Айбномами ё афвномами? Адабиётшунос Сафарали Қурбон мутолаа қилади


Сақлаш
12:10 / 31.10.2023 336 0

Ёртибойларнингкунитуғса...

 

“Алпомиш”. Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2010.

 

Китобхонлик ҳақида гап кетганда, “Алпомиш”ни сира четлаб ўтолмайман. Бахшини тинглар, достонни ўқир экансиз, Бойчиборни миниб ор талашасиз, қалмоқлар билан ёр талашасиз, баъзан гуноҳу савобдан нақл қилувчи эски китобларни ёдга оласиз, чоҳда ётиб ҳам дунёнинг тубига етмоқ истайсиз. Асарда ултондан султонгача, султондан қирқ чилтонгача бўлган юзлаб образлар борки, уларнинг ҳар бири алоҳида мавзу, ҳар бирининг қисмати бир достон бўлгулик... Бугун негадир Ёртибой ҳақида ёзгим келди.

 

Бу образ асарнинг атиги икки эпизодида келади, бир қарашда аҳамиятсиздек туюлади. Лекин айнан шу тимсол орқали юрт парокандаликка юз тутиши, миллат ғурури топталишини хотиржам томоша қилувчи орсизлар тўдаси қачон, қандай пайдо бўлиши кўрсатилади.

 

Ёртибой дастлаб элат иккига ажралиб кетиш хавфи остида турган паллада, Бойсари оғаси Бойбўридан аразлаб, Бойсин-Қўнғиротдан бош олиб кетишни мўлжаллаб турганда ўртага чиқади. Бойсари элнинг гапга етарларини йиғиб, акасининг маҳрамлари закот хабарини келтиргани, бу унга оғир ботганини айтади. “Ўз акама ўзим закот бергунча, / Қалмоқ бориб жизя бериб юраман”, дейди жаҳл устида. Оқил одам бундай ҳолатда шошма-шошарлик қилмайди. Айниқса, ака-уканинг ўртасига тушиш ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келмаслигини билади. Шу боис “халойиқдан ҳеч бир сазо чиқмайди”. Мажлису йиғинларда тўрдан жой тегмай, пиёладан чой тегмай, бўсағанинг олдида кавушга жой бермай, кавуш билан аралашиб, ит йиқилиш бўлиб, пойга бетда ётадиган Ёртибой эса ҳамманинг боши гангиб турганидан унумли фойдаланиб қолмоқни кўзлайди. “Қайга кўчсанг, бизлар бирга борамиз, / Болаларни жаҳонгашта қиламиз...” дейди у.

 

Ёртибойларнинг замони келса, вазият мушкул тус олади, (Алпомишнинг маънавий отаси бўлишига қарамасдан) Қултойнинг кўзи кўр қилинади, оқу қоранинг фарқига борадиганлар (Қоражон) жамиятдан сиқиб чиқарилади. Оқибатда кўриб кўрмасликка оладиган лоқайд тоифа жавлон уради.

 

Ёрти – ярим дегани. Бутунларнинг олдида унга навбат тегмаслиги тайин. Лекин бутунлар рост сўзни айтмаса, писиб-сукут сақласа, ёртибойларнинг куни туғади – оломон ўшалар ортидан эргашади. “Бойсин-Қўнғиротни Бойбўрига бўшатиб берайлик, юртни бир ўзи жойлаб олсин” дея эл-улус аламзада Бойсарининг ортидан эргашиб она Ватанини тарк этади. Ёртибойлар миллатни беватан қилади!

 

Бу персонаж яна бир танг вазиятда саҳнага чиқади. Қалмоқ элида Чилбир чўлида ҳамон “келганбой” бўлиб юрган Бойсарининг бошига савдо тушади: Барчинойни ғайридинлар келин қилмоқчи, Кўкалдош бошлиқ тўқсон алп қизингни “Ё биримизга бер, ё баримизга бер”, деб оёқ тираб турибди. Боши қотган Бойсари яна ўн минг уйли қўнғиротнинг оқсоқолларини тўплайди. Вазият қалтис, оқсоқоллар бир сўз дейишга ожиз. Яна ўртага Ёртибой чиқади: “Хон Бойсари, эшит айтган сўзимди, / Бу элларга бошлаб келган ўзингди, / Тортинмай берабер энди қизингди… / Бу алпларни куёв қилиб оламиз, / Мина элга тоза эркин бўламиз, / Болаларни тоға-жиян қиламиз, / Мина элда бизлар даврон сурамиз...”

 

Таъкидлаш ортиқча эмас: бахши боболаримиз бизга уқтираётган ҳақиқатлардан бири шуки, оқсоқоллар жим турган жамиятда ёртибойларнинг ошиғи олчи бўлади. Бу тоифани эса на миллатнинг, на мамлакатнинг тақдири қизиқтиради.

 

Талабаликда Алпомиш тилидан янграган “Олтойчалик йўлда бўлса, қалмоқнинг элида бўлса, зўр ёвнинг қўлида бўлса, бир хотин оламиз деб, сандираб ўламизма” жумласини турли хил вазиятларда ўзимизга мослаб кўп ишлатардик. Баъзан “Алпомишки шундай деган бўлса...” дея ўзимизга таскин-тасалли берардик ҳам. Дарсдаги таҳлилларда эса “бу гапга қаҳрамоннинг биологик тузилиши сабаб бўлиши мумкин” қабилидаги илмий фаразларгача келтирардик. Достондаги биргина шу лавҳани турли ёшда турлича талқин қилиш мумкин экан. Бугун Бахши бобо менга “Алплар ҳам баъзан суст келади. Улар-да далдага эҳтиёж сезади” дегандек бўляпти.

 

Достонда Алпомишнинг биринчи cусткашлиги қалмоқ элида талашда қолган Барчиндан (“Олтойчилик йўлга келдим. Тўқсон алпда тойталашда қолдим. Олти ойга муҳлат олдим. Мендан умиди бўлса, Алпомиш келсин, бўлмаса, жавобимни берсин”) мактуб келган пайтда бўй кўрсатади. Бу хатни топиб олган Қалдирғоч акасига “Чечам қалмоқ элида ёвнинг қўлида қолибди” деса, Алпомишнинг алпларга хос бўлмаган жавоби янграйди: “Олтойчалик йўлда бўлса, қалмоқнинг элида бўлса, зўр ёвнинг қўлида бўлса, бир хотин оламиз деб, сандираб ўламизма?”

 

Бу сатрларни ўқиган оддий китобхон “Алпомиш ҳам ўзимиз қатори одам экан-ку”, дейиши ҳеч гап эмас. Унутмайликки, баъзан алплар ҳам қўлловга, турткига муҳтож бўлади. Шундай вазиятда оқсоқоллар ўзини четга тортса, яна ёртибойлар ўртага чиқади. Уларнинг қутқуси эса Алпомишни муқаррар чоҳга етаклайди. Ҳақиқат шул – ЁРТИБОЙЧИЛИК фалсафасининг мағзини алпга чоҳ сабоқлари очади...

 

 

Кашкулсиз  дарвеш

 

Сервантес. Дон Кихот саргузаштлари. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990.

 

Мутолаага ошуфта отам ва акамнинг шарофати – уйимизда чоғроққина кутубхона бўлгич эди, уни дарсхона деб атардик. Сабоқхонамизда газета-журналлар билан бирга асосан тарихий асарлар жамланган эди. Улар орасида Сотиболди Йўлдошев таржима қилган (болаларга мўлжаллаб қисқартирилган) “Дон ­Кихот саргузаштлари” китоби ҳам бор эди. У кезларда асарни “бир овсар рицарнинг аҳмоқона саргузаштлари” дея нимтабассум билан ўқиганимиз, жаноб Киханога ақл ўргатганимиз рост.

 

Норвегиядаги Нобель институти 54 мамлакатдан танлаб олинган 100 нафар ёзувчи иштирокида жаҳон адабиётининг юзта энг яхши асарини аниқлаш бўйича танлов ўтказгани, биринчи ўринни “Дон Кихот” эгаллагани, у Марсель Прустнинг иккинчи ўринни олган “Завол топган вақт изидан” эпопеясидан 50 фоиз кўпроқ овоз тўплагани ҳақидаги маълумот эълон қилингач, асарни қайтадан ўқишга эҳтиёж пайдо бўлди.

 

Донгдор романнинг турли нашрларига илова қилинган бошсўзу сўнгсўзларнинг аксарида у ўрта асрлардаги рицарларнинг қаҳрамонликлари мадҳ этилган жангномаларга пародия ўлароқ битилгани урғуланади. Аслида эса, асар нафақат рицарлик романларига, балки ўз маёғидан чалғиб бораётган реал ҳаётга ирония ҳамдир.

 

Алонсо Кихано (Дон Кихот) ёши бир жойга бориб, оқу қоранинг фарқига ета бошлаганда бундай хулосага келади: “Қадимда мавжуд бўлган, бугунги кунларга келиб йўқолиб кетган олижаноб, фидойи рицарлар мактабининг анъаналарини тиклаш керак. Дунёда ҳалиям мазлумлар ва золимлар, камбағаллар ва уларнинг қонини ичиб мол-давлат орттираётган бойлар, тутқунликда азоб чекаётган асиралар, мададга муҳтож қўли калта кимсалар бор экан, демак, уларга ёрдам қўлини чўзадиган, бева-бечораларни фаровон ҳаёт сари етаклайдиган, қулларни қутқариб, асираларни озод қиладиган жўмард ва олижаноб рицарлар ҳам бўлиши лозим!”

 

Бош қаҳрамон адолатли жамият, чин инсоний амаллар ҳақида гапиряпти, албатта. Лекин замон шу даражада тескарики, ҳақ сўзни айтадиганлар, адолат истайдиганлар савдойига чиқарилади. Биз ҳамма ўзимиздай бўлишини хоҳлаймиз. Бир оз ортиқроқ бўлса – кўролмаймиз, кам бўлса – назарга илмаймиз. Бошқачароқ яшамоқчи бўлган одамга тоби-тоқатимиз йўқ...

 

Муаллиф Дон Кихотнинг қандай қилиб бу тўхтамга келганини ҳам асослаган: у рицарлар ҳақидаги романлар ва тарихий асарларни кўп ўқигани боис кўнглида замонасининг мавжуд тутумларига қарши исён уйғонади. Натижа эса китобхонга маълум. Эртаклар, эзгу орзу-умидлар руҳида улғайган авлод ҳаётда китобда ўқиганларининг аксига дуч келса, Киханолигича қолмайди, Дон Кихотга эврилади. Алҳол, шиорларимиз, гап-сўзларимиз реал воқеликдан айрича бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, Сервантес айтмоқчи, шамол тегирмонларига қарши муҳораба бошланади.

 

Дон Кихот дастлаб ёвуз душман деб ўйлаб, шамол тегирмонига қарши жанг қилади. Айрим адабиётшунослар шамол тегирмонини абадийлик рамзи деб талқин қилган. Чархи кажрафтор айланмоқда давом этар экан, шамол тўхтамайди. Шамол бор экан, тегирмон ҳам ҳаракатда. Шамол тегирмонига – нафсга, туганмас ёвузликларга ёлғиз Дон Кихот бас кела олмайди: у бутун жамиятни ортидан эргаштира олмас экан, ғалабадан умид йўқ.

 

Аргентиналик ёзувчи ва файласуф Хорхе Анхель Ливрага ёзадики, “Ҳужум қилмоққа журъат топсангиз, гигантлар ҳам оддий шамол тегирмонига айланиб қолади”. Адиб бу билан ҳамиша олға интилиш лозимлиги, рисоладагидек яшашга халал берадиган қўрқувларни енгиш учун ортга чекинмаслик кераклигини уқтиради. Сервантеснинг ўзи ҳам ҳаётда кўп қийинчиликларга, турли тўсиқ ва адолатсизликларга дуч келади. Улар олдида баъзан ожизлик қилади. Нопокликлардан азият чекади. Ишбошиларнинг бепарволиги сабаб беш йилга яқин қароқчилар қўлида асирликда яшайди. Шунда ҳам иродаси букилмайди. Романдаги “Сеҳргарлар мени омаддан жудо қилиши мумкин, аммо улар жасорат ва эркдан маҳрум қила олмайди” деган жумла адибнинг ҳам шиори бўлган чиқар.

 

Дон Кихот барча яхши нарсалар сеҳрлаб қўйилгани ҳақида гапиради. Бош қаҳрамонни хавотирга солган “сеҳр” нима, “сеҳргарлар” ким? Бизнингча, “сеҳргарлар” мавжуд қонун-қоидаларни ўз манфаатига мувофиқлаштирадиган, нафс йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган кимсалардир.

 

Санчо Пансанинг Баратария “ороли”га губернатор қилиб тайинланиши ҳам диққатга сазовор. Яроқбардор қанчалик содда ва оми бўлиб кўринмасин, ўзига юкланган вазифаларга ақл-фаросат ила ёндашади, адолатли бошқарув қандай бўлишини бошқаларга чин маънода кўрсатиб қўяди. Ҳокимиятни ўн икки кун мобайнида шараф билан бошқарган Санчо Панса губернаторликка қандай келган бўлса, яна ўшандай – қашшоқ-камбағал ҳолида истеъфога кетади. Оре, адолатни байроқ қилганларга ҳеч қачон осон бўлмаган.

 

Ажабки, Дон Кихотнинг на ўзи – қаҳрамонга, на улови ва қурол-яроғи қаҳрамонникига ўхшайди. Бир замонлар алпомишлар, ҳеракллар қутқарган дунёни асраб қолмоқ янги даврга келиб занглаган найзаю чўбир отли Дон Кихотга қолгандек. Бизнинг эса негадир унга ишонгимиз келаверади...

 

Роман қаҳрамонини абгор этган шамол тегирмони ҳамон айланиб турибди. Бугун ҳам биз бу ёвуз махлуққа қарши чора тополмаяпмиз. Ҳануз Дон Кихотнинг ғалабасига умид боғлаяпмиз, князь Мишкиннинг (адабиётшунослар Достоевский князь образини Сервантес қаҳрамони таъсирида яратганини таъкидлайди) адолатли сўзини кутяпмиз. Ўзимиз эса яроқбардорликка ҳам ярамаяпмиз! Шу ўринда Достоевскийнинг роман ҳақидаги фикрларини эсламаслик мумкин эмас: “Дунёда бундан теранроқ ва кучлироқ асар йўқ. Бу – инсон тафаккурининг ҳозирча энг сўнгги ва буюк сўзи, одамзодгина ифодалаши мумкин бўлган энг аччиқ истеҳзодир... Қиёматга қадар инсон ўзи билан олиб кетиши керак бўлган қайғули китоб...”

 

Атоқли фольклоршунос Асқар Мусақулов вафотидан бир оз олдин, бетоблигида дўст-биродарлари кўнгил сўраб борса, “Дон Кихот”ни ўқигим келяпти” деган экан. Жаҳонгашта рицаримизнинг адолат йўлидаги курашлари умрини илмга бағишлаган олимнинг эзгу истаклари билан вобаста бўлган эрса не ажаб...

 

Ўша давр қаҳрамонлари – рицарлар ҳаёти китоблардагина гўзал, аслида жуда маънисиз эди. Жамият феодализмнинг аҳмоқона қоидалари, черковнинг ноинсоний хурофотлари боис издан чиққан эди.

 

Назаримда, бугун ҳаётимизда ҳамлетлар етарли, аммо ҳақиқату адолат учун, муқаддас мурод-мақсад учун хонумонини фидо этадиган дон кихотларга эҳтиёж бордек.

 

 

“Шоҳнома”нинг  баҳоси

 

Абулқосим Фирдавсий. Шоҳнома. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976.

 

Достон зоҳиран қараганда, фақатгина жанги жадаллар ҳикоясидай бўлиб туюлади. Аслида эса муаллиф учун афсонаю ривоятлар – “либоси мавзун”.

 

Инсон чинакам комилликка эришмоғи, яхши ном қолдирмоғи учун аввало нималарга эътибор қаратиши лозимлиги, умуман, дунёга келиш ва кетишдан муродини Фирдавсий бундай ифодалайди: “Пок зоту ҳунару насабинг агар / Бирлашса, ажойиб мевалар берар”.

 

Аммо мукаммал одамийликка эришмоқ учун бу учлик – пок зот, ҳунар, насабнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларни ўз ўрнида намоён этмоқ учун ақл ҳам керак (“Бу учликни топсанг сўнг керак ақл, / Уни паст-баландни ажратгувчи бил”). Ана шу тўртликни фитратида мужассамлаштирган инсон бу дунёда қалб роҳатига эришади, унга ўлимдан ўзга ҳеч қандай хавф дахл қилолмайди. Фирдавсийнинг фикрича, жаҳон шоҳи дея шарафланган Кайхусравда мана шу хислатларнинг барчаси мужассам эди.

 

Зулматга қарши зиёнинг, жаҳолатга қарши маърифатнинг ғалабаси муқаррар эканини таъкидлаган ва барчадан одилликни талаб этган (“Кечмаган адолатдан, ҳақдан ҳеч қачон”) ижодкорнинг ўзи Эрон ва Турон тасвирига келганда бир оз нохолисликка йўл қўйгандай. Эрон ҳукмдори Кайхусрав достонда бундай тасвир этилади:

 

Жаҳонда адолат, ҳақ барпо этди,

Ҳақсизлик томирин заминдан юлди.

 

У тахтга ўтириши билан жаҳонда адолат ўрнатган, бутун оламни эзгулик нурига тўлдирган. Кайхусрав ҳукмронлиги даврида ёвуз ниятли кимсаларнинг йўли боғланиб, ер юзидаги барча вайроналар обод қилинган. Шоир Эрон ҳукмдорлари таърифига бисотидаги жамики гўзал ташбеҳларни сафарбар этади. Турон билан боғлиқ шахслар ҳақида гап кетганда эса бошқачароқ йўл тутади. Мисол учун, Афросиёб ҳақида шундай фикрларни билдиради:

 

Эрон шаҳарларин кўрсанг, кўп хароб,

Хароб этди барин ул Афросиёб.

 

Кайхусравни “жаҳонжуй”, “жаҳон шоҳи” каби сифатлар билан улуғлаган муаллиф Афросиёбнинг на давлат бошқарувида, на насл-насаб борасида бирон бир арзирлик хислати йўқ деб ҳисоблайди ва фақат салбий хусусиятларини санайди: Бил, уким, ёмондан яралган зурёт, / Ўзи афсунгару асли нокас зот.

 

Бу шунчаки Афросиёбга бир муносабат-да, дея эътироз билдиришингиз ҳам мумкин. Аммо достонни диққат билан ўқисангиз, шоирнинг туркийларга қараши ойдинлаша боради. Унга кўра, туркий паҳлавонлар бирон бир жиҳатда – на сувратда (“Зоғ каби қоп-қора туркзода...”), на сийратда (“Гумроҳ турк...”) эронийларга тенглаша олади. Достоннинг Суҳроб ҳақидаги бобида “бундайин паҳлавон туркийлар авлодидан бўлиши, (“Ё сен эмасмисан турк авлодидан, / Туғилдингму алплар чўнг аждодидан”), бу каби алпқомат Туронда вояга етиши (“Турон кўрмаганди бундай бўй, савлат”) мумкин эмас”, дея бир замонлар дунёни сўраган улусга нисбатан адолатсизлик қилгандек, назаримда. Ёки Тахминанинг Рустами достон билан учрашуви тасвирланган ўринларни ўқир эканмиз, унинг шаънига кўпда муносиб бўлмаган (“Бу кун мен сенингмен, истасанг...”) сўзлар ва Тўмарис қавмига ёт бўлган хусусиятлар (“Келдим ҳузурингга мен фарзандталаб”) малика тилидан бериладики, бу ўринлар китобхонни ўйга толдиради. Албатта, бундай муболағали тасвирлар оғзаки эпик анъана мезонларига кўра ўзини оқлаши мумкин, чунки оғзаки эпик асарларда ўз қаҳрамонини кўкларга кўтариш, рақиб томонга аёвсиз қора бўёқ чаплаш одатий ҳол ҳисобланади. Асарда фольклор анъаналарига боғлиқлик фақат тасвир ва баёнда эмас, бадиий қолипда ҳам кўринади.

 

“Шоҳнома”шунослар Маҳмуд Ғазнавий ва Абулқосим Фирдавсий муносабати борасида Ғазнавийга нисбатан жиддий танқидларни кўп бора қайд этганлар. Лекин нега шундай улуғ ҳукмдор шоирга келишилган миқдордаги маблағ эмас, атиги ҳаммомга (покланишга) етадиган чақа бергани муҳокамасида Фирдавсийга маҳлиёлик мақомидан нарига ўтилмайди. Маҳмуд Ғазнавийга шоирнинг туркларга нисбатан нохолис баҳоси ёқмаган ва асарни рамзий баҳолаган кўринади.

 

Адабиёт айрим халқ ёки миллатлар учун эмас, бутун башарият учун хизмат қилади. Юқоридаги каби баъзи нохолис қарашлар “Шоҳнома”нинг қийматини бир оз пасайтиргани бор гап. Ўз халқини бошқа халқнинг камситилиши эвазига улуғлаш ижодкорга обрў олиб келмайди. Бу ҳол бугунги ижодкорларга ҳам ибрат бўлиши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тарихий асар ёзадиган қалам соҳиби мадҳия битувчи мирзодан фарқланиши лозим.

 

 

Бахтиёр  одам  ҳақида  эртак

 

Сэмюэл Беккет. Годони кутиш. “Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил, 7-сон.

 

Ҳаёт кутишлардан иборат экани, мудом илҳақликка маҳкум эканимиз ҳақида кўп гапирамиз, лекин Кутаётганимизга дуч келиб қолсак, Унга айтар сўзимиз бор-йўқлигини аниқ билмаймиз. Сэмюэл Беккет қаҳрамонлари ҳам шундай: Годони нега кутаётганию унга рўбарў келса нима дейиши борасида тайинли жавобга эга эмас. Шоир айтмоқчи: “Ҳамма таъна қилар, аммо тақдирга / Савол берай десам саволим ҳам йўқ” (Дадахон Муҳаммадий).

 

“Годони кутиш” драмаси мантиқсизликдан мантиқ ахтараётган инсонлар қисмати ҳақида дейилади. Лекин асл мантиқ қаерда? Биз мантиқсизлик деб ўйлаётганимиз – асл мантиқдир балки! Шу боис асар қаҳрамонлари гап-сўзида чалғишлар бўлишига қарамай, уларнинг саргардон йўлларини нотўғри ҳам дея олмаймиз.

 

Бош қаҳрамонлар Эстрагон ва Владимир ЁЛҒИЗОЁҚ ЙЎЛ четидаги қуриган ЯККА ДАРАХТ остида ГОДОни кутаётир. Асар сюжети содда, Қобил (Абель) ва Ҳобил (Каин) воқеасининг янгича талқини дейиш ҳам мумкин. Орадан асрлар ўтди, одамзод гўё дунёнинг барча илмларини эгаллади, лекин ҳамон қобиллар ҳобилларни мавҳ этмоққа, ўзининг ҳақ эканини кўрсатиб қўймоққа интилади. Қобил наслидан ёруғлик кутиш душвор. Умид фақат Худодан (God – Тангри дегани). Шунинг учун ҳам бир умр унинг жамолига етишни орзу қиламиз...

 

Эжен Ионесконинг “Курсилар” драмаси ҳам “Годони кутиш” билан бир даврда ёзилган ва кесишадиган нуқталари талайгина. Драма якуни даҳшатли. Кимсасиз оролда яшаётган кекса эр-хотин зиммаларига улкан вазифа юклангани – бутун инсониятга муҳим хабарни етказиш кераклигига ишониб яшайди. Ҳаёт-мамот аҳамиятига молик хабарни эр-хотинга Нотиқ етказиши керак. Эр-хотин бир умр уни кутиб яшайди. Ва ниҳоят умр поёнига яқинлашиб қолган пайтда Нотиқ пайдо бўлади. Бироқ уни бир умр кутган эр-хотинга умуман эътибор бермайди. Бу ҳол чол ва кампирни мутаассир қилади. Энг даҳшати эса, эзгу хабар олиб келиши лозим бўлган Хабарчи кар ва соқов бўлади! Бу урушлардан кўнгли зада бўлган, умидсизланган авлоднинг ҳайқириғи эди.

 

Владимир бир яхши гап айтади: “Одам майда-чуйда ишлар билан чалғимаслиги керак”. Ҳаққи рост! Лекин аввал “майда-чуйда” билан “улкан ишлар”нинг чегарасини белгилаб олиш лозим-да. Беккет айтмоқчи, “айби оёғида бўлатуриб, бошмоғидан нолийвериш” оқилнинг иши эмас. Муаллиф ҳукм ўқимайди, умид қолдиради: “В л а д и м и р. “У алалоқибат барибир келади, деб баъзан ўзимни ишонтираман. Ўшанда мени ғалати ҳиссиёт чулғаб олади… Ҳалигидай… Хотиржам ва шу билан бирга қўрқув аралаш…

 

Мен каркидонлашиб бораётган жамиятда инсон бўлиб қолиш нақадар оғир эканини англаш (Э.Ионеско, “Каркидон”) ёки қадам товушидан-да забун инсон умри ҳақидаги ҳикояни тинглаш (С.Беккет, “Қадам товушлари”) орқали ақлни зўриқтиришни хуш кўраман. Тимсоллар ортига яширилган бирор маънони тушунганимда ўзимда йўқ хурсанд бўламан. Лекин бундай асарлар китобхон ҳисларига эмас, тафаккуригагина таъсир қилади. Баъзан жамиятнинг шунча оғриқларини ёзаётган одам даврани бир оз кенгроқ олса бўлмасмиди, дея ўйлаб қоламан. Бундай асарларни янада кўпроқ одамлар ўқиса дейман...

 

Сарлавҳада келтирилган “бахтиёр одам” жумласини Лакига (қул) нисбатан ишлатган эдим. Дунё неъматларини фақат хожаси бераётган “сарқитлар”дангина иборат деб биладиган одам учун энг катта бахт – хўжайини ташлаётган суякларни ғажиш имконидан мосуво бўлмаслик. Лаки хожасининг меҳрини қозониб унга хизмат қилиш бахтига мушарраф бўлади ва бу “мавқе”ни бой бериб қўймаслик учун қаттиқ курашади. Не тонгки, Лакида жилла озод бўлиш иштиёқи йўқ. Унинг озод бўлишига ёрдам бермоқчи бўлганларни эса ёмон кўради.

 

Мусо алайҳиссалом Фиръавн таъқибидан қутулган халқини қирқ йил чўлу биёбонларда олиб юради – қулликни кўрмаган янги авлод дунёга келиши, улар кучга тўлиб, ўз сўзини айта олиши керак эди. Қирқ йиллик саргардонлик даврида Мусо алайҳиссаломга “Сен берган озодликдан кўра қуллик давримиз яхши эди, қорнимиз тўқ, устимиз бут эди” дейдиганлар ҳам бўлган. Бундай қорин ғамидагилар ҳамиша топилади. Лаки ана ўшаларнинг тимсоли. Режиссёр Олимжон Салимов айтганидек, “Қулликни истовчилар бўлмаса, қулдорлар ҳам бўлмайди”. Ҳамма гап қулларнинг ўзида. Қулликнинг қандай шакли бўлишидан қатъи назар...

 

Лаки чаласавод, ақлсиз одам эмас, у ҳамма нарсани англаган ҳолда қулликка рози бўлган. Бир ўринда у даҳрий жамият охир-оқибат сароб билан юзлашиши, инсоният моддий жиҳатдан ютуқларга эришаётган бўлишига қарамай, маънавий буҳронларга қараб бораётгани ҳақида жиддий гапларни айтади. Лекин ўзининг ҳолатини ўйлаб ҳам кўрмайди. Қатағон, зулмдан зада бўлган ақл эгалари фикрламоқдан кўра қулликни маъқул кўра бошлайди...

 

Асарни ёлғиз қолган инсоннинг драмаси дейиш мумкин. Бу ёруғ хаёллар оғушида қолган, тафаккурини тиниқлаштираётган инсоннинг эмас, балки Яратгандан ва жамиятдан ажралиб қолган одамнинг ёлғизлиги. Бундай вазиятда кутишдан ўзга чора йўқ. Умид фақат Гододан, унинг жамолига етишилса, ҳаммаси яхши бўлажак!

 

“Годони кутиш” ва “Курсилар” асарларида кутиш мотиви “Мантиқ ут-тайр” ва “Лисон ут-тайр”ни ёдга солади...

 

 

Ғарбий фронтда ҳамон ўзгариш йўқ

 

Эрих Мария Ремарк. Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016.

 

Яқинда режиссёр Акбар Бектурдиев суратга олган “Ўзбек қизи” деган бадиий фильмни кўрдим. Томошабоп кино. Янгича образлар, ўзига хос топилмалар бор. Лекин воқеликка ёндашув ҳамон эскича. Ноҳақликлардан тўйган Жамила урушга боради, малъун душманларни аёвсиз қийратиб қаҳрамонлик кўрсатади... Нариги томоннинг аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ахир, уруш жаҳон чемпионати ёки олимпиада ўйинлари эмаски, аскар рақибини  мағлуб қилгани учун медаль тақиб қайтса! “Уруш қаҳрамони” ўзи сингари одамларни ўлдиргани учун кўксига нишон тақади. Назаримда, бу қаҳрамонлик эмас. Глобал дунёда уруш ва инсон муносабатига бундай қараб бўлмайди!

 

Бу жиҳатдан олмон адиби Эрих Мария Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романи диққатга сазовор. Бу асарни дунё адабиётининг дурдоналаридан демайман; аммо у одам ўз ҳамқавмини ўлдириб қаҳрамонлик кўрсатиш учун яралмаганини англатиши, уруш жангга кирган ҳар икки томонга ҳам улкан изтироблар келтириши, ёш йигитларни қотилга айлантиришини кўрсатиши билан қадрли. Инсоният урушга бўлган муносабатини бутунлай ислоҳ қиладиган вақт аллақачон етиб келган. Ватанпарварлик, ватанни севиш билан босқинчилик, шовинизмни фарқлаш керак.

 

Роман рус тилида чоп этилиши билан катта шов-шув уйғотади, юз минглаб нусхада нашр этилганига қарамай, талаб кучаяверди. Кутилмаганда расмий доиралар, коммунистик мафкура ҳимоячилари Ремаркни ғоясизликда айблаб, унга тош ота бошлайди.

 

Хўш, адиб асарлари нимаси билан хавфли эди?

 

Ремаркнинг “айби” шундаки, у коммунистик мафкурага ҳам, буржуа мафкурасига ҳам хизмат қилмади, ҳар қандай шовинистик ғояга қарши чиқди. Уруш даҳшатлари, фожиали оқибатларини ғоят реа­листик бўёқларда акс эттирди. Шу сабаб ёзувчи асарлари нафақат Россияда, она ватани бўлмиш Германияда ҳам тақиққа учради. Адольф Ҳитлер ҳокимият тепасига келгач, адиб Германияни тарк этишга мажбур бўлади. Унинг асарлари кутубхоналардан йиғиштириб олиниб, шаҳар майдонларида ёқилади.

 

“Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романининг собиқ Иттифоқ даврида тақиқланиши даврнинг ғоявий қарашларига тўғри келмаслиги билангина боғлиқ эмас. Чунки бизда Иккинчи жаҳон уруши шу даражада улуғландики, одамлар урушни “севиб қолиш” даражасига борди. Урушдан кейин вояга етган авлод “уруш тугади, хўш, энди мен қандай қаҳрамон бўламан” деб ўйлаб қолди. Халқини урушга ўргатиб бўлган ҳукумат Афғон уруши ва ундан кейинги муҳорабаларни бошлади. Ремарк эса урушнинг асл қиёфасини очиб ташлаган.

 

Романда ортиқча пафосни кўрмайсиз, этни жунжиктирадиган тасвирларни учратмайсиз, лекин барибир даҳшатга тушасиз. Юз минглаб жувонмарг кетган ёшлардан ташқари, ажал тегирмонидан омон чиққан бўлса-да, маънан ўлган, мақсаду маслагидан айрилган қиёфаларни кўриб қалбингиз ўртанади.

 

Муқаддимада муаллифнинг ўзи бундай изоҳ беради: “Бу китоб айбнома ҳам, афвнома ҳам эмас. Бу уруш дастидан жувонмарг бўлган авлод ҳақидаги, гарчи замбарак ўқидан омон қолса-да, шу урушнинг қурбонига айланганлар тўғрисидаги кўнгил изҳоридир”.

 

Тинчликка эришилгани билан муҳораба хотима топиб қолмайди, энди у қатнашчилар қалбида давом этади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, уруш ҳеч қачон оддий халққа фойда келтирмаган, унинг бошига мудом кулфат ёғдирган.

 

Роман қаҳрамонларидан бири Канторек ҳаётида ҳарб майдонини кўрмаган, лекин урушда қандай жасорат кўрсатиш ҳақида лоф уради, навжувон йигитларни жангнинг қонли ўчоғига сафарбар қилишга ваъзлари билан кўмаклашади. Канторекнинг маърузаларини тинглаб урушга отланган Паул Боймер шундай дейди: “Бу авлод бизнинг авлоддек софдил эмаслигини англаб етдик. Уларнинг устунлиги шунда эдики, чиройли гапиришни билишар, юлдузни бенарвон уришни қотиришар эди. Замбаракнинг гумбурлашини илк маротаба эшитганимиздаёқ кўзимиз ярқ этиб очилди, улар бизга сингдирган эътиқод бомбалар остида кунпаякун бўлди. ...бу билан бирортамиз қочоқ, исёнчи ёки қўрқоқ бўлиб қолганимиз йўқ (бундай сўзлар оғизларининг бир чеккасидан чиқиб кетарди уларнинг): ватанни улардан кам севмасдик, жангга кираётиб бирор марта тиззамиз қалтирамаган; аммо энди ниманингдир фарқига етамиз, гўё бирдан улғайиб қолгандекмиз. Яна шунга ҳам амин бўлдикки, улар бизга кўз-кўз қилган бежама гулдан ҳеч нарса қолгани йўқ. Биз қўққисдан мудҳиш бир ёлғизлик гирдобига тушиб қолдик, энди бу гирдобдан чиқиб кетиш йўлини фақат ўзимиз топишимиз керак”.

 

Одамни ўйга толдирадиган жиҳат шуки, Канторекнинг ворислари бугун ҳам кимўзарга маъруза ўқиётир, шовинистик руҳдаги чиқишлари билан ижтимоий тармоқларни “портлатяпти”, тарихни таҳрир этмоқ қасдида мақолалар ёзмоқда. Умум кайфиятини кантореклар белгилар экан, Ғарбий фронтда ўзгариш бўлишига ишониш қийин.

 

"Тафаккур" журнали, 2023-йил 3-сон

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси