Инсониятнинг дунё ҳақидаги илк тушунчалари – архетиплар “Гўрўғли” достонида қандай тасвирланган?


Сақлаш
18:10 / 19.10.2023 369 0

“Архетип” сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, архе – ибтидо ва тайпес – образ маъноларини англатади. Бу тушунча дастлаб Афлотун, сўнг Августин томонидан илоҳиётга доир атама сифатида қўлланилган. “Архетип” – бу янги атама эмас, – дейди Карл Густав Юнг ўзининг “Руҳ ва афсона” китобида, – чунки у ҳатто Августиндан олдин ишлатилган ва классик “ғоялар” тушунчаси билан синонимга эга эди. Демак, айтишимиз мумкинки, архетип инсониятнинг дунё ҳақидаги, тириклик ҳақидаги дастлабки тасаввурлари, дастлабки ибтидоий образларидир. Бу тасаввурлар инсониятнинг онгости сезимлари натижасидир. Шундан келиб чиқиб, архетипни инсон руҳиятида яшаб келаётган энг қадимги даврлардан бери дунёни қабул қилиш билан боғлиқ умумий тасаввурларнинг ягона моделидир, деб таърифлаш мумкин. Яъни архетиплар авлодлардан авлодга ўтиб келаётган онгимиздаги дунёни қабул қилиш шаклларидир. Архетиплар асосан инсонларнинг тушлари, илк тасаввур маҳсули бўлмиш мифлар, фольклор намуналари ва бадиий асарларда учрайди. Ўзбек фольклорида ва адабиётида архетиплар турли образ, мотив, сюжет кўринишида учрайди.

 

Ўзбек фольклоридаги архетипларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:

Архетип образлар: архетип образларнинг энг кенг тарқалган типи – эпик қаҳрамон типи. У қуйидаги кўринишларни ўз ичига олади.

 

Эпик қаҳрамон типи

 

1. Асосий қаҳрамон

         Алп

     Антиқаҳрамон

2. Кўмакчи қаҳрамон

  Эпик от, Дўст\рақиб

      Ёр

3.Воситачи қаҳрамонлар

 

     Ҳомий эранлар

-

Архетип мотивлар.

 

Архетип сюжет.

 

Архетип тасвирий воситалари. Мазкур тасниф ўзига эпик формулаларни қамраб олади. Эпиc формулаларнинг ўзини эса қуйидагича гуруҳларга ажратиш мумкин:

 

Доимий эпитет, рамз, тимсол, кўчимлар

Анъанавий турғун шеърий қолиплар

Анъанавий эпик тасвирлар

 

Мана шу таърифни асослаш ва у воситасида таҳлил қилиш учун “Гўрўғли” достонлари туркумига кирувчи “Гўрўғлининг туғилиши” ва “Гўрўғлининг болалиги” достонларини таҳлилга тортдик. “Гўрўғли” достонидаги архетип образлар таҳлилига ўтишдан олдин фольклордаги образ тушунчасини изоҳлаб ўтамиз: “Образ – Қиёфа. Бадиий асарларда воқеаларни ҳаракатга келтирувчи тил ва характерлар образлар орқали намоён бўлади”. Образлар адабиётшунослик илмида асарда тутган ўрни ва вазифасига қараб персонаж, бош образ, иккинчи даражали образ, характер, тип каби терминлар билан ифодаланади.

 

Фольклордаги архетип образларни эса асосий қаҳрамон, кўмакчи қаҳрамон ва воситачи қаҳрамонга бўларканмиз, фольклоршунос олим Шомирза Турдимовнинг “Гўрўғли” достонларининг генезеси ва тадрижий босқичлари” китобидаги таснифга суянамиз. Фольклордаги етакчи архетип образларнинг шаклланиши бевосита мифологик асосга бориб тақалади. Айни шу жараён “Гўрўғли” туркумига кирувчи достонлар бош образи – Гўрўғли учун ҳам хос. Гўрўғлининг мифологик асоси календарь мифлари қаторига кирувчи қуёш туркуми мифларига бориб тақалиши ўрганилган. Фольклорда миф ва архетип айни бир тушунча деб таърифлаган қатор олимлар мавжуд. Психоанализ мактаби архетипни инсоннинг ҳаётий циклига мос ўрганади. Асосий архетипларнинг бола, ота-она, соя, қаҳрамон ва ўзлик деб аталиши ҳам айни шу жараённи ифода этади. Яъни бир инсоннинг туғилиб онгсизлик ҳолатидан онгли, англаган ҳолга келишини – хаосдан космосизацияга ўтишини айни шу архетиплар мазмунан ўзида қамрайди, деган фараз илгари сурилади. Айнан бу ҳолат мифга ҳам хос, аммо у бир инсоннинг шахсий онгсизлик ва онглилик даражасини эмас, табиат, воқелик ижтимоий ҳаётдаги хаос устидан космос ғалабасини акс эттиради ва унинг асоси фольклордаги энг асосий миф бўлмиш – яралиш мифига бориб тақалади.

 

 

Оламнинг яралиши халқлар мифларида қаҳрамоннинг ўз-ўзидан туғилиши, Ер ва Осмоннинг ажралиши, тўфон каби бир неча архетип мотивларида ифодаланади. Яралиш мифи ўз-ўзидан қаҳрамоннинг туғилишини тақозо этади. Чунки яралиш мифи динамикасининг асосини ташкил қилувчи мотив ҳам бу қаҳрамоннинг йўли – хаос устидан ғалабасидир. Психоанализ мактабидан фарқли фольклорда архетипларни фасллар циклига мос тасниф этиш таклиф қилинган. Мақолада Гўрўғли архетип образи шаклланишини фасллар циклига мувофиқ мифологик мотивлар ёрдамида кўриб чиқамиз. Гўрўғли образининг ўзбек фольклоршунослигида қуёш туркуми мифларига бориб тақалиши ўрганилгани, қуёш туркуми мифларида эса қаҳрамон йўли фасллар циклига мос шаклланиб бориши айнан шу йўлдан боришимизга асосдир.

 

Нортман Фрайга кўра, фасллар циклида баҳор ҳаёт циклидаги туғилиш аналогиясига тўғри келади, ўз навбатида, мифологияда бу қаҳрамоннинг туғилиши ҳақидаги мотивни юзага келтирган – Гўрўғли қабрда туғилади. Архетип символ сифатида қабр – зиндон, тоғ, дарё, кўл каби символлар икки дунё туташган жойни ифода этади. Демак, яралиш ва туғилишни икки оламнинг ўзаро туташуви тарзида талқин қилиш мумкин. Қуёш туркумига кирувчи миф сифатида Гўрўғлининг еростида туғилиши қиш – зулматдан чиқиб баҳорнинг бошланиши рамзидир. Ўлиб тирилувчи табиат рамзи барча қуёш туркумига кирувчи мифларнинг асоси саналади.

 

Ўлиб тирилувчи табиат мотивининг яна бир аналогияси эса хаос устидан космос ёки аксинча бўладиган ҳолатдир. Ўлиб тирилувчи табиат мифларида қиш устидан баҳор ғалабаси ёки баҳор (ёз) устидан қиш ғалабаси асосий ўзак мотивдир. Бу ўзак мотив мифда қаҳрамоннинг антиқаҳрамон билан кураши сифатида баён қилинади. Шунинг учун деярли барча архетип қаҳрамонларнинг ўзига куч жиҳатидан тенг келадиган рақиби – антиқаҳрамон мавжуд. Уларнинг кураши ўлиб тирилувчи табиат билан боғлиқ мифларда ҳам асосий динамикани шакллантириб беради. Табиат фасллари, ҳаётий цикллар доимий алмашиниб боргани сингари мазкур турга кирувчи мифларда ҳам гоҳ қаҳрамоннинг, гоҳ антиқаҳрамоннинг қўли баланд келиши азалий қонун, илмий тильда айтганда эса архетипик жараёндир. Гўрўғли архетип образининг антиқаҳрамони эса достонда Райҳон Араб сиймосида гавдалантирилган. У достонда қиш тимсолини ўзида мужассамлаштирган. Туғилиш баҳорни англатиши, шарқ халқларида эса баҳорий тенгкунлик Наврўз байрамига тўғри келиши, шундан келиб чиқиб Гўрўғли образининг мавсум-маросим фольклорига бориб тақалиши Шомирза Турдимовнинг юқорида кўрсатилган китобида ўрганилган.

 

Айтиш мумкинки, “Гўрўғлининг болалиги” достонида ҳам қаҳрамон ва антиқаҳрамон кураши асар асосини ташкил қилиб турувчи асосий архетип мотивдир. Достонда Гўрўғли ҳаётининг асосий цикли ёз фасли билан уйғун тарзда тўлиқ очиб берилган. Ёз ҳаётий циклдан ёшлик, ўсиш аналогиясига, мифологик мазмунда эса қаҳрамоннинг триумфи, ғалабаси ҳақидаги мотивга уйғундир. Гўрўғлининг ўзга юртда туғилиб така-ёвмит элига қайтиши, Аҳмад Сардорга ўғил тутиниши, Аҳмад Сардорнинг хотинини олиб қочган Райҳон Арабдан ўч олиш мақсадида унинг қизи Зайдинойни ўғирлаб, Аҳмад Сардорга хотинликка бериши – Гўрўғлининг илк триумфи, илк ғалабаси – ўлиб тирилувчи табиат ҳодисасига мувофиқ Қуёшнинг энг қувватли даврига киргани тимсоли эди. Демак, ор олиш мотивини қиш устидан етилган қуёшнинг илк ва ишончли ғалабаси деб талқин этиш мумкин. Шунингдек, Гўрўғлининг Зайдинойни олиб қочишига қаҳрамонлик мифларидаги инициациал жараён тарзида қараш мумкин. Гўрўғли Зайдинойни олиб қочиши баробарида ўзининг илк синовидан ўтди ва энди унинг ҳаёти, фаолияти ижтимоийлик касб этишни ҳам бошлайди. Бу мазмун унинг ўлган ҳукмдор Урайхон ўрнига така-ёвмит ҳукмдори қилиб кўтарилиши, шунингдек, Хизр бошлиқ илоҳий кўмакчилар бир шаҳар пайдо бўлиши ва Гўрўғли унда бош бўлишини башорат қилганида ҳам кўринади.

 

 

Кўплаб халқларнинг мифологиясида инициациядан ўтган қаҳрамон ёрга эга бўлиши, ёр учун кураш ҳам инициацил жараённи ифода этиши ўрганилган. Гўрўғлининг Зайдинойни Аҳмад Сардорга бериши, у учун курашни ҳам айни шу сатҳга қўйиш мумкин. Қолаверса, Гўрўғли эпик ҳомийлари маконидан парилар билан қайтиши унинг тақдирланганидан далолат эди. Достондаги Зайдинойни олиб қочиб, Аҳмад Сардорга хотинликка берилишини дунё фольклорида кенг тарқалган ёр учун кураш мотиви сирасига киритиш ўринли деб ўйлаймиз. Мазкур кураш мотивида эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳат шуки, ёш Гўрўғлининг қувватга кириши унинг антигонисти бўлган Райҳон Арабнинг заифлашувини англатади. Архетипик аналогияга кўра, ёз (баҳор) қувватга тўлиб, қиш (куз)нинг заифлашгани хаос устидан космос, тун устидан кун, ўлим устидан ҳаёт ғалабасини ифодалайди. Кўринадики, мангу қарама-қаршилик, ҳаётнинг доимий диалектикаси архетипик дунёқараш учун асосий таянч вазифасини ўтайди. Архетипик қарашдаги мазкур диалектика ҳаёт ва фасллар цикли учун, инсоннинг онгсиз ҳолатдан англаб бориш босқичи учун ҳамда мифологик ва бадиий асарлардаги воқелик динамикаси учун ҳам бир хил хос. Мифологияда, қаҳрамон йўли ёритиладиган эртаклар, эпос ва кўпчилик бадиий асарларда мана шу диалектикани кўрсатиш учун доим қаҳрамонга қарама-қарши куч – антигонистнинг борлиги муҳим ўрин тутади. Шу сабаб архетип образларни типларга ажратишда биз алп типига параллель равишда антиқаҳрамон, ғайриқутбни ҳам айни бир устунга қўйдик.

 

***

 

Мифологик тасаввурга кўра, мифлардаги қаҳрамонлар энг бошида худолар ва руҳлар бўлган. Яралиш мифларининг барчаси, шунингдек, ўлиб тирилувчи табиат билан боғлиқ календарь мифларида худолар ва ҳомий руҳлар энг бош образ бўлган. Айнан худо ва ҳомий руҳлар образи кейинчалик ижтимоий ҳаётдаги қаҳрамон архетипига эврилган. Бундан келиб чиқиб Гўрўғлини илк асосда Қуёш Худоси, унинг антигонисти бўлган Райҳон Арабни эса Қиш (Зулмат) Худоси бўлган деб тахмин қилишга асос бор. “Гўрўғли” исмининг қуёшга, оловга бориб боғланишини ҳам фольклоршуносликда асосланган.

 

 

Миф – бу маросимнинг вербал коммуникациядаги формаси эканидан келиб чиқсак, “Гўрўғли” эпосидаги воқеалар Қуёш Худоси учун қилинадиган мавсумий маросимларнинг бадиий англами деган хулосага келиш мумкин. “Гўрўғли” эпосининг мавсум-маросимни ифодалаган мифдан эпосга эврилишида айнан антиқаҳрамон билан кураши ўзак асоси саналади. Бу шунчаки эмас, катта ижтимоий воқеликни акс эттирган, ўз навбатида катта ижтимоий-сиёсий курашдир. Эпосда алп қаҳрамонлар авлодни, қабилани, оилани ҳимоя қилиш учун курашга киришади. “Гўрўғлининг болалиги” достонида Гўрўғли ўзи ва оиласи шаъни учун жангга киришса, эпоснинг бошқа достонларида Райҳон Араб энди бутун бир юртига хавф солгани учун курашга отланади. Алпнинг асосий миссияси бўлмиш ижтимоий-сиёсий жиҳатдан хаосдаги элини космисизация жараёнига олиб келиш учун кураш “Алпомиш” эпосида “Гўрўғли”га қараганда яққол кўзга ташланади. Шунга мувофиқ, “Алпомиш” достонида антиқаҳрамон, рақиб каби қарши турувчи кучлар линияси бўртиб кўриниб турибди: Алпомишдай Алпга тенг кучли антогонист – Сурхайл кампир образида жамланган.

 

***

 

Эпосда асосий архетип образлар билан биргаликда кўмакчи архетип образлар ҳам сюжет мотивларни шакллантиришда фаол иштирок этади. Улар қаҳрамонни курашга ундайди ёхуд курашнинг асосий сабабчиси бўлади ёки кураш тақдирини ҳал қилувчи кўмакни кўрсатишади. Эпосдаги кўмакчи архетип образлар – ёр, от, ҳомий эранлар қиёфасида кўринади. Эпосдаги асосий мотивлардан бирини – кураш архетип мотиви деб оладиган бўлсак, қаҳрамоннинг кураш йўлини айни образларсиз тасаввур қилиш қийин. Е.М. Мелетинский ўзининг архетипларга оид ишида эртак ва эпослардаги ёр ва кўмакчи қаҳрамонларни илк мифологик асосда тотем билан боғлиқ тасаввурга бориб уланади деган фикрни олға суради. Фольклоршунос олим Шомирза Турдимов Гўрўғли эпосидаги ёр образи (Мисқол, Юнус парилар) кўк қизи, она мотиви эса бевосита ой тимсоли билан боғлиқлигини айтади. Ҳар икки олим фикрида кўринадики, эпосдаги аёл образлар – она, ёр мифологик асосда шунчаки қиз ёки аёлни ифода этмай, илоҳий сифатга эга деб қаралган – улар илоҳий кучларнинг тимсоли вазифасини ўтаган. Айни шу ўринда бу эпосдаги ёр ва она образларини кампир архетип образи остида бирлаштиришни лозим топдик. Мазкур фикрга келишимизда “кампир” сўзининг шомонлик динидаги “қам” сўзидан ҳосил бўлгани, “пир” эса “ҳомий” маъносига эга экани ҳақидаги фараз туртки бўлди. Қозоқ фольклоршунос олимаси Зира Наурузбаева таъбирича, кампир сўзи – аслан қам-шомон етакчи аёл коҳинни ифодалайди – бир сўз билан айтганда, матриархат давридаги қам-шомонлик динининг бош шомонидир. Айни шу асосга таяниб, “Гўрўғли” эпосидаги Ҳилолой (ой тимсоли), парилар (Ер ва кўк қизлари) каби образларнинг илоҳий сифатларга эга деб англангани, шунингдек, “кампир” – бош коҳин ҳам дунёлар ўртасида алоқачи вазифасини ўтагани, функцияси жиҳатдан бу образлар бир умумий асосга эга деган қарор бор бизда. Қолаверса, ҳар бир образ архетип даражасига кўтарила олмайди. Аммо ўзбек фольклорида кампир образи архетип даражасига кўтарилганини кўриш мумкин. Келтирилган барча манбаларда кампирлар ғайритабиий сеҳрли кучга эга образ сифатида тасвирланган. “Кампир” истилоҳли образни архетип образ деб атар эканмиз, бунда сўзни биз ҳозир тушунадиганимиз каби ёши ўтган кекса аёл деб эмас, балки илоҳий ғайритабиий кучларнинг тимсоли бўлган аёл образи деб қараш мақсадга мувофиқ.

 

Кўмакчи образлар архетипига кирувчи от, ҳомий эранлар ҳам эпосда муҳим ўринга эга, чунки улар қаҳрамоннинг мақсадга эришиш йўлида фаол таъсир кўрсатади. Ҳомий эранлар кўпинча чол қиёфасида ифодаланади эпосда. Мисол тариқасида, “Алпомиш” достонида учровчи Шохимардон пир, Қултой каби образларни олиш мумкин. “Гўрўғли” достонида эса бош ҳомий Хизр, шунингдек, Соқибулбул сайис ҳам ҳомий эран образида келади. Улар қаҳрамонга ёрдам ва мадад берувчи, адашганда тўғри йўл кўрсатувчи образлардир. Архетиплар орасида Ўзлик архетипи энг муҳим аҳамиятга эга ва улар донишманд тимсолида келади. Шундан келиб чиқиб ўзбек фольклор асарларида учровчи яна бир асосий архетип образ – Донишманд чол архетипи дейиш мумкин. Ўзбек фольклоридаги Донишманд чол архетипига хос бўлган энг ёрқин жиҳат – бундай образларнинг бевосита илоҳий қудрат ва қувватга эгалигидир, шу сабабдан улар эпосда ҳомий эран даражасига кўтарилади.

 

Тилланисо ЭШБОЕВА,

Филология фанлари бўйича PhD

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

Фольклор атамалари қисқача луғати. Урганч: .., –2007. –Б.

Гўрўғлининг туғилиши. Достон / Айтувчи: Муҳаммадқул Жомрот ўғли Пўлкан. Нашрга тайёрловчи: М.Муродов. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1967. – 328 б.

Мелетинский Е.М. О литературных архетипах. – М.: Российский гуманитарный университет, 1994.

Турдимов Ш. “Гўрўғли” достонларининг генезис ва тадрижий босқичлари. – Тошкент: Фан, 2011.

Юнг К. Г. Архетип и символ. – Москва: Ренессанс, 1991.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси