Рауф Парфи – турк дунёсини кезиб юрган йўлчи шоир


Сақлаш
18:09 / 11.09.2023 439 0

Рауф Парфи адабиётга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар қаторида кириб келди. Лекин баъзи саноқларда шоирни ўзидан кейинги Шавкат Раҳмон, Усмон Азимлар сафига қўйган ўринлар ҳам учрайди. Аслида бу янглиш саноқ ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Чунки Рауф Парфини бемалол ХХ асрнинг исталган авлоди вакили сифатида кўриш мумкин. Уни сарой, мансаб, ишхона  шоири деб бўлмайди. У чин маънода давра шоири эди. Рауф Парфи давралар шоири сифатида туғилди, яшади, ўтди. Лекин шоир шеърларини камдан-кам ҳолатда давраларда ўқирди. Шеърхон ҳам шоир шеърларини ўзи учун, кўнгли учун ўқийди, маҳзун тортади, дили яйрайди. Рауф Парфи шеърлари ёлғиз одамнинг, ёлғиз кўнгилнинг дил изҳорлари бўлиб ёзилган. Ёмғир тагида, ёмғирга сингиб бораётган, ёмғир билан тўкилиб дунёга оқаётган кўнгилнинг изҳори сифатида шивирлайди:

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар, томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни,
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ахир мени асир этди ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил.

Шоир лирик қаҳрамонини кўнгилнинг барча кўчаларида, юракнинг туб-тубида учратиш, топиш мумкин.

 

Видо табассумли олам, ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,
Видо табассумли олам, ёшлигим,

 

Яна ўқиймиз: “Кўзимга беркитай ва лекин, Ёшдай оқиб кетма севгилим”. Шоир, унинг лирик қаҳрамони – ЙЎЛЧИ. Кўнгил йўлчиси. Олис йўлга чиққан, бекатларни унитиб, бир кўнгил кишиси – ҳасратдошини ахтариб кетаётган йўлчининг кечинмалари, армонлари, истак-хоҳишлари бўлиб ўқилади. Уни орзу мамлакатида кўрамиз, таниймиз... Ҳайратланаверамиз...


Автобус деразасидан қараб кетсанг
Узоқ-узоқларга,
Масофалар сувратини олиб кўзларга,
Хусусан, ой булутлар орасига беркиниб турса,

Хусусан, юлдузлар сўнганда,
Хусусан, зим-зиё тун чоғи,
Айниқса, шаҳарнинг шовқини сени зериктирса,
Айниқса, севгилинг севмаса сени,

Айниқса, ғийбатлар тўқиса
Дўстларинг,
Йироқларга қочар қисматлар,
Автобус деразасидан қараб кетсанг...

Бу хаёлот дунёсига ғарқ бўлган йўлчи “давралар”да бўлса ҳам даврадошларига бегона, давра гурунги, шовқини ичида турса ҳам жим, ёлғиз кузатаётган, курашаётган, барча давралар, йўллар қўшилиб оқувчи сайру сулук Одамига айланганлар билан бирга йўлчи сифатида кўз ўнгимизда, ақлимизда намоён бўлади.


Рауф Парфи шеърлари мағзидан қад ростловчи ёлғиз одам ҳар бир ўқувчи кўнглида бирлашиб, умумхалқ овозига айланиши билан алоҳида долзарблик касб этади. Бу овоз Мендан Бизга – умум ТУРКИСТОН овозига айланиб жаранглайди. Турон, Туркистон ғояси шоир шеърларида қизил ип каби ўтади, бизнинг ҳам “беғам яшашимизга” халал бериб она тил, ота юрт, халқ тақдирини ўйлашга, қадрлашга, масъул бўлишга, курашишга ўргатади, чорлайди:

Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она тилим.

Шоир яна ёзади:


Ҳар ким ўз қалбига ўзидир хоқон,
Барибир, мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол ноҳақман, эҳтимол ҳақман –
Муқаддас Туркистон сўзин изларман.

Шоир шеърларида тасвирлар тиниқ, оҳанг жарангдор, маъно серқатлам ва теран. Сўзлар тасбеҳдек тизилиб, ҳар бири ўзича ва биргаликда маънолар ташийди ва умуммазмун учун хизмат қилади: “Қоним, она тилим, оҳ, она тилим” мисрасида келгани каби. Рауф Парфининг воқеликка қараши, баҳоси, хулосалари ҳам кутилмаган мавқедан айтилади. Бу оҳанг, сўзлар тизими, ташбеҳ, метафораларни, поэтик идрокни бошқаларда учратмаймиз: “Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим, Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим”, “Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим” каби мисралари фикримизни тасдиқлайди.

Рауф Парфи шеърлари билан яқиндан танишган ўқувчи шоирни кечинма, ҳолат, кайфиятларни ўта назокат билан илғаб куйловчи ижодкоргина эмас, нафақат ўзбеклар, балки бутун туркий қавмлар тарихи, тақдирига масъул шахс сифатида намоён бўлишини яқиндан англайди. Рауф Парфи том маънода бутун туркий оламнинг бетакрор шоиридир.

 

Шомирза ТУРДИМОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси