Берунийнинг Ньютон, Кулон ва Резерфордга ёрдами ёхуд бизгача етиб келмаган “Астрономик калит” асари ҳақида


Сақлаш
22:17 / 26.09.2023 857 0

Учинчи Ренессанс даври пойдевори қурилаётган Янги Ўзбекистонда биринчи Ренессанс даврининг буюк намоёндаларидан бири, ватандошимиз Абу Райҳон Беруний бобомизнинг астрономия соҳасидаги илғор қарашлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Астрономия фани энг қадимий фанлардан ҳисобланади. Бу фан билан энг қадимги Антик давр мутафаккирларининг кўпчилиги шуғулланганлар. Олам тузилиши ҳақидаги дастлабки тасаввурлар жуда қадим замонда, эрамиздан олдинги  бир неча мингинчи йиллардан бурун вужудга келган эди. Кишилар табиат ҳодисалари қандай кузатилса, шундайлигича ҳақиқат сифатида қабул қилганлар.

 

Жамият ривожланишнинг дастлабки босқичларида осмон жисмлари (Қуёш ва Ой), юлдузлар осмони ва унинг айланиши олам тузилиши ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланишида алоҳида аҳамият касб этади. Деҳқончилик ишларида осмон ва ердаги ҳодисалар (тун ва куннинг алмашиниши, йил фасллари) орасида боғланишларни аниқлаш кишиларни қизиқтирар эди.

 

Эрамиздан аввал 1100  йилларда Хитой олими Чу Конг эклиптиканинг осмон экваторига оғишини ўз даври  учун катта аниқликда топган. Юнон олими Фалес эрамиздан аввал 585-йилги Қуёш тутилишини олдиндан айтган. Гераклит (э.а. 540) “Олам доимо ҳаракатда, у на худолар ва на кишилар томонидан яратилмаган”, деган тушунчани берган. Пифагор (э.а. VI аср) Ернинг шарсимон эканлигини айтади. Аристотел (э.а. 384–322) Ернинг шарсимон эканлигини исбот қилиб, оламнинг марказида деб геоцентрик таълимотни ўртага ташлади. Аристарх (э.а. III аср) Ер Қуёш атрофида айланади деган фикрни ўртага ташлади (Абу Райхон Беруний. Тафхим. Танланган асарлар. Тошкент-Урганч-Хива, 2006 352). Гиппарх (э.а 162126) тропик йилнинг узунлигини  катта аниқлик билан айтади (365d 5h 55m 56s).

 

Эрамизнинг II асрида александриялик астроном Клавдий Птолемей “Мегисте синтаксис” (Буюк тузилиш) асарида олам тузилишининг геоцентрик системасини тизимли баён қилиб беради (1-расм). Кейинчалик бу асар араб тилига таржима қилиниб, шарқда астрономия ривожига катта ҳисса қўшди.  

 

 

(1-расм. Геотсентрик тизим.  2-расм. Гелиотсентрик тизим)

 

Араб тилида бу асар Ал-мажистийдеб аталади. Гарчи унда планеталарнинг сиртмоқсимон ҳаракатининг сабаби нотўғри тушинтирилса ҳам, уларнинг кўринма ҳаракати тушунтирилар эди. Птолемейнинг геоцентрик тизими сал кам 15 аср олам тузилишининг асосий таълимоти бўлиб келди.

 

XVI аср ўрталарида (1543 йил) поляк олими Николай Коперник “Осмон сферасининг айланиши” асарида олам тузилишининг гелиоцентрик таълимотига асос солди (2-расм). Бу таълимот оламнинг ҳақиқий манзарасини реал кўрсатиш билан бирга, инсоният тарихида, дунё фанларининг кейинги ривожланишида катта аҳамият касб этди. Бу таълимотнинг тарафдорлари Ж.Бруно, Г.Галилейлар эди, Ньютон, Кулон ва Резерфорд каби илм даҳолари ўзларининг машҳур кашфиётларини гелиоцентрик таълимот асосида очганлар. Фанда бундай машҳур кашфиётлар олдиндан етилиб келади. Худди шундай гелиоцентрик таълимот ҳам, Коперникдан олдин ўтган олимларнинг қарашлари асосида етилиб келган эди. Албатта бу таълимотнинг юзага келишида Абу Райҳон Берунийнинг ҳам ҳиссаси бор. Қуйида унинг ёки бошқа берунийшуносларнинг асарларида келтирилган Берунийнинг гелиоцентрик қарашлари таҳлил қилинади.

 

Аристотель ва Птолемейнинг “Ер оламнинг марказида қўзғалмас”,  деган ғояларига мусулмон дунёси олимлари: Хоразмий, Фарғоний, Ал‑Баттоний, Беруний, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар шубҳа билан қараб келганлар.

 

Абу Райҳон Беруний ўзидан олдинги мутафаккирларнинг қарашлари ва ғояларини пухта ўрганиб, уларнинг кузатишлари, тажрибалари асосида танқидий муҳокама қилган.

 

Птолемейнинг “Мегисте” асарида олам тузилишининг геоцентрик таълимотида илгари сурилган олтита ғояни таҳлил қилиб, бешинчи ғоясида “Ернинг қўзғалмаслиги ҳақида” Беруний “Ер ўз ўқи атрофида айланади” деб қараганда, кузатишдаги осмон ҳаракатларини тушунтиришда қарама-қаршилик бўлмайди”, деб тушинтиради (Тимофеев И. Беруний. Москва, 1986. 282).

 

У ҳатто Ер ўз ўқи атрофида айланганда экватордаги нуқталарнинг тезлиги ҳақида мулоҳаза юритган. Албатта, Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши натижасида кеча билан кундузнинг алмашиниши, осмон сфераси, ундаги ёриткичларнинг, Ой, Қуёш, планеталар, юлдузларнинг чиқиш ва ботиш масаласига қарашлари ҳозирги замон таълимотига тўғри келади.

 

Беруний “Қонуни Масъудий” асарида Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши муқаррар экани ҳақида ёзади. “Ернинг айланма ҳаракати”, деб ёзади Беруний, ҳали у Ҳиндистонда бўлган вақтида, – бир қанча астрономик ҳодисалар бу ҳаракат билан юзага келади”. Демак, Беруний ўзининг ҳаётининг маълум бир даврида гелиоцентрик позицияда бўлган (Тимофеев И. Беруний. Москва, 1986. 283).

 

С.П.Толстов фикрича: “Беруний фаннинг муаммоларини ечишда, астрономия соҳасида, ярим минг йиллар ва унданда олдинга қадам ташлаган буюк олим эди. Бунинг учун унинг “Олам тузилишининг геоцентрик ва гелиоцентрик системаси тенг ҳуқуқли”, деган тезисини эсга олиш керак. Шу билан бирга, Беруний, шубҳасиз, жисмларнинг Ер марказига томон тортилиши ҳақида гапириб, Коперник очган гелиоцентрик таълимотни башорат қилган” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 23–28).

 

Таниқли олим А.А.Семенов қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Беруний Ернинг қўзғалмас, Қуёш атрофида ҳаракатланмайди деган гипотезага шубҳа остида қарайди ва қуйидагича тушунтиради: “Ернинг айланиши астрономик ҳодисаларни тушунтиришда ҳеч қандай ноқулайликка олиб келмайди. Биринчи (геоцентрик) ва иккинчи (гелиоцентрик) таълимотга ҳам мос келади. Бу саволни ажратиш жуда қийин. Бу мавзуга атаб “Астрономияга калит” асарини туздик. Гарчи биздан олдингилар бу саволнинг ечимини излаган бўлсалар ҳам” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 28).

 

Берунийнинг “Астрономияга калит” асари,  афсуски, бизгача етиб келмаган. Баъзи маълумотларга қараганда, бу асар геоцентрик ва гелиоцентрик таълимотга бағишланган (Тимофеев И. Беруний. Москва, 1986. 247). C.П.Толстов: “У манбаларга танқидий нуқтаи назардан ёндашади, ўзидан илгари ўтган олимларнинг тарихий асарларини дадил, қўрқмасдан танқид қилади. Ҳинд олими Браҳмагуптанинг осмоннинг тўла айланиши ҳақидаги қарашларига қарши Беруний таъкидлайди: “Агар биз Ер ҳақиқатдан ҳаракатланади деб қарасак ҳам, кузатилаётган астрономик ҳодисаларга ҳеч қандай қарама-қаршилик бўлмайди. Ер айланиши ва осмон айланиши – иккаласи бир хил астрономик ҳодисадир. Биз ўйлаймизки, биздан олдинги олимлар бу масалани фақат сўзда таҳлил қилган бўлсалар, биз эса илмий асосда, “Астрономияга калит” китобимизда келтирдик” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 75-76).

 

Агар бу маълумотларни таҳлил қилсак, ҳақиқатдан ҳам  “Астрономияга калит” асарида Беруний геоцентрик ва гелиоцентрик таълимотга чуқурроқ ёндошган, деган хулосага келиш мумкин.

 

Г.Жалолов фикрича, Берунийнинг “Астрономияга калит” асари 60 бет бўлган. Унда Беруний ўзининг замондошлари орасида биринчи бўлиб узил-кесил Ер ҳаракатланади, деган хулосага келган. Шу билан бирга, Беруний биринчи бўлиб юлдузлар ҳам секин ҳаракатланади, бу ҳаракатлар Ернинг ҳаракатига боғлиқ эмас, биз уни сезмаймиз, улар узоқда ва чексиз, деган гипотезани келтиради. Берунийгача бундай гипотезани ҳеч ким келтирмаган (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 82).

 

XIII асрда яшаган марокашлик олим Ҳасан-Али-ал-Марокаший астрономик астурлоб ҳақида шундай дейди: “Беруний бизга шундай ўргатди, Абу Саид ас-Сижизий (Берунийнинг замондоши) томонидан яратилган бу асбоб Ернинг ҳаракати асосида қурилган (3-расм). Осмон сферасидаги айланада ётган еттита сайёрани (Ой, Қуёш ва бешта сайёра назарда тутилади) ҳисобга олмаганда, ҳамма ёриткичлар ҳаракатсиз кўринади” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 28). Бундан кўринадики, Қуёш тизими бошқа (Қуёш, Ой ва бешта сайёра) ёриткич юлдузлардан фарқли ўлароқ бир системани ташкил этиши айтиб ўтилган. Бу шу давр учун энг илғор фикр эди. Бу Қуёш системасининг ҳозирги замон тузилишини англатиб турибди.

 

Г.Жалолов келтиришича, ас-Сижизий Берунийни яқин дўсти бўлган (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 79). У асбобни Берунийнинг фикри билан қурган бўлиши мумкин (3-расм). “Бу қарашлари билан Беруний астрономия соҳасида, ўз замондошларидан шунчалик илгарилаб кетганки, бутун қарашларга қарама-қарши равишда “Ерни ҳаракатланади”, деб кўрсатган” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 28).

 

 

(3-расм. Ўрта аср Астурлоби)

 

Таниқли олим В.Й.Захидов таъкидлайди: “Беруний Ҳиндистон тарихи (59 боб) асарида ўз қарашларида Қуёш катта оловдан ташкил топган, планеталар эса уни атрофидан ўраб олган ва ундан нур олади. Беруний ўзи геоцентризм таъсирида бўлса ҳам, у билан бирга гелиоцентризм таълимотидан воз кечган эмас. Бу муҳим савол устида тўғри фикрлар топишга ундаган” (Толстов С.П., Семенов А.А., Захидов В.Ю., Джалалов Г., Гулямов Я. Беруний – великий учений средневековя. Тошкент: Издателство АН Узбекистана, 1950. 57).

 

“Тафҳим” Берунийнинг энг йирик асарларидан бири бўлиб, энциклопедик характерга эга. Унда математика, астрономия, география, тарих, хронология, халқларнинг календарлари баён этилган. Астрономик ҳодисалар илмий нуқтаи назардан тушунтирилган III бобида “Эклиптика нима?” деган 139-саволида (Абу Райҳон Беруний. Тафхим. Танланган асарлар. Тошкент-Урганч-Хива, 2006. 51) эклиптикага таъриф бериб, тенгкунликлар ва эклиптикада Қуёш туриш нуқталари тўғрисида маълумотлар беради. Бу маълумотлар деярли ҳозирги замон астрономиясидан фарқ қилмайди.

 

Шу асар III бобида тутилишларни тушинтиради ва “Тутилиш қайси томондан бошланади?” (258-савол) саволида “Ер соясининг эклиптика бўйлаб ҳаракати Қуёш ҳаракатига тенг (Ой эса тезроқ ҳаракатланади). Бу вақтда Ой тўлиной бўлгани, у Ойни қорайтирадиган соя доираси орқали ўтади, Ой тўла тутилади”, деб кўрсатиб ўтади (Абу Райҳон Беруний. Тафхим. Танланган асарлар. Тошкент-Урганч-Хива, 2006. 111).

 

Бунда “Ер соясининг эклиптика бўйлаб ҳаракати Қуёш ҳаракатига тенг”, деган жумлани таҳлил қилиб, Беруний қуйидагича мулоҳаза қилган:

 

1.                 Тутилиш вақтида Қуёш, Ер, Ой эклиптика текислигида ётади;

 

2.                 “Ер сояси эклиптика текислиги бўйлаб силжиб боради” дегани Ер ва Қуёш ҳамиша (вақт ўтиши давомида) эклиптика текислигида ётади деганидир;

 

3.                 Ҳозирги астрономияда эклиптика Қуёшнинг осмонда кўринма йўли бўлиб, унинг  текислиги кўринма текислик бўлади. Аслида Ернинг Қуёш атрофида орбита бўйлаб айланишида орбита текислиги ҳисобланади. Яъни эклиптика текислиги билан Ер орбита текислиги параллел ёки иккаласи бир текислик ҳисобланади. Беруний мана шу ҳолатни айнан  билиб айтган дейиш мумкин;

 

4.                 Бу мулоҳазалардан Беруний Ер Қуёш атрофида эклиптика текислигида айланади, деган хулосага келган, дейиш мумкин.

 

“Юқорироқда Ер ўз ўқи атрофида айланиши ва осмон айланиши иккаласи бир хил астрономик ҳодисадир, буни тушуниш учун бироз мулоҳаза қилиш керак”, деган Берунийнинг сўзини эсласак ва Берунийча мулоҳаза қилсак, эклиптика текислигида Ер билан Қуёшнинг тезлиги бир хил деб қаралганда, осмонда Қуёш эклиптика бўйлаб айланиши, Ернинг орбита бўйлаб Қуёш атрофида айланиши ҳам, иккаласи бир хил астрономик ҳодисадир дейишга асос бор.

 

1543 йил Н.Коперник томонидан кашф қилинган ва системага солинган гелиоцентрик таълимот, нафақат астрономияда, физика, математика, биология, географияда, медицинада, инсоният илмий дунёсининг ва унинг натижасида жамият ривожланишида катта аҳамиятли порлоқ йўл очиб берди. Гелиоцентрик системага таяниб, И.Ньютон бутун олам тортишиш қонунини, унга қиёс қилиб О.Кулон зарядлар ўртасида таъсир қонуни ва 1913 йилда инглиз физиги Резерфорд атомнинг планетар моделини яратди. Айнан гелиоцентрик системага ўхшатиб яратилган атомнинг планетар модели ҳозир моддий дунёни тушунтириб бермоқда (4-расм).

 

 

(4-расм. Резерфорд ва атомнинг планетар модели)

 

Ҳозирги кунда инсоният эришаётган фандаги энг сўнгги ютуқлар жамият ривожланишининг юксак омилидир. Нанотехнологиянинг ҳаётга кириб келиши, коинот сирларини ўрганишда астрофизикларнинг эришаётган ютуқлари, экзосайёраларнинг очилиши, қора туйнуклар, гравитацион тўлқинларни ўрганиш соҳасида охирги йилларда астрофизикларга Нобель мукофотларининг берилиши, “Катта портлаш” натижасида коинотнинг пайдо бўлиши, унинг ёши 14 миллиард йил эканлиги, коинотнинг ҳозирги чегараси 4000 Мегапарсек ёки 1,3×1024 км эканлиги инсон тафаккурининг ютуқлари дейиш мумкин. Албатта, бундай ютуқларга реал ва тўғри  бўлган гелиоцентрик таълимот ёки олам материясининг асоси бўлган атомнинг планетар моделини четлаб эришиб бўлмас эди. Ҳар қандай кашфиётлар аввал буюк кишилар хизматлари эвазига етилади ва кейин очилади.

 

Юқорида келтирилган маълумотларга биноан мана шундай кашфиётлардан ҳисобланган 1543 йилда Н.Коперник томонидан очилган олам тузилишининг гелиоцентрик таълимотида ундан 500 йил олдин яшаб ижод қилган хоразмлик буюк аллома Абу Райҳон Беруний бобомизнинг салмоқли ҳиссалари бор дейишимизга асослар етарлидир.

 

С.ҚАҲҲОРОВ,

профессор

 

О.АВЕЗМУРОТОВ,

доцент

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//