Тор доирадан кенг адабиётга. Эркин давра, ёқимли муҳит ва табиийлик таассуротлари


Сақлаш
15:09 / 12.09.2023 791 0

Ҳаммада бор баҳона бизда ҳам бор: иш, ташвиш, шахсий юмушлар... Ана шу баҳоналар сабаб “Очиқ микрофон”нинг учта сонини ўтказиб юбориб, тўртинчи сонига бордим.

 

Давра эркин, муҳит ёқимли, қатнашчилар ҳам, томошабинлар ҳам самимий. Бир-бирини биров танийди, биров йўқ. Муҳими ҳамма адабиёт атрофида бирлашган, адабиётга ҳавас қилиб келган. Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлаб олиб келмагани аниқ. Табиий атмосфера. Кимдир давранинг ярмида чиқиб кетаётган бўлса, азбаройи бу давра ёқмаганлигидан эмас. Бир зарур иши ё ташвиши бордир. Сабаби, давра ёқмаса келмас эди. Шунинг учун ҳам тор доира, кам одам. Аммо табиий.

 

 

“Очиқ микрофон”, 4-сон:

 

Даврани ортиқча изоҳларсиз, узундан-узун кириш сўзларисиз бошлаган бошловчилардан сўнг саҳнага Башорат Отажонова таклиф этилади.

 “Кулранг шафақларга ўт қўйди Худо” деб шеър бошлайди у. Умрингда яшалмаган ҳисларни яшаб ўтгинг келади эшитиб. “Энг мукаммал ҳисни яшади Одам”, дейди...

“Тунларни малҳамдай эзди мунажжим...”

“Ҳали тун чўкмади...”

“Қуёшга борини ютқазар кундуз...”

 

 

Эркин вазндаги шеърнинг оҳанг билан баландлашувини кўрса бўлади бу шеърларда. Ана шу баландликда шеърлардаги “бўғинсизлик” ва қофиясизлик ўзига хосликни яратади.

 

“Мен сенга енгилдим...” – минг йиллар илгари ҳис қилинган туйғу. Унинг деярли барча шеърларидан аёл ифори келади. Унинг шеърларини нейтрал ҳолатда ўқиб бўлмайди. Ҳатто нейтрал мавзудаги шеърларининг ичида ҳам аёл ҳислари кўриниб туради. Аёлнинг энг ичкин туйғулари, титроқлари, ютуқлари, ютқизиқлари – ҳаммаси бор...

 

Бир гапни айтмасам бўлмайди: ҳикояни ҳам шеърга ўхшаб эшити-иб ўтирса бўларкан-е!.. Носирларни саҳнага чиқариш ҳам бошқача таассурот қолдираркан. Адабий давраларда микрофонни фақат шоирларга бериб, фақат шоирларни эшитиб ўрганиб қолган эканмиз-да. Яхши асар бўлса, насрни ҳам саҳнада эшитса, мароқли чиқаркан.

 

 

Манзура Абдуллаеванинг “Ўзлик” ҳикоясини эшита туриб, аввал ўқиганман шекилли, деб ўйладим. Балки ўқигандирман, балки мавзу замонавий, туйғулар яқин бўлгани учун ҳам шундай туюлган. Ҳикояда энг ёққани табиат тасвирлари бўлди. Манзарани кўз олдингга шундоққина олиб келиб қўядиган тасвирлар.

 

“Қарасам, ичи тўла дард, бошқаларниям дардли қилмагунча чарчамайдиган чоғи бордек туюлди”. Ҳикоя қаҳрамонининг характерини очиб бериш учун шу сатрнинг ўзи етарли менимча. “Рассом ортига бурилиб, бирров кўз ташлаб қўйди-да, кейин яна қайтадан боқишга мажбур бўлди”. Тасаввур қилдингизми? Шунақа ҳолат борку. Бир сонияда икки марта қараб олиб, ана шу иккинчи қарашда кўз узилмай қолиб кетиши. Кўп учрайдиган жуда оддий манзара. Буни ҳаётда ва киноларда кўргандим. Бадиий сўз билан ҳам ифодаласа ҳам бўларкан-а?..

 

Ҳикоя учун вақт чегараланганлиги Манзуранинг ўқишида сезилиб қолди. Тез ўқиди. Шу ўринда бир фикр: ҳикояни муаллиф актёрдай ўқиб бериши шарт эмас. Лекин барибир ифодали ўқиши, тингловчига аниқ етказиб бериши керак.

 

Ҳикояда бироз руҳимга ўтиришмагани – қаҳрамонларнинг сўзлашувда ҳам бадиий гаплар ишлатишлари бўлди. Менимча, бу шарт эмас. Қаҳрамонлар адабий тилда гапирса етарли. Керакли ўринда шева ишлатса ҳам бўлади. Лекин бадиий услубда гапиришлари ортиқча.

 

 

Фирдавс Шокирхўжанинг насри эса шеърдай ўқилади. Энг зўри – ўзи ҳам берилиб, маза қилиб ўқийди ёзганларини. Ҳамма шоир, ҳамма носир ҳам ўз ёзганларининг ҳурматини ана шундай қилиб жойига қўйиши керакдир балки.

 

Бу оҳангни эшитганингдан кейин бошқа ҳикояларни ҳам шеърдай ўқигинг келади. Воқеаларнинг ичида яшай бошлайсан. Эътиборимни тортгани – Фирдавсда маиший нарса йўқ экан. Битта кичик асарни наср, назм (монолог) ва драма ҳолатида уч қисмга бўлиб бергани ҳам ноодатий бўлди.

 

Фирдавс наср ўқийди. Албатта ичида шеърий парчалар ҳам бор. Баъзи жойларда Мажнунни, баъзида Машрабни кўргандай бўласан. Кейин эса сўзлаб-сўзлаб, ана шу Сўзлар билан куй чалиб беради сенга...

 

 

Холиёр Сафаров классик услубни қўйиб юбормаган ёзувчи. Ҳар ҳолда даврада ўқилган ҳикоядан хулосам бу. Балки янгича услуб, янгича шаклда ёзганлари ҳам бордир ва мен ўқимагандирман. Балки ана шу классик услубни сақлаб қолишнинг ўзи унинг маҳоратидир. Энг муҳими, Холиёр аканинг қаҳрамонлари ўзбекча гапиради. Одамга ўхшаб гапиради. Баландпарвоз, жимжимадор сўзларни қўшиб-чатмайди. Кўнгилнинг қаеридадир бир нималарни титратади. Тирнайди. Кўзингда нимадир айланади. Шунча одамнинг олдида йиғлашга уяласан...

 

“Онамнинг ёлғонлари” дастлаб Ўткир Ҳошимовнинг “Гилам пайпоқ” ҳикоясини эслатди. Яхшилаб эътибор берганингизда эса алоҳида ўзига хослигини кўрасиз. Мавзу яқинлиги учун эслатади, холос. (Кейин билсам, Паризода Рўзибоева бу икки ҳикояни таққослаб мақола ҳам ёзган экан.)

 

 

Меҳмон сифатида Гулноз Мўминованинг таклиф қилингани ҳам ажойиб бўлди. Ҳокисор, самимий бир аёл саҳнага чиқади-да, баланд-баланд шеърлар ўқиб беради. “Ўгайласа бизни давралар...” дейди. Давра эса шеърга маҳтал...

 

Қушларга бер луғатимизни –

Сайрамаган бир қуш қолмасин, – дея шеър ўқиганда бутун давра жим-м эшитади. Азбаройи бир оҳанг ё бир нафасни эшитмай қолмайин, дея “тиқ” этган овоз чиқмайди. Сўнг эса Гулноз опа камтарлик билан раҳмат айтиб, саҳнадан тушиб кетади...

 

 

Гулнорнинг шеърларини аввал эшитмаганман. Азбаройи бу менинг айбим бўлса керак. Яхши шеърни қаердан бўлса ҳам топиб ўқиган яхши-да.

 

Унинг шеърлари ҳам ўзига ўхшар экан. Бироз самимий, бироз кибрли, бироз ўткир, бироз маъсум, бироз маъюс... “Менинг шаддодлигим...” деб шеър ўқияптию, қовоқ уяди. Бу шоира ҳақида фикр билдириш учун шеърларини кўпроқ ўқишим керак.

 

 

Раҳмат Бобожонда эса барибир сўзнинг қадри сезилади. Ақл ва тафаккур истеъдод билан қўшилиб, шоирни янаям баланд кўтаради. Таржималар унга кўп нарса берган. Шеърлариям узун-узун.

 

“Соат йигирма уч...” деб бошланган шеъри жуда ёқди. Метафоралари ўзигагина хос. Тасвирларда, у чизиб бераётган манзарада яшаса бўлади. Ўзингни, кўчангни, юрган йўлларингни, яшаб ўтилган ё яшаётган ҳолатингни тасаввур қиласан. Шоир эсингдан чиқиб кетади. Унинг ютуғи ҳам шундадир балки.

 

 

Маъмура Тўраеванинг икки ҳикояси ҳам негадир эркак кишининг номидан ёзилган экан. Буни Гулноз опа ҳам даврада таъкидлади. Холиёр Сафаровнинг қор, совуқ тасвирларидан кейин Маъмуранинг “Мусофир” ҳикояси ҳам ўша руҳиятни давом эттирди. Агар бу ҳикояни бошқа пайт эшитганимизда бошқача таассурот қолдирармиди, бу энди унчалик аҳамиятли эмас.

 

Ўзбек насрида эсселашиш жараёни бошлангани ҳақида фикр эшитгандим. Маъмуранинг ҳикояларида шу жараён бордек. Муаллиф гапи, қаҳрамон тасвирларидан ташқари айрим жойларда ёзувчининг муносабати кўринади.

 

Шу ёзувчи қаҳрамонларига исм ва фамилия танлашни бироз ўйлаб кўрса бўларкан. Адҳам, Эшмат, Болтаев, Назира... Тўғри, тасодифий исмларни қўйиб кетиш ҳам ёмонмас. Лекин исмга ҳам маълум бир вазифани юкласа бўлади.

 

 

Шоир ёш бўлса ҳам, унинг меҳнати, тажрибаси барибир ўз сўзини айтади. Суҳроб Зиё бу борада ҳавас қилса арзийдиган шоир. Унинг сўз устида ишлашига, таҳририга бир неча марта гувоҳ бўлганман. “Очиқ микрофон”да ўқиган шеърларини йиғилганлар сел бўлиб эшитди.

 

Баъзи давраларда “Шеърни фалончига ёздириб, фалончига ўқитиш керак”, деган ҳазиломуз гаплар юради. Лекин Суҳробнинг шеърларини ўзига ёздириб, ўзига ўқитаверган маъқул. Унинг шеърларини ҳеч ким ўзидай ўқиб беролмайди.

 

 

Хонанда Юсуф Элтоевнинг нолалари ўзига хос. Диди ҳам баланд. Сўз билан яхши ишларкан, менимча. Овоз диапозонларини эса катта саҳналарда кўрамиз, насиб бўлса.

 

Хуллас, мана шундай файзли давра яшаб ўтилди. Ҳозир неча марта “табиий” деган сўзни ишлатдим, билмайман. Лекин чиндан ҳам ҳаммаси табиий бўлди.

 

Мустақил ижодкор ёшлар бирлашмаси ташаббуси билан “Book.uz” китоблар дўконининг тақдимотлар залида (ертўла дегим келмади негадир) ҳар шанба соат 19:00 да ана шундай гўзал давра бўлади. Самимий, файзли, ўзига хос...

 

Эртага лойиҳа катталашиб кетса, “Бу лойиҳа 20–30 та томошабин сиғадиган кичиккина саҳнада бошланган”, деб эсланади. Шу кунларга етказсин...

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси