Ўсмир қизнинг қайғуси, ўлимга етаклаган ишончсизлик – инсоният фожиаси ҳақидаги икки асар таҳлили


Сақлаш
17:10 / 04.10.2023 476 0

Саган ва қайғу

 

Франсуаза Саган ХХ аср охиридаги француз ва дунё адабиётининг энг атоқли вакиласи. Саган ҳақида гап кетганда, романларини ўқиган ўқувчи кўз ўнгида суратига мувофиқ кичкина, жиккаккина, ёввойи хандон ва ўз навбатида дамдўз (ўзига беркинган), шу билан бирга ўйин-кулгига муккасидан кетган ёш қиз сийрати гавдаланади. Ҳар ҳолда унинг икки романини ўқиганимдан сўнг менинг тасаввуримда ёзувчи шундай тарзда қолди. Гарчи у қанчадир муддат оилали бўлиб, фарзанд кўрганди; шунинг баробарида оламшумул шуҳрати эвазига келган катта пулларни қиморхоналарда ёппасига ютқазиб қўйиб, ялангоёқ бўлиб юриш, янги асарга киришиш ва унинг гонорарларинида дўстлар билан сайру саёҳатлар, кўнгилхушлик базмларига сарфлаш ҳам Саган қисматига хос. Яна кибор француз жамиятида жулдурвоқи кийиниб, ороланган француз гўзаллари орасида умуман бўёқ ва тарошсиз юриш ҳам Саганнинг ўша болалик ва ўсмирлик йилларидан қолиб кетган сурати эди. Мана шундай, бир қарашда шамолдек яшаган аёлни доим ерга тортиб турадиган катта-катта тошлар бор эди – қалбдаги қайғу. Саган 17 ёшида ёзган оламшумул асарининг номи «Ассалом қайғу» деб номланиши ҳам бежиз эмасди. Ҳали 17 ҳа ҳам тўлмаган, ёввойи, хуш-хандон, отаси билан гап-гаштак, енгил-елпи базмлардан ортмайдиган қиз ҳаётига қайғу қачон кириб келганди? Унинг ижодидаги айни шу жиҳатнинг аксар ёшлар ҳаётига тегишли томонлари бор. Негаки биз қачон болаликдан кетганимизни, ўсмирлик ва ёшлик етганда нега маъюс бўлганимизни тушуна олмай қоламиз. Саганнинг «Ассалом қайғу»си айни шу саволга жавоб беради. Ўсмир қиз гўёки енгилтак, мазмунсиз ҳаёти учун ўзини айблай бошларкан, ўзини ўзи ёмон кўриб қолади.

 

 

Саганнинг ҳамма асарларида интеллектуал аёлларга маҳлиёлик кайфияти сезилади. Ёзувчи уларнинг ақл-заковати ва теран қалб дунёсига бошданоқ мафтун, ўзини эса ҳеч қачон бундай бўлолмайди, деб билар, улар олдида ўзини мутлақ ожиз сезарди. Ва ҳаётида истаганидек бўлолмагани учун учун ўзини ёмон кўриш бошланганди. Аксар одамларда ҳам ҳаётдан, энг аввало ўзидан қониқмаслик ўсмирлигида пайдо бўлади ва бу ҳис умрбод тарк этмайди, гоҳида бу ҳол уларнинг руҳиятини издан ҳам чиқариши мумкин. Саганнинг қаҳрамони (17 ёш Сесил) бу ўринда кўп курашмайди, шунчаки ўзини ёмон кўришига кўниб қўя қолади ва буни унутиш учун ҳар тун отаси билан ичкилик базмларидан бери келмайди. Аммо бу ёмон кўриш шундай махлуқликки, ҳеч қаерда озод нафас олишга қўймайди, ичингни, онгингни, ит тирнаган каби асабингни пармалаб тураверади. Мана шу ердан Қайғу бошланади. Янаям аниқроғи ўзингни таҳлил қилишни бошланган жойдан Қайғу бошланади. Шунинг учун 17 ёшли қиз ҳаётига бутунлай тарк этиб бўлмас қайғу – то ўлимгача азоб кирганини тушуниб етади ва унга қучоқ очади. Сесил отасининг қирқдан ошган Анна исмли маҳбубасини ҳам яхши, ҳам ёмон кўради. Маҳбуба – ўта баланд ички эҳтирос, тарбия, ахлоқ ва интеллектга эга аёл. Нимага эътибор бериб, нимани назарга илмасликни яхши биларди. Сесил ва отаси эса бугунни мазза қилиб яшаш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган икки қайқибош. Уларга қаерга бориш, нима қилиш, ким билан гаплашишнинг фарқи йўқ. Отанинг маҳбубалари билан муносабати ҳам жиддий эмас, шунчаки ишқ ўйинлари эди улар. Сесил ҳам ҳаётга худди отаси каби қарайди. Аммо, қирққа кириб ҳам бировни тузук-қуруқ севмаган Анна бошқачароқ қабул қиларди ҳаётни. Анна учун муҳаббат жуда жиддий масала, ҳаётни ишонч, севги, садоқат устига қуриш мумкин ва уларни доим парвариш қилиш керак, деб ўйлайди у – тўғри парваришлаш! Кўнгил қўйган одамга ишонишни эса бутунлай ҳаётга ишониш деб билади. Аммо Сесил ва отасига Аннанинг гўёки консервативлик бўлиб туйиладиган қатъи принциплари маъқул эмас. Бу улар ўрганган ҳаётга мос тушмайди. Асар давомида Анна бўлса уларнинг ҳаётини ҳам рисоладагидек қилиш учун кураш бошлайди. Сесилнинг университетга киришини, йигитлар билан оғиз-бурун ўпишиб юрмаслигини, севги ниҳоятда жиддий туйғу эканини ҳис этишини истарди у.

 

Қиз эса буни мағлубият деб қабул қилади – худдики ҳаёти рисоладагидек бўлмагани учун кимдир унга дашном беряпти, изза қиляпти. «Бу одамни ҳаётидан йўқотиши керак!» – бир лаҳза Сесилнинг онгидан шу фикр чақнади ва аҳмоқлик қилди – отасининг эски маъшуқаси билан иттифоқ тузди. Сесил бундан албатта хурсанд эмас эди. Энди Аннанинг интеллекти, заковати олдида ўзини ожиз ҳис қилиши олдига айбдорлик ҳам қўшилди. Аммо ўзи бошлаган ўйинни тўхтатишга кеч эди. Сесил энди тинмай ўзини таҳлил қилар, айблар, аввалги қувноқлиги қайгадир йўқолганди. У Аннани айнан мана шунинг учун ҳам ёмон кўриб қолганди. Қалбига бир умрлик қутқуни, доим ўзини ўзи таҳлиллаб, койиб, азоблашдек қайғуни солиб қўйди. Энди ўсмир қизга дастлабки ишқ ўйинлари, сархуш, сармаст юришлари ҳам лаззат бермай қўйди. Унинг ҳаётидан завқ йўқолганди. Ўзини «еб-ютиб» юборгудек таҳлиллаши уни бир умр тарк этмаганидек, завқ ҳам ҳаётига қайта келмади. Унинг қалби абадий азобга маҳкум бўлди. Ёш қалбнинг изтироби, қайғуси айнан шу нуқтадан – ўзига ва атрофга муносабат билдириши, нима тўғри, нима нотўғри деган жойдан бошланди. Ахир отасига ўхшаб эртаю кеч қовоқхонада дўстлар ва ошиқлар билан умр ўтказса, ҳеч нарсани ўйламай яшаса бўлардику?! Аммо ҳаётида бир закий аёлнинг пайдо бўлиши ундан шу ҳаловатни ўғирлади. Энди унинг ҳаёти бутун умрга «ассалом қайғу» бўлиб ўтади. Китобни ўқиган аксар одам шу тарзда изтиробларининг манбаси ўз-ўзини таҳлил қилиш эканини билиб олиши мумкин. Лекин бундан қочиб бўлмайди. Инсон абадий шунга маҳкум қилинган. Ва маҳкумликнинг ўзи азалий азобдир.

 

 

Саган ва ишонч

 

Хўш, Анначи? Унга нима бўлди? У жондан ишонган, севган одами эски жазманини ўпаётганини кўриб югурганича машинага ўтирди ва кўприкдан қулаб ҳалок бўлади. Тўғрироғи ўзини машина билан бирга кўприкдан отади. Чунки бу олийжаноб қалбда энди на ҳаёт, на севги, на одамларга ишонч қолганди. Ҳа, у ҳам бошқалар каби яшаса бўларди, ишончсиз, севгисиз... бор-йўғи ишқ ўйинлари билан. Лекин у бундай қилса, ўзи ҳазар қиладиган тоифа даражасига тушарди. Бу Сесил, отаси, дўстлари ва дунёдаги мутлақ кўпчиликнинг даражаси. Бу ҳолнинг айби йўқ, аммо фожиаси бор. Булар меҳр кўрмаган, ҳаётни рисоладагидек қилишга иродаси етмаган, кейин барига қўл силтаб, майда-чуйдаларга ружу қўйган, бошқа йўл тополмаганидан маишатга муккасидан кетиб, ҳамма нарсани ўйин қилиб юборган ишончсизлар, нигилистлар даражаси ва фожиаси бу! Бундай одамлар қалбида ҳам худди Аннаники каби улкан олийжаноблик бўлган, фақат уни ҳеч ким парваришламаган, ҳеч ким илғамаган ва уларни ҳеч ким чинакам муҳаббатга арзитмаган. Кейин улар ҳам бошқаларни чинакам самимият, муҳаббат ва муносабатга арзитмай қўйган. Анна эса шуни парваришламоқчи эди… Анна ҳам шу жамиятда яшарди, лекин нега у нигилистга айланмади? Унинг баланд интеллекти, ҳассос қалби мана шундай бўғиқ муҳитда ҳам ўзини асраб қолишга етарли куч берганди. Шу сабаб у ўзининг олий қадриятларига суяниб яшади, шунга ишониб ниҳоят севди. Аммо бу қадриятлар ҳаётдаги мутлақ кўпчилик учун аҳамиятсиз эканини тушуниб етганда, у ўлди. Чунки тирик қолса ҳам уни нима кутишини биларди. Аёл ўз изтиробининг энг олий нуқтасида ҳалок бўлди, Сесил каби бутун умр ўзидан қониқмаслик, ёмон кўриш, гўёки хандон бўлиб ҳеч қаерда завқ тополмаслик аламидан қутулди. Ахир тирик қолганида уни шу қисмат кутарди.

 

Франсуаза Саганнинг «Кўлмакда акс этган қуёш шуъласи» романи ҳам айни шу – ишончсизлик ҳақида ҳикоя қилади. Бу асардаги қаҳрамон аёлнинг исми ҳам Анна. Ва у ҳам ўттиз беш ёшгача, то Жиллни севиб қолмагунча ҳеч кимга кўнгил бермаган, ҳатто уни жон-дилидан ортиқ кўрувчи ғамхўр, бадавлат турмуш ўртоғига ҳам. У Жилл учун узоқ йиллик оилани ҳам ташлаб келди. Аммо улар кўп яшамайди. Сабаби Жилл Аннанинг севгисига ишонмасди. Эркак умуман уни кимдир севиши мумкинлигига ич-ичдан ишонолмаган ва Анна устимдан кулаётган бўлсачи, мени ташлаб кетсачи, у ақлли бўлгани учун мендан ўзини баланд оляпти, деган шубҳалар билан яшарди. Буни бехос эшитиб қолган Анна Сесилнинг Аннаси каби ўзини ўлдиради. Чунки у ҳаётида ҳеч кимни Жиллни севганчалик севмаган, севгилисига нисбатан хаёлида ёмон ўй бўлмаганди ҳеч қачон. Аммо Анналарга ишонишмади, аксинча, ишончларини топташди, оқибат эса улар ўлишга қарор қилдилар. Ишонч йўқ жойда бирорта самимий туйғу ва муносабат бўлмайди!

 

 

***

Саган шунчаки туйғулар, муносабатлар ва ишқни ёзаркан, аслида қалбимизни ва дунёни қуршаб олган нигилизм ҳақида айтиб кетди. У буни айнан назарда тутмаган бўлиши мумкин. Аммо у чизган тақдирлар шуни сўзлади. Нигилизмдан кейинги босқич нима? Афсус бунга ҳали на ўзбек жамияти, на ўзбек ёшлари ва на дунё жамияти етиб келолмаяпти. Топган жавоблари эса уларни қутқармаяпти, ўзини сақлаб қоламан деганлар ҳалок бўляпти. Жавоб севги бўлиши мумкин. Аммо бизнинг севгимиз Сесиллар, Жиллар севгиси. Ҳеч нарсага ишонмаган одамлар севгига ҳам ишонолмайди, ишондим деб ўзини алдайди ва охирида ҳамма нарсани ўйин қилганини ўзи ҳам билмай қолади. Саган айни мана шу ўзимиз тушунолмаётган мураккаб кечинмаларимизни дастурхондаги овқатдек олдимизга тортади.

 

Тилланисо ЭШБОЕВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси