Ўзбек тилининг бой ва бетакрорлигини Алишер Навоий олти аср олдин бутун дунёга исботлаган эди. Аммо кейинги даврларда араб ва форс тилларида ижод қилиш кўлами кенгайиб, ўзбек тили иккинчи даражали тилга айлана борди. Мактаб ва мадрасаларда ҳам ўзбек тили фан сифатида ўқитилмади. Бу эса тилимизни жар ёқасига келтириб қўйди. Фақатгина ХХ аср бошларига келиб, жадидлар ўзбек тилининг Алишер Навоий давридагидек мавқейини тиклашни ўз зиммаларига олди. Унинг мавқейини тиклаш, давлат тили даражасига кўтариш учун ҳаракат бошлашди.
Туркистон тараққийпарварлари биринчи навбатда ёши улуғ уламоларнинг ўзбек тили қолиб, форсчада, ёшларнинг усмонли ва татар тилида сўзлашишларини, ёзишларини танқид қилди. Жумладан, жадид намоёндаси Ашурали Зоҳирий “Садойи Фарғона” газетасининг 1914 йил 13 апрель сонида чоп қилинган “Она тили” мақоласида “Нечукки, олимларимиздан бири бирор ерға хат ёзса ёки бировға берган нарсасини хотира дафтарига ёзса ўз она тилини қўйиб форс тилида ёзадурлар. Ёшларимиз бўлсалар ўз ерликларидан бирини зиёфатиға чақуриб хат ёзсалар усмонлича ёки татарча ёзадурлар. Буларнинг сабаби ҳам равшандурки, биринчилари: ўзларининг Эрон адабиёти таъсири билан нурлаган бўлсалар, иккинчилари: татар ва усмонли адабиёти воситаси билан фикрларини очгандурлар. Шунинг учун ҳам ҳар икки гуруҳ ҳам ўзларининг “тур” олғон тарафлариға қараб тортадурларда ўз она тиллариға ҳақорат назари билан боқуб кундан кун эсдан чиқармоқға бошлайдурлар”, деб куюниб ёзади.
Жадидлар форс, араб, рус ва бошқа тилларни ўрганиш давр талаби эканини қайд қилиб, ёшларни тил ўрганишга даъват қилганлар. Аммо дастлаб она тилини билиши кераклигини таъкидлаб, ўз тилини яхши билмаган бошқаларни ҳам яхши ўргана олмайди, дея ҳисоблаган. Жумладан, Ашурали Зоҳирий Лутфий ва Навоийларнинг ўзбек тили ривожидаги хизматларини эътироф этиб, “Мавлоно Лутфий, Алишер Навоийдек зотлар қирққа яқин асарлари билан она тилимизнинг бошқа тиллардан анча бойлиғини шеърда берилғон мазмунини, мусиқадаги латофатини “Мезонул авзон” ва “Муҳокаматул луғатайн”лари билан билдурғон эрдилар”, деб ёзади.
Маълумки, биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли турк салтанати ҳудудининг катта қисмидан айрилади. Ашурали Зоҳирий ўзбек тилининг ўз давридаги аҳволини Туркиянинг йўқотилган сарҳадларига қиёслайди ва “Туркияни дўст тутқон киши жуғрофияни ўқуб кўруб, Туркиянинг шунча ерлари қўлдан чиқиб кетганига юраги ёниб жони сиқилганидек она тилиға муҳаббати бор киши ҳам Алишер Навоий асарларини ўқуб кўрганда тилимиз аввалда шунча бой ва мукаммал экан, нима қилдикки ул латофат, ул нафосатларини йўқотиб киши танимайдурғон бир ҳолға келтуруб қўйдук деб оҳлар тортур”, деб таъкидлайди.
Ашурали Зоҳирий халқни тил муҳофазасига чақиради: “Нечукки, ҳар бир инсоннинг жонидан азиз нарсаси дин ва миллатидур, дин ва миллатни муҳофазати ҳам ҳар инсонға вожибдур. Уни муҳофазати она тили муҳофазати билан бўлур. Қачонки бир миллат тилини йўқотса, ул вақт динини ва миллатини ҳам йўқотур. Бунинг бирлан миллат ўзини дунёда борлиғини билдуруб она тилида ўқутмоқ ва таълим бермоқ масалалари чиққанда ўзиға айрим тили борлар қаторидан ҳисоблануб, тили йўқлар қаторига кириб қолмас”.
***
Жадидлар илк бор янги усул мактабларида ўзбек тилида ўқитишни кенг жорий қилдилар. Форс ва араб тилидаги дарсликлар ўрнини ўзбекча ўқув қўлланма ҳамда дарсликлар билан босқичма – босқич тўлдириб бордилар. Туркистон жадидчилик ҳаракатининг таниқли намоёндаларидан бири Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йил 4 июль сонидаги “Тил ҳам дин” мақоласида “Ўзимизнинг она тилимиз ила мактабларимизда дин ўқутмак ниҳоятда фойдали ва шояд керакли бир тадбирдир. Мусулмон болаларини дин руҳи ила тарбия қилмак ва қалбларига иймон ва аркони исломияни сингдурмак учун бундан фойдали тадбир йўқдур. Тилимизнинг энг керак ери ҳам шул масаладир”, деганда айнан ўзбек тилини мактабларда жорий қилинганини назарда тутган эди.
Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасининг 1915 йил 19 февраль сонида чиққан “Тил ва имло масаласи” номли яна бир мақоласида матбуот ҳамда адабиётнинг яхши тил ва имлога муҳтожлиги масалалари ҳақида фикр юритади. Одам боласи сўзлашиш учун тилга қанчалик муҳтож бўлса, матбуот, адабиёт ҳам яхши имлога шунчалик муҳтож, деб ҳисоблайди. У ўзбек тилини ривожлантириш борасидаги ҳаракатлар суст кетаётгани, мактаб муаллимлари имло масалаларига жиддий эътибор қаратмаётгани, матбуотда тил-имло бўйича жиддий муҳокамалар бошланмаганидан афсусланади.
У мактаб ва мадрасаларда ўқитиш тили ўзбек тили асосига қурилмагани, ўқувчиларга фанлар араб, форс тилларидаги дарсликлар, ўқув қўлланмалардан ўқитилиши, бу ҳолатнинг ҳамон давом этаётгани, сўзлашувда, ёзувда араб ҳамда форс тилидаги сўзлардан фойдаланиш ўзбек тили нуфузининг пасайишига хизмат қилди, деб ҳисоблайди: “Она тилида ҳеч бир дарс ўқутулмади. Зотан ул мадрасаларда дунёда таҳсил ва таълим шундан иборат деб ўйланур эди. Бас она тилининг қиймати илмий доираларда кундан-кун камайди. Она тили илмий ишларда истеъмол қилинмади, шунинг учун унинг саломатлигига эътибор қилган киши ҳам бўлмади. Истеъмолдан маҳрум қолғон бир нарсанинг бекор туруб кундан-кун унутулмоғи ва аҳамиятдан тушуб ниҳоят бутунлай битмоғи маълум бир ҳақиқатдир. Шунинг учун она тилимиз ҳам йилдан-йил заифланди. Ўқуғанларимиз тил бузулмоғига хизмат этдилар. Арабий ва форсий қанча луғат билсалар шуни бир фазилат санаб тилларига қабул этдилар. Кўп нарсаларға ҳеч бир узрсиз арабча ва форсча исмлар қўйдулар. Шул тариқа тилимиз бузилди. Ва истеъмолдан маҳрум бўлуб кўп сўзларимиз унутилди. Туркистон боласи уялмади. Ўзининг энг чиройлик сўзларини тилидан қувлаб чиқарди. Бўш қолғон жойларга ўгай болалар кетуруб ўтурди. Энди ҳозирда биз тилсиз қолдук. Сарф ўз тилимиз ила мақсадимизни англатмакдан ва бир керакли нарса ёза билмакдан маҳрум қолдук”.
Абдурауф Музаффарзода туркистонликларни ўзбек тилининг XV – XVI асрлардаги обрўйини тиклашга чақиради. Бу ишда мактаб ўқитувчилари асосий вазифани бажарувчилар эканини таъкидлайди. Мактабда болаларга она тилида ўқиш ва ёзишни ўргатиш, имло масалаларига жиддий қараш зарурлигини уқтиради: “Туркистондаги сонлари маҳдуд бўлғон мактабларининг бошида ўтурғувчи, очиқ фикрли муаллим афандиларимиздан, биз бундан яна неча қувват улуғ ва оғир ишлар ва ниҳоятда муҳим ва миллий бўлғон хизматлар кутмакдамиз. Ва уларнинг қобилият ва истеъдодларига ишанмакдамиз. Мазкур тил ва имло масаласи ҳам шул умидли муаллим афандиларимизға тақдим этиладур”.
Абдурауф Музаффарзода жадидларнинг тил-имло борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтади: “Миллат болалари ХХ аср таъсири ила ўзларининг она тилларини ҳам таниб шул тилнинг иззатини, ўзларига яқинлигини тушуна бошладилар. Энди китоблар ёзганда ва умуман қалам истеъмолида она тилларини қурол этмакдадирлар. Ҳам шундай бўлмак лозимдир. Биз бундан сўнг онгли ва идрокли ёшларимизнинг бу масалага яна жиддийроқ қарамакларин умид этамиз”.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Абдурауф Музаффарзоданинг “Ҳозирда бизлар учун энг муҳим масалалардан бири, шубҳасиз, тил масаласидир. Биз Туркистон турклари она тилимиз бўлғон туркий тил билан бирга яшашимиз ва тилимизни ўз ҳаётимиз ва ўз ҳуқуқимиз билан баробар муҳофаза этишимиз керак”, деган фикрлари бугунги кун учун эскирмаган ҳақиқатдир.
***
Жадидлар ўз мақсад ва ғоялари тарғиботчиси бўлган даврий матбуотнинг ҳам ўзбек тилида бўлишини таъминлашга интилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий газета ва журналларнинг ўзбек тилида юритилиши зарурати ҳақида “Туркчанинг шўъба ва шохлари бўлган ўзбекчиғатой, татар, озарбойжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масалаларидур”, деб таъкидлайди. Гарчи ўзи “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ўзбек ҳамда тожикчада чоп этса-да, Туркистон аҳолисининг катта қисми туркий тильда гаплашишини инобатга олган ҳолда матбуотнинг ўзбек тилида юритилишини қўллаб-қувватлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек, татар, озарбойжон, қозоқ ва туркман тилларини туркий тилнинг лаҳжалари деб атайди. Бу тильда сўзлашувчи “турк болалари бир-икки минг санадан бери Эрон халқининг уларға ва ёки уларни эронийларға истило этганлари сабабидан форс маданияти ва адабиёти ва луғатлари нуфузиға маҳкум бўлуб, форс тилидан бир хийла луғат ва жумлаларни хоҳу нохоҳ абадий ва доимий суратда олганларки, у жумла ва луғатлардан бир қисмини туркий лаҳжалардан чиқориб ташламоқ гўё мумкин эмасдур. Ва бир қисмини муродифи туркчадан топилмаслик даражада ғойиб бўлгандур”, деб таъкидлайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий минг йиллар давомида ўзбек тилига қоришиб кетган араб, форс тилларидаги сўзлардан воз кечиш имконияти йўқлигини айтиб, имкони борича араб ва форс тилидаги сўзларни камроқ қўллаш кераклигини тавсия қилади. Газета ва журналларда арабча сўзлар ўрнига туркий сўзларни қўллаш керак, дейди: “Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ўрнида илмлар, фанлар, олимлар, қозилар деб ёзингиз”.
Жадидлар ўзбек тилининг иккинчи даражали тилга айланиб қолганининг асосий сабабларидан яна бири Туркистоннинг Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши, деб ҳисоблаган. Жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган ёрқин вакилларидан Ҳожи Муин “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1918 йил 16 июль сонида эълон қилинган “Тил масаласи” мақоласида “Россия империясининг асосий мақсади бизнинг тилимизни унуттириш, бутун рус бўлмаган халқларни руслаштиришдан иборат эди”, деганида ҳақ гапни айтган эди. Шунингдек, у ҳукумат идораларида иш юритишнинг рус тилида олиб борилаётганига қарши чиқиб, Туркистон аҳолиси учун тушунарли бўлган ўзбек тилини расмий тил сифатида қўлланилишини талаб қилиб чиқади.
1919 йилда Абдурауф Фитрат Тошкент шаҳрида “Чиғатой гурунги”га асос солади. Бу ташкилотнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири туркий тилнинг дунё тиллари орасидаги юқори мавқейини кўрсатиб бериш эди. “Чиғатой гурунги” аъзолари Х асрлардаёқ ёзилган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб асарларини Туркистондаги турли даврларда ёзилган нусхаларини топишди. Улар “Девони луғотит турк” ва “Қутадғу билиг” асарларини таҳлил қилиш орқали ўн бир аср олдин ўзбек тили мукаммал, илмий ва адабий тил эканини кўрсатиб беришади.
***
1921 – 1923 йилларда Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятида маориф нозирлиги умумий ишлар бўлими мудири лавозимида фаолият юритган Маҳмуд Субоҳ ҳам ўзбек тилининг ҳимоячиларидан эди. 1921 йил Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ҳукумати томонидан ўзбек тилини давлат тили сифатида қўллаш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган ва унга кўра ҳукумат идораларида ким ўзбек тилида иш тутмаса, жаримага тортилиши белгиланган. Аммо қонун қабул қилинганига бир йил бўлган бўлсада, ҳукумат идораларидаги ҳужжатларнинг ярми рус тилида юритилаётганлигига Маҳмуд Субоҳ жим қараб тура олмаган. Ўзининг “Бухоро ахбори” газетасининг 1922 йил 2 ноябрь сонида эълон қилинган “Тил масаласи” мақоласида тил софлигини сақлаш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини ёзаркан, “Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур. Шу тил билан унинг адабиёти негизланган, қалбининг теран ериндан ўрин топғондур”, дейди.
Аммо Туркистонда большевикларнинг мустаҳкамланиб бориши билан Туркистон аҳолисининг тили, дини, тарихини унуттиришга бўлган ҳаракатлар кучайиб борди. Бу эса ўз навбатида миллат ойдинларининг доимий равишда мустамлака тузумга мухолифатда туришига сабаб бўлди. Улар ўзбек тилининг мавқейини тиклаш йўлида тинимсиз курашдилар. Мустамлакачи ҳукумат эса ўз тили, миллати, дини ва тарихини яхши кўрган жадидларга “хавфли унсур” сифатида қараб уларни маънан ва жисмонан йўқ қилиб юборди. Аммо тил миллатнинг қонида оқаркан, уни йўқотиш осон бўлмайди. Советларнинг қилган барча қирғинлари, босқинлари ва адолатсизликлари ана шу ҳақиқат олдида ожиз қолди.
Дилноза ЖАМОЛОВА
ЎзРФА Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари
Oyina.uzни телеграмда кузатиб боринг
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ