Адабиёт
Бухоро Чор Россиясининг ярим мустамлакасига айлантирилгач, амир Музаффархон валиаҳдликка биринчи даъвогар бўлган Абдимўминхонни эмас, унинг укаси Абдулаҳадхонни тахтга муносиб кўради. Амир Абдулаҳадхон Бухоро амирлигининг иқтисодий тараққиёти учун Россия империясидан ташқари Европа мамлакатлари билан ҳам алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Айниқса, қоракўл териси савдосини йўлга қўйиш учун Буюк Британия, Франция банкларига катта миқдордаги маблағларни киритади. Амир бунёдкор аждодлари анъанасига содиқ ҳолда Бухорода кўплаб қурилишларни амалга оширди. Шербедин саройи, Ситораи моҳи Хоса буларнинг ёрқин намунасидир. Унинг ҳукмронлик йилларида Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварада, Шом, Миср, Сурия ва Ироқда работлар, меҳмонхоналар барпо этилди. Бу бинолардан ҳали ҳамон муқаддас шаҳарларга зиёрат учун борувчи мўмин мусулмонлар фойдаланишмоқда.
ХIХ асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, бирорта масжид бўлмаган. Шаҳар мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ йиғилган пул ер сотиб олишга ҳам етмайди. Амир Сайид Абдулаҳадхон бундан хабар топгач, хазинасидан масжид қурилиши учун катта миқдорда маблағ ажратади ва 1910 йил 3 февраль куни шахсан масжиднинг биринчи ғиштини қўяди. Амирнинг шеърият ва адабиётга ихлоси баланд бўлиб, ўзи ҳам “Ожиз” тахаллуси билан ижод қилган. Ҳожи Неъматулло унинг топшириғи билан ёзилган “Тазкират ул-ашъор” асарида “Ожиз” тахаллусида битилган шеърларидан намуналар келтирган.
***
Абдулаҳадхоннинг тўнғич ўғли Олимхон 1881 йил Кармана шаҳрида дунёга келган. Олимхон илк сабоқларни сарой муаллимлардан, сўнг Бухоро мударрисларидан олди. 1893-1896 йиллар эса Петербургдаги Николаев пажлар корпусида таҳсилни давом эттиради. 1898 йилдан Қарши шаҳрида ҳоким бўлиб, маҳаллий қоракўл савдоси эгаларини маърифатни қўллаб-қувватлаш учун ташвиқ қилади. Натижада 1905 йил Қиличбой, 1906 йил Бекмир Қозоқ, 1909 йил Абдулазиз мадрасалари қуриб ишга туширилади. Уларга Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тараққийпарварлик ғоялари билан қуролланган шогирдлари мударрис сифатида жалб этилади. Ҳатто, Бекмир Қозоқ мадрасасида қизлар таҳсили ҳам йўлга қўйилади. Олимхон Қаршидан сўнг бир муддат валиаҳд сифатида Кармана беклигида ҳоким бўлди. Отаси вафотидан сўнг 1910 йил 24 декабрда Бухоро тахтига ўтирган Олимхон дастлабки кунларидан ўзини ислоҳотчи амир сифатида кўрсатди. Мамлакатда маорифни қўллаб-қувватлаш, тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдабабозликларга, порахўрликка чек қўйиш, аҳолининг ариза ва шикоятлари учун имкониятларни кенгайтириш йўлидан боради. Бухоро ва атроф бекликларда ҳам қурилиш ишлари авж олдирилди. Аввал ўзининг Олимхон мадрасасини қурдирди, “Ситораи Моҳи Хоса” ёзги саройини якунлаб, унда улкан ҳовуз, Ғозғон мармаридан фонтанлар, хилма-хил ҳайвонлар ҳайкалларини ясаттирди. Моҳи хосса боғини дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган анвойи дарахтлар, гуллар билан безатди. Халқаро қоракўл савдосини янада ривожлантириш мақсадида 1914 йилда ўз вакилларидан Тўрақулбой даллол, Қори Музроб, Қори Муҳаммадлар орқали ўн уч минг беш юз дона қоракўл терини Британия Ҳиндистонига юборади.
Биринчи Жаҳон уруши бошланиши билан Россия империяси давлатнинг ягона сув манбаи бўлган Зарафшон дарёсини тўсиш ҳамда “Ёш бухороликлар”нинг норози қатламидан фойдаланиб амирликка босимни орттира боради. Натижада амир Рус императорига катта миқдорда пул юборишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига Николай II уни генерал – лейтинант ҳарбий унвони билан тақдирлайди. 1915 йил декабрда ўзининг генерал – адъютанти қилиб тайинлайди. Солиқларнинг ортиб бориши, иқтисодий қийинчиликлар ортидан аҳолининг Амир Олимхондан норозилиги ортиб борди. Айни пайтда Февраль буржуа инқилоби ортидан Романовлар сулоласи ҳокимиятдан ағдарилди. Ҳокимиятга келган большевиклар Бухоро амирлигига ҳам ўзининг мулки сифатида қарай бошлайди. 1917 йил апрель ойида амир “Ёш бухороликлар” талаби билан Манифест қабул қилди. Бироқ, миллий муроса юз бермади. “Яшасин Амир!”, “Яшасин Бухоро!” деган қийқириқлар билан бошланган намойиш амир саройидаги айрим хоинлар ва уларнинг Когондаги хўжайинларининг хизмати сабаб куч билан бостирилди. Хайрли тадбирлар ниҳоясига етмай қолди.
1918 йил мартда Туркистон Мухториятини қонга ботирган большевиклар гўёки “Ёш бухороликлар”нинг илтимосига кўра Бухорога очиқ юриш бошлади. Тарихда “Колесов воқеаси” деган ном билан қолган бу ҳодиса амалда большевикларнинг нақадар лабзсизликларини исботлади. Амирнинг ультиматумни тўлиқ бажарганига қарамай, кўҳна Бухорони снарядлари тугагунча тўпга тутдилар. Қўмондон Мирзо Шамс ўлдирилди, амир хазинаси илинжида гўзал Шербедин саройи вайрон қилинди. Чоржўй кўприги бузилиб, темир йўллар ишдан чиқарила бошлаганини эшитган ялангоёқлар қўшини Когондаги бор дўконларни, банкларни талаб, ўликларнинг киссаларини, кийимларигача тунаган ҳолида ортга қайтдилар. Бу уруш халқнинг мислсиз қурбонлар бериши ортидан тўхтатилди. Бундан амир нақадар доғули, ёвуз душманга дучор келганини билган бўлса, большевиклар амирликнинг ожизлигини, на қурол ва на у билан ишлай оладиган кадрлари йўқлигини билиб қайтдилар.
***
1918 йилнинг баҳоридан Фарғонада эрк ва озодлик йўлига жонини тиккан катта Эргаш, Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбеклар тезда танилди. Бир вақтлар Афинада ҳарбий атташе, Германия фронтидаги 6-рус армияси корпуси раҳбари бўлган генерал Муханов Муҳаммад Аминбекни қўллаб, ҳатто Муваққат ҳукумат ҳам тузишга эришди. Мухановнинг ўғли Қошғарга борди. Бироқ, собиқ мустамлакачи ва мутенинг нафрати, тенгсизлик бу ишнинг ҳам муваффақиятли якун топишига имкон бермади. Қолаверса, Англиянинг Қошғардаги вакиллари Александр Бейли, Эссертонлар Тошкентга келиб воқеъликка унча қизиқиш билдирмади. Афтидан юз минглаган қизил аскарга қарши бунчалик узоқ қуруқлик йўлидан қурол етказиб бир муваффақиятга эришишига ишонишмаган. Амир озгина вақтдан фойдаланиб ўзининг мудофаа масаласини ҳал этишга киришди. Қуролланиш учун хазинадан 36 млн фунт-стерлинг миқдорида пул ажратишини, керак бўлса яна пул беришини маълум қилади. Бироқ, бобоси Музаффар замонидагидек халқаро вазият чигал эди. Жаҳон уруши эндигина тугаган иқтисодий таназзуллар ва урушдан безган дунё амирликни асраб қолишга шошилмади. Бундан хабар топган большевиклар зудлик билан ҳарбий амалиётга киришиб, ҳатто самолётларни ишга солди. Амирнинг мудофааси учун 25000 дан ортиқ одам чиқиши аслида катта воқеълик, шундай тиш тирноғи билан қуролланган душман билан жангдан тирик чиқиши унинг улкан муваффақияти эди.
1920 йил баҳоридан бошланган большевикларнинг музокараларига Амир Олимхон деярли қизиқиш билдирмади. Душман Бухоронинг барча тарихий биноларини ер билан яксон қилиш, халқнинг кулини кўкка совуриш билан тинимсиз таҳдид қиларди. Амир шунинг учун бор қўшинини олиб шаҳарни ташлаб очиқ майдонга чиқди. Августнинг сўнгида бир неча соатлик жангдан сўнг амирлик тузуми ағдарилди. Аэропланлардан ташланган варақаларга ишонган минглаб қуролсиз деҳқонлар амир қўшининг олдига чиқиб ҳимояга отилди. Лабзсиз қизил аскар уларни пулемётлар билан ерпарчин қилди. Амир Олимхон аскарларини деҳқонлар ҳимоясига ташлаб одамларни панага олган ҳолда чекинишга амр берди. Айни пайтда ўзи оддий кийимда ўрдани тарк этиб, Ғиждувонга Пўлот бойваччанинг уйида махфий мажлис қилади. У додҳоларнинг тавсияси билан тиш тирноғи билан қуролланган душман чангалидан соғ омон қутулиб кетди. Додҳолар ҳийласига чув тушган қўмондон Фрунзе бу шармандалик ортидан кўпга бормади.
***
Сентябрь ойининг ўрталарида Олимхон Шарқий Бухорога бориб, Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳ қилиб белгилади. Ҳисорда янги ҳукумат ташкил қилиб, олти ой давомида қизил аскарларга қарши ҳаракатларини мувофиқлаштиришга интилди. Бухороликларнинг қизил аскарларга қарши жанг олиб бораётган Олимхон Кўлоб, Ҳисор ва Душанба атрофида катта миқдордаги кучларни бирлаштиришга муваффақ бўлди. 1920 йил ноябрь ойининг ўрталарида унинг қўшинлари Бойсун, Дарбанд, Шерободни қизил аскарлардан озод қилишди. Олимхон ихтиёрига Фарғонадан ёрдамга юборилган 4 минг йигит ҳам Шарқий Бухорога етиб келди. 1921 йил 8 январда Олимхон қўшининг миқдори 25 минг кишига етган. Ҳисордан Кўлоб вилоятига келган Олимхон бутун қўшинларига олий бош қўмондонликка Иброҳимбекни, унинг ўринбосарлари этиб Давлатманбек ва мулла Абдулқаҳҳорларни тайинлайди. Бироқ, бир қатор мағлубиятлар ва қизил армиянинг чегарани мустаҳкамлаётганини кўрган Амир Олимхон 500 ҳамроҳи билан 1921 йил 4 мартда Амударёнинг Чубек кечувидан Афғонистонга ўтиб кетади. У аввал Ҳусайн Кавт боғига, сўнг Ҳошимхон боғига жойлашади. Бир йилдан сўнг Муродбеги қалъаси боғига ўтказилиб, тўрт ой яшаганидан сўнг амир ва унга тегишли кишиларга доимий яшаш учун Қобулдан 11 км узоқликда жойлашган Фатуҳ қалъаси боғи инъом этилади.
Шўро хуфияларининг махфий хатларига кўра, Қалъаи Фотуҳда 1924 йилнинг бошларида Амир Олимхон атрофида Мирфаттоҳ додҳо удайчи, Абдулҳафиз парвоначи, Исмоил девонбеги, Ҳожилатифбий девонбеги каби юқори лавозимли аъёнлар, Ёвқочтибий додҳо, Жаҳонгирбекбий додҳо, Гулжонбий додҳо, Мирмуҳаммадбек Миракрам додҳо, Иброҳимбекбий додҳо, Низомиддин Урганжий қушбегининг ўғиллари Холдорбегижон додҳо ва Абдуллаҳожи додҳолар каби 10 нафар додҳо (генерал) жами 191 нафар ҳарбий унвон эгалари, мулло Ибодулло муфтидек ислом оламида улкан уламолар бор эди. Ҳисор ҳокими Остонақул, Қарши беги Тоғайбек, Усмон қушбеги ва Низомиддин Мирзо Урганжийнинг ўғиллари, Мирза Салим парвоначининг болалари, Остонақули қушбегининг ўғли Шоҳмурод Чўлибек, Мирусмонбек иноқ саркарда қушбегининг болалари, шунингдек, амир хизматидаги савдогарлар, усталар жами 320 одам бўлган. Амирнинг тоғаси собиқ Ғузор ва Шаҳрисабз беги Акромхон тўра, амирнинг қайнатаси Эшон Судурлар Хонободда яшаганлар. Амирнинг олдига баъзан Қобулдан Усмон Хўжаев ҳам келиб турарди. Бироқ, афғон амири советларнинг сиқуви остида амирдан ҳарбий мулозимларини ватанига қайтаришни жиддий талаб қила бошлайди. Натижада 1924 йил Кўлоб беги Дониёрбек, Исмоил девонбегининг укаси Носир тўқсабо, Абдуҳалим тўқсабо каби кўплаб ҳарбийлар Бухорога қайтишга мажбур бўлади. 1924 йил октябрда Бухорода Афғонистондан келган Тоғай қоровулбегини мулла Абдуқаҳҳорга учрашиш учун келган деб қамоққа олинади. 1925 йил 20 январда шу иш ортидан Раҳматулло додҳо, Саидбек додҳо, Носир тўқсабо, Абдуҳалим тўқсаболар билан бирга Амир Олимхоннинг куёви, амакилари, Остонақули қушбегининг ўғиллари Муҳаммад Аминбек, Муҳаммад Солиҳлар, йирик уламолар жами 30 га яқин киши ҳибсга олиниб, концлагерларга йўлланади.
Амир Олимхон 1924-33 йиллар давомида Қобул қўриқловида Қалъаи Фотуҳда яшаса-да, Бухородаги озодлик ҳаракатига ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қилишда давом этди. Қўрбошилар ва уламоларга турли мактублар ва қимматбаҳо совғалар жўнатиб, уларни курашга илҳомлантиради. Муродбеги қалъасида турганида Ҳожи Мирзо девонбеги қимматбаҳо олмос ва жавоҳирлар билан безатилган уч дона мурасса тожларни амирга келтириб берган эди. Шу мурасса тожларидан бирини озодлик учун курашаётган мужоҳидлар ҳаракати иштирокчиларига қурол-аслаҳа, от ва анжомлар сотиб олишга сарфлайди.
1927 йил январь Қобул ахборотида ёзилишича: Афғон ҳукумати томонидан Амир Олимхонга 14 500, Шермуҳаммадбекка 1000, Иброҳимбекка 500, Фузайл махсумга 400 рупий нафақа тайинланган. Бу вақтда совет махсус хизматлари томонидан “Олимхон Аҳадхонов” номли алоҳида кузатув иши юритилган бўлиб, амир ва унинг атрофидаги одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати қайд этиб борилган. Жумладан, унда “1927 йил декабрда амир саккизинчи хотини билан Жалолободдаги уйига борган. Шу кунларда Шермуҳаммадбек Жонибек қозига хат ёзган. Фузайл махзум Шермуҳаммадбек билан дўстона алоқага эга. Улар кучларни бирлаштириб СССРга қайта ҳужумга ўтиш ниятида. Аммо, Иброҳимбек Лақай билан муаммоси бор. Инглизлар Амир Олимхон, Ҳошим Шойиқлар ёрдамида уларнинг барчасини бирлаштирмоқчи. Биз улар ўртасида низоларни авж олдириш учун барча чораларни кўрмоқдамиз” дейилган.
Амир Олимхоннинг Афғонистонда ҳам каттагина савдо капитали бўлиб, дастлаб Тўрақулбой даллол ва Қори Мизроблар юритар эди. 1921 йил Олимхон Афғонистондан туриб Ҳожи Исмоилбек ва Тўрақулни қоракўл териларни сотиш учун Лондонга юборади. Қоракўл терилар 17 500 000 ҳинд рупиясига сотилади, шу пул маблағининг 27 930 инглиз фунти Лондоннинг “Grind lays Bank P.J.C.” банкига ўз номига ўтказади.
***
Бухоро амирлигининг Лондондаги савдо вакили Юсуфбой Муқумбоев Бухоро Шўролар Жумҳурияти тузилганидан сўнг Германияга келиб, ёш Республиканинг савдо вакили сифатида иш кўра бошлайди. Бироқ, советларнинг тазйиқи остида Берлиндан Истанбул ва Макка орқали Кобулга ўтади. 1924-28 йиллар Париж банкида 180 млн франк, Пешовар банкида 2 млн калдор (Ҳинд рупийси) жамғарилган эди. Амир Олимхон 1928 йил Юсуфбойни Женевага Миллатлар Лигасига юбориб, пулини қайтаришларини сўрайди. Француз томони эса пул Бухоро амирига тегишли, сиз амир эмассиз, демак пул ҳам йўқ деган маънода жавоб беради. Кейинчалик Пешовардаги инглиз банки ҳам амир Олимхон номидаги 2 млн ҳинд рупийсини катта ўғли Саййид Умархон номига ўтказишдан бош тортади.
1934 йил 9 октябрда совет махфий ахборотида: “Юсуфбой Муқумбоевнинг Пешоварда қоракўл териси савдосида 200 000, Тўрақулбойнинг 750 минг рупийлик савдо айланмаси мавжудлигини ёзади. Қалъаи Фотуҳда Олимхон атрофида жами 46 нафар ходим бўлиб, Абдулҳалим унинг кайфияти учун масъул, Муқумбек хазина ва қоровул хизматига жавобгар, Фаттоҳбек котиблик вазифасини бажаради. Олимхон Пағмон сафаридан касал бўлиб қайтди. Олимхон ҳозирда афғон ҳукуматидан 5000, бошқа манбаларидан 11000 рупий миқдорида даромад олади” дейилган.
***
Амир Олимхон хорижга чекинаркан, Бухорода хотинлари, фарзандлари ва яқин қариндошларининг 64 нафари қолиб кетган. 1936 йил 20 апрелда “Салим” лақабли хуфиянинг собиқ амир қариндошлари ҳақидаги ахбороти ҳам ўзида жуда кўп қимматли маълумотларни қамрайди. Жумладан, “... Амир Олимхоннинг амакиси Бойсун ҳокими Мўминхоннинг ўғли Абдулҳамидхон Абдулмўминов 1887 йил туғилган. 1920 йилларда Абдулҳамидхон “сўфи” лақаби билан ГПУ жосуслигига ёлланиб, “Аҳмадий”ларни тутиш ишида иштирок этган. Бухоронинг Шикастабон гузари сўфиси, Правител кўчаси, 4-уйда яшайди. Укаси Насриддин Мўминхонов Бухоронинг Чикалов кўчаси, 46-уйда яшайди. “16-партсъезд” тикув фабрикасида ишчи, туберкулёз касалига чалинган...”.
Собиқ амир ҳарамида бўлган қизлар ҳам хуфиянинг назаридан четда қолмаган, жумладан, “Салимбек иноқнинг қизи Ойимхон Салимбековани саройда оқ юзлилиги учун “Қоғоз бека” дейишган. Икки йил амир ҳарамида бўлиб, ҳозирда “Ашур” лақабли хуфиянинг хотини, Бухоро шаҳри, Қоракўл берккўчаси, 6-уйда яшайди; Султоной Алиевани ҳарамда “Мулла бека” дейишган, уч ой амир ҳарамида яшаган. Инқилобдан сўнг Алиев деган милиция ходимига эрга теккан, ундан бир қизи бор. Ҳозирда Когон туман бўлимига “КХ” лақаби билан ёлланган; Акбарой Мирзаеванинг ҳарамдаги номи “Анбар ашк” бўлган, 65 ёш, амирнинг Офтоб пошо деган қизи ва унинг онасига оқсочлик қилган. Бухоронинг Дегрези гузарида новвойхонада ишлайди; Мубашшира Ғуломова 1905 йил туғилган. Ҳозирда Мирза Ғуломов билан оила қуриб, Бухоро шаҳри, Шоҳруд кўчаси 9-уйда яшайди; Остонақулов Ойим “саркарда” (50 ёш) Абдужалил саркарданинг қизи, 8 йил амир ҳарамида яшаб, ҳозирда Олим ҳожи деган кишига турмушга чиққан. Шунингдек, амир саройида бекзодалар билан бирга улғайган ёшлардан Шоҳназар Соҳибов Вобкентнинг Бадай қишлоғидан, мусиқачи, Файзулла Хўжаев томонидан Москвадаги опера студиясида ўқишга юборилган, 1935 йил қайтиб келган; Фазлиддин Шохонов Бухоронинг Тараки гузаридан, мударриснинг ўғли. 1936 йил Москвадаги опера театрида ўқиган, артист; Неъматжон Шамсуддинов Бухоронинг Тўпхона гузарида туғилган, 1923 – 1926 йиллар Москвада Амир Олимхоннинг фарзандлари билан бирга ўқиган. Ҳозирда Фарғонанинг Янгиқўрғон қишлоқ шўросида яшайди; Ҳамза мусиқали академик театри директори Ярошевский ҳам амирнинг болалари билан аввалдан таниш бўлган ...” каби маълумотлар келтирилган. Дарҳақиқат, Амир Олимхоннинг уч фарзанди Султонмуродхон (1910), Абдураҳимхон (1911) ва Шоҳмуродлар (1911) советлар қўлида қолиб кетган эди. 1921 йилдан Султонмуродхон, Шоҳмуродлар амир додҳосининг ўғли Неъматжон Шамсиддинов билан Москвадаги Бухоро маориф уйида таҳсил олишган.
Амирнинг тўнғич ўғли Султонмурод ногирон бўлиб, бир оёғи туғма фалаж эди. Ногиронлигига қарамай, Москвадаги корхоналардан бирига ишга киради. 1932 йилдан инглиз тилини ўрганишга киришади ва унинг бирдан бир орзуси отаси, ёр-биродарлари билан дийдорлашиш эди. Айнан шу ҳаракати учун шўро душманининг ўғли деган айблов билан қамоққа олинган ва ҳибсда бедодликка қарши очлик эълон қилган ҳолда жон таслим қилган. Бошқа маълумотга кўра, иш вақтида қайнаб турган қозонга ташлаб юбориб ўлдиришган.
1932-1933 йилларда Саййид Олимхон фарзандларини Афғонистонга келтириш учун Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Муҳаммад Азизхондан ёрдам сўрайди. Элчи Москвада Абдураҳимхон билан учрашиб, суҳбатлашади. Ўз навбатида Абдураҳимхон тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилиб, отасининг ҳузурига кетишга рухсат олмоқчи бўлади. Ҳатто элчихона ходимлари орқали отаси билан ёзишмалар қилади. Лекин ҳаракатлари зое кетади. Абдураҳимхон 1937 йил Афғонистонга отамнинг олдига кетаман дегани учун Москвада отиб ташланган. Амирнинг кенжа ўғли Шоҳмуроднинг тақдири акаларидан бошқача кечди. Аввало 1922 йил Бухоро Халқ Республикаси мутасаддилари Шоҳмуродни бир гуруҳ ёшлар қаторида Германияга ўқишга жўнатишга қарор қилади. Ҳатто, унга “Олимов Шоҳ Муротович” деб паспорт ҳам тайёрлашади. Бироқ, немис тилини мукаммал ўзлаштирганига қарамай, унинг Германияда ўқиш орзуси ушалмади. Қўрқувми ёки дўстларининг ва севган қизи Жавҳар Башиеванинг қистови биланми 1929 йил “Известия” газетасида Шоҳмурод номидан “Бухоро амирининг ўғли отасига шундай дейди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда ўғил ўз отасини ошкора оқ қилганини айтади. Шундан сўнг Шоҳмурод ҳарбий билим юртига ўқишга киради. Онаси Муҳаррам ойим Фотуҳ қалъасидан Москвада ўқиётган ўғли Шоҳмурод билан дийдорлашиш учун рухсат сўраб, Қобулдаги шўро элчихонасига кўп бор мурожаат қилди. Бироқ, 1933 йил Муҳаммад Азизхон учрашув сўраганида билим юрти унинг номидан “биз совет таълимини олганмиз” деди деб рад жавоб беради.
Шоҳмурод Олимов билим юртидан сўнг Москва шаҳри, Короленко кўчаси, 23-уй, 7-хонадонда яшаб, ҳарбий заводга муҳандис бўлиб ишга киради. Кейинчалик Москвада ҳарбий-муҳандислик академиясида таҳсил олди. Иккинчи жаҳон урушида фашистларга қарши мардонавор курашиб, қатор орден ва медаллар билан тақдирланади. 1944 йилда оғир ярадор бўлиб, бир оёғидан ажралади. Урушдан кейин ўзи таҳсил олган академияда фаолият юритди ва генерал даражасигача кўтарилади. Турмуш ўртоғи Лидия Михайловна ва қизининг хотирасига кўра, у баъзан ота-онасини эслаб йиғлар экан. Генерал Шоҳмурод Олимов Москвада ўтган асрнинг 70-йиллари, бошқа манбаларда 1985 йил вафот этган.
***
Сўнгги амир Саййид Олимхон умрининг охирида кўзи ожизланиб, оғир дардга чалинади. Узоқ давом этган хасталиклардан сўнг 1944 йил 28 апрелда Қалъаи Фотуҳда вафот этади ва Кобул яқинидаги “Ислом шаҳидлари” қабристонига дафн этилади. Саййид Олимхоннинг 22 фарзанди бўлиб, 1998 йилда уларнинг барчаси – 12 ўғли ва 10 нафар қизи турли давлатларда яшаб қолган. Айни дамда Туркия, Эрон, АҚШ, Канада, Саудия Арабистони ва Европа давлатларида амир сулоласининг тахминан 700 нафар вакили бор.
Тож-у тахтидан айрилиб, бошқа бир мамлакатда ғарибликда яшаган Амир Олимхонинг ҳаёти шу зайлда кечди. Афғон амирлари – Омонуллахон (1919-1929), Ҳабибулла Килконий (Бачаи Сақо, 1929), Муҳаммад Нодиршоҳ (1929-1933), Муҳаммад Зоҳиршоҳ (1933-1973)лар ҳукмронлигида ярим асирлик ҳолатида кун кечирди. Фарзандларининг хотирлашича, афғон амирлари Сайид Олимхонга қанча меҳмондўстлик кўрсатмасинлар, унинг эркин ҳаракат қилишга йўл бермаганлар. Фақатгина 9 ой ҳукмронлик қилган Бачаи Сақо даврида Бухоро амири бир қадар Афғонистон мамлакати бўйлаб эркин юриш ҳуқуқига эга бўлган. Хатто, Саййид Олим Мансурий “Бухор гоҳвораи Туркистон” (“Бухоро-Туркистон бешиги”) китобида афғон амирларидан Омонуллахон, Мухаммад Нодиршоҳ, Зоҳиршоҳларни коммунистларга сотқинликда айблайди. Амир Олимхон ўз фарзандларига инглиз, урду тилларини ўргатиш учун иккита ўқитувчи ёллаган. Аммо, Муҳаммад Нодиршоҳ замонида ҳам амирнинг Афғонистонда туғилган фарзандлари олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум эдилар. Уларга бир шаҳардан иккинчисига кўчиб юриш, ер-сув сотиб олиш ҳуқуқи ҳам берилмаган. Аслида Сайид Олимхон афғон амирларининг садақасига зор ҳам бўлмаган. Муродбеги қалъасида Ҳожи Мирзо девонбеги келтирган қимматбаҳо олмос ва жавоҳирлар билан безатилган мурасса тожларининг ҳар бирига ўнлаб Фотуҳ қалъаси сингари жойларни сотиб олиши мумкин эди. Аммо Амир Олимхон бир олтин камари ва бир дона тожини Омонуллахонга, иккинчи тожини Муҳаммад Нодиршоҳга совға қилади. Амирнинг Афғонистонда туғилган биринчи фарзанди Сайид Умархоннинг хотирасига кўра, Амир Олимхон бўш вақтларида овни қилишни яхши кўрган. Бошқа хотираларга кўра, амир Бухорода дутор чалишда унча-мунча созандаларга дарс бера олган. Афғонистонда эса кўпроқ фалсафа ва адабиёт билан шуғулланган, айниқса, Мирзо Бедил ижодини қадрлаган. Қалъаи Фотуҳда “Бедилхонлик” ҳамда шеърият кечалари ўтказган. Ҳатто, Қобулга келган бир футбол жамоаси билан муҳожир ўзбекларнинг “Турон” командаси ўртасида футбол мусобақаси уюштириб, яхши ўйин кўрсатганларга совғалар улашган.
1920 йилларда Афғонистон шоҳи Омонуллахон ислоҳотлар ўтказиб ўз мамлакатида европача кийиб юришни жорий қилади. Аммо Амир Олимхон доимо бошига салла ўраб, тўн кийиб, миллий кийимда юрарди. 1922 йилда Афғонистон мустақиллиги куни байрами тантаналарига таклиф этилган амир Олимхон Пағмонга ҳам ўзбекона кийимида келади. Лекин уни соқчи ичкарига киритмайди. Кийимини алмаштириб келиш тўғрисидаги талабни бажармаган амир Фотуҳ қалъасига қайтиб кетади.
Амир Олимхон муҳожирликка маҳкум этилган миллионлаб ватандошлари сингари она-юрти соғинчи билан яшади. 1943 йилда Афғонистон бош вазири Аҳмадшоҳга айтилган: “Афғонистонга келганимга 23 йил бўлди. Шу давр ичида кўп ғурбат ва мусибатларни бошимдан кечирдим. Лекин ватан ёди бир муддат ҳам қалбимни тарк этмади. Ватан ёди билан яшадим ва ватан ёди билан ўламан” ёки “Эй Ватан, охирги нафасимгача сенга салом дейман... Ватан руҳи менда доим тирикдир” – деган сўзлари Ватан шоҳу гадо учун бирдай азиз туйғу эканининг Амир Олимхон тилидаги ифодасидир.
Амир Олимхоннинг афғон заминида битган хотиралари 1929 йил француз тилида Парижда, кейинчалик форс тилида Ғарбда, 1991 йил Ўзбекистонда алоҳида китоб сифатида чоп қилинган. Саид Олимхоннинг фарзанди Саййид Мансур Олимийнинг “Бухор гоҳвораи Туркистон” (“Бухоро-Туркистон бешиги”) китоби 1996 йилда Туркияда чоп этилган. Бу китоб ҳам бухоролик таниқли олим Ҳ.Ҳ.Тўраев томонидан ўзбек тилига ўгирилиб чоп этилган.
Баҳром ИРЗАЕВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ