“Номукаммал инсоният на ўзидан қуйидагиларни, на ўзидан устунларни сева олади” – “Элжернонга аталган гуллар” асари таҳлили


Сақлаш
15:09 / 15.09.2023 475 0

“Сенинг зулматингдан менинг ёруғлигим яхши деб ким айтди?”

“Элжернонга аталган гуллар” асаридан

 

Бахт инсон интилишларининг марказида туради. Аммо нимага шундай: баъзида жамият эътироф этмагунча, унга эга эканимизни англайвермаймиз? Ёши 32 га борган, арзимас пул эвазига новвойхонада пол артувчи бўлиб ишлайдиган ақлан заиф йигит Чарли Гордон, қайсидир маънода, мана шундай одамлардан бири эди...

 

Америкалик адиб ва адабиётшунос Дэниел Киз (1927–2014) Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳарчасида туғилган. Савдогар денгизчи, таҳририятда бадиий муҳаррир, мактабда ўқитувчи, Оҳаё унверситетида профессор бўлган. 2000 йили Оҳаё университети томонидан “Хизмат кўрсатган профессор” унвони билан тақдирланган.

 

Дэниэл Киз 87 йиллик умри давомида 8 та асар ёзади. Бугун сизни улардан энг машҳури – “Элжернонга аталган гуллар” асари билан таништирмоқчимиз. Муаллиф уни дастлаб ҳикоя тарзида ёзади ва ўн тўрт йил мобайнида ҳаётидаги воқеалар билан бойитиб боради. Асарнинг “Ҳюго” ҳамда “Небула” адабий мукофотларига лойиқ кўрилиб, Американинг адабиёт бўйича мактаб дарсликлари дастурига киритилгани бежиз эмас албатта...

 

Асар Чарли Гордоннинг қайдлари билан бошланади. Инсонларнинг фикрлаш даражасини жарроҳлик ёрдамида ўстириш устида изланаётган шифокорлар унга кечинмаларини ёзиб боришни тавсия қилишади. Улар кунлик қайд-ҳисоботларни бир-бири билан солиштириб, Чарлидаги жарроҳликдан кейинга ақлий ўсишни кузатмоқчи эдилар. Амалиётнинг бош мия жарроҳлиги тарихида инсонда илк бор қўлланилаётгани, олдин Элжернон лақабли сичқончада синаб кўрилганидан китобхон Чарлининг қайдларини ўқиш мобайнида хабардор бўлади. Соддадиллик билан ёзиб борилаётган ушбу кечинмалардан ўқувчи кейинроқ яна бир нарсани тушунади. Яъни, операция учун нега айнан Чарли танлангани! Ахир Чарли ногирон бўлиб туғилгани учун ота-онаси воз кечган, атрофини эса уни шахс – инсон сифатида қабул қилмайдиган одамлар ўраб олганди. Бир сўз билан айтганда, Чарли ўз теварагидагилар, ҳатто қалтис тажриба амалиётига қўл ураётган шифокорларнинг ўзи учун ҳам Элжернондан – лабораториядаги сичқончадан фарқ қилмасди.

 

Аммо бу вақтда Чарлининг ўзи ҳали ҳаёт ва одамлар ҳақида мутлақо бўлак тасаввурда эди. Унинг мақсади ақлли бўлиш, ҳамма қатори қаҳва устида сиёсат, кино ва адабиёт борасида гаплашиб ўтириш, бу билан ўз дўстларини хурсанд қилиш. У ўзига бундай имкониятни берадиган жарроҳлик амалиётига танлаб олишаётгани учун шифокорлардан миннатдор бўлар, тажриба қуёнчасига тенглаштирилаётганини эса мутлақо тушунмасди. Қафасда ўсган қуш мушукнинг душман эканини билмагани каби, унинг тор ва тоза тасаввури ҳам фириб ва ғараз деган тушунчалардан холи эди. Ўз ҳисоботида новвойхонада бирга ишлайдиган шериклари уни бир сафар қаҳвахонага олиб бориб, ишда полни қандай артишини кўрсатиб беришини сўраганлари, кейин столнинг устига чиқиб ўйнаб беришни талаб қилганлари, сўнг ёмғир ёғаётганини текшириб келиш учун кўчага чиқариб юбориб, қайтгунича кетиб қолганларини ёзар экан, бу каби муносабатларга азбаройи кўникканидан, у ўзини бундан ортиқроғига муносиб эмас деб биларди. Буларни дўстларининг эркалаши, эътибори деб тушунар, ўзининг ношудлигидан эса куйинарди. Тез орада ақлий салоҳияти ошса, мазкур ҳолдан дўстларининг жудаям хурсанд бўлишини, ўшанда уларнинг ҳозиргидан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолиши мумкинлигини орзу қиларди. “Агар устингдан кулишларига йўл қўйиб берсанг, сенинг дўстларинг кўп бўлади” – бу ақлан заиф Чарлининг маънавий тубан жамият устидан чиқарган беғараз (ва доно!) хулосаси эди...

 

Шундай қилиб, бир қанча текширув ва илмий тажрибалардан сўнг шифокорлар ўта қалтис ишга – Чарли билан боғлиқ жарроҳлик амалиётига қўл уради. Амалиёт ижобий натижаларини намоён қила бошлайди – орадан маълум кунлар ўтиб, Чарлининг ақлий даражаси яхши томонга ўзгараётгани сезилади. “Чарли, дейди бир куни унга ўзи ўқийдиган омилар мактаби тарбиячиси Кинан хоним. – Агар кейинчалик, яъни кўп нарсаларни ўрганиб олганингдан сўнг баъзи одамлар ўзинг ўйлагандай яхши эмаслигини тушунсанг, хафа бўлма. Яхшиси, бунга эътибор ҳам берма. Яратган сенга қолганлардан камроқ нарса берган бўлса ҳам, аслида сен улардан фойдалироқ ишлар қиляпсан...”

 

 

Ҳа, Кинан хоним ҳақ бўлиб чиқади. Чарлининг ақлий даражаси қанчалик яхшиланиб, одамларнинг ҳаракатлари ортидаги мақсадни тушунгани сари, яшаши ҳам шунчалик қийинлаша боради. Ўтмиш билан боғлик хотиралари тикланиши баробарида қалбида оғриқ, изтироблар пайдо бўла бошлайди. Шундай хотираларнинг бирида болакай Чарли уйининг қайсидир хонасидан чиқаётган чақалоқнинг – синглисининг йиғисини эшитади. Уни бориб кўргиси, нимадир қилиб овутгиси келади. Бу хонага кириш у учун тақиқланган бўлишига қарамай, овоз эшитилаётган хонага кириб, чинқириб йиғлаётган чақалоқнинг юзига ажабланганча тикилиб қолади. Шу вақт тўсатдан келиб қолган онаси эса “Синглингга нима қилмоқчи эдинг?! Унга яқинлашма демаганмидим!” дея уни калтаклашга тушиб кетади. Болакай Чарли қалтираб-қунишар, қўрққанидан даҳшатга тушар, онасига ўзининг ёмон нияти йўқлигини тушунтириш у ёқда турсин, ортиқ бундай қилмаслигина айтишга ҳам қурби етмасди...

 

Ўтмиши билан боғлиқ шу каби хотираларини онгида тиклаган Чарли ниҳоят бир аччиқ ҳақиқатни англайди. Болалигидан ҳеч ким унга инсон сифатида муносабатда бўлмаган! Шу кунга қадар ҳали бирор кимса, ҳеч қачон унинг туйғулари ва истаклари билан ҳисоблашмаган. Бошиданоқ ҳамма унга сичқон ёки бир темир-терсак сифатида қараган.  Ўзи яқин дўст деб ҳисоблаган, бунга жуда ишонган одамлари ҳам, шунчаки устунлик ҳисси, аниқроғи – унинг устидан кулиш, ундан ақллироқ эканини ҳис этиш лаззати сабабли у билан яқин бўлган. “Ғазаб ва шубҳа,  деб айтади ривожланишнинг туйғулар билан боғлиқ босқичига етган Чарли булар ҳақида, –  мен ўзимни қуршаб турган оламга нисбатан илк бора ҳис қилган туйғу бўлиб қолди...”

 

Чарли олдин қанчалик оми бўлган бўлса, энди шунчалик ақли ўткирлашиб борарди. Чет тилларини, ҳар хил илмий тушунчаларни қисқа муддатда ўзлаштириб оларди. Ундаги бу ўзгаришларни эса биринчилардан бўлиб ўзи билан бирга ишлайдиган новвойхона ишчилари пайқайди ва буни қабул қила олишмайди. Кечагина ақлан заиф бўлган Чарлининг бугунги ақлий устунлиги ҳамкасбларида ҳасад ва адоват уйғотади. “Чарлини ишдан ҳайданг, деб талаб қилишади улар новвойхона хўжайинининг олдига бориб, – новвойхонада ё у қолсин, ё биз қолайлик!”. Ўтмишда Чарлининг марҳум тоғасига –  ўзининг яқин дўстига жиянини сираям ишсиз қолдирмасликка ваъда берган, шу пайтгача сўзи устидан чиқиб келаётган новвойхона хўжайини ҳам, энди негадир янги ақллининг ёнини олишни истамайди. Чарлидан узр сўраб, уни ишдан бўшатишга қарор қилади...

 

Чарли пулсиз, ё егуликсиз кўчада қолмайди. У ўзи устида олиб борилаётган илмий тажриба ҳомийлари томонидан моддий таъминланган эди. Бироқ қачонлардир омилиги учун камситган, таҳқирлаган одамлар энди даҳолиги учун юз ўгираётгани Чарлини тушкун ўйлар гирдобига чўктиради. Бу номукаммал инсоният на ўзидан қуйидагиларни, на ўзидан устунларни сева олмаслигини кўриб дунё кўзларига зимистон бўлади.  “Хотираларим денгизига ботиб борар эканман, руҳий муаммоларни ақлий муаммолар каби осонликча ечиб бўлмаслигини тобора кўпроқ англаяпман”, дея надомат қилади.

 

Асарнинг охирги бобларида шифокорлар Чарлини Чикагога – илмий тажрибалар борасида ўтказилаётган симпозиумга олиб боришади. Бундан кўзланган мақсад соҳа мутахассисларини “Чарли-Элжернон” тажрибаси билан таништириш, нейрохирургиядаги улкан муваффақиятни оммага маълум қилиш эди. Йўлда шифокорлар сичқонча Элжерноннинг охирги пайтда ўзини жуда ёмон тутаётгани, кун бўйи тажриба машқларини бажармай уясида ётаётгани, баъзан машқларни бажарганда ҳам, бунинг эвазига бериладиган егуликдан воз кечаётганини гапиради. Тажриба муаллифлари – доктор Штраус билан доктор Немур Элжерноннинг бу ишидан қанча кўп ташвишланса, сичқонни бошқалардан кўпроқ англаётган, ҳатто ўз танаси билан ҳис этаётган Чарли шўрликка шунчалик ачинади. Оғриқлари авж олиб, ўзининг омилик пайтларини қўмсайди...

 

Симпозиумда эндиликда ақлий салоҳияти Чарлидан бир неча баробар паст бўлган профессорлар унга гўёки бир экспонатдай муомалада бўлади. Улар Чарли ҳақида “Чарли-Элжернон” ёки “Элжернон-Чарли” амалиёти дея гапиради. Унинг шу пайтгача ўзи ҳақида ёзган барча ҳисобот-қайдлари ва сичқонча Элжернон билан биргаликда олиб борган тажбира машқларининг видео тасвирлари жамоатчиликка ҳавола этилади. Симпозиум иштирокчилари Чарлининг шахс сифатида ҳақоратланаётганини хаёлларига ҳам келтиришмас эди. 

 

Симпозиум сўнггида тажрибанинг умумий хулосаси ва аҳамиятини тушунтириб бериш учун профессор Немур сўзга чиқади. “Биз табиатнинг яна бир хатосини тўғрилаб, нуқсонсиз, қусурсиз одам яратдик, дейди у маърузасида. – Бизнинг олдимизга келишдан олдин Чарли Гордон катта шаҳарда ёлғиз ўзи, дўстларсиз, қариндошларсиз, тўкис ҳаёт кечириш учун муҳим бўлган ақлий салоҳиятсиз яшарди. Унинг на ўтмиши, на ҳозири ва на келажакка бўлган ишончи бор эди. Қисқаси, Чарли Гордон ҳеч ким эди...” Симпозиумнинг қолган барча иштирокчилари ҳам бу борада профессор Немур билан бир хил фикрда эканига шубҳа йўқ эди, албатта. Бу сўзларни тинглаб юрак-бағри тилка-пора бўлаётган Чарли “Мен ҳам инсонман! Мен ҳам шахсман! Менинг ҳам ўтмишим, ота-онам бор эди! Операция столига ётишдан олдин ҳам одам эдим ахир!..” деб ҳайқиргиси, ҳўнграб йиғлагиси келарди...

 

Фалсафага бой мазкур асар Чарли Гордоннинг кейинчалик “Чарли-Элжернон” тажрибасини амалиётга жорий қилишга тўсқинлик қилувчи илмий камчиликни асослаши ва бу тажрибанинг фожиий жиҳатларини ўз умри мисолида кўрсатиб бериши билан якун топади. Бироқ асарнинг мен айтиб улгурмаган воқеалари, маълум қилмаган жиҳатлари ҳали кўп. Буни ўқувчи китобни мутолаа қилиш жараёнида ўзи тушуниб, амин бўлади деган умиддаман.

 

Асардан иқтибослар

 

“Қанча теран тушлар кўрар, хотираларим денгизига ботиб борар эканман, руҳий муаммоларни ақлий муаммолар каби осонлик билан ечиб бўлмаслигини ҳис этаяпман”.

 

***

“Соғлом болалар жуда тез улғайиб, ўзларини катта қилганларни унутишади... ва уларни тарк этишади...”

 

***

“Юқори АйКю ҳаётда энг муҳими эмас. Инсоний туйғуларсиз билим бир тейинга қиммат!”

 

                                                                                          Байрам АЛИ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси