Испан тилида ёзилган романлар ичида энг беқиёс асар – “Педро Парамо”га тақриз


Сақлаш
17:10 / 13.10.2023 376 0

Шу мўъжазгина асар дунё адабиёти тарихида ўзига хос воқеа бўлган, фусункор реализм оқимини бошлаб берган. Унинг таъсирида бутун бошли бир авлод, бутун бошли бир адабиёт юзага чиқди: китобхонлар номини эшитибоқ дўпписини ечадиган Лотин Америкаси адабиёти, хусусан, Хорхе Луис Борхес, Мигел Астуриас, Габриэл Гарциа Маркес каби йирик адиблар айнан Хуан Рулфонинг “Педро Парамо”сидан “ўсиб чиққан” дейиш мумкин. Мексикалик адиб, ссенарист ва ҳаваскор фотограф Хуан Рулфо 1917 йил 16 майда дунёга келган. Унинг бутун дунёда шуҳрат қозонган “Оташ дала” (1953) ҳикоялар тўплами, “Педро Парамо” (1955) қиссаси ва “Олтин хўроз” (1980) деб номланувчи романи мавжуд. Ёзувчининг асарлари, хусусан, “Педро Парамо” қиссаси дунёнинг 30 дан ортиқ тилларига таржима қилинган. Асарнинг Эмин Усмон томонидан ўгирилган ўзбекча нашри аввалига “Жаҳон адабиёти” журналида, яқиндагина эса китоб ҳолида чоп этилди.

 

“Педро Парамо” – шубҳасиз, беқиёс ва шу билан бирга ғалати асар. Биринчидан, асарни ҳам қисса, ҳам роман деб аташ мумкин. Ёзувчи Назар Эшонқул айтганидек, бу асар “ҳар иккала жанр талабларига жавоб беради”. Иккинчидан, асар худди типик саргузашт романлар каби бошланиб, тез орада магик реализм унсурларига, аниқроқ айтганда, арвоҳлар дунёси ва реал ҳаёт чалкашиб кетган, воқеалар, диалогу монологлар, макон, замон аралашган ҳикоя тарзига боғланиб кетади. Асарда ровий ҳам иккита: илгари кўрмаган отаси, яъни Педро Парамони излаб йўлга чиққан Хуан Прециадо ва девонасифат аёл Доротеа.

 

Сюжет ҳақида қисқача

 

Хуан отасини қоралаб Комалага боради ва у ерда марҳумлар оламига тушиб қолганини англайди. Унга дуч келадиган ҳар қандай одам аслида арвоҳ эди. Йигитча Комалада аллақачон вафот этган отасининг ҳаёти ва қилмишларини марҳумлардан эшитиб олади. Марҳумлар оламига тушиб қолган йигитчанинг ўзи ҳам марҳумга айланади. Ровийликнинг қолган қисмини эса у билан ёнма-ён қабрда ётган Доротеа ўз зиммасига олади.

 

 

Кичик асардаги улкан мавзулар

 

Китобнинг ядросини ташкил этадиган мавзу бу инсоннинг умид ва орзулари уни олдинга ундаб турувчи куч манбаи сифатида талқин этилиши ҳисобланади. Айниқса, умид асардаги ҳар бир қаҳрамонни ҳаракатга чорлайдиган марказий мотивдир. Мисол учун, Долорес ўғли Хуанга Комалага боришни васият қилар экан, орадан шунча йиллар ўтиб фарзанд отасини топиши ва ўзи лойиқ бўлган яхши ҳаётга эга чиқишига умиди бор эди. Қанчалик ғалати туюлмасин, китобдаги яна бир бош мавзу бу – умидсизлик! Ундаги ҳар бир персонажнинг ўз мақсадлари қўйган қадамлари омадсизликка учрар экан, уларнинг орзу-умидлари энди умидсизликка эврилади.

 

Дейлик, Хуан Комалага отасини топиш умидида бордию, аммо ўзи бу йўлда ҳалок бўлди. Педро Сусаннани бутун умр севиб, висолига умид боғлаб яшади, аммо биргина шу аёлнинг қалбини забт этиш унга насиб этмади. Рентериа ота бўлса қачондир католик руҳоний сифатида ўз мажбуриятларини тўлалигича адо этишни, ҳақиқий художўй ва эътиқоди бутун одам бўлишни истаб юрди, бу йўлда у ҳатто Педро ҳиммат қилган олтинларга ҳам қарамай, ўғлининг гуноҳларидан ўтмаслигини билдириб, ботинидаги қусурларига қарши исён ҳам қилди. Аммо ўзи истаган йўлни топа олмади шекилли, охирида ҳаётини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди.  

 

Педро Парамо ўзи ким?

 

Энди бош қаҳрамон дон Педро Парамо ҳақида гапирсак. У шундай образки, ҳеч кимни “аяб ўтирмайди, унинг пачакилашишга тоқати йўқ”. Дон Педро ишбилармон, илоннинг ёғини ялаган, онасининг сутини ангишвонада қайнатиб ичган одам. Уни икки ракурсдан кўришингиз мумкин. Бир томондан қарасангиз, ҳамманинг ризқини қиядиган, кўнгли тусаган аёлни ўзига оғдириб, нафсини қондириб кетаверадиган махлуқ. Шунинг дастидан Комалада ундан бола орттирмаган аёл қолмагандек гўё. Хулласи калом, у – қип-қизил антагонист. Бошқа тарафдан қарасангиз, Педро Парамони протагонист сифатида ҳам кўриш мумкин. Ахир қанчалик қабиҳликка қўл урган бўлмасин, унинг тадбиркорлигига, заковатига қойил қолмай иложингиз йўқ. Қолаверса, у бутун умр Сусанна Сан Хуан деган латофатли аёлнинг ишқида ёниб ўтди. Аммо Сусаннанинг кўнгли бошқа кишида эди. Қанчалик қудратли бўлмасин, дон Педро ишқ бобида омадсизлигича қолаверади. Сирасини айтганда, муаллиф ўз қаҳрамонини ҳам ачинишга, ҳам нафратланишга лойиқ мураккаб шахс сифатида кўрсатишни эплаган. Ҳеч қурса, хотимада дон Педронинг вафоти саҳнаси унга нисбатан фикрингизни ўзгартиришга туртки бўлиши аниқ.

 

Бутун бошли китоб шу бир нечта образдан иборат эмас, албатта. У ерда Фулгор Седано (Парамонинг иш бошқарувчиси), Мигел Парамо (Педронинг ягона қонуний фарзанди), Рентериа ота (Комаланинг руҳонийси), Долорес Прециадо (Хуаннинг онаси) каби муҳим образлар ҳам бўлиб, ҳар бири қиссада ўзига хос вазифани бажаради. Айниқса, руҳоний Рентериа ота китобнинг бошидан охиригача диққат билан кузатиш зарур бўлган образ. Унинг ички кечинмалари, ўз виждонига қарши бориши, тавба-тазарруларию охир-оқибат инқилобчига айланишигача бўлган эврилишлари бош қаҳрамонникидан қолишмайдиган даражада эътибор қилишга арзийди.

 

 

Ўзбекча таржима ва нашр хусусида икки оғиз

 

Китобнинг таржимаси ва нашри билан боғлиқ баъзи жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтмоқ жоиз. Таржимон Эмин Усмон асарни қойиллатиб ўзбекчалаштирган, баъзи ўринларни айтмаса, силлиқ ўқиб кетаверасиз. Аммо, ўша “баъзи ўринлар”ни очиқламасам бўлмас. Аввало, асар бошланишида онаси Хуанга бундай таъкидлаган эди: “Шаръан бизга тегишли бўлган нарсани ундириб ол. У менинг маҳримга тушган ҳамма нарсани шу пайтгача босиб ётган эди…” Бу ўринда диний реалиялар (“шаръан”, “маҳр”) нотўғри қўлланган. Сабаби, бу тушунчалар асосан ислом динига амал қилувчи қаҳрамонлар нутқига хос. Тўғри, асарни маданиятимизга имкон қадар яқинлаштириш керак, аммо мантиқан ўйлаб қаралганда ҳам, Педро Парамо фақатгина Мигел Парамони қонуний зурриёти сифатида тан олган холос. Ундан ташқари, руҳонийнинг номи таржимада “Падре Рентериа” деб берилган. Аслида эса, “падре” атоқли от эмас, балки унинг мартабасини белгиловчи турдош от ҳисобланади. Чунки, “падре” аслиятдан таржима қилинганда “ота” дегани. Ўзбекча матнда “Рентериа ота” дейилса мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, китобда топоним ва антропонимлар билан боғлиқ чалкашлик кузатилади. “Эдувихес” – “Эдивухес”, “Медиа-Луна” – “Меди-Луна”, “Доротео” – “Доротеа”, “Андромеда” – “Андрамеда” каби икки хил ёзилган номлар ва имловий хатолар бир қанча учрайди. Умид қиламизки, келаси нашрларда бу каби жузъий ва техник хатолар тузатилади.

 

***

 

“Педро Парамо” яратилганида буён китобхонлар қўлидан, муҳокама мавзуларидан тушмай келаётган дурдона асар. Хуан Рулфони ўзига устоз санаган улуғ ёзувчи Габриэл Гарциа Маркес мазкур асарни кўкка кўтариб мақтаган: “Бу испан тилида ёзилган барча романлар ичида беқиёс гўзал асардир… Бу романни қайта-қайта ўқидим ва ниҳоят бу асардан ўзим узоқ излаган йўлни топдим”. Ҳалигача ундан улги олиб асарлар ёзилади, адиб маҳоратидан илҳомланган янги-янги истеъдодлар пайдо бўлади. Асарнинг сеҳр-у жодусидан бебаҳра қолмай деган ҳар китобхонга, уни мутолаа қилишни тавсия этаман. Ҳа, айтганча, китобни бошлашдан олдин аччиққина чойни дамлаб олиш ҳам эсдан чиқмасин.

 

Асарда тагига чизилган сатрлар:

 

-                  Фақатгина қорин қайғусида бошқа жойга кўчиб ўтиш одам ўзи ўтирган шохни кесишдек гап.

 

***

-                  Сен умрингда бирор марта марҳумлар қандай нола чекканини эшитганмисан?

-                  Йўқ, доня Эдувихес.

-                  Қандай бахтли одамсан а?

 

***

-                  Сен умрингда ҳеч қуш ўлдирганмисан, Хустина?

-                  Жуда кўп ўлдирганман, Сусанна.

-                  Уларга раҳминг келмаганми?

-                  Раҳмим келган, Сусанна.

-                  Ундай бўлса, ўлиб қўя қолмайсанми? Нимани кутиб юрибсан?

-                  Паймонам тўлишини, Сусанна.

-                  Ташвишланма, ажалинг – қош билан кипригинг орасида.

 

Шоҳрух УСМОНОВ,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси