“Рауф Парфидан “Рауф Парфи”ни айириб юборяпмиз” – Дилмурод Қуронов


Сақлаш
11:09 / 25.09.2023 571 0

Ғалати бир одатимиз бор: кўпчилик маъқуллаётган нарсани сўраб-суриштирмасданоқ маъқуллайверамиз, кўпчилик мақтаётган нарсани кўриб-билмай ҳам мақтайверамиз. Дейлик, ҳаммамиз бирдек “Чўлпон – буюк шоир” деяверамиз ё шундай дегувчиларга  қўшилаверамиз-да, кўпчилигимиз шоирнинг нари борса мактаб дарслигидаги “Гўзал” шеърини, ошиб кетса “Жим туринг, шовқинламанг...” деб бошланувчи қўшиқ унинг сўзи билан айтилишини биламиз, холос.  Начора, бу – замонавий ижтимоий онгга хос бир жиҳат, реклама замонида шаклланган психологик хусусият, зотан, ҳозирда омманинг шоирга муносабатини шакллантирувчи руҳий механизм ҳам, атирсовун навига муносабатини шакллантирувчи руҳий механизм ҳам биттадир. Шуни билсам ҳам, кейинги йилларда ижтимоий тармоқда Рауф Парфи ҳақида қўйилган постлар остига битилган изоҳларда “буюк шоир”, “асл сўз санъаткори”, “миллат виждони”, “шеъриятимиз устуни”  сингари юксак таърифларга дуч келганда, бир зумгина “Рауф Прафини биладиган кишилар шу қадар кўп экан-а!” деб ўйлаб, шундайлигига ишониб ҳам қоламан. Йўқ, ҳартугул, тезда реалликка қайтиб, бу ҳолат ҳам кўпроқ шоир номининг бугун “тренд”да эканлиги, бу номдан “бренд” яратилаётгани билан боғлиқ деган тўхтамга келаман. Эскича фикрлаганимдандир балки, лекин ҳали-ҳануз юқоридаги каби таърифларни шоир ижодини атрофлича чуқур билган кишилар беришса дуруст, акс ҳолда улар шунчаки ҳавойи гап бўлиб қолади деб ўйлайман-да! Ундай десам, айрим изоҳ муаллифлари ўзларини нафақат Рауф Парфи ижоди, умуман миллий шеъриятимиз билимдони ўлароқ тутишади: уни асрдош қалам аҳлидан бир неча калла баланд қўйиб, еттинчи осмонга олиб чиқиб қўйишади-да, бу билан шоирни ўқувчи оммадан узоқлаштириб қўяётганларини хаёлига ҳам келтиришмайди.

 

Хўп, буниси ҳам майли, уни Абдулла Орипову Эркин Воҳидов каби эл ва ҳукумат эътиборида бўлган шоирларга қарши қўйишга, уларни ҳурмат шоҳсупасидан тушириб, ўрнига Рауф Парфини чиқаришга интилаётганларга нима дейсиз?! Қизиқ-да, шоҳсупага икки кишидан ортиғи сиғмайдими? Икки эмас, уч ё тўрт шоирни ардоқласак, ҳақимиз кетиб қоладими? Ахир Рауф Парфини алқаш баробарида бошқа ҳамма шоирларга менсимай қараш, “Чўлпон билан Рауф Парфи орасида биронта ҳам асл шоир йўқ” сингари даъволар ўйлантириб қўяди-да кишини! Беихтиёр “Биродар, сиз Рауф Парфини шоир ўлароқ қадрламоқчимисиз ё уни байроқ қилиб олганча бошқаларни яна бир савалаб қолмоқчимисиз?!” деб сўрагим келади.

 

Ҳа, такрор бўлса-да айтай, реклама замонида яшаяпмиз: кечаю кундуз мунтазам реклама қилинган товарнинг яхшилигига сўзсиз иймон келтирамиз, уни тотиб (фойдаланиб) кўрмасак-да, яхши деяверамиз, онгимиз шунга созланиб бўлди деярли. Шунга ўхшаш, “Рауф Парфи...” дея кўп бонг урилаётгани учун ҳам ҳозир кўпчилик “Рауф Парфи зўр шоир...” деяверади, лекин уларнинг аксарияти шоир ижодидан мутлақо бехабар. Яъни биз Рауф Парфидан “Рауф Парфи”ни айириб юборяпмиз – бадиий тафаккуримизни баҳоли қудрат юксалтирган шоир қолиб, “реклама” орқали омма онгида ҳосил қилинган “Рауф Парфи” брендига меҳр уйғотмоқдамиз. Эл ичида “юзта шап-шапдан битта шафтоли яхши” деган матал юради. Шу матални ҳолатга мослаб, “Минг марта Рауф Парфи буюк” дегандан кўра, у қўллаган биргина ташбеҳнинг гўзаллиги, у яратган поэтик образнинг бетакрорлигини кўрсатиб берган, биттагина шеърини таҳлил қилиб, жозибасига ошно қилган яхши” дейиш мумкин. Худди шундай, шоирнинг баҳосини яратган шеърлари берсин, агар ўқувчи омма ашъорини англашга ожизлик қилаётган бўлса, англай олган мухлислари бошқаларни ҳам англатиш пайида бўлсин! Фақат шу йўл билангина ШОИР Рауф Парфига меҳр уйғотиш, уни оммалаштириш мумкин бўлади, фақат шу йўл билан ҳосил қилинган меҳргина ҳақиқий бўлади.

 

Ҳақиқат шуки, ўқувчини энг аввал бетакрор ифода ҳайратга солади, шу тарз ифодаланган ҳис-фикргина қалбу онгига кўчади, унинг, ўз-ўзининг ҳис-фикрига айланади. Масалан, мана бундай ифода:

 

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,

Майсалар эгилиб ўқийди китоб.

 

Манзарани кўра олдингизми? Хаёлан мавжларига ғазал битилган дарё қирғоғига кўча олдингизми? Ғазалнинг оҳангига масту мафтун майсалардек эгилиб, ич-ичингизда ўша оҳанг жаранг топа бошлаганини ҳис қилдингизми? Беихтиёр марому оҳанги қалб қулоғингизга хуш келган ғазални ўқишга урина бошладингизми? Умуман, шу оддийгина ҳаётий ҳолат – дарё қирғоғида туриб, сувнинг мавжида ажиб бир ПОЭЗИЯ борлигини ҳис қилган ва ҳис эттиролган шоирга қойил бўлдингизми? (...йўқ, бунинг учун шоирни мақтаб ўтирманг, у бунга асло муҳтож эмас, фақат шу қойиллигингизни, ўқиш асносида ҳис қилганларингизни улашинг – шоирнинг маҳташам ҳайкалига ўзингизнинг нўхатдек бўлсин, ганчингизни қўшган бўласиз, ишонинг!)

 

Дарё мавжларига ёзилган ғазалга биргина шоиру майсаларгина эмас, бутун олам мафтун: “Шодланиб хандалар отар бир лаҳза, Бир лаҳза оҳ тортиб қўяди офтоб”. Ифоданинг ғайриоддий эканига диққат қилинг. Бу ерда бирдан кўзга ташланадиган нарса, илмий тил билан айтганда, “ортиқчалик томонга оғиш” (яъни “ортиқчалик фигураси”), содда қилиб айтганда, такрор борлиги. Фақат, такрорланаётган “...бир лаҳза, бир лаҳза...” бирикмаларининг синтактик алоқаларига диққат қилинса, қаршимиздаги сўзлар оддийгина такрор эмаслиги кўринади. Зеро, уларнинг биринчисида “лаҳза” ёнидаги сўзларни тобелантиради, иккинчиси эса “офтоб”га тобеланади. Яъни манзаранинг гўзаллигидан “лаҳза xанда отади” – лаҳза бир лаҳзагина xандада моддийлашади, ҳайратдан қотиб қолади гўё; офтоб эса “бир лаҳза “оҳ” тортиб қўяди”– унинг “оҳ”и ошиқларга хос, ошиқона оҳи гўзалликка асир бўлганидан далолат. Ўқувчи бу  иккинчсидаги туйғу лирик қаҳрамон қалбида зиёдаси билан мужассамлигини теран ҳис қилади, чунки ўзи кўнглидан шу туйғуларни кечираётган бўлади. Унинг кўнглига улуғвор бир сокинлик, айни лаҳзада ўзининг мангуликка дахлдорлигини ҳис этганиданми келган, хотиржамлик инган,  “дарё томонда шитирлаган қамишлар”, “кўкда бемажол кезган оқ булутлар” шу туйғуни янада ўткирлаштиради... Табиат ва руҳият уйғунлиги, инсон ҳамиша соғиниб яшайдиган, шиддат-ла оқувчи умрнинг чақмоқ сингари ғоят қисқа онларидагина воқе бўладиган ГАРМОНИЯ шудир! Айни шу онларда инсон қалби тўлиб-тошади, ич-ичида КАШФга эҳтиёж ва мойиллик сезади, “жонидан бир тирик нафосат айрилиб, Кимгадир эланади, илтижо этади”:

 

Кимгадир эланар... севгилар унда,

Қалтираб порлайди шуълага ўхшаб.

Бир қушча сайрайди менинг руҳимда.

Мен сенинг исмингни билмайман, қушчам...

 

Шу ўринда эътиборни бир муҳим нуқтага – лирик қаҳрамон аниқ билмаётган КИМДИР ва исмини билмайдиган ҚУШЧАга қаратмоқ зарур. Айтиб қўяй, бу ўринда шеърнинг 1975 йилда чоп қилинган “Тасвир” тўпламига кирган варианти ҳақида сўз юритяпмиз. Демак, равшанки, шеърда эндигина 30 ёш остонасидан хатлаган, Шўро муҳитида шаклланган шоир кечинмалари акс этган. Эътиборлиси – шоирнинг “эланиладиган, илтижо этиладиган” КИМДИР мавжудлигини ич-ичидан ҳис этиб тургани. У атрофидаги гўзалликни ўша КИМДИРдан айро ҳолда тасаввур этмайди, руҳидаги ўзи исмини билмайдиган ҚУШЧАнинг ўша шуълага талпиниши ҳам бежиз эмас. Зеро, чинакам ижод кишиси – ҳар не тазйиқу дахриёна тарғиботларга қарамай – дунёни фақат моддий мавжудлик дебгина қабул қилолмайди, аксинча, унда аввало РУҲни ҳис қилади, қалби ўша РУҲга кўринмас ришталар билан боғланганини мудом ҳис қилиб яшайди. Шу маънода шоир “исмини билмайдиган” қушча ИЙМОН бўлсамикан деган ўйга бораман ва беихтиёр Афлотун ижод онларини жазбага ўхшатгани, жазба ҳолатидагина шоир илоҳий муждалар олиши ҳақида айтган гапларни эслайман. Дарҳақиқат, ўзини табиат гўзаллигида, ундаги кўнгилни ром этувчи уйғунликда намоён этган Аллоҳ лирик қаҳрамон руҳидаги қушчани сайратган бўлса не ажаб! Яъни шеърда кўнгил одами бўлмиш шоирнинг ҳали ўзи ҳам англаб-англамаган туйғу – “жаннат соғинчи” (Р.Раҳмат) акс садо бераётган бўлса ҳеч ажабланарли эмас...

 

1989 йилда чоп бўлган “Сукунат” тўпламига ушбу шеър иккинчи банди деярли тушириб қолдирилиб, сезиларли ўзгартирилган шаклда киритилган:

 

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал.

Майсалар эгилиб ўқийди китоб.

Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,

Бир лаҳза оҳ тортиб қўяди офтоб.

 

Бир тирик нафосат... сезгилар унда

Қалтираб порлайди шуълага ўхшаб.

Бир қушча сайрайди менинг руҳимда.

Мен сенинг исмингни билмайман, қушчам...

 

Кўриб турганимиздек, бу вариантида шеърнинг юқорида биз талқин қилган мазмунига ишора қилган муҳим нуқталар (Кимгадир эланар, этар илтижо. Кимгадир эланар...) туширилган. Шунга қарамай, фикримизча, шеър матнининг бу таҳрири ҳам аввалги вариантдаги биз талқин этган мазмунни, эҳтимол, янада ёрқин ифода қилади. Зеро, тўғридан-тўғри ботиний мазмунга ишора қилувчи мисраларнинг туширилгани ифодани композиция сатҳига кўчиради. Яъни энди табиат манзараси чизилган биринчи банд билан асосан руҳият манзараси акс этган иккинчи банд ёнма-ён қўйилади – ўқувчи онгида беихтиёр ҳаракатга келадиган қиёс ва жамлаш амаллари юқоридагича мазмунни келтириб чиқараверади.

 

Ёзганларида кўнглидагини етарлича ифодалай олмаганлик, ифодадан қониқмаслик ҳисси Рауф Парфида жуда кучли келади. Шундан бўлса керак, унинг кўплаб шеърлари тўпламдан тўпламга таҳрирланиб, ўзгариб боради. Ўзгаришлар кўлами ҳам турлича: бирларида айрим сўзлар, мисралар таҳрир қилинган бўлса, бошқаларида шеър жиддий қайта ишланади, ўзгача кўриниш олади. Жумладан, биз кўриб чиқаётган шеър ҳам, у 2000 йилда чоп қилинган “Тавба” тўпламида мана бундай кўриниш олган:

 

Дарё мавжларида ёзилмиш ғазал,

Майсалар эгилиб укийдир китоб.

Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,

Бир лаҳза оҳ тортиб қўядир офтоб.

 

Қамишлар шивирлар дарё томонда,

Кўкда оқ булутлар кезар бемажол.

Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,

Кимгадир эланар, қилар илтижо.

 

Бу қадар гўзаллик қайси очунда,

Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,

Кимнинг оламидир қилич учинда?

 

Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,

Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,

Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

 

Кўриб турганимиздек, аввалги нашрларда қатъий жанр шаклига эга бўлмаган шеър энди сонет жанри қанунларига мос тарзда қайта ишланган. Умуман, Рауф Парфи 70-йилларнинг ўрталаридан сонет жанрига алоҳида эътибор билан қараб, бу жанрда янгилари билан бирга илгари ёзилган кўплаб шеърларини сонет сифатида қайта ишлаганини айтиш лозим[1]. Бунинг сабабларидан бири, сонетнинг муайян поэтик мавзуни изчил ривожлантириш ва тугалланган мантиқий хулосага олиб боришга қаратилган жанр эканлиги бўлса, эҳтимол. Шеърнинг сонет шаклига солингани илк варианти билан қиёсланса, унда худди шундай сифат ўзгариши юз берганини кўриш мумкин.

 

Дастлабки олти мисра, “шитирлар” сўзининг “шивирлар”га алмашгани истисно қилинса, ўзгаришсиз қолган. “Бир тирик нафосат айрилиб жондан” шаклидаги кейинги мисра эса “Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда” шаклида ўзгартирилган. Натижада аввалги нашрда мазмунан лирик қаҳрамон билан боғлиқ мисра (кейинги мисрани ҳам ўзига эргаштириб) табиат тасвирининг мазмуний-мантиқий давомига айланди. Аввалги вариантида лирик қаҳрамон жонидан айрилган “тирик нафосат кимгадир эланган, илтижо этган” бўлса, энди “тирик нафосат” дея таърифланаётган табиат мазараси ушбу ҳаракат субъекти бўлиб қолди. Яъни дастлабки олти мисрадаги гўзал табиат тасвири “тирик нафосат” аталяпти-да, унинг “кимгадир эланиб, илтижо қилаётгани” айтилмоқда. Лирик қаҳрамон “тирик нафосат”нинг яратиқ эканини англаган ҳолда, илтижо ва эланиш Яратганга қаратилганини аввалги вариантдагиларга қараганда аниқроқ, очиқроқ ифодалайди. Сонетнинг биринчи учлигида лирик қаҳрамон қўйган саволлар мазмуни “кимники?” деган умумий маҳражга келтирилиши мумкинки, бу унинг ЭГАСИни излаётганидан дарак, яратганга яна бир ишорадир. Ниҳоят, шеърни якунловчи иккинчи учликда лирик қаҳрамон руҳияти суратланади. Хусусан, “қалтираб порлаётган ғариб чироқ”, бир томондан,  кўнгилдаги тушкунликни англатса, иккинчи ёқдан, чироқнинг ёрқин порлай бошлаши ҳам мумкинлигига умид уйғотади, зеро, руҳ ичида йиғлаган қушча бир кун ахтарганини топажак.

 

Биз Рауф Парфининг биргина шеъри (учта варианти) ҳақида тўхталдик. Умид қиламизки, юритган мулоҳазаларимиз Рауф Парфининг ҳақиқатан ҳам ҳассос, ўзига хос шоир эканлиги, шеърлари қатида турфа мазмун жилвалари ботинлигини яна бир карра кўрсатди. Ҳа, айнан шундай – КЎРСАТДИ. Юқорида Рауф Парфи номини улуғлаш ҳақида тўхталганимда шуни, яъни шоирни яратган асарларининг бадиий бетакрорлиги, мазмунан теранлигини КЎРСАТИШ орқали улуғлашни назарда тутдим. Хайриятки, ҳозирда бунинг учун жуда катта имкониятларимиз бор. Жиллақурса, бугун урфдаги сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқларда челленж уюштириш мумкин: қўлидан келганки одам Рауф Парфининг поэтик маҳоратини намойиш этиш, шеърларидаги гўзал образлар, бетакрор ифодалар, қўлланган шеърий санъатлар моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилсин – шу шоирга қўйилиши мумкин энг муҳташам ҳайкал бўлади.

 

Дилмурод ҚУРОНОВ

 


[1]Қаранг: Д.Қуронов. Рауф Парфи сонетлари ҳақида//Филологиктадқиқотлар: тил, адабиёт, таълим. 2023. №1. Б. 2529.

 

Oyina.uz'ни Tелеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси