Ижодкорнинг жисмоний йўқ қилиниши, охир-оқибат, барибир ижодкорнинг маънавий ғалабасига айланади. Рауф Парфига бўлган муносабатда ҳам биз шуни кўрамиз – адабиётшунослар Рауф Парфи ҳақида


Сақлаш
14:09 / 26.09.2023 455 0

Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ўзининг кўламдор ва гўзал шеърияти билан – маънодорлик, мазмун ва мавзу қатламларининг турфалиги, метафоралари ва оҳангдорлиги, шакли билан нафақат ўзбек, балки туркий адабиётга улкан ҳисса қўшган шоир сифатида эсланади. Шу кунларда шоир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан юртимизда кўплаб тадбирлар, анжуманлар, шеърият кечалари ўтказилмоқда. Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад шоир шахсияти ва ижоди, унинг қатламлари хусусида йиғилганларга кўпроқ маълумот бериш ҳамда унинг ёш китобхонларга янаям тушунарли ва очиқ бўлиши имконини оширишдан иборат. Oyina.uz ўзбек ва турк адабиётшуносларининг шоир ва унинг ижоди ҳақидаги фикрларини бир саҳифада йиғиш ва сизга улашишга ҳаракат қилди.

 

 

Отажон НОРОВ, филология фанлари доктори:

 

“Ёлғизнинг ёри – Худо”, дейди донишманд халқимиз. Рауф Парфи ёлғизликдан фароғат туядиган шоир. У гоҳида дилгир, гоҳида маҳзун. Бутун бир миллатнинг асл қиёфаси мужассам эди унда. Мақом ўзгаради, моҳият ўзгармайди. Рауф Парфи шахсияти ҳам, шеърияти ҳам моҳиятга қаратилган. Шоир ижодининг оммалашиб кетмаганлигининг сабаби ҳам шу. Инсон ўзи билан ҳеч қачон ойна олиб юрмайди. Ойна инсоннинг аксини кўрсатади. Шеър эса инсон қалбини. Буюк ёзувчи Сервантес “Дон Кихот” асарида бир одамни икки қиёфада тасвирлайди. Бири – рицар Дон Кихот, девонасифат инсон сифатида кўрсатилса, иккинчиси Дон Кихотнинг яловбардори – Санчо бўлиб, эшакдан бошқа ҳеч вақога эга эмас. Дон Кихот инсоннинг ичи, яъни орзу-аъмоли, у отда юради. Шунинг учун уни жамият қабул қилолмайди. Санчо эса инсоннинг ташқариси, жамиятга сингиб кетган. У эса эшакда юради. Ҳар қандай замонда, ҳатто Хорун ар-Рашид вақтида ҳам жамият билан инсон ўртасида муроса бўлмаганидек, шоир Рауф Парфи шахсияти ҳам, шеърияти ҳам муросасиздир. “Ё аслингдай бўл, ё кўринганинг каби бўл”, – дейди Мавлоно Румий. Менимча, Рауф Парфи асли қандай бўлса, кўриниши ҳам шундай инсон. Тафаккур таҳайюлида нима ўтган бўлса, шуни қоғозга тушира олган шоир деб биламан. Шундан бўлса керак, унинг шеърияти ҳаммага ҳам сингиб кетавермайди. Буни фақат хосларгина англаб етиши мумкин.

 

Мен сенинг кўзларингга қарайман,
Сен ўзгаларга.
Кимнинг кўзларидан излайсан мени?

 

Шоир севги бобида ҳам ҳаммага таниш бўлган туйғуларни ифодалашдан қочади. Айрилиқ, ўкинч, ҳасрат, дард, ғам ҳаммасини бир нуқтада мужассамлаштиради. “Кимнинг кўзларидан излайсан мени?” дея савол қўяди. Ошиқнинг сўнгги иқрори етолмаган висол билан якун топади. Энди унинг ёри ким бўлиши муҳим эмас, фақат унинг кўзларида ўзлигини кўриш муҳимроқ. Эҳтимол, шу сабаб “Ҳисларимни йўлларингга маржондай сочай”, дея сўзлардан маржондек сатрлар яратган бўлса ажаб эмас. Ҳисни сочиб бўладими? Албатта, бўлади. Ахир ишқнинг сурати ҳам сийрати ҳисдан пайдо бўлган эмасми?! Ҳис бўлмаса, севги-муҳаббат ҳам бўлмайди. Акс холда ошиқ ҳам, маъшуқ ҳам ўлим билан олишса-да аҳду паймонидан қайтмайди. Шоир маҳорат ила ҳис маржонини бир бутун ҳолга келтириб, маъшуқа оёғи остига сочади. Аслида ҳақиқий ошиқ маъшуқа оёғи остида ётиб ҳам лаззат туяди. Ошиқнинг маъшуқага бўлган ҳисларини мувофиқлаштиради. Бу билан ижодкор ошиқнинг туйғусини тасаввурга сиздиради.

 

 

Равшанбек ЭГАМБЕРДИЕВ, ўқитувчи:

 

Рауф Парфида сўз ўз вазифасини тамоман ўзгартиради. Шоир буни атайлаб қилмайди. Сўзни ўзи шоирни бошқаради. Натижада шоир шеърларида сўз виждон, иймон, ўзлик, миллатпарварлик, ёрга, ватанга, миллатга садоқат, эътиқод, муҳаббат, диёнат каби тушунчалар эквиваленти қаторида келади. Шоир сўз ҳақида кўп ёзади. Улар шунчаки қуруқ тизмалар, чақирувлар, баландпарвоз ташбеҳлар эмас. Балки шоир виждонининг харитаси ўлароқ сўз ҳақидаги шеърлар оламга келади. Шоир ёзади:

 

Дилимда бир сўз бор эди,
Бу сўз меники эди.
Айтдим-у,
Мен сўзники бўлдим ортиқ.

 

Бир қарашда бу сатрлар аристократ сўзлар тизмасига ўхшайди. Поэтик олифталик аломатлари кўринади. Ичидаги сўз айтилмаган кезда уники эдию, айтилиши билан у сўзнинг мулкига айланди. Қайси сўзлиги номаълум? Сўзнинг вазни, тафти, аломатлари, кўриниши, таъсир доираси – ҳамма-ҳаммаси “бир сўз” айланасида кечаяпти. Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам” деган халқ қўшиғининг ифори келади бу шеърдан. Инсоннинг ҳаётини, туйғуларини, ҳисларини, кечинмаларини буриб юборадиган бир сўз аслида ҳаммамизнинг ичимизда бор…

 

Дилмурод ҚУРОНОВ, адабиётшунос:

 

Кейинги йилларда ижтимоий тармоқда Рауф Парфи ҳақида қўйилган постлар остига битилган изоҳларда “буюк шоир”, “асл сўз санъаткори”, “миллат виждони”, “шеъриятимиз устуни”  сингари юксак таърифларга дуч келганда, бир зумгина “Рауф Прафини биладиган кишилар шу қадар кўп экан-а!” деб ўйлаб, шундайлигига ишониб ҳам қоламан. Йўқ, ҳартугул, тезда реалликка қайтиб, бу ҳолат ҳам кўпроқ шоир номининг бугун “тренд”да эканлиги, бу номдан “бренд” яратилаётгани билан боғлиқ деган тўхтамга келаман. Эскича фикрлаганимдандир, балки, лекин ҳали-ҳануз юқоридаги каби таърифларни шоир ижодини атрофлича чуқур билган кишилар беришса дуруст, акс ҳолда улар шунчаки ҳавойи гап бўлиб қолади деб ўйлайман-да! Ундай десам, айрим изоҳ муаллифлари ўзларини нафақат Рауф Парфи ижоди, умуман миллий шеъриятимиз билимдони ўлароқ тутишади: уни асрдош қалам аҳлидан бир неча калла баланд қўйиб, еттинчи осмонга олиб чиқиб қўйишади-да, бу билан шоирни ўқувчи оммадан узоқлаштириб қўяётганларини хаёлига ҳам келтиришмайди.

 

Хўп, буниси ҳам майли, уни Абдулла Орипову Эркин Воҳидов каби эл ва ҳукумат эътиборида бўлган шоирларга қарши қўйишга, уларни ҳурмат шоҳсупасидан тушириб, ўрнига Рауф Парфини чиқариб қўйишга интилаётганларга нима дейсиз?! Қизиқ-да, шоҳсупага икки кишидан ортиғи сиғмайдими? Ё икки эмас, уч ё тўрт шоирни ардоқласак, ҳақимиз кетиб қоладими? Ахир, Рауф Парфини алқаш баробарида бошқа ҳамма шоирларга менсимай қараш, “Чўлпон билан Рауф Парфи орасида биронта ҳам асл шоир йўқ” сингари даъволар ўйлантириб қўяди-да кишини! Беихтиёр “Биродар, сиз Рауф Парфини шоир ўлароқ қадрламоқчимисиз ё уни байроқ қилиб олганча бошқаларни яна бир савалаб қолмоқчимисиз?!” деб сўрагим келади.

 

Доктор Кемал Явуз Атаман, филология фанлари доктори:

 

Рауф Парфи Ўзтурк ўзбек миллий шоири сифатида туркий дунё шеъриятининг ривожига улкан ҳисса қўшган беназир шахсдир. 1995 йилда Туркия Диёнат Вақфи “Қутлуғ таваллуд ҳафтаси” дастури доирасида Муножот мусобақасини уюштирди ва Рауф Парфи “Туркий жумҳуриятлар ва туркий жамиятлар шоирлари танлови”да “Муножот” асари билан биринчи ўринга сазовор бўлди. Бу шеърда Рауф Парфининг Аллоҳга бўлган муҳаббати, садоқати, ишончи ва илтижолари ифодаланган. Муножотнинг тасаввуфий мазмуни диққатни тортади, унинг ҳар бир сатри дилларни ларзага солиб, шоирнинг изтироб, дард ва аламга тўла шахсиятини очиб беради. Олижаноб, камтарин, мардликка йўғрилган феъл-атвори билан бир қаторда юксак тафаккур эгаси бўлган Рауф Парфининг ҳаёти шеърларида ўз аксини топди, фикрлари кенг уфқларга йўл очди. Бу бебаҳо ўзбек-турк халқ шоири туркий ва ислом оламида яхши танилиши, ўрганилиши, тан олиниши зарур. Бу масъулият туркий зиёлилар зиммасига тушади. Шоирни бизга энг яхши танитадиган ва англатадиган шеърларининг бошида шубҳасиз “Муножот” шеъри туради.

 

 

Назар ЭШОНҚУЛ, ёзувчи:

 

ХХ асрдаги Рауф Парфигача бўлган назмимизни кўз олдимизга келтирсак, бу адабиётда инсонга кўпроқ ижтимоий ҳодиса, ижтимоий ғоя сифатида муносабатда бўлинганини кўрамиз. ХХ аср шеъриятимизнинг энг юқори чўққиларида социалистик реализмни доғда қолдирган намуналар ҳам деярли ижтимоий ўткир фикрларни ўртага ташлагани, ғоявий жиҳатдан даврга мослиги билан ажралиб туради. Кейин инсонни ғоялар ичидан тортиб олиб, адабиётга қайтарган авлод келди.

 

Рауф Парфи Эркин Воҳид ва Абдулла Орифдан фарқли равишда инсонни ҳиссий-руҳоний ҳодиса сифатида кўришни истайди. Унинг ижтимоий руҳдаги шеърларида ҳам воқелик ижтимоий ҳолат кўзи билан эмас, шахснинг ҳиссий, хусусий оғриқлари, Шахснинг изтироблари тарзида баён қилинади. Ана шу ўта хусусий туюлган кечинмаларда муҳит қиёфаси, унинг босими яққолроқ кўринади, тиниқроқ жаранглайди. Аслида ҳам муҳитнинг ҳаққоний ва асл қиёфаси муҳит билан келишмаган, унга муқобилликда турган мана шу онг остида ётган ҳис ва кечинмаларда яққолроқ намоён бўлади. Унинг шеъриятида муҳит билан зиддиятда бўлган, муҳитга муқобил ҳолатлар тавсия қилган Шахснинг кечинмалари ифода этилади. Шахс, агар у ижодкор бўлса, у икки карра шахслашади. Ижодкорлик аслида дунёни мукаммал кўрмак истагидир. Дунё эса ҳеч қачон мукаммал бўлмайди. Демак, ижодкорнинг ҳам инкори ва исёни тўхтамайди, Шахс муҳит билан келишув битимини туза олмайди. Чунки Муҳит ва Шахс ҳақ ва ҳақсизлик, Зулм ва адолат, эрк ва эрксизлик тушунчалари борасида турлича нуқтаи назарда бўлади ва бу қарама-қаршилик Муҳит ва Шахс тўқнашувининг марказига айланади. Бу қарама қаршилик сусайиши Шахснинг ёки Муҳитнинг ўз позициясидан чекинганлигини, ё муҳит, ё шахс енгилганини англатади. Муҳит эса ҳеч қачон Шахс қарашларини тан олмайди, ундан ҳамиша ғолиб бўлишини истайди.  Аксар ҳолларда Муҳит ўз ғолиблигини Шахснинг жисмонан яшашига имкон қолдирмаслик ёки Шахсни жисмонан йўқ қилиш орқали намоён қилади. Аммо парадокс шундаки, у шу хатти ҳаракати билан Ижодкор ва Шахс олдида ҳамиша мағлуб бўлади. Чунки ижодкорни жисмонан йўқ қилиш мумкин, бироқ маънавий йўқ қилиб бўлмайди, унинг жисмоний йўқ қилиниши, охир-оқибат, барибир ижодкорнинг маънавий ғалабасига айланади. Буни тарих бизга қайта қайта сабоқ қилиб келган. Рауф Парфига бўлган муносабатда ҳам биз шуни кўрамиз.

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ
Oyina.uz


Oyina.uz'ni Telegramda o‘qing!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси