Муҳаббат ҳақида айтилмаган қўшиқ – “Дашту далаларда” ҳикояси таҳлили


Сақлаш
13:10 / 31.10.2023 362 0

 

Ёзувчи Назар Эшонқул шундай деб ёзган эди: “Мендан битта асар билан ёзувчи адабиётда қолиши мумкинми деб сўрашса, “Ҳа! Бу Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг “Дашту далаларда” ҳикояси”, деб жавоб қайтарардим... Ҳикоя халқ оғзаки ижоди ва ХХ асрдаги насрнинг энг сўнгги ютуқларини елкасида кўтариб турибди”. Топиб айтилган эътирофда ҳикояда икки асос фольклор ва дунё адабиётининг поэтик анъaналарини ўзлаштиргани таъкидланади.

 

Мурод Муҳаммад Дўст дунё адабиётида мавжуд анъана ва адабий усулларни миллий насримизга моҳирлик билан пайванд қилишга эришган ижодкорлардан бири. Адабий пайванд осон иш эмас, аслини сақлаб, янгисини керак жойдан улай олиш маҳорат ва фаросатни талаб қилади. Бунинг учун яратганнинг насибаси – Истеъдод бўлиши керак. Яратган зот эса бу борада Мурод Муҳаммад Дўстни сийлаган. Баъзи ёзувчиларимизнинг тақлид кўчасида чалғиб кетишига ҳам айни адабий “пайванд” ни қила олмаслиги панд беради, назаримизда.

 

Абадият айвонида қолиши башорат қилинган (Назар Эшонқул томонидан берилган таъриф назарда тутилмоқда) ҳикоя эса ёзувчининг бутун ижодига тенглаштириларкан, бунга асос етарлимикин, деган иштибоҳ кўнгилдан кечади. Шу боис муаллифнинг улкан ҳаёт ҳақиқатидан хабар берувчи “Дашту далаларда” асарини таҳлил этишга, тагматнидаги маъноларни англашга ҳаракат қиламиз. Ҳикоядаги Полвон ва Хатча образи ўзининг самимий ҳамда бетакрорлиги билан китобхон қалбидан жой олиб улгурган. Полвон қиёфасида “жонли”, нафаси бор ҳеч кимга ўхшамаган характер эгаси гавдаланади. У Хатчага нисбатан севгисини ҳеч бир ўринда ошкор қилмайди, сўзбозлик йўқ, аммо ич-ичидан аёлини яхши кўради. Полвон ўзи гапиради, ўзи севади, ўзи куйинади, ҳаммаси табиий ва ишонарли, ҳеч қандай ясамалик, сохталикни сезмайсиз. Полвоннинг Хадичани Хатча дейиши жозибани кучайтирган, образга “тириклик суви” сингари жон бағишлайди.

 

 

Ҳикоя “Хадича кетдию кўнглидан ҳаловат ҳам кетди”, деган жумла билан бошланади. Демак, воқелик фавқулодда юз берган ҳодиса билан бошланади. Аёл уйдан шунчаки кетмаган, бўлмаса унинг кетиши билан “кўнглидан ҳаловат ҳам” кетармиди. Полвон учун Хатчанинг борлиги нафақат кўнгил ҳаловати, балки тириклиги билан тенг. У бўлмаса уйда ҳузур йўқ, ором йўқ. Англанадики, Хатча уйнинг бекаси ва Полвон қалбининг эгаси. Муаллиф асарда фикр зарбини бошланмадаги кетиш хабари айтилган жумлага йиғади. Эътибор мана шу жумлани очиқлаш, изоҳлаш ва шарҳлашга қаратилади. Полвон уйига кира олмай қолди, юраги изн бермайди. Сабаби “уйдаги ҳамма нарса Хадичани эсга солади: остонага қадами теккан, деворга елкаси – чидаб ўтириши қийин бўлди”. Ҳаловатидан айрилган Полвоннинг (исми жисмига тенглашган қаҳрамон – С.Т.) юраги “ториқди”, одамлар маломат қилсада, боғдаги бобосидан қолган ертўлада яшашни афзал билди. Ўзи билан ити Қоратойни ҳам ертўлага олиб кирди.

 

Ертўла – микроолам, оламнинг модели. Қаҳрамон наздида хотини билан яшаган уйи унинг учун бутун коинот билан тенг. Шаклан кичик, аммо мазмунан олам билан баробар. “Шифти паст, агар чироқ бўлмаса, нақ лаҳаднинг ўзгинаси…” – Ертўла лаҳадга қиёсланади. Хатча уйида йўқлиги боис Полвон мусофир ғариб, кимсасиз одамга айланган. Айрилиққа ўзини кўндира олишига кўзи етмайди, аммо чорасиз. Унинг бу ҳолати Қоратойга ҳам таъсир қилди, аввал ертўлада ёта олмай кечаси увлаб чиқади, кейин эгасининг забун аҳволини “тушунади” чоғи, индамай қолади. Полвонни Қоратой тушунди, Хатча тушунмади. Қизи Чаманни ҳам олиб кетгани дард вазнини оғирлаштирди. “Лаҳад”га ўхшатилган ертўлада ўтириб Қоратойга сўзлайди, бошқа эшитадиган қулоқ йўқ. Ит гапларига тушунмаса ҳам эгасининг мунгли қарашига чидай олмай кўзини юмиб ётади. Полвон айтганидек, “ҳар ким ўз йўлига экан....

 

Муаллиф Адолат образи талқинида фольклор оҳангларидан унумли фойдаланган. У қаҳрамонни руҳий-маънавий янгиланиш сари ундовчи куч сифатида юк ташийди, исмида ҳам айтилмаган гапларга ишора бор. Қалдирғоч Алпомишни “марднинг ёри той-талошга қолама” деб мулзам қилгандек, Адолат акасига “бу кунингиздан ўлганингиз беҳроқ эди” дея таъна қилиб оғринади. Адолат зиммасига юклатилган вазифани бажаргач, воқеалар марказидан чекинади.

 

***

Полвон қирқ кундан бери аразлаб уйига кетган хотинини хаёлидан чиқара олмайди. Баъзан хотинининг “сиёғи ҳам эсдан чиққандай” бўлиб уни эслайди. Дарровга шамоллаб қоладиган аёлнинг ивирсираб юришини ҳам кўнгли тусай бошлайди. Аслида, хотин хоҳлаб кетгани йўқ, тўғрироғи ҳайдалди. Эрининг қайт дейишини интиқ бўлиб кутди, тўхтаб-тўхтаб кутди. Аммо Полвон шаштидан тушмади, камига уйдан қизини судраб чиқиши Хатча оғир ботди, хўрлиги келди “Мушт еганда йиғламаган аёл, буни эшитиб ёмон бўшашди, кўзига ёш олди”. Ноҳақликдан оғринган Хатча учун энди орқага йўл йўқ эди...

 

Айрилиқ муддати улуғларимиз узлатга чекиниб, нафсини ислоҳ қилиш учун ўтирадиган чилла вақти билан теппа-тенг. Лаҳадда ётган одам янги ҳаётга ўтади, руҳий жиҳатдан янгиланади. Ҳикояда Полвоннинг шериги Ҳасанбой хотини билан оз муддат яшаб ажрашгани қистириб ўтилади. Бизнинг Полвон эса унутиб юборадиганлардан эмас. Чилладан одам тозаланиб, янгиланиб чиққани сингари Полвон аёли, шаъни ҳақида қайтадан ўйлай бошлайди. Шунчаки мулоҳазага берилиб ўтирмайди, амалий ҳаракатга ўтади. Хатчани талоқ қилишга “кўзи қиймайди”, унинг кийимларини қирқиб ташлайди, култепага кўмади, воз кечади, аммо кўнгил уза олмайди. Ўзини овутиш ва юпатиш йўлида қилган ҳаракатлари таскин бермайди, кўнгилдаги “сенга шунчалик кўнгил қўйиб эдимми” сўрови уни тинмай таъқиб қилади, ҳар қанча ўзини олиб қочсин, наф йўқ. Сўров кучга кириб, Полвон ҳаётига қайтадан разм солади, кўнгил қатларига яширинган истакни англашга ҳаракат қилади, сўровга жавобни топгандай бўлди. Жавобдан ўзиям ҳайратланади. Полвоннинг ҳайрати бизга ҳам “юқмай” қолмайди, қониқиш ҳосил қиласиз. Мана шу “юқдира” олиш ҳам муаллиф маҳоратидан дарак беради.

 

Полвон Хатчани шунчалар севишини шу пайтгача билмас ёки тан олмас эди. Аёли кетгандан кейингина унинг қадри қийматини тушуниб етади. Салим сақичнинг ақлга сиғмайдиган туҳмати Полвон кўнглига доғ бўлди. “Хадича қасам ичди, қизини, энасини, Худонинг ўзини гувоҳ қилди. Лекин Полвон ишонмади”. Бир кўнгли унга ишонгиси келди, аммо шайтоннинг қўли баланд келди. “Кайфи бор эди, чекаётган азоби бол туюлди – хотинига ишонмади”. Охири нафсини синдирди, кўнглига қулоқ тутди. Хатчани олиб келгани йўлга чиқди. Бирдан Шўрқудуқ томонга эмас, Салим сақич уйига борди. Анчадан бери уриниб орани очолмай юрганди, энди вақти бўлганини билди. Полвонда айбдорлик ҳисси уйғонди, аввал аразлаган бўлса, энди ҳолатини билмас, ўзини бошқара олмасди.  

 

***

Ҳикояда эътибор қаратадиган жуда муҳим нуқта бор – халқ донишмандлиги масаласи. Муаллиф айнан мана шу нуқтадан туртки вазифаси ўрнида унумли фойдаланган, воқеалар шу тобдан кутилмаган равишда ўт олади. Полвон ҳаётини ҳал қилувчи жараёнлар бошланади – ҳикояда Адолат ёндира олмаган ўтни алангага айлантириш вазифаси Назир Махсум чекига тушади. Полвон “мен аввал олд-ортини бир ўйлаб олай…” дея йўлини айириб ололмай турганда, махсум унга қўшимча “мотор” сифатида кўмакка келади.

 

Орадан қирқ кун ўтсада, ечимини топа олмай турган оиланинг тақдири гўё қил устида тургандек, аросатда қолган. Халқда шундай пайтда орага элчи солинади. Муросанинг халқона йўли. Кайвонилар бу усулдан керак ўринда фойдаланади. Элчи икки томон учун ҳам холис одам бўлиши лозим. Махсум Полвоннинг қишлоқдоши унга бегона эмас. Теранроқ назар солинса, у Шўрқудуқликлар томонидан тайинланган вакил. Аслида, Назир махсум чиндан тўйга айтгани келдими ёки Шўрқудуққа кетаётиб талоқ ваколатини олиб кетганими? Талоқ йўл устида сўраладиган масалами? Ҳикоядаги воқеалар пишиб етилиб бормоқда. Назир махсум гапни узоқдан бошлайди, гўё тўйга айтган киши бўлиб. Бундай вазиятда масалага дабдурустдан ўтиб бўлмайди. Полвоннинг феъли маълум. Кайвони гапни қачон ва қаердан бошлашни билади. Суҳбатдошини аста-секин авраб гапни асосий ўқ томирга бориб улайди. Гап талоқ масаласига келганда махсум Полвонни авраб йўлга солади, талоғини айттиради ҳам. Аммо масала шу билан ечим топмайди. Полвон Хатчанинг жавобини бериши билан ҳаётда ҳеч вақосиз, бўм-бўш қолгандай ҳис қилади. Талоқ инсон ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга исломий қадрият: эр ва хотин ўртасида моддий ва маънавий тугунни ечишдир. Никоҳнинг муқаддас ва юки оғирлигини Назир махсум жуда яхши билади, аммо Полвон ҳамиятига тегадиган баҳонага зарурат бор эди. Махсум “меники бир сабаб... дея қистириб ўтади. У воқеалар ўт олиши учун тутатқи вазифасини бажаради.

 

 

Полвоннинг ғужури уйғонади. Характер шундай “жонли” саҳналарда бўй кўрсатади. Руҳий ҳолат айни тиғиз паллага ўтади. Элчининг гаплари Полвоннинг ҳамиятига тегди, у кутилмаган хулосасини айтади. “Мўлжални хато олган экансиз, — деди Полвон. — Қўядиган хотиним йўқ!” Ечим ўйлагандай бўлиб чиқмайди. Салим сақичнинг нишонга теккан иддаолари, бор аламини Хатчадан олгани, Назар махсумнинг беўхшов “элчи”лиги барчаси Полвоннинг ҳамиятига тегади. Ўрлиги тутиб хотинининг талоғини ҳам бериб қўяди, аммо гапини қайтиб олади. Назар махсумнинг тихирлигига “Кўзим қиймаяпти, Махсум бува. Айтсамми дейман-у, қурғур кўз қиймайди” деб жавоб беради. Хотинини чинакамига қизғонди, эрлик ғурури бош кўтарди. Сир бой бергиси келмасада, кўзи қиймаслигини яширмайди.

 

***

Хатчани кўриб Полвон “ўзини номард, ноинсоф сезди”. Аёлнинг ҳолатини кўргач, Полвон бутунлай бошқа одамга айланади. “Обкетай деб келувдим. Хатча, — деди секин, овозини ўзи ҳам танимай.» Полвоннинг ўжарлиги синиб, “тентаклиги” кетиб хўрлиги келди нимагадир. Хотинида эса ҳали араз тарқамаган эди. Полвон хокисор одам қиёфасига кира бошлаганда бирдан мудрай бошлаган ғужур уйғониб кетади. Эътибор берса, хотини уни беҳурмат қила бошлаган экан, дарров нафсининг чегараларини қўришга ўтади. “Сенсирама, Хатча, — деди у. — Тоза томиринг сувга етган бўлсаям сенсирамай гапир!”

 

Сатторқулнинг ўдағайлаши, чираниши, унинг дўқ-пўписасига беписандлик қилсада, аммо “номус зўр чиқди” Сатторқул андишани йиғиштириб таҳдидга ўтади. Полвон ҳамиятига тегсада, аммо сабрни маҳкам тутади. “... елкалари қисиқ, қадди букик, бўйнига мушт тушарини кутгандек”. Елкалари қисиқ — айбдор, қадди букик — чорасиз, бўйнига мушт тушарини кутгандек — ҳамма нарсага рози ҳолатида эди. Ифодаларда, ҳар бир ҳолатда ёзувчи қаҳрамон руҳиятига аниқ чизгилар чизади.

 

Полвон ноҳақлигини англайди, ҳолининг абгорлигидан уялади. Атрофдагилардан кўра ўзидан уялади Полвон. “Уят, уят, не кунларга қўйдинг, Хатча? Сендан шуни кутиб эдимми, Хатча? Кўрган биров нима деб ўйлайди, энағар Хатча?! Ер билан битта қилдингку!..” Мард бўлиб хотини остонасига бош эгиб келди, қайнисидан ҳақорат эшитди, кенглик қилди, аммо Хатча унга нисбатан торлик қилди. Ичида ўзини айбдор санаган Полвон энди Хатчани маломат қилади. Ҳар қанча нафсини синдирмасин “Номус зўр чиқди, чидолмади, таққа тўхтади”. Полвоннинг ўзига келаётган муштни қайтармоқчи бўлган зарби Сатторқулни йиқитди. Қайнисига еган мушти оғирлик қилиб изидан қувиб етади. Уч кишилаб Полвонни йиқитиб боғлаб шарт қўйишади. “Хатчанинг талоғини айтасан!

 

Полвон калтакланишига қаршилик қилмайди, қилса ҳам бўларди. Аммо “этик қўнжига қўл юборса номардлик бўлади” дея тантилик қилиб танасини калтакка қўйиб беради, дод-фарёд қилмади, вазиятни кузатди. Ҳатто қамчи зарбидан жони оғриса-да, оғриқни сезмайди. Жонига азоб бераётган қамчини “майда ўрим” экан дея баҳолашига ҳайрон бўлмайсиз, ишонасиз. Ҳар бир ҳолат, ҳар бир нафас, ҳар бир лаҳза муаллиф эътиборидан четда қолмайди. Муаллиф бундай ўта нозик ҳолат тасвири билан чекланмайди, қаҳрамон руҳиятининг энг тиғиз лаҳзаларини чизишга ҳаракат қилади. Қамчининг зарбидан танаси тилка пора бўлади, ургичлар чарчаб, қонига ботириб талоғини айтишга мажбур қилсада, таслим бўлмайди. Тепкилар остида зўравон этигининг нағали ейилгани, “қушнинг тилидай юпқа” бўлиб қолганлигини, қамчининг “визиллаб” овоз чиқаришини билиб, эшитиб ётади, ўзини қўйиб беради. Полвон худди тушь кўраётгандек, ўзини четдан туриб томоша қилади. Бундай азобга чидашига уни нима мажбур қилди? Полвондай ғурури баланд йигитнинг калтакка ихтиёрий таслим бўлишига мажбурлаган куч нима?

 

Ёзувчи қаҳрамон тийнатидаги етакчи жиҳатларни бир нуқтага йиғади, чинакам характер кўз олдингизда намоён бўлади. Сиз гўё уни аввалдан танийсиз, биласиз. Ҳеч қандай гумонларсиз унинг хатти-ҳаракатларини табиий равишда қабул қиласиз. Муаллиф ҳеч бир ўринда кўпсўзлик қилиб таърифламайди, жонли саҳналарда табиий ҳаракатлари билан кўрсатиб беради. Қизиғи ҳеч бир ўринда Полвон хотинини севишини, у сиз яшай олмаслигини иддао қилмайди, миннат қилмайди, кўнглидагини тилга чиқариб мақтанмайди, жимгина ичида яхши кўради. Ташқарига чиқарса қиймати арзонлашиб кетади. Ёзувчи ўзбек оиласининг “ичкариси”ни мана шундай чизади. Оиланинг сири ҳам, қудрати ҳам кичик ҳикоя бағрига сиздириб юборилган.

 

***

Полвон танаси зирқираса-да, кўнгли хотиржам. Муаллиф унинг шу ҳолатини ўзига хос чизгиларда очиб беради. “Елкасидан чиққан тер кўзёшидай иссиқ… Қип-қизил, кўзёшидай жизиллатади, сарғиш чакмонни бағир тусига бўяб боряпти…”. Тернинг кўзёшидай иссиқлигини аниқ ҳис қиласиз. Ҳолат тасвиридаги ҳар бир сўз, ҳар бир нафас қаҳрамон портретини очиқлайди. Саҳаргача қонига беланиб ётган Полвон аста-секин ўзига келади. Чанқаб кетиб “балчиқни сиқимлаб оғзига солиб шимиди.» Аҳвол шунчалар оғирмиди ёки муаллиф қаҳрамон ҳолатини чуқурроқ очиб бериш учун кўпроқ ҳақ бериб юборганми деган иштибоҳ ҳам йўқ эмас, кўнгилда.

 

Ёзувчи ҳикоя орқали маҳоратнинг етук намунасини кўрсатиб берган. Айнан ҳикоянинг бурилиш нуқталарида муаллифнинг юксак санъаткорлиги ва профессионал ижодкорлиги намоён бўлади. Полвон жони ҳар қанча оғриб, оёқ остида ётсада, шу ҳолидан “Кўнглида ғалати бир ғурур уйғонди”. Жисм азобда, кўнгилда ҳаловат бор. Қарама-қаршилик, зидлик Полвон сийратидаги яширин сифатларни янаям равшанлаштиришга хизмат қилади. Полвоннинг майли, жони оғрисин, аммо Хатчани бировга бермайди. Хатча Полвоннинг абгор аҳволини кўрмагани яхши бўлди, бу ерда бўлмагани қўл келди. Ўзини унинг олдида ҳеч қачон бундай калтакка қўйиб бермасди. “Кўзларини юмаркан, чуқур тин олди, илжайди: этиклар қочди, қочди!..» Эътибор беринг ураётганлар эмас, этиклар қочди. Кетди эмас қочди, қочди. Илжайиши улардан қутулганлиги учунми... ёки улар айтган шартни бажармаганлиги учунми, сабаб кўнгли буюрганини адо қила олганлигида эмасмикин... Шу тобда танаси оғриб, азобланиши ортсаям нима учундир кўнгли борган сари хотиржам тортди. Топган ечимидан ўзининг кўнгли ўсди.

 

Полвон ўзидан-ўзининг кўнгли тўлиб турганда Хатчанинг аҳволи қандай эди деган савол туғилади. Ҳикоя марказида Полвон турсада, вазиятга кўра персонажлар ўрни алмашиб туради. Муаллиф Хатчани биз кутмаган ҳолда тақдим этади. Полвондаги кутилмаганлик кайфияти Хатчада ҳам намоён бўлади. Муаллиф усталик билан руҳий тиғиз саҳналарни кетма-кетликда бериб боради. Пода ётар жойига тезак теришни баҳона қилиб чиққан Хатча аввалига уни танимади. Кейин калтак сабабини ҳам, аҳволини ҳам сўрамади. Кўзлари қизарган аёл қўрққанини тилига чиқаради: “Талоғимни айтдингизми?. Хатчанинг овозида қўрқувдан кўра хавотир кучлироқ эди. Бу талоғини кутган аёлнинг эмас, балки айтиб қўйган бўлмасинда, деган ҳадик ва умидсизликнинг овози эди бу. Овоздаги айни шундай оҳангни ҳис қилиш қийин эмас. Бу ҳам муаллиф маҳоратининг ҳосиласидир. Полвон эса айтсам қўрққанидан айтиб қўйди, деган таъна маломатдан қочган киши бўлиб “Чидайсан энди, Хатча…” Нима бу юпатишми, қўрқитишми, иддоами... Назаримизда, Полвоннинг ўтинчи кинояга ўхшайди аммо бу ўринда қоришиқлик бор, яъни ўтинч киноя билан бирикиб кетган. Полвоннинг ҳолатидан келиб чиқсак, “чидайсан энди, Хатча…” деганида “илтимос чидагин мен билан яшашга, кўнгин шунга”деган оҳанглар ҳам яширингандай...

 

 

Полвон кўнглида гумон ҳали ҳамон кўланкасини солиб турарди, аммо Хатча “иффатга ёр, шубҳага зомин эди”. Тасвирни шарҳлашга ожизлигимиздан, мутолаани давом эттирамиз. “Бирор нарса де, шубҳаларинг бекор де, Хатча, кўнглимни қабартма, белимни букма, гавҳарни тошга урмайлик, Хатча!..” Полвон аввалги саҳналарда тушь кўришни истаган бўлса, энди уйғонишни хоҳларди. Чунки Хатча ёнида, уйғонса уни йўқотиб қўйишдан қўрқмайди. Ундаги кин адоват, араз ҳаммаси бир тўла йўқликка кетган, “фақат юракларнинг ола-тасир ургани сезилади, гўё бутун дашту далалар уларнинг дупурига тўлган…” Юқорида Полвонга ертўлада дунё торлик қилган бўлса, энди унинг юраги дашт-далалар сингари кенгайиб, дунё қадар катталашиб кетади. Дунёнинг кенглиги юракка кўчиб ўтди.  

 

Ҳикоя бошида берилган “сенга шунчалик кўнгил қўйиб эдимми“ саволга жавоб топилди. Ҳа, шунчалар кўнгил қўйган эканки, ўзи билмайди. Полвон ва Хатча маълум бир вақтдан бери бирга яшайди, аммо кўнгил ”сардафтари ковланмаган“. Муаллиф улар ҳаётининг бир кунини хотиралар қамровида очиб беради. Кўнгил беклик қилган кун ҳикоянинг асос моҳиятини белгилайди. Ортиқча тафсилот йўқ, барчаси ўз ўрнида, ифода ва тасвир мутаносиблиги сизнинг туйғуларингизга ҳам таъсир қилади, қаҳрамон ҳолатидаги кўтаринкилик сизга ҳам юқади. Ҳикояни ўқиркансиз, воқеаларни худди кино кўраётгандай ҳис қиласиз, ҳаводаги қамчининг ”визиллаган” овози қулоғингиз остидан ўтгандай...

 

Мурод Муҳаммад Дўст ҳикояда ўзбек оиласининг ички қўрғони сирларидан ҳикоя қилади, борини айтади, ёлғони йўқ. Полвон ва Хатча муносабатларида ўзбек оиласининг ўта шахсий ва ҳеч қаерда айтилмайдиган муносабатлари жонли лавҳаларда очиб берилган. Хотини кетиши баҳонасида Полвон ўзи англамаган туйғуни синовдан ўтказди, ўзини имтиҳон қилди. Муаллиф айни шу лаҳзаларни мантиқ тизгини асносида ёритиб беради. Бахтнинг суратини эҳтиросли ва жимжимадор таърифлар билан эмас, ўзбек оиласи тимсолида кўрсатади. Хатча кўнглида кечган кечинмалар очиқ берилмайди, Полвон қалбидаги ҳолатлар эса ҳикоя марказига олиб чиқилган. Аёлни шундай ҳолатда тасвирлаш ҳам ёзувчининг эстетик муносабатидан келиб чиқади. Ҳикояда Полвон характери ўзига хос миллий бўёқларда ёрқин ва жонли равишда очиб берилади. Ўрлиги боис севгисини тан олишга ғурури йўл қўймайдиган тўпори йигит танлови сизни ҳайратлантиради. Дашту дала кенглиги сингари Полвоннинг муҳаббати ҳам тоза, покиза туйғуларга бой. Ҳикояни ўқиркансиз, муҳаббат ҳақида айтилмаган қўшиқнинг хиргойисини тинглагандай бўласиз.

 

Санобар ТЎЛАГАНОВА,

адабиётшунос

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси