Шеъриятга янги ҳаводек кириб келган ўзбек шоирларининг биринчи китоблари


Сақлаш
15:10 / 26.10.2023 384 0

Биринчи китоб ижодкорнинг фақат шахсий ҳаётида эмас, балки адабий жараёнда ҳам аҳамиятга эга. Чунки у муаллифнинг кимлигини, маслагини ва нимага қодирлигини кўрсатиб туради. Севимли ўзбек шоирларининг биринчи китобларида ҳам уларнинг катта йўлга катта юрак билан чиққанига гувоҳ бўлиш мумкин. Oyina.uz ана шундай таниқли шоирларнинг илк китобларини эсга олди.

 

«Тонг нафаси» – Эркин Воҳидов

 

1961 йил нашр этилган китоб ўзбек шеъриятига янги нафас олиб кирди. Унга тақриз ёзган устоз Озод Шарафиддинов «Ёш шоир илк машқларида кўпроқ дунёни энди кашф этаётган, ўзининг кашфиётидан ўзи завқланиб, қувончидан бошқаларни хабардор этишга ошиқаётган, ҳаёт бениҳоя гўзал, ноёб неъмат эканини тушуниб келаётган мурғак қалбнинг қувончлари мужассам» дейди. Эркин Воҳидов шеърияти биринчи галда шоирнинг ўзи учун энг ардоқли, дил қаъридан сизиб чиққан кечинма-туйғулар ҳосиласидир. Шу билан бирга, шоир шеърияти тиллардан дилларга кўчиб, юраклардан муқим жой олиб келаётган етук шеърият ҳам.

 

«Митти юлдуз» – Абдулла Орипов

 

1965 йилда 15 минг нусхада чоп этилган ушбу китоб Абдулла Орипов номини кўплаб ўқувчилар қалбига муҳрлади. Атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ёш шоирнинг ушбу китобни ўқибоқ, ҳайрат ва қувончини яширолмай, шундай деган экан: «Булбулни биласиз, жуда митти қуш. Аммо унинг юраги жуссасидан ўн баробар катта. Тўлиб, юракдан сайраганида гўё дунёни титратади. Анави «митти» шоир «бала»нинг юраги ҳам жуссасидан ўн чандон каттадир-ов... (Устоз адиб «бола» сўзини қўқончасига чиройли, шикаста овозда «бала» деб талаффуз этган). «Митти юлдуз» китобчасини варақлаб кўринг. Шу митти шоир қалб тубидан шаршарадек отилиб чиққан сатрлар қалбларни ларзага солади. Ҳали кўрасизлар, унинг овози олис-олисларга етиб боради...»

 

«Карвон йўли» – Рауф Парфи

 

1969 йили чоп этилиб, ўқувчилар қўлига етиб борган ушбу китоб кўп ўтмай адабиётшунослар, шеърсеварларнинг эътиборига тушган. ХХ асрнинг 60–70 йилларида Рауф Парфи олиб кирган янги эпкин ўзбек шеъриятида мустақил бадиий-эстетик йўналишга айланди. Бугунги ўзбек бадиий тафаккурида ҳам шоир тамал тошини қўйган тимсолли лиризм, мажозлар асосига қурилган идрок ва ифода маданияти устуворлик қилмоқда. Мана ярим асрдан ошдики, у ўз сўзи билан ўзбек шеърияти ҳиссий тафаккур гулханининг тафтини оширмоқда.

 

«Очиқ деразалар» – Омон Матжон

 

1970 йили чоп этилган ушбу мўъжазгина шеърий тўпламга шоирнинг 59 та шеъри жамланган. Китобга кирган «Очиқ деразалар», «Юракка», «Кўзларингни яширгил мендан», «Шеърият», «Беланчакда ётар коинот», «Бошқалардек севишдик биз ҳам», «Қўшни деразадан куй қуйилади», «Эшигингдан ўтаман...» каби шеърлари ҳозир ҳам шеърият шайдолари томонидан севиб ўқилади. Омон Матжон илк шеърий тўпламига кирган шеърлари билан «муҳаббат куйчиси» – ички ҳиссиётларнинг моҳир рассоми сифатида тан олинган.

 

«Рангин лаҳзалар» – Шавкат Раҳмон

 

Мазкур китоб Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти томонидан 1978 йилда чоп этилган. Атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов 1980 йили ушбу китоб мутолаасидан сўнг ёзган мақоласида шундай дейди: «Рангин лаҳзалар» тўпламининг муаллифи Шавкат Раҳмон ўзига хос ўткир шоирона нигоҳ эгаси. У дунёни нозик ва оригинал поэтик образлар орқали идрок этади. Унинг лирик қаҳрамони ҳам фикрловчи шахс. У замон ҳақида, истиқбол ҳақида, инсон табиатининг зиддиятлари ҳақида ўйлайди. Лирик қаҳрамон характери орқали биз шоирнинг дунёга муносабати билан танишамиз, унинг беором ўйлари ва изтиробли дардларига шерик бўламиз».

 

«Инсонни тушуниш» – Усмон Азим

 

1978 йили «Авторнинг илк китоби» рукнида нашр қилинган илк китоб кўп ўтмай минглаб китобхонлар қалбидан жой эгаллайди, Усмон Азим номини севимли шоирлар қаторига қўшади. Жами 27 та шеърдан иборат китобдан жой олган «Шеър ёзаман – нафрат, шеър ёзаман – севги...», «Болаликнинг сўнгги кунлари», «Шубҳа», «Отам ҳақида қўшиқ», «Оҳиста-оҳиста ёғади ёмғир...» каби шеърларини мухлислар бугун ҳам севиб ўқиб, такрорлаб юради.

 

«Қадрдон қуёш» – Хуршид Даврон

 

1979 йили чоп этилган, жами 56 бетли ушбу тўпламни кенг китобхонлар илиқ қарши олади. Адабиётшунос олим Асқарали Шаропов китоб чиққанидан бир йил ўтиб «Руҳий эҳтиёж ва масъулият масаласи» мақоласида шундай ёзади: «Тўпламига кирган шеърларида табиат ва инсондаги уйғунлик, она ерга садоқат, уруш қолдирган жароҳатлар андуҳи, муҳаббатнинг қадрдон ва изтиробли онлари қаламга олинади. У борлиққа ошиқлигини тенгдошларидан фарқли ўлароқ ўта босиқлик, қандайдир бир ёқимли меҳр билан ифода этади. «Яшилгина майсалар»га лаб босиб, уларни эркалаб, она – замин олдидаги фарзандлик бурчини адо этишга уринади. Унинг баҳор ҳақидаги битикларидан ялпиз, чучмома, майсалар, жийда гулининг ҳиди анқиб туради. Гўзалликка ташналик уни далалар бағрига, ой чўмилган кечалар қаърига етаклайди».

 

Раҳмат БОБОЖОН

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси