
Ўзбек киносида тарихни тўлақонли ҳаққоний ёритган бирорта асар йўқ. Ва, бунга бирорта режиссёр ёки сценарийнавис айбдор ҳам эмас. Буни ёдда тутишимиз керак. “Шоҳ ва шоир”, “дин ва маърифат” бир-бирига қарши қўйилган қолип – “социалистик реализм” қуйган қолиплардан эди. Ўз даврида бундай қолипларга не-не тарихчи, адабиётшунослар қарши чиқмаган. Лекин, бу қолип мустаҳкам экан, етмиш йил яшадигина эмас, ҳозиргача унинг таъсиридан чиқиш қийин бўлмоқда. Буни “Абдулла Орипов” бадиий фильми мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ойина.уз колумнисти Шоҳида Эшонбобоева мазкур фильм юзасидан таҳлилий мулоҳазаларини очиқлайди.
Ўзбек кино санъати тарихида тарихий биографик фильмлар сони салмоқли. Алишер Навоий, Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Бобур, Нодирабегим, Фурқат каби сиймоларнинг экрандаги талқини совет мафкураси тўни билан бичилиб, томошабинга тиқиштирилган яқин даврларда ҳаммасига мустамлакачилар айбдор бўлиб келди. Аслидаям шундай эди... Мустақил давлат бўлганимиздан кейин биографик характердаги бадиий ва ҳужжатли фильмлар кўпайди. Айниқса, охирги йилларда сон жиҳатдан анча ўсиш бор. Аммо, бу фильмларнинг сифати қандай? Бу саволга жавоб беришда киношунослик тамойилларига амал қилмай, ўзбекчилик андишаси билан юз-хотир қилаётганимизни тан оламиз. “Саид ва Саида”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Қўқон шамоли”, “Авлоний”, “Исҳоқхон Ибрат”, “Муқимий”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Муҳаббат баҳори” фильмлари қаторида куни кеча мустақилликнинг 32 йиллик тўйига тақдим этилган “Абдулла Орипов” бадиий фильми ҳам тарихий биографик фильмлар сонини кўпайтирганидан хурсанд бўлдик. Яна андиша устунлик қилаётган маҳалда, ижтимоий тармоқлардаги қарама қарши фикрлар бизни ёзишга, сифат ўзгаришлари даражаси борасида фикр билдиришга ундади.
“Абдулла Орипов” бадиий фильми (120 мин, 2023 йил);
Режиссёр: Музаффархон Эркинов;
Бош ролда: Жасур Абдуманнопов (болалиги), ШОДМОНҚУЛ САЛОМ, Қудратилла Бурхонов (кексалиги);
Сценарий муаллифлари: Абдуқаюм Йўлдошев, Муқаддас Усмонова, (Минхожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов иштирокида);
Бош муҳаррир: Эркин Аъзам;
Бош оператор: Равшан Мирзакамолов;
Бастакор: Муинзода.
Музаффар Эркинов ёш режиссёр эмас. У йирик лойиҳалар устида ижод этиб, халқимизнинг севимли, маҳоратли режиссёрлари қаторига қўшилганига ҳам кўп бўлди. М.Эркинов “Авлоний” фильмидан кейин, Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильм суратга олишга ҳақли режиссёрлар қаторида эди. Аммо, режиссёр учун Авлоний образининг экрандаги талқинига нисбатан, Ўзбекистон халқ шоирининг бадиий портретини яратиш мушкул бўлгандек, назаримизда. Зотан, услубий жиҳатдан кўпроқ ҳужжатли фильмни эслатадиган мазкур асарни суратга олишда режиссёрга к-ў-ў-п кўрсатмалар берилгандек, тасаввур ҳосил бўлмоқда. Келинг, бир бошдан бошлайлик...
Икки соатлик “Абдулла Орипов” бадиий фильмида шоирнинг болалик дамлари ҳар жиҳатдан маромига етказилган эпизодлардан иборат. Чопганича, шеър тўқиб бораётган Абдуллажон айнан шундай шўх, қувноқ ва чечан бола бўлганига ишонамиз. Шоирнинг болалигини гавдалантирган ёш актёр учун роль яратилаётган муҳитга хос ва мос диалоглар ёзилганки, бола ўз ролини “чўмилиб” ижро этган. Албатта, бунда сценарийнавислар, режиссёр ва операторнинг меҳнати катта.
Абдуллажон катта бўлган оилавий муҳит, ота-онаси, акаси ва опа-сингиллари, ўқитувчи-ю, ҳатто редакциядан юборилган мактублар қаҳрамонимизнинг топқир, уддабурон, китобсевар ва ўта қизиқувчан характерини тўлақонли ёритишга хизмат қилади. Синглисига алифбони ўргатган, дала даштда қўлидан китоб тушмаган Абдулланинг чақнаган кўзларидаги нур томошабин қалбини ёритиб юборади. Ажойиб лавҳалар.
Лекин, йигит ёшига етиб, камолот босқичига кўтарилган Абдулла Орипов қиёфасида ўша болалик оловининг учқуни ҳам қолмагани, қизиқ... Мудом тушкун кайфиятда юрган, камгап экрандаги Ориповдан асл Абдулла Орипов анчайин фарқ қилган, албатта...
Сценарийнинг бошланғич сюжетлари қоғозга тушганида муаллифлар аниқ бир ғояни – бош қаҳрамон шахс ва шоир сифатида шаклланган, ижод этган муҳитни ҳаққоний ифодалаш мақсадини қўйганлар. Эътибор берилса, “Сталин”, “Москва”, “Кремль деворлари” шеърларини ёзган бола – Абдуллажон билан “Жадидлар нақадар ҳақ бўлишган”, дея Чўлпоннинг “Кишан кийма” шеърини билган, ўқиганлар руҳий тарбияси орасида катта фарқ борлиги сезилади.
– Кремль деворларини ўзинг кўрганмисан?
– Йўқ...
– Бундан буён кўрмаган нарсангни ёзма болам, ёзма...
Ёниб турган бола кўзлари ерга қадалди. Катталар чўчигани рўй бергани рост – бола руҳи коммунистик ғоя билан тўйинтирилган эди. Ҳақиқатан ҳам, бир аср ичида камида тўрт-беш бора оталар ва болалар, устоз ва шогирд, ўқитувчи ва ўқувчи орасида маслаклар хилма-хиллиги пайдо бўлди. Қадимчилар ва жадидлар, большевиклар ва босмачилар, 37- лар ва 60- лар, советчилар ва мустақилчилар... Улар орасида яратилган девор сунъий бўлгани билан мустаҳкам ва пишиқ эди. Оқибати маълум...
Бастакор Муинзоданинг мусиқаси ҳикоя этилаётган макон ва замонга мос қаҳрамоннинг руҳиятини чиройли оҳангларда ифодалайди. Болаликдаги шўх, зуваласи пишиқ, чечан Абдуллажоннинг орзуларга лиммо лим чеҳраси, ҳаракатлари, онасининг меҳрли тафти нафис куйга йўғрилган... Йигит ёшида пойтахтга ўқишга келиб “юксак парвозларни” кўзлаган қаҳрамонимизнинг дил қувончларини ифодалаган мусиқа 60- йилларда машҳур бўлган “Маҳаллада дув-дув гап” фильми ноталарини эслатади. Ва, бу қалби муҳаббатга тўла ўзбек йигитининг қувончлари, умидларини акс эттирган таниш ноталар бир Абдулланинг эмас, Бегали Қосимов, Шукур Холмирзаев, қолаверса, устоз Озод Шарофиддинов каби ўзбек зиёлиларининг кўнгил кечинмаларини ўзида жамлаган оҳанглардир. Инкор этолмаймиз, давр шундай эди. Давр келажакдан умидлар кутган, коммунизм қурувчиси бўлишга ошиққанлар, буни қураяпмиз, деб ўйлаганлар даври эди. Тўқчилик, тўкинчилик даври эди-ю, дилда армон бор эди. Бу армоннинг энг оғири – пахтакор ўзбекнинг дарди эди. Бу дард шеърий сатрларга кўчганда, кўзига ёш олмаган ўқувчи йўқ эди:
...Менинг она халқим эй қадим ҳалол,
Ризқи она ерга сепилган халқим.
Ушоқ чигитни ҳам этмай, деб увол
Миллион эгатларга эгилган халқим.
Бир нафас бошингни кўтаргин-у, боқ
Ер юзида ажиб виқор ва нуфуз.
Сенинг ўзинг каби ўйчан ва қувноқ,
Хушфеъл бўлиб келмиш тупроғингга куз...
Пахта планини тўлдириш учун еттидан етмишгача пахта даласига чиққан, кўсагигача қолдирмай пахта терган болалар, аёллар, момолар, боболар қиёфаси экрандан Сизга мунғайиб термулади. Ўзбек халқи учун куз – бу пахта даласида қайнаган меҳнат бўлган даврларда ёзилган мазкур сатрлар ёзувчи Шукур Холмирзаевни йиғлатганига ишонасиз. Режиссёр халқ ва шоир дарди уйғун бўлганини мазкур шеърнинг тасвирий ифодасига сингдириб юборади.
Киноижодкорлар Абдулла Орипов унган муҳитни, шоир сифатида шаклланган адабий даврани, уни қўллаб қувватлаган устозлари ва дўстлари образини фильмда қисман ёритганлар. Лекин, шу ерда сценарий ёзилиш даврида қўйилган бошланғич мақсаддан кескин оғиш бошланган. Мувозанат бузилган. Бунга сабаб - биринчидан, бош роль ижрочисини ҳолатга олиб кириш, фильм воқелигида яшатиш режиссёр учун анча қийинчилик туғдирган. Иккинчидан, сўзимиз бошида айтганимиздек, фильмда тарихий ҳақиқат тамойили асосида эмас, бадиийлик тамойиллари билан ўзига хос Абдулла Орипов образи яратилган. Бу образ – суратида дард зоҳир чеҳра, холос. Қалб ўкинчлари, ижод машаққати, ҳар бир сўз устида узоқ ўйлаш ва пировардида, қон ва тердан ҳосил бўлган ижод маҳсулини Ўзбекистон халқ шоири бўлган Абдулла Орипов образи яратилган фильмда кўрмадик. Нега?
Назаримизда, ижодкорларга шоирни шоир қилган адабий муҳитдан атайин ажратиб кўрсатиш кўрсатмаси берилгандек. Яна билмадик, лекин шуниси маълумки, пишиб етилмаган сценарий ишлаб чиқаришга туширилган. Эҳтимол, вақт оз бўлгандир. Эҳтимол, режиссёрни шоширишгандир. Нима бўлганда ҳам, биз билган, биз севган А.Орипов сиймоси, ижоди, ўзига хос юмори, ўткир сўзи бу асарда етарли эмас.
Абдулла Орипов ҳақида ҳужжатли фильмлар яратилган. Бу инсон том маънода халқнинг севимли шоири эди. Нафақат халқнинг, давлат арбобларининг ҳам ҳамиша эътиборида бўлган ижодкор эди. Айнан, мавжуд ҳужжатли фильмлардан фарқли ўлароқ, бу фильмда шоирни мунтазам қийнаган фикрлар, ижод жараёнида ўз-ўзини тафтиш этиши, руҳий кечинмалари билан ёлғиз қолишини бадиий ифодалаш ва бу билан, эҳтимол бутун совет шоирлари, ижод аҳлини мунтазам қийнаган ҳолат акс этмаган. Берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаган. Аксинча, шоир адабий муҳитдан узиб олинган. Ахир, Наврўзга қарши пропагандада ёлғиз А.Орипов эмасдир, бу пропагандани ёқлашга мажбур этилган? Ёки, ёлғиз Ориповгагина тазйиқлар, қаршиликлар, “ақл ўргатишлар” бўлмагандир? Таъкидлашга мажбурмизки, ижодкорни ўзи шаклланган ва ўзи суянган муҳитдан узиб олиб, “ягона қаҳрамон” даражасида намойиш этиш кечаги совет киноларига хос урф эди. Барча сценарийлар “марказ” тасдиқлаган имзога муҳтож бўларди. Буни яхши билган, сукут ва сабр билан яхши кунлар келишини кутиб яшаган томошабин учун мустақиллик даври фильмларида “орттирилмаган”, “бўрттирилмаган”, “тўқилмаган” ҳақиқий фильмларни кўриш даври келганига кўп бўлди, назаримизда.
“Абдулла Орипов” фильми гўё, халқ шоирини қандайдир оқлаб бериш мажбуриятини бажариши керакдек, унинг мазмунига киритилган сюжетларда “Юмалоқ хат можароси”, “Наврўз”, “Суннат тўйи”, “Интервью”, “Тергов” мавзуларига катта урғу берилган. Шоирни халқ шоири сифатида элга суйумли бўлган асарлари, машҳур қўшиқлари, достонлари-ю, таржималари хусусида сўз юритилмаган. Балки, бу фильм Абдулла Орипов ижодини ва даврини яхши билганлар учун яратилгандир, деган “оқлов” ҳам мос келмаяптики, унинг ҳамфикр дўстлари, даврнинг аччиқ чучугини татиган дардкашлари, яхши-ёмон кунида елкадош бўлган оиласи кадр ортида қолган.
Фильмда акс этган “Биринчи китоб”, “Фавқулодда машҳурлик”, “Абдулланинг муҳаббати”, “Онанинг ўлими”, “Тўй” каби лавҳалар шоирнинг ёшлик дамлари билан боғлиқ. Томошабин сифатида оила муҳити, фарзандлар билан боғлиқ қувонч ва ташвишлар баробарида биқиқ ижодий давр муҳитида шоир қалбидан потирлаб чиққан нурли, халқчил мисраларнинг туғилиш дамларига гувоҳ бўлишга, ижод жараёнини ҳис этишга катта эҳтиёж туйдик. Албатта, эътироз туғилиши мумкин – шоирнинг бутун ҳаётини 120 дақиқада кўрсатиш имконсиз... Лекин, поэзия куйчиси бўлган машҳур ўзбек шоири ҳаёти ҳақида фильм яратишга жазм этилган ва бу қарор давлат томонидан қўллаб қувватланган экан, киноасарни ҳам поэтик драма, психологик драма услубида суратга олишга ҳаракат қилинса, муваффақият сунъий бўлмасмиди? Режиссёр М.Эркиновнинг режиссёр сифатидаги “почерки” фильмнинг бошланғич эпизодларидагина кўринади. Давомида эса ҳужжатли-бадиий фильм услубида телевизион фильм яратилгандек. Кези келганда, қайд этиш керакки, охирги пайтларда ўзбек киносида ҳужжатли фильмларни “игровой” сюжетларларга асосланган ҳолда яратиш кўпайди. “Абдулла Орипов” бадиий фильми эса бадиий-ҳужжатли услубдаги янгича бир йўналишга пойдевор қўйибди. Шунинг учун ҳам мажозий маъноларга йўғрилган кадрлар бу фильмда, йўқ ҳисоби. Ҳатто, халқимизнинг энг севимли шеърларидан “Муножотни тинглаб” шеъри ҳам ахборот тарзида ўқиб берилди. “Америкадаги ҳаёт” сюжетидан ҳам бош қаҳрамон хотираларини жонлантириш учунгина фойдаланилган. Лекин, яна умр кечириш учун, ҳаёт учун курашаётган бемор инсон ҳолатининг бадиий ифодаси сценарийда акс этмаганлиги боис, асосан бир нуқтага тикилганча ўй сураётган халқ шоирининг йирик плани кўрсатилади, холос. ОТАни сақлаб қолишга уринган ОИЛА муҳити бу ерда ҳам ахборот кўринишида ифодаланган.
Аслида, “Шарқ юлдузи” журналига берилган интервьюда дилдаги истиғфорини айтган Абдулла Ориповнинг “Нима қилай, шу даврда яшаяпман, шу даврнинг бозорига чиқаман, шу жойнинг мозорига кўмиламан”, деган сўзлари фильмнинг ўқ томири бўлиши мумкинмиди...
Ҳар бир маҳоратли ижодкор бирор асарига сўнгги нуқтани қўйиб, кенг жамоатчиликка тақдим этар экан, ҳар қанча олқишлар ёки танқидлар бўлмасин, асарининг нимаси муваффақиятли-ку, нимаси ҳаминқадар эканлигини яхши билади. Аёвсиз савалашлар ўринлими ёки жимжимадор мақтовлар ортиқчами, буни ҳам унинг ўзи яхши тушунади. Бу маънода, режиссёр М.Эркинов сўз юритилаётган фильми тўғрисида бор ҳақиқатни яхши англаб турибди, назаримизда. Ўзбек киносининг келгуси ривожи кўплаб режиссёрлар қаторида М.Эркинов номи билан боғлиқ экан, кейинги ижодий жараёнларда режиссёрдан, аввало сценарийга, ўзига ва ўзи бошчилик қиладиган ижодий гуруҳига, қолаверса буюртмачиларга нисбатан талабчан бўлишини тилаб қоламиз. Зотан, фильмга кетган катта маблағ давлат томонидан қоплангани билан, бу маблағ жамғариладиган манба халқнинг – истеъмолчи томошабиннинг пешона терлари тўкилган хазинадир.
Шоҳида ЭШОНБОБОЕВА.
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ