“Миллият, жасорат, ватанпарварлик, ўзлик – байроқ ёки микрофон кўтариб чопиш эмас”. Адабиётшунос Шаҳноза Назарова билан суҳбат


Сақлаш
15:09 / 11.09.2023 1167 0

Бугун адабий фикр, адабий танқидчилик тақчил, катта сўз айтадиганлар сукутда, уларга қўшилиб миллат ҳам. Ёшлар эса балки шошқалоқлиги, балки дадиллиги сабаб танбеҳ эшитётгандек, натижада яна икки авлод орасида жарлик ҳосил бўлмоқда. Ҳолбуки, бугун Ўзбекистонга ҳақ сўзни айтадиганлар керак. Шулар теграсида oyina.uz мухбири филология фанлари доктори, адабиётшунос Шаҳноза Назарова  билан суҳбатлашди. Мавзумиз аччиқ бўлгани боис суҳбатда ҳам қалтис, аччиқ гаплар айтилди.

 

– Миллат, қадриятларга тегишли шундай чегаралар борки, уларнинг ҳимояси доим тафаккур заҳматкашларининг зиммасида бўлган. Ғоялар жанги кетаётган, ватан туйғуси-да глобаллашаётган шиддатли замонда бу чегарани ҳимоя қилиш осон эмас. Қадрятлар ва инсоний тутимлар кескин ўзгаришларга юз тутган бетартиб дунёда адабиётнинг вазифаси нима?

 

– Миллият, миллий қадриятлар, умуминсоний қадриятлар ҳар доим ҳимояга муҳтож бўлган. Яхшилик, аслида, инсоннинг энг ожиз томонидир. Шунинг учун муқаддас китоблардан то дунё фалсафасига қадар уни ҳимоя қилади. Буюк санъат асарлари қадриятларнинг мангулигини таъминлаш учун уларни бир шаклдан иккинчи шаклга олиб ўтади. Худо яхшиларни жўнатаверади. Мана шу мангу зиддиятлар ичида ғоялар туғилади, ўзига миллий, диний, ахлоқий, ватаний чегараларни белгилайди. Замонавий дунёда бу чегараларнинг йўқолаётгани ташвиш туғдираётган экан, демак, эзгулик қаватимиз анча юпқалашиб қолибди. Интернет, тезкор ахборот бизни яқинлаштирмабди, узоқлаштирибди. Тиғизлик яқинлик дегани эмас экан. Globish (инглиз тилининг ҳаммага тушунарли бўлиши учун қайта ишлаб чиқилган, қулайлаштирилган формаси) бир-биримизни тушуниш дегани эмас экан. Шундай вазиятда санъатнинг, адабиётнинг вазифаси нима ҳам бўлиши мумкин? Яқинлик уйғотиш, тушуниш-тушунтириш, ҳамдардлик, юпатиш, авраш. Адабиёт ҳақиқатни айтиши керак, дейиларди. Ҳозир ҳақиқат ҳеч кимга керак эмас.

 

Биз уч минг йилдан бери ҳақиқатни изладик, унинг пардаланиши ва сирлироқ бўлиб туришини истамадик, у ҳозир кўчаларда яланғоч юрибди, яъни ҳақиқат нималигини ҳамма билади. Бирорта қаллоб “ҳақиқатни айтаяпман”, дейиши учун у аҳмоқ бўлиши керак. Кўчада яланғоч юрган нарса кимга керак дейсиз. Ҳамма ундан қочади, уйига киритгиси келмайди. Санъат-да ҳақиқатни яхши кўрган замонлар ўтиб кетди. Энди адабиёт ҳақиқатни пардалаши, уни суюмлироқ қилиши учун тиришиши керак. Энди адабиёт юракларни юмшатиши, чираниб ётган ақлни авраши керак. Бу орада ожиз ва иродасиз одамларни юпатиши, хавф замонлари ўтгунча бироз ухлатиб ҳам қўйиши керак. Энди айтинг, мана шу адабиётнинг устига яна ўзбек деган миллатни, шу миллатнинг қадриятларини сақлаб берасан, деб шарт қўйиш мумкинми? Бундай баландпарвоз вазифага хаёл одамларини – шоир, ёзувчилар, санъат кишиларинигина кўндириш мумкин. Чунки уларда ҳеч керак бўлмаганда фидо бўлиш деган бир тийиқсиз истак бўлади. Бу истак ва унинг ҳузур-ҳаловати, лаззати учун ҳеч нарсадан қайтмайдилар: Ватан учун фидолик, миллат учун фидолик, онанг учун фидолик, сен тақдирини яратмаган ўзингдек яна бир инсон учун фидолик. Шу тақлид иложсизликдан илож топилади ва адабиёт миллат учун, Ватан учун ишлай бошлайди. Чинакам ижодкорлар иложсиз қолгандагина ёзадилар – ёзмасликнинг иложи қолмаганда.

 

Адабиётнинг вазифаларини рақамлаб санаш мумкин эмас. Айниқса, ҳозирги вазиятда. Умумий миллий адабиёт деган тушунча энди ишламайди. Фақат битта йўл бор: миллий адабиётни айрим Шахслар яратади. Улар атрофида айланаётган умумий оқим айланади-айланади, бу уюрма барибир ерга сингиб кетади. Қадрият ҳам, миллият ҳам Шахслар орқали келажакка ўтади. Индивидуал қиёфасини йўқотаётган инсонлар уюми ичида юкни Шахслар елкасига олади. Миллий адабиётнинг кейинги тақдирини ҳам улар белгилайди. Шахсга бўлса маиший вазифаларни қўёлмайсиз, у сизга вазифа қўяди, у сизнинг онгингиз, қалбингиз, руҳингизни бошқараётган бўлади. Айтиш мумкинки, биз ҳали бу босқичда эмасмиз.                   

 

– Кейинги вақтларда киноя оҳангида айтиладиган “сарой адабиёти” деган тушунча пайдо бўлди. Аслида адабиёт дурдоналари ўз замонидан, жамиятдан қониқмаслик боис курашувчанлик руҳида яратилган. Адабий майдонда инқилоб содир қиладиган асарлар яратилиши учун маълум ижтимоий шароит бўлиши шартми? Асрлик қадриятлар, инсонийлик сифатлари таназзули кузатилаётган бир пайтда ўзбек адабий жараёнида жимлик, турғунлик кузатилаётгандек, назаримда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

 

– Шарқда сарой адабиёти доим бўлган. Қасидалар, мадҳиялар битилган, бу йўл билан шоҳ фикрига таъсир кўрсатилган, эзгулик, фаровонликка рағбат уйғотилган. Навоийнинг мислсиз адабиёти ҳам саройдан бошланган. Адабиётимиз тарихидаги кўплаб буюк асарлар шоҳларга бағишланган. Гап шундаки, сарой ҳавоси билан бошланган буюклик сарой деворлари ичида қолиб кетмаган.

 

Сиз назарда тутаётган “кейинги вақтлар”ни оладиган бўлсак, ҳозирги ҳукуматнинг бундай адабиётга эҳтиёжи бор деб ўйламайман, уларни кераклича ақл эгалари деб ҳисоблайман. Саройга керак бўлмаган нарса адабиётга керакми. Ёлғон бир йўл.

 

Миллий фикрда инқилоб ясайдиган асарлар яратиш учун ижтимоий шароит етилиши зарур. Фикр етилиши зарур. Бу фикрни кўтарадиган авлод етилиши зарур, ёлғонга, мақтовга кўнмайдиган бир авлод. Бу, албатта, ҳар бир миллатнинг юксалиш ва сўниш қонуниятларига бўйсунадиган, доим ҳам ихтиёримизда бўлмайдиган жараён. Мана, бир мисол, жадид адабиётини ўрганиш ва уларга яқинлашиб бориш ҳозирги замон ёш шоир, ёзувчилари, адабиётшуносларига хос жиҳат. Чинакам миллий уйғонишга, мана, энди эҳтиёж туғилаяпти. Бу даврни шунчаки ўрганиш, навоийшунослик, огаҳийшунослик айлантирилгани каби зерикарли бир тармоққа айлантириш бошқа нарса, уларни юракда кўтариб юриш бошқа нарса.

 

“Ўзбек адабий жараёнида жимлик, турғунлик кузатилаётгандек”, дейсиз. Бизни тарихан тез-тез эсноқ тутиб туради. Битиктошларга ёзилган адабиёт дунёни титратган эди, кейин Ислом Ренессансига қадар жим бўлиб кетдик. Навоий дунёни титратган эди, кейин асрларга чўзилган бир хиллик остида қолдик, Фитрат, Чўлпонлар бу бир хиллик пардасини кўтариб ташлашга жасорат топди, кейин яна чўкдик. Бир асрдан ортиқ вақтдан бери дунёга эсноқ пардасисиз қарашга тиришамиз, фикр дунёсига очилишни, чўғдек ёниб турган дунё адабиётининг бир қисмига айланишни орзу қиламиз. Қачонгача фақат орзу қиламиз? Шоир, ёзувчилар “хорижларда китобларимиз” чиқяпти, дейиши мумкин. Сизнинг китобларингиз миллий ҳаётимизда ўқилмаса, номингизни айтганда миллат оёққа турмаса... Бизда номлар, яхши асарлар кўп, лекин нега бу номлар айтилганда миллат қалқмайди ёки ҳали ҳам миллат эмасмизми? Саволларингизга жавоб бериш учун шу оғриқ дарёларидан кечиб ўтиш керак бўлади. Умуман олганда, сабаб битта – ЖАСОРАТ етишмайди, жасоратга куч берадиган ФИКР етишмайди, МИЛЛИЙЛИК ТОМИРИ қаттиқ урмайди.

 

– “Адабий танқидчилик” ўрнини реклама саноати эгаллаяпти. Адабиётни тижорат мақсади рекламага айлантиришни кечириб бўлмайди. Ахир чин адабиётнинг тегирмонини юргизадиган восита – адабий танқидчилар-ку. Ўйлашимча, бугун адабиёт бедарвоза, унинг қўриқчилари мум тишлагандек. Наҳот танқидчилар муроса чизиғига ўтиб олган, тегирмон шу ерда тўхтаган бўлса?!

 

– Реклама бутун ҳаётимизни эгаллаб бўлган ва бизни бошқаряпти. Реклама саноати билан найзабозлик қилишнинг кераги йўқ. Тижорат мақсадида, дейсиз. Бой бўлишни мен ҳам истайман. Лекин ўртамиёна асарнинг ёки асар бўлмаган ниманингдир осмонга олиб чиқиб қўйилишига тоқат қилиб бўлмайди.  

 

Ҳозирги шароитда қайсидир адабиётчи, танқидчининг мақтови билан катта ададда сотилаётган китобларни билмайман. Сотилаётган бўлса, бежирим муқоваси, ижтимоий тармоқда йиғилган китобхонлар, тарафдорлар овозаси билан кўпроқ тарқаляпти.

 

Адабий танқид билан боғлиқ ҳолатда бўлса бир нечта сабаблар бор. Адабий танқид билан чинакам шуғулланган олимлар 80–90 ёшдан ошиб кетди, энди ҳам нима истайсиз улардан. 60–80 ёш оралиғидаги олимлар илмнинг қалин, ўқ ўтмас кўрпасини ёпиниб олдилар. 50–60 ёшлардагилар ҳануз ўз “мен”и билан олишиб ётибди. 30–40 ёш оралиғидагилар устоз кўрмаган, устоз-шогирдлик иплари узилган ёмғирларда униб чиққан ёш олимлар. Университет, институт филология факультетларидан – ислоҳотлар ректорат, деканат хоналарига кирган-у, аудиторияларга кириб бормаган манзил-маконлардан чиқиб келаётган номутахассис мутахассислар. Улар тузукроқ маъруза эшитмаган бўлса, улардан ҳавойи мафтунлик ва енгил муҳаббатдан бўлак нарса кутиб бўладими. Ҳозир ижодкор ва адабиётчи ўртасида “ижодий ҳамкорлик” йўлга қўйилган, “шахсий танқидчим”, дегандек. Умид қиламанки, бу ҳавойилик чинакам асарлар сафи кенгайгани сайин ўз-ўзидан йўқ бўлиб, парланиб кетади ва чинакам адабий танқидчилар ҳам етишиб чиқади.

 

Адабий танқидчи деган мутахассислик йўқ. Филологлар хоҳласа фольклор билан, хоҳласа адабиёт тарихи, адабиёт назарияси ёки адабий танқид билан шуғулланади. Ҳозир ёш олимларнинг кўпчилиги адабиёт назариясининг алифбосини ҳам тўла ўзлаштирмаган. Бундай ҳолатда яратилган асарнинг жанрини, шаклини қандай белгилайди? Адабиёт тарахини ўзлаширишда тизимлилик йўқ. Бундай вазиятда янги асарни адабиётимизнинг қайси бўғинига қўйиб баҳолаш ва қиёслашни ҳам уддалай олмайди. Филология ичида, дейлик, адабиётшуносликнинг ичида тор йўлаклар очилди: арузшунослик, увайсийшунослик, огаҳийшунослик, навоийшуносликнинг аруз қисми, навоийшуносликнинг фақат “Хамса” қисми, навоийшуносликнинг “Бадое ул-бидоя” қисми. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам Навоий, ҳам Азим Суюнни биладиган, Навоий арузини билса, унинг мазмун-моҳиятини ҳам тушунадиган авлод эмас. Дунё адабиётини ва биздан мутлақо илгарилаб кетган, янгиланган адабиёт назариясига оид тадқиқотларни ўқимайдилар. Фикри ва билимига қўриқчи бўлолмаган филолог мутахассис адабиётга қандай қўриқчи бўлсин. Сиз аччиқ-аччиқ сўрадингиз, биз аччиқ-аччиқ жавоб бердик.                  

 

– “ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари” мавзусида докторлик ишини ёқладингиз. Ўзбек замонавий шеърияти, адабиёти босиб келаётган йўл билан яхши танишсиз. Жадид адабиёти ва бугунги адабиёт оралағидаги топиш ва йўқотишлар, ютуқ ва ютқизиқлар ҳақида гапириб ўтсангиз.

 

– Мазкур мавзуда тадқиқот олиб борганимнинг бир нечта сабаблари бор. Бу сиз назарда тутаётган топиш, йўқотишлар билан боғлиқ. Жадид адабиёти – мумтоз ва янги адабиёт ўртасидаги ўтиш дарвозасидир. Фикрда, ифодада, шаклда, руҳда тамоман янгиланган ва келажак ўзбек адабиёти йўлини белгилаб берган бир давр ҳисобланади. Улар бармоқни қайта тирилтирди, бугун асосан шу вазндан фойдаланяпмиз, улар яратган адабий тил тўлқинларида сузаяпмиз. Классик образни янгилаш санъатини ҳам улар ўргатди. ХIХ-ХХ аср жаҳон адабиётидан таржималар қилиш ва дунё адабиётига қўшилиб кетиш амалиёти улардан бошланади. Адабиёт тарихини миллият, ҳуррият ва тараққиёт руҳи билан янгидан даврлаштириш, миллий адабиёт назариясини яратиш ҳам уларнинг орзуси бўлган. Аммо бу катта тўлқин қатл ва хорликлар ҳисобига тўхтатилган. Тоза тўлқинлар Ойбек, Усмон Носир, Рауф Парфи каби камсонли ижодкорлардагина сақланиб қолди. Адабиётимиздаги жуда катта истеъдодлар тарихий аждодлари, салафларидан узиб қўйилди ва улардан тор, биқиқ бир йўлдан юриш талаб қилинди. Фикр, ифода, шакл ва руҳда сунъий бўшлиқ яратилди. Вазнда, шаклда, фикрда бир хилликка ўтилди. Ҳали оёққа туриб улгурмаган, Чўлпон томонидан бемисл тарзда яратилаётган адабий тилимиз қуриб, қақшаб қолди. Фикрлаш жараёни тўхташи билан дунё рамз адабиётини мутлақо ўзгартириб юбориши мумкин бўлган классик образлар хазинамиз янгиланишдан ҳам тўхтади. Дунё адабиётидан узилдик, даврлаштиришларда адашиб кетдик, бир хиллик табиий тарзда адабиёт назарияси янгиланишини ҳам йўққа чиқарди. Бу йўқотишларнинг ҳаммаси ҳали жуда узоқ йиллар адабиётимиз, адабиётшунослигимизга таъсир кўрсатади. Янги адабиёт ва янги адабиётшуносликни яратиш учун аввал майдонни мана шу таъсирлардан тозалаш керак бўлади, кўп истеъдодлар кучини яратишга эмас, тозалашга сарфлашга мажбур бўлади.  

 

– Ўзбек адабиёти бой эканига шубҳа йўқ. Халқимизни Худо истеъдодлардан қисмаган. Аммо нега адабиётимиз дунёга танилмаяпти? Аксар ҳолларда адабиётимиздан ўрин топмай туриб, турли халқаро нашларда чиқишлар кузатиляпти. Табиийки, улар хориж ўқувчиларида ўзбек адабиёти шу экан-да, деган тасаввур уйғотади. Ўзбек адабиёти яратувчилари жаҳонга чиқиши учун нима тадбирлар қилиш керак деб ўйлайсиз?

 

– Биз айни вақтда жуда катта адабиётга ворисмиз, яратувчи эмас, ворисмиз. Танилмаётгани сабаблари ҳақида юқорида қисман тўхталиб ўтдим. Яна айтиш мумкинки, фикр биқиқлигидан қутилмас эканмиз, дунёга чиқишнинг иложи йўқ. Қўрқмасдан янги тажрибалар ўтказиш, адабиётимиз мундарижасини бойитиш, мумтоз адабиётимиз ва фольклоримизни рамз тилида қайтадан яратиш, драматургияни мутлақо ислоҳ қилиш, фикрсизлик касалидан қутилиш, тақлидни бас қилиш ва чинакам адабиёт яратиш. Сўнг уларни адабий танқид кўмагида саралаш, баланд савияда таржима қилиш, хорижийларни асарларимизга ўзлари таржима қилиб ўқийдиган даражада эҳтиёжманд қилиб қўйиш. Менимча, қилиниши керак бўлган ишларни шу соҳанинг ичида юрган катта-кичик ҳамма билади. Аммо бу ишларни ким қилади, гап шунда. Ҳар қалай, яккам-дуккам иш тутиб бу натижаларга эришиб бўлмаса керак. 

 

Адабиётимизда ўз овози, ўз услубига эга бўлмай, имтиҳонлардан ўтмай туриб, хорижий нашрларга ружу қўйишни оқламайман. Кўп жиҳатдан тақлидан яратилган бу асарлар адабиётимиз ҳақида тубан тасаввурлар уйғотади. Ҳозир тақиқ замони эмас, бу масалани, биринчидан, муаллифнинг ўзи ҳал қилиши керак. Иккинчидан, хорижий нашрларга тавсиялар борасида Ёзувчилар уюшмаси ўз киндиги атрофида айланавермасдан, ишни кенгроқ олиб, бағрикенглик билан, чинакам баҳолаб, мутахассисларни жалб қилиб, бироз назорат ўрнатса, ташаббус кўрсатса, ҳамкорлик эшикларини кенгроқ очса, ўтказилаётган халқаро конференцияларни фақат зиёфату сайр-саёҳатга айлантирмасдан, адабий баҳс майдонига айлантирса, тизимли бир фаолият юзага келиши мумкин.

 

– Ўзбек адабиётида бирлаштирувчи ғоя йўқ. Агар сўнгги йилларда яратилаётган асарларни бир жойга йиғиб қарасак, ўзбек деган миллатни кўрмаймиз. Бугун миллатимиз учун жасорат, ҳақиқий ватанпарварлик, ўзлик тушунчалари бегоналашиб бораётгандай. Одамларимиз ўзбекликни ҳис қилмай яшашмоқда. Адабиёт эса лом-мим демайди. Бу совет адабиётининг таъсирими ёки ижодкорлар ичидаги қўрқув, бепарволик ё ҳафсаласизлик сабаблими?

 

– Ғоя бор – янги миллий уйғониш ғояси. Фақат унга мубталолар, ғоя одамлари, фикр ва фаолият одамлари йўқ, адабиётнинг ўзининг ичида бундай одамлар йўқ. Борлари ҳам мана шу ғоянинг қайсидир мингдан бир улушини кўтариб юрибди. Сиз бўлса “Адабиёт эса лом-мим демайди”, дейсиз. Миллият, жасорат, ватанпарварлик, ўзлик – байроқ ёки микрофон кўтариб чопиш эмас. Бу ҳар бир ўзбекнинг ичида бўлиши керак. Миллий ғурур деган сўзни тилдан ичкарига, виждон, юрак деган томонларга ҳайдаш керак. Бу иш бўлмас экан, демак қўрқув, бепарволик, ҳафсаласизлик, боқимандалик, дангасалик, очлик бор, фақат кимдадир буларнинг бири, кимадир ҳаммаси. Бу борада мен фақат бир нарсага – ҳозир туғилиб келаётган янги адабий авлодлар кучига умид қиламан, сиз уларнинг ичида, албатта, миллат одамларини, фикр ва фаолият одамларини кўрасиз.

 

Совет замони ўтиб кетди. Агар кимдир елкасида кўтариб юрган бўлса, энди бу эски чопонни ечиш керак. 

 

– Адабиёт, санъат соҳасидаги кишилар мардлик, олийжаноблик туйғулари муҳандиси ҳисобланади. Аммо адабий жараёнга яқинлашиб билдимки, бу майдонда ҳам тарафкашлик, кампаниябозлик соҳага яраша мукаммал пардозда экан. Сиз жараёндан яхши таниш адабиётшунос сифатида айтингчи, бу иллатлар туфайли соҳада нималар бой бериляпти?

 

– Вақт, иқтидорлар, юксак тадқиқотлар ва инсоний шаън бой бериляпти. Адабиёт шахсий томорқа эмас, хотин, бола-чақанг, эчки-улоғинг билан келиб, хоҳласанг шолғом, хоҳласанг турп экадиган.

 

– Ижодкор ва ўқувчи орасида нозик парда бўлиши керак деб ўйлайман. Бу сўз қўллаш, асарни ифода этишдаги дид йўсинида бўй кўрсатади. Бугун дид бораси, ифода воситаси ялонғочлашяпти. Жаҳон адабиётидаги бундай ифодани нормал ҳолат деб қабул қиламиз-у, миллий адабиётимиздаги очиқ саҳналарга ғайир кўзи билан қарашимиз боиси не?

 

– Ҳар ишда, ҳар одамда парда бўлиши керак. Мана шу қобиқдан мосуволик, дидсизлик манфаатлар қутираётган дунёнинг тирик қолиш қуроли. Бунинг адабиётга ҳеч ҳам алоқаси йўқ. Яланғочликни гўзаллик деб баҳолаш бўлса қадимги юнон-рим цивилизацияси замонларида қолиб кетган. Ғарб адабиёти, киноси, умуман, санъати ўта нозик ва дағал бу нуқтани табиий ҳолат сифатида сақлашга тиришади, адабиётнинг бир вазифаси – мана шундай интилишдаги китобхон ва томошабин эҳтиёжларини қондиришдир, деб ҳам қаралади. Шарқда пардалаш – санъат ҳисобланади. Бу азалий қадрият ўзгармайди. Яланғочлик яланғочлик билан тугайди.     

 

– Доим адабий шаклда янгилик қилиш керак, деб уқтирилади. Шаклан ўзгариш не чоғлик муҳим? Ахир адабиёт геометрия эмас-ку! Шу маънода адабиётшунос сифатида бугунги адабий жараёндаги ёшларга эътирозингиз ва эътирофингиз?

 

– Мазмун ҳамда шаклда ўзгаришлар бўлиши табиий жараён ва адабиёт доимо ранг-барангликка интилиши керак. Аммо шакл ясаш – бу энди адабиётнинг иши эмас. Яратиш ва ясаш чегарасини англаш, ҳеч кўздан қочирмаслик зарур. Ёшларга, тенгдошларга эътирозим йўқ, тажриба ўтказаётган ва ҳали охирига етмаган одамга нима ҳам эътироз қиласиз, фақат вақт ҳамда куч тикилаётган ёзганлари йиллар имтиҳонида соврилиб кетмаса бўлди. Шаклга берилиб кетмасалар бўлди.

 

Суҳбат баҳона яна бир нарсани айтмоқчиман. Ёшлар ижодида ота-она мавзусига, руҳий муносабатларга кўп мурожаат қилиняпти. Ёшлардан, тенгдошлардан илтимос қилмоқчи эдимки, ёзганларингиз “Отамга хат”га ўхшаб қолмасин. Ота-она азиз ва бизни ушлаб турган энг муҳим қадрият айнан улар. Гарчи мутаассиб, фикри тор ота-оналар баъзида силламизни қуритди (мен ўзим ҳақимда гапирмаяпман). Аммо улар барибир азиз. Руҳингизга муқаддас ва азиз нарсаларни еб битиришга рухсат берманг...

 

Шу кунларда Жонтемирнинг “Жазба” китобини ўқияпман. Янги бир шеърият, янги дард, ёрилай деб турган янги бир яра... Вақти билан бу ҳақда сўзлашармиз балки...

 

Ёшлар, тенгдошлар чин шеъриятни тирилтиришларига ишонаман. Улар Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азимларнинг экспонатга айланиб қолишларига йўл қўймайдилар.     

 

– Адабиёт – инсонларнинг туман ичида ёки чорасизликда йўл топиш жараёни. Бу жараённинг кечаги куни, бугуни ва эртаси ҳақида ўйлаганда кўнглингиздан нималар ўтади?

 

– Адабиёт – гуноҳ ва тавба орасидаги алаҳлаш, гуноҳ азобидан чорасизликдир, балки. Балки, мангу ошиқлик, мангу айрилиқнинг ҳеч тинмайдиган нолаларидир. Яна ким билади дейсиз. Биз кеча ким бўлган бўлсак, адабиёт шу эди, ҳозиримиз ҳозирги адабиётимиз, эртанги адабиёт бўлса бизнинг эртамизнинг ўзи бўлади. Одам атонинг кўзидан томган бир томчи ёшга қаламни ботириб, то қиёмат қадар ёзавермиз-да.

 

Наргиза ОДИНАЕВА суҳбатлашди,

Oyina.uz

 

Oyina.uzни кузатиб боринг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси