Эскирмас туйғуларнинг янгича тасвири – Қозоқбой Йўлдош “Оқар дарё”ни таҳлил қилади


Сақлаш
10:11 / 07.11.2023 447 0

Таниқли адиб Орзиқул Эргашнинг “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Оқар дарё” номли китоби  битта роман, уч қисса ва ўн тўртта  ҳикояни ўз ичига олган.  Китоб шавқ билан ўқилади. Тўғри, ўқишлилик бадиий яратиқнинг қийматини белгилайдиган ягона кўрсаткич эмас. Ютоқиб ўқиладиган, аммо тезда унутиладиган битиклар адабиёт тарихида кўп. Шунингдек, қийинчилик билан ўқилса-да, ўқирманларнинг тафаккур ва кўнгил оламида ўзгариш ясаган асарлар ҳам оз эмас.

 

Китобдан жой олган “Шоҳсанам” романи – висолсиз муҳаббат тўғрисида. Маълумки, бу ҳақда очундаги барча миллий адабиётларда ҳам жуда кўп ёзилган. Кўп қўл урилган мавзудаги ушбу романнинг ўзига хослигини таъминлаган омил унда кўпчиликка ўхшайдиган одамларнинг бошқа битиклардагига ўхшамайдиган қисматини ўзига хос йўсинда тасвирланганидир.

 

“Шоҳсанам” романидаги Маҳмуд, Шоҳсанам, Умаро, Сафар, Маъмура, Ойдиной, Темир, Амиржон, Ҳайдаров сингари ҳар бир образ фақат ўзигагина хос бўлган миназга эга шахсиятлар сифатида акс эттирилган. Тўғри, романда Раҳимзода, Фармон, Козим сингари ўз шахсиятидан кўра ижтимоий тузумга хос хусусиятларни ифодалаш мақсадида тасвирга тортилган персонажлар ҳам йўқ эмас. Романдаги қолган тимсолларнинг бари фақат ўз шахсиятларининг вакили сифатида намоён бўлгани билан эътиборни тортади. Юксак маънавиятли шахслар сифатида ўзларини англашга уринаётган Маҳмуд, Шоҳсанам, Маъмура, Темир, Амиржон, Умаро сингари образларни илмий тил билан мономан, яъни ёлғиз ва бетакрор қаҳрамонлар дейиш мумкин. Бу тимсоллар асарнинг бошидан охирига қадар турланавермайдиган табиатга эга шахслар сифатида тасвирланади.

 

Адабиётимизда кўпроқ адабий қаҳрамонларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати сабаб-оқибат асосига қурилган, ҳар бир персонажнинг тутуми қандайдир йўсинда мантиқий изоҳланиши лозим бўлган бадиий тасвир усули қарор топган. Ҳолбуки, ҳар бир одам ўз ҳаёти давомида нега шундай қилганини тушунтириб беролмайдиган бир дунё хатти-ҳаракатларга йўл қўяди. Бадиий асарга борлиқнинг эстетик макети сифатида қаралганда ҳар қандай бадиий яратиқдан мантиқий якун, тамомлик кутилади. Асл борлиқда эса инсон кўриши мумкин бўлган мантиқий якун бўлмайди. Чексиз ҳодисалар тизимидан иборат ҳаёт чексизликка қадар ўз чексиз йўли билан чексиз давом этаверади ва башарий мантиққа мутлақо зид ҳолда асло тугалланмайди. Негаки, борлиқдаги ҳар қандай тугалланиш ниманингдир бошланишидир. Бу бошланиш ва тугалланишлар силсиласининг тизгини эса тақдир қўлида бўлади.

 

“Шоҳсанам” асарида адиб ана шу чеку чегарасиз ҳаётнинг ўзига хос тасвирини бера олган. Романнинг айрим ўринларида халқ достонларида бўлгани каби насрий баён шеърий ифода билан уйғунлашиб келади. Бу ҳол бир умр шоирликка интилиб яшаган киши бош қаҳрамон қилиб олинган асар тасвирига шиддат ва кўтаринкилик бағишлаган. Романда шафқатсиз ижтимоий реаллик ва юксак шоирона туйғулар оғушида яшаб, изоҳга бўй бермайдиган сабаблар туфайли кўнгил истагини юзага чиқара олмаган шахсиятлар тақдири акс этган.

 

Асарда Шоҳсанам исмли қўшни қизни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирган бола, ўсмир, ўспирин, йигит, эркак Маҳмуднинг ўй-хаёллари, орзу-умидлари, хатти-ҳаракатлари, тутумлари акс эттирилади. Роман воқеалари бош қаҳрамон Маҳмуд тилидан висолига эриша олмаган севгилиси Шоҳсанамга хаёлий мурожаат шаклида ҳикоя қилинади. Бу усул бош образ руҳияти ва туйғуларининг барча қирралари очилишига имкон беради. Айни вақтда қолган борлиқ персонажларга хос жиҳатлар фақат Маҳмуд нуқтаи назари орқали тақдим этилиши баъзан тимсолларни ўзга ракурсдан кўрсатиш имконини бир қадар чеклаб қўяди.

 

Суяги қотмаган ўсмир ёшида отасидан айрилиб қолган Маҳмуднинг: ...отам ...ҳар куни ўлади. Оппоқ тобут ҳар куни лопиллаб йўлга тушади. Ортидан изиллаб югураман. Изиллаб йиғлаганча уйғониб кетаман. Зимистон тун. Аямнинг титроқ қўллари. Иссиқ-шўр кўз ёшлари...”, тарзидаги иқрори унинг шахсиятидаги битмас кемтиклик ва ўта таъсирчанликнинг ҳаётий сабабини англатади.

 

Роман воқеалари, гарчи бош қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинса-да, унда фақат Маҳмуднинг саргузашт ва кўнгил ҳолатлари эмас, уни ўраб турган кишиларнинг тутумлари, кўргулик ва тақдирлари ҳам акс эттирилган. Шунингдек, асарда ўтган юзйилликнинг 70-йилларига тегишли ҳаёт ҳодисалари  ҳаққоний тасвирланган. Оғир дала ишларига жалб этилган ўқувчиларнинг мажбурий ва ёқимсиз меҳнат жараёнидан романтика топа билганликлари асарда жуда таъсирли ифода этилган: “Дала бошида катта-кичик кетмонлар эгаларини кутиб, сочилиб ётарди. Эгалари таниб-таниб олди. Чопиқни даланинг нариги бетидан бошлаб келадиган бўлдик. ...Офтоб юқорилай бошлади. Бегона ўтдан тозаланган майдон кенгайгани сари  чопиқчилар ғайрати ортиб борарди. Ҳамма ёнма-ён ишлагач, сеники, меники бўлмагач, айрим дангасароқ болалар ҳам кейинда қолишдан уялиб, жон-жаҳдлари билан етишиб юришга ҳаракат қилишарди” тарзидаги тасвир ҳаққоний ва ёшлиги совет даврида ўтган ҳар бир қишлоқ одамига жуда яхши таниш.

 

Асарда давр манзараси образлар руҳияти билан боғланган ҳолда ғоят ҳаққоний акс эттирилган. Жумладан, биринчи май байрами томошаларидан қайтаётган қишлоқ болалари ҳолатининг: “Шаҳардан қайтаётган Жарқишлоқ болалари экан. Ҳаммаси, айниқса, қизалоқлар ясаниб-тусаниб олишган. Қўлларида ранго-ранг шарлар, чўғдай байроқчалар. Тўрхалталарда тешик кулчаю бўличкалар, пўлоти нонлару равочлар...” йўсинидаги тасвири кечаги кун ёшларига хос жиҳатларни яққол кўрсатиши билан эътиборга лойиқ.

 

Романда Маҳмуд фақат ўз ишқий туйғулари билан ўралашиб қолган шоиртабиат одам сифатида кўрсатилмайди. Мактабни битиргач, университетга киролмаган йигитни бригадага бошлиқ қилиб қўйишади. Шу мартабанинг ўзи ўспиринни колхоз марказидан узоқдаги эллик беш хонадонли қишлоқнинг оқсоқолига айлантиради. Пахтазорнинг туганмас ишлари асносида йигитнинг миназига хос орият, ғайрат, масъулият, ташкилотчилик,  ҳалоллик ва баъзан гўллик сингари жиҳатлар турли воқеалар асносида юзага чиқа боради.

 

Қишлоқнинг оқсоқоли ўлароқ Маҳмудхон эри қулоқ сифатида йўқ қилиб юборилган, қолган умрини урушда ҳалок бўлган ёлғиз ўғли Маҳмудни кутиб ўтказган Мақсад момо ва унинг ўғлига кўнгил қўйган Маъмура опаларнинг чексиз фожиасини туяди. Бу ҳолат асарда жуда таъсирли акс эттирилган: “Кампир бир тутамгина бўлиб, кўрпа-тўшак қилиб ётган экан. Уни кўриб, тетикланиб ўрнидан турди. Маъмурани индамай бағрига босди-да, ичкари уйга бошлади. Тахмондаги сандиқни очтирди. Ундан барча келин-куёв сарполарини олдириб, гилам устига уйдирди. Маъмура жовдираб унга тикилди. Нохуш бир туйғудан юраги увишди.

 

– Болам, бу нарсаларни сенга қилгандим, – деди кампир бемажол. – Сенга қолдираман. Фақат битта ўтинчим бор. Ҳозир, кўзим тиригида бир киясан...

 

Маъмура бирдан йиғлаб юбориб, кампирни қучди. Кампир сулув келинчак олдида ўзини қўярга жой тополмас, дам йиғлаб, дам кулиб атрофида гиргиттон бўларди. Куёвсиз уйнинг шўрлик келинчаги унсиз йиғлаб, қайта-қайта таъзим қилади. Кейин сочпопукларини оҳиста шилдиратиб ҳовли супуради, ўчоққа ўт ёқиб овқат қилади, қумғонда чой қайнатади...”. Романнинг жонкуяр бош қаҳрамони гарчи бу вазиятни ўзи кўрмаган бўлса-да, уни бутун тафсиллари билан кўз олдига келтиради ва фожиани бор кўлами билан туяди.

 

Асарнинг бош қаҳрамони урушда ҳалок бўлган суюклисини узоқ йиллар кутган ва онасининг ўлим олдидаги васияти туфайлигина бошқага турмушга чиқишга мажбур бўлган садоқатли Маъмуранинг ҳолатини ҳам ичдан ҳис қилади. У афғон уруши қатнашчиси Амиржоннинг суюклиси Умарога етишмоғига ёрдамлашмоқ истайди. Ва ҳамиша бундай одамларга етарлича яхшилик қилолмаётганидан қийналади.

 

Енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юриб, фақат шахсий манфаат илинжида яшайдиган Козим ва Шариф сингари кимсалар қутқуси туфайли суюклиси Шоҳсанамнинг онаси Маъмура опада суюқоёқ аёлларга илакишадиган одам сифатида тасаввур уйғотган Маҳмуднинг ҳаёти остин-устун бўлади. Ўзи қачондир хиёнатнинг қурбони бўлган Маъмура опа бўлажак куёвни бегона аёл билан кўргач, қачонлардан буён қизи Шоҳсанамни Маҳмудга беришини орзулаб юрган бўлса-да, хиёнатчини кечирмайди ва қизини унга беришни истамайди. Ҳайратланарлиси шундаки, юксак туйғули бу аёл Маҳмуднинг қилмишини на ўз қизига, на жондай яқин дугонаси, йигитнинг онаси Ойдинойга айтади. Шу ҳолатда ҳам Маҳмудни ёмонотлиқ қилгиси келмай, қизини синглисининг ўғлига бермоқчилигини сабаб қилиб кўрсатади. Асарнинг шу ўринларида тақдирлари ҳал бўлаётган қалтис ҳолатларда ҳам оналарининг юзига тик қарамай, уларга қарши бормай, барча азобу изтиробни ўзига оладиган ўзбек йигит-қизларига хос хусусиятлар ўта ҳаққоний акс эттирилган.

 

Романда “Ақлим етмас, Қандай севарлар Ёмғир ёғмайтурган ерларда?” тарзидаги сатрларни битадиган Маҳмуднинг бригадирликдай адоқсиз ва зерикарли юмуш оғушида ҳам ўз шоирона табиатига хос хусусиятларни йўқотмаганлиги жуда ишонарли тасвирланган. У ўз миназига мос йўсинда, авжи терим пайти ёққан ёмғирни кўриб кекса колхозчи Сафар акага беихтиёр: “Ёмғир зўр бўлди-да, амаки. ...Қаранг, ҳаммаёқни яшартириб юборди. Баҳор келди-қўйди”, деб юборади. Ҳолбуки, у бригадир ва деҳқон сифатида ёмғир ёққанидан зорланиши керак эди. Сафар аканинг жавобида эса айнан ўзбек деҳқонининг муносабати акс этади: “...чанг босди бўлгани тузук-ку, бемавридлиги чатоқ-да! Икки-уч кунсиз далага кириб бўлмайди энди...”. Бу тасвирлар адиб ҳар бир образнинг табиатига хос жиҳатларни ҳаққоний кўрсата билганидан далолат беради.

 

Орзиқул бош қаҳрамон табиатидаги ичкин қирраларни ҳам кўрсатиш учун асарда Маҳмудни ўзининг ички “мен”и билан баҳсга киритиш усулидан фойдаланади. Ушбу приём бош қаҳрамонга ровийникидан ўзгача  ракурсдан ҳам ёндашиш имконини беради. У ҳар бир хатти-ҳаракатини ички “мен”и билан тафтиш қилади, унинг қалтис саволларига жавоб топиб беришга интилади.

 

Романда маиший ҳолатларнинг ишонарли тасвири орқали миллатнинг маънавий қиёфаси таъсирли акс эттирилган. Чунончи, асарда куёвнинг оёғи остига ташланган пояндозни тортишиш, келинни дугоналаридан “сотиб олиш”, келиннинг йўлига боқон тутиш сингари одатлар ва уларнинг замиридаги маънолар тасвири жуда таъсирли чиққан.

 

Ёзувчи уйланаётган келинчагига кўнгилсиз бош қаҳрамон ҳолатини: “Чимилдиққа, келиннинг олдига киритишди: чинчалоқда асал ялатиш керак экан, ялатдим. Узук тақиш керак экан, тақдим. Кўзгуга қараб уни кўришим керак экан, қарадим, кўрдим. Билардим, холамнинг қизи чиройли эди, тиллақош, зебигардонларда янаям хушрўй бўлиб кетибди...” тарзида чизади. Муаллиф инсон руҳиятининг чигал ва тушуниб бўлмас яратиқ эканини, ҳозиргина бефарқ, лоқайд бўлиб турган одам бир зумда тамомила ўзгача ҳолатга кириши мумкинлигини келиннинг йўлини тўсиб чиққан йигитларга муносабат тасвири орқали ишонарли тасвирлайди: “...кўприк устида бир тўп йигит кўринди. ...Машинадан таппа-таппа ташладик-да, кўприкка қараб югурдик. Мен ҳам энди куёвмас, ғазабга минган шерикларимнинг биттаси эдим”. Ёзувчи қишлоқ йигитларининг келин қилиб олиб кетилаётган қизни бермаслик учун қилган ҳаракатлари сабаб Маҳмуд руҳиятида қўпган ички бўронни ғоят таъсирли акс эттиради: “Тамом! Ҳаммаси равшан! Бўлди, уйланиб бўлдим. Энди орқага қайтариш керак. Менга бундай хотиннинг кераги йўқ. Керак эмас!.. Сафар амакига айтайин, қайтарсин. Уни олиб кетмайлик, керак эмас!..”. Бу ҳолат бот-бот ўртага чиққани сабаб келин-куёвнинг кейинги ҳаётларида ҳам ёмон из қолдиргани ҳаққоний кўрсатилади. Суймаган одамининг суйгувчиси борлиги ўзбек йигити руҳиятига кўрсатган таъсир кўлами асарда жуда ишонарли ифода этилган.

 

Романда ёзувчи бош қаҳрамонни иделлаштириш йўлидан бормай, характер реаллигига амал қилади. Чунончи, азалий рақиби Козим ва унинг гумашталари томонидан аёвсиз калтакланган Маҳмуд уларни жазолатмаганини шундай изоҳлайди: “Ўшанда бу сирни ошкор қилдирмадим. Ҳаммамиз бир юртди боласимиз, ҳеч ким билмасин, деб туриб олдим. Аслида гап бошқа ёқда эди: келиб-келиб Козим гушнадан калтак ебдими деган маломатдан ор қилгандим”.

 

Китобга кирган уч қиссадан бири “Юлдузсиз осмон” ифода жозибадорлиги ва тасвир самимияти билан ўқирман кўнглидан чуқур жой олади. Ушбу битикда ҳам Орзиқул Эргаш ўзи яхши кўрган ва пухта эгаллаган бош қаҳрамоннинг хаёлий суҳбати усулидан фойдаланади. Агар “Шоҳсанам” романи Советнинг охири кўриниб қолган даври тасвирига бағишланган бўлса, “Юлдузсиз осмон” қиссасида Иккинчи жаҳон уруши давридаги одамлар ҳаёти акс эттирилган.

 

Қисса воқеалари романтик табиатли ўсмир қиз Моҳиранинг қайсидир фронтда жанг қилаётган севиклиси Жўра билан хаёлий суҳбатлари фонида тасвирланади. Ўз рўёларига ўзи ишониб юрадиган хаёлпараст қиз ўзи билан бирга уйғонадиган тонг юлдузида суюклисини кўриб, у билан суҳбатлашади, маслаҳат сўрайди, ваъдасини олади. Ва шу суҳбат туфайли кўнгли кўтарилиб, чарчоқ билмай бахтиёр юради.

 

Асарда уруш даврининг шафқатсиз синовлари, азобли меҳнат исканжасидаги ёшу қариларнинг ҳаёти манзаралари бор оғирчиликлари билан ҳаққоний акс эттирилган. Тонг ёришмай туриб, буғдой ўришга тушадиган қиз тонг юлдузидан жой олган хаёлий суҳбатдошига ўзининг тирикчилик тарзини шундай баён қилади: “...чошгоҳгача буғдой ўрамиз-да, кейин пахта чопиққа тушамиз. Кечқурунги салқинда яна ўримни бошлаймиз. Кун қизиғида бўлмайди, бошоқлар куруқшаб, дон тўкилади. Бир ҳафтача бурун арпа ўримини тугатгандик. Ҳали буғдойни йиғиштирсак, шоли ўрим бошланади. Ундан ташқариям бир-икки кун дарё тўсишга опкетишди. Бу йил дарё дам-бадам тошиб турибди, юқоридаги қишлоқлардан бир-иккита уйларни олиб кетди... Ҳа, яна гўнг ташитишди, дори майдаладик. Ҳали ёз охирида ҳар хил ҳашарлар чиқади, томсувоқ дейишади, хирмонжой ҳозирлаш дейишади. Кейин у ёғига пахта терими бошланади”. Қиссада чинакам одам ҳар қандай оғир шароитда ҳам ўзлигини йўқотмай, яхши кунлар умидида, покиза орзулар оғушида яшай олиши кўрсатилади. Муаллиф қиссада тасвирга тортилган ҳар бир персонажни индивидуал нутқ билан таъминлагани битикнинг таъсир даражасини оширган.

 

Қиссада ўша даврда яшашга маҳкум бўлган авлоднинг қисмати суюклисининг ҳалок бўлганини эшитиб ҳушидан кетиб ётган Моҳиранинг чалкаш ўйлари орқали маъжозий йўсинда бутун даҳшати билан акс эттирилган: “– Тахир эканми суви? – дедим ташналикдан тамшаниб.

– Ҳа, тахир. Ишонмасанг ичиб кўр, мана, – деди Ҳанифа опам илжайиб.

Ичдим.                

Вой, бунча аччиқ!.. Ҳанифа опам хандон отиб кулди.

Қисматинг бу, қисматинг! Ичавер!..

Ич, яна бир қултум ич, – деди Маъмура опам ҳам бир пиёла сув тутиб.

Ич, кўникиб қоласан, – деди Ҳанифа опам қистаб.

Йўқ, ичолмайман, – дея ўрнимдан турдим.

Ичасан, ичасан, – деди Ҳанифа опам зуғум билан. Кейин мажбурлаб оғзимга қултиллатиб қуйди. Аъзои танамда оғриқ ва титроқ қўзғалди. Тошдай оғирлашиб, булоқ бўйига йиқилдим...

Шу тариқа мазлуманинг хаёли воситасида насибаси қисматнинг тахир сувини ичиш бўлган авлоднинг ҳаёти ҳаққоний акс эттирилади.

 

Адиб барча асарларида бўлгани каби ушбу қиссада ҳам табиат манзарасини маҳорат билан чизади ва уни персонажлар кайфияти мувозий тасвирлай билади. Жумладан, ёмон хабарни эшитиб ҳушидан кетиб, зўрға ўзига келган Моҳирага ҳамиша ёқимли бўлган осмон шундай кўринади: “Даставвал бошимда тизилиб, йиғламсираб турган опаларимга, кейин... ранги бўздай оқариб бораётган юлдузсиз осмонга кўзим тушди”.

 

“Дунёнинг бир чеккаси ёхуд сой бўйи қизлари қиссаси” асарини қай даражададир “Шоҳсанам” романининг мантиқий давоми дейиш мумкин. Асардаги воқеалар содир бўлган жой, Козим, Фармон биргад сингари образлар бу қиссада ҳам қатнашишади. Ушбу битикда ХХ аср қишлоқ ўзбекларининг ҳаёти ўсмир Самижон назари орқали акс эттирилган.

 

Қиссадаги ҳар бир образ – бетакрор шахс. Кўнглига севги учқуни эрта тушиб: “Дунёдаги энг чиройли исм – Шавқия”, дейдиган Сами, ҳар жиҳатдан етук, кўркам, аммо қишлоқдан чиқолмайдиган, ихтиёри оталари қўлида бўлган Комила, Шарифа, Раъно сингари қизлар, бирда мард, бирда адашадиган Карим, Шоалим, Самад сингари йигитларнинг ўзаро муносабатлари ғоят таъсирли ва ҳаққоний акс эттирилган. Қиссада ўктам, ақлли, ориятли, арзирли одамга кўнгил қўйишдан қўрқмайдиган, аммо салгина хиёнатни ҳам кечирмайдиган Комиланинг Самижонга айтган: “Ҳақиқий йигит бўлсанг, буни доим бошингда тут. Кўча-кўй, дала тўпда, касу нокас олдида хор қилиб қўйма. Мен... – томоғига алланима қадалгандай бир зум тўхтаб, сал бўғилган овозда давом этди. – Мен насиб қилса, албатта тўйларингга келаман. Бир яйраб ўйнайман. Эрталабгача ҳеч кимни ухлатмайман. Муҳаббат деган нарса ўлмаган экан. Мана тантана қилди. Бугун ҳеч ким ухламасин, шунча ухлаганларинг етар, дейман. Бутун қишлоқни тинчитмайман. Ҳали кўрасизлар, албатта ана шундай қиламан!.. тарзидаги гапларида асарнинг бош маъноси акс этган дейиш мумкин.

 

Қиссада қишлоқ ҳаётининг реал тасвири ўта билгичлик билан акс эттирилади: “Ҳадеб ўт юлаверганимдан бармоқларим кўкариб кетган. Кечқурун уйга қайтиб ҳарчанд совунлаб ювмай, кўки кетади-ю, ўтнинг тахири кетмайди. Бармоқларим лабимга тегса, кўнгилни беҳузур қилиб юборади. Офтоб урган бўйним, елкам тун бўйи жизиллаб ачишади, аъзойи баданим қақшаб оғрийди”.

 

Айрим адибларнинг кўпчилик асарларида бот-бот тасвирланадиган жойлар бўлади. Ш.Холмирзаев ижодида Бойсун, Н.Эшонқул битикларида Терсота, С.Вафо ҳикояларида Моноқ жуғрофий маконлари тез-тез тилга олингани каби Орзиқул Эргашнинг ҳам деярли барча асарларида Кўксой, Шотутли, Шаршарабанд, Дархон, Қўйқўтон сингари масканлар тасвирга тортилади. Ёзувчининг “Дала ўртасидаги дарахт” қиссасида Шотутли деб аталмиш дала ва унинг ўртасидаги ёлғиз шотут оғочи юртсеварлик, эзгулик, садоқат, одамийлик сингари юксак қадриятларнинг рамзи ўлароқ акс эттирилган.

 

Қисса ўзгача композицион қурилишга эга бўлиб, “Чайладаги ҳангома”, “Болибек амаки”, “Болибек амакининг ўғли”, “Дала ўртасидаги дарахт”, “Дарахт остидаги одам”, “Дархонликлар”, “Кунларнинг бирида”, “Оғайнилар”, “Шотутлида олинган фильм” ва “Сўнгсўз” сингари ўн ҳикоядан қуралган. Бу ҳикояларнинг ҳар бири ҳам алоҳида мустақил асар, ҳам битта қиссанинг турли қисмлари экани билан эътиборни тортади. Қисса қаҳрамони бола, ўсмир, ўспирин, шоир йигит, академик Абдумалик бўлиб, ҳаёти давомида дуч келган одамларга дала ўртасидаги шотутга муносабатдан келиб чиқиб баҳо беради. Шотут мисоли бир маҳактош, унга муносабат ҳар қандай одамнинг яхши-ёмонлигини аниқ билдиради.

 

Кутилмаган жиҳати шундаки, қиссанинг етти ҳикояси мобайнида Абдумалик тилидан лапашанг, фойдахўр, дангаса, қўрқоқ одам сифатида кўрсатиб келинган синфдоши Бурҳон “Оғайнилар” ҳикоясида бутунлай бошқа ракурсда намоён бўлади. Қишлоқдаги барча яхши одамлар, айниқса, Абдумалик, Сайим ва Эрйигит учун эзгулик тимсоли бўлган шотут ҳақида энг кўп қайғурган, қайғурибгина қолмай, ундан янги кўчатлар олиб эллик бир жойга экиб кўкартирган одам синфдошлари назарида лапашанг, ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган Бурҳон бўлган экан. Шу тариқа эзгулик ҳақида тўхтамай ўйлаш ва гапириш билан уни амалга ошириш бошқа-бошқа нарсалар экани маълум бўлади. Муайян даражада автобиографик хусусиятларга эга бу қисса драматик саҳналарга бойлиги билан ўқирман эътиборини тортади.

 

Китобдан жой олган ўн тўрт ҳикоянинг аксариятида ҳануз болалигидан узоқлашмаган муаллифнинг “болалиги кўчалари”да кечган воқеалар тасвири берилган. Айниқса, “Пояндоз”, “Ғалати одам”, “Келинчак”, “Тўй оқшомида”, “Онамнинг эртаклари” каби асарларда бу жиҳат яққол кўзга ташланса, “Мантиқ” ҳикоясида эса киноявий-танқидий руҳ кучли.

 

Орзиқул Эргашнинг эскирмас туйғулар тасвирига бағишланган “Оқар дарё” китоби ўқирманларда эзгу маънавий сифатлар уйғотишига ишонамиз. “Оқар дарё”нинг қирғоқларида кезиб, сувларидан тотининг, азиз ўқирман!

 

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

педагогика фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси