Бугун Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир ҳалқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.
«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир», — дейилади “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 октябрь куни «Давлат тили ҳақида"ги (1989 йил 21 октябрь) қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарор”да. Қарорда қайд этилишича, мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, ҳалқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Кўп вақт ўтмай, 21 октябр 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан - 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни”, деб эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида "Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти" ташкил этилди.
Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.
Аммо сизларни эътиборингизни ҳозирги блогерларимизнинг тилга бўлган муносабати, стилистик ва имло хатоларига тўла мақолаларига қаратмоқчиман. Бу масалада Нажот Нурнинг «Мен журналист эмасман, деган баҳона ўринсиз, чунки сиз оммага ахборот бераяпсизми, демак адабий ўзбек тилида муомала қилишингиз ва ёзишингиз шарт» деган фикрига мутлақ қўшиламан. Шу ўринда, беихтиёр таниқли адибимиз А.Қаҳҳорнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари ёдимга тушди: Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
Энг ачинарлиси шуки, ижтимоий тармоқларда, ўзимизнинг ўзбек миллатимизга мансуб, баъзи нодон манқуртлар (Дониёр Якубов, Жасур Мирзаев – яна бу одам Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани маданият бўлимининг ходими экан) ўзбек тилини ҳақоратлашгача бордилар (“исқирт ўзбек тилини йўқотиш керак”, полний рус тилига ўтиш керак” ва.ҳ.к.лар). Бундайларга нисбатан буюк ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини айтгинг келади:
“Тилга кучи ета олган – донишманд
Сўзга эрк берган – пасткаш аҳмоқ”.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ва Республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри туманларидаги “ташқи реклама ва пешлавҳалар” мониторинги ўтказилиб, уларнинг “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги мунтазам ўрганилиб борилади. Ўрганиш қуйидаги 4 йўналиш бўйича олиб борилади:
1. Кўчалардаги умумий реклама ва пештахталар
2. Бозорлардаги реклама ва пештахталар
3. Ўқув муассасалари, марказлари ва китоб дўконларидаги реклама ва пешлавҳалар
4. Давлат тасарруфидаги ташкилот ва корхоналардаги пешлавҳалар.
Ўрганиш натижалари кишини таажжубга соладиган даражада, чунки у ўзини Ўзбекистон пойтахти Тошкентда эмас, худди бир чет элда юргандек ҳис қилади. Ҳамма ерда аралаш-қуралаш чет тилдаги реклама ва пешлавҳаларни учратасиз:
Масалан, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Амир Темур шоҳ кўчасининг ўнг томонида хориж тилида акс эттирилган рекламалар жойлаштирилган, ўзбек тилида қайднома йўқ. Амир Темур шоҳ кўчасидаги реклама ва пешлавҳаларни кўрган тошкентлик: “Она шаҳрим, жоним Тошкентимми ёки I Love Тошкентми?!”- деб хитоб қилгиси келади.
Юнусобод тумани Олой деҳқон бозорининг ички томони
Мана сизга шахар марказидаги энг машҳур ва гавжум бозоримиздаги ўзбек тилига бўлган муносабат!
Хўш, бу-ку бозорлар экан, болаларимизга илму-маърифат тарқатаётган билим масканлари – Шайхонтохур туманидаги ўқув муассасалари, марказлари ва китоб дўконларидаги реклама ва пешлавҳалар аҳволи билан танишайлик:
Себзор кўчаси, китоб дўкони
Шу ўринда, Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» китоби-даги қуйидаги сатрларига диққатимизни қаратайлик:
"Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар".
Энди эътиборингизни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Амир Темур шоҳ кўчасининг чап томон қисмида жойлашган Ўзбекистон радиотелекомпаниясининг қуйидаги пешлавҳасига қаратмоқчиман:
Ўзингиз кўриб турганингиздек, ўзбек тилига бўлган муносабат шу даражадаки, Ўзбекистон фаҳри бўлган телевидение минорасининг пешлавҳаси ҳам хорижий тилда номланган!
Шунга ўхшаш манзараларнини шаҳримизнинг бошқа туманларида ҳам учратасиз. Хуллас, юқоридаги мониторинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу хориж тилидаги реклама ва пешлавҳалар маънавиятимизга ўтказиши мумкин бўлган ижобий ва салбий таъсирларини Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Маҳатма Гандининг қуйидаги сўзлари орқали яхши ифодалаш мумкин: "Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга, очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб, уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб юборишини ҳам истамайман".
Демак, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг авайлаб сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат ва анъаналарини сақлайди. Шу ўринда, умуминсоний ва миллий қадриятларнинг ўзаро уйғунлашувини таъминлаш билан бирга, ахборотлар мазмунида миллий онгни мустаҳкамлаш ҳамда тарғиб этиш муҳимлиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини таъкидлаш лозим: “Биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз”, ёки "Янги Ўзбекистон стратегияси" китобларидаги қуйидаги иқтибосларга эътиборингизни қаратмоқчиман:
"Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, ХХ аср бошида олти тилли - ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган аллома Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: "Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат - бу ватаний ишдир".
Шундай экан, таҳдид сифатида намоён бўлаётган юқоридаги ахборот оқимларининг салбий моҳиятини англаш, жамият аъзолари онгида ғоявий иммунитетни ривожлантириш, инсонлар тафаккурини умумманфаат сари йўналтириш ва мустаҳкамлаш масалалари бугунги даврнинг жамият аъзолари олдига қўйган асосий талабларидан ҳисобланади.
Мухтасар қилиб айтганда, бизга таъсир ўтказаётган ёки таъсир ўтказмоқчи бўлаётган юқоридаги реклама ва пештахталар ғояларининг қай бирини қабул қилиш ва қай бирини рад этиш лозимлигини аниқлаш учун мутасадди ташкилотлар ходимларининг (шу жумладан, Атамалар комиссиясини) жиддий муносабати ва шарҳи лозим бўлади.
Фозил Султонов,
Республика маънавият ва маърифат маркази масъул ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ