Ўзбекистонда ёқланган PhDни чет эл университетлари магистратура ўрнида қабул қилади – олий таълимдан кейинги таълим тизимига доир хулосалар


Сақлаш
22:35 / 29.09.2023 812 0

Олий таълимдан кейинги таълимнинг баъзи Шарқий Европа ва Ўрта Осиёдаги давлатларда сақланиб қолган PhD/DSc ва дунёнинг бошқа жойларидаги PhD даражалари ўртасида қандай фарқ бор? Бунинг формуласи қуйидагича: PhD/DSc = PhD. Чунки жуда кўп давлатларда PhD таълимнинг энг олий даражаси деб қабул қилинган. Ундан тепада бирор олий таълим даражаси йўқ, ҳатто хоҳласангиз ҳам ундан тепага чиқишнинг иложи йўқ. Унда нега Ўзбекистонда PhD/DSc тизимини ушлаб туришибди? Бунинг давлат ичида ва ташқарисида қандай таъсири бор?

 

Ҳар хил маълумотларни эътиборга олган ҳолда айтсак, дунё аҳолисининг 1 фоиздан 1,3 фоизигача аҳолиси PhD илмий даражасига етадилар. Демак, дунёнинг бир ҳовучгина одами бундай илмий мавқега сазовор бўлади. Боболаримиз илм олишни игна билан қудуқ қазиш каби оғир машаққат эканлигини таъкидлаганларидан хабаримиз бор. Мен бунга шахсан ўз тажрибамда иқрор бўлдим. Фан доктори даражасига етиб бориш жуда кўп вақт ва маблағ талаб қилади. У инсондан кучли чидамлилик, руҳий барқарорлик талаб қилади, чунки йиллаб мунтазам равишда ақлий меҳнат билан шуғулланиш ўта оғир. Таълимнинг юқори чўққисини кўзлаган кўпчилик оилавий қийинчиликлар, муносабатлардаги мураккаблик, кучли стресс ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни бошдан ўтказадилар. Чунки кўп ҳолларда илмий тадқиқотлар ёлғизлик ва изоляция талаб қилади. Олимлар жуда тор бир йўналишни танлаб, жуда кўп ўрганиш ва тадқиқ қилиш орқасидан ўз йўналишларининг кучли мутахассисига айланадилар. Улар ўз йўналишларидаги ҳамма нарсадан хабардор бўлишлари талаб қилинади.

 

Нега Ўзбекистон PhD/DSc тизимидан воз кечиши лозим? Ўзбекистонда PhD тадқиқотчиларга берилган уч йил муддат яхши тадқиқот олиб бориш учун етмайди. Бу тадқиқот методларини ўрганиш ва тадқиқот методологиясини яратиш учунгина етиши мумкин. Мен PhD тадқиқотимни узлуксиз равишда олиб бориб, етти йилда тугатдим. Шунда ҳам иккита илмий раҳбарим ва яна учта йўналиш мутахасислари доимий равишда мени кузатиб йўл кўрсатиб борди. Ўзбекистонда яхши илмий раҳбар муаммоси бошқа бир мавзу. Тадқиқот нималигини, тадқиқот методлари ва методологиясини тушунмасдан туриб ёзилган диссертацияларнинг қиммати жуда паст. Шунинг учун ҳам илмий журналларда кучли илмий ишларни нашр қилдириш талаби ҳам коррупция йўли билан амалга оширилади.

 

Кейин иккинчи босқичда яна шу муаммо қайтарилади. PhD олганлар DSc учун яна бошқа тадқиқот қилишлари лозим, бунга ҳам етарли вақтлари бўлмайди ва натижада иккита кучсиз, кўчирмачилик асосида эришилган тадқиқот дунёга келади. Шахсан шундай тадқиқотларни Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг диссертациялар бўлимида ўтириб кўздан кечирдим.

 

Ўзбекистонда PhD ва DSc олаётганлар ўз илмий ишларига тақризни ўзлари ёзадилар. Илмий ишлар одатда юзаки кўриб чиқилади ва қандайдир имловий ёки ёзишдаги баъзи камчиликлар кўрсатилиб ҳимоядан ўтказиб юборилади. Мен бунга ҳам шоҳид бўлдим. Бу ҳолат Ўзбекистонда таълим олган PhD/DSc фан докторларини глобаллашаётган дунёда чеклаб қўяётгани, уларнинг жуғрофий мобилизациясига салбий таъсир кўрсатаётгани ва халқаро таълим тизимларининг (International Recognation of Education) Ўзбекистондаги тизимни тан олишига қийинчиликлар туғдираётганини ўйлаб кўришимиз керак.

 

Бугун Ўзбекистонда яратилган PhD/DSc тизими дунё таълим тизимларида ноаниқлик ва Ўзбекистондаги таълим системасига ишончсиз қарашларга сабаб бўлмоқда. Баъзи ҳолларда Ўзбекистонда олинган PhDни бошқа университетлар магистратура ўрнида қабул қилса, бошқа ҳолларда очиқ-ойдин биздаги PhD тадқиқотлари устидан куладилар. Бунга етарлича сабаблари бор деб ўйлайман. Бунинг устига менга ўхшаган чет давлатда PhD олганлар Ўзбекистонда иккинчи даражали олимларга ўхшаб қоламиз. Шу ўринда айтишим лозимки, мени Ўзбекистонда PhD дейишса ўзимни камситилган ҳис қиламан.

 

Др. Дилсора ФОЗИЛОВА

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//