Истайманки, ҳамма рост гапирса – Шукур Холмирзаев


Сақлаш
17:09 / 27.09.2023 588 0

Чинакам ёзувчи ҳаётни теран мушоҳада этади, зиммасидаги вазифа моҳиятини англашга интилади. Ҳақиқат йўлидаги саъй-ҳаракатлар, пировардида, унинг яшаш тарзига, умр мазмунига айланиб кетади. Санъаткор қалби халқнинг аҳвол-руҳияси, кечмишу тақдири акс этадиган кўзгу экани-да рост. Йиллар ўтгани сайин ўқувчи кўнглига янада яқинроқ бўлиб борадиган китобларнинг умрбоқийлик сири, эҳтимол, шундадир?..

 

Мумтоз ҳикоянавис Шукур Холмирзаевнинг адабиёт тарихию истиқболи, юрт ва халқ ўтмиши, инсон руҳияти, ёзувчилик аъмоли хусусидаги мушоҳадалари адиб шахсини танитишда ўзига хос васиқа дейиш мумкин.

 

***

“Ўн саккизга кирмаган ким бор”дан кейин етти йил ёзмай кетганман. Дунё адабиётига рўпара бўлдим. Ҳинд, француз, инглиз, қисман итальян адабиётини яхши кўрдим. Энг ёш адабиёт – Американи яхши кўриб ўқидим. Лотин Америкасигача бордим. Шуларни кўрганимдан сўнг қарасам... сиёсий товламачиликлар, миллатчилик, раcизм, босқинчиликлар, шовинизмлар ўтар экан, инсон қолаверар экан. Шунга шон-шарафлар бўлсин! Ўшанда сиёсатга, сиёсий кўрсатмаларга хизмат қилмасликка ақлим етган эди. Сенинг маҳкумиятинг, қисматинг – инсонни акс эттириш. Одам қалбига қулоқ солиш керак...

 

Кўплаб ҳикояларимизда ечим чатоқ... ЕЧИМ – ёзувчининг дунёни идрок этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғли билиши, қолаверса, маҳорат – профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир.

 

Мен адабиётни қисматим деб аллақачон айтиб қўйганман. Буни ўзим биламан, Оллоҳ билади. Қисматим демаганимда, мен бу ерларда – ёзувчилар дала-ҳовлисида макон тутмай, хотин, бола-чақамнинг ёнида юрардим. Тузуккина рўзнома ёки журналга муҳаррирлик қилиш ҳам қўлимдан келади... Шахсан мен бу йўлга кирдимми... йўқ, орқага қайтиб бўлмайди. Бошқача ҳаёт кечира олмайман. Лекин бир нарсага афсус қиламан. Бу йўлдан кетган одам, бу руҳда тарбияланган одам рўзғордан қийналар экан. Мен рисоладагидек эр бўлолмадим деб ҳисоблайман ўзимни. Яхши, меҳрибон ота бўлолмадим. Ҳаётимнинг кўп дамларини адабиётга сарфладим. Бундан афсусланмайман.

 

Ишонасизми, баъзан ҳикояни ёзиб бўлганимдан кейин уни бировга кўрсатмай, редакцияларга ҳам бермай юраман. Яхши кўрган куйингни хиргойи қилгандек, ўзимча ўқиб, ўзимча завқланиб юраман. Кейин... ҳаёт шундайки, тирикчилик ўтиши керак: жиғилдон ташвиши бор, бирон редакцияга элтаман.

 

***

Мен матбаа соҳасида Иброҳим Раҳимдек бағрикенг, қўрқмас ва тадбиркор раҳбарни кўрганим йўқ! У киши миллий қадриятларимиз ҳақида ҳар қандай қалтис материалларнинг ҳам чоп этилишига бош бўлар, “Ўзим жавоб бераман. Сизлар топинглар!” дер, биз ходимлар жон-жаҳдимиз билан ишлар эдик. Тасаввур этинг, 1967-68-йиллар; “Темур тузуклари”ни босиш учун қанақа юрак керак… Айтадиларки, “халқ қандоқ бўлса, раҳбар ҳам шундоқ бўлади”, деб. Йўқ, кўпинча, раҳбар қандоқ бўлса, халқ ҳам шундоқ бўлиб кетар экан.

 

Ҳақиқий адабий тилимиз – Чўлпоннинг тили. Менга бу гапни Шукур Бурҳон айтган. “Шукуржон, 30-йиллари биз адабий тилни норма қилдик. Чўлпондан ўргандик. У бизга адабий эмакдош эди. Режиссёримиз Маннон Уйғур эди. Шунда адабий тил шаклланган эди. Кейин шўронинг таъсирига ўтиб, русча гаплашадиган, шевада гапирадиган бўлдик... Ўзбек тили бузиляпти, бузиляпти”, деб Шукур Бурҳон армон билан ўтиб кетди.

 

Мен иккинчи курсдаёқ шеър ёзишни ташлаб кетганман. Бунга Абдуллажон сабаб бўлган. Мен ўшанда Абдуллажондан ўтказиб шеър ёзолмаслигимни англаб етган эдим... Умуман, шеърни яхши кўраман. Қулоғим тинч, кўнглим тинч бўлган пайтларда шеър ўқийман. Шеърнинг садағаси кетай, бунда гап кўп...

 

***

Булбул нега сайрайди? Бизга, булбул одамлар учун сайрайди, деб ўргатишган. Йўқ, булбул ўзи учун сайрайди. Сайрамаса, ўлади. Менимча, адабиёт ҳам шундай. Бу бир табиий туйғу. Ибтидоий одам бировни тарбия қилай деб суратлар чизгани йўқ. У табиатга тақлид қилган. Дарвоқе, Арасту ҳам шундай фикр билдирган. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда адабиёт ҳам бир эҳтиёж. Тинглаш ҳам, завқланиш ҳам инсон табиатидан келиб чиқадиган эҳтиёж. Шу боис мен адабиётни ҳам эҳтиёж санъати деб биламан.

 

“Сўнгги бекат” номли романим чиққан эди. Шунда Ватан ўзи нима, деб ўйлар эдим. Менинг энг яқин дўстим бор эди, археолог Менгзиё Сафаров деган. Биз қабристонларда юрардик. Қадим вайроналарда, Афросиёбда, Далварзинтепаларда юрардик. Биз Толстовнинг, Массоннинг, Пугаченкованинг, Бартольднинг асарларини ҳижжалаб ўқир эдик. Ўшанда 26 ёшларда эдим. Кимман мен? Шу араблар босқинидан олдин ҳам менинг Ватаним бўлганми ё кейин бўлдими, деган бир ғашлик бор эди. Йўқ, биз илгаридан ҳам халқ эканмиз. Илгаридан ҳам Ватан бор экан...

 

Гёте ва бошқалар – ҳаммасининг илдизи сўфийликда ётади.

 

Инсоннинг яшаш қонунлари оддий ҳайвонларнинг яшаш тарзидан унча фарқ қилмайди. Ҳайвонларнинг руҳиятини қанча кўп ўргансангиз, инсонни шунча кашф этаркансиз. Нафақат одамни, балки ўзингизни кашф қила бошларкансиз... Аввал одамни ўрганишдан қўрққан пайтларим бўлган. Чунки мен қаҳрамоним нима ўйлаётганини билиб турардим. Аммо адабиётда кўрмаганман-да. Кўрсатилган йўллар мени қаноатлантирмаган. Шунинг учун қўрққанимдан асарни кўпроқ диалогларга қурардим. Орадан йиллар ўтиб, инсонни ўрганиб олганимдан кейин қўрқмайдиган бўлдим. Бу – жуда муҳим нарса.

 

***

Ўйлаб қарасам, болалар ўйинида гап кўп экан. Биз ўша ўйинларда фақат жисмоний эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам чиниқар эканмиз... Биздаги, шахсан ўзимдаги айрим фазилатлар заминини ҳам ўша ўйинлардан кўраман. Ахир, ўйинда ғирромлик қилган айрим дўстларимизнинг кейинчалик, катта бўлгандан кейин ҳам ҳаётда ғирромлик қилганига гувоҳмиз. Ёхуд бунинг аксича.

 

Очиқроқ айтсам, биз яхши, ҳалол акс эттирмадик. Чунки ўша носоғлом муҳитда анавини ёзиш мумкин-у, буни ёзиш мумкин эмас деган нуқтаи назар тепангда бамисли ойболтадек осилиб турар, шунинг учун бизда аксар ёзувчилар рост гапни ёзмас эди. Ажабо, бу ердаям бир қонуният бор-а: маънавий муҳитимизда ёлғон кўп бўлганидан адабиётда ҳам ёлғон кўп эди, дейиш мумкинми? Бироқ яна юқоридаги фикрга қайтасан киши: ахир, адабиётнинг вазифаси, демак, ўша ёлғонни ҳам акс эттиришдан иборатмасмиди? Мана, бахтимиз бор экан: замон айланиб, рост гапни – борини айтиш имконияти очилди.      Бу – ёзувчи учун бахт! Ахир, ёзувчига нима керак? Ана шу эркинлик-да! Ёзувчининг вазифаси нима? Ҳақиқатни айтиш-да! Шунинг учун бўлса керак, дунё адиблари ўртасида тарқалган қадим бир гап бор: ёзувчининг худоси – ҳақиқат эмиш.         

 

***

Мен “Қутлуғ қон”ни ҳали ҳам ҳузур қилиб ўқийман. Мана, Мирзакаримбой ҳақидаги ўйларимдан бир шингил: “Бой бўлишнинг ўзи бўлмас экан. Ахир, у одам  нақадар тадбиркорлик билан бой бўлди! Хотинининг тақинчоқларигача чиқариб сотди, ер олди. Ўғли Ҳакимбойваччага зўр маслаҳат берди-я, Фарғонада пахта заводи очиш тўғрисида? Ўзимизда заводлар бўлиши лозимлиги ҳақида бойларимиз ўшандаёқ ўйлаган экан-да?! Унинг Йўлчибойга насиҳатлари... Хўп, ана, Мирзакаримбойнинг ўн олти яшар Гулнорни хотинликка олишини “ёмон” дейлик. Лекин бу ҳолни ҳам тушуниш мумкин: нима қипти ёш хотин олган бўлса?”

 

Ҳақиқий ёзувчи мен одамни тарбия қиляпман, демайди. Уни мўлжалламайди. Бу – ўртача ёзувчиларнинг иши.

 

Пушкиннинг машҳур гапини эсланг-а: “Я плачу над вымыслом!” Ўзи тўқиган – бадиий тўқимани салмоқлаб кўриб... йиғлар экан! Ғалати ҳол, а? Аммо ёзувчи учун бу табиий ҳолдир. Ана шунинг учун ҳам азизимиз Абдулла Қодирий Кумуш ўлганида сим-сим йиғлаган... Французнинг буюги Флобер Бовари хоним ўлган чоғда ўзидан кетиб қолган... Асар яралиши жараёнида битта нуқтага жиддий эътибор берилишини истайман: қаҳрамоннинг кўнглидан изма-из, босқичма-босқич ва узвий мунтазамликда кечадиган ҳамда (демак) қаёққадир кўтарилиб ёхуд пастлаб борадиган ҳис-туйғулари ва ана шулар таъсирида пайдо бўладиган (маънилими, бемаъними – фарқи йўқ) фикр-мулоҳазаларнинг табиий чиқишига... ҳушёр бўлишни истайман: бу иш шу қадар нозик ва мураккаб жараёнки, ҳар қандай олий математик ҳисоб-китоб ҳам ҳеч нарсадир!

 

Замон қаҳрамони ҳақида ёзадиган ёзувчининг ўзи тўғри, тўлиқ бўлиши керак. Ҳемингуэйнинг бир гапи бор: яхши одамдан яхши ёзувчи чиқади. Демак, ёмон одамдан ҳеч қачон яхши ёзувчи чиқмайди... Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарда акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин?!

 

Адабиёт миллий кўтарилишлар, жамиятнинг ўсиш даврларида, чўкиш даврларида тараққий этар экан. Куни кеча – мустақиллик арафасида бизнинг шоирларимиз бир даҳодай, йўлбошчидай чиқишди. Шеърдан ҳузур олдик. Шеър бизни бошқарди.

 

Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин экан. Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга интилиш, ҳай-ҳай, уят! Тамагирликдан бошқа нарса эмас! Ҳолбуки, бундай “мерган”ларнинг сони... э, жуда кўп! Битта яхшигина шоирнинг Оқилжон Ҳусановга “Во, акажон-э, жуда қийналиб кетдим-э шу мукофот учун!” деганини эшитганман. Шоира комсомол мукофотини олган эди. Бунинг учун ўзининг вилоятига қатнаб, анча талабномалар биттирган экан. Каттакон бир адибимизнинг бу йўриғда айтган гапи ҳам эсимда: “Агар шу йил ҳам давлат мукофотини бермаса, Яшиннинг эшиги оғзида ётиб оламан!” Э, шу йўл билан мукофот олгандан кўра “четда турган яхши”-да! Ғурурингни поймол этмайсан. Қолаверса, бу ўткинчи дунёда адиб дегани Шахс бўлиб ҳам қолиши керак-ку!

 

Сўфийлар таълимоти асосида комил инсон ва баркамол жамият ғоялари ётган. Бунинг учун улар ишни, аввало, ўзларини ўзлари тарбия қилишдан бошлашган ва энг биринчи шартлари – нима юмуш қилмасинлар, инсон камолоти учун қанчалик изланмасинлар, бунинг учун бировдан бир нарсани тама қилмаслик бўлган: бошқа ҳамма сифатлар ана шу беминнат ғоядан ўсиб чиққан.

 

***

“Тошкент” меҳмонхонасида ўтирганимизда Чингиз Айтматов келиб қолди. Биз кўпчилик эдик, раҳматли Ботир Зокиров ҳам ҳаёт эди. “Сизлар жуда ширин гаплашасизлар. Кто здесь прозаик?” деди у. Бир-иккимиз айтдик. Шунда “Сизлар жиндек совуққон бўлиб ёзинглар. Жуда гажак қилиб юборманглар”, деди. Мен ёмон таъсирланганман. Кейин ўқидим, дунё адабиётида шунақа ёзадиган ёзувчиларни “шафқатсиз ёзувчи”, улар насрини эса “яланғоч проза” дейишади. Қандай қилиб айрим миллатларнинг ёзувчилари шу даражага етар экан, деб ўйладим. 

 

Бизда кўпинча адабиётшунослар бирон бир адибнинг маънавий мулки – ижоди ҳақида фикр юритганда ва уни у ёки бу тарафдан ёндашиб таҳлил этганда, ўша адибнинг шахсига – у ҳам конкрет бир одам, шахс, пироварди, характер эканига; унинг ана шу характери, индивидуал хусусиятлари ҳам асарларига, тасвир усулларига бевосита ўтиши, қолаверса, “услуб – ёзувчи” деган эски ақидага амал қилмайроқ кетишларини сезамиз. Ҳолбуки, бу масала – ижодиётда туб масалалардан биридир.

 

Адабиётда бир гап бор: ёзувчи ЁЗИШни ёзиш жараёнида ўрганади. Адабий жамоатчилик фикри унга қўшимча куч бағишлайди.

 

Бир куни Абулқосим мадрасасининг бир ҳужрасида (Абдулла Қодирий ҳужрасига қўшни) режиссёр Баҳодир Йўлдошев, шоир Усмон Азимов ва тағин бир-икки улфатлар билан ўтиргандик. Баҳодир сўраб қолди:

 

– Шукур ака, ўзи, босмачиларнинг ғояси бўлганми?

– О, бўлганда қандоқ! – деб маъруза ўқий кетдим. Кейин у:

– Нега “Қилкўприк” романингизда шу нарсаларни очиқ ёзмагансиз, – деб сўради.

– Қўрққанман, – дедим.

– Қўрқманг! – деб хитоб қилди у бирдан. – Менга босмачиларнинг аслида ким бўлгани ҳақида битта пьеса ёзиб беринг! Мен қўяман... Усмон, айтинг бу кишига!

– Ака, ёзинг, – деди Усмон. – Дунё ўтди-ку... Ёзинг, биз ёнингизда турамиз.

 

Бу суҳбат кечганда, “қайта қуриш” деган сўзнинг ўзи йўқ эди.

 

***

Энам ўлган кун. Тобутни опчиқиб кетишяпти. Орқамдан бир келинчак бақириб: “Холажон, опамни сўраб қўйинг” деди... Бундан икки-уч йил олдин Юнусободдан беш хонали уй берилган эди. Ўша ерда битта ўзим қишладим. Ётибман. Хонам деразасининг бир кўзи учган эди. Бир маҳал уйғониб кетдим. Хона совиб кетган. Оёғимни дивандан тушириб, эшикка қарадим. Қарасам, Менгзиё турибди! Сафаров... Баданларимни, у ёқ-бу ёғимни чимчилаб, ўйиб-ўйиб олдим. Йўқ... Қарадим, турибди Менгзиё! “Менгзиё, кепсиз-а? – дедим. – Умарбеков яқинда кетган эди, шуни сўраб қўйинг”. У турибди. “Менгзиё, Умарбековни кўрдингизми?” дедим. У ғойиб бўлди. Менга таъсир қилди шу нарсалар. Оллоҳга шукр, “Динозавр” романимни ёздим; худо умр берса, яна баъзи нарсаларни қоралаш ниятим бор. Лекин ўзим яхши кўрган одамлар ҳақида – Менгзиё, Умарбеков, Шуҳрат ака, Одил ака, Абдуллажон бор, Усмон ҳақида ёздим... Бу – одамнинг кетаётган пайтидаги васияти эмас, аммо шунга яқин бир нарсалар бўлади. Кимни, қандай фазилатларни яхши кўрасан... Ўшани ёзиш эҳтиёжи ўлимлар туфайли кўнглимга тушди.

 

Амриқо ёзувчиларининг Эрнест Ҳемингуэй билан тенг турадиганларидан бири – Ричард Олдингтон (унинг энг машҳур асари “Все люди – враги” деган романидир) “Ҳар қандай кимсанинг ҳаётидан ҳам камида битта ибратли ҳикоя ёзиш мумкин”, деган экан. Камина ҳар гал шу гапни, аниқроғи, ҳикматни эслаганда, 54 йиллик комфирқанинг аъзоси, ҳамон фирқа дафтарчасини кенгайиб қолган костюми киссасидан қўймайдиган волидам кўз олдимга келар, чаласавод, аммо вақти замонида кўпларга нафи теккан шу зот ҳақида бирон бир нарса ёзишни ўйлардим.

 

Кейин қарасам, туғилиб ўсган юртимда ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя эмас, қисса ёзиш ҳам мумкин бўлган арбоб шахслар кўп, кўп ўтган экан.

 

***

Бир асаримни Москвада таржима қилмоқчи бўлишди. Сўзма-сўз таржимасини юбордим. “Молодая гвардия” нашриётидан Шевелёв деган ношир Темур Пўлатов билан келди... Зоҳир Аълам деган ёзувчи укамиз бор, шу билан Хоразмга бордик. У ерда Омон Матжоннинг отасининг худойиси бўлаётган экан, шунга кириб ўтдик. Ҳаво совуқ эди, эшик олдида ёшуллилар чиройли-чиройли чопон кийиб туришган экан. Шевелёв шундан олиб бер, деди. Суриштирсам, икки минг сўм тураркан, ўша пайтда тўрт мингга машина берарди, менда бунча пул йўқ, дедим. Хафа бўлди, гаплашмай қўйди. Эртасига меҳмонхонада Темур менга бир рўйхат тутқазди. Қарасам ёнғоқ, майиз, писта ва ҳоказо ноз-неъмат, ҳаммаси ўн килодан ёзилган. Мен ҳайрон қолдим. Бу нимаси, дедим. Ҳамма шунақа қилади, деди Темур. Биров туркман гилам, биров пўстин – ким асарини таржима қилдирса чекига тушаркан. Мен қилмайман буни, бор, кетавер, дедим. Шундан кейин асарларим таржимасига қизиқмадим.

 

Шундай булбуллар бор, ёнида ҳар хил қушлар (масалан, ҳакка) бўлса, бузилади ҳар хил қушларнинг овозини эшитиб. Канарейкани одамлар тарбия қилаётганида энг яхши канарейкалар билан бирга боқади. Шулардан ўрганар экан чиройли овоз чиқаришни. Буям ўрганиш-да! Ёзувчилик маҳоратини ошириш учун бошқа ёзувчиларни ўқиймиз. У араб бўладими, негр бўладими – шулардан ўрганамиз.

 

Биз ўша сунъий бир вакуумда, изоляцияда яшаган давримизда чет эл ёзувчиларига қаттиқ берилган эдик. У Тагорми, Бальзакми, Жек Лондонми, Стендалми – нима бўлса ҳам ўқир эдик. Ва: “Э, адабиёт бундай бўлар экан-да”, дер эдик. Ўзимизнинг адабиёт эса қониқтирмас эди... Ғарб таъсирига тушиб ғарбчи бўлган пайтларимиз ҳам бўлди. Тасаввур қилинг: бир корхонада, бошлиқ қўл остида меҳнат қиладиган ёзувчини. Энди унинг асари нима бўлади? Қаҳрамонлари-чи? Мен аминманки, унинг ижобий қаҳрамони ҳам худди ўзи каби қарам бўлади! Демоқчиманки, ёзувчи ҳам ўзини тарбиялаши керак... ҳар қандай шахс, албатта ўзлигига қайтади. Ва, шу маънода, бугунги ғарбчилар ҳам бир кун келиб Шарққа қайтиши табиий!

 

Юртга борар бўлсам, машинам бор вақтида-да, ўшанда Чак-чак довони устига чиқиб ўтирар эдим. Бойчечак очилган бўладими, ё хазон фасли... Ё тавба! Ҳатто ўша ердан қайтгим ҳам келар эди. Ё тавба! Шу қандайдир дақиқалар учун мен бир йил тайёрландим. Ва мана, келдим. Ўтирибман. Шу, ўша – менинг энг бахтиёр онларим...

 

***

Муҳаммад Ҳодий деган бир озар шоири ўтган. Унинг “Алвоҳу интибоҳ” асари бор. Рауф Парфи таржима қилган. Жуда оғи-ир поэма у. Лекин биз уни таржимасиз ўқидик. Ўшанда адашмасам мана шундай байт бор: “Муҳаббатлар муваққатдир, / Фақат ғамлар ҳақиқатдур”. Ёки кечаги кунимиз ҳақида ёзилгандек туюладиган қуйидаги ғалати сатрларни учратдим: “Ватан обод шаклинда, Қуллар озод шаклинда”.

 

Биз моддият – бирламчи, руҳ – иккиламчи; материя – бирламчи, онг – иккиламчи, деб катта бўлган авлодмиз. Аммо-лекин жуда фозил, ориф одамлар ҳам айтишади: “Худо дегил-у, билганингдан қолма!” Мен демоқчиманки, одам ўз-ўзини тарбиялаш асосида яхшиликни топар экан, демак, ҳамма нарса ўзида – ботинида бўлиши керак.

 

Биласизми, ҳаммамизнинг вужудимизда, руҳиятимизда бир худбинлик бўлади. Инсониятда бор. Бу туғма бўлса керак, чунки бу худбинликни тузатиб бўлмайди. Инсон – ўлиб тирилганидек, бу нуқсон у билан бирга ўлиб, қайта яна тирилади. Кейинги авлодлар билан бирга.

 

Бизга етишмай келаётган нарсалардан энг муҳимлари – ижодда ҳалоллигу ҳаётда мардликдир.

 

Бир ғалати асарлар пайдо бўлади. Булар, шубҳасиз, тўхтаб қолган Абдулла Қодирий прозасига яқин проза бўлади. Мен ишонаманки, оддий ҳикоялардан кўра, ҳикоятлар устун келади. Ривоят тариқасидаги ҳикоялар устун бўлади бориб-бориб. Чунки замон, дунё эврилди. Хуллас, Оврупо реализмидан ҳам, ўрис реализмидан ҳам узоқлашиб, бошқача, яъни донишмандона бир адабиётга етамиз. Моҳият, мақсад аниқ, мағзи тўла бир адабиёт яратиладики, бу эса, ўша “Чор дарвеш” деганимиз, Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Фаридиддин Аттор, Ал-Маарий ва бошқа классикларимизнинг йўлини давом эттирадиган адабиёт бўлади. Ана шу йўлдан кетадими дейман-ов. Ёки ҳеч бўлмаганда, ўша йўлга яқин бориб қолади. Мен бунга аминман!

 

Мен истайман, ҳамма рост гапирса. Мен истайман, нафсдан ўзини устун қўйсалар. Тамом, бошқа ниятим йўқ. Шунинг замирида маънавият ётибди.

 

Олим ТОШБОЕВ саралади.

 

“Tafakkur” журнали, 2022 йил 1-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси