Тил ҳақида нутқ


Сақлаш
18:17 / 21.10.2021 1354 0

Абдулла ҚАҲҲОР

 

... Айниқса баҳор кунлари мажлисдан ёмони йўқ! Кўча-кўйга суқланиб қараб ўтирганингизда бир одам минбарга чиқиб, сартарошнинг қайчисидай шаққиллайверса... ҳар қанақа одамнинг ҳам уйқуси келади! Ҳар қанақа одам ҳам лоақал оғзини очмасдан эснайди!

 

Хабарим бор, икки кундан бери гап эшитяпсизлар. Шунинг учун мени бу мажлисга таклиф қилишганда, сўз берамиз дейишганда тархашлик қилдим: қўя қолайлик, меҳмонлар бусиз ҳам гапга тўйиб кетишгандир, дедим. Унашмади: “Булар радиога, яъни гап заводига келаётганини олдиндан билишган. Демак, ҳар бири гап эшитиш масаласида олдиндан қўшимча мажбурият олиб келган”, дейишди.

 

Лекин шундоқ бўлса ҳам, ўзларингга, яъни радиога дахли бор гапдан бўлак гап қулоқларингга кирмаса керак. Агар сизлар менинг шу тахминимни тасдиқласаларинг радиога тегишли гапнинг тайёридан бор! Мен бу гапни яқинда Низомий номидаги институт студентларига қисман гапирдим, радионинг баъзи бир камчиликларини танқид қилган эдим.

Менинг бу гапим фақиру фуқарога маъқул бўлибди, шекилли, магнитофон лентасини кўпайтириб, ҳар қаерда эшитишибди. Шу билан бирга нутқ баъзи бир мансабдорларга ёқмабди.

 

Ўзларингга маълум, мансабдор икки тоифа бўлади: бир тоифаси ўз ўрнига мувофиқ, муносиб – билими, қобилияти билан ҳар ишга қодир. Бу тоифа мансабдор ишни ишонч билан олиб боради, танқид эшитса, бунинг мағзини чақишга, танқидни чуқурроқ тушунишга ҳаракат қилади-ю, бундан хулоса чиқариб, ўзининг рахна жойига дарров чим босади. Бундан мансабдорларнинг ўзи ҳам хурсанд, иши ҳам михдай, одамлар ҳам мамнун.

 

Бошқа бир тоифа мансабдор ўз ўрнига мувофиқ ҳам эмас, муносиб ҳам эмас, шунинг учун мана шу сир очилиб қолишидан ҳамиша хавотирда: осмонда чумчуқ пир этса, ерда туриб юраги шув этади. Анчайин танқидий шабада буларга бўрон бўлиб, столини кўтариб кетаётгандай туюлади-ю, столини қучоқлаб йиғлайди: “Войдод, Фалончи ака, мени ушланг, йиқиламан!”, дейди.

 

Мен ҳозир сизларга Низомий институтида бўлган ўша гапнинг асосий нуқталарини айтиб бермоқчиман. Агар бу гап маъқул бўлса, радио ишидаги камчиликлар ҳақидаги танқидий мулоҳазаларимни давом эттириб, яна бир неча оғиз сўз айтмоқчиман.

 

Низомийда гапирилган гапнинг асосий нуқталаридан бири – тил масаласидир.

 

Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ! Бу тил эллик йил ичида шундай бир қудрат касб этдики, халқимизни жаҳон ва рус маданиятига шерик қилиб қўйди.

Афсуски, радиомиз кўпинча халқ билан мана шу бой, чиройли, пурқудрат тилда гаплашмайди.

 

Одамларки бор, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб ойлигини олаверади; ўқиш-ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етмайди. Мана шунақа одамларнинг дангасалиги ёки фаросатсизлиги, чаламулла олимларнинг “илмий фаолияти” оқибатида шундай бир тил вужудга келганки, на муомалада, на оилада, на суҳбатда ҳеч ким бу тилда гапирмайди; на ошиқ маъшуқасига, на ота боласига, на бола онасига бу тилда хат ёзади. Радио ходимларининг ўзлари ҳам ўзаро бу тилда гаплашмайди. Бу тилни фақат микрофон кўтаради. Бунга фақат микрофон тоқат қилади.

 

Марказий радио ҳар куни матбуот обзори беради. Диктор материалларнинг мазмунини айтади. Бош мақолани ўқиб беради. Лекин бу тил, негадир оддий халқ гапирадиган тилга сира ўхшамайди. Бизнинг матбуот ва радио тили нима учун кундан-кун халқ тилидан узоқлашиб бораётибди? Нима учун тилимизнинг қонун-қоидалари бузилаётибди? Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?

 

Низомийда гапирилган гапнинг асосий нуқталаридан иккинчиси, радионинг баъзи эшиттиришларида кўзга ташланадиган ношуд-нотавонлик, масъулиятсизликдир.

 

Эртаю кеча бизнинг ғийбатимизни қиладиган, тирноғигача бизга қарши заҳарга тўлиб кетган баъзи бир чет эл радиоси бизнинг ҳақимизда ёлғон гапларни ростга ўхшатиб гапиради. Бизнинг радиомиз эса мавжуд ҳақиқатни удда қилиб айтолмайди. Мен бунга мисол қилиб, радионинг ҳар куни соат иккида “Қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига” атайдиган эшиттиришларини олдим. Бу эшиттиришларда кўпинча шунақа совуқ, шу қадар қовушмаган – ёпишмаган материаллар бериладики, одамнинг нафаси қайтади! Бу материаллар колхозчиларнинг чўнтагидан тушиб қолган ёки ҳеч ким амал қилмайдиган, ҳеч кимга кераги йўқ, фақат юқори ташкилотларга ҳисоб бериш учун эшиттириладиган, ўқиладиган, дикторларнинг ҳам меъдасига теккан сийқа гаплардан иборат бўлади. Бунақа материалларга баъзан “очерк” деган нарса ҳам оралаб қолади. Бу нарсаларнинг деярли ҳаммаси танқиддан тубан эканини, ҳеч кимнинг диққатини жалб қилмаслигини радио ходимларининг ўзлари ҳам билишади, шунинг учун буларни ҳамиша шеърга ё ашулага ўраб беришади.

 

“Очерк” деб аталадиган материаллардан баъзисининг схемасини чизиб берай.

 

Масалан, бирон хушовоз артист “Талқини баёт”ни айтганидан кейин диктор “очерк”ни ўқишга киришади: “...пахта ишқини дилига жо қилиб, социалистик далаларимизда фидокорона меҳнатда ўрнак кўрсатаётган ажойиб аёл Ҳайитбоева...”

 

“...Биз чаман-чаман очилган пахталардан завққа тўлиб, ашула айтиб пахта тераётган атлас кўйлакли қиз-жувонлар билан саломлашиб, асфальт дала йўлидан борар эдик...”

 

“...Биз ажойиб аёл Ҳайитбоевани шинам дала шийпонида учратдик. У оппоқ рўйжалар устида оппоқ ёстиқларга суяниб, бола эмизиб ётар эди...”

 

“Энди концертимизни бошлаймиз...”

 

Яна бир схема:

 

“Биз раисни кутиб, янги типдаги ҳашаматли колхоз идорасининг миллион том китобга эга кутубхонасида “Атом ва тинчлик” деган журнални варақлаб ўтирган эдик, бирдан деразанинг шойи пардалари орасидан “Москвич” кўринди. Бу – раиснинг яқинда ўттиз тийинлик лотерея билетига ютиб олган “Москвич”и эди. Лотереяга машина чиқмаган тақдирда ҳам раис бу йилги меҳнат кунидан 5600 сўмга “Волга” сотиб олишга қодир эди...”

 

“...Раис бизнинг саволларимизга жавобан қора хром этикли сергўшт ўнг оёғини мармар зинага тираб: “Бажарамиз!” деди. Кейин сариқ хром этикли сергўшт оёғини цемент зинага қўйиб: “Қўшимча мажбурият оламиз”, деди...”

 

“Концертимиз давом этади”.

 

Баъзан раислар, бригадирлар микрофонга чақирилади. Ҳозирги вақтда техника ҳатто дудуқ одамни ҳам гапиртиришга имконият беришига қарамай, бригадирларнинг қўлига нўноқ журналист ёзган текстни бериб, шуни ўқишга мажбур қилишади.

 

Раис:         “КПССнинг Февраль пленумидан илҳомланган колхозимизнинг колхозчилари чигит экиш планини шараф билан бажарадилар ва ўзларининг имкониятларини ҳисобга олиб қўшимча мажбурият олмоқдалар”.

 

Бригадир: “КПССнинг Март пленумидан илҳомланган бригада аъзолари 90 гектар ернинг ҳар гектаридан 50 центнердан пахта ҳосили олиб, планни шараф билан бажарадилар ва ўз имкониятларини ҳисобга олиб...”

 

Бунда раис ё бригадирнинг товуши бор холос, гапи йўқ! Бу гап ношуд-нотавон, масъулият ҳиссидан маҳрум, бир ҳовуч гапни айлантириб ойлигини олиб ётган журналистнинг гапи!

 

Ўзбекистон деҳқонлари 64-йилда мамлакатга тўрт миллион тонна пахта берди. Бу ақл ишонмаса, қўл билан ушлаб кўриш мумкин бўлган ҳақиқат! Шунча пахтани ўша радио мухбирлари кўрган, суҳбатлашган раислар, бригадирлар, оддий колхозчилар берган. Демак, бу ҳам ҳақиқат. Лекин бу ҳақиқатлар радиомизнинг оғзидан нима учун баъзан ёлғонга ўхшаб чиқади? Шу тўғрида ҳеч ким ўйлаб кўрганмикин?

 

Бунга: “Кадрларимиз кам, ёш, имкониятимиз тор”, деган важлар кўрсатилиши мумкин. Лекин, менимча, бунга сабаб радиода танқид, ўз-ўзини танқид шабадаси кўпдан бери эсмаган, муҳит димиқиб қолганлиги бўлса керак. Бўлимлар ҳар қайсиси ўз бошига иш кўради. Бири бошқасининг ютуғидан, камчилигидан бехабар, “Мен сенга тегмайман, сен менга тегма” йўсинида иш кўради.

 

Бунга бир мисол кўрсатишимиз мумкин.

 

Радионинг кўп бўлимлари орасида марза бўлиши мумкиндир, лекин музика эшиттириш бўлими билан бошқа бўлимлар орасида марза бўлиши мантиққа сиғмайди, чунки бошқа бўлимлар бу бўлимга бегона бўлса ҳам, бу бўлимларнинг ходимлари бегона эмас, лоақал уйида музика-ашула эшитишади-ку!

 

Музика бўлимининг тепасида қаттиққўл бир одам турмагандай туюлади. Эҳтимол, шундай одам бордир, агар бўлса бирор сабаб билан ишдан кўнгли совиганга ўхшайди.

 

Ашула айтиш, ашула тинглаш буткул ихтиёрий нарса: хоҳлаган одам айтади, хоҳламаган айтмайди; хоҳлаган эшитади, хоҳламаган эшитмайди. Тўғри, баъзан ашулачига пул бериб, ойлик бериб айттириш мумкин. Лекин ўз қадрини билган киши хоҳламаган ашуласини пул берсангиз ҳам эшитмайди.

 

Радио байрам ёки бирор инқилобий сана кунларида аксари текстида бадоатдан асар ва музикасида бирор қатра шира бўлмаган ашулалардан иборат концерт беради. Бу концертларни одамлар, боя айтгандай, пул берсангиз ҳам эшитмайди, лекин радио нима учундир жамоатчилик асосида “ўз хоҳиши билан” эшитишга мажбур деб бераверади.

 

...Кимнинг гўри куйса куйсин-у, менинг қозоним қайнасин, деган экан битта таъмагир. Бу ашулаларни биров эшитмагани билан радионинг неча пуллик иши бор. Юқорига “Фалон мавзуда фалон дона, фалон мавзуда писмадон дона, лента ҳисоби билан фалон километр ашула берилди”, деб рапорт берилса бўлди!

 

Бу хилдаги ашулалар тахминан мана шундай бунёдга келади: аллақаери шоирга ўхшаган бир киши Ленин, ё партия, ё Ватан ҳақида шеър – ашула ёзиб келади-ю: “Ленин тўғрисида ёзилган ашулани қабул қилмайдиган азаматни кўриб қўяман!” деган важоҳат билан мансабдорнинг қўлига тутқизади. Мансабдорга жон керак бўлса, композиторга нон керак! Артистга-чи? Радио ёки театрнинг ойлигини олгандан кейин ашуласини айтади-да!

 

Бунақа ашулалар репертуарга дарров қабул қилинади! Ленин, партия, Ватан ҳақидаги ашулани ёмон дегани ким журъат қилади?

 

Қандай мавзуда бўлмасин, ёмон ашулани ёмон дегани халқ журъат қилади – эшитмайди!

 

Бу ҳол муқаддас мавзуларни чайқовга солиб манфаат кўрадиган одамларнинг, вазифашунос раҳбарларнинг қулоғи остига тушган тарсаки бўлиши керак.

 

Кейинги вақтларда ашула жанрининг ғоявий-бадиий савияси тобора пастлашиб кетяпти. Бу ҳақда Ёзувчилар союзи билан Композиторлар союзи қўшма пленум ўтказди, лекин бу пленум сезиларли фойда бергани йўқ.

 

Радио ва телевидениедан бериладиган кўп ашулаларнинг тексти ниҳоятда хароб. Хусусан, муҳаббат тўғрисидаги ашулалар муҳаббатдан одамнинг ихлосини қайтаради, композиторлар бу текстларни қайси гўрдан топишганига ҳайрон қолади киши:

 

Бир кўнглим олма деди,

Бир кўнглим олгин деди.

Қўлим ҳеч бир қайтмаган...

 

Нима гап ўзи? Шу ҳам шеър, шу ҳам ашулами?!

Буни қаранг:

 

Ким ўзи, ким ўзи

Кўнглимга олов ёқиб кетган ким ўзи?

Боққанига ошиқ бўлиб қолдимми,

Бирданига шоир бўлиб қолдимми?

Ким ўзи, ким ўзи...

 

Маст одамнинг хиргойисига қулоқ солинг:

 

Аҳдига вафодорим, жононимни кўп соғиндим.

Кўнглима меҳр қўйган меҳрибонимни кўп соғиндим.

Жону тан садқасидир, жононимни мен соғиндим.

Кўксимга жило берган оромимни кўп соғиндим.

 

Бу чаласавод одамнинг қоғоз тирнаб қилган машқи қаёқдан композиторнинг қўлига тушдию бунинг нимаси музика ёзишга илҳом берди экан!

 

Баъзи ашулаларда шоирнинг ёри бузуқ бўлади: ҳаммага ўпич беради-ю, шоирга ўпич бермайди. Шоир шундан нолийди. Композитор шоирга раҳм қилиб, шеърга мунгли куй ёзади. Яна бир мисол:

 

Сени ардоқлайди бахтиёр замон,

Шу замонда элу халқим фаровон.

Яшнамоқда йилдан-йилга бу даврон,

Ҳур ватанда бахт топган қаҳрамон қиз Ободон.

 

Шуни шеър эмас деб кўринг-чи! Замон бахтиёр, халқ фаровон, қиз қаҳрамон бўлгандан кейин бунинг шеър бўлиши учун яна нима керак?

Бунақа мисолларни айтаверсам тонг отиб кетади.

 

Кўпгина шоирлар пахтани кузир қилиб олишган. Булар ажи-бужи гапларни айтиб, устига кузирни, яъни пахтани босса – тамом! “Пахталарни парваришлар айлаган”, деса ҳам ашула бўлаверади.

 

Классикларда ҳам, халқ адабиётида ҳам, ҳаётда ҳам одатан йигитлар яхши кўрган қизларни мақташар эди: кўзинг ундоқ, сўзинг бундоқ дейишарди. Ҳозирги кўп ашулаларда қизлар ўзларини ўзлари мақташади, у ёғим ундоқ, бу ёғим бундоқ, дейишади.

 

“Эй шоир, ахир ташаббус эркакдан бўлиши керак, булбулнинг ҳам эркаги сайрайди-ку!” дейдиган одам йўқ!

 

Дўстлар!

 

Биз ёзувчилар, журналистлар, радио ходимлари – ҳаммамиз пропаганда ходимларимиз. Бизнинг туб мақсадимиз одамнинг онгидан бепарволик, лоқайдлик, ёлғончилик, риёкорлик, мақтанчоқлик сингари маразларни қириб, суриб чиқаришдир. Бу ҳол бизнинг зиммамизга ниҳоятда катта масъулият юклайди. Ҳар биримиз шу масъулиятни қанчалик чуқур ҳис қилсак, ишимизнинг муваффақияти шу қадар нақдроқ бўлади.

 

* * *

Бу учрашувда қатнашаётган ўртоқларга, сўзга чиқиб менинг ҳақимда яхши гаплар айтган нотиқларга, бу учрашувнинг ташкилотчиларига ташаккур билдираман.

 

Мен студентлар билан кўп учрашганман. Студентларнинг дилкушо суҳбатларини биламан. Умуман, студентлар суҳбатига иштиёқмандлигим устига Чет тиллар педагогика институтининг студентларига айтадиган зарур гапим борлигини назарда тутганда, менинг хурсандчилигимни тасаввур қилаверинг!

 

Сизлар ҳар қаердан келгансизлар. Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, франсуз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар жойларга чет тиллар билан бирга (балки биринчи навбатда) ўз она тилимизга – ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоят чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!

 

Мен бу гапни тилимизнинг бойлигига дахл қиладиган, ҳусн-латофатини бузадиган, тилимизни таҳқир қилишга қаратилган қилиқларга барҳам бериш мақсадидагина айтаётганим йўқ. Бу гапнинг фақат тилимизгагина эмас, тузумимизга ҳам алоқаси бор.

 

Мен бундан бир неча йил муқаддам Ҳиндистонга борганимда бир ўзбек учраб қолди. Ўша ўзбек Ҳиндистонга уч яшарлигида бориб қолган бўлса ҳам ўз она тилисини йўқотмаган экан. Шу одам мендан: “Ўзбекистонда ҳозир ҳам ўзбек тили борми?” деб сўраб қолди. Бу савол менга ғалати туюлди: бу одам бегона элларда юриб ўзбек тилини йўқотмапти-ю, нима учун ўзбек халқи ўз миллий республикасида ўз тилини йўқотиши керак? Мен тушунтирдим. Ўзбекистонда ўзбек тили боргина эмас, бу тилда миллион-миллион нусха газета-журналлар, китоблар нашр этилади, театрлар яшаб-яшнаб турибди, дедим. Кейинчалик билсам, Ҳиндистон республика бўлишидан олдин мустамлакачилар ҳинд халқининг қулоғига қуйган экан: “Большевизм миллий маданиятнинг офати, большевизм қадам босган жойда ҳар қандай миллий урфу одат, миллий маданият, жумладан, тил ҳам барбод бўлади, буткул йўқолади”, деган экан!

 

Бу гап қай даражада қабиҳ, туҳмат эканини йил сайин равнақ топаётган миллий маданиятимиз, қоматини жаҳонга кўрсатиб турган адабиётимиз, санъатимиз мисолида кўриш мумкин.

 

Шундан кейин бир нарса эътиборимни ўзига тортди: кўзимиз, қулоғимиз ўрганиб қолган, лекин ўшандай туҳматларга озиқ бўладиган ҳодисалар ҳаётимизда мавжуд экан.

 

1. Кўпинча оилаларда болалар ўз она тилисини мутлақо билмайди! Бу ота-онани заррача ҳам ташвишга солмайди.

 

2. Баъзи бир оилаларда болалар ўз она тилисида гапиргани номус қилади.

 

Баъзи одамлар шуни интернационализм дейишади. Бунинг нимаси интернационализм?!

 

Коммунизм душманларининг большевизмга, совет тузумига қарши туҳматларига озиқ берадиган яна бир нарса бор: Ўзбекистонда “миллатим ўзбегу она тилим рус тили” деб ёзадиган бир неча минг киши бор эмиш! Агар шу гап рост бўлса, демак, Ўзбекистонда фалон минг ўзбек ўз она тилисини йўқотибди деган сўз! Наинки шу мақтанадиган гап бўлса!

 

Республикамизни ҳақли равишда “Шарқда социализмнинг машъали” деймиз. Демак, бирталай мустамлака, ярим мустамлака, капиталистик мамлакатлар халқларининг икки кўзи, икки қулоғи бизда! Наинки биз шуларга “тилимизни йўқотиб боряпмиз, кўп ўтмай тилимиздан ном-нишон қолмайди” деб мақтансак!

 

“Ўзбек тили барибир йўқолиб кетади, конституциядан ўзбек тили – давлат тили деган гапни чиқариб ташлаш керак”, деган товушлар совет кишиларининг товуши эмас, империализмнинг шалтақ пропагандасига озиқ берадиган иғвогарларнинг товушидир!

 

Тарихда ўтган буюк алломаларнинг деярлик ҳаммаси ўз она тилиси устига ўз замонасининг бой, маданий тилларидан бири ёки бир нечасини яхши билган. Навоий форсчада ғазаллар, Лермонтов француз тилида шеърлар, ибн Сино араб тилида илмий асарлар ёзган. Биз учун ўшандоқ тил рус тилидир. Биз учун рус тили она кўкрагидай: яшашимизу ўсишимиз учун керакли ҳамма модда бу тилда бор. Шунинг учун бу тил бизнинг иккинчи она тилимиз.

 

Шунинг учун сизлар жойларга ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб борганларингда бу туйғуни иккинчи она тилимиз – рус тилига қаратишларинг ҳам зарур.

 

Рус тили иккинчи она тилимиз дейиш учун ўз тилимизни билишимиз керак!

 

Кибриё ҚАҲҲОРОВА нашрга тайёрлади.

 

“Ёшлик” журнали, 1987 йил 9-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//