Хабарингиз бор, oyina.uz “Ватандош” рукни остида хориждаги ўзбекистонликлар билан махсус суҳбатлар уюштириб келмоқда. Нашрнинг навбатдаги қаҳрамони Жанубий Кореяда яшаб, автомобиллар учун микрочиплар яратиш устида ишлаётган – самарқанлик Мурод Қурбонов.
– Ассалому алайкум, суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат! Аввало, Кореяга кетиш тарихингиз, нега айнан ушбу давлатни танлаганингиз ва бугунги фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом, таклиф учун сизга ҳам раҳмат! Мен Тошкент ахборот техналогиялар университетида бакалавр босқичида ўқиб юрган пайтларимда, ўз соҳасини севган талабаларнинг ҳар иккинчиси Жанубой Корея давлатида магистратура ўқиш ҳақида орзу қиларди. Сабаби, ушбу давлат IT соҳаси бўйича илғор мамлакатлар қаторида турарди. Акаларим ҳам магистратурани чет давлатларда ўқишди, табиийки уларга ҳавасим ҳам келган. Бу фикримни ота-онам қўллаб-қувватлади. Шундай қилиб Жанубий Кореяга йўл олдим.
Корейслар юртига келгач, 6 ой тил курсида ўқидим. Магистратурани битириб, аёлимни Жанубий Кореяга олиб келдим. Турмуш ўртоғим ҳам архитектура йўналишида магистратурани тамомлаган. PhD босқичини тугаллагач, ўз соҳам бўйича Airpont company’да менежер лавозимида ишлайман.
Ҳозирда кичик оилам – аёлим, 5 ёш ўғлим, 1 ёш қизим билан Жанубий Кореяда ўзимизнинг мўжазгина дунёмизда яшаб келмоқдамиз.
– Бошқа давлатга мослашиб кетиш қандай бўлди? Шахсий тажрибада ўрганганларингиз, қийинчиликлар...
– Менимча, Кореяга эндигина кўчиб келганларнинг ҳаммасида “ўхшамади, қайтаман” деган хаёл бўлиши аниқ. Ўзим ҳам “Инглиз тилини биламан, эплаб кетаман”, деган шижоат билан келдим. Қарасамки, умуман бошқа дунё. Аҳолиси инглиз тилида деярли гаплашмайди (Кўп ўзбек талабалар худди мен каби инглиз тилини билиш даражасига ишониб келади). Менталитет, ҳатто об-ҳаво илк кайфиятга таъсирини ўтказмай қолмайди. Дастлаб, ўзимни қўлга олдим-да, тил курсига бордим. Кореядаги юртдошларимиз қўллаб-қуватлаб, қўшимча иш ҳам топиб беришди, бошланишига ҳафтада икки кун ишлардим.
Кореяга биринчи келган вақтларим нарх-навони сўмга чақиб, “Жуда қиммат-ку!” дердик. Одам мусофирчиликда кун кечириши осонмас экан. Ўз аравамни ўзим торта бошлаганимда билдим оғирлигини. Ҳали тил курсининг учинчи ойини тугатмасдан “бўлди, қайтаман”, деган фикр келди. Магистратурадан ҳам воз кечдим. Ҳатто қайтишга билетимни ҳам олиб қўйдим. Кўнглим тўқ, кетаман деб қатъий режа қилдим. Олдимда эса бир ҳафта вақтим бор. Кореядаги охирги кунларим-ку, дедимда, бор пулимга ўзбек ошхонасида тўйиб овқатландим. Ўша куни бир ўзбек юртдошимиз ишга таклиф айтиб телефон қилди-ю, шу билан ишга киришиб кетдим, Корея эса бундан кейинги тақдиримизга айланди.
– Тошкент ахборот технологиялари университетидан бошланган таълим Кореяда қандай давом этди?
– Ўзбекистонда эканимда Пукёнг Миллий университетидаги ҳозирги профессорим билан e-mail орқали ёзишиб турардим. Тошкентдалигимда профессордан рад жавобини олгандим, чунки Жанубий Кореяда ўқиш у пайтда қийинлик қиларди. Кореяга келганимни айтиб, профессорга қайта хабар ёздим ва эртасига учрашувга чақирди. У мени кўтаринки кайфиятда кутиб олди, суҳбатимиздан кейин магистратурани ўз лабoраториясида ўқишга таклиф қилди. Биласизми, ўшанда биринчи марта Ўзбекистонга қайтиб кетмаганимдан хурсанд бўлдим. Шундан кейин секин-секин ҳаёт енгиллашди. Атрофни рангли кўришни бошладик.
– Кореядаги ижтимоий ҳаёт, яшаш тарзидаги ижобий жиҳатлар, таълим тизимининг биздан фарқлари ҳақида фикрларингиз...
– Корейслар оила, дўстлик ва жамиятга катта эътибор қаратишади. Анъана ва замонавийликнинг қандайдир уйғунлиги бор. Шунчаки очиқ ҳавода сайр қилишдан тортиб, ёшлар йиғилиб борадиган караокелар ёки ҳар қадамда учрайдиган кафелар… Хуллас, ҳар ерида ўзига тортувчи нимадир бор. Кўп ҳолларда уйимиз яқинидаги паркка оилавий кирсак, қандайдир фестиваль ёки ярмарканинг устидан чиқамиз. Шунақа тиним билмайди бу ернинг одамлари, доим нимадир бўлаётган бўлади. Одамларни йиғиб, шунчаки яхши хотира қолдириш учун ҳам ҳаракат қилишади. Мен буни шу жамият одамларига нисбатан ҳурмат деб тушунаман.
Таълим тизимига келадиган бўлсак, ўқишни эндигина бошлаган вақтимда мени ҳайратга солган нарса – ташқи кўриниш ёки кийимга умуман эътибор берилмаслиги бўлди. Талабаларнинг дарсга оддий шиппакда келишига шу даражада ҳайратга тушганманки… Ҳатто профессорларда ҳам шу ҳолат. Ким ўзига нимани қулай деб билса, шуни кияди. Муҳими дарсни ўқиб ўрганиш, топшириқларни бажариш. Талабалар ҳам онгли равишда тушунадики, ўқиш, билим олиш бу фақат ва фақат ўз келажаги учун муҳим.
– Кореяда ва Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланиш ўртасида қандай фарқларни сездингиз?
– Ҳаммамизга маълумки АҚШ, Европа, Япония, ва Жанубий Корея давлатларида таълим сифати жуда юқори ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳурмати баланд, улар ҳар доим ўз устида тинмай ишлайди. Бу давлатларда тадқиқот марказлари ҳам кўплаб топилади. Жанубий Кореянинг илмий иш билан шуғулланаётган талабалари асосий вақтларини илм олиш ва уни татбиқ қилишга сарфлашади, талабалар учун ажратилган лабораториялар замонавий жиҳозлар билан таъминланган, илмий иш олиб бораётганлар учун барча қулайликлар яратилган. Энг асосийси, талаба бириктирилган профессор томонидан қўллаб-қувватланади. Талабалардан фақатгина ўз илмий иши муаммосини топиб, унга ечим излаш талаб этилади, ортиқча масалаларга жалб қилинмайди. Тадқиқот давомида қийинчиликларга дуч келишингиз аниқ, чунки сиз янгилик устида ишламоқдасиз. Ўзбекистонда Илмий марказларнинг, яъни тадқиқот марказларининг камлиги, соҳа мутахассислари етишмаслигини асосий камчилик деб айта оламан. Бу борада Корея каби давлатлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилса, биздаги иқтидорли талабалар ҳам бемалол ўзларини кўрсата олади.
Тўғриси, илмий-академик фаолиятим асосан Кореяда ўтгани учун Ўзбекистондаги вазиятдан бехабарман. Ўз тажрибамдан айтадиган бўлсам, магистратура, PhD, умумий 5 йил мобайнида профессорим аъло даражада қўллаб-қувватлади. Ҳар ҳафта хонасига чақириб, камчилик, муаммолар ҳақида суҳбатлашардик. Оддий ўтиладиган дарслардан тортиб, ёзиладиган мақолалар, курс ишлари, диссертациямнинг қай аҳволда эканини кўриб чиқардик. Профессор танлаш борасида омадим чопган. Чунки, вақти келса, улар оилам ҳақида ҳам қайғурарди. Профессор ҳар ой қўл остидаги талабаларини йиғиб, ўз номидан меҳмон қиларди, ҳеч биримизни пул сарфлашга қўймасди. Бу корейсларнинг талабалар ўртасида кенг тарқалган жуда ажойиб “анъана”си, десам ҳам бўлса керак.
Ўзбекистонга келадиган бўлсам, бугунги кунда юртимиздаги машҳур Artel компаниясини олсак, агар ушбу компания ҳам ўз Тадқиқот марказини ташкил этса ва у ерга ёш олимларни жалб қилса, бу катта ютуқ бўлади. Содда қилиб айтганда, бора-бора Artel учун ташқаридан керакли қисмларни олиб келишга ҳожат қолмайди. Бундай дастурлар учун лицензиялар ҳам қиммат бўлади, албатта, лекин кейин оладиган фойда бундан юқоқироқ. Бу каби компанияларни ривожлантириш учун юртимизда етарлича билимга эга ёшлар бор, фақат уларга имкон ва шароит яратиш керак.
– Тадқиқот ишингиз мавзуси автомобиллар учун яратилган ақлли радар билан боғлиқлигига келсак, мавзуйингиз қанчалик долзарб? Корея ва Ўзбекистон мисолида ушбу йўналишнинг ўхшаш жиҳатларига ҳам тўхталсангиз.
– Тадқиқот ишим ҳақида озгина тушунча бериб ўтаман – ҳозир дунёда катта йўлда ўзи бемалол ҳаракатланадиган автомобиллар деярли янгилик эмас. Менинг соҳам эса шу автомобиллар ҳаракатланганда хавф-хатарнинг олдини олиш, ундан хабар берадиган датчиклар – тўлқинларни узатадиган ва қабул қиладиган чипларни яратиш. Янаям чуқурроқ тушунтирадиган бўлсам, ўша узатиладиган ва қабул қиладиган чипларнинг ишлаш самарадорлигини ошириш. Асосий ишим – ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган автомобиллар учун, – тўқнашув ҳақида огоҳлантирувчи радар устида ишлаганман.
Ушбу иловаларнинг барчаси ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини яхшилаш, хавф туғилганда бошқарувни олдиндан билиш, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва тўқнашувларнинг оғирлигини камайтириш учун тормоз тизими ва рулни бошқаришга қаратилган. Автотранспорт воситаларининг келажак авлодлари бир-бирлари билан ўзларининг нисбий позициялари ҳақида мулоқот қилишлари, транспорт ҳолати ёки об-ҳаво ҳақида бир-бирларини огоҳлантиришлари мумкин бўлади.
Илмий ишимни ўрганиш ва татбиқ қилиш даврида ўрганганларим айнан Автомобиль учун эмас, балким, кўплаб соҳаларда қўлланиши мумкин, фақатгина талаб қилинадиган частотага (Hz) боғлиқ бўлади. Кореядаги пуллик трассаларга киришда тўхтаб пули тўланарди – катта йўлнинг юзида ҳар бир қатор учун алоҳида постга ўхшаган буткаларда операторга пластик карточка ёки нақд пул узатилади. Эндиликда шуниям масофадан туриб тўлаш йўлга қўйилган. Автомобилга қурилма ўрнатилади. Постга яқинлашганда сигнал орқали уланиб, тўлов автоматик тарзда ечиб олинади. Бу ҳозирда ақлли автомобиллар учун талабгор соҳа. Шу йўналишни ўзимизга олиб кирадиган бўлсак, бизда жуда катта имкониятлар мавжуд. Биринчи навбатда Ўзбекистонда шаҳарларни боғлайдиган ва юқори тезликка жавоб берадиган сифатли йўллар қурилса, ҳайдовчиларга катта енгиллик бўлади. Қолаверса, барча сигнал узатувчи ва қабул қилувчи қурилмалар, яъни WiFi, Bluetooth, Смартфон ва андроидлар учун ҳам қўлланса бўлади. Айтмоқчи бўлганим, электроника соҳасида юқоридаги каби сигналларни узатиш ва қабул қилиш учун микрочиплардан фойдаланилади, илмий ишим худди шу микрочип билан боғлиқ.
– Тадқиқот мавзуйингиздан келиб чиқсак, мутахассис сифатида Ўзбекистон учун қандай таклифларингиз бор?
– Очиғини айтадиган бўлсам, Ўзбекистонда ҳам масофавий маълумот алмашиш кундан кунга ривожланиб бормоқда ва бу ҳолатда биз тўғридан тўғри янги технологияларга мурожаат қиламиз. Аммо бизда кўплаб қурилмалар чет элдан олиб келинади. Мисол учун, алоқа компанияларининг узатувчи ва қабул қилувчи антенналари, уйингиздаги WiFi қурилмалари… Буларнинг барчасини ўзимизда ишлаб чиқарсак бўлади ва анча арзонга ҳам тушарди. Бунинг учун юқорида айтганимдек, тадқиқот марказлари ва имкониятлар бўлиши керак. Шунда биз ҳам ўз юртимизга Reasercher (ёш олим) сифатида ўз ҳиссамизни қўшган, ота-онамиз бағрида фаолиятимизни давом эттирган бўлардик.
– Ён атрофдан эшитамизки, ҳозирда кўплаб ўзбекистонликлар Кореяда, – кимдир таҳсил олиш, кимдир ишлаш учун кетган. Миллатдошларимиз қайси соҳаларда устун, улар Кореяда нималарга эришяптилар?
– Яхши савол бўлди, ҳақиқатдан Жанубий Кореяда кўплаб ватандошларимиз истиқомат қилади, уларни турли хил соҳада учратишингиз мумкин. Жанубий Кореяга Ўзбекистондан икки хил ҳолатда келишади – талаба ва муҳожир бўлиб. Ўз йўналишларини тугатиб, йирик компанияларда етук мутахассис бўлиб ишлаб келаётган ватандошларимиз жудаям кўп. Демак, ўзбекларнинг кўпчилиги IT соҳасидаги мутахассислар, десам ҳам бўлади, қолган соҳаларда эса ишга жойлашиш ниҳоятда қийин, шу сабабли кўпчилик IT ни танлайди.
– Корея давлатининг ўзбек ёшларини ўзига қаратаётган жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз? Таълим тизими асосий сабаб деёламизми?
– Шуни билдимки, Жанубий Кореяга келишдан олдин мақсадни аниқ қилиш керак экан, ўқишга келганларнинг ҳаммаси ҳам талабалик гаштини сурмайди, айримлари университетни ташлаб ноқонуний муҳожирлик йўлини танлайди ва жисмоний меҳнат қилишади, кўпроқ пул ишлаб топишга ҳаракат қилади, Ўзбекистонда уй қуради, бир нечта автомобиль олади, ҳозирги кунда аксар ёшларнинг фикри-хаёли шу бўлиб қолди.
Бошқа хилда эса талабалар ҳам ўқиб, ҳам жисмоний меҳнат қилишади, дарс соатларини ўзларига маъқул, иш соатларига халақит қилмайдиган вақтга қўйдиришади. Ҳар ҳолда ўз харажатларини қоплайдилар. Лекин иккала ҳолатни ҳам бирдек олиб бориш, айниқса, бакалавр талабалари учун анчагина қийинчилик туғдиради. Сабаби, контракт тўловлари қиммат ва грантлар ҳам оз, бундай ҳолатда таълимни ўзлаштириш анча қийин. Аммо магситратура ва PhD талабалари учун енгилликлар мавжуд, университет томонидан грантлар ҳам кўп, дарс соатлари ҳафтасига 1 ёки 2 кун бўлади, қолган вақтларини мустақил изланишга ёки қўшимча ишга жалб қилиши мумкин. Қолаверса, IT ва Engineering соҳасида лабораториялар мавжуд, у ерда ўз изланишларини олиб бориши мумкин. Демак, Кореяга келаётган ҳар бир талаба тил билишидан тортиб, университетда ўқишигача режалаштирган бўлиши керак.
– Келажакдаги режаларингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?
– Мақсадим юртимизда электроника соҳасини ривожлантириш, яъни микрочипларни яратиш ва ишлаб чиқиш соҳасини олиб кириш. Ҳозирги қилаётган ишим ҳам пуллик автомобиль йўллари учун автомобилга ўрнатиладиган чиплар устида. Қўшимча қилиб шуни ҳам айтишим мумкин, яқин келажакда электроавтомобиллар симсиз қувват олиш қобилятига эга бўлади, ҳозирда шу проект усида ҳам ишламоқдаман. Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш режаларим бор.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди.
Oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ