Башоратларни пучга чиқарган, машҳур бўлмай туриб Нобел олган Юн Фоссе ким?


Сақлаш
13:10 / 09.10.2023 434 0

Швеция академияси 2023 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби норвегиялик драматург ва ёзувчи Юн Фоссе эканини эълон қиларкан, кўпчиликнинг тахмини пучга чиққани рост. Ҳатто аксарият ўзбек китобхонларида «Юн Фоссе ким ўзи?», «Қайси каромати учун унга Нобел мукофоти топширилди?» каби саволлар пайдо бўлди. Ойина.уз айни саволларга жавоб бериш мақсадида Юн Фоссе ҳаёти ва ижоди ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этади.

 

Мукофотолди баҳс-мунозаралар

 

Аслида Нобел номзодларининг исми сир сақланиб, орадан эллик йил ўтибгина очиқланади. Бироқ ҳар йили адабиёт йўналишида мукофот топширилиши олдидан кўплаб нуфузли манбалар, соҳа экспертлари ва китобхонлар ғолиб бўлиш эҳтимоли бўлган ёзувчилар ҳақидаги тахминларини ўртага ташлашади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Аммо то мукофот топширилган лаҳзага қадар Юн Фоссе номи унчалик ҳам эътибор марказида эмасди. Нуфузли нашрларга кўра, 2023 йилги мукофот учун асосий даъвогар сифатида хитойлик адиба Тсан Сюе (8/1 нисбат билан), дунёга машҳур япон ёзувчиси Ҳаруки Мураками (12/1 нисбат билан), кейинги ўринларда эса Салмон Рушдий, Жералд Мурнейн, Маргарет Этвуд каби таниқли ижодкорлардан бири улоқни олиб кетиши мумкин деб қаралаётган эди. Ундан ташқари, номзодлар рўйхатида ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг ҳам номи борлиги ҳақида узунқулоқ гаплар тарқалган эди.

 

Башоратлар ўзини оқламади

 

Тахмин ўз номи билан – тахмин, башорат ҳам ўз номи билан – башорат холос. Нобел қўмитаси эса энг муносиб номзодни танлаш учун роса бир йил вақт сарфлайди. Аввалига адабиётшунос ва тилшунос профессорлар, илгари мукофотга лойиқ кўрилган ижодкорлар ва адабий уюшмалар президентларига номзодларни тавсия этишларини сўраб таклифнома юборилади. Келган таклифлар жамланиб, тавсия қилинган ёзувчиларнинг ижоди синчиклаб ўрганилади, аввалига 15-20 нафарлик катта рўйхат (лонглист), кейин эса 5 нафар энг яхши номзоднинг кичик рўйхати (шортлист) тузилади. Ана шу бешликнинг асарлари обдан ўрганилиб, якунда улардан бирига ғолиблик насиб этади. Асарлари юқорида тасвирланган чиғириқлардан ўтган Юн Фоссе Нобел қўмитаси хулосасига кўра «сўз билан ифода этиб бўлмайдиган нарсаларга ҳам овоз бахш этган ўзгача пьесалари ва насрий асарлари учун» 2023 йилги мукофот соҳибига айланди.

 

 

Таъкидлаш жоизки, Юн Фоссе номзодини қўллаб-қувватлаганлар, фаворитлар қаторида кўрганлар йўқ эмасди. Жумладан, ўзбек китоб блогери, «Панда Боокс» блоги муаллифи Жасурбек Бозорбоев бу йилги адабиёт бўйича Нобел мукофотини ким олиши ҳақидаги тахминларини ёзар экан, Юн Фоссени энг биринчи бўлиб зикр этганди. Мукофотни топшириш маросими You tube орқали жонли эфирга узатилганида ҳам бир қатор кузатувчилар Фоссе номзодини қўллаб изоҳлар қолдирганини кўриш мумкин эди. Демакки, жаноб Фоссе шоҳсупани фавқулодда забт этган оддий скандинав ёзувчи эмас, жаҳон адабий муҳитида ўз мавқейи ва мухлисларига эга адиб, дейиш мумкин.

 

Фоссе ким ўзи?

 

Юн Олав Фоссе 1959 йил Норвегиянинг жанубий қисмидаги Ругаланн губерниясида дунёга келган. Бергенн университетида қиёсий адабиётшунослик бўйича таҳсил олган. Фоссе дунёга асосан драматург, ёзувчи сифатида танилган, унинг қаламига мансуб пьесалар Европа ва АҚШдаги юзлаб театрларнинг саҳналаридан тушмай келаётир. Шунингдек, ижодкорнинг шеър ва эсселари, болалар учун ёзган китоблари ҳамда таржималари ҳам аҳамиятга молик. 70 дан ортиқ китоби нашр қилинган Фоссенинг асарлари қарийб 50 тилга таржима қилинган. Яқин кунларда Фоссе асарларининг географияси янада кенг тарқалса, ижоди янги тилларга таржима қилинса, ажабмас.

 

Китоблари миллиардлаб кишилар тушунадиган тилларга ўгирилган бўлишига қарамай, Фоссенинг ўзи норвег тилининг икки асосий адабий шаклидан бири бўлмиш нюнорск («янги норвегча») лаҳжасида ижод қилади. Қизиқарли жиҳати, бу тильдан салкам беш ярим миллионлик норвегларнинг атиги 10 фоизи фойдаланади холос. Бундан чиқдики, ярим миллион одам ишлатадиган тильда асарлар ёзиб ҳам адабиёт оламидаги энг нуфузли мукофотни қўлга киритиш мумкин экан!

 

 

Фоссенинг дастлабки асарлари Бергенн университетида таҳсил олиб юрган вақтларида чоп этилган. 1983 йилда эса унинг дебют романи «Қизил, қора» (“Raudt, svart”) нашрдан чиқади ва машҳур норвег ёзувчиси Тарей Весос томонидан илиқ кутиб олинади. Романда ўша давр норвег адабиётида етакчилик қилаётган сотисореалистик жанрнинг мутлақ тескариси ўлароқ, сюжетдан кўра кўпроқ лингвистик ифода усулига урғу берилган эди. Орадан кўп ўтмай, 1985 йилда ёзувчи «Ёпиқ гитара» (“Stengd gitar”) номли иккинчи романини, 1987 йилда эса «Кўзлари ёшли фаришта» (“Engel med vatn i augene”)  шеърий тўпламини тақдим этди. Қистирма гап ўрнида айтадиган бўлсак, Юн Фоссе уч бор уйланган. Ва қайсидир маънода учала турмушининг ҳам адиб ижодига таъсири бор дейиш мумкин. Биринчи хотинидан айрилгач, ёзувчи янги романи ва илк бор эсселар тўпламини нашр эттиради (1989). Тўқсонинчи йилларнинг бошида эса роман ва ҳикоялар ёзиш билан бир қаторда, иккинчи аёли Грета Фотима Саид кўмагида ўзини бадиий таржимон сифатида ҳам синаб кўришга, бир қанча китоблар таржима қилишга муваффақ бўлди. Кейинроқ Фоссе таржимон сифатида давлат кўламида амалга оширилган Инжилни норвегчага ўгириш лойиҳасида ҳам фаол қатнашган.

 

Пьесалари минглаб театрларда саҳналаштирилган драматург

 

Юн Фоссе саҳна асарлари ёзишга бундан ўттиз йилча олдин қадам қўйган. Унинг биринчи пьесаси «Энди сира айрилмаймиз» (“Og aldri skal vi skiljast”) 1994 йилда саҳналаштирилган. Шундан буён ижодкорнинг қирққа яқин пьесалари дунёга келди, жаҳоннинг нуфузли театрларида ўйналди. Масалан, Нью-Йоркда унинг «Мен – шамол» ва «Ўлим вариациялари» пьесалари севиб кўрилади. «Она ва бола», «Гитарачи», «Кузги тушлар», «Ёз куни», «Ухла, болам, ухла», «Ўлик итлар» каби драмалари ҳам кўплаб тилларга таржима қилиниб, саҳналаштирилган. Пьесалари ўйналган театрлар сони мингдан ошиб кетган Фоссе бутун дунёда асарлари саҳналаштирилиши бўйича етакчи Генрик Ибсендан кейинги ўринда турувчи машҳур норвег драматургига айланди. Унинг пьесалари ўн тўққизинчи асрда Ибсен томонидан асос солинган анъананинг замонавий давоми сифатида талқин этилади. Аммо ижодкорнинг ўзи мутаассир бўлган устозлари сифатида абсурд театрининг йирик намояндаси Самуэл Беккетни, австриялик шоир Жорж Траклни ҳамда яна бир австриялик ёзувчи ва драматург Томас Бернҳардни кўп бор тилга олган. Ҳаёти ва ижодига ижобий таъсир ўтказган муаллифлар ва китоблар қаторида Олав Ҳауге, Франс Кафка, Уилям Фолкнер, Виржиния Вулф ва Инжилни санаб ўтган.

 

Фоссе хос ёзувчими ёки шунчаки машҳур эмасми?

 

Табиийки, юксак унвонни қўлга киритган адиб ижодига қизиқиш бирданига ошиб кетади. Бадиий адабиёт муҳиблари ёзувчининг ижоди билан яқиндан танишишни истаб қолади. Айниқса, Юн Фоссе мисолида бундай қизиқувчилар сони янада юқори бўлиши мумкин. Боиси Фоссенинг асарлари элликта тилга таржима қилинган бўлсада, у асосан кичик нашриётлар билан ишлашни хуш кўради. Фоссенинг Буюк Британия ва Америкадаги ноширларини ҳам кўпчилик билмайди. Масалан, унинг бир неча асарларини инглизчада чоп этган Буюк Британиянинг “Fitzcarraldo editions” нашриёти бундан аввал ҳам Нобел лауреатлари ижодини чоп этганини ҳисобга олмасак, у қадар юксак мавқега эга эмас. Америкадаги “Transit books” нашриёти жамоаси эса калифорниялик эр-хотин Адам ва Эшли Левилардан иборат холос. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Фоссенинг асарлари Мураками ва Рушдий каби рақобатчиларига ўхшаб миллионлаб ўқувчилар қўлига етиб бормаган. “Publishers Weekly” журнали берган маълумотга кўра, адибнинг энг машҳур асари «Септология» («Еттилик») Америка бозорида жами бўлиб 6 500 нусхадан кўпроқ сотилган. Шунга қарамай, ёзувчининг асарлари Нобелдан ташқари ҳам бир қанча миилий ва нуфузли халқаро мукофотларга номзод бўлган. Унинг «Қизил, қора», «Меланхолия», «Тонг ва шом», «Элисс ёнғин ичида», «Уйғоқлик», «Септология» каби асарлари эса хос ўқувчилари томонидан севиб ўқилган.

 

Фоссени ўқишни қаердан бошлаш керак?

 

Ғолиб номи эълон қилинганидан сўнг журналист Нобел қўмитаси раиси, швед ёзувчиси ва шоири Андерс Олссондан ёзувчи ижоди ва китобхон Фоссе мутолаасини қайси асаридан бошлагани яхшилиги ҳақидаги савол билан юзланди. Қўмита раиси унга қуйидагича жавоб қилди:

 

– Юн Фоссе шунчаки ҳар томонлама ақл бовар қилмас ёзувчи. Унинг ёзиш услуби жудаям ғалати, ёзганларини ўқиркансиз, худдики ич-ичингиздаги туйғуларга тегиниб ўтаётгандек туюлаверади. Унинг битта асарини ўқидингизми, тамом – қолган китобларини ҳам хатм қилмагунча кўнглингиз жойига тушмайди. Ёзганларида ҳаёт ва мамот ҳақидаги азалий саволлар, қўрқув ва ҳаяжон, ожизлик ҳисси, ҳар бир инсон боласи азал-азалдан дуч келадиган шундай оғриқларни тасвирлайдики, ижоди умрбоқий бўлишига, умумжаҳоний миқёсда ўқилишига шубҳа қолмайди. У хоҳ драма, хоҳ шеър, хоҳ роман бўлсин, нимаики ёзмасин, инсониятга дахлдорлик мавжуд.

 

 

У асосан театр учун ёзади. Унинг пьесаларини ҳам ўқиш, ҳам томоша қилиш мумкин. Менимча, пьесаларига қизиққанлар исталган биридан бошлашлари мумкин. Бироқ унинг насрига келадиган бўлсак, дастлаб ўқиш учун «Тонг ва шом» романини тавсия қилардим. Мўъжазгина бу асар жуда ҳам чиройли ёзилган. Адашмасам, бу романни муаллиф икки мингинчи йиллар бошида ёзган эди. Ва албатта, Фоссе ижоди билан кенгроқ танишишни истовчиларга «Септология» асари мутолаасини маслаҳат бераман. Яқин йилларда чоп этилган бу асарни ҳар қанча таърифласанг арзийди, менга қолса Фоссенинг шоҳасари шу деган бўлар эдим.

 

New York Times нашри эса Юн Фоссе мутолаасига шўнғимоқчи бўлганлар учун бошқа эшикни кўрсатган. Унга кўра, октябрь ойининг сўнгида адибнинг «Ёғду» номли янги романи инглиз тилида чоп этилиши режалаштирилган. Эътиборли жиҳати, мазкур асар номига яраша бор-йўғи 75 бетдан иборат ва қисқа-қисқа, соддагина тузилган жумлалардан ташкил топган.

 

Ҳаёт, санъат ва Худо ёхуд ёзувчининг шоҳ асари ҳақида

 

Фоссесеварлар бир овоздан «Септология» асарини адиб ижодининг гултожи сифатида талқин этишади. Умуман олганда, бу фикрда жон бор. Айни мана шу асари сабаб Юн Фоссе инглиз тилига таржима қилинган китоблар учун тақдим этиладиган дунёдаги энг нуфузли адабий мукофотлардан бири ҳисобланган “The Man Booker Prize”га 2020–2022 йилларда икки марта тавсия этилган.

Еттита романни ўз ичига олган «Септология» учта том тарзида нашр этилган. Биринчи китоб – «Ўзга исм: Септология I-II» 2019 йилда дунё юзини кўрган бўлса, иккинчи китоб – «Мен бошқаман: Септология III-V» (2020) ва учинчи китоб – «Янги исм: Септология VI-VII» (2021) ҳам тез орада ҳам норвег, ҳам инглиз тилларида чоп этилди.

 

 

 

Асар диний-мистик руҳда ёзилган бўлиб, воқеалар ривожи бир неча кунни қамраб олади. Унда ёши ўтиб бораётган рассом Асле ўзи истаган суратни то кўнгли тўлмагунча қайта-қайта чизар ва шу аснода мамлакатнинг бошқа қисмида яшовчи рассом адаши билан суҳбатлашади. Асар сюжети ўта суст, аммо унинг тош босадиган қисми айни мана шу диалоглар ҳисобланади. Асле суҳбатдошига турли мавзуларда, жумладан, Худо, борлиқ, эътиқод, ҳаёт, мамот ҳақида гап сотади.

 

Аслида ушбу ҳолат Асленинг маълум асар устида шунчаки ишлаши эмас, балки Худога яқинлашишини тасвирлайди. Асар бошдан оёқ умуминсоний мавзуларни қамраб олувчи диалоглардан иборат. Иккала суҳбатдош, яъни иккала Асле ҳам айни санъат мактабида таҳсил олган, бироқ бош қаҳрамонгина рассом сифатида шуҳрат қозонган эди. У санъатининг омад тумори сифатида эътиқодини кўради. Ижод билан биргаликда муттасил тарзда Яратганга ибодат қилади.

 

Фоссе ва Нобел

 

Сирасини айтганда, Юн Фоссе Нобелни қўлга киритган тўртинчи норвег ёзувчисига айланди. Бу мукофотни ундан салкам бир аср аввал норвег адибаси Сигрид Ундсет ютган эди. Бусиз ҳам мамлакатда улкан обрўга эга ёзувчининг шуҳрати янада ошди, миллат қаҳрамонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Норвегия бош вазири Ёнас Гар Стёре ўзининг «Х» (собиқ Twitter) саҳифасида қуйидагича хабар қолдирди: «Бугун бутун Норвегия аҳли бундай юксак мукофотдан сармаст, барчамиз фахр ҳиссини туйяпмиз!»

 

 

Фоссенинг ўзи эса, афтидан, Нобел мукофотига лойиқ кўрилгани ва 11 миллион крронали бўлганидан унчалик ҳам боши осмонга етмаган кўринади. Унга Нобел қўмитасидан қўнғироқ қилишганида ғолиб бўлганидан мамнунлигини, аммо у қадар ҳайратга тушмаганини айтди. «Ростини айтганда, хурсандман, кутилмаган хабар бўлди. Аммо анча йиллардан буён менга Нобел беришлари эҳтимоли ҳақида эшитаверганим сабаб жуда ҳайратга тушганим йўқ. Қачондир шу кун келишини билган эдим» деб жавоб беради у таассуротлари билан бўлишар экан ва суҳбат сўнгида машина ҳайдаб кетаётганини айтиб, уйига соғ-саломат етиб олишга ваъда беради.

 

Юн Фоссе нафақат ижодда, балки ҳаётда ҳам минималист ижод экани юқоридаги суҳбатдан англашилган бўлса керак. Яқин йилларда адибнинг асарлари ўзбекчага таржима қилиниб, ўзбек китобхонлари жавонидан жой олади, деган умиддамиз.

 

Шоҳрух УСМОНОВ.

Ойина.уз

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси