпчиликни ташкил қилғон ва сингармунизмни сақлағон шеваларга асос қилинди. Сингармунизм натижаси бўлиб чўзғилар масаласи чиқди. Бу тўғрида икки фикр бўлиши мумкин: 6 ёки 9 чўзғи. 6 чўзғи томонлари форслашғон шеваларга суянмакчи бўладилар. Лекин бунга суяниш бўлмайди. Чунки тошкент шевасида ҳам (6 чўзғи томонлари Тошкентни форслашғон ҳисоб қиладилар) яхшилаб текширилса, 9 чўзғи борлиғи билинади. Синграмунизм сақланғон шеваларда 9 чўзғи очиқ ишлатилади. Сингармунизмни қабул қилғач 9 чўзғини ҳам қабул қилиш керак. Янги ўзбек алифбеи мана шу икки асос принсипка асос қилинғондир: сингармунизм ва 9 чўзғи” [Ҳошим. 1927. (11). 18-19].
“Қизил Ўзбекистон” газетаси 1929 йил май ойида, Самарқандда бўлиб ўтадиган қурултой муносабати билан “Тил, атама ва имло баҳслари” рукни остида туркум мақолалар эълон қилади. У мақолаларда асосий эътибор ўзбек адабий тили учун асос бўладиган шевалар, четдан олинадиган сўзлар, атамалар ва уларнинг имлоси, алифбодаги ҳарфлар сони, хусусан унли товушларнинг миқдори, уларни алифбода ифодаланиши, имло, сингармонизм каби муҳим масалалар муҳокама этилади. Ушбу рукнни Элбек “Тил-имломиз устида” номли мақоласи билан бошлаб берган. Унда “Сингармўнизм – кўб кишиларни чўчитган, баъзи бир кимсаларнинг кулги ва сўкиш тўрваларининг ёрилишиға сабаб бўлғон, бу сўз чинда имломизнинг бутунлиғин сақлаш учун йелим ва тилимизнинг кўркини ошириш учун безакдир. Бу қалинлик ва ингичкалик оҳанги бизнинг тилимизнинг жонидир, йиқилмас қўрғонидир... Ё юз фоиз сингармўнизмга кўчиш, ё бутунлай бунинг тескарисини қабул этиш. Бошқа ҳеч бир йўлнинг бўлиши мумкин эмас” деб ёзилган [Элбек. 1929 йил 28 январ].
Ашурали Зоҳирий ҳам “соф ўзбек тилида сингармўнизм борлиғини ҳеч ким инкор қила олмайди. Ҳол шундоқ бўлғондан кейин, чўзгининг (оғир йенгиллиги билан) тўққузта қилиниши, шу сингармўнизмга асосланғон. Яъни: сингармўнизм билан чўзгининг тўққузталиғи бир-бирига қаттиқ боғланғон” [Зоҳирий. 1929 йил 31 март], деган фикрни билдирган.
Ўз мақоласини Сингармўнизмчи тахаллуси билан эълон қилган муаллиф эса: “бу кунги тўсиқларға қараб сингармўнизмдан ҳам қўл тортмаймиз. Сингармўнизм – ўзбек адабий тилининг йиқилмас темир қўрғони, жонидир. Сингармўнизмга қарши бўлғонлар ўзбек адабий тилини йиқмас истаганлар ёхуд бу тилнинг келгусидаги ўйнаятурғон рўлини тушунмагучилардир” [Сингармўнизмчи. 1928], деб таъкидлаган.
Шу даврда сингармонизм ҳақидаги мунозараларда қатнашганларнинг аксарияти, Фитрат, Ғози Юнус, Боту, Шокир Сулаймон ва бошқа маҳаллий зиёлиларнинг мақолаларида ҳам ўзбек тили шеваларининг кўпчилигида сингармонизм ҳодисаси ва 9 та унли товуш борлиги, шу сабабли уни ўзбек адабий тили учун асос қилиб олиш зарурлиги, ҳақида фикр билдирилган.
Ўзбек адабий тили сингармонизм ҳодисаси бўлмаган эронийлашган шевалар асосида тузилсин, деган фикрни дастлаб Е.Поливанов кўтариб чиққан. У 1922 йилда тошкент шевасида 6 унли товуш бўлиб, ўзбек адабий тили учун шу шевани асос қилиб олиш кераклигини эълон қилган [Поливанов. 1922]. Лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви лойиҳасида ҳам унли товушларни ифодалаш учун 6 белгини кўрсатган [Поливанов. 1924, (6)].
1928-йилга келиб лотин алифбосини ва лотин алифбоси асосидаги имло қоидаларини сингармонизм асосида тузилиши, алифбода 9 унли товушни акс эттириш аниқ бўлиб қолди, узоқ вақт давом этган қизғин мунозаралардан кейин маҳаллий зиёлиларнинг аксарияти бу фикрни қўллаб-қувватлади, илмий, амалий жиҳатдан исботлаб ҳам беришди. Е.Поливанов ҳам ўз фикридан қайтмади. Қандай йўл билан бўлмасин, ўзбек адабий тили учун сингармонизмсиз эронийлашган шеваларни ва алифбода унли товушларни ифодалаш учун 6 белгини асос қилиб олиш зарур, деган қарашни давом эттираверди: “Я говорю здесь звуковом составе литературного языка и имею на это основания: я утверждаю что литературный или стандартный диалектом узбекского языка является несингармонистический диалект, представленный в частности Ташкентским, Самаркандским и Ферганскими городскими говорами”. Сингармонизм бўлмаган шева вакиллари ҳам ўзбек тили товуш тизимида бу ҳодиса бор, деб турганликларидан хафа бўлиб, улар орасига фитна солмоқчи ҳам бўлди. Ва бу масалага 5, 10 ёки 20 йилдан кейин албатта қайтилишини қатъий ишонч билан билдирди [Поливанов. 1928].
Е.Поливанов сингармонизм туркий тилларнинг асосий хусусиятларидан бири, туркий тиллар товуш тизимининг ўқ илдизи эканлигини жуда яхши билади ҳамда бу ҳодиса фақат бошқа тилларнинг кучли таъсири остида йўқолишини ўз ишларида қайта-қайта таъкидлайди. Олим “Ўзбек адабий тили ва ўзбек диалектологияси” номли асарида Самарқанд, Бухоро ва бошқа ўзбек шевалари тожик тили таъсири натижасида сингармонизмни йўқотди деса [Поливанов. 1933. 18], бошқа бир асарида эронлашган диалектга савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Тошкентга ўхшаган марказий шаҳар шевалари киради, дейди-да, тожик тилининг таъсирида туркий сўзлар ўз софлигини йўқотди, бу шевалар туркий ўзига хослик бўлган сингармонизмдан маҳрум бўлди [Поливанов. 1926. 7.], деган қарашни баён қилади.
Е.Поливановнинг аксарият ишларида тошкент шеваси эронлашган, деб талқин қилинади ва бу фикрини далиллаш учун тошкентлик ўзбекларнинг келиб чиқиши тожикларга бориб тақалишини билдиради. Маълумки, илмда бу каби ҳал қилувчи муҳим аҳамиятга эга қарашлар тарихий, илмий манбалардаги аниқ ва ишончли далиллар билан тасдиқланади. Е.Поливанов эса бу фикрини бирор тарихий манба билан асосламайди, бирор асардан далил келтирмайди. У ёзади: “... предки данного узбекского говора говорили несколько столетий тому назад по-ирански, относятся отнюдь не ко всему узбекскому языку, а только к таким иранизованным его говорам, как г. Ташкенте, относительно которого можно по этому с бесспорностью утверждать, что здесь жило некогда сплошное иранское (таджикское, т. е восточно-персидское) население, которое потом перешло на турецкий (узбекский) язык, язык победителей” [Поливанов. 1926. 19].
Олим Тошкент сўзининг келиб чиқиши ҳақида алоҳида мақола ёзиб, бу сўз этимологиясини “таж(и)-кент” шаклида талқин қилди. [Поливанов. 1927. 395–400].
Умуман, тошкент шевасини эронлашган дейиш тўғримикин? Агар тошкент шеваси ҳам Е.Поливанов илгари сураётганидек эронлашган бўлса, нега у ҳолда ўзбек адабий тили учун фақат эронлашган (Тошкент, Самарқанд, Бухоро) шаҳар шевалари асос қилиб олиниши керак? Шу даврда ўзбек адабий тилидаги сингармонизм ҳақида бўлаётган баҳсларда нима учун маҳаллий олимлар фикри бир тарафда-ю, Е.Поливанов қарашлари бир тарафда? Е.Поливановнинг мақсади нима бўлган? Бу каби саволларга ҳам Е.Поливановнинг ўз асарларида билдирилган фикрлардан жавоб топиш мумкин бўлади.
Йигирманчи асрнинг 20-йилларда Аҳмад Бойтурсунов қозоқ тили алифбоси ва имло қоидаларини ислоҳ қилди. У қозоқ тили ёзувида ﭺ “чим” (ч) ўрнида ﺵ “шин” (ш), ﺵ “шин” (ш) ўрнида ﺱ “син” (с), ﺝ “жим” (ж) ўрнида ﺯ “зе” (з) қўллашни тавсия этди. Ўзининг қозоқ тилидаги “Ўқув қўлланма” (1912), “Алифбо” (1924), “Янги алифбо” (1926-1928) каби ўқув адабиётларини ислоҳ қилган алифбо ва имло асосида чоп эттирди. Бу қозоқ тили имлосини бир қадар йенгиллатди, қозоқ алифбосида миллий тил товуш хусусиятларини акс эттирди. Қозоқ мактабларида савод чиқариш ҳамда она тили курсларини ўрганиш бирмунча осонлашди. Шу сабабли ўша давр қозоқ зиёлилари ҳам, маориф ходимлари ҳам А.Бойтурсунов ислоҳини яхши қабул қилишди.
Лекин масаланинг бошқа бир нозик томони ҳам бор эди. Тарихдан маълумки, араб алифбосида битилган бир туркий матнни ўзбек ўзбекча, туркман туркманча, татар тартарча, турк туркча, қозоқ қозоқча қилиб қийналмасдан бемалол ўқиши, тушуниши мумкин эди. А.Бойтурсунов ислоҳи эса қозоқ тилида битилган матнни бошқа туркий халқ вакили ўқишида ва мазмунни англашида қийинчилик туғдирарди. Е.Поливанов А.Бойтурсунов тузган имло қоидалари ва қозоқ алифбосига киритган ислоҳини, хусусан, юқоридагига ўхшаш қардош тилларни бир-биридан ажратиш учун хизмат қиладиган ўринларини жуда катта ижобий ҳодиса сифатида баҳолади. Ва ўша мақоласида ягона туркий адабий тилни яратиш фикридан воз кечиб, ўз миллий ёзувини яратиш ҳақида ўйлаш кераклигини тавсия қилди: “от мысли об едином тюркским литературном языке приходится отказаться. Потому строго говоря и для каракиргизов приходится думать о своей собственной графике” [Поливанов. 1924. № 7. 40].
Аслида бундай қарашларнинг илдизи бирмунча олдинроққа бориб тақалади. ХИХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошларида туркий халқлар орасида бир-бирига яқинлашиш ҳаракати анчагина жонланди. Бу, айниқса, тил масалаларининг қўйилишида яққолроқ кўрина бошлади. Исмоил Гапринский “Таржимон” газетасида ягона туркий тилни яратиш, унинг амалий аҳамияти ҳақидаги мақолалар чоп этилди. Буни туб моҳиятини англаб, қўллаб-қувватловчилар ҳам, амалий жиҳатдан имконсизлигини билдирганлар ҳам бўлди. Бу жараён чоризм маъмурлари томонидан ўта сергаклик ва синчковлик билан кузатиб борилган. Туркий халқларнинг яқинлашишига қаратилган ҳар қандай ҳаракатга тўсқинлик қилиш чоралари кўриб борилган. Ҳатто бу каби масалалар Россия давлат думасида ҳам бир неча маротаба муҳокама қилинган, маҳаллий зиёлилар ўз норозиликларини билдиришган [Мусульманские депутаты. 1998. 178-179]. Туркий халқларнинг парчаланиш тарафдорларидан бири бўлган Илминский 1876 йилда ҳар бир турк қавмининг ўз тилига ва алифбосига эга бўлишига эришиш лозим, шунда уларни бир-биридан ажратиш осон кечади, деб туркий халқларга рус алифбосини жорий қилиш таклифини кўтариб чиққан эди. Е.Поливановнинг ўзбек адабий тили учун сингармонизмсиз шеваларни асос қилиб олиш зарур, деган қарашларида ҳам Илминскийнинг ана ўша фикрларига яқинлик борлигини пайқаш мумкин.
Ўша даврда Е.Поливанов фикрларини қўллаб-қувватловчилар, уни ҳимоя қилувчилар ҳам бўлган. Масалан, К.К.Юдахин “Маориф ва ўқитувчи” журналидаги “Водил қишлоғи лаҳжаси ҳақида бир неча сўз” номли мақоласида маҳаллий мутахассисларнинг Е.Поливанов қарашларига билдираётган муносабатларини “тушуниб бўлмайдиган муносабат” деб баҳолайди: “Машҳур ўзбек тилчиларидан баъзилари профисўр Поливанифға аллақандай тушуниб бўлмайдиған муносабат тутадилар. Бунга мисол қилиб Ғ.Олимнинг “Ўзбек тилининг товишлари” (“Маориф ва ўқитғувчи”, 1927, № 12) мақоласи “Сингармўнизмий”нинг “Яна тил-имло масаласи устида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1928, 15.11.) мақоласидағи чиқишларни олиш мумкин” [Юдахин. 1928. 48].
К.К.Юдахин 1920-йилларнинг охиридаёқ Е.Поливанов қарашларини тўла қўллаб-қувватлаб чиқди. У ўзбек халқи яшаб турган ҳудуд эронийларники бўлганлиги, турклар бу ҳудудни босиб олганларидан кейин эронийларнинг маданиятини қабул қилиб, уларга ўз тилларини берганликлари ҳақида шундай ёзади: “Из истории мы знаем, что территория занимаемая ныне узбеками, прежде была населена иранцами. Известно также и то, что турки – завоеватели, смешиваясь в завоеванных местах с иранцами и воспринимая их культуру, часто давали им свой язык. Но как турецкая культура сдавала свои позиции не сразу, оставляя след на местной иранской, так и иранский язык, уступая свое место турецкому, в свою очередь, влиял на него” [Юдахин. 1929. 62-63].
Олим Алишер Навоий, Амирий, Лутфий каби шоирларнинг ҳамда “Шайбонийнома” асаридан олинган мисолларни таҳлил қилиб, улар сингармонизмсиз шева вакиллари бўлганликлари, уларнинг тилларида 6 унли товуш бўлгани ҳақида хулоса бериб, гўё Е.Поливанов илгари сураётган фикрлар тўғрилигини исботлагандек бўлди: “Изложенный факты приводят меня к тому предположению, что важнейшие поэты были представителями говоров несингармонистических, в которых насчитывалось только шесть гласных” [Юдахин. 1929. 67].
Туркларнинг яшаш ҳудудлари, шаҳарларга алоқаси билан боғлиқ илмий асосланмаган бундай фикрлар ҳозиргача давом этиб келмоқда. Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан А.Е.Якубовский “Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида” номли асари рус ва ўзбек тилларида чоп этилган. Унда шундай фикрларни ўқиймиз: “Сўғд шаҳарларида (Бухоро, Самарқанд ва бошқалар) шарқий Эрон, айниқса Хуросон тили билан умумий бўлган ва тожик-форс тили деб аталиши жоиз бўлган тил яратилди”. “Сомонийлар замонида турклашиш протсеси Шош вилоятида илдамроқ борди”. А.Е.Якубовский ўз фикрини тасдиқлаш учун тарихий манбаларни, масалан Маҳмуд Кошғарий фикрларини бузиб талқин қилган: “Турклашиш ҳаммадан бурун турк тили ва нутқининг ғлаба қозонишида ифодаланди, буни ХИ асрнинг машҳур олими Маҳмуд Кошғарий қайд қилиб ўтади” [Якубовский.1941. 9]. “Девону луғатит турк” асарида эса бундай фикр учрамайди.
Бундан ташқари, А.Е.Якубовскийнинг “Ўрта Осиё ва, хусусан, Ўзбекистоннинг қадимги халқлари томонидан яратилган маданий мерос турклар учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди” [Якубовский.1941. 16]. “Х асрда Мовароуннаҳр ва Хуросон тупроғидаги турклар маданий бойликларни яратишда қадимги шаҳарлардаги тожик аҳолиси савиясига кўтарилдилар” [Якубовский. 1941. 17] сингари гапларда илгари сураётган фикрлари замиридаги мақсад ҳам туркийлар тарихини сохталаштиришдир.
Е.Поливановнинг ўзбек тилидаги сингармонизм ва унлилар тўғрисидаги қарашларининг инкор қилиниши
Ўзбек тилшунослиги тараққиёти, ривожланишида Е.Поливановнинг ишларига жуда юқори баҳо берилганлиги мутахассисларга маълум. Баъзи ўринларда эса уни идеаллаштириш, ҳатто ўзбек тилшунослигининг, ўзбек диалектологиясининг асосчиси, деб эътироф этиш ҳолатлари ҳам кузатилади [Ғуломов 1976 б 3-4; Шоабдураҳмонов 1974 б 62; Ишаев 2011 б 191]. Н.Каримов “Жаҳон адабиёти”даги “Буюк тилшунос олим” номли мақоласида Е.Поливановнинг ўзбек тилига оид қатор ишларини санаб келади-да “Поливановнинг ўзбек тили грамматикаси ва диалектологиясини илмий ўрганиш ишига тамал тошини қўйган забардаст олим сифатида ҳурмат қилишимиз ва эъзозлашимизга тўла асос беради” [Каримов. 2011. 191], “туркийшунослик фанларининг юзага келишига муҳим ҳисса қўшган... Е.Д.Поливанов том маънода жаҳон тилшунослик фанининг йирик намояндаларидан бири” [Каримов. 2011. 192], деб эътироф этади.
20-йилларнинг охири 30-йилларнинг бошларида Е.Поливановнинг ўзбек тилидаги сингармонизм ҳодисаси ва унлиларнинг сони ҳам қўлланиши, ўзбек адабий тили учун асос бўладиган шеваларни белгилаш тўғрисидаги қарашларини маҳаллий аҳоли вакилларидан бирортаси ҳам маъқулламаган. Бу ҳақда Абдулла Алавий “Профисўр Поливаниф тарафидан олға сурилган бу фикрни ёлғиз оврополи мусташириқларнинг бир қисмида ўзига тарафдор топган бўлса-да, ўзбеклар орасида буни йўқловчи бўлмади” [Алавий. 1929. 20], деб ёзган эди.
Яна: “Муҳтарам профисўр Поливаноф тошкент шевасини асос тутиш ва уни адабий шева қилиб олиш тўғрисида таклифда бўлинди. Далил ўлароқ, Тошкентнинг маданий марказ эканини, бугун Ўзбекистонда ёзув билатурғон халқнинг аксари шу шевада ёхуд шунға ёвуқ шеваларга мансуб эканини сўйлади.
Лекин биз масалага бундай тор қарай олмасдиқ, чунки биринчи бизнинг (яъни Туркистон туркларининг) кўб асрлардан бери келган оҳанг қонуниға асос қилинғон адабий тилимиз бор. Бу тил – ҳамма шеваларга умумий бир тил бўлуб келган, бутун ёзувларимиз шу тилда ёзилғон ва буни ҳечким ёт сирамағон.
Бу кунги ўзбек тилининг юқорисидағи тилнинг давоми ва бир оз мукаммаллашган шакли эканига ким шубҳа этадир?
Ҳол шундай экан, бугун, қайси шевага мансуб бўлмасун, ёзув билатурғон кишимиз шу тилда ёзар экан, “сиз фалон хилда тил тузингиз, фалон...” дейишлар, “самойедлар” учун фойдали кенгаш бўла олса-да, “ўзбеклар” учун беҳуда бўғоз йиртишдир...”, деган фикри ҳам бор. [Алавий. 1927. 8].
Ғози Олим эса Е.Поливанов тошкент шевасини яхши билмаслиги, тошкент шеваси унлилари ҳақидаги қарашлари нотўғри эканлигини қайд этган: “Профисўр Поливаниф тошкент шевасида ўрта алиф ўрнида ҳар вақт қалин алифли ишлатади. Ҳолбуки, тошкент шевасида қалин алифли сўз бир неча юзга етмадиги ҳолда, ўрта алиф ҳоким бир ўрун татади. Профисўр Поливаниф тошкент шевасини жуда оз билганлиги орқасида бўлса керак бу шеванинг соитлари тўғрисида кўб янглишадики, бу ёнглишлар тўғрисида тўғри келганда ёзармиз” [Ғози Олим. 1927. 50].
Элбек ҳам Е.Поливанов қарашларига ўз муносабатини билдиради: “Сўзимга далил қилиб профисўр Поливанифнинг 28 нчи йил, 22 нчи ўктабр тарихли 244 нчи сонли “Правда Востока” газетасида “Невозможно молчать” сарлавҳаси остида босилғон мақоласини кўрсатсам бўладир. Бунда Поливаниф ўртоқ алла қайдан туриб мушт кўтарадир, ўз фикрига қарши чиққанларни “нодон” деб сўкадир, ўзининг чидай олмағонини юқоридағи сарлавҳа билан билдирадир.
Узоқ йиллар Ўзбекистонда бўлдингиз, ўзбекнинг тил-имло кенгаши, қурултойларининг барчасиға деярлик қатнашдингиз, лекин кимсани ўзингизга эргаштира олдингизми? Буни ҳам қўйайлиқ, 1926 нчи йил, авғуст кенгашида ўзингиз қарорға қўл кўтарган ҳолингизда яна шу кенгаш мажлисига қатнашғонларни энди “нодон” деб сўкишга тутинасиз. Бу яхши эмас, муҳтарам профисўр!
...Яна шуни ҳам айтай: сизнинг Тошкент, Самарқанд шевалари устидаги текширишингиз ва “олти чўзғили тошкент шеваси”ни умум ўзбеклар учун ўртоқ адабий тил равишида киритишга уринишингиз беҳуда. Чунки, сизнинг ўйлағонингиз тошкент шевасида 6 эмас 9 чўзғи тугал-тўкис бордир. Буни Тошкент тил билармонлари алла қачон текшириб билганлар”. “Тошкент шеваси ўзбекнинг адабий тили рўлини ўйнай олмайдир” [Элбек. 1929 йил 29 январ].
Сингармўнизмчи эса: “Олинг профисўр Поливанифни. Ул тил тўғрисида сизга шундай йўл кўрсатадирким, у йўлға кирган киши, албатта, адашади” [Сингармўнизмчи. 1928], деб ўз муносабатини билдирган.
А.К.Боровков “эронлашиши” назариясининг тарафдорлари ўйлаб топилган схемаларини тиқиштиргани, ҳатто Е.Поливанов томонидан Тошкент сўзининг “тож(и)кент” тарзда этимология қилиниши [Поливанов. 1927. 19] тарихий жиҳатдан ҳам, лингвистик жиҳатдан ҳам мавжуд эмас, деб билди: “Защитники теории «иранизации» всячески подгоняли под надуманную схему явления языка, строили надуманные этимологии, напр., проф. Е.Д.Поливанов в угоду своей схеме выводил название Ташкента из таж(и)-кент, т. е. «таж(и//к)ское селение», хотя исторических и лингвистических оснований для такой этимологии нет и т.д.” [Боровков. 1955. 91].
Эронийлашган шеванинг ўзбек тилига алоқаси йўқлиги
1926 йилнинг феврал ойида Бокуда бўлиб ўтган Биринчи туркийшунослар қурултойида туркий халқларнинг тили, тарихи, этнографияси бўйича рус туркологлари томонидан амалга оширилган ишларда қатор камчиликлар, ноаниқликлар борлиги кўрсатиб ўилди. Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этган Ғози Олим Юнусов қурултойнинг 1926 йил 27 феврал куни ўтказилган йиғилишида туркий халқларнинг этнографияси ҳақида қилинган маърузаларда жуда кам ва умумий маълумотлар берилгани, шунингдек, халқларни бир-биридан ажратиб турадиган, бир-бирига ўхшамаган фарқли жуҳатлари ёритилмагани ҳақида гапирган. Ўзбеклар ҳақида эса тамомила нотўғри фикр билдирилганлигини алоҳида урғулаган: “Когда говорят об узбеках, у всех получается какое-то туманное представление. Что они представляют собой? Узбеки – это люди с длинной бородой, большой чалмой и длинными широкими халатами. И толко. И действительно, взглянешь на альбом, где изображены типы узбеков. Что же этот альбом нам говорит? Абсолютно ничего. Например, вместо узбека снят таджик персидского, иранского происхождения; в их чертах совршенно нет тюркского элемента. Такие альбомы, вероятно, составлены человеком, совершенно не знающим состояния Узбекистана” [Тюркологический съезд. 1926. стр. 86-87].
Юнусов, шунингдек, ўзбек тили бўйича олиб борилган ишлар, уларда илгари сурилаётган фикрлар ҳам ғайри илмий, ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган эронийлашган шева деб талқин қилинаётган шева аслига ўзбекларга, ўзбек тилига мутлақо алоқаси йўқлигига қурултой қатнашчилари диққатини қаратган: “Наши языковеды не знают, какие имеются наречия у узбеков. Например, чагатайское, смешанное узбекское наричие, они называют узбекским. А потом еще выдумали какой то сартский язык и говорят, что это их особый язык, тогда как сарты все говорят на персидском языке. Когда они говорят на узбекском языке, они знают, что они персы. Таджиков, сартов определяют без всякого затруднения. Они говорят по-узбекски так же, как я говорю по-русски; сейчас же можно узнать, что я не русский, что они не тюрки. А некоторые наши ученые писали в своих трудах, что вот мол сарты происходят из иранской расы, они забыли свой язык и приняли тюркский язык, что в Узбекистане имеется сартское наречие. Это конечно неправильно, это – большая ошибка... Ни Москва, ни Ленинград серьезно этим вопросом не занимались. Я просил бы, чтобы Курултай на это обратил внимание” [Тюркологический съезд. 1926. стр. 87].
Элбек ҳам эронийлашган шевани ўзбек тилига алоқаси йўқлигини қайд этган: “Аммо самарқанд шевасига келсак, буни сиз “эронлашган” шева деб юритасиз. Ҳолбуким, бу эронлашган шева эмас, балки тўғридан-тўғри форсий тилнинг бузилғони бўлиб, унинг ўзбек тилига сира боғланиши йўқдир” [Элбек. 1929 йил 29 январ].
Қатор рус шарқшуносларининг ишларида ўзбек тилига форс (тожик) тилининг таъсири, натижада товуш тизимидаги ўзгаришлар ҳақида фикрлар билдирилган эди. А.К.Боровков туркологик адабиётларда мустаҳкам ўрнашиб қолган ўзбек тилининг “эронлашиши” назариясининг ғайриилмий ва шу назария асосида амалга оширилган ўзбек диалектлари таснифи нотўғри деган тўхтамга келди. Олим ўзбек тили айрим шаҳар шеваларидаги сингармонизм ҳодисасининг йўқолишини, у аҳоли қатлами асли туркий бўлмаганлиги, ўз тилларини йўқотиб ўзбек тилини қабул қилганликлари натижасида уларнинг тилида сингармонизм бўлмаганлигини қайд этди: “что таджики, подвергнувшиеся ассимиляции и утратившие родной язык, усвоили узбекский язык, сохранив исконное таджикское произношение, в первую очередь, таджикский, иранский вокализм, в результате чего в узбекских городских говорах исчезло явление сингармонизма” [Боровков. 1955. 90].
Ўзбек тилининг “эронлашиши” билан боғлиқ фикр, асосан ХХ аср туркологиясида, хусусан, рус туркологиясида учрашини ва бунга катта эътибор берилганини, совет фани туркий халқларнинг минтақадаги мавқеини тизимли равишда тарихий ҳақиқатларни бузиб талқин қилганликларини кузатиш мумкин. Совет олимлари тадқиқотлардаги фикрлар, тарихий адабиётлар, манбалар билан асосланмагани ҳам мутахассисларга маълум.
ХI асрда яратилган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асаридаги далиллар эса, А.К.Боровков айтиб ўтганидек, маълумотлар ўйлаб топилганини, аждодларимиз яшаб келаётган катта ҳудуддаги шаҳарлар асосан туркий халқлар томонидан бунёд этилганини, уларга форсий тилда гаплашадиган аҳоли кейин кўчиб келганлигини кўрсатмоқда. Маҳмуд Кошғарий “қаз” сўзига изоҳ берганда кўплаб шаҳарлар турклар томонидан қурилганини айтиб ўтади: “Афросиёб қизининг номи. Қазвин шаҳрини шу қургандир. Бу сўзнинг асли қаз ўйни – ғоз ўйналадиган жой демакдир. Чунки у шу ерда турар ва шу ерда ўйнар эди. Шунинг учун баъзи турклар Қазвинни турк шаҳарларидан ҳисоблаганлар. Шунингдек, Қум шаҳри ҳам чегара ҳисобланади. Чунки қум туркча сўздир… Баъзилар турк шаҳарлари чегараси Марваш-Шоҳижаҳондан бошланишини сўзлайдилар. Чунки Қазнинг отаси Тўнга Алп эр – Афросиёбдир. У Таҳмурасдан уч юз йил кейин Мервни бино қилгандир.
Баъзилар бутун Мавераннаҳрни турклар ўлкаларидан деб ҳисоблаганлар. У Янканддан бошланади. Унинг бир оти Дïзруйïндир. У сариқлигига кўра, мис шаҳри демакдир. Бу Бухорога яқиндир… Бутун Мавераннаҳр, Янканддан Шарққача бўлган ўлкаларни турк шаҳарларидан деб ҳисоблашнинг асоси шуки, Самарқанд, Семизкäнд, Ташканд – Шош, Öзкäнд, Тỹнкäнд номларининг ҳаммаси туркчадир, кäнд туркча шаҳар демакдир. Улар бу шаҳарларни қурдилар ва шундай ном қўйдилар. Ҳозиргача ҳам шундай келмоқда. Бу ерларда форслар кўпайгач, сўнг улар ажам шаҳарлари каби бўлган” [Маҳмуд Кошғарий. 1963. 163-134].
Маҳмуд Кошғарийда Тошкент сўзининг этимологияси ҳам берилган. У “Тäркäн” сўзининг изоҳида “Шош [Тошкент]нинг исми. Унинг асли Таш канд бўлиб, тошдан қурилган шаҳар демакдир”, деган маълумотни келтирган [Маҳмуд Кошғарий. 1960. 414].
Демак, Маҳмуд Кошғарийнинг гувоҳлик беришича, бутун Мавераннаҳр, Янканддан Шарққача бўлган ўлкалардаги шаҳарлар, асосан, турк шаҳарлари бўлган. Семизкäнд, Ташканд – Шош, Öзкäнд, Тỹнкäнд каби катта шаҳарларнинг номи ҳам туркчадир. Турклар бу шаҳарларни қуриб шундай ном қўйганлар. Бу ерларда форслар кўпайгач, сўнг улар ажам шаҳарлари каби бўлган.
Бундан ташқари, минтақада, хусусан юртимиздаги археологик қазишма ишлари, тангашунослик бўйича олиб борилган тадқиқотлар, ютимизнинг турли ҳудудларидан топилган қадимги турк ёзувида битилган ёдгорликларининг топилиши ва тадқиқоти натижалари ҳам ушбу ҳудудда аждодларимиз қадимдан яшаб келганлигини илмий жиҳатдан исботлайди, форсийларнинг турклашиши ҳақида билдирилган фикрлар асоссиз эканлигини кўрсатади.
Ўзбек адабий тили сингармонизмга амал қилсин, айрим сўзлар сингармонизмга бўйсундирилмасин
Абдурауф Фитрат том маънодаги катта олим эди. У ўзбек тили, ўзбек тилининг имконияти ва бойлиги, тарихда тутган ўрни, ўзбек тилида яратилган тарихий манбалар ва моҳиятини чуқур биларди. Олим сингармонизм ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашиб, дастлаб ўзбек тилидаги барча сўзларни бу ҳодисага тўла бўйсундириш ҳақида фикр билдирди. Лекин у кўп ўтмай ўзбек тилидаги барча сўзларни сингармонизмга бўйсундириш мумкин эмаслигини ёки Поливанов илгари сураётганидек, ўзбекча сўзларни сингармонизмдан мутлақо маҳрум қилиш нотўғри эканлигини тушуниб йетди. Олим бу муаммони ҳал этмаслик келгусида қатор чалкашликлар, тушунмовчиликлар келтириб чиқаришини назарий жиҳатдан исботлаб берди. Сингармонизм ҳақидаги баҳслар авжига чиққан бир пайтда Фитрат биринчилардан бўлиб бу муҳим масалага жамоатчилик эътиборини қаратган эди: “Биз билан маданий, иқтисодий, сиёсий, илмий муносабат қилғон халқлардан биз кўп сўзлар олғон ва олмоқдамиз. Ташқаридан келган бу сўзларнинг жаббор, қалам, мақола каби бир қисмлари бизда ўзлашиб қолгани учун товуш оҳангига тобе бўлғон, лекин... товуш оҳангига тобе бўлмағон ... хусусият, диёнат, парвона, бола, лола каби товуш оҳангига уймағон сўзларимиз ҳам бор. Буларни нима қиламиз... тажриба кўрсатди: ёт сўзларнинг, ҳатто ғилдирак каби ўз сўзларнинг ҳам бир қисмини товуш оҳангига тобе қила олмадик. Демак, товуш оҳанги қоидасидан бир қисм сўзларни мустаснога чиқариш мажбурияти бор” [Худойбердиев. 1997. 16. 56-59; Ҳудойбердиев. 1998. 433-443].
Ашурали Зоҳирий ҳам бу масаланинг жиддийлигини, ўз вақтида олди олинмаса, бошбошдоқлик келтириб чиқаришини англаб йетди. Муаммонинг йечими ҳақида шундай таклиф берди: “Бизда сингармўнизм юз фоиз бўлғусидир, тилимизга оралашқон ажнабий сўзларни ҳам ўз қоидамиз (сингармўнизм)ға бўйин сундирамиз. Бундан бўйин товлайдурғонлари ўрниға ўз тилимиздан сўзлар топишға ҳаракат қиламиз.
Ғижжак, ғалтак, ғилдирак, пилдироқ, йўлак сингари ўзлашган форсий сўзлар (ёки форсийча қўшимча қўшилғон сўзлар)ни ўзгартмасдан сингармўнизм қоидасидан мустасно қиламиз” [Зоҳирий. 1929-йил 31-март].
1929 йил май ойида Самарқандда ўтказилган Тил-имло конференсиясида алифбо, имло ва сингармонизм масалаларининг кўрилиши
1929 йилнинг 15-23 май кунлари Самарқандда тил-имло конференсияси бўлиб ўтдаи. Унда адабий тил, термин ва имло масалалари қизғин мйҳокама қилинади. Конференсияда сингармонизмли шевалар хусусиятини, ўзбек тилининг бошқа туркий тиллар билан яқинлигини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олиб, адабий тил 9 унли товушга асосланишини маъқуллайди. Имло қоидаларида ҳам шу тамойилларга амал қилинади. Ушбу масалалар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади.
Баҳром ўзбек тили меъёрларини белгилашда имкон қадар барча лаҳжа ва шеваларни асос қилиб олиш зарурлиги ва унинг аҳамияти ҳақида фикр билдирган. Тил учун бир шевани асос қилиб олиш хато эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган: “Баъзи ўртоқлар, қандай бўлса бўлсин бирор маҳалнинг шеваси олинсин, деб айтадилар. Биз ўйлаймизки, тилимизни айрим шеваларга бўлиб юриш ярамайдир. Ҳеч бир жойнинг шеваси бизга асос бўла олмайдир. Биз адабий тил қурар эканмиз, ўзбекларнинг ҳар бир жойиға яъни оммага яқинлашувимиз керак. Бу кунги тилимизга “йўқчи”, “жўқчи”, Хоразм шеваларидан ҳам энг лозим бўлған унсурларни олувимиз лозим. Бу иш тилимизни кенгайтирадир ва бойитадир. Албатта бу бойитиш, кенгайтиш, ўстириш керак.
Биз бир ернинг шевасини асос олиб қўйсақ хато қилған бўламиз.
Шунинг учун ўзбекнинг бутун шеваларининг ҳаммасидан истифода қилишимиз керак” [Тил-имло. 1932. 58-59].
Ўзбек адабий тилининг имлоси тўғрисида маъруза қилган Қайюн Рамазон [Тил-имло. 1932. 91–103] имло қоидаларини тузишда турк сўзларида сингармонизм қонуни тўла татбиқ этилиши ҳақида гапириб ўтган [Тил-имло. 1932. 94-95]. Ушбу масала юзасидан Имад Нўғайбек [Тил-имло. 1932. 103-106], Аждаров [Тил-имло. 1932. 106-107], Хўжанов [Тил-имло. 1932. 107], Фитрат [Тил-имло. 1932. 107-109], Элбек [Тил-имло. 1932. 109-110], Исхоқов [Тил-имло. 1932. 110-111], Гўзи Олим [Тил-имло. 1932. 111-112], Собиржон Иброхимов [Тил-имло. 1932. 112-113], Шокиржон Раҳимий [Тил-имло. 1932. 113-114], Бегжон [Тил-имло. 1932. 115-116], Ҳоди Файзий [Тил-имло. 1932. 116-117], Ориф Айюб [Тил-имло. 1932. 117], Сарибоев [Тил-имло. 1932. 117-119], Буюк Каримий [Тил-имло. 1932. 119-120], Мурод Шамсий [Тил-имло. 1932. 120-121], Абдулҳай Айюб [Тил-имло. 1932. 121-122] ўзбек тилида сингармонизм мавжудлиги ва уни адабий тил учун асос қилиб олиш ҳақида фикр билдирганлар.
Ушбу қурултойда Чўпонзода барча жумҳуриятлар сингармонизмли алифбодан воз кечганлиги, Ўзбекистонда адабий тил учун сингармонизмни асос қилиб олишнинг ҳеч кераги йўқлиги, лотинлаштиришнинг асосларидан бири турк-татар ва башқа шарқ халқларининг ёзувларини яқинлаштириш эканлигини айтиб ўтади: “Сўнг ўлароқ сингармунизм ҳақида бир қанча сўз сўйламакчи бўламан. Конференсиядаги чиқишлар ўзбек лаҳжа, ёхуд шеваларининг асосий эътибори билан сингармунизмли бўлғанини кўрсатди. Бунинг учун чўзгиларни озайтирмоқ масаласини бу конференсиядан сўнгра қатъий суратда ортадан кўтармак лозим келадир. Сингармунизмли алифбе тажрибаси икки йил муддатича Қазақистан, Қирғзистан каби жумҳуриятларда яйилди.
Бу тажрибалардан чиққан натижалар манфий бўлғани учун ортиқ 1 нчи пленумда бутун жумҳуриятлар сингармунизмли алифбедан воз кечдилар. Энди янгидан Ўзбекистонда бу тажрибани такрор этмакнинг менимча ҳеч кераги йўқ. Иккинчи томондан лотинлаштириш идеясининг асосларидан бириси турк-татар ва башқа шарқ халқларининг ёзув маданиятларини яқинлаштирмоқ эди” [Тил-имло. 1932. 15].
Ўзбек адабий тилининг имлоси музокараларида қатнашган Ахунов ҳам Чўонзода томонидан илгари сурилган фикрларни деярли қўллаб-қувватлайди: “Ўртоқлар, адабий тил ҳақида бўлсин, термин ҳақида бўлсин, резолютсия қабул қилишда тилнинг ўсиши, юксалиши асос қилиниб олинди. Ҳақиқатан ҳам турмушнинг талаби шундай, албатта тил ўсадир, юксаладир, ўзгарадир. Шунинг билан бирга бу куннинг талаби бўйинча сингармўнизм қоидасининг ҳам асос қилиб олув керак. Бироқ кўп кучли олимлар, шу жумладан прўфессўр Чўпонзода, кейин ўзимиздаги мутахассислар ҳам, ўзимиздаги тилчилар ҳам сингармўнизм бора-бора йўқ бўладир деган нарсани эътироф этадирлар. Бу албатта тажрибадан келиб чиққан нарса. Сингармўнизм ёлғиз турк тилларида бўлмасдан бошқаларда ҳам бўлған ва тиллари ўскан сари йўқ бўлиб кеткан. Шунинг учун сингармўнизмни темир қўрғон шаклида эмас, вақтинча бир чора деб қабул қилмоқ керак”. “Кўпчиликнинг талаби чўзғуларни қисқартиш экан, ҳар бир жойда шуни талаб қилар экан, шуни эътиборға олиб, коференсия ўз қарорларида кўпчиликнинг саводли бўлуви учун 6 чўзғини қабул қилса” [Тил-имло. 1932. 122].
Унли товушларни ифодалайдиган ҳарфлар сонини аниқлашда турли таклифлар билдирилади. Охунов 6 та, Шокиржон Раҳимий 8 та, Фитрат, Бегжон, Ҳоди Файзий, Ориф Айюб, Буюк Каримий, Мурод Шамсий, Абдулҳай Аюб 9 та, Аждаров 10 та, Собиржон Иброҳимов 14 та, Элбек 16 та ҳариф олинишини билдирганлар.
Имло ҳақидаги қарорнинг иккинчи бандида сингармонизм ўзбек сўзларининг имлосида сақланиши қайд этилади: “2) Йўғонлиқ ингичкалик ўзбек сўзларининг имлосида сақланадир” [Тил-имло. 1932. 124]. Шунингдек, тўлиқ имло луғатини тайёрлаш ҳам қарор билан илмий шўро ҳузуруда тузиладиган комиссияга юклатилади: “29) Йўғонлиқ ингичкаликда турли лаҳжа ва шеваларимизда турлича бўлиб юрган сўзларни бир яғлиқ қилиш ва тездан тўлуқ бир имло сўзлиги тузишни зарур биламиз ва бу ишларни шўро қошида тузилатурған комиссияга юклатилсин ва улар тездан оммалаштирилсинлар” [Тил-имло. 1932. 126]. Анжуман қарорида алифбодаги ҳарфлар тартиби ва сони ҳам белгиланган: “27) Бизнинг алифбемиз бирлаштирилган янги турк алифбеси ва тартиби ҳам лотин асосида бирлаштирилган тартибдир. Aa, Bb, Cc, Çç, Dd, Ee, Әә, Ff, Gg, Ƣƣ, Hh, Ii, Jj, Kk, Ll, Mm, Nn, Ņņ, Oo, Ѳѳ, Pp, Qq, Rr, Ss, Tt, Uu, Vv, Xx, Уy, Zz, Ƶƶ, Ьь” [Тил-имло. 1932. 126].
Самарқандда бўлиб ўтган анжуманда даврий матбуотда ва конференсияда сингармонизм ҳақидаги билдирилган турли фикрлар жамланиб, чуқур таҳлил қилинмасдан барча сўзлар сингармонизм ҳодисасига бўйсундирилади, деган қарор қабул қилинган. Қабул қилинган имло қоидаларида айрим туб сўзлар, баъз рус тили ва рус тили орқали ўзлашган сўзларнинг сингармонизмга бўйсунмаслигига аниқлик киритилмади. Кўп ўтмай бу каби муаммоли масалалар, чалкашликлар билиниб қолди. 30-йилларнинг бошларидан алифбо, имло масаласи қайтадан кун тартибига қўйилди.
Ўзбек адабий тилидаги сингармонизмнинг чиқарилиши ва унлилар сонининг қисқартирилиши
1933-йил 7-январда Бутунроссия Марказий Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Илмий кенгашда ўзбек адабий тили ва унинг имлоси ҳақидаги масала кўриб чиқилади. Ушбу Илмий кенгаш ўзбек адабий тилини, унинг имлосини тубдан ўзгартирган, ўзининг асрлар давомида шаклланган бой тарихидан узиб қўйган, коммунистик мафкура қолипларига мослаштиришга ҳаракат қилинган дастлабки қадам эди. Илмий кенгашда Отажон Ҳошимнинг “Янги ўзбек адабий тили ва унинг имлосининг баъзи масалалари” деб номланган маърузаси тингланган.
Эътибор берилса, маъруза мавзусида “Янги ўзбек адабий тили ва унинг имлоси”га алоҳида урғу берилган. Бу вақтда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида туб бурилишлар бўлган, барча соҳада янги жамият қурилганлиги, қурилаётганлиги, унинг оламшумул аҳамияти, ўтмишдан нафратланишга оид тарғибот руҳидаги маълумотлар кенг қулоч ёзган эди. Отажон Ҳошим маърузасининг умумий мазмуни ва моҳияти ҳам шундай эди. Маъруза чиғатой адабий тилининг ХИВ асрдан бошланганлиги, у тилга ижод этган адиблар, уларнинг фаолиятига оид маълумотларни англатиш билан бошланган: “В эту эпоху образовалось феодальное государство Тимура и Тимуридов. В эту эпоху усилилось господство помещиков-феодалов, племенной феодальной чагатайской аристократии; ее идеология пропитала, разумеется, и литературы. Чагатайская литература возникла во дворцах Тимура и Тимуридов и достигла наивысшего развития с появлением произведений Атаи, Байкара, Лютфи, Наваи, Бабура и др. Многие из этих писателей были сами ханами, визирями и крупными феодалами. Все их произведения написаны на литературном чагатайском языке” [Хашимов. 1933. 37]. Албатта, 30-йилларнинг бошларида “чиғатой тили”, “чиғатой адабиёти”, “чиғатой гурунги”, “буржуазия вакили”, “Темур ва Темурийлар” ҳақидаги фикрлар, юмшоқроқ қилиб айтганда, фақат айблов учун ишлатилган.
Ушбу маърузада Алишер Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайин” асарида илгари сурилган фикрлар чиғатой аслзодаларининг ўз тилларини яратиш йўлидаги ҳаракат сифатида баҳоланади. Алишер Навоийнинг Темурийлардан Ҳусайин Бойқаронинг вазири ва яқин дўсти эканлиги алоҳида урғуланган, пантуркистлар Навоийни ўз боболари сифатида қарашлари айтиб ўтилган: “Отсюда ясно, почему националисты-пантюркисты в части литературного языка до и после Октября выпячивали значение Наваи, объявляя его своим “дедушкой”, борцом за тюркский язык. Националисты-пантюркисты доходили до утверждений, что Наваи, и его лице – чагатайский литературный язык, приближался к живым диалектам” [Хашимов. 1933. 37].
Шундан сўнг чоризмнинг босқинчилик сиёсати ва миллий тилларни руслаштириш борасида олиб броган ишлари танқид қилинади [Хашимов. 1933. 38]. Жадидлар, уларнинг туркий тиллар учун ягона тилни яратиш хусусидаги фаолияти, “Чиғатой гурунги”нинг ўзбек адабий тилини ривожлантириш йўлидаги қарашлари қораланади [Хашимов. 1933. 38-39].
Отажон Ҳошим ушбу маълумотлардан кейин октябр инқилоби берган улкан имкониятлар, И.Сталиннинг “Шарқ халқлари дорилфунунининг сиёсий вазифалари”, ВКП(б)нинг ХВИ съездида қилган “Миллий масаладаги қингғайишлар билан курашув тўғрисида”ги маърузаси аҳамиятига алоҳида тўхталган. Ўзбек тилининг янги даврда ўсиб, ривожланиб бораётганлиги, лотинлаштириш янги адабий тилларни ривожлантириш йўлидаги бир босқич эканлигини айтиб ўтган [Хашимов. 1933. 40-41].
Олим шундан кейин сингармонизм ва унли товушларни ифодалайдиган ҳарфлар сонини қисқартириш ҳақидаги қарашларини баён этган: “Последнее связано с вопросом о сингармонизме. В большинстве говоров, городских и кишлачных на данном этапе развития языка сингармонизм все больше ослабляется, нарушается. Это происходит, главним образом, в связи с развитием социалистического хозяйства и культурной революции Узбекистане, с развитием фабрик, заводов, ростом пролетариата впитывающего крестян разлияных говоров, при усилении связи между городом и деревней и между различными районами, с созданием совхозов, колхозов, куда входят представители различных языков, и т. д.
В результате всего этого получается скрещивание различных городских, кишлачных диалектов а масштабах, каких прежде не видел Узбекситан. До Октября результатам этого скрещивания являлась усиленная тенденция выравнивания жвых говоров как городских, так и кишлачных. Эта тенденция именно и приводит к все большему ослаббению сингармонизма. Такова основная линия развития жвых узбекских говоров.
При составлении орфографии необходимо учитывать этот основной закон уменьшения роли сингармонизмов, который можно видеть и наблюдать в языке.
Каким образом мы должны развивать орфографию узбекского языка, каким образом должны составить ее, чтобы ускорить этот процесс, чтобы создать базу для единой орфографии? При разрешении этого вопроса мы должны учитывать уничтожение сингармонизмов на данном этапе развития узбекского языка. Поэтому мы стоим на той точке зрения, что количество гласных можно сократить до пяти (а, ə, ь, i, о, ө, u, у, е = а, о, u, i, э). Сокращение гласных в узбекском алфавите поможет решить этот основной, кардинальный вопрос для трудящихся масс Узбекистана, перед которыми стоит задача быстрейшего поднятия своего культурного уровня. Этот вопрос для нас является важнейшим вопросом культурной революции” [Хашимов. 1933. 41].
Ушбу маъруза юзасидан қарор ишлаб чиқиш учун акад. Самайлович (раис), акад. Мешанинов, Ҳошимов (маърузачи), проф. Фитрат (НКП ЎзССР), проф. Яковлев, (Бутун иттифоқ марказий комиссияси янги алифбо комитети), Боровков (Фанлар академияси Тилшунослик институти), Алавердов (Бутун иттифоқ марказий комиссияси янги алифбо комитети илмий котиби), Жургенов (ЎзССР хаиқ комиссарлар совети), Юдахин (Илмий тадқиқот ассотсиатсияси миллий масалаларни ўрганиш лингвистик комиссияси), Рахимий (ЎзССР НКП ҳузуридаги терминком) лардан иборат комиссия тузилган. Қарорда Отажон Ҳошим маърузасида илгари сурилган барча фикрлар қамраб олинган [Хашимов. 1933. 43-45].
Ушбу маъруза, маъруза асосида қабул қилинган қарор ўзбек адабий тили ва имлоси ҳақида ўтказиладиган анжуманлар, тақдиқотлар, матбуотда эълон қилинадиган мақолалар ва бошқа ишлар мазмунини, йўналишларини белгилаб берган.
Қисқа бир муддатдан кейин “Қизил Ўзбекистон” газетасида Қаюм Рамазон имзоси билан “Ўзбек тилининг бирлашган имлоси” лойиҳаси эълон қилинди. Унда унлилар сони 9 тадан 5 тага (а, ə, ь, i, о, ө, u, у, е = а, о, u, i, э). қисқартирилган, сингармонизм ўз вазифасини тилнинг бошқа соҳаларига ўтказа бошлагани, шу сабабли бундан кейин сингармонизм муҳим рол ўйнамаслиги қайд этилган [Рамазон. 1933].
Ушбу лойиҳага кўплаб муносабатлар билдирилди. Отажон Ҳошимнинг “Ўзбек янги адабий тили ва унинг имлоси ҳақида” номли мақоласи асосан юқоридаги маъруза мазмунига мос эди. Унда янги даврда ўзбек тилининг ривожланиш тамойиллари, халқаро (асосан рус тили ва рус тили орқали оврупо тилларидан) сўзларнинг кириб келиши, янги товуш тизими, янги қўшимчаларнинг (-изм, -ик каби) ишлатилиши, унли товушларнинг қисқариши жараёнлари баён қилинди. “Чиғатой адабий тилининг (Навоий, Бобур, Лутфий ва бошқа) феодал моҳиятидан олинган имло”, “пантуркист, панисломист оқимларининг ... имлоси”, “жадидизм имлоси”, “ўзбек тили юксалишини буржуазия йўлига бошлаган имло”, “чиғатой тилининг имло принсиплари” танқид қилинди. 1929-йилга қадар ўтказилган анжуманларда ўзбек тилидаги унлиларнинг қисқариши ва сингармонизмнинг йўқолиб бориши алифбода акс эттирилмаганлиги кўрсатиб ўтилди.
Шундан кейин эълон қилинган Элбек, Улуғ Турсун, Ф.Исмоил ва бошқаларнинг мақолаларида ҳам ўзбек тилидаги сингармонизмнинг йўқолиши, унли товушлар сонининг қисқариб бориши ҳақида фикрлар билдирилди. Отажон Ҳошим қарашлари қўллаб-қувватланди.
Фақат Турсун Иброҳимов ўзбек тилнинг бирлашган имлоси лойиҳасида унлилар сонининг қисқаришидаги илмий асослар кўрсатилмагани, жуфт унлиларнинг бир қанча шеваларда мавжудлиги учун уларнинг сонини ҳам қисқартириб бўлмаслиги, сингармонизмдан ҳам фойдаланиш кераклиги, ҳақида фикр билдирилди. [Иброҳимов. 1933].
Сингармонизм, унлилар тўғрисидаги баҳс-мунозараларга 1934-йил 7-январда Тошкентда бўлган Тил-имло конферентсияси якун ясади. Анжуманда янги имло қоидалари тўғрисида Отажон Ҳошим маърузаси тингланди. Музокараларда Шокиржон Раҳимий, Фахри Камол, Собиржон Иброҳим, Авлоний, Ғози Олим ва бошқалар қатнашган. Конференсияда тасдиқланган янги имло қоидаларида унлилар сони 6 та (а, ə, о, u, i, e) қилиб кўрсатилган, сингармонизм янги шароитда йўқолиб бораётганлиги алоҳида таъкидланган. Ўз МИК президиумининг 1934-йил 13-март қарори билан тасдиқланган мазкур имло қоидаларидан кейин ўзбек тилининг ёзув тизимида сингармонизм акс эттирилмади, 9 та унли товушдан 3 таси қисқартирилиб 6 та қилиб белгиланди ва бу ҳодисалар ўзбек адабий тилининг катта ижобий ютуғи сифатида баҳоланиб келинди.
Хулоса. Шундай қилиб, 1930-йилга қадар маҳаллий олимларнинг барчаси ўзбек адабий тилида сингармонизм риоя қилишини шарт деб билишган ва шу фикрда қатъий туришган. Е.Поливанов уларга қарши чиққан. 30-йиллардан кейин эса маҳаллий олимлар қарашларида ҳам ўзгариш пайдо бўлган. Улар энди янги ўзбек адабий тилини яратиш, сингармонизмнинг йўқолиши, унли товушларнинг қисқариши тўғрисида фикр билдира бошлаганлар.
Нега шундай? Чунки 30-йилларнинг бошига келиб тоталитар тузум ўз мавқеини мутлақо мустаҳкамлаган эди. Кимки миллат, турк деган бўлса, “миллатчи”га, “пантуркист”га айлантирилди. Миллат маънавиятининг таянчлари А.Қодирий 1926-йилда ҳибсга олинди, Фитрат, Чўлпонлар ўз “миллатчиликларини” эътироф этдилар. Мунавварқори қатл қилинди... 30-йилларнинг бошларидан асосий эътибор “қосимовчилар”, “миллий иттиҳодчилар”, “миллатчилар”, “пантуркистлар”, “сотқинлар”ни фош қилишга қаратилди.
Ж.Бойбулатовнинг 1932-йилда чоп этилган “Чиғатойизм - пантуркизм” номли асари асосан Фитрат, Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари” асари, “Чиғатой гурунги” фаолияти ва Отажон Ҳошим фаолиятидаги пантуркизмни фош қилишга қаратилган эди [Байбулатов. 1932]. Миён Бузрук Салиҳовнинг 1933-йилда нашр этилган “Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари” асарида эса “панисломизм”, “пантуркизм”, “миллатчилик” масалалари янада кенгроқ ёритилди [Салиҳов. 1933]. Давр матбуоти, анжуманларидаги ҳолат ҳам шундай эди. Қисқа қилиб айтганда, ўзбек тилини бошқа туркий тиллардан ажратиб ташлаш, унли товушларни ифодалайдиган ҳарфлар сонини камайтириш, ўзбек тилининг “йиқилмас қўрғони” деб билинган сингармонизмни имло қоидаларидан чиқариб ташлаш учун вазият йетилди. Е.Поливанов “Правда Востока”да алоҳида таъкидлаб ўтган “5, 10 ёки 20 йил” узоққа чўзилмади.
Юқорида келтирилган далиллардан шундай хулоса чиқариш мумкин.
1. 1921 йил Тошкентда бўлган тил ва имло қурултойида, 1922 йилги Маориф ва маданият ходимлари қурултойида ҳамда 1923 йилда Бухорода бўлиб ўтган Ўрта Осиё ўзбекларининг имло анжуманларида ўзбек тилида сингармонизм ҳодисаси мавжуд бўлганлиги ҳақида фикр юритилган. Бу даврда ўзбек тилида сингармонизмнинг мавжуд эмаслиги ҳақида мулоҳазалар билдирилмаган. Анжуманларда қабул қилинган қарорларда ўзбек тилида сингармонизмнинг мавжудлиги, сўзлар сингармонизм ҳодисасига амал қилиб ёзилиши қайд этилган.
2. Араб алифбосидан лотин ёзувига ўтиш даврида сингармонизм ҳодисаси турлича нуқтаи назардан: ўзбек адабий тилида сингармонизм юз фоиз мавжудлиги ва имлода шунга амал қилиниши; ўзбек адабий тили сингармонизм ҳодисаси бўлмаган шевалар асосида тузилиши; ўзбек адабий тили сингармонизмга амал қилиб, айрим сўзлар сингармонизмга бўйсундирилмаслиги, таҳлил қилинган.
3. Давр матбуотида, анжуманларда Абдурауф Фитрат, Элбек, Ғози Олим, Ашурали Зоҳирий, Отажон Ҳошим, А.Алавий, Сингармонизмчи ва бошқалар ўзбек адабий тили сингармонизмга юз фоиз амал қилиши кераклиги, алифбода унли товушларни ифодалаш учун 9 ҳарф олиниши кераклигини билдиришган.
4. Е.Поливанов, К.Юдахинларнинг ишларида ўзбек адабий тили учун 6 унли товуш мавжуд бўлган, сингармонизм ҳодисаси бўлмаган эронийлашган шаҳар шеваларини асос қилиб олиш баён қилинган.
5. Ғози Олим Юнусов, Элбек, Боровковлар “эронийлашган шевалар”, “эронийлашган шаҳар шевалари”, деб юритилаётган қатлам асли ўзбек тилида гапираётган тожик миллати вакиллари эканлигини, уларнинг ўзбек тилига алоқаси йўқлигини билдиришган.
6. Абдурауф Фитрат, Ашурали Зоҳирий каби олимлар ўзбек тилидаги барча сўзларни сингармонизм ҳодисасига бўйсундириш мумкин эмаслигини ёки Е.Поливанов илгари сураётганидек, барча ўзбекча сўзларни ёзишда сингармонизм қоидасига амал қилмаслик ҳам нотўғри эканлигини тушуниб йетдилар. Бу муаммони ҳал этмаслик келгусида қатор чалкашликлар, тушунмовчиликлар келтириб чиқаришини исботлаб берганлар. Улар айрим сўзларни истино тариқасида сингармонизм ҳодисасига бўйсундирмаслик зарурлигини кун тартибига қўйганлар.
7. 1929-йил май ойида Самарқандда ўтказилган тил-имло конферентсиясида ўзбек адабий тилига сингармонизмли шевалар асос қилинган ва 9 талик (а, ə, ь, i, о, ө, u, у, е). унлилар тизимини жорий этиш ҳақида анжуман қарори қабул қилинган.
8. 30-йилларнинг бошларидан ўзбек адабий тилидаги унлилар сони, сингармонизм ҳодисаси ҳақидаги қарашлар ўзгара бошлади. Янги жамиятда янги ўзбек адабий тили шаклланаётганлиги, ўзбек тили ўсиб, ривожланиб сингармонизм ҳодисаси мутлақо йўқолиш арафасида эканлиги, ўзбек адабий тили имлосини қайтадан тузиш, унли товушларни ифодалайдиган ҳарфлар сонини қисқартириш зарурлиги кун тартибига қўйилди. Бу масала 1933-йил 7-январда Бутунроссия Марказий Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Илмий кенгашда муҳокама қилинган. 1934-йил 7-январда Тошкентда бўлган Тил-имло конферентсиясида тасдиқланган янги имло қоидаларида унлилар сони 6 та (а, ə, о, u, i, е). қилиб белгиланган, сингармонизм янги шароитда йўқолиб бораётганлиги алоҳида таъкидланган. Мазкур имло қоидалари Ўз МИК президиумининг 1934-йил 13-март қарори билан тасдиқланган, унда сингармонизм ўзбек адабий тилидан чиқарилган, унлилар сони 9 тадан 6 тага туширилган.
Жўра ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМУ катта ўқитувчиси
Адабиётлар:
Алавий. 1927. Абдулла Алавий. Ўзбек янги алифбосини тузишда асослар. Тошкент-Самарқанд, 1927. 24 бет.
Алавий. 1929. А.Алавий. Тил-имло соҳасида. Маориф ва ўқитувчи, 1929, 6-сон. 20-бет.
Беҳбудий. 2021. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. II жилд. Тошкент. 2021. 34-44.
Элбек. 1929 йил 28 январ. Элбек. Тил-имломиз устида. “Қизил Ўзбекистон” газетаси. 1929 йил 28 январ.
Элбек. 1929 йил 29 январь. Элбек. Тил-имломиз устида. “Қизил Ўзбекистон”. 1929 йил 29 январ.
Элбек. 1929-йил 30-январ. Элбек. Тил-имломиз устида. “Қизил Ўзбекистон”. 1929 йил 30 январ.
Фитрат. 1927, 3, 6-7. “Маориф ва ўқитғувчи”, 1927, № 3 Сан, с 6-7.
Ғози Олим. 1927. Ғози Олим. Ўзбек тилининг товишлари. “Маориф ва ўқитғувчи”, 1927, № 12.
Ҳошим. 1927. Отажон Ҳошим. Ўзбекистонда илмий ишлар. “Маориф ва ўқитғувчи”. Тошкент. 1927, 11-сон. 7–19-бетлар.
Ҳошим. 1933 йил 14 июнь. Отажон Ҳошим. Ўзбек янги адабий тили ва унинг имлоси ҳақида. “Қизил Ўзбекистон”, 1933 йил, 14 июн.
Ҳозирги ўзбек адабий тили. 1966. Ҳозирги ўзбек адабий тили. И. Фонетика, лексикология, Морфология. Тошкентю 1966.
Hudoyberdiyev. 1997. Сöra Xudoyberdiyev. Fitrat va lotin yozuvi. Türk lehçeleri ve edebiyatı. Ankara. 1997. 16. 56–59.
Hudoyberdiyev. 1998. Сöre Hudoyberdiyev. Özbeçede ses uyumunun yok edilişi. Türk dünyasi dil ve edebiyat dergisi. Ankara. 1998-5. 433–443.
Иброҳимов. 1933. Т.Иброҳимов. Ўзбек тилининг бирлашган имлоси проекти тўғрисида баъзи мулоҳазалар. “Қизил Ўзбекистон”, 1933 йил 26 май.
Каримов. 2011. Наим Каримов Буюк тилшунос олим. “Жаҳон адабиёти”, 2011 йил январь 187–192.
Маҳмуд Кошғарий. 1960. Маҳмуд Кошғарий. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк), т. И, таржимон ва нашрга тайёрловчи. С.М. Муталлибов. – Тошкент: 1960.
Маҳмуд Кошғарий. 1963. Маҳмуд Кошғарий. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк), т. ИИИ, таржимон ва нашрга тайёрловчи. С.М. Муталлибов. – Тошкент: 1963.
Маҳмудов. 1996. Қ.Маҳмудов. Тил яқинлиги – дил яқинлиги”. “Фан ва турмуш”, 1996 йил, 4-сон.
Маҳмудов. 1995. Қозоқбой Маҳмудов. Қадимги Туркистон. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1995 йил 24 ноябр.
Нурмонов. 1997. Абдуҳамид Нурмонов. Ўзбек тили унлиларининг фонологик белгилари. “Ўзбек тили ва адабиёти”. 1997. 2-сон. 74–77-бетлар.
Ўрта Осиё ўзбеклари. 1923. Ўрта Осиё ўзбекларининг биринчи тил ва имло маслаҳат мажлиси. “Бухоро ахбори”, 1923-йил 12 ўктабр.
Ўрта Осиё. 1923. Ўрта Осиё ўзбекларининг имло конфиренсияси. Туркистон. 1923 йил 31 ўктабр.
Ўзбек маориф. 1922. Ўзбек маориф ва маданият ходимларининг 2 нчи ўлка қурултойи. Ҳарф-имло масаласи. “Қизил байроқ”, 1922-йил. 26-апрел.
Отажон. 1927. 7-8-сонлар. 54-57-бетлар Отажон. Боку пленуми натижаси. “Маориф ва ўқитғувчи”. Тошкент, 1927. 7-8-сонлар. 54-57-бетлар.
Отамирзаева. 1996. С.Отамирзаева. Сингармонизмни тиклаш шартми? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1996 йил 19 январ.
Отамирзаева. 1998. Сорахон Отамирзаева. “А” юмшоқми ё қаттиқ. “Фан ва турмуш”, 1998 йил, 1-сон, 31 бет 30-31.
Политехник мактаб. 1934, 3. Политехник Мактаб ва Педагогика. 3. Сан.
Қиличев. 1999. Ҳозирги ўзбек адабий тили. Бухоро. 1999.
Рамазон. 1933. Қаюм Рамазон. Ўзбек тилининг бирлашган имлоси. “Қизил Ўзбекистон”, 1933 йил 18 май.
Решетов, Шоабдураҳмонов. 1978. В.В.Решетов, Ш.Шоабдураҳмонов. Ўзбек диалектологияси. Тошкент, 1978. 231 бет.
Салиҳов. 1933. М.Бузрук Салиҳов. Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари. Ташкент. 1933.
Сафаров. 2005. Машариф Сафаров. Тилшуносликдаги бир баҳсли қараш ҳақида. “Ўзбек тили ва адабиёти”. 2005. 5-сон. 90-94-бетлар.
Шоабдураҳмонов. 1980. Ш.Шоабдураҳмонов, М.Асқарова, А.Ҳожиев, И.Расулов, Х.Дониёров, Ҳозирги ўзбек адабий тили. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1980. 448 бет.
Шоабдураҳмонов. 1998. Шоназар Шоабдураҳмонов. Ўзбек тилида сингармонизм. Ўзбек тили ва адабиёти. 1998 йил 4-сон. 22-25-бетлар.
Сингармўнизмчи. 1928. Сингармўнизмчи. Яна тил-имло масаласи устида. “Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил 15 феврал.
Тил ва имло. 1922. 1921 йил январда бўлғон биринчи ўлка ўзбек Тил ва имло қурултойининг чиқарғон қарорлари. Тошкент 1922.
Тил-имло. 1929. Тил-имло ва истилоҳ конфиренсиясида имло тўғрисида чиқарилғон қарор. “Қизил Ўзбекистон”, 1929 йил 2 июл.
Тил-имло. 1932. Тил-имло конференсияси материаллари. 1929 нчи йил майнинг 15-23 нчи кунларида Самарқандда бутун Ўзбекистон миқёсида тўпланған ўзбек тил-имлочилари ва адбиблар конференсиясининг тўла ҳисоби, Ташкент. 1932.
Toğan. 1999. Zeki Velidî Toğan. Hâtıralar. Ankara, 1999, s. 394.
Умаров. 1989. Эргаш Умаров. Маҳмуд Кошғарий: илтимос, асаримни тўғри изоҳланглар. “Миллий тикланиш”, 1989 йил 1 декабр.
Умаров. 1991. Эргаш Умаров. “Муҳокамат ул-луғатайн”да акс этган унлилар. Ўзбек тили ва адабиёти. 1991 йил 1-2-сонлар. 26-28-бетлар.
Умаров. 1994. Эргаш Умаров. Ўзбек тилида тил олди товушлари борми? Ўзбек тили ва адабиёти. 1994 йил 4-5-6-сонлар. 77-80-бетлар.
Умаров. 1997. Эргаш Умаров. Ким ҳақ...? Ўзбек тили ва адабиёти. 1997 йил 1-сон. 76-78-бетлар.
Умаров. 2000. Эргаш Умаров. Сингармонизм нима? “Миллий тикланиш”. 2000 йил 25 январ.
Умаров. 2003. Эргаш Умаров. Бобур бир фонетик ҳодиса ҳақида. “Тил ва адабиёт таълими”, 2003 йил 1-сон.
Умаров. 2005. Эргаш Умаров. Луғат маълумотлари – ишончли манба. “Ўзбек тили ва адабиёти”. 2005 йил 5-сон. 94-97-бетлар.
Умаров. 2009. Эргаш Умаров. Мумтоз ўзбек тилидаги тўрт “ў”нинг тақдири. “Ўзбек тили ва адабиёти”. 2009 йил 6-сон. 83-84-бетлар.
Худойбердиев. 1999. Жўра Худойбердиев. Масаланинг тарихига қарайлик. “Миллий тикланиш”, 1999 йил, 20 январь 3(176)-сон.
Якубовский. 1941. А.Й.Якубовский. Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида. Тошкент. 1941.
Юдахин. 1928. К.Юдахин. Водил қишлоғи лаҳжаси ҳақида бир неча сўз. “Маориф ва ўқутғучи”, 1928, 7-сон 48-50-бетлар.
Юсуф. 2008. Бердак Юсуф. Луғат маълумотлари доимҳам ишончли манбами?.. “Соғлом авлод учун” 2008-йил 10-сон, 8-15, 18-22-бетлар.
Зоҳирий. 1929-йил 31-март. Ашурали Зоҳирий. Лаб оҳанги тўғрисида. “Қизил Ўзбекистон”, 1929 йил 31 март.
Байбулатов. 1932. Дж.Байбулатов. Чагатаизм – пантюркизм. Москва-Ташкент. 1932.
Бартольд. 1922. В.В.Бартольд. Мусулманский мир. Петербург. 1922. стр 40.
Боровков. 1946. А.К.Боровков. Алишер Навоий как основоположник узбекского литературного языка. / Алишер Навои. М.-Л. 1946. 105-107.
Боровков. 1955. А.К.Боровков. По поводу теории иранизации узбекского языка. Известия академии наук УзССР. 1955. № 8. 79–92.
Мелиоранский. 1900. П.М.Мелиоранский. Араб филолог о турецком языке. СПб., 1900, стр. ХИ, прим. 5.
Мусульманские депутаты. 1998. Мусульманские депутаты Государственной думы Росии 1906-1917 г.г. Уфа, 1998.
План работы.1932. План работы Всесоюзного центрального комитета нового алфавита (основные моменты) на 1932 год, приняты президиумом ВЦК на 5 января 1932 года. 150 Революция и письменность № 1-2 (11-12), Москва. 1932.
Поливанов. 1922. Е.Поливанов. Звуковой состав ташкентского диалекта. “Наука и просвещение”, Ташкент, 1922, № 1, стр 17-19.
Поливанов. 1924, № 4. Е.Поливанов. Образцы фонетической записей ташкентского диалекта. “Бюллетень 1-го Средне-Азиатского государственного университета”, Ташкент, 1924, № 4, стр. 87-90.
Поливанов. 1924, № 6. Е.Поливанов. Проект латинского шрифта узбекской письменности, “Бюллетень 1-го Средне-Азиатского государственного университета”, Ташкент, 1924, № 6, стр. 158-159.
Поливанов. 1924, № 7. Е.Поливанов. Новая казак-киргизская (Байтурсуновская) орфография. Спорные вопросы киригзской графики и орфографии. “Бюллетень Средне-Азиатского государственного университета”, Ташкент, 1924, № 7, стр. 35-43.
Поливанов. 1927. Е.Поливанов. О происхождение названия Ташкента. // В.В.Бартольду туркестанские друзья, ученики и почитатели. Ташкент, 1927, стр. 395-400.
Поливанов. 1928, 22 октябрь. Е.Поливанов. Невозможно молчать, газ. “Правда Востока”, Ташкент, 1928, 22 октябр.
Поливанов. 1929. Е.Поливанов. Образцы не-сингармонистических (иранизованных) говоров узбекского языка // Доклаы АН СССР Серия В, Л., 1928, № 5, стр. 92-96.
Поливанов. 1933. Е.Поливанов. Узбекская диалектология и узбекский литературный язык. Ташкент, 1933. Стр. 45.
Поливанов. 1926. Е.Поливанов. Этнографическая характеристика узбеков, вып И. Происхождение и наименование узбеков, Ташкент, 1926. Стр. 31.
Радлов. 1880. В.В.Радлов. Средняя Зеравшанская долина. Записки ИРГО по отд. Этнографии. Т.6. СПб., 1880. Стр. 67.
Тюркологический съезд. 1926. Первый Всесоюзный тюркологический съезд. 26 февраля - 5 марта 1926 г. (Стенографический отчет). Баку 1926.
Хашимов. 1933. А.Хашимов. Новый узбекский литературный язык и некоторые вопросы его орфографии. // Революция и письменность. № 1(16). Москва. 1933. Стр. 36-42.
Юдахин. 1929. К.К.Юдахин. Материалы к вопросу о звуковом составе чагатайского языка. Культура и письменность Востока. Книга ИВ. 1929. стр. 62–68.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ