“Беруний бир киши ҳаёти мобайнида нималар қила олиши мумкинлигининг ёрқин тимсолидир” – ёзувчи Исажон Султон билан суҳбат


Сақлаш
10:09 / 21.09.2023 1386 0

Бу йил Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу кунгача унинг сиймосига бағишлаб талайгина асарлар ёзилган. Бу рўйхатга яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Абу Райҳон Беруний” романи ҳам қўшилди. Oyina.uz портали ёзувчи билан янги асар ҳақида суҳбат уюштирди.

 

– “Алишер Навоий”, “Билга Хоқон” романлари, “Робия Балхий”, “Тўлиной хаёллари” қиссалари ва янги “Абу Райҳон Беруний” асари. Ижодда тарихий шахслар образига кўп мурожаат қиляпсиз, бунинг сабаби нима?

 

– Янги Ўзбекистон сиёсати чалкаштирилган ва “кўмиб ташланган” тарихимизни ҳаққоний жонлантириш учун имкониятлар яратиб берди. Мамлакат Президентининг “Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак” деган сўзлари олимлар ва ижодкорлар учун ҳақиқат сари кенг йўл очди.

 

Ўзбек халқининг тарихи жуда бой ва ранг-баранг. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкин: ҳарбий ишлардан давлатчиликгача, ҳунармандчиликдан  шаҳарсозликгача бўлган барча соҳаларда, шу билан бирга, ижод ва фанда юлдуздай чақнаган, ахлоқи, билими ва закоси билан инсониятга ўрнак бўлишга арзийдиган юзлаб аждодларимиз бор, улар ўтмиш қаърида авлодлар дуосини кутаётган бўлса не ажаб? Шу сабабли, олимлар ва адибларимиз олдида тарихни ҳаққоний жонлантириб, у қаҳрамонларимизни етишиб келаётган авлодга таништириш вазифаси турибди. Сиз тилга олган асарларни ушбу йўлдаги баҳолиқудрат уринишлар десак бўлади.

 

– Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романи, Миркарим Осимнинг “Жайҳун устида булутлар” қиссаси адабиётимизнинг Беруний сиймосига бағишланган бойликлари саналади. Рўйхатга Исажон Султоннинг “Абу Райҳон Беруний” романи ҳам қўшилди. Бунга қандай эҳтиёж бор эди? Янги асар китобхонларга нималар ваъда қилади?

 

– Аввало, бу тарихий асарларни ўқувчиларга тақдим этган адибларимиздан чандон миннатдор бўлсак арзийди. Мустамлакачиларнинг ўта кучли сиёсий босими, ўша давр тарғиботининг зуғумлари остида ўтмиш аждодлар сиймосини баҳолиқудрат гавдалантириб беришди. Қарийб юз йиллик истило даврида адибларга қўйилган талаблар маълум: қаҳрамон албатта мавжуд ҳукмрон тузумга қарши чиқиши, оддий халқнинг ёнини олиб, курашга кириши керак, шу билан бирга, асарда оддий халқ орасидаги кимларнингдир ишқ-муҳаббат афсонаси ҳам ўрин олиши зарур! Агар замонавий роман ва қиссаларда ўша давр қарашларига бўйсундирилган инқилобчи киши тасвирланиши шарт бўлса, тарихий асарларга ҳам шу талаб қўйилган. У талабларга риоя қилмаган адибларнинг кўпчилиги маломат ва қувғинга дучор бўлгани ҳам рост.

 

 

Эндиликда тарихимизни бор бўйича тасвирлаш имконияти ўртага чиқди. Шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, уч минг йиллик тарих мобайнидаги юзлаб алломалар, саркардалар, хон ва хоқонлар ҳаётини қаламга олиш мумкин бўлди. Бу олтин силсиладаги буюк алломалардан бири – Абу Райҳон Берунийнинг истеъдоди, эътиқоди, кишилик сиймоси билан бирга, ўша давр воқеаларини ҳам тўғри ёритиб бериш керак бўлди. Мисол учун, бугунгача яратилган барча асарларда Абу Райҳон Берунийга шоҳлардан жабр кўрган олим сифатида қараш шаклланган эди. Аллома беш ҳукмдор паноҳида фаолият юритган, уларнинг барчаси илм-фанга кенг йўл очиб беришган. Масалан:

 

Маъмунларнинг авлодидан ул Али,

Бўлди табиб, дард кўрмади ҳеч жоним.

Сўнгги Маъмун назар солди ҳолимга,

Бошим кўкка етказди ул султоним.

 

Минбарларга чиқиб, ошиб мартабам,

Ўтди неъмат соясида кўп оним.

Боқди Ироқ оиласи сут билан,

Ниҳол эдим, Мансур бўлди дармоним.

 

Бу – Берунийнинг ўз устози, “Батлимус-соний”, яъни “иккинчи Птоломей” деб ном олган Мансур ибн Ироқ ҳақидаги сўзлари, мазкур парча Ёқут Ҳамавийнинг “Иршод ал-ариб ила маърифат ал-адиб” асаридан олинган.

 

“Осорул-боқия”да у Гургон ҳукмдори, Шамсулмаолий лақабли Кобус ибн Вушмгир ҳақида шундай деб ёзади:

 

“Тангри ёрдамига сазовор, неъматлар эгаси бўлган жаноб хожамиз улуғ амир Шамсулмаолийнинг – Худо уни доимо қудратли айласин! – олий давлатидан қувват олиб, бутун кучимни йиғиб, гоҳ эшитиш, гоҳ кўриш ва қиёс қилиш орқали, билимим етганича, ушбу нарсаларни баён қилишга бел боғладим...”

 

Хоразмда “Дорул-ҳикма вал-маориф”ни ташкил қилган Абул Аббос Маъмун олимга янада кўпроқ эҳтиром кўрсатган, уни “Дорул-ҳикма” раиси ва Хоразмнинг бош мироби этиб тайинлаган. Бу султоннинг юксак ахлоқий ҳусни шундан иборат эдики, Абу Райҳон Абул Аббос Маъмунни ўта юксак хулқли киши, бирон марта оғзидан ножўя сўз чиқмаган эди, деб таърифлайди. Ҳатто бир куни шоҳ бир масалани сўраш учун уйига келганини ёзади.

 

Тарихнинг энг “чалкаштирилган” ва етарли эътироф этилмаган ҳукмдорларидан бири султон Маҳмуд Ғазнавий бўлса ажаб эмас. Шу сабабли, асарда султон Маҳмуд шахсиятига ҳам кенгроқ ўрин беришга тўғри келди. Беруний у билан кўп сафарларда бўлган. Мана бу парчага диққат қилайлик:

 

“Бир куни Меҳржон байрами пайти, кечқурун, Хоразмдан қайтиб келгандан сўнг, мунажжимларнинг айтган гаплари тўғрисида сўз кетди. Улар деган эмишларки, султоннинг ўн йилдан ортиқроқ умри қолган. У шу гапдан сўнг деди: “Менинг қўрғонларим бойликлар билан шунчалар тўлиб-тошганки, агар уларни кунма-кун тақсимлаб чиқиб, тўла сарф этмоққа эҳтиётли киши ҳам, исрофгар ҳам эришмоқдан ожиздир”. ...Бир сафар, унга журъат қилиб, бу сўзларни дедим: “Худога шукрлар қилгин ва ундан тилагинки, у бойликларингнинг манбаини, бахтли тақдир ва ютуқларингни асрасин. Сен фақат унинг марҳамати билан ўз хазиналарингни топгансан. Агар омад кетиб, бу тақдир ўчгудек бўлса, бойликлар бетартиб сарф бўлиб, бир кунга ҳам етмайди. Мақтанчоқликдан тортингин”.

 

Кўриниб турганидек, султон билан олим ўртасида нафақат холисона, балки дўстона муносабат бўлган.

 

Маҳмуд Ғазнавийнинг ўғли султон Масъуд эса Берунийнинг шогирди эди. “Қонуни Масъудий” ёзилганида, олимга бир фил кўтара оладиган кумуш инъом қилгани ва олим уни хазинага қайтаргани маълум.

 

Авваллари хоҳ Шамсулмаолий, хоҳ Маҳмуд Ғазнавий – қаҳри қаттиқ, жоҳил, олимни ҳақорат қилиб, зуғум ўтказган ҳукмдорлар сифатида тасвирланган эди. Аслида эс замона олимлари ва Берунийнинг ўзининг эътирофича, ундай бўлмаган.

 

Беруний сиймосини яна бир воқеа ёрқинлаштириб беради. У умрининг сўнгги йилларида хоразмлик дўсти, соҳибдевон Абулҳасаннинг қизи Райҳона учун “Китоб-ут-тафҳим ли авоили саноат-ит-танжим” асарини ёзади. Ёш қизалоқ учун илмий асар нега ёзилсин? Бу ҳам олимнинг юксак инсоний фазилатларидан ва орзумандлигидан далолат беради.

 

– Романни ёзиш асносида, табиийки, кўплаб тарихий манбаларни ўргангансиз, улуғ аллома шахсиятини бадиий идрок этгансиз. Берунийни Беруний қилган асосий омилларни нималарда кўрасиз? Қандай жиҳатларидан бугун ҳам улгу олишимиз керак, деб ўйлайсиз?

 

– Абу Райҳон Беруний – фаннинг ўша даврда мавжуд бўлган барча соҳаларини тадқиқ қилган қомусий олим. Шу сабабли уни уч йўналишда тасвирлашга зарурат туғилди. Булардан биринчиси – олимнинг кишилик сиймоси.

 

У ўта тўғрисўз, фидойи ва қайсар киши бўлган. Масалан, Берунийнинг султонлар қошида фақат тўғри сўзни айтиш ҳақида битиклари унинг ҳаёт қоидаларини яққол ифодалайди.

 

Алломанинг илмдаги сиймосига келсак, у жуда ранг-баранг ва янада ёрқин. Унинг закоси инсоният тарихидан юлдузлар илмигача, фармакогнозиядан, яъни ўсимликларнинг шифобахш хусусиятларидан минералогия – қимматбаҳо тошларнинг таснифигача, антропологиядан фалсафагача, кимё, физика, биологиядан география ва геодезиягача бўлган билимларни жамлаган. Бир минг эллик йил аввал Қиёт яқинидаги қишлоқлардан бирида ўсиб-улғайган, ўзининг таърифича, отасини эслай олмайдиган, онаси эса ўтин териб тирикчилик қилган бир болакайнинг илм ва санъатда бунчалар юксак даражага эришганига ҳайрон қолмай илож йўқ.

 

Абу Райҳон Беруний ер юзининг диаметрини бугунги ўлчовларга яқин бир тарзда ҳисоблаган ва геодезия илмига асос солган буюк туркий
мутафаккирдир. Мазкур билимнинг асосчиси бўлмиш Беруний Ҳиндистонда эканида тригонометриянинг астрономиядан ажратилиши кераклигини илгари сурган ва тригонометрик функцияларни ҳисоблаган. Ўз тадқиқотлари билан Ғарб дунёсида ҳам машҳур бўлган бу олим Ньютондан аввал ернинг тортиш кучидан хабар берган, Галилейдан олдин ернинг шар шаклида эканини айтган. Ҳаёти мобайнида геометрия, тригонометрия, геодезия, минералогия, тиббиёт ва тарихга оид 150 дан ошиқ асар ёзиб қолдирган.

 

У ер юзининг барча жойидан қиблани аниқлашни орзу қилди. Солиштирма оғирликларни ўлчади, юнонистонлик табиб, Абу Али ибн Сино ва Абу Саҳл Масиҳий таъсирида “Сайдана” асарини ёзди. Математика, ҳандаса, физика ва тарих фанида ўзигача бўлган кўплаб олимларнинг тадқиқотларини таққослаб, хатоларини тузатди. Сув билан қуруқлик муттасил ўрин алмашиб туришини, қизғин чўлларда денгиз чиғаноқлари учрашининг сабабларини изоҳлади. Фалакдаги мингдан зиёд юлдузнинг ҳаракат йўлларини белгилади, ўзга оламлар мавжудлиги ҳақида хабар берди, жоннинг нима эканига тўхталиб, уни “қувваи табиия”, бугунги кун таъбири билан айтганда, ҳаёт кечириш билимларини ўзида жамлаган дастурий қувват деб атади. Чақмоқнинг турли-туманлигига диққат қаратди, ўсимликларни тирик мавжудот деб билди. Унинг “Қимматбаҳо тошларни аниқлаш китоби”даги баъзи бўлимларни бугун “Гигиена ва эстетика” деган ном билан ўқитса бўлади.

 

У кашф қилган асбоблардан “сув ўғирлаш асбоби” диққатга сазовор, бугунги кунимизда у “сифон” деб аталади. Моддаларнинг солиштирма оғирликларини ўлчовчи асбоб, қимматбаҳо тошларнинг оғирлигини аниқлаш учун ўзи ясаган нозик тарозу, туташ идишлар қоидасига асосланган ускуна, юқори аниқликдаги устурлоб ва армила... Буларнинг барчасини унинг ўзи ясади.

 

Шаҳразурий деган олимнинг мана бу таърифига қаранг:

 

“Абу Райҳон ўзига энг керак нарсалар билан кифояланди. Молу сарватларни назарига илмас, кундалик ташвишларга вақт сарфламасдан, тамомила билим денгизига шўнғиган, қачон қараманг, ёзаётган асарлари устида букчайиб ўтирганини кўрардингиз. У олий билимлар дарвозаларини очиб, муаммоларнинг ечимларини топиб, бошқалар тушуниши учун осон қилиб қўйди. Унинг қўли қаламдан сира узилмади, нигоҳи доимо кузатди, қалби эса тафаккур билан банд бўлди. Фақат икки кун – Наврўз ва Меҳржон байрамида тирикчилик ишларига эътибор қилиб, хизматкори билан либос ва егулик ғамлашга чиқарди. Йилнинг бошқа кунларида эса, бундай икир-чикирларни хаёлига ҳам келтирмасди”.

 

Абу Райҳон Беруний халқлар ва диний таълимотларни чуқур ўрганган мусулмон киши бўлган. Ҳатто насроний олим  Абул Хайр Хаммор у туфайли исломга киргани, султон Маҳмуд Ғазнавий шу сабабли Берунийга таъзим қилгани айтилади.

 

Айни сабабларга кўра, Беруний ҳақидаги асарда ўзгачароқ йўл тутишга тўғри келди. Ушбу асарда юздан ошиқ кишилар бор ва уларнинг барчаси Беруний ҳақида сўз айтишади. Бу худди бир ёритқич атрофида само жисмларининг айланишига ўхшайди.

 

Беруний  улуғвор ва эзгу мақсадларни кўзлаган биргина киши ўз ҳаёти мобайнида нималар қила олиши мумкинигининг ёрқин тимсолидир. Сабот ва матонат, тўғрилик ва ҳалоллик унинг ҳаётининг олтин қоидалари эди. Шу сабабли асрлар давомида авлодлар эътирофига сазовор бўлди, номи тарих зарварақларига муҳрланди.

 

– Адабиётда замонамиз қаҳрамони образини яратиш ҳамиша долзарб бўлиб келган. Янги ёзилажак асарларингизга мавзуларни давримиздан қидириш ниятингиз борми ёки ўқувчиларингизни яна тарих бўйлаб саёҳатга таклиф қиласизми? Ижодий режаларингиз билан бўлишсангиз.

 

– Ўтмишдаги каби қаҳрамонлар етишиб чиқиши учун, аввало, у қаҳрамонларни таништириш, ўзлигини англатишдан ташқари, улар етишиб чиққан тарихий муҳитни ҳам жонлантириш зарур.

 

Бадиий асар қаҳрамони бўлишга арзигулик юзлаб қўмондонлар, шоҳлар, алломалар бор тарих қаърида. Энг қадим тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, эл-юртини юксалтиришга азм қилган Алп Эр Тўнга сиймосининг ўзиёқ қанчалар улуғвор! Мактаб дарсликларимизда Доно Тўнюқуқ, Билга хоқон, Култегин каби аждодларимиздан бироз хабар берилган, бироқ, уларнинг сиймоси тўла гавдалантирилмаган.

 

Яна бир қаҳрамонимиз – эрамиздан аввалги иккинчи юз йилликда яшаб ўтган Ботир Тангриқутдир. Чин манбаларида Мете ёки Модэ, ўз она тилида Ботир деб аталган бу киши биринчи бўлиб мунтазам армия тузган, у пайтгача доимий армия бўлмаган, қўшинни етти бўлакка бўлиш (қоровул, яровул, ўнг қанот, сўл қанот, ғўл, ўкча, бухтарма) ундан бошланган ва то Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонасигача шу тартиб сақланиб келган. Агар бу тузилмани ўша даврдаги Чин қўшини тузилмаси билан таққосласак, Ботир Тангриқут танзимининг қанчалар мукаммал эканига шоҳид бўламиз.

 

Эрамиздан аввалги юзинчи йил... У пайтда дунёга ҳали Исо Масиҳ келмаган, Арабистон ярим ороли Мусо пайғамбар эътиқодига амал қилиб келаётган бир давр. Нуҳ Алайҳиссаломдан кейинги пайғамбарларнинг таълимотлари ўша ҳудуддагина ёйилганини ҳисобга оладиган бўлсак, у ҳолда аждодларимиз топинган, атай чалкаштирилиб, “шомончилик” деб камситилган Тангри дини нақ Нуҳ Алайҳиссалом дини бўлиб чиқади. Бу ҳам олимларимиз тадқиқ қилишига арзийдиган муҳим мавзу, чунки, то исломгача туркийларнинг асосий дини шу бўлиб келган.

 

Юртимиз ҳудудларига келсак, “Ёфас ўғли Турк бу жойларни ўзига асраб қўйди” дейди султон Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” асарида. Барча туркий халқларнинг олтин бешиги – бу бизнинг она заминимиздир. Қаранг, олтин сулола ўша даврдан бошланган бўлса, орада қанча давлатлар қурилди, қанча фидойи зотлар яшаб ўтди. Уларнинг энг диққатга сазовор жиҳати – ўз эл-улусини юксалтириш учун қилган хизматлари ўлароқ тарихда қолди.

 

“Урушлар тугади, кишиларнинг қони ерга сингиб кетди, ўрнида узумзорлар барпо бўлди, у узумлардан тотли шарбатлар сиқиб олинди”. Ана ўша шарбат – тарихий асарлар десак, не ажаб?

 

Эрамиздан юз йил аввал Хан сулоласи элчиси Чжан Цянь диёримизга сафар қилади. Бу жуда ажойиб саёҳат. Элчининг мақсади – қадимги Фарғонадаги учар отларни қўлга киритиш бўлган. Илк сафарида у Хэши йўлаги орқали юриб, хунлар қўлига тушиб қолади ва 12 йилдан сўнггина ўз ҳукмдори ҳузурига қайтиб боради. Иккинчи саёҳатида эса Турфон орқали йўлга чиқиб, кўзлаган манзилига етиб келади, бу ерда мавжуд давлатлар – Қанғли, Ғузер (Ўғуз Ер), Уйшун, Паркана ҳақида жуда қимматли маълумотларни ҳукмдорига етказади. Мазкур маълумотлар ўша давр тарихчиси Сима Сяннинг “Шижи” солномасида батафсил келтирилган.

 

Хуллас, сўзлайверсак, гап кўп.

 

Орзу эса шундай: уч минг йиллик тарих мобайнидаги улуғ сиймолар ҳақида “Олтин тарих” деган силсила яратилса, ишонаманки, ўзига хос мазкур “Зижи осмоний”да камида юз жилдлик бадиий асарлар тизмаси яратилар, бу эса ўзликни таниш йўлида катта қадам бўлиб қоларди. Абут-турк мулкларининг ворислари ўлароқ, бундай асарларни албатта ўз адибларимиз яратишлари зарур. Замонамизнинг етук адибларини ва ёш ижодкорларимизни шу хайрли ишга ҳисса қўшишга чорлаган бўлардим.

 

Наргиза ОДИНАЕВА,
Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси