Атоқли адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул журналимизнинг салкам ўттиз йиллик фаолияти мобайнида ҳамиша унга маслакдош бўлган фаол ва инобатли муаллифларимиздан эди; талай йил таҳрир ҳайъатининг аъзоси сифатида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келди. Олимнинг навоийшуносликка, мумтоз ҳамда замонавий ўзбек адабиёти ва жаҳон адабиёти масалаларига оид кўпдан-кўп мақолалари, шунингдек, ижтимоий-фалсафий мавзудаги долзарб публицистикаси журнал саҳифаларини безаганини марҳум сафдошимизнинг унутилмас хотираси ҳаққи, миннатдорлик ила қайд этишни фарз деб биламиз.
Ўзбек адабиётшунослигида Иброҳим Ҳаққулчалик сермаҳсул ва кўп китоб яратган ижодкор саноқлидир. Садоқатли издошлари олимнинг ана шу улкан илмий-ижодий бисотидан асл ибратли фикрларни саралаб, “Иброҳим Ҳаққул ҳақиқати” деган ном билан тўплам нашр эттирдилар. Биз бу ҳимматга офарин айтиб, зиёлиман деганга ҳар томонлама манфаатли ушбу китобни жамоатчиликка таништирарканмиз, журналимизда ундан чашна ёритмоқни лозим топдик.
Эркин Аъзам
Фаҳму фаросати ўткир ижодкорнинг биринчи “душмани” – ўзи! Бошқалар унга меҳр-шафқат кўрсатиб, асарини ҳар қанча кўкка кўтармасин, у барибир ўзига ўзи биринчи “ғаним” бўлиб қолаверади.
•••
Улуғ одам беомон руҳий заҳмат, тушкунлик ва некбинлик машаққатлари ичидан ёлғизлик маррасига кўтарилади. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, мансаб, виждон ва эътиқод манфаату обрўга сотиладиган, муомала-муносабат самимияти емирилган жамият кишилари даврасида виждони уйғоқ ижодкор янада ёлғиздир.
•••
Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир каби санъаткорларга эга адабиёт – буюк адабиёт. Уларнинг ижодида ўлмас ва парчаланмас Туркистон руҳи ҳукмрон. Сўнгги нафасига қадар “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди...” дея юрт дардига дармон ахтарган улар.
•••
Истаймизми-йўқми, ҳақиқий ёзувчи шахсияти очиқликни хуш кўради. Шунинг учун у ҳар қандай ёпиқ жамият билан чиқиша олмайди, ҳамма жабҳада очиқлик бўлишини хоҳлайди. Бундай ижодкор, ҳатто ортидан болта кўтариб югурсалар ҳам, ўз сўзи ва журъатига содиқ қолади.
•••
Менга қолса, шоирларни икки тоифага ажратган бўлардим. Биринчиси – ватан ҳақида қанча кўпириб сатр тизмасин, сийрати барибир бўм-бўш қофиябозлар. Иккинчи тоифа эса, ватанини топган ёки уни англашга интилаётган, юрагида ватани яшайдиган шоирлар. Булар, шубҳасиз, шеъриятни қисмат билган, қалб ва виждон амри билангина қалам тебратадиган юксак истеъдодлардир.
•••
Ҳақиқий шоир овози – фавқулодда уйғотувчан овоз.
•••
Эътиқод ва унга садоқат инсон фарзандини азал-азалдан курашга ундаб келган. Эътиқоднинг феъл-атвори ҳамма замонларда айтарли бир хил. У ҳеч вақт эҳтиёт кўрпасига бурканиб яшамаган. Доимо унинг муросаси – муросасизлик, қудрати – лиқилдоқ ҳақиқатларга суянмасликдир. Асосий шиори – қаршиликни қаршилик кучи билан енгиш.
•••
Дунёдаги энг кечирилмас қабоҳат – шеърини ёлғонга кўндириш.
•••
...Ўзни топиш – ғаму аламлар салмоғини аниқ ҳис қилиш ҳамдир. Жаҳонда ғам кўп. Кулфат исталгандан зиёда. Армон сўнгсиз. Аммо уларни бағрига сиғдиришга қодир юрак кам.
•••
Чинакам озодлик бу – инсон сийратининг ташқи таъсирлардан озод бўлиб, ўз кўнглида мутлақ хўжайинга айланмоғидир.
•••
Бизнинг танқидчи, адабиётшунос ва ижодкорлар орасида ғалати бир қитмирлик мавжуд: ўзи тушунмаган асарлардан ё айб ахтаради, ёки бефаросатларча инкор этади.
•••
Исён руҳидан маҳрум оломонни хоҳлаганча эзиш, истаган йўсинда таҳқирлаш мумкин. У чидайверади. Чидам – эрксизликнинг иккинчи номи.
•••
Тарихимиздаги барҳаёт сиймоларнинг деярли барчаси энг оғир, энг мураккаб шарт-шароитларда ҳам ақлни кишанлардан озод айлаш, фикр ҳурлигига етишиш, виждон эркинлигига йўл очиш учун курашган.
•••
Яқинда мен бир йигитчани ўзимча рағбатлантирган бўлиб, “Одам ёшликда кўп нарсани ўқишга, билишга уринмоғи керак”, десам, у “Йўқ, домла, одам фақат нақд фойда чиқадиган нарсага вақт сарфлаши лозим”, деди. Мен бу гапни эшитиб жимиб қолдим. Демак, китоб ўқишдан ҳеч фойда йўқ, китобсиз ҳам яхши яшаш мумкин, деб ўйлайдиган ва шунга қатъиян ишонадиган авлод шаклланаётир!..
•••
Инига чўп суқилса, ари ҳам одамга ёпишади, талайди. Юрт босиб олинса, вайрон этилса, элнинг қони тўкилса, ҳокимият зўравонликка, қарамликка асосланса, одам фарзанди ари қадар қаршилик кўрсатмасинми, аричалик ҳам қаҳри йўқми унинг?!
•••
Ватан авомлик балосидан фориғ бўлганда қудратли юртга айланади. Ватанда... ҳеч ким оломондан таянч ахтармаса – бу ўлканинг ҳар гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат пойтахтига айлангуси. Зеро, миллатнинг улуғ саодати ва ҳуррияти ҳам шудир.
•••
Ҳаётда бош ҳақиқатлар бор: Ватан, Тарих, Тил, Халқ, Эрк, Ишқ... Буларнинг ҳар бири қисматни ҳал этадиган тушунчалар. Шундай тушунчаларга умрини тиккандагина инсон курашчига айланади. Шундагина ҳаётда нима муҳим, нима номуҳим – хатосиз фарқланади.
•••
“Ватандош бўлмаса, ватан бўлмайди”, дейди Ибн Арабий. Демак, ҳар қандай ватаннинг тарихи, бугуни ва келажаги ватандошлик туйғусининг қандай шакллангани, нечоғлик куч-қудратга эга эканига боғлиқ. Ҳақиқий ватандошликдан мудом маслакдошлик туғилади. Маслакдошлик эса ўзни англаш ва ўзига ишонишга, ҳеч нарсадан чўчимай, қўрқмай яшашга руҳлантиради.
•••
Ғаддор дунё энг курашчан шахсларни-да чарчатади. Кўпинча шулар ҳам яхшию ёмон, ёлғону рост, арзирли ва арзимас – ҳамма-ҳаммасига этак силкигиси келади. Аммо ҳар қанақа ҳолатда улар кўнглида ҳаёт севгиси, юрт меҳри, инсон муҳаббати чақнаб-чарақлаб туради.
•••
Адабиёт тарихига бир назар ташланг, талантсиз қаламкашларда шижоат ва курашчанлик туйғуси бўлганми? Бўлмаган. Шунинг учун ўзидаги маънавий куч ва имкониятга эмас, балки бошқаларнинг шафқат ва мурувватига суяниб, ич-ичдан ялтоқланиб яшаган. Истеъдоднинг табиати эса бошқа. Унинг куч-қуввати – ўзига, энг оғир вазиятларда ҳам ўз ҳақлигига ишончда.
•••
Адабиёт – диёнатли юрак иши.
•••
Адабиёт тақдири юрт ва миллат тақдири билан узвий боғлиқ. Миллат руҳи бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан аввало адабиётда акс этмоғи лозим. Миллатнинг қалб дардларига ҳам дастлаб сўз санъати малҳам топади.
•••
Ёзувчи ҳам инсон: қўрқади, фикр-қарашини ўзгартиради, адашади. Аммо адабиёт қўрқоқликни кўтармайди. У туб моҳиятда адашмайди, ҳаракатдан тўхтамайди, ҳар қандай қаршилик ё тўсиқни енгиб янгиланаверади.
•••
Адабиётнинг улкан вазифаси бор: у ҳар қандай шароитда ҳам, ўзини ҳимоя этолмайдиган, маънавий ҳуқуқлари топталган кишилар учун курашмоғи шарт. Адабиётнинг ўз озодлик муҳити, дунёдаги жамики ёлғонларга нафрати... бор.
•••
Агар бир-бирини мақтаб кўкларга кўтаришдан адабиётга манфаат етганида эди, ҳозир ўзбек адабиётидан кўра тараққий топган адабиёт бўлмасди.
•••
Истеъдодсизларнинг олдинга чиқишига лоқайд бўлмаслик керак.
•••
Яшаш учун фикрлаш бошқа-ю, фикрлаш учун яшаш бошқа нарса.
•••
Машҳур турк шоири Меҳмед Акиф Эрсой “Биз асарларимизни номусли оилаларда ўқилишини кўзлаб ёзурмиз. Зотан, ижтиҳодимизга кўра, адабсизлик бошланган нуқтада адабиёт тугайди”, деган эди. Ахлоқ-одоб буҳрони адабиётни таназзулга маҳкум айлаши шубҳасиз. Аммо адабиётни емирадиган, ўлдирадиган асосий фалокат иймонсизлик ва эътиқодсизликдир.
•••
Миллат онги ва ахлоқини иллатлардан поклаш учун, энг аввало, адабиёт тилёғламалик ва ёлғондан тозаланмоғи керак.
•••
Адабиёт ҳеч қачон ҳеч бир халқ қорнини тўйдириб, уст-бошини бут қилмаган, қилолмайди ҳам. Адабиётсиз яшаш мумкин, бадиий китоб ўқимаса ҳам кун ўтаверади. Аммо бу – кун эмас, зулмат бўлади! Руҳ ва кўнгил зулмати, ақл ва тафаккур қоронғилиги! Бошқа номлари ҳам бор унинг: ғафлат, жаҳолат, авомлик! Дид, савия ва идрокни адабиёт тарбияламаса, нима тарбиялайди?!
•••
Ахир, ҳар қандай миллат буюк адабиёт соҳиби бўлгандагина курашчан, жасур, маънавият ва тафаккури юксалган миллат мавқеини эгаллайди. Чунки миллатнинг бутун маданий ва руҳоний ютуқлари, яратувчанлик салоҳияти унинг адабиётида мужассамланиб, боқийлик касб этади.
•••
Адабиётсиз яшашни кўзлаш – миллат қисмати, маърифат, маънавият, руҳоният борасидаги фикрларнинг бари омонат ва кераксиз деганидир... Ҳолбуки, адабиётга ишонч ўта мустаҳкам диний-илоҳий ишонч қадар безаволдир.
•••
Адабиёт қачон руҳий қашшоқлик, сохта чечанлик офату балоларидан ўзини қутқазади? Қачонки, ҳақиқатни ҳақиқат, ёлғонни ёлғон сувратида, қайғуни қайғу, шодликни шодлик рангида кўрсата олса; қачонки, нурни, ёруғликни шарафлаб, зулмату қоронғиликдан кўз юммаса, бахтни бахтсизликдан ажратиб, хурсандликни мусибатга тобе кўрмаса!
•••
Адабиётнинг ҳозирги аҳволи... Ким нимани хоҳласа, шуни ёзаётир. Ким эпласа, ўша китоб чиқараётир. Яроқлиси қайси, қай бирлари яроқсиз – бу хусусда бош қотирувчи ҳам, гапирувчи ҳам топилмайди. Бу ҳолат яна маълум муддат давом топса, адабий танқид ва адабиётшунослик номини эслатишга ҳам ҳожат қолмас.
•••
Ҳақиқий адабиёт – маданий-маънавий тамали бақувват салтанатнинг ўзига хос муҳташам кўзгуси бўлгани сингари, эрк, адолат, инсонпарварликка таянган салтанат ҳам қону жонида ҳақиқат ҳиссиёти жўш урган адабиётнинг одил ғамхўри ҳисобланади. Илм-фан, маданият, санъат, айниқса, адабиётнинг жамиятдаги умумий аҳволига қараб, ҳар қандай давлат ёхуд ҳокимиятнинг ички дунёси, ижтимоий-сиёсий бошқарувдан кўзланган туб мақсадини бемалол англаса бўлади.
•••
...Шарқнинг буюк фарзандлари иймон ва эътиқоддан чекинишдан кўра ўлим томон дадил бормоқни афзал ва устун кўрган.
•••
Тарихга назар ташлаш – юракка игна санчишдай бир гап, дейишади. Агар кўзни каттароқ очиб, халқимиз ўтмишига қаралса, юракка найза санчилади. Чунки ғам, алам, кулфат ва тенгсизлик шу қадар кўп!..
•••
Инсоннинг фикрлашига қарши ишлайдиган энг аёвсиз ва даҳшатли “қурилма” бу – бюрократия. У ҳур фикр ва демократиянинг жаллоди эрур.
•••
Ўзбек зиёлиларига хос бир хусусият бор: ҳақ сўз учун жазо берилмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилмагунча, аксари ҳақиқатдан сўз очмайди.
•••
Қўрқувнинг занжирлари кўп. Ҳақсизлик ва зулмдан қўрқув, амал ва амалдордан қўрқув, жаллод ва жосусдан қўрқув, ҳокимият ва ўлимдан қўрқув – шунга ўхшаш юзлаб қўрқув кишанларидан озод бўлмаган халқнинг қисмати аянчлидир. Бундай халққа “Қўрқманг!” дейиш қўрқувга ундаш билан баробар.
•••
Фикрда, ишда, яшашда ҳурликка эришмоқ – комилликнинг тамали ана шу. Баландпарвозроқ эшитилса ҳам айтиш керакки, эркинлик йўли – маъно ва маънавият, ҳақиқат ва руҳоният йўли.
•••
Ўлимни билмоқ – ундан қўрқиш ёки дунё завқи, ҳаёт гўзалликларидан кўз юмиб, қабрга юз бурмоқ дегани эмас. Аксинча, тириклик ва гўзалликни севиш, вақтни ғанимат билиб, эзгу ишни кечиктирмай бажариш, фоний умрни юксак ҳақиқатларга бағишлашдир. Ўлимни Ҳақ ҳадяси сифатида қабул қилишга тайёрланмаган киши Маърифат сирларини ўзлаштирмоққа ҳам рағбат этмайди.
•••
Инсон умри – руҳоний оламдан борлиқ оламига, ундан яна охират дунёсига муборак бир сафардир. Шу сабабдан ҳам унинг ҳаёти ва тақдир йўли бир ҳижрат, бир сафар, бир хотира мазмунига эга...
“Тафаккур” журнали, 2023 йил 3-сон.
“Ҳаққул ҳақиқатлари” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ