Шарқ ва Ғарб китобот санъатини синтез қилган ўзбекистонлик “китоб доктори”


Сақлаш
16:10 / 25.10.2023 1609 0

Дижимодернизм давридан олдин, қадим замонлар – XX аср кутубхоналарида қайтариш шарти билан уйда ўқиш учун китоблар берилган. Бундай китобларнинг қайсидир бетидан чиққан қуриган чучмома, райҳон ёки лолақизғалдоқ сирли хабардай эди: аввалги китобхоннинг таассуротини навбатдаги ўқувчига етказар, гапириб берарди. Муқова совет минимализми услубида, лекин китоб ичидаги қуриган гул унга ҳаёт бағишларди гўё. У вақтлар ўтди. Бугун эса китоб графикаси тушкунлик даврини ўтяпти, назаримда. Сунъий ақл ушбу санъат тури ичига ҳам кириб келди. У интернет ичидаги элементларни сониялар ичида йиғиб, китоб орнаментини ясайди. Аммо фаҳмли кўз унда бирор нарса, нарса эмас, ҳаёт йўқлигини фаҳмлайди. Сунъий ақлнинг нафаси йўқда, куф-суф қилолмайди!

 

***

2013-2023 йилларда “Академнашр” нашриёти шоир Рауф Парфининг икки томлигини чоп этди. Китоб сотувга чиққандан кейин бир таниқли ёзувчи муқовани кўриб, “Бу китоб безагику шедевр! Лекин бу шедеврни шоирнинг ўзи кўрмагани фожиада!» деганди. Айни икки томлик Ўзбекистон китоб орнаментида катта ютуқ бўлди. Интеллектуал қатлам китобнинг жаҳон стандартларига мос келишини эътироф этди – улар жуда тез сотилиб кетди...

 

 

Муқова муаллифи Баҳриддин Бозоровнинг услуби айни китоб безагида тиниқ очилган. Ижодкор яйраб ишлаган; максимал даражада тезлик олинган, максимал даражада минималликка эришилган, максимал даражада безакдан қочилган, безакда баён услуби ноллаштирилган, натижада ичкари ташқарига сизиб чиққан. Рассом китоб безагини ҳам муаллифга юклаган. (Шоир шеър ёзгани етмайдими, яна безаши ҳам керакми?) Китоб иллюстрацияси эса шеърлар билан бирлашиб кетган. Шрифтлар кўзга кўринмайди яъни уларнинг қоғоз билан яхлитлиги, кўзни қамаштирмайди, ўқишга халақит бермайди.

 

 

 

Ўтган асрнинг 60 йиллардаги китобларда шундай ҳолни учратасиз – шрифтлар қоғоз билан уйғун, кўзни чарчатмайди, қамаштирмайди, асаб толаларини сергаклантирмайди. Бозоровнинг услубида шу омил муҳим ўрин тутади. Бугунги аксар китобларни эса кўзойнаксиз ўқиш қийин. Чунки китоб қоғози ва шрифтлар бир-бирига ёпишмайди. Ҳарфлар катта-кичиклиги ва асар маъноси ўртасидаги боғлиқликка ҳам эътибор берилмайди. Кўз сергак тортади, чарчайди, асаб толалари оғринади. Ўз ишининг устаси Баҳриддин Бозоров эса буни эътибордан қолдирмайди. Аслида шрифт танлаш осон эмаслигини рассом тайёрлаган китоблардан билиш мумкин.

 

 

 

Баҳриддин Бозоров китоб графикасида Искандар Икромовни устозим дейди. Лекин у 1972 йил Худонинг раҳматига қовушганку? Баҳриддин Бозоров бўлса шу йили туғилган. Саволимизга жавобан Бозоров “Искандар Икромов ғойибона устозим. Мактаб даврида китоб муқоваларида унинг чизганларини кўриб, меҳрим тушиб бу санъатни ўргандим. Соҳадаги жараёнга киришимга эса Ўзбекистон санъат арбоби Бахтиёр Тўраев сабабчи бўлган. Бахтиёр ака ҳозиргача ҳаётда ҳам, ижодда ҳам устозлик қилади. Улардан жуда миннатдорман”, дейди.

 

 

Ижодкорнинг ғойибона устози Искандар Икромов ўзбек китоб графика санъати мактабини яратган. У Навоий, Лутфий, Ойбек, Ғафур Ғулом китобларининг муқоваларини ишлаган. Қўлёзма китоблардаги орнамент мотивларни муқоваларга кўчиради; унинг ўсимликсимон геометрик нақшлари муқовада безанди. Бу рассом ҳақида ёзувчи Ойбек шундай ёзган:

 “Биринчи ўзбек рассом-полиграфи – китоб “доктори”, дўстимиз Искандар ишини севади. Унинг ишларидаги ҳамма штрих ва линиялардан рассом самимияти ва асарининг оргиналлиги кўриниб туради. Искандар, ҳар бир истеъдод эгаси каби, линиялар ва ранглар сирини билади. Уларга жон беради. Ҳаракатга келтиради”. Ойбекнинг бу эътирофи Искандар Икромов мактабининг давомчиси Баҳриддин Бозоров учун ҳам айтилгандай.

 

 

Баҳриддин Бозоров шарқ ва ғарб китобот санъатини синтез қилди. Шрифтлар ўйинини бойитди. Иллюстрацияда ғояни биринчи планга чиқарди. Минимализм ва бой тасвир ўртасида кўприк қолмади. Ранг-баранглик китоб графикасида одатий ҳолга айланди. Рассомнинг кўп йиллар ичида яратган асарлари кўз олдимиздан ўтганда шу каби фикрлар келади. Ижодкорнинг асарларини тўплаб кўргазма ташкил қилинса, ўзбек санъати учун ажойиб янгилик бўларди, назаримда. Катта илҳом ва истеъдод билан яратилган китоб муқовалари расмлари рамкаларга илиниб, кўргазма залига қўйилишини тасаввур қилишнинг ўзи ажойиб. Умид қиламанки, бу орзуйимиз тез орада рўёбга чиқажак.

 

Мурод ЧОВУШ,

ёзувчи

 

Ўхшаш мақолалар: Дизайнер Баҳриддин Бозоров “Ҳар бир киши ҳаётида ўқиши керак бўлган 10 китоб” тавсия қилади

 

Oyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси