“Жамиятга манфаатдор бўлиш” – Наим Каримовнинг бахт формуласи


Сақлаш
15:09 / 18.09.2023 664 0

Ажаб одати бор умр дарёсин,

Дастлаб суст оқади, сокин, зўрба-зўр.

Энди тушунганда ҳаёт маъносин

Унинг шиддат билан оқишини кўр.

 

Чамандек очилиб-сочилган эди,

Ёшликнинг нафармон гуллари кеча.

Қуритиб қўйибман, оҳ, билсам энди

Умр дарёсини мен ича-ича...

 

Ушбу мисралар куюнчак олим, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, академик Наим Каримов қаламига мансуб бўлиб, кишида гўё башорат янглиғ таассурот ўйғотади...

 

Умр – дарё. Академикнинг ўзи таъкидлаганидек “дастлаб суст оқади”, кейин, ҳаёт маъносини тушунганда эса шиддат билан. Муҳими, уни қандай яшаб ўтишда экан! Академик Наим Каримов юзлаб илмий мақолалар, маърифий асарлар ёзди, ўнлаб дарсликлар, монографиялар яратди. Ҳаётининг асосий қисмини архивларнинг совуқ хоналарида қатағон қурбонлари ҳаётига оид ҳужжатларни ўрганиб, асл ҳақиқатлар излади, топилмаларини қалби каби ёруғ даргоҳларда қоғозга тушириб, халққа тақдим этди ва буни ўзининг энг юксак бурчи деб билди. “Усмон Носир”, “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари”, “Чўлпон” маърифий романлари, “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Абдулла Қодирий замондошлари”, “Ғафур Ғулом”, “Ҳамид Олимжон”, “Ойбек ва Зарифа”, “Зулфия”, “Урушдан кейинги давр ўзбек совет адабиёти”, “XX аср адабиёти манзаралари”, “Уч буюк сиймо (Қодирий, Чўлпон, Ойбек)”, “Жадид театри”, “Истиқлолни уйғотган шоир”, “Қурбон Беригин қисмати”, “Муҳаммад Шариф Сўфизода” каби элликка яқин асарлар бунинг исботидир.

 

 

Сўз – тилсим, сўз – қудрат, сўз – йўл. Бу мафтункор жараён фидойиликни, умрбахшидаликни ва қисматдошликни талаб этади. Ўзбек адабиёти тарихи ва атоқли намоёндалари ҳаётини ўрганишни мақсад қилган Наим Каримов дастлаб Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ҳамзанинг кўп жилдли академик нашрларини тайёрлаш ва чоп этишда иштирок этган.

 

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида сўз майдонига кириб келган адабиётшуносларнинг катта бир армони бор эди. Улар 1930–1950 йилларда қатағон қурбони бўлган ёзувчи-шоирларнинг ижодини ўрганиб, халққа маълум қилишни хоҳлашарди. Наим Каримов ҳали уларнинг номини тилга олиш, асарларини шарҳлаш мумкин бўлмаган бир даврда улкан жасорат кўрсата бошлади ва истиқлол куйчиси Чўлпон ҳақида маърифий роман яратди.

 

 

Олим мустақилликнинг дастлабки йилларида ташкил этилган “Маърифатпарварлар” жамиятига, кейинчалик “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамиятига ҳам раислик қилган. 2000 йил бошларидан бошлаб унда Давлат хавфсизлик хизмати архивларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди.

 

– Шунда мен Усмон Носир тўғрисида қандай материал бўлса, ҳаммасини бир кунда ёзиб олдим. Шунақанги даҳшатли материаллар... Ўйладимки, эртага бу эшик очилмайди! – дейди академик изтироб билан. – Аммо эртаси куни келсам, очиқ экан. Шундан кейин Чўлпон ҳақида, бошқа қатағон қурбонлари ҳақидаги маълумотларни қўлга киритдим. Улар бирин-кетин қоғозга туширилиб, мақолалар, маърифий асарлар шаклида ўқувчилар қўлига етиб борди.

 

 

Шаҳидларнинг аянчли қисматини ўз қисмати, улар чеккан тубсиз изтиробларни ўз изтироби деб билган Наим Каримов 1937 йилги қатағон сиёсати ҳақида сўзлар экан, ўша давр ноҳақликларидан титраб кетади.

 

– Қатағон бошланган йилларда суд қилиниши ёки отиб ўлдирилиши мумкин бўлган зиёлиларнинг рўйхати Сталин, Молотов, Кагонович, Ворошилов “тўртлиги” раҳбарлигида шакллантириб борилган. НКВДнинг розилиги билан автоном республикалар ўртасида ким кўп одамни қамоққа олиш мусобақаси бошланади, – дейди кўзларида ёш билан. – Барча республикада НКВДнинг сиёсий бўлимидан ташқари, учинчи ва тўртинчи бўлимлари ҳам рўйхат шакллантириш билан шуғулланади. Масалан, Бухородан 100 нафар одамнинг рўйхати берилган бўлса, Тошкент ундан ҳам кўпроқ рўйхат шакллантиради. Мусобақада ютган бўлим раҳбарларига катта пул мукофоти ёки орден, медаллар берилган. Мана, аждодларимиз қандай кўргуликларни бошдан кечирганлар? Бундай рўйхатга тушганлар шубҳасиз, камида ўн йилга қамалган ёки отувга ҳукм қилинган. Уларни ўрганиш, ўқишнинг ўзи бир азоб.

 

 

 

Академик Наим Каримовни асосан адабиётшунос олим сифатида биламиз. Олимнинг гўзал шеърлар, ҳикоялар, ҳатто бир драматик асар муаллифи эканлигидан эса кўпчиликнинг хабари йўқ. Унинг яна бир ижодий сири ҳам бор эдики, бу ўтган асрнинг 50–60 йилларида чизган суратлари. Нафислик, аниқлиқ ва портрет жанри етакчилик қилган бу санъат асарларида Наим Каримовнинг жаҳон адабиёти намоёндаларига меҳри ўзгача эканлигини кўриш мумкин. Робиндранат Тагор, Жанни Родари, Лолита Торрес, Аполлоннинг боши, Балерина каби суратлар фикримизнинг яққол далидидир.

 

 

Муборак ҳадисларда “Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидирлар” дейилган. Улар юксак салоҳияти, шу билан бирга камтаринлиги билан ҳам авлодларга ибратдир. Улардаги босиқлик, закийлик ва самимийлик улуғворликни оширади. Наим Каримов ҳам ҳаётини маърифат йўли, бахт формуласини эса “жамиятга манфаатдор бўлиш” деб билган ҳазрати инсондир. Унинг ҳаёт йўли, илмий фаолиятига кўпчилик ҳавас қилади. Тинимсиз изланишлар, синовли йиллар, архивларда ўтган дамлар заҳмати олимнинг сочларига нуронийлик сепини ёйган эди. 90 билан тўқнашиб, юз томон юзланган олимнинг яна бир орзуси – Абдурауф Фитрат ҳақида улкан бир маърифий асар яратиш эди. Афсус, умр вафо қилмади. Охиратлари обод бўлсин...

 

 

Сўзимизни академикнинг ҳаёт мазмуни, инсоннинг умрбоқий туйғулари акс этган ушбу шеъри билан мухтасар этамиз.

 

– Меҳр, қайдан келасан,

Шалоладай югуриб.

– Волида сийнасидан

Томчи-томчи йиғилиб.

 

– Қаҳр, қайдан келасан,

Оч бўридай ўкириб?

– Жаҳолат чашмасидан

Томчи-томчи йиғилиб.

 

– Сен келасан қаёқдан,

Қуёшдан нур сочиб, Ишқ?

– Пок нигоҳ ва ҳаёдан

Учаман бўлиб қўшиқ.

 

– Сенчи, Қўшиқ, сен қайдан

Келасан ёзиб қанот?

– Мен Ишқ аталмиш бахтдан

Излайман оби ҳаёт.

 

Холиёр САФАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси