Адабиёт
Абу Райҳон Беруний (973–1048) ёзган асарларининг аксарияти астрономия ва математикага оид бўлса-да, у умрининг сўнгги йилларида доришуносликка оид араб тилида “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб” (“Табобатда доришунослик”) номли китобини ёзади. Бу асар Беруний вафоти туфайли тугалланмай қолган ва кейинчалик унинг шогирди, ғазналик табиб Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Наҳшаъий томонидан олимнинг қораламалари китоб ҳолига келтирилган. У бизгача 678/1279-1280 йилларда Абу Исҳоқ Иброҳим ат-Табризий (ал-Ғазанфар) қўли билан кўчирилган нуқсонли, ягона нусхада етиб келган (Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари. Иккинчи китоб / Арабчадан таржима қилувчилар: С.Мирзаев, А.Расулев, У.И.Каримов, А.Муродов, Қ.Муниров. Тошкент: Фан, 1982. 19). Бу асар алоҳида эътиборга моликдир, чунки Берунийнинг илмий қизиқишлари асосан аниқ фанларга қаратилган бўлиб, тиб илми билан шуғулланмаган ва бу соҳага доир махсус асарлар ҳам ёзмаган. Лекин Сайдананинг тузилиши, ҳажми, мазмуни, унда истифода этилган манбаларнинг даврий ва ҳудудий кўлами Берунийни ўз даврининг буюк доришуноси деб аташга асос бўла олади.
Ўрта аср мусулмон Шарқида доришуносликка тиб санъатининг дастлабки поғонаси сифатида қаралган, яъни ўзини табобатга бағишлаган ҳар қандай киши, энг биринчи, дори воситалари ҳақидаги билимларни ўзлаштириши лозим эди. Аммо шу билан бирга, Берунийнинг айтишича, унга мустақил фан сифатида ҳам қаралган ва бундай ҳолатда у тибнинг бир қисми эмас, балки унинг ёрдамчиси (қадимги атама бўйича “қуроли” – олати) ҳисобланган.
Беруний бу фанга аниқ таъриф беради: “Сайдана содда дориларни уларнинг тури, хили ва энг яхши шакли бўйича билимлар (мажмуи) ҳамда мураккаб дориларни ёзилган рецепт ёхуд ишончли ва тўғри йўллик тадқиқотчининг кўрсатмасига мувофиқ таркиб қилишдир” (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. 129).
Ички истеъмолга яроқли бўлган нарсалар, биринчи навбатда, озиқлар ва заҳарларга бўлинади, дорилар эса уларнинг ўртасидадир. Инсон организми ичига тушиб, унга бирор таъсир қиладиган ҳар қандай моддага дори дейилади (ар. даво, кўплиги адвия). Дорилар, ўз навбатида, оддий (адвия муфрада) ва мураккабларга (адвия мураккаба) бўлинади. Сунъий таркиб қилинмаган дорилар содда дориларга киради. Берунийнинг айтишича, араб тилида содда дориларни ифодалаш учун келиб чиқиши сурёний бўлган ва дастлаб “илдиз”ни англатган ъақоқир (бирлиги ъаққор) сўзи ишлатилади (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. 36).
Қисқача асарнинг ўзи ҳақида. “Сайдана” кириш сўзи ва беш бобни ўз ичига олган каттагина муқаддима ҳамда доришунослик қисмидан иборат. Муқаддимада Беруний сайдана (фармакогнозия) ва сайданоний (доришунос) сўзларини изоҳлайди. Бу фаннинг аҳамияти ҳақида гапиради. Бундан ташқари, дориларнинг оддий ва мураккабга бўлиниши, дориларнинг бадаллари, заҳарлар билан даволаш, ўзининг араб ва форс тилларига муносабатини, дориларнинг турли тиллардаги номларини билишнинг илмий ва амалий аҳамияти ҳамда яна бошқа кўп нарсалар ҳақида ёзади.
Муқаддимадан сўнг араб алифбоси тартибига солинган 1116 та мақола (параграф) келтирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида дорига бағишланган. Мақолаларнинг ҳажми турлича – бир неча сўздан то бир неча бетгача. Буни фақат “Сайдана”нинг тугалланмаганлиги билангина эмас, яна тавсифланаётган дорининг амалий аҳамияти ва машҳурлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Китобда 880 та ўсимлик, 107 та маъданий моддалар, 101 та ҳайвон маҳсулот ва аъзолари ҳамда 30 та мураккаб таркибли дорилар (асосан, тарёқлар) жамланган. Мақолалар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади: дорининг арабча ёки муарраб қилинган номи, сўнг унинг юнон, сурёний, форс, ҳинд ҳамда бошқа тил ва лаҳжалардаги аталиши. Кўп ҳолларда арабча номи шеърий парчалар орқали шарҳланган. Ундан кейин дорининг ташқи кўриниши, яхши ва ёмон хиллари, учрайдиган ерлари юнон ва шарқ муаллифларининг асарларига ишора қилинган ҳолда келтирилади. Мақола сўнггида дорининг бадалларига ўрин берилган. Мақолаларда географик, табиатшуносликка оид ва бошқа маълумотлар кўп бўлиб, уларнинг аксарият қисмини Берунийнинг шахсий кузатишлари ва мулоҳазалари ташкил этади. Чунки у ёшлигидан доривор ўсимликларга қизиққан ва уларнинг бошқа тиллардаги номларини аниқлаб, йиғиб юрган. Олимнинг фикрича, шифобахш нарсаларнинг турли тилларда қандай номланишини билиш фақат илмий жиҳатдангина эмас, балки амалий томондан ҳам катта аҳамиятга эга бўлган. Сабаби, ўша даврдаги тибга оид илмий асарларда хорижий тиллардан кирган кўплаб истилоҳлар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳақиқий маъносини ҳамма табиб ва доришунослар билавермас эди.
Бундан ташқари, бир дорининг ўзи турли жойларда турлича аталар ёки, аксинча, бир номнинг ўзи ҳар жойда ҳар хил нарсани ифодалар эди. Бу эса турли англашилмовчилик ва чалкашликларга сабаб бўлиб, шулардан бирини Беруний мисол сифатида келтиради: “Хоразм амирларидан бири касал бўлиб қолган эди; унинг касалига қарши Нишопурдан бир дорининг нусхаси (рецепти)ни юбордилар. Уни атторларга кўрсатдилар, унда қайд этилган дорилардан биттаси ҳеч кимдан топилмади, фақат бир киши ўзида борлигини айтди. Унинг ўн беш дирҳамини беш юз тоза (кумуш) тангага сотиб олишган экан, (аттор) гулсафсар илдизини чиқариб берибди. Уни койишганда, у: “Сиз жисмини эмас, фақат исмини билмаган нарсангизни сотиб олдингиз”, дебди” (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. 140). Беруний дори моддаларнинг араб, форс, юнон, сурён, лотин, ҳинд, хоразмий, туркий – умумий ҳисобда 30 та тил ва лаҳжалардаги 4500 та номларини келтиради, шу жиҳатдан бу асарни кўптиллик луғат сифатида баҳолаш мумкин.
Ўсимлик ва ҳайвонлар устидаги ўзининг шахсий кузатувларидан келиб чиқиб, Беруний кўп ҳолларда бошқа муаллифларнинг фикрини танқид қилади ва уларга тузатишлар киритади. Шу жиҳатдан олимнинг баъзи кузатишлари фан тарихи нуқтаи назаридан эътиборга молик. Масалан, асарда цитрон борасида гап кетганда, бир муаллифнинг цитрон дарахтида бир вақтнинг ўзида ҳам силлиқ, ҳам ғадир-будур мевалар бўлиши ва уларнинг сўнггиси нордон, силлиғи эса ширин таъмга эгалиги ҳақида ёзганларини танқид қилиб: “Аммо текшириш бу гапнинг тўғри эмаслигини кўрсатади. Табаристондан келтириладиган барча цитронлар чўтир ва ғадир-будур бўлиб, Журжонда бўладиганлари силлиқ ва пишиқ бўлади; этларининг нордонлиги эса ҳар иккаласи учун ҳам умумийдир”, дейди (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. 160–162). Яна бир мисол: қадимги юнонлар қирмиз қуртини дуб устидаги оғриқ ўсимта деб ҳисоблаганлар, Беруний эса унинг ҳашарот эканини билган (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. № 443).
Ўрта асрлар доришунослигига бағишланган тадқиқотларда асосий эътибор манбада келтирилган доривор ўсимликларга қаратилган ва бу ҳолат, умуман олганда, табиий. Чунки ўша давр табобатида аксарият касалликлар, айниқса, ички аъзолар касалликлари наботий дорилар билан даволанган. Лекин айрим ҳолларда, айниқса, тери касалликларида ўткир дориларга эҳтиёж сезилганда, маъданий моддалар ҳам ишлатилган. Бундан ташқари, улар содда дорилар фойда бермаган ҳолатларда қўлланадиган мураккаб дорилар таркибига ҳам қўшилган. “Сайдана”га ҳам 107 та маъданий модда дори сифатида киритилган. Уларнинг орасида ўша даврда маълум бўлган етти металл, сувда эрувчи тузлар, зоклар (купорослар), сурма ва зарних каби сулфид тузлари, турли таркибли сувда эримайдиган ва ҳажар сўзи билан ифодаланган тошлар, лой турлари (тин), қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар ва бошқа маъданий моддалар бор. Шу ўринда айтиш жоизки, буларнинг орасида алломанинг “Китоб ал-жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Минералогия”) (Абу-р-Райхан Мухаммед ибн Ахмед ал-Бируни. Собрание сведений для познания драготсенностей (Минералогия) / Перевод А.М.Белениского, Л., 1963) номли металлар ва қимматбаҳо тошларга бағишланган асарига кирмаган моддалар ҳам бор. Масалан, зоклар, олтингугурт, новшадил ва бир нечта тош ва лой турлари. Ундан ташқари, “Минералогия” асаридан фарқли “Сайдана”да бошқа маълумотлар баробарида модданинг турли тиллардаги (араб, форс, юнон, сурён, ҳинд ва б.) номланишига алоҳида урғу берилган.
Берунийнинг айрим гапларидан унинг баъзи моддалар устида тажрибалар ўтказганлигининг ҳам гувоҳи бўламиз. Хусусан, олмосга бағишланган параграфда у шундай ёзади: “(Олмос) заҳар, деган гап оғиздан-оғизга кўчиб юради, бироқ тажриба буни тасдиқламайди”. Қўрғошин (онук) мақоласида эса у қўрғошинни куйдириш усулини батафсил баён қилади (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. № 88, 100).
Беруний ўзи табобат билан шуғулланмагани боис моддаларнинг тиббий таъсири ҳақида иккала асарида ҳам деярли маълумот бермаган. Лекин бундай маълумотлар “Сайдана” форсий таржимасини ХIII асрда амалга оширган табиб Абу Бакр Косоний томонидан асарнинг ҳар бир параграфига қўшилган (Аbu Rayhon Beruni. As-Saydana fi-t-tib. Tarjumai forsii Abubakr ibni Ali ibni Usmon Isfar al-Kosoni (asri XSH melodi) / Tahiyai matn va peshguftori: nomzadi ilmhoi filologi Ahmad Hojizodai Madrushkati, yeri nazar va tahriri doktor ilmhoi filologi Tojiddin Mardoni. Dushanbe, 2017; Абу Райҳон Беруний. Китоб ас-сайдана фи-т-тибб. Форсча таржима қўлёзмаси. Британия музейи, Ор 5849; Абу Райҳон Беруний. Китоб ас-сайдана фи-т-тибб. Форсча таржима қўлёзмаси. Маниса халқ кутубхонаси, № 1789 (Маниса, Туркия). Форсча нусхада берилган 858 та дорининг 558 тасида тиббий хоссалар қайд этилган. Доривор ўсимликларнинг Косоний келтирган тиббий хоссалари Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” иккинчи китобидаги маълумотларга тўғри келади (Абу Али ибн Сино. Тиб қонунлари. Иккинчи китоб / Арабчадан таржима қилувчилар: С.Мирзаев, А.Расулев, У.И.Каримов, А.Муродов, Қ.Муниров. Тошкент: Фан, 1982). Тиббий хоссалари келтирилган дориларнинг 35 нафари маъданий воситалардир.
Маъданий моддаларнинг тиббий хоссаларини солиштириш шуни кўрсатдики, буларнинг барчаси кучли таъсир этувчи бўлгани сабабли асосан, ташқи касалликларни даволашда қўлланган. Жуда зарур ҳоллардагина бошқа дориларга қўшиб, ички истеъмол учун буюрилган. Оксид ва туз ҳолидаги моддалар турли сифатдаги яралар, жароҳатлар ва тери касалликларига яхши даво бўлган. Металл оксидлари ва сулфидлари эса, булардан ташқари яна кўз касалликлари муолажасида ҳам ишлатилган (Каримова С.У. IХ–ХI аср кимё ва доришунослик фанлари тараққиётида Марказий Осиё олимларининг ўрни. Тошкент, 2002. 444-445).
Беруний ўша даврдаги доришуносликнинг муҳим масалаларидан яна бири – бир дорини бошқаси билан алмаштириш, яъни бадалларга алоҳида эътибор берган. Бу масала ўша даврда жуда катта аҳамиятга эга бўлган, чунки керакли дорини ҳар ерда ва ҳамма вақт ҳам топишнинг имкони йўқ эди. Шу боис бадаллар ҳақида махсус рисолалар ҳам ёзилган. Беруний “Сайдана” муқаддимасида Абу Бакр ар-Розийнинг бадалларга оид рисоласини ўқиб чиққанини айтади. Бундан ташқари, “Сайдана” матнида Павел (615–690) ва Ибн Мосавайҳнинг (777–857) бадаллар ҳақидаги асарларидан (ал-Абдол) иқтибослар келтирилган. Барча доришунослик китобларида дори тавсифидан кейин унинг бадаллари тўғрисида маълумот берилади, “Сайдана”да ҳам шундай.
Лекин Беруний бошқа муаллифлардан фарқли ўлароқ, фақат шу билангина кифояланмай, муқаддиманинг алоҳида бобида бир дорини бошқаси билан алмаштиришнинг назарий томонларига ҳам тўхталади (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974. 136). У қадимги ва замондош олимларнинг бадаллар бўйича кўрсатмаларини етарли эмас деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бир муайян дорининг бадали фақат бир касаллик бўйича фойдали бўлиши мумкин, шунда ҳам у ичиладиган шаклда истеъмол қилинса. Бироқ бошқа касалликда суртма ёки ўзгача шаклда ишлатилса, у шу таъсирни кўрсатмайди. Шунинг учун ҳам Беруний бадалнинг жойини, яъни у ичиладиганми, суртиладиганми ёки боғлама (компресс)ми, ёхуд тутатқи ва ҳ.к. дориларга қўшилишини эътиборга олишни тавсия қилади. Шунингдек, агар дорининг яхши сифатлиси бўлмаса, уни ёмонроғи билан алмаштириш мумкин. Ёхуд ёввойи ўсимликни унинг маданий хили билан алмаштириш мумкин, лекин бунда уларнинг олинаётган вазнига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Ўсимликнинг бирор қисмини бошқаси билан ҳам алмаштириш мумкин деб ҳисоблайди Беруний (Абу Райхан Бируни. Фармакогнозия в медитсине. Исследование, перевод, примечания и указатели У.И.Каримова / Избранние произведения, т. IV, Ташкент: Фан, 1974.136-137).
Китобда яна ўсимлик ва минерал дориларнинг географик локализацияси, уларнинг ташқи кўриниши каби масалалар ҳам батафсил ёритилган. Доривор ўсимликларнинг тарқалиш майдонини аниқлашга ҳамиша аҳамият берилган. Шу жиҳатдан “Сайдана” материалга бой – унда жуда кўп ҳолларда у ёки бу ўсимлик ва ҳайвоннинг ватани, маъданий модданинг қазиб олинадиган кони кўрсатилган. Китобда умумий ҳисобда 400 га яқин географик ном зикр этилган. IХ–ХII асрларда яратилган бошқа доришунослик китобларининг бирортасида бундай катта ҳажмда маълумот берилмаган. “Фармакогнозия”га кирган 880 турдаги ўсимликдан 81 оиланинг 193 туркумига мансуб 223 турининг ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудида ўсиши аниқланган.
Беруний қарийб 1500 йил мобайнида турли минтақаларда яшаган 250 муаллифнинг номини зикр қилади. Унгача ва ундан кейин ҳам бундай бой манбавий асосга эга бўлган бирорта тиббий асар яратилган эмас, шу жиҳатдан ҳам антик ва ислом даври манбалари асосида яратилган “Фармакогнозия” IХ–ХI асрлар мусулмон Шарқидаги илм-фаннинг “олтин даври” бўлганлигини яна бир карра исботловчи ишончли далилдир.
Сурайё КАРИМОВА,
профессор
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ